Қидириш

Кутубхона

Facebook

Сўз (ҳикоя)

Эр-хотин машинага ўтиришдию дала ҳовлига йўл олишди. Йўл узоғи ундан-бундан гаплашиб боришди. Айниқса, эрнинг завқу шавқ билан айтган аскияларидан хотиннинг ичаклари нақ узилгудек бўлди. “Бас, бас қилинг, дейман, илтимос!” дея қийқирганча эрнинг елкасига уриб ҳам турди хотин. Хуллас, машинанинг ичида машинани бошига кўтариб келишди. Айтганча, бозор-ўчар учун йўл-йўлакай  аллақайси бир гузарда тўхташиб олди. Шошмасдан, бир-бир босиб, сотувчилар билан ҳазил-мутойибалашиб қилишди харидларини.
“Худо хоҳласа, бундан кейинги ҳаётимиз янаям гўзал бўлади!” — дея аёлига меҳр билан боқди эр машинага келиб ўтиришганда. Завжа жавоб ўрнига кулиб қўйди. “Ахир, бола-чақадан тинчиб, ўзимиз учун яшайдиган вақтга кириб кепқолдик, асалим!” — эркак аёлнинг қўлини ушлаб сиқди. — Энди ҳар кунимиз байрамдек ўтади, эшитяпсанми, байрамдек! Давоми

Қайтиш (ҳикоя)

1.

Бугун у ишдан кетди. Ишдан-а?!.. Ҳа-ҳа, ишдан кетди деяпман мен сизга… Бақирганим йўқ. Мен бор йўғи унинг ишдан кетганидан хабар бераяпман. Шу тобдаги кўнгил ҳолим унинг ишдан кетганлиги ҳақидаги хабар мазмунига мос. Тўғрироғи, хабар мени ўз сажиясига кўра созлаб олди гўё. Шунинг учун ҳам сизга бақираётгандек туюлган бўлишим мумкин, аслида ундай эмас. Ахир, бир кун сиз ҳам, мен ҳам, хуллас, ҳаммамиз ишдан кетишимиз мумкин-ку… (ўшанда керак бўпқолар балки бу гаплар). «Қаёққа?» — дейсизми?… Билмадим. Ҳамма гап шунда бўлса керак. Дарҳақиқат, ишдан кетгандан кейин одам қаёққа борар экан?.. Ишлаб туриб ўлиб қолса, унинг қаён бориши маълум: чин дунёга… Лекин ўлмасдан бурун ишдан кетса-чи? Кейин нима бўлади. У ишдан қаерга боради?.. Давоми

Пиллапоя (ҳикоя)

(Устозларимга бағишлайман)

Агар ҳақиқат менинг юзимга оёқ босиб
ўтишни тақозо этсаю сен буни қилмасанг, асло рози эмасман.
Баҳоуддин Нақшбанд.

Пиллапоя бўлдим сенга, азизим,
Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл!
 Эркин Воҳидов.

Одамларнинг оқими худди пишқириб оқаётган дарёни эслатарди. Кимдир қаддини тик тутган ҳолда ўртада гердайиб борар, кимдир эгилиб-майишганганча четда, пиллапоя тутқичига суянган кўйи аранг ҳаракатланарди. Ҳамма ўз кучи етганча кўтарилиб борарди-да, узун йўлакдан бошланган қаватларга кириб кўздан ғойиб бўлишарди. Аммо кўпчилик, барибир, имкон қадар юқорироқ чиқишга орзуманд эди. Атиги бир қават бўлса ҳам тепароққа илашгиси келарди уларнинг. Шунинг-чун ҳам вужудини куч-қувват бутунлай тарк этгунга қадар кўтарилиб келиб, ниҳоят, ҳоли ўзига аён бўлгачгина қаршисидан чиққан қаватга чор-ночор ўзини топширарди. Давоми

Мусулмон (ҳикоя)

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлағай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлағай.
Навоий

Кўклам келдию ҳовлидан бир қушча кетмас бўлди. Аввалари эътибор қилмаган эканми, Ҳусан энди унга кунда кўзи тушади: қушча гоҳ у, гоҳ бу дарахтга танда қўяди. Гуллаш пайтида эса бошига оқ рўмол ташлаган ўрикдан айрилмай қолди. Бўшади, дегунча дераза қаршисида михланганча ўтирадиган, узун-узун хаёллар сурадиган шеригини Ҳасан ўнғай ҳар фурсатда бир яниб олади. Ҳозир ҳам шундай бўлди: “Ҳм-м, тағин қўзғаб қолдими дардинг? Ундан кўра мажлисни ўйламайсанми? Шайх Аҳмад Жунайд ҳазратлари билан учрашув ҳаётингда бурилиш ясаши мумкин, Ҳусан! Ҳой, кимга гапиряпман мен? Девордан фарқинг қолмабди-ку!.. – дея жириллади у. Лекин муҳатобининг парвосиз ўтирганини кўриб умидсиз қўл силтади. – Қўй-э, гўё жаннатга йўлланмаси бор одамдек тутасан ўзингни?..” Давоми

Лола (ҳикоя)

Шундоқ рўбарўмда қоя – қиррадор тошли, тик ва баҳайбат. Устида ҳилпираб турган алвонранг, ваҳшийларча гўзал лолага ҳамма ўзини уради. Осмон қизғиш, қора ва оқ – олачипор булутдан кўйлак кийган. На тун ва на кун, аллақандай аралаш палла. Пастдан қараганда буларнинг ҳаммаси жонларга қутқу соларак юксак қоянинг тепасида тебранаётган гулнинг ортида муҳташам манзара яратган. Назаримда осмоннинг энг олий орзуси ушалганди – безанган кўйи лоланинг атрофида парвона. Тубанда нима гап? Одамлар – қанчаси қояга тирмашиб, афсонавий чечак сари кўтарилаётган, қанчаси қулаб юзларча метр пастда қолган тошларга урилиб парчаланган. Масофанинг ҳатто ўртасигача ҳали ҳеч зот етолмаган. Ахир бунда ҳомиладор аёлнинг қорнидек бўртган чиқиқлар мавжуд эдики, бошқа тикликлардан эсон-омон ошган саноқли кишилар ҳам айнан шу бурилишларда ҳаёт билан видолашаётганди. Давоми

Бир пиёла сув (туш-ҳикоя)

Менга вазифа юклатилган эди. Бироқ нима учун айнан менга? — билмайман. Ким ва қандай вазиятда топшириқ берди? — буни ҳам негадир эслай олмайман. Ёдимда қолгани – нимадир ортилган, иккита от қўшилган аравани шом тушгунга қадар манзилга элтишим зарур. Нега энди шомга қадар? Бу саволнинг жавоби ҳам менга қоронғи… Яна “йўлда чалғимасанг бас, юкни манзилга ўз вақтида эсон-омон элтасан”, дейилгани ҳаммасидан ошиб тушди: жумбоқмисан жумбоқ!
Тавба, ўзимга ҳам қизиқ бу иш. Шунча замонавий улов турганда, алмисоқдан қолган аравага нима бор? Унга ортилган юк-чи? Нима у ўзи? Устига аллақандай матолар ташланган, ўралган, чирмалган. Аммо бори – шу. Ортиғини истасам ҳам сизга айтолмайман. Давоми

Ёлғизлик (қисса)

Парча-парча бўлдим, қайдасан?
Юрагимда жарлик, қайдасан,
Қулаб тушмоқдаман, қайдасан?
Ёлғизлигим зўрлик, қайдасан,
Парча-парча бўлдим, қайдасан?..

I ҚИСМ

Ўшанда мен бир гурунглашиб келай деб, дўстимнинг уйига йўл олдим. Етиб келиб қўнғироқ тугмасини босдим: садо чиқмади. Яна босдим: жимлик. Бурилиб кетмоқчи бўлганимда ичкаридан тарақлаган сас келди, қулоқ тутдим: хиёл ўтмай товуш такрорланди. Ажабсиниб эшикни итаргандим, қулфланмаган экан -очилди-кетди. Дўстимнинг исмини тутиб чақирдим: жавоб бўлмади, фақат яна нимадир тарақлади. Қизиқсиниб ичкарига мўраладим. Уйда бесаранжомлик ҳукмрон: полда китоб, дафтар ва ёзилган-чизилган турли хил қоғозлар сочилган, ҳамма ёққа эркагу аёлнинг кийимлари, болалар ўйинчоқлари ташланган, ўриндиқлар бетартиб қаққайган, стол устида чойнак, пиёла, пичоқ ва нон унутилган, кундуз бўлишига қарамай, чироқ ёқилган эди… Шу пайт ҳалиги сас тағин эътиборимни ўзига тортди. Бу – очиқ қолган дераза қанотининг шамолда у ёқдан бу ёққа урилганда чиққан товуш эди. Беихтиёр ўша томонга юрдим. Оқ, ҳарир парда ҳавода ўйноқлаб юзимни силай бошлади. Ташқарига кўз солдим: дарахтзор, у ҳам ўз ҳаракатига муносиб равишда ёқимли шовулларди. Негадир ич-ичимда нимадир бир сесканиб тушди… Давоми

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар