Қидириш

Энг кўп ўқилган саҳифалар

Кутубхона

Facebook

КЎНГИЛ ШЕЪРИЯТИ

КЎНГИЛ ШЕЪРИЯТИ

(Филология фанлари номзодлиги даражасини олиш учун ёзилган диссертация)

Бу олам бадиият оламидир. Унинг моҳияти худди камалакнинг мазмунига ўхшайди, яъни кўриш, завқланиш, қувват олиш, ниҳоят, идрок этиш мумкин-у, бироқ уни ушлаш, бадан орқали ҳис қилиш имконсиз. Чунки бу олам руҳонийдир, асло жисмоний эмас. У ҳам ўз қиёфасига эга, лекин биз кўниккан суратдан йироқ. Тўғрироғи, ундаги образлар сийратдан иборатдир: «Санъат ўз моҳиятига кўра савқи табиийдир. Биз баъзан турли бадиий тамойилларни идеалистик ва реалистик дея таснифлаймиз. Бироқ санъатнинг моҳияти реал нарсалардан узилиш ва уларни яксон этиш орқали келиб чиқадиган янги предметликнинг яратилишида эканлиги инкор этиб бўлмайдиган далил бўлиб қолаверади. Бинобарин, санъат икки марта савқи табиийдир: биринчидан, шунинг учун нореалки, унинг предмети реалликдан фарқланувчи янги нарса. Иккинчидан, шунинг учунки, мазкур янги эстетик предмет унсурларидан бири реалликни маҳв этишдир. Иккинчи режа биринчи режадан кейингина мумкин бўлганидек, гўзалликнинг чегараси ҳам реал дунё ҳудудидан кечилгандагина бошланади»  — деб ёзади Ортега-и Гассет. Бошқа бир мақоласида файласуф юқоридаги фикрини яна-да ойдинлаштиради: «Янги суратларда акс эттирилган нарсалар тўғрисида шуни айтиш мумкинки, улар билан бирга кун кечириш мумкин эмас. Санъаткор уларнинг «тирик» реаллик хусусиятларини йўқ этиб, бизни ўз кўникилган оламимизга элтувчи кўприкларни бузди, кемаларни ёқди. У бизни номаълум дунё ичига қамаб, шундай нарсалар билан муносабатга киришишга мажбур этадики, ўртадаги алоқадорлик инсоннинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган» . Бу узун иқтибосни аввало фикримизни ўзга бир илмий назар билан тасдиқлатиб олмоқ ниятида келтирган бўлсак, қолаверса, адабиётга (санъатга) нисбатан янгича қарашнинг моҳияти билан ўртоқлашмоқчи бўлдик. Пайқаганингиздек, испан олими адабиётни Белинский сингари мафкуранинг тарғиботчиси сифатида эмас, балки кўнгил оламини англаш орқали ўзликни, умуман, инсонни, унинг имкониятларини идрок этувчи кашшофнинг нигоҳи ўлароқ тушунган. У ҳар бир ижодкорни ўз услубига эга бўлишга ундайди ва «Услуб бу — инсон» деган фикр моҳиятидан сўз очади. Гассет ижодкор ўз услуби орқали ҳаётнинг биз кўниккан чегараларини кенгайтира олишига ишонади. Санъатнинг одамзотга хосликдан юксала билиш хусусиятларига шубҳа қилмайди.
Гассет санъатнинг экспрессионизм, кубизм ва бошқа оқимлари ҳақида: «Улар нарсалар тасвиридан ғоянинг тасвирига ўтдилар: санъаткор ташқи олам учун кўр, у ўз кўз қорачиғини ичкарига қаратди…» деб ёзади. Кўз қорачиғини (яъни диқкат-эътиборни) ичкарига — кўнгилга қаратиш ва у ердаги оламни тадқиқ этиш кўнгил санъат (адабиёт)ининг абадий вазифаси.
Шу ергача таърифини келтирганимиз адабиёт бизда мавжуд. Унинг илдизи бир қанча асрларнинг бағридан ўтиб яна инсонга, унинг табиатига, кўнглига бориб тақалади. Шунга кўра, биз мазкур адабиётни шартли равишда «Кўнгил адабиёти» деб атадик. У ҳатто собиқ совет даврида ҳам турли кўринишларда жон сақлади. Буни айниқса, 30-йиллар ўзбек шеъриятида яққол кўриш мумкин. Танқидчи Раҳимжон Раҳмат бир мақоласида ёзади: «Ойбек инсон кўнглига севги ва санъат севинч, хурсандлик ва илоҳий осойишталик бахш эта оладиган икки буюк куч эканлигини чуқур тушунган, киши ҳаётида маънавий қадриятлар ўрни беқиёс эканлигини жиддий англаган донишманд. У совет тузумини адолатли, кишига бахт бера оладиган идеал жамият деб ҳисоблаган бўлиши мумкин, лекин киши кўнглининг жамиятнинг яхши ва ёмон эканлигига боғлиқ бўлмаган қувончу азоби борлигини ва инсоннинг энг катта бахти мана шу эврилишлар орасида эканлигини чуқур англаган эди» . Афсуски, ушбу жараён узоқ давом этмади ва 40-йиллардан бошлаб адабиётимиз ҳаддан зиёд сиёсатлаштирилди. Чунки бизда ижодкор Лениннинг адабиёт ва санъат мафкуранинг маълум шакли ва унга хизмат қилиши керак, деган ақидасига мажбуран бўйсиндирилди. Аслида, санъат ўзини ҳеч курса ҳаводаги қуш мисол эркин ҳис этиши лозим. Унга бутун жамиятнинг ғамҳўрлиги керак. Ахир у эмасми инсонга инсонлигини эслатиб турган! Бинобарин, «Мафкура адабиёт ва санъатга хизмат этиши зарур» дейди Т. Солиҳов.
Аристотель «Поэтика»си шуни кўрсатадики, ўша даврларда ҳам санъат нозик тушунилган, талқин этилган. Бироқ унда зоҳирий ҳаракатлар, суратнинг тавсифлари, унинг ўхшашини яратиш марказий ўринда турса, XX асрга келиб, санъатнинг устивор объекти — Инсоннинг ботиний олами, яъни кўнгли бўлди. Аслида, суратдан сийратга томон юриш бир-иккита санъаткор ё олимнинг эмас, балки башарият фитратидаги яширин, лекин ҳамиша ўзини намоён этишга уриниб борувчи қувватнинг иши. Албатта, шахснинг жузъий иродаси эътироф этилади.
Биз санъатни қафасдан бўшалишини кутаётган қуш тимсолида қабул этамиз. Қуш қафасни, демакки, ҳар қандай қолипларни парчалашга тайёр. Энди унинг рўпарасида само — поёни йўқ дунё, ҳисобсиз кашфиётлар, имкониятлар… Айни пайтда, қайд этишимиз зарурки, ушбу само кўзи кўрадиган ҳар бир киши қобоқларини очган заҳоти шундоқ тепасида ёйилиб ётган бўшлиқ бўлмай, қалбдир, инсоннинг ботиний осмонидир. XX аср санъати (жумладан, шеърияти) ана шу осмонни соғинган қуш. Ойбек бир шеърида булоққа қарата:
Шеърингга тўёлмадим,
Кўксингда яшнолмадим.
Сен тошиб йўлга тушдинг,
Мен ғариб боролмадим,

деса-да, унинг ғайришуурдаги диққат-эътибори ўз кўнглига, ботиний осмонига қаратилганини пайқаш қийин эмас. Буни навбатдаги банд яна бир карра исботлайди:
Ҳой булоқ, жўшқин булоқ!
Кўнглим кўнглингга иноқ.
«Тўхта», десам боқмайсан,
Сўйла, йўлингми узоқ?!
Шеърда параллелизм мавжуд бўлиб, унинг биринчи — булоқ чизиғи қуюқроқ ишлангандай кўринса-да, шоирнинг бундан мақсади иккинчи чизиқ — кўнгил, ўз ички оламидир. Буни айниқса, «Тўхта», десам боқмайсан, Сўйла, йўлингми узоқ?!» мисралари ошкор этиб турибди. Яъни шоир агар истаса, булоқнинг қаергача оқиб боришини билиб олиши мумкин. Бироқ кўнгил интилишлари манзилини билиш анчагина мушкул иш. Айни чоғда шоирнинг шу ҳоли — билмаслиги — шеърият. “Далиллар тугаган жойда адабиёт бошланади,» дейди Достоевский. XX аср шеърияти хусусиятларидан бири шуки, у қўл билан ушлаш мумкин бўлган аниқликдан қочади, мавҳумликка интилади. Кўзлари иккита марвариддек ёниб, дард чекиб дераза ёнида паришон ва ғариб ўтирган қушча  каби билишга, англашга интилади-ю, ўзининг — кўнглининг истагини — дардини билмайди, билолмайди. Лекин айнан шу ҳолни изҳор этаркан, ўзини-ўзи даволайди. Яъни Қуръони каримда сўз — шифо, дейилганидек, шоир дардидан отилиб чиқаётган сўзлар билан ўз жароҳатига малҳам қўяди. Мавҳумликнинг каромати — шу.
Илк ўрта асрга келиб Шарқнинг буюк файласуфи Абу Наср Форобий шеърият ҳақидаги Аристотелнинг қарашларини ривожлантиради. Чунончи, унинг шеъриятнинг муҳим унсурларидан бири — хаёл ва тасаввур тўғрисидаги фикри бағоят ўринлидир: «…Исботда илм, тортишувда иккиланиш, хитобда ишонтириш канчалик аҳамиятли бўлса, шеъриятда ҳам хаёл ва тасаввур шунчалик зарур бўлади» . Форобийнинг, айниқса, шеър санъати — ташбеҳ борасида ўн асрдан кўпроқ вақт муқаддам айтган фикри XX асрга келиб испан файласуфи Гассет томонидан анча сайқалланган. Ташбеҳ поэзиянинг энг муҳим, баъзан ҳатто зарурий унсури эканлигини ҳисобга олсак, ўша пайтдаёқ шеърият ғоят нозик тушунилганлигининг гувоҳи бўламиз. Форобий ёзади: «Кўпчилик одамлар аслига яқин бўлган нарсаларга тақлид қилишдан кўра аслидан узоқ бўлган нарсаларга бўлган тақлид ташбеҳни энг мукаммал ва афзал бўлади, деб ўйлашади. Уларнинг фикрича, бундай ҳолатда туриб мулоҳаза юритувчилар тақлид борасида ишловчилар орасида энг лаёқатли кишилар саналади, ундай киши бу санъат аҳлига жуда муносиб келади ва тақлидни ўз йўлига мослаб улардан фойдаланади» . Гассет ёзади: «Метафора шунинг учун ҳам бизни қониқтирадики, унда икки нарса ўртасида метафора суянган ҳар қандай ўхшашликка нисбатан яна-да теран ва кескин, воқелик нуқтаи назаридан бўлиши мумкин бўлмаган мосликни илғаймиз… «Реал ўхшашлик ҳақиқатда икки предметнинг реал ноўхшашлигини таъкиддаш учун хизмат қилади. Қаердаки, реал ўхшашлик бор эса, ўша ерда метафора йўқ. Метафора бағрида ноўхшашликни аниқ англаш яшайди»…
Белинский Аристотелда мавжуд бўлган аниқликдан мавҳумлик сари, яъни шеърият сари бир-икки қадам ташлайди: «Ҳар бир ташқи ҳодисадан аввал тилак, орзу, ният, хуллас фикр туғилади: ҳар бир ташқи ҳодиса ички, яширин кучларнинг фаолияти натижасидир: поэзия воқеанинг мана шу иккинчи, ички томонига, бу кучларнинг туб негизига кириб боради, ташқи реаллик воқеа хатти-ҳаракат ана шу кучлардан ўсиб чиқади, бунда поэзия янги ва карама-қарши турда кўринади. Бу субъективлик салтанати, бу ички дунё ўз ичида қолувчи ва ташқарига чиқмайдиган ташаббуслар дунёсидир. Бунда поэзия ички элементда, туйғу ва онг доирасида қолади: бунда руҳ ташқи реалликдан ўтиб яширинади, ташқи оламни ўзида акс эттирган ички ҳаётнинг мислсиз жилваларини поэзияга ҳадя қилади. Бунда шоирнинг шахсияти биринчи ўринда туради, биз ҳамма нарсани фақат у орқалигина қабул қиламиз ва англаймиз. Бу лирик поэзиядир» . Бу — шеъриятга умумий бир назар, холос. Зеро, у талқинларга бунчалик осон таслим бўлмайди, яъни шеърият симоб янглиғ доимий ҳаракатда. Уни кафтга олиб тадқиқ этишни, у ҳақда тугал хулосалар чиқаришни истамак — хом хаёл. Шеърият тўғрисида айтилган ҳар бир фикр, ҳатто бу ишга бағишланган бутун-бутун умрлар ҳам уни тутиб олиш учун кўйилган тузоқлардан ўзга нарса эмас. Таҳлилчи уни қўлга киритишни шу қадар истайдики, ниҳоят, тузоққа илинган ҳар кандай ўлжани “шеърият” деб аташга тайёр яшайди. Мабодо, янада чуқурлашадиган бўлса, ўзи қўйган тузоққа ўзини отишдан бошқа чораси қолмайди унинг. Шеъриятнинг мағзи унинг кўнгил иши эканлигида. Кўнгил иши эса муайян қонуниятлар асосида рўй бермайди. Яъни у инсоннинг инон-ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳур олам. Башарнинг ҳар қандай қафасни парчалаб, озод ҳаётга бўлган интилиши ажабмаски, ана шу олам ҳайқириғининг акс садоси. Танқидчи Иброҳим Ғафуров ёзади: «…Ҳурликка интилиш — гўзалликка интилиш. Шеър сўзи ҳам жуда-жуда қадим замонлардан бошлаб одамнинг ҳурликка интилишидан дунёга келган. У ҳурликка интилишнинг ҳеч ўчмас рамзи бўлиб колган. Бахт, қувонч шундай интилишлардагина бунёд бўлади. Навоий ҳам айтган: «Аламсиз мурод мумкин эмас». Шеъриятда дардли оҳанглар ҳам фақат ва фақат қувончларни соғинишдир. Бахтни соғинишдир. Не ажабки, дарддан бахтли сўз туғилади»
Дард! Дарҳақиқат, усиз шоир ҳеч ким. Шоирни шоир қилган, уни тўлғоқ азобига мубтало қилиб, ундан ширин-шакар «ўғил-қизлар» туғдирган ҳам удир. Дард ҳақида Жалолиддин Румийнинг бир яхши фикри бор: «Дард доимо инсонга йўл очади. Дардсиз ва заҳматсиз иш инсонга  муяссар бўлмас… Чунончи, Биби  Марям туғиш оғриғи бўлмагунча бахт дарахтига яқинлашмади. Қуръонда «Туғиш санчиғи уни бир хурмо дарахти тўнкасига суяниш учун йўллади» дея буюрилганидек, Марямни дарахтга дард яқинлаштирди ва қуруқ дарахт мева берар бир ҳолга келди. Вужуд ҳам Марям кабидир. Ҳар биримизнинг Исомиз бор. Бизда ҳам ўшандай  дард пайдо бўлса, Исомиз туғилади. Йўқса, Исо ҳам ўз келган йўлидан қайтиб кетади, биз ҳам ундан фойдаланмоқдан маҳрум бўламиз» .
Дард инсонни худди қушни кишанлаган қафас янглиғ қисади. Шунда инсоннинг руҳияти парвоз этмоқ-чун ўзини қафаснинг тўрига урган ўша қушдек олдинга интилади, қутулмоқ истайди. Дард-ла ёнаркан, жазавага тушади, қафасни оламни унутади, ўзини бир зумгина озод ҳис қилади. Ва қафасни ёриб чиққан қуш мисол осмон билан: ҳурлик билан, ҳали билинмаган имкониятлар билан тўқнашади. Шеър айнан шу лаҳзаларда ёзилади ва ўз моҳиятига кўра поёнсизлик томон талпинади. «Шеърият ўзини шундай кўрсатади. Яъни билиб туриб билмасликка олади. Номаълумлик сари интилиб боради»  -деб ёзади Иброҳим Ғафуров.
Бироқ шоир интилган бу номаълумлик ҳар қандай мазмундан қочиш ёки қуруқ мавҳумлик бўлмай, кўникилган, танқидчи Аҳмад Отабоев таъбири билан айтганда, «Масхарабоз минган ёғоч от сингари мазмундан, сийқа аниқликдан» ўтиб, моҳият сари ҳаракатдир. Унинг тинимсиз ҳаракати ўз йўлида номаълумликни кашф этиб боради, инсон тасаввуридаги олам сарҳадларини кенгайтиради. Гассет ёзади: «Китобхон сифатидаги муҳаббатимизни ҳақиқий шоирлар — бизга янги услуб келтирувчи, ўзлари янги услубга айланган ижодкорлар учун сақлайлик. Чунки улар дунёни бойитади, тушунчамиздаги воқеликни кенгайтиради. Илгари бизга модда на кўпаяди ва на озаяди, деб уқтиришганди. Энди физиклар модда емирилади ва кичраяди дейишмоқда. Демак, унинг ҳеч бўлмаганда, кўпаймаслиги аниқ. Бу шуни кўрсатадики, нарсалар ҳар доим бир хилдир. Улар малзамасидан ҳеч қачон янги нарсани бичиш мумкин эмас. Аммо шоир кутилмаганда нарсаларни шамолга — ўйинга тортади. Ушбу яширин ўсувчан ҳаракатга бўйин сунган нарсалар ўзга маъно касб этади ва бошқа нарсаларга айланадилар» .
К.Маркс инсонни асосан ижтимоий мавжудот сифатида яхшигина ўрганган. Аммо инсонда бошқа хусусиятлар ҳам йўқ эмас. Собиқ совет адабиётидаги асосий иллат ҳам шу билан боғлиқ. Эрих Фромм инсонга биосоциал мавжудод ўлароқ қарайди ва бир қадам олдинга кетади. Сир эмас, инсонда яна бир жиҳат — руҳий олам бор. (Буни биз кўнгил деб ҳам билишимиз мумкин). Мазкур олам билан энг кўп мулоқотда бўладиган ва бизга ундан хабар берадиган зот — шоир. Бу ўринда хабар — ваҳий — шеър. Иброҳим Ҳаққул «Шеърият, аввало, Руҳдир»  деб ёзади.
Шеър — дарддан туғилади, дедик. Теранроқ назар ташласак, нафақат шеър, балки умуман барча бунёдкорлик ишлари қандайдир дарднинг меваларидир. Хўш, дарднинг ўзи нима ва у қаердан пайдо бўлмоқда? Менингча, дард фитрийдир, яъни у инсон табиатида мавжуд бўлган унсур. Унга эҳтирос қувват беради, пиширади. Балки эҳтироснинг табиий ўсишининг ўзи пайдо қилар дардни. Бу хусусни айнан шоирлар қисмати мисолида билиш мумкин. Зеро, уларнинг деярли ҳаммаси бошқаларга нисбатан серэҳтирос. Улуғ шоирлар, умуман, барча улкан шахслар кучли эҳтиросга эга бўлганликлари тарихдан маълум. Шу билан бирга, улардаги дард ҳам шунга яраша. Ажаб, инсондаги ижодкор куч айнан шу эҳтирос эмасмикан? Йўқса, унинг вазифаси фақат насл қолдириш билан чекланадими? Ундай бўлса:
Қари қиз деб ном олган
Синглимнинг хатини ўқийман тонгда.
Билмайман негадир
Ишқий мактуб ўқиётгандай
Сездим ўзимни —
деган шеърни қандай таҳлил этамиз? Ахир бу ерда турмушга чиқмай «ўтириб» қолган қиз эҳтиросининг мактубига (умуман ҳамма нарсага) кўчиши ҳақида гап бормаяптими? Бўғилган эҳтирос тафаккурга таъсир қилади, у ҳатто фожеага айланиши мумкин, — дейди XX аср психологияси.
Истеъдод сўзи ҳам кўпроқ ижодкорларга нисбатан қўлланилади. Хўш, истеъдоднинг ўзи нима? Нафсиламрини айтганда, унинг нима эканлигини тузуккина билмаймиз, бироқ истеъдоднинг яратувчилик кучига ишонамиз. Яна XX аср психологиясига мурожаат киламиз: «Истеъдод бу меҳнат эмас, у туғма хусусият. У инсоннинг сексологик имкониятларининг энг юқори даражага кўтарилиши». Энди фикрларимизни муайян тартибга солишимиз мумкин. Яъни эҳтирос — дард — истеъдод шоирни шоир қилган омиллардир. Бу жиҳатга қадим замонларда ҳам эътибор берилгани фикримизни қувватлайди: «Поэзия истеъдодли ёки мажнунсифат инсоннинг қисматидир. Истеъдодли одамлар руҳан жуда таъсирчан, мажнунсифатлари эса жазавага мойил бўладилар»  — деб ёзади Аристотель. Ўрта асрларга келиб бу ҳақда улуғ мутасаввиф Жалолиддин Румий Қайсга таҳаммулидан ортиқ эҳтирос берилгани учун мажнунга айланди, дейди. Бироқ бу эҳтирос биз тушунган эркак ва аёл ўртасидаги жинсий мойилликдангина иборат бўлмай, аввало, улар ўртасидаги руҳий муносабатдир. Талъат Солиҳов дейди: «Эҳтирос — илоҳият даражасига кўтарилган нарса. Инсонни юксакликка элтадиган куч” .
Умуман, бу — ўзбек адабиётида (бадиий тафаккур тадрижида) бошдан-оёқ тадқиқ этилиши зарур бўлган бус-бутун бир мавзу. Демак, инсоннинг ўзида, кўнглида унинг ўзи тушуниб етмаган қанчадан-қанча синоатлар оғзи очилмаган, ўрганилмаган ғорлар каби ниманидир, кимнидир кутиб ётибди. Ҳаёт — мангу ҳаракат экан, инсоннинг бу борадаги интилишлари ҳам абадийдир.
30-йиллар ўзбек шеърияти тўғрисида гап кетар экан, шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бу даврда шоирлар ўз табиийлигига анча яқинлашганлар. Фикри ожизимча, ёзувчининг бундан муҳимроқ фазилати йўқ. Шу ўринда Джордж Оруэллнинг машҳур мулоҳазасини  эсламок жоиз.
30-йиллар шеърларида инсонни, унинг орзули, армонли, баъзан нолон, баъзан хандон кўнгилларини ҳис қилиш мумкин-ки, мазкур жиҳат кейинги қатор ўн йилликларда анчагина оқсайди. Мен самимийликни айтмоқчиман. Аммо ҳар қандай самимийлик ҳам ўзини оқлайвермайди. Бу хусус қачонки, инсоннинг ўзига, ўз кўнглига нисбатан бўлсагина дуруст. Худди шу ердан санъаткор субъективизми бопшанади. Ҳақиқий шоир ўз шеърини атрофдан эмас, ҳатто ўз ақлу фаросатидан ҳам эмас, балки кўнгилдан олади. Аслида шоир ҳатто энг оддий нарсалар ҳақида ҳам ёзиши мумкин , фақат у гўзал туйғуни топсин, акс эттирсин. Бироқ бу омма назаридаги жўн бир чиройлилик бўлмай, инсонга илоҳий қувват бахш эта биладиган гўзалликдир. У камида мамлакату салтанатдан воз кечиб фақирлик йўлини тутган шоҳ Иброҳим Адҳамнинг кўнглидаги илоҳий нурдир. Чинакам адабиёт ана шу нурга интилиб яшайди.
Самимийлик ҳам ўша нурга нисбатан бўлади, аслида. У ижодкорнинг юрак томиридир. Ўз қалбига нисбатан самимий бўлган санъаткор ҳакиқат (илоҳий олам) сари талпинади. Бироқ бу Хемингуэй айтмоқчи «ёзувчининг вазифаси ҳақиқатни айтиш»дангина иборат эмас. Адабиётнинг ҳақиқатга интилишига иқрормиз, бироқ адабиёт ҳар қандай ҳақиқатдан, агар у яланғоч бўлса, воз кечади. Демоқчиманки, адабиёт ҳакиқатга гўзаллик орқали интилади. Бусиз адабиёт йўқ, бусиз ёзилган ҳар қандай асар ҳамма нарса бўлиши мумкин, бироқ адабиёт бўлолмайди.
Салоҳияти, истеъдоди жиҳатидан адабиёт яратишга   қодир шоирларнинг 30-йиллардаги шеърларини ўрганар эканмиз, аччиқ бир ҳақиқатнинг гувоҳи бўламиз. Ҳамид Олимжон ва айниқса, Ойбеку Усмон Носирни энди ғунча бўлганда томирига тиғ урилган гулларга ўхшатиш мумкин. Йўқ, мен Ҳамид Олимжону Усмон Носирнинг фожиали қисматларини назарда тутмаяпман. Мен улар онгларига, қалбларига томчи-томчи қуйилган заҳар — мафкура натижасида ижодкор субъективизми бой берилганини айтаяпман. Ойбекнинг назмини кузатаман: 20-30- йилларда ўз юрагига нисбатан самимий бўлган улкан истеъдодли шоир 40-йиллардан бошлаб бегоналашган. Кўнгилдан эмас, ақлдан, мафкуралашган онгдан чиқариб ёза бошлаган. Усмон Носир ижодини ҳам йилма-йил ўрганиб чиқсак, шундай ҳолга дуч келамиз. Аслида, бу нарса сал аввалроқ, Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Фитратлар ижодида бошланган эди. Улар ҳам худди ўша — ғунчалаганда томирига тиғ урилган гул янглиғ секин-секин сўла бордилар.  Йўқса, уларнинг ҳар бири жуда катта ижодий имкониятларга эга, адабиётни гўзаллик элчиси эканлигини озми-кўпми ҳис килган санъаткорлар эдилар. Бу гулларнинг томирини қирқишга фармон берган куч социалистик ғоя бўлса, уни амалга оширишда кўмаклашган воситалардан бири — танқидчилик эди. Биз бугунги кун мкониятидан туриб ўша давр адабиётшунослигини баҳолаш қаҳрамонлик эмаслигини биламиз. Билиб турганингиздек, биз бундай ёндашувдан имкон қадар қочмоқдамиз. Бироқ иш жараёни, тадқиқотнинг сажияси айрим далилларни келтиришни тақозо килади.
Адабиётшунос олим Ҳомил Ёқубов «Лирикада изланиш» мақоласида ёзади: «Ойбек лирик асарга инсон руҳи, ўз «мен»ининг ифодаси сифатида ёндашади, лекин кўпинча «туйғулар» доираси бирдан-бир реаллик бўлиб, уни қуршаган теварак атрофдаги ҳодисалар мазмунини, объектив ҳақикатни қамраб олмайди…
Ойбекнинг туйғулар соҳасини сентиментал ва символик усулда фаҳмлашида ўзбек адабиётида реакцион романтизмнинг намояндаси Чўлпон ва XX асрнинг 10-20-йилларида ижод этган усмонли-турк символистларидан — Холид Фаҳрий, Ўрхон Сайфий, Юсуф Зиё, Умар Сайфиддин каби шоирларнинг маълум даражада адабий таъсири бўлган .
Ойбек «Туйғулар» тўпламидаги «Най куйлари» шеърини махсус Чўлпонга бағишлайди. Бу шеърда у «узоқлардан, тоғлардан учиб келган ёниқ най куйлари» юксалганини ипакдек майин сатрларда тасвирлайди, унинг «яширин умидлар билан тўла ёш кўнгли» эса қанот қоқиб най куйини қува кетади. Шоир уни «қидириб топиб… унга синиқ кўнгил ва кўз ёшларини тортиқ қилади. Дардманд шоир ўз шеърини қуйидаги сатрлар билан тугатади:
Англадимки, бу замон
Созчи — савдоли чўпон.
Дедим: «Ҳижронли шоир,
Бир озда чалинг бу он.
Тоғларга қучоқ очай,
Озгина завққа толай!»

Ойбек символик парда билан «савдоли чўпон» қиёфасида гавдаланган  «ҳижронли шоир» куйларига мафтунлигини изҳор этади. Бу ўринда яна туйғу-ҳисларга романтик субъектив муносабатда бўлиш очиқ кўзга ташланади» Олим мақоласини шу тарзда давом эттириб қуйироқда яна ёзади: «Ойбек ўз шеърларида ишқдан, севгидан сўз очдими — бас, унинг қалби ўртанади, кўзларидан ёшлар қариган гул барглари сингари дув тўкиладилар. У айрилиқ, ҳижрон дарди билан ёнади. Бир шеърида:
Йўлингда кутдим,
Ҳасратлар ютдим.
Ҳажринг-ла кўпдан
Ўзни унутдим…
Аввал ўқ отдинг,
Кўнглим қонатдинг,
Сўнгра юлдузим
Қайларга ботдинг?
(«Туйғулар», 24-бет)
деса, бошқа бир шеърида:
Сочларинг тола-тола.
Лабимда гизли нола.
Ичимда тўлди ҳасрат,
Найлай, эй воҳ, бу ҳола…
Дардинг-ла ёнди бошим,
Кўзларда қонли ёшим, («Туйғулар», 25-бет)
деб бадбинликни, индивидуалистик кечинмаларни поэтиклаштиришга уринади.
Бу шеърларда Ойбекнинг индивидуализм қобиғига ўралиб қолиши халқ турмуши ичига қулоч отиб киришига, унинг ранг-баранг мазмунини кўриш ва ифодалашга имкон бермади» .
Бу мақола Ойбекнинг 20-йиллар шеърияти таҳлилига бағишланган. Бироқ айнан мана шундай руҳ танқидчиликда ҳукмрон бўлди. Ижодкорни ўз ҳолига қўймади, унинг инсон бўлиб ўйлашга, фикрлашга, ўз кўнгил оламига бўйлашга, уни тадқиқ этишга имкон бермади. (Ахир, Ойбек «Чўлпон, Шоирни қандай текшириш керак»  деган мақоласини бежиз ёздими?) Аста-секин эса ижодкор гўё ўз «хатоси»ни тушуниб етди. «Ойбек ўзига нисбатан кўрсатилаётган тазйиқнинг яхши натижа билан тугамаслигини бутун вужуди билан ҳис этди. Лекин, у агар бу тазйиққа бўйсунмасин ўзини Абдулла Қодирий ва Чўлпон тақдири куатётганини сезди. Унинг партия чизган чизиқдан юрмаслигининг  иложи йўқ эди»  деб ёзади Наим Каримов. Кўнгилдан юз ўгириб атрофга боққан Ойбек энди туйғуларини социалистик ғояга мувофиқ равишда акс эттирмоқчи бўлди. Бундай ҳолни мамнуният билан қарши олган Ҳомил Ёқубов: «Ойбек санъатга субъективистик, эстетчасига қарашни чилпарчин қилиб, лирикада катта ва муҳим ижтимоий мазмунни қамраб олишга, замонавий типик ҳодисалар ва интилишларни очишга, реал ҳаётни акс эттиришга, жамиятнинг юксалиши билан олдинга сурилган мураккаб масалаларга ўз муносабатини билдиришга уринди…»  деб ёзади. Бундай талқинларга кйинчалик А.Расулов танқидий ёндошиб ёзади: «Совет лирикасидаги ҳамма гапларни гўзалликнинг «ижтимоий» концепциясига боғлашга интилиш олтимишинчи йилларгача бўлган танқидчиликка хос хусусият эди. Чунончи, Ҳомил Ёқубов ижтимоий масалаларга асосий эътибор қаратилган шеърларни чуқур таҳлил қилади, бироқ инсон ва табиат муносабатлари, борлиқдаги ҳолат, ҳодисалар ҳақидаги асарларнинг моҳиятига чуқур кирмайди) . Совет даврида адабиёт, хусусан, шеърият айнан шу тарзда ўз табиатига ёт мавзуга бош суқади. Ўз нигоҳини кўнгилдан олиб, ташқарига — улкан муаммоларга қаратади. XX аср ўзбек шоир ва ёзувчиларининг энди ғунчалаган истеъдодлари руҳиятида парокандалик юз берди. Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон каби ҳассос санъаткорларнинг кўнгил фаоллиги бора-бора маълум маънода сусая бошлади. Яъни ижодкорлар онгида ўз «кўнгил фалсафаси» гўё емирилиб, ўрнини оммани бахтли келажак сари етакловчи тарбиявий руҳдаги поэзия олаётганди. Санъаткор учун ўз табиатига ёт мафкура томон интилиш инқироздир. Чўлпон, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон,  Ойбек асарларини даврма-давр, йилма-йил кузатсак, бошда ўзларига нисбатан самимий бўлган шоирларнинг бора-бора ўзига ўзи бегоналашиб бораётганининг гувоҳи бўламиз.
Проф. Озод Шарафиддинов «Йиллар ва йўллар» мақоласида ёзади: «Миллатчилик поэзиясига қарши кураш ўзбек поэзиясида янги социалистик эстетика принципларини тасдиқлаш, ҳаётдан ажралган, қобиғига ўралиб қолган поэзияга инсон билан, меҳнат билан  боғланган  поэзияни  қарама-қарши  қўйиш, синфий курашларда пролетариат томонидан жавлон урадиган янги типдаги шоирни улуғлаш йўллари билан ҳам борди» . Ижодкорнинг ўз қобиғига ўралашиб  ҳаётдан ажралган поэзия яратиши номақбуллиги, аксинча, санъат асарининг инсон билан жипс боғланиши зарурлигини француз ёзувчиси Альбер Камю ҳам тасдиқлайди. Бироқ у ижодкорнинг ижтимоий ўрни билан санъатдаги ўрнини, улардаги вазифасини нозик фарқлайди. Камюнинг ўзи француз ватандоши сифатида жамиятнинг фаол зиёлиси, адолат ва озодлик учун толмас курашчи бўлса-да, бадиий асарларнинг қаҳрамонлари кўп-да бундай эмас. Хусусан, унинг энг машҳур романи «Бегона»нинг марказий қаҳрамони Мерсо ўз характери, дунёқараши билан Камю мақолаларида илгари сурган ҳақиқий ватанпарвар граждан образидан жуда катта фарқ қилади. Унинг учун муҳими ҳаётга — илиқликка талпиниш йўлидаги ўз кечинмалари, асло кандайдир ғоя йўлида жонини жабборга бериш эмас. Кўринадики, санъат асарлари аввало кўнгил фаол бўлган дамларда яратилади. Ижодкорнинг ижтимоий фаоллиги бошланиши билан кўнгил фаоллиги сусаяди. Яъни булар гўё зулмат ва нур, бир-бирини маҳв этади. Ўз ўрнида эса бир-бирини тақозо ҳам қилади. Ахир қоронғулик борлиги учун биз ёруғликни сезамиз ёки аксинча. Проф. Озод Шарафиддинов Ғафур Ғулом, Ойбек,  Ҳамид Олимжон каби шоирлар ижоди ҳақида фикр юритаркан, ёзади: «Уларнинг ҳаммаси ҳам поэзиядаги мунгни, ҳазинликни қоралайди, сочлари жингалак, «оҳ, малак» деб нола чекувчи йиғлоқи шоирдан кулади, шоирнинг ўрни курашнинг олдинги сафларида эканини тасдиқлайди» .  Мунгсиз поэзия пойдеворсиз иморат ҳақидаги гапдек муаллақ тушунча. Буни исбот қилишга бугун эҳтиёж йўқ. Аммо «шоирнинг ўрни курашнинг олдинги сафларида» деган фикр ҳануз чалкашликларга олиб келиши ҳеч гапмас. Совет даври  санъатининг  энг катта нуқсонларидан бири ҳам айнан шу ерда яширинган. Яъни
ижодкорнинг санъати билан унинг ижтимоий фаолиятини, гражданлик бурчини руҳан, мазмунан бирлаштиришга уринилган. Натижада санъат асари билан публицистик асар ўртасида баъзан фарқ қолмаган. Ҳаётдаги, меҳнатдаги, ҳатто урушдаги қаҳрамонлар чуқур, зиддиятли кечинмалари билан эмас, аввало ғояси билан
бадиий асарларга шундоқ кўчиб ўтганлар. Ғоялар инсон учун эмас, инсонлар ғоя учун қурбон бўлганлар. Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон каби шоирларнинг фаол гражданлик, ватанпарварлик руҳида ёзган шеърлари шунинг учун ҳам бугун ўқилмайдики, улар
ўша давр ғояси билан суғорилганлиги баробарида объект субъектга кўчиб, унда шахсийлашмаган. Қолаверса, ғоялар келиб кетгувчидир, улар саҳнадан тушиши билан атрофини пашшадек ўраган асарлар ҳам умрини ўтаб бўлади. Шу билан бирга, буларда шоирнинг ўз «мен»и коллектив «мен»га едириб юборилган. Мазкур шоирларнинг тадқиқотимизга асос бўлган шеърлари эса кўнгил фаоллиги маҳсулидир. Бундай асарларнинг умрлари одатда узоқ бўлади. Чунки, қайси мафкура ҳукмрон бўлган замонда ёзилганидан қатъи назар маркзда Инсон ва унинг Кечинмаси туради.
«30-йиллар поэзиясида халқ билан биргалик туйғуси яна-да чуқурлашади. «Соф поэзия», фақат гуллар ва булбулларга маҳлиё, фақат «Оҳ, малак», «Эҳ, капалак»дан нарига ўтмайдиган чучмал поэзия қаттиқ қораланади» . Заминдан — ҳаётдан узилган, Набижон Боқий таъбири билан айтганда, «ҳаводан озиқланаётган гул” моҳиятидаги қуруқ ва саёз оҳ-воҳларгагина асосланган бўлса «соф поэзия» ҳам профессор Озод Шарафиддинов таъкидлаганидек, қораловга муносиб. Лекин «соф поэзия»нинг моҳиятида субъективизм, яъни ўз кечинмаси ётгани учун ҳам танқид қилиш шу жиҳатдан нотўғрики, бусиз Кўнгил адабиёти, Шахс адабиёти, Инсон адабиёти йўқ. «Шоир ўз шахсий туйғуларининг, ички дардларининг, инжиқ ҳасратлари, нола-фиғонларининг энагаси эмас…» . Хўш, унда ким? Шоир учун ўз шахсий туйғуларидан-да қимматлироқ туйғу бормикан ўзи? Шоир «ҳужумкор синфнинг вакили, миллионлаб меҳнаткаш омманинг фарзанди, унинг кўзи ва қулоғи, унинг туйғулари, фикрлари, орзу-умидларининг куйчиси, унинг қалбининг таржимонидир» . Буларнинг деярли ҳаммаси («ҳужумкор синфнинг вакили»дан бошқаси) тўғри ва жуда олижаноб фикрлар. Аммо бу ишлар журналистники, ватанпарвар гражданники, асло шоирники эмас. Ахир шоир дегани халқнинг манфаатига мос тушадими-йўқми, барибир ўз қалбининг таржимони, ўз туйғуларининг куйловчиси бўлмайдими? Мунаққид ёзади: «30-йиллар ўзбек поэзиясининг замонавийлиги, давр билан ҳамнафаслиги унинг тематик диапазонида яққол кўринади. Бу даврда поэзия тематикаси 20-йиллардагига қараганда бениҳоя кенгайиб кетди. Поэзияда акс-садо бўлмаган бирон йирик ҳодиса, биронта жиддий воқеа қолгани йўқ дейиш мумкин» . Шеъриятдаги бундай ижтимоий ҳозиржавобликни мунаққид Иброҳим Ғафуров қуйидагича шарҳлайди: «Баъзан кундалик гаплар билан шеърнинг нима алоқаси бор, деган гаплар бўлиб туради. Кундалик гап учун журналист бор, газета хабари бор, шундай экан, шеър ўзининг энг олий вазифасини — инсон хусусиятларини, нозик кечинмаларини образда, ғояда гўзал ифода қилиб беришини билсин, деган фикрлар юради. Аммо шундай даврлар бўлганки, шеър ўзининг ана шу бирламчи вазифасини ўтаб туриб, замоннинг жарчиси бўлишдек вазифани ҳам уддалаган» . Тўғри-ю, санъатдаги бунинг каби ўткинчи кайфиятларни рағбатлантириш ўрнига улар моҳиятини чуқур таҳлиллар асосида очиб бериш зарурки, йўқса, Ойбек, Усмон Носир, Ғафур Ғуломдек истеъдодлар ноёб имконларини тағин ноасл жараёнларга сарфлашлари ҳеч гапмас. Лекин шоирлар ҳар доим ҳам «конкрет ҳодиса туфайли туғилган дастлабки ҳис-туйғуларни, шодлик ва қувонч кайфиятларини ифодалаш билан чекланмай», баъзан «инсон ва унинг тақдири, ҳаётдаги ўрни ҳақида, ҳаётнинг маъноси ва моҳияти тўғрисида, гўзаллик, эзгулик, олижаноблик, бахт ҳақида чуқур ўйларни ифодаловчи шеърлар ярата бошладилар. Буларнинг барчаси поэзиядаги инсонийликни чуқурлаштирди, унга ҳақиқий ҳаётийлик бахш этди ва 30-йилларнинг кўпгина шеърларига узоқ умр берди» , деганда Озод Шарафиддинов ҳақли эди. Дарҳақикат, худди шу руҳдаги шеърлар бугун тадқиқотимиз объекти ва улар эртагаю ундан кейин ҳам ўз ўқувчиларини топаверади. Чунки бу шеърларда шоир ўз “мен»ини коллектив «мен»дан ажратиб олган. Демак ўз номидан ўз кечинмасини, бошидан, демакки, юрагидан ўтказган туйғуларни шеърга солган. Бундай шеърлардан кўнгил поэзияси — «соф лирика» вужудга келган. Хўш, соф лирика (умуман соф санъат) ғояси жаҳон адабиёти илмида қандай талқин этилган?
XX аср француз мунаққиди Жеан-Луис Жуберт ўзининг «Ла поэзии» деб номланган, яъни «шеърият» маъносини билдирувчи китобида ёзади: «Санъат санъат учун” таълими XIX асрнинг ўртасида ўз қадриятларини тарихга (воқеликка — ҳ. У.) айлантиришдан умидини узган ёки кетма-кет содир бўлган тўнтаришлар натижасида ҳокимият парваришидан маҳрум бўлганлар учун бир меҳроб санъат дини ҳолига келди». Бундан олдин эса «санъат санъат учун» оқими назариётчиларидан Зеофил Гўтининг 1835 йилда эълон қилинган асари «Мадмуазель де Мўпин» сўзбошисидаги фикрларини келтиради: «Санъат асарининг ўзи қадрият. У ҳар қандай даъводан, ахлоқий, сиёсий ва ижтимоий ғараздан озод яшаши лозим. Шоир ва шеър гўзаллик яратишдан бошқа ҳеч бир ишга хизмат қилмасликлари керак… Фақат ҳеч қандай ишга ярамаган нарсалардагина ҳақиқий гўзаллик мавжуд. Фойдали бўлган ҳар бир нарса хунукдир» . Мунақкид қуйироқда Бўде-нернинг «Эдгар По асарларига янги чизгилар» (1857 йил) китобидан парча келтирадики, бу ҳам «соф санъат» оқими таянган асосларни тушунишимизга ёрдам беради: «…Шеърнинг ўзидан бошқа мақсади йўқ ва бўлолмайди ҳам. Ва фақат бир шеър ёзиш завқи учун ёзилишдан кўпроқ, аслроқ, шеър номига яна-да муносиброқ шеър йўқдир… Шеър ўзини билим ё ахлок билан ёнма-ён қўёлмайди, акс ҳолда ё ўлади ёхуд кучини йўқотади… Шеър фақат ўзигагина суяниб яшайди» .
Француз адабиётшуноси «санъат санъат учун» оқими намояндалари назарияларини таҳлил эта туриб, бу борада ўз хулосаларини билдириб ўтади: «Шеър (умуман, санъат)ни жамият ҳаётидан ажратишга уриниш маъносиз ва моҳиятан ақл бовар қилмайдиган ишдир. Гўё санъат жамиятга алоқадор эмасмиш! «Санъат санъат учун» назариясининг эътибордан тушишига сабаб шудир» . Яна бир ғарб адабиётшуноси Ж. Маритен «санъат санъат учун» оқими моҳиятидан баҳс этаркан, уни Жуберт сингари кескин танқид қилади: «Санъат санъат учун»да бир қадар тутуруқсизлик мавжуд: санъаткор учун ёлғондакам эҳтиёж инсон бўлиш эмас, балки санъаткор бўлиш, санъат учун эса ўзини бутун манбалардан — овқатдан, ёқилғидан, энергиядан маҳрум этиш…»1. Маритен санъатдаги ушбу оқимнинг келиб чиқиш сабабларини қисқача шарҳлаб, санъатнинг табиий ҳолати бутунлай бошқача бўлишини уқтиради: “Ҳақиқатан, санъат ўзининг фил суягидан ишланган минорасига фақат XIX асрдан эътиборан беркина бошлади. Бу (ҳаракат) маънавий даражанинг бузилиши билан боғлиқ бўлиб, позитивистик ва социологик кайфиятда эди. Лекин санъатнинг маромдаги ҳолати моҳиятан бутунлай бошқадир. Эсхил, Данте, Сервантес, Шекспир ёки Достоевский шиша идишнинг ичида ишлаган эмаслар. Уларнинг жуда катта эзгу ниятлари бор эди» . Фикр — асосли. Лекин юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, аввало, ижодкорнинг фукаролик ва ёзувчилик бурчлари айни бир нарса эмаслигини тушуниш керакки, шундагина санъатнинг мафкура ё сиёсатдан ўзга моҳиятли қадриятлари борлигини англаймиз. Яъни санъат асарининг ўзи алоҳида бир олам ва ўқувчи унда маълум муддат яшаши мумкин. Унинг ҳам ўзигагина мос ва хос бўлган ички қонуниятлари, тартиботи мавжуд ва санъат асари шу нуқтаи назардан мустақилдир. «Адабиёт жамиятдаги жараёнларнинг акси эмас, унинг ўзи моҳият, бутун тарихнинг руҳидир»3. «Санъат санъат учун» оқими тарафдорлари худди шундан — санъат асарининг олий қадриятлигидан келиб чиққанлар, лекин афсуски, улар ҳам социалистик ғояпарастлар каби ўз қарашларини мутлақлаштиришга уринганлар. «Санъат санъат учун» принципини Камю ҳам танқид қилади ва унда аввало ўз давридан, унинг жароҳатли аҳволидан келиб чиқади. (Яъни бу хусусият ҳар бир ижодкорга хос). «Биринчи жаҳон уруши бошларида дунёга келган менинг тенгдошларим йигирма ёшга тўлганда Гитлер ҳокимият тепасига келди. Дастлабки сталинча жараёнлар бошланди. Бироз кейин эса ҳаёт уларни Испанияда, сўнг бутун Европа бўйлаб ёйилган уруш билан юзма-юз қилди…» . Мен мансуб авлоднинг вазифаси дунёнинг йўқолиб кетишининг олдини олишдир. Ёзувчининг зиммасига тушаётган оғир юк ҳам шу билан ўлчанади, яъни у умумий изтироб ва бахтни ҳамма учун тушунарли тилга кўчирсин, дейди Камю. Шунинг учун ҳам жамиятдан юз ўгириб фақат хаёлларигагина чўкиб, кўпчиликка тушунарсиз услуб ва мавзуда асарлар яратишни қатъиян қоралайди. «Санъат санъат учун»нинг ёлғони шундаки, у ўзини ёвузликни кўрмаганликка солди»  дейди ёзувчи. Камю ва юқоридаги адабиётшунослар фикрини шу маънода қўллаб-қувватлаш мумкинки, ҳақиқатан ҳам санъат асарининг оёғи шу серташвиш заминда турсин. Унинг ҳам тирик эканини, биз билан баробар нафас олаётганини, биздек оғриганини, қувонганини, токи ёлғиз эмаслигимизни сезиб яшайлик. Лекин унинг фақат баъзи мавзулар (озодлик, ҳақиқат) номидангина ва кўпчилик учун гапириши шарт эмас. Қолаверса, ҳамма учун тушунарли тилда ёзиш мумкиндиру, ҳамманинг дидига муносиб ёзиш — хом хаёл. Ҳақиқий ижодкор ўзи етиб борган ва кашф этган нарсалар ҳақида ёзади. Мавзу таклиф этиш санъаткорга нисбатан ҳақорат. Ахир ҳамма ёзувчининг қисматига эзилиш тушмайди, ҳамма ёзувчи урушда қатнашмайди ёки у билан тўқнаш келмаслиги мумкин. Шундай экан, қандай қилиб озодлик ёки тинчлик, адолат ёки раҳм-шафқат ҳақида ёзади? Ахир ёзувчи бундай неъматларга ташна бўлмаса, аксинча уларнинг ичида яшаса! Шу маънода ёзувчининг нима ҳақида эмас, қандай ёзиши муҳим!
«Санъат санъат учун» назариясига кўра ёзувчининг ўз асарига бутунлай берилиши ва гўё энг юксак қадрият яратаётганига ишониб ишлаши санъат учун барибир зарур жиҳат эканлигини тан олишга мажбурмиз. Бироқ асарни жамиятдан устун қўйишга уриниши тубдан янглиш. Чунки олам марказида асарнинг гўзал қаҳрамонлари эмас, балки тириклик юкини кўтариб юрган Жон — Инсон туради.  Жамики санъатлар шу зотнинг атрофида айланади, тўғрироғи, айланиши лозим. Бошқача ифодада, санъат асарларининг жон-жонида алал-оқибатда Инсон — олаётган нафаси қалбимиз қулоқларига эшитилиб тургувчи тирик жон зарур. Лекин ҳамма учун  умумий  бўлган мавзу ва ҳамма тушунадиган тил (содда услуб)да ёзишни талаб этиш нотўғри. Чунки ўқувчининг савияси ҳам бир ерда турмайди,  аксинча ўзгариб боради. Ва тобора ўз эҳтиёжларини қондирадиган бадиий асарларга муҳтожлик сезади. Шу маънода ёзувчининг ҳам «санъат санъат учун» деган оқимнинг ижобий томонларидан ижодий фойдаланиши, ўз маҳоратини, воқеликни акс эттириш санъатини ошириб бориши мақсадга мувофиқ. Муҳими, бадиий асар оз сонли бўлса-да, ўз ўқувчисини топсин, уларга юқсин. Ахир элита бор гап-ку!  Нега энди унинг санъати бўлмасин? Менингча, элита адабиёти деган санъат ҳам яшашга ҳақли ва у умуман “Адабиёт” деган оламни тутиб тургувчи устунлардан бири. «Санъат санъат учун» ёки «санъат халқ учун» деган мактаблар ҳам шундай зарурий устунлардандир. Муҳими — оламда ҳамиша барқарор Олий Низомга, маҳлуқотнинг тинчлик ва фаровонлигига рахна солмаса бас, уларни асраб ривожлантириш инсониятнинг, биринчи галда адабиётшунослару санъатшуносларнинг вазифаси.
Совет адабиётшуносларининг «санъат санъат учун» руҳидаги асарларнинг ҳаддан ташқариликда (абстракционизм, формализмда) айблаши тўғри эди. Бироқ айнан шу касалликнинг бошқа турига ўзлари чалиндилар. Яъни социалистик адабиёт ғояпарастликка ҳаддан ташқари берилиб, санъатнинг асл моҳиятидан узоқлашди. Демак, бу ўринда ҳам меъёр йўқотилган, натижада санъат марказдаги Инсондан гоҳ у, гоҳ бу томонга оғиб кун ўтказган.
«Санъат санъат учун» оқимини (Ойбекка таъсири мисолида) шунинг учун ҳам танқид қилишганки, аввало унда субъективизм кучли эди. Ва бу совет давлатининг ғоясини эмас, балки ўз ички дунёсини куйларди. Назаримда, Ойбек «санъат санъат учун» оқимидан меъёрида таъсирланган ва шоирнинг кўнгил шеърлари ана шу ўрганишнинг мевасидир.
Хўш, «Кўнгил шеърияти»нинг XX аср ўзбек санъатидаги ўрни салмоқлими? Бу борада насримиздан кўра унинг муваффақиятларидан қувонсак арзийди. Чунки носирчиликда Абдулла Қодирий ва Чўлпон романларидан сўнг, Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» асарининг, Одил Ёқубовнинг «Муқаддас», Ўлмас Умарбековнинг «Одам бўлиш қийин» каби қиссаларининг айрим кўринишлари, Шукур Холмирзаев, Ўткир Хошимов, Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Олим Отахонов, Хуршид Дўстмуҳаммад сингари ёзувчиларимизнинг бир қанча асарлари бизни инсон билан, унинг қисмати, кўнглининг дарду қувончлари билан юзма-юз қўяди. Афсуски, булар ҳам жаҳон адабиёти деб аталмиш дурдона мактабга дарслик сифатида тақдим этишга ҳали тайёр эмасдек. Шунга қарамасдан 90-йилларга келиб насримизда сезиларли ўзгаришлар юз берди. Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Исажон Султон каби ёзувчиларимизнинг уринишлари адабиётимизнинг бу шаклидаги ютуқларига ҳам умид уйғотади.
Назмимиз эса 40-50-йиллардан ташқари аср боши Чўлпон шеъриятидан эътиборан юксалишда давом қилмоқда. Ойбек таъбири билан айтганда, «Кўнгил фалсафасига сажда қилган» шоирларимиз XX асрда кўп бўлмаса-да, ўз вазифаларини баҳоли кудрат адо этдилар, дейишга асосимиз бор. Чўлпон шеъриятининг катта қисми, Ойбекнинг йигирма-ўттизлаб, Хамид Олимжон, Усмон Носир, Ғафур Ғуломнинг ўнлаб шеърлари асримиз бошида инсон Кўнглини, унда кечаётган ғалаёнларни, севинчни, қайғуни, ҳаяжонни… акс эттирган бўлса, 60-йилларга келиб бу ишни Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов сингари йирик шоирларимиз ўз зиммаларида кўрдилар. 70-йилларда уларнинг сафларига янги авлод келиб қўшилди. Булар Усмон Азимов, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон… эдилар. Ниҳоят, Абдували Қутбиддин, Баҳром Рўзимуҳаммад, Фахриёр  каби шоирларимиз ҳам нигоҳларини аввало ўз кўнгилларига тикканликлари шеъриятимизнинг муваффақиятларидан далолатдир.
Ўй ва мулоҳазаларимиз XX асрнинг зиддиятли шеърияти бўйлаб саёҳат қилганда ойдиншашган, мақсадимизга мувофиқ жиҳатлар қуйидагилар:
- XIX асрнинг ўрталарида    Европада вужудга келган ва шаклланган ҳамда кўнгилни — ижодкор ботинини акс эттиришга йўналтирилган «соф санъат» оқимининг акс-садоси XX аср бошларида ўзбек шеъриятида, хусусан, Ойбек ижодида кўринди. Яъни ягона мафкуранинг мустаҳкамланишига жалб этилганидан қатъи назар, ўзбек шеърияти санъатнинг азалий ва абадий ўзанларига интилаверди. Натижада муайян микдор ва сифатга эга бўлган «кўнгил шеърияти» вужудга келди;
- кўнгил шеърияти («соф санъат») коммунистик мафкура тазйиқидан қочишдангина туғилмади, балки инсоннинг ўз-ўзига бўлган самимиятидан, унинг кўнгил-ла, қисмат-ла мулоқотидан ҳам дунёга келди;
- XX асрда Чўлпондан бошланган ва Ойбекда ривожлантирилган медитатив шеърият («соф лирика») 60-йилларга келиб Рауф Парфи ва Абдулла Орипов ижодида яна-да сайқал тодци. Ундан кейинги авлодлар шеърияти эса худди шу тажрибага ҳам суяниб шаклланмоқда;
- «соф санъат» тушунчаси ҳам жаҳон санъати ва унинг илмида, ҳам совет адабиётшунослигида танқид қилинди. Бироқ биринчисида умуман ижтимоий ҳаётдан узилганликда қораланса, иккинчисида социалистик жамият ҳаёти ва жарангини ўзида акс эттирмагани учун инкор этилди. «Санъат санъат учун» оқими назариясининг социал ҳаётдан узилишга ундаётгандек туюлган қарашларига қўшилиб бўлмайди. Бу борада Америка, Европа, қисман совет олимлари фикрларини қувватлаш лозим. Бироқ «санъат санъат учун» оқимининг ҳам ўзига яраша қиммати борки, ундан воз кечиш санъатни мафкура ё сиёсат учун қурбон қилинишига олиб келиши ҳеч гапмас. Чунончи, ижодкор ижод қиларкан, ўз асарини энг олий қадрият ҳисоблаши ва асарга ўзини тамомила бағишлаши санъатнинг камолига хизмат қилади. Яъни санъатнинг ўзи бир олам, қадрият. Унинг ўз моҳияти, қонуниятлари мавжуд. Бироқ «санъат санъат учун» оқими намояндалари ўз қарашларини мутлақлаштирмаслиги, дунёда санъатдан ўзга, ҳамда ундан арзон бўлмаган қадриятлар оз эмаслигини ҳам тан олишлари зарур эди. Шу маънода Ойбекда кўнгил шеъриятининг асосида ётган шоирнинг «мен»лиги — субъективизми заминдан оёғи узилган, муаллақ туйғулар салтанати бўлмай, ижодкор фитрати (субъект) ва ижтимоий воқелик (объект) тўқнашган, ҳар иккисининг яшовчан унсурларидан озиқланувчи ботиний олам ҳолида намоён бўлади.
 
ОЙБЕК «СОФ ЛИРИКА»СИНИНГ МОҲИЯТИ ВА ЭСТЕТИК ҚИММАТИ
Узоқ замонлар жамиятимизда адабиётга асосан ижтимоий онг маҳсули деб қаралди, унинг руҳий ҳодиса ҳам эканлиги эътибордан четда қолди. Адабиёт мафкуранинг хизматкорига айлантирилди. Ундан кўзланган мақсад ҳам асосан ижтимоий-сиёсий характерда бўлди. Пролетариат доҳийси Ленин собиқ шўро адабиётини социалистик ғоя учун қурбон қилаёзди. Бунинг илдизлари нафақат адабиётдан асосан ижтимоий маъно излаган Белинскийга ёки инсонни асосан ижтимоий мавжудод ўлароқ қабул қилган Марксга, балки адабиётни умуман, айнан шундай тушунадиган улкан тоифага бориб тақалади. Мазкур тоифа ўтмишда ҳам бор эди, улар бугун ҳам тирик ва мутлақо эртага ҳам бўлажаклар. Бу — алоҳида муаммо. Бизнинг ушбу бобда кузатган асосий мақсадимиз шуки, адабиётга, хусусан, 30-йиллар ўзбек шеъриятига (Ойбек шеърлари мисолида) эстетик назар билан ёндошиш, унинг шу пайтгача пайқалмаган ёки ҳукмрон сиёсатнинг, жоҳил цензуранинг тазйиқидан қочиб, атай эътибор берилмаган қирраларини ёритишга уриниш. Бироқ адабиётни сиёсат ва ижтимоиётдан бутунлай ҳоли деб билмаймиз. Зеро, ҳар қандай бадиий асар, ҳатто гулни тараннум этган кичик бир шеърда ҳам синчиклаб қаралганда, озми-кўпми ижтимоий-сиёсий белгиларни топиш мумкин. Чунончи, Гассет ўз илмий ишининг характери соф эстетик бўлишига қарамай, чиқарилган хулосалар ижтимоий руҳда эканлигидан ҳайратланиб ёзади: «Санъатнинг яшовчан ижтимоий кучи мен учун бир неча йил олдин — янги мусиқа даври ҳақида ёзарканман, кутилмаганда очилди… Муаммом соф эстетик эди. Шунга қарамасдан, уни ечиш учун мен яна-да яқин йўлни топдим. Бу — теран ижтимоий феномен бўлиб, аниқроқ айтсам, янги мусиқанинг нооммавийлиги эди» .
Кечмиш етмиш йиллик адабиёт тўғрисида, хусусан, шеърият ҳақида фикр юритилганда, 30-йиллар шеъриятини алоҳида қайд этишимизнинг сабаби шуки, бу давр шеърияти ўз моҳиятига (бадииятига) кўра анча юксакдир. Буни албатта, кўпгина асослари бор. Чунончи, бу пайтда социализм шоирнинг онгига кириб борган эса-да, унинг руҳиятини кишанлашга тўла улгурмаганди, дейиш мумкин. Йўқса, Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон ва Қодирийлар орқали ўтган жадидчиликнинг таъсири ҳали мавжуд эди деса ҳам бўлади. Бу мушоҳадаларнинг ҳаммасида жон бор. Назаримизча, ҳар қандай даврдаю ҳар қандай мафкура остида ҳам чинакам баркамол асарлар яратилаверади. Адабиётшунос олим, профессор Умарали Норматов ёзади: «Кузатишлар кўрсатаётирки, ўша кезлари шу хилдаги (мадҳиябоз, замонасоз – ҳ.У.) асарлар билан баробар ҳукмрон мафкура таъсири, тазйиқидан ҳоли, «социалистик реализм қолипи»га тушмайдиган талай шеър, достонлар, роман, қисса ва ҳикоялар ҳам яратилган» .
Худди бирон сирни бутун умр яшириб юрган одам уни қачондир кимгадир (ҳеч бўлмаса, худога) айтишга эҳтиёж сезганидек, ҳамиша тушовланиб келинган инсон руҳияти (виждони) ҳам қачонлардир ўз моҳиятига уйғун тарзда яшамоққа уринади. (3.Фрейднинг психология соҳасида олиб борган тадқиқотлари буни исботлайди). Майли бу фурсат қиска бўлсин, майли кеч бўлсин, бироқ у узун, лекин алданган умрнинг энг қадрли палласидир. Бу жиҳатни Ғафур Ғулом ижоди мисолида кузатиш мумкин. Унинг 40-йилларгача ёзганларининг деярли кўпчилиги “календар шеър”лар. Бироқ ана шундай «қизил» шеърлар муаллифи гўё ўз одатига зид равишда 40-йилларда дуруст шеърлар ёзади. «Куз», «Соғиниш», «Вақт» шулар жумласидандир. Бунда шоир ўзлигига, инсонлигига анча яқинлашган дейиш мумкин. Ғафур Ғуломнинг кейинги қатор шеърларида яна аввалгича — мадҳия, санъатдан йироқ чапанича шарҳлар бисёр.
Шеър дарддан  туғилади,  деймиз.   Бироқ  бу халқнинг қандайдир истиқбол йўлидаги қайғуришидангина туғилган дард бўлмай,  ундан теранроқ туйғудан, таъбир жоиз эса фожиани англашдан ҳам яралади. «Адабиёт жамиятшунослик ва сиёсат ўрнини алмаштиришга мажбур эмас. Унинг ўзида ўз оқлови ва моҳияти мужассам» , деб ёзади Америка адабиётшунослари. Яъни ижтимоий озодликни соғинган, уни тараннум этган шеър қанча азиз бўлмасин, элнинг мақсадга эришуви билан саҳнадан тушади. (Албатта, шеърнинг актуал қатламидан бошқа маъно қатламлари ҳам бордирки, бу хусусият айниқса, символизмга хос. Ойбек шеърларининг тадкиқотимиз объекти бўлган қисмида ҳам символизм кучли. Лекин актуал қатлами — ижтимоий маъно, тагқатлами — абадий умуминсоний мазмун касб этганлари нисбатан кам). Қолаверса, бундай ижтимоий дардни айтиш усуллари кўп. Шеър — бошқача йўлда изҳор қилиб бўлмайдиган дардчил туйғу. У ижтимоий ҳою-ҳаваслар дахл қилмайдиган ҳаводан нафас олади. Хақиқий адабиёт дарддан яралган, дардни куйлаган, бироқ гўзаликка айланган олам. Гўзаллик эса севинч туғади. Нафақат 30-йиллар ўзбек шеъриятининг, балки умуман, адабиётнинг эстетик тамойиллари шундан келиб чиқади. Бу нима дегани? Эстетика гўзалликни ёқлашу хунукликни қоралаш, қаҳрамонликни маъқуллашу қўрқоқликни инкор этиш кабилардан иборатми? Бу — ўтакетган жўнлик, саёзлик. Адабиётнинг, хусусан, шеъриятнинг эстетик тамойиллари деганда, бир, икки, уч… дея инсонга оид сифатларни санаб чиқишу уларнинг баъзиларини ёқлаб, баъзиларини рад этишни тушуниш    башарият тараққиётининг маълум босқичига хос, бугун эса эскирган ақида. Ижодкорнинг воқеликка муносабати ҳам ҳеч нарсани белгиламайди. Тўғри, буларнинг барчаси сизу биз тушунган эстетик олам билан қайсидир йўл орқали туташади. Бироқ сўз бевосита бадиий асар — (шеърият) устида борар экан, шуни қайд этишимиз керакки, эстетик олам тилга келадиган, сўзга илашадиган, яъни «қўл билан ушлаш» мумкин бўлган нарса эмас.
Бу борадаги бизнинг барча тушунтиришларимиз ҳали тили чиқмаган болакайнинг гўё нимадандир завқланиб лабларини чўччайтириб ғудранганча, қўли билан бир томонга имо қилиб онасига қандайдир нарсани кўрсатмоқчи бўлганига ўхшайди. Она ўша ёққа қарайди, боласини жунбушга келтирган нарсанинг нима
эканлигини кўрмоқ, иложи бўлса, ўзи ҳам ундан завкланмоқ истайди. Аммо унинг мазкур ишнинг уддасидан чиқиш-чиқмаслиги номаълум:
Оҳангдор сузар жаҳон
Абадиятга томон.
Оқади нашъа тип-тинч,
Сен-да қара, туй севинч
Кўнмас кўнгилга туман .
Она  сингари  биз  ҳам  қараймиз.   Бироқ қабоқларимиз йиртилиб кетгунча тикилганимиз билан шоирнинг қулоқларию-кўзлари илгаган сасу манзарани бизники ҳам илғармикан? Жалолиддин Румийнинг «Кўзингни юм, кўзга айлансин кўнгил» дегани шунчаки гапмикан?
Хўш, бу бандда шоир кузатган эстетик тамойил нимадан иборат? Саволни шундай қўйса бўладими? Агар бўлса, шоир бу бандда табиатни куйлаяпти, унинг гўзаллигидан баҳра олишга ўқувчини даъват этаяпти, десак ёлғонми? Менимча — рост. Лекин бизнинг бу таҳлилимиз кўнгилнинг эмас, кўзимизнинг кўрганларидир. Кўнгилнинг кўриши шуки, у абадиятга томон сузаётган жаҳоннинг сасини, шовқинини эмас, оҳангини (мусиқасини) эшитади ва тип-тинч оқаётган нашъага кўшилишиб оқади. Шоирнинг эстетик оламини, демакки, бадиий дунёсини тушуниш энг камида ана шу мусиқани эшита олишимиздан бошланади.
Адабиётнинг эстетик тамойиллари эмас, эстетик олами бор. Уни бадиий олам ҳам дейиш мумкин. Хуллас, бу олам яхлитдир. Шу маънодаки, у алал-оқибатда гўзаллик яратади. Адабиёт кишини қайси йўлдан бўлмасин, гўзаллик сари етаклайди. Баъзан босиб ўтилган йўлнинг ўзи (яъни идрок) гўзал бўлади. Гўзалликни пайдо қиладиган йўллар турли-туман. Биз эстетик тамойиллар деганимиз аслида ана шу турфаликдан ўзга нарса эмас. Яъни шеър қайғуни тараннум этса-да, севинчни куйласа-да, натижа шу бўладики, бундан кўнгил қоникади. Кўнгил эса ўз моҳиятига кўра гўзалликдан баҳра топади. Гўзаллик севинчда бўлгани каби қайғуга ҳам бегона эмас. Уни қаҳрдан ҳам топиш мумкин, меҳрдан ҳам…
Адабиёт — инсон қалбига очилган дарча бўлса, қайғу ва қувонч ана шу туйнук ичкарисида кўринган гулзор.
Сен ғурубнинг олтин қўлларидасен,
Табассуминг, қуёш, сўнар оҳиста.
Дала ва қирлардан тиниқлик учар.
Сувлар ойнасига шом қора суркар.
Хаёлнинг мен сокин чўлларидамен .
Назаримда, шоир аллақандай уммон қахрига тушиб бораётир. Мисраларнинг ҳар бири гўё ана шу тубсизлик сари бошловчи пиллапоянинг зиналари. Хўш, нечун бу қадар тушкунлик?
Қуёш, олтининг чўккандек чўкар севинчим,
Синади ичимда умиднинг тоси.
Қалбимни йиртади унинг садоси.
Юпатмас на хаёл, севги рўёси,
Юрамен, оқшомга сингари изим .
Чўнг бир қайғу… Бироқ шоир уни қоралаётгани йўқ, балки қайғуга тобора яқинлашмоқчи, холос. Юқоридаги ўн қатор эмас, балки шоирнинг айнан мазкур истаги – шеър. У мисраларга, сўзларга сочилиб, ўзи яширинган. Ҳақиқий шеър – уммонга кириб бораётган инсоннинг аввал тўпиғига, тиззасига, белига, ниҳоят, кўкрагига… урилаётган қудратли тўлқинлар зарбасидан қалбда қўрқув ўрнида пайдо бўлган туйғу:
Юпатмас на хаёл, севги рўёси,
Юрамен, оқшомга сингади изим  -
деяётган шоир қайғудан муназзах эмаса-да, унинг ваҳмидан озода. Чунки шоирнинг ўзи оқшомга сингган излари янглиғ қайғуга ғарқ бўлган:
Юрамен, оқшомга сингади изим.
Бу шеър қайғуда бошланиб, қайғуда тинади. Бироқ шундайки, натижада ундан — «ваҳший қоялардан» «бир сават оқ гул» — наъматак ўсиб чиқади:
Тоғлар ҳавосининг ферузасидан
Майин товланади бутун ниҳоли.
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!
Шоир-да  аслида худди  наъматак сингари  шафқатсиз… дунёнинг  ноёб   асари.   У ҳам  ваҳший  қояларда  туғилган, қийналган… ниҳоят, «қуёшга бир сават оқ гул» узатган наъматак янглиғ нафис туйғулари гулдастасини оламга тутган.
Шеър — «юксакда — шамолнинг беланчагида» чайқалаётган наъматак. Дард — унинг илдизи — «ваҳший тош». Демак, аслида тош ҳам гул каби гўзал. Ахир қоя наъматакнинг эмас, балки гул тошнинг ижоди,  айтиш мумкинки,  сийрати.  Негадир севина бошлаймиз:
Юрамен, тошади севинчим,
Бу севинч қаердан — билмайман.
Кечанинг оғуши латиф, жим…
Юлдузлар чамани гуллаган .
Шоир ижод қиларкан, руҳияти ҳамиша уйғоқ бўлади. Шунга кўра, у шеърда дунёни ўз ботиний оламига мослаб қайта яратади, созлайди… Нарсаларни ҳам қалб сингари тирик ва ҳаракатда кўрмоқ истайди. Бинобарин, дарду қувончини айтгани одам излаб овора бўлмайди, балки дуч келган нарсасига ёрилади, ёрила олади. «Сўзладим  мен   севинчимни   шабадаларга».   Бу фақат жонлантириш эмас, балки ундан кўпроқ, каттароқ иш:
Тошлар ҳам, қушлар ҳам ухлайди
Шамоллар учганда еп-енгил.
Ой нури мавжланиб титрайди,
Баргларга киради ширин тил .
Шоир  нарсаларга  «жон  ато»  этиш  билан  бирга,  уларга инсонлик васфларини ҳам беради.
Коинот севгиси гул каби
Қалбимда очилар, хаёл-ҳур.
Тўладир севинчнинг қадаҳи
Юлдузлар томчилар олтин нур .
Шоир кўзларига уринган чирой — соз бўлса, латиф оғушли кеча, ухлаётган тошу қушлар, учаётган шамоллар, мавжланаётган ой нури, тилга кирган барглар, нур томчилаётган юлдузлар… — унинг пардалари. Шоир ҳур хаёл ва қалбида гул каби очилаётган севги билан «Сўнгсиз, улуғ коинот»ни соз янглиғ чалади, ундан куй яратади. Мусиқа — туйғу. Шундай туйғуки, у ўзи акс этган шеърнинг еттинчи қаърида билимсиз жимирлаб оқади. Агар идрок этган бўлсак, қайғу-да бизни ўз пиллапоясидан ана шу қаърга етаклаганди. (Яъни шоир қайғу ва қувончни ажратмай, уларга баравар, холис муносабатда бўлади. Назаримизда шоир шеъриятининг фалсафий кучи шу теранликка тушиб боргани билан ўлчанади. Айни пайтда фалсафий теранлик шеърнинг бадиий гўзаллиги даражасида суниладики, уларни бир-биридан алоҳидалаб тадқик этиш мумкин эмас). Уммон тубига бир-бир босиб ҳадиксиз кириб бораётган ўша зот қалбида титраган туйғу балки шудир:
Юрамен, тошади севинчим,
Бу севинч қаердан — билмайман.
Шоир — бўйдоқ йигит. Сўзлар — қизлар. У ўз ҳолига, диду фаросатига кўра танлайди. Танлов — ташбеҳ. Оилавий ҳаётнинг (шеърнинг) тақдири танловнинг (ташбеҳнинг) муваффақиятидан келиб чикади:
Учиб ер тишлайди бир гала япроқ…
Сасида қуёшнинг, баҳорнинг ёди…
Сасида худди шундай ёд яшаган адабиётгина ўзини оқлайди. У ўз моҳиятига биноан соғинчдан яралади, яъни у соғинчнинг зоҳири, холос. Соғинч эса кучайиши, нари борса, қафасни ўзи билан кўтариб учмоқчи бўлган қуш янглиғ инсонни қаёққадир олиб кетмоққа тайёр яшаши мумкин, бироқ у ҳеч маҳал гуллаб яшнамайди, адабиёт гуллаб яшнамайди…
Шоир юқоридаги икки мисрага одамзот қисматини жо қила олганини унинг ўзи ҳам сезмаган бўлса ажабмас. Чунки бу Ойбекдан ҳам кўра унинг илҳомининг иши. Зеро, савқитабиий ўз табиатига мувофиқ ҳамиша номаълум оламларни кашф этади. Чунки шеър рамзий бўлиб, ўзида кўплаб маъно қатламларини яшириб турибди. Шулардан биринчиси ва эҳтимолки, шоир назарда тутган маъно — ўша манзара: куз ва унда кечаётган табиий жараён — дарахт барглари тўкилишининг жонлантирилган кўриниши. Интоқ санъати орқали чизилган ушбу манзара айни чоқда туғилишидан ғайришуурий тарзда символистик характер касб этган:
Учиб ер тишлайди бир гала япроқ…
Сасида қуёшнинг, бахррнинг ёди…
Бу ерда япроқ — бани одам. У қачондир баҳорда қуёшни кўрган, нурларини гўдак янглиғ эмган. Энди эса… япроқ ерда. Энди уни қуёш ҳам, баҳор ҳам қучмайди. Балки япроқнинг ўзи қуёш ва баҳор ёдини маҳкам қучоқлаб олган… Чунки унинг бисотида элас-элас жимирлаётган ана шу хотирадан бошқа ҳеч вақо йўқ. Мантиқан олганда, ҳатто хотира (ёд) ҳам унутилишга маҳкум. Ахир у кечаётган вужуд — япроқ ўз бандидан жудо бўлганда. Башар тақдирини фожиа билан тенглаштириш ва келажагида «қиёмат»нинг муқаррарлиги тўғрисидаги ваҳий шундан келмоқда. Бироқ инсоният ўз ожизлигини билган тақдирда ҳам табиатан офатни қўл қовуштириб кутиб ололмайди. Унинг сара фарзандлари эса бутун борлиги билан сасга айланадилар. Бу сасда «куёш ва баҳорнинг ёди яшайди…»
Ҳар лаҳзада ялтироқ шаҳардан воз кечиб дала-туз бағрига кетиш кайфиятида яшамаган киши шеър ёзиш қасдида қўлига қалам олмасин. Зеро, шоирлик — тинимсиз равишда табиатга қайтишлик. Яъни ижтимоиёт шоир зиммасига ҳам талай муаммоларни, турли қонун-коидалар заҳмати-ю одоб-ахлоқ ташвишларини юклайди. Бироқ у жазавага тушаркан (шеър ёзаркан), илк бор эгар урилган асов от сингари кўкка сапчийди, гарданида ғашига тегаётган нимадандир қутулмоқчи бўлади. Шоир айнан шу лаҳзалардагина шоирдир. Унинг асл ҳаёти ҳам, фоний оламдаги қувончи ҳам шу пайтда кечади:
Орқангдан йиғлаб қолдим,
Кўксимни тиғлаб қолдим,
Қиз, дарёдан ошарсан,
Билмам, қайда яшарсан
Орқангдан йиғлаб қолдим…
Илҳом онларида шоир жисми ва у билан боғлиқ оламни унутади, ёдида қолган борлиғи эса ажиб бир туйғуга мусиқага айланади. Шеър мазкур оҳангнинг, яъни сийратнинг нуқсонли сурати холос. Уни ўқиш эмас, гўзал бир мусиқа янглиғ эшитиш, ҳис қилиш… лозим. Йўқса,
Денгиз, тоғлар ошайлик,
Чўпон каби яшайлик.
Бирга олиб кет мени —
мисраларини ўқиб шоир ҳақиқатан ҳам бир жонон билан чўпон каби тоғлар бағрида айш сурмоқчи деб биламиз. Аслида-чи? Аслида шоир ҳеч қачон бунга рози бўлмайди. Унинг мақсади айнан шундай ҳаётдан — қўл билан ушлаш, бадан орқали туйиш мумкин бўлган воқеликдан, лаззатдан қочиш. Йўқса, у қизнинг қаерда, қайси манзилда яшашини аллақачон билиб оларди.
Қиз дарёдан ошарсан,
Билмам, қайда яшарсан…
Мен Ойбек кейинчалик, ҳатто кексайганда ҳам қизнинг гўшасини тополмаган бўлса кувонардим:
Сир аралаш ҳаётинг…
Сўйла қаён борасан? —
дея-дея шоирнинг ўзи йўлга тушади, ҳаётини хаёлотда синаб кўрмоқ истайди. Сирлар дунёси сари интилади, баъзан ҳатто парвоз қилади. Эҳтимол, у узоқ учолмас, канотлари синар, ожизлигани англар… Бироқ мухими — бу эмас, мухими қафасни ёриб чиққан қуш (руҳ) парвозининг илк шиддатида:
Тушимда кўрдим сени
Бирга олиб кет мени
Шоирлик ҳам худди шу ондан бошланиб то қанотлар қайрилгунча давом этади. Яъни у — шудринг умрининг юздан бирича келар-келмас фурсат. Шоирлик — тахминан, ошиқ ва маъшуқнинг бир-бирларига термилиш вақтига тенг. Севишганлар термилишдан тўйиб, қарашга ўтган лаҳзадан эътиборан шеърини битирган шоир каби кўкдан ерга тушадилар. Энди улар ҳам кўпчилик қатори — тирикчилик қуллари…
Яхши шеър ғуборли ер юзини ювиб тозалаб тургувчи ёмғирга — раҳматга ўхшайди. Ундан баҳра ола билган инсон қалби ёмғир ювган оламдек тиниқлашади. Ботиндаги қуёш чиқиши билан эса у ўз кўнгил камалагини томоша қилиши мумкин. Шеърни шу тариқа тушунар ва таҳлил этарканмиз, шууримизга беихтиёр шоир ўз кўнгли билан қандайдир ўйин ўйнаётгандек туюлмаяптими, деган саволомуз ҳайрат қуюлади. У ҳолда ўйиннинг манбаи ва моҳияти нимадан иборат? Адабиётда, санъатда ўйин ўйнамоқ ёхуд асарнинг ўзини ўйинга айлантирмоқ деган қарашларни қандай изоҳлаш мумкин? Дарҳакиқат, жаҳон адабиёти ва унинг илмига назар ташлаганда, санъат моҳиятини баъзан ўйин мазмунига қиёслашлар, тенглаштиришлар учрайди. XX аср Европа олимларидан бири Й.Хейзинга «Игра и поэзия» мақоласида шундай ёзади: «Поэзия ўйиннинг вазифасидир. У руҳнинг ўз дунёсида ўзи яратган фаолият майдонида қўлга киритилади. Бу ерда нарсалар «одатий ҳаёт»дагидан ўзгача, мантиққа асосланмаган алоқалар-ла боғлангандир. Агар жиддийрок тушунмоқчи бўлсак, у жиддийликнинг нариги томонида — хаёл, завқ-шавқ, сархушлик ва кулги салтанатида яшаётган болалар, ҳайвонлар, ёввойи одамлар ва шаманлар яқин бўлган асл манбалар ҳузуридадир. Шеъриятни тушуниш учун бола қалбига эга бўлиш, худди сеҳрли кўйлакка ўралгандай унга ҳам ғарқ бўлиш ва бола донишмандлигини улғайган киши интеллектидан устун қўйиш керак. Бундан икки юз йил аввал Вино томонидан тушунилиб, ифода этилган ҳамда ҳаммасидан ҳам ўйиннинг соф ғоясига яқинлашиб келган поэзиянинг ибтидоий моҳияти шундай» . Поэзия моҳияти ва уни келтириб чиқарган элементларнинг бу янглиг талқини XX аср ўзбек шеърияти илми учун ўзга бир назар бўлиб туюлади. Чунки совет адабиётининг мазмуни совет халқи манфаатлари ва келажагига дахлдор ҳисобланиб, бундай «ўйин»ларга ўрин ҳам, рухсат ҳам, имкон ҳам йўқ эди. Хўп, ниҳоят, бизнинг қаршимизга-да, «Поэзия ўйинми-йўқми?» деган муаммо чиқар экан, унга муносабат билдиришни лозим топдик. Албатта, поэзиянинг келиб чиқиш этапида ўйин моҳиятидаги айрим унсурлар (масалан, бизда лапар ёки халқ айтишувларидаги мусобақа завқи) учрайди. Лекин шеър (умуман, санъат) ўйиндангина иборат эмас, балки каттароқ ҳодиса. Қолаверса, бирон воқеа ё нарса моҳиятини унинг ягона элементи орқали тушунтириш унчалик муваффақиятли йўл бўлмайди. Чунки шеър (ҳар қандай санъат асари) жуда катта, оғир, машаққатли меҳнат — тўлғоқ азобига яқин изтироб-ла ҳам дунёга келади. Яъни бу ерда ўйин ва азоб (мехнат) бир-бирини тақозо қилиб яшайди ва дам ўйиндан азоб, дам эса азобдан ўйин ўсиб чиқади. Ёхуд шоир ўз дардини ўйин ва меҳнатга муштарак бисот сифатида тақдим этади. Шу ўринда Америка адабиётшунослари Р. Уэллек ва О. Уорреннинг қуйидаги фикрини келтириш мумкин: «Қачонки, бизга шеърият — бу «ўйин», кўнгил хушлиги дейишганда, биз бу билан санъаткорнинг маҳорати-ю, асарни мушоҳада этиб кўриш ва ўз фикрига ҳаёт бағишлашда қўл келган пухталикдан кўз юмолмаймиз. Қачонки, шеърият — «меҳнат», «ҳунар» деган гапларни эшитсак, биз ижод бахш этгувчи завқ менсилмаётганини, Кант санъатнинг «мақсадсизлик» деб атаган хусусияти муносиб баҳоланмаётганини сезамиз. Шундай қилиб, санъатнинг моҳияти ҳар икки жиҳат — «диlсе» (ўйин — X- У.) ва «utile» (фойда Ҳ. У.) ҳисобга олинган ҳолда аниқланиши лозим» . Бироқ шеъриятда тағин бир унсур — дуо хислати, сиғиниш ҳисси мавжудки, шу нарсанинг ўзиёқ поэзия табиатини белгилашда қатъий чегаралару ҳукмлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини англатади. Ахир сиғиниш ҳисси на ўйин ва на меҳнат моҳиятига уйғун келади. Унинг ўз йўналиши, хосликлари, табиати борки, шеъриятга бегона эмас.
Яхши шеърда фикр бўлиши мумкин, бироқ у фикрдангина иборат ҳодда қололмайди. У бундан бойроқдир. «Лирикадаги поэтик образ фикр билан туйғунинг узвий бирикишидан туғилади»  дейди Озод Шарафиддинов. Аслида, шеъриятнинг мағзи маъно эмас, фикр-ақл эмас, балки гўзалликка айлана билган туйғудир. (Бундан шеърият фикрдан ҳоли деган хулоса чиқармаслик керак). Кўпинча, шеърнинг сўзларини ёқтириб ёдлашади. Аслида-чи? Аслида шеърнинг ҳақиқий олови, кучу қудрати — унинг замиридаги туйғуда. Кечинма ва поэтик фикр эса мазкур туйғунинг кейинги умри. Назаримда аввало, туйғуни ёдлаш керак. Чунки у шеърни тутиб турган тутқич — асосу пойдевордир. 30-йиллар поэзиясида худди ана шундай ёдланишга арзирли туйғулар мавжуд. Туйғу гўзалликдан ёки гўзаллик сари интилишдан туғилади. У энг камида мусаффо осмонда чарх уриб ўйнаётган эркин қуш янглиғ парвоз қилишни истайди. Бу ўринда гўзалликнинг маъноси “чиройлилик” маъносидан тасаввур қилиб бўлмас даражада кенг:
Йўлчиман, манзилим денгиздан нари,
Ложувард уфқнинг тубига яқин.
Кўнглимда дардларим дарёдек оқин,
Чайқалар кўзларим тикилган сари.
О, йўллар!
Чу, қора тойчоғим! Чу, қора йўрғам!
Муродга қасд қилиб югурган етур.
Бўронни севмаса, дил нечун тепур?
Тириклик не керак бемеҳнат, беғам?!
Чу, қора йўрғам!
Бир қарашда бу шеърда кўзга ярқ этиб ташланадиган жиҳат, масалан, ўзига хос ташбеҳ йўқ. Унинг сўзларини гўё ҳис-ҳаяжонли гап ҳолида ҳам айтиш мумкиндек. Шунадймикан? Фикримча, Усмон Носирнинг бу шеъри Иброҳим ғафуров таъбири билан айтганда “илҳомий шоир”лик қиёфасини очиб берувчи туйғу асосига қурилган. Шеърни ўқигач, ҳассос ўқувчи қалбида оҳангдор сўзлар эмас, туйғу – шоирни денгиздан ҳам нарига, ложвард уфқлар тубига яқин жойларга бошловчи қудрат қолади. Унинг бўронни севишию, меҳнату ғамга қучоқ очишининг ўзиёқ яна битта шеър – бемисл туйғу. Гўзаллик худди шу туйғудан яралган. Шеърнинг жони ҳам удир, агар туйғу яшар экан, сиз уни насрда изҳор этсангиз ҳам шеърнинг қиммати тушмайди. Зотан, ҳақиқий шеър – бу ўлмас туйғу. Ёрқинроқ идрок қилиш учун Олим Отахоновнинг «Қисмат»ига бир карашнинг ўзи кифоя. «Қисмат» шеър эмас, ҳикоя. Бироқ унинг ҳам мағзи туйғудан бошланади ва туйғуда яшайди.
Ҳикоя қаҳрамони — мусича қанчалар ожиз, қанчалар  бечораҳол бўлишига қарамай унинг бағрида яшашга бўлган иштиёк шунчалар тирик, шунчалар кучли: «Шу топда, мана шу совуқ, қоронги уйчада аста-секин ўлаётган заиф қушчанинг яшагиси келиб қолганди. Ҳеч қачон  бунчалик яшагиси  келмаганди! Қанийди, яна бир соат яшаса!»
Эртасига бу ерга кириб қолган ўн тўрт ёшли болакай… «кўз олдида гавдаланган манзара чиндан ҳам ҳайратомуз эди: ағдарилиб ётган ҳавоза устида қотириб қўйилгандек бир чиройли мусича қимир этмай турар, ерда эса яна уч-тўртта мусичанинг тарашадек қотган ўлиги, остонада эса момиқ патлар сочилиб ётарди.
Ҳавозадаги мусича тирикдек, бола сал эҳтиётсизлик қилса  учиб кетадигандек эди…»  Қариликдан, совуқдан, дарбадарлигу оч-наҳорликдан… барча мусибатлардан қатъи назар, мусичанинг юраги яшашга — ҳаётга талпинади. Унинг ҳавоза устида худди учиб кетишга шай тургандек алфозда ўлиб қолиши, умуман, унинг шу ондаги  суврати ҳаёт ҳақида куйланган гўзал қўшиқдир. Адабиётнинг кучи айнан мана шунда. Яъни адабиёт ўлик мусича сувратини тақдим этаркан, биз ҳеч иккиланмасдан уни юрагимизга яширамиз.  Чунки мусича қишда,  қаҳратонда оч-наҳор жон бераркан, қалбида ҳаётга бўлган иштиёқ — туйғу ўлмаган эди. Уни «ҳай» деса, учиб кетишга шай алфозда қотиб қолишига омил бўлган куч — ана шу иштиёқ, улуғ туйғу! Жонсиз мусичанинг ҳавозадаги сўнгги суврати ҳаёт номига қўйилишга муносиб ҳайкал!
Назаримда,  ўлик мусичанинг ана шу суврати англаш -
англатиш мушкул бўлган туйғу орқали гўзал бир оламга ишорадир. Усмон   Носирнинг  «Йўлчи»,   Ойбекнинг  «Хастамен»  деб бошланувчи шеърлари ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин:
Хастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб –
Ой менга ҳамқадам – сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга кдлбимни қўшиб ёзамен .
Маълумки, Ойбек узоқ вақт — ўн етти йил давомида оғир дард билан олишган. Одатда, касаллик худди қафасдай беморни ҳар тарафдан қисади, жисми ва руҳидаги яшовчан кайфиятни сўлдиради.  Натижада,  соғайиш —  айниқса,  бундай чўзилган хасталикдан сўнг — ҳаётга янгидан қайтиш билан баробар. Қуйидаги мисралар қатига сингдирилган умид камида мусичанинг яна атиги бир соатгина яшаш ҳақидаги орзусига тенг:
Кечалар юрурмен телбадей ҳориб —
Бошимда ой борур — менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир соғайсам .
Учала асар ҳам кўринишдан бошқа-бошқа туюлса-да, улар замиридаги туйғулар бири иккинчисини тўлдиради, давом эттиради. Туйғулар силсиласининг ўзи бир олам. Шундай оламки, кишини ҳамиша ўзи томон чорлайди, ўзини бахшида қилади. Туйғуларни яшаб ўтиш мумкин, бироқ уларни тугатиб бўлмайди. Уларнинг ҳар биттаси инсоннинг ҳар бир кунидек бошқадир, янгидир, сирлидир. Буни мунаққид Озод Шарафиддинов ўз тилида шундай шарҳлайди: «Шоирлар билан альпинистлар ўртасида муайян муштараклик бор: улар ҳаётлари давомида ҳамиша чўққиларга интилишади. Шоир ҳам, альпинист ҳам ҳеч қачон биринчи бўйсундирилган чўққи билан кифояланиб қолмайди. Чунки чўққилар кўп. Биринчисига кўтарилсанг, унинг ортидан нигоҳинг қаршисида янги чўққи пайдо бўлади. Ундан кейин эса яна ва яна… Ҳаёт шунақа. Энг юксак, энг нурли чўққилар ҳамиша олдинда» . Бу албатта, янги бўлмаса-да, яхши айтилган фикр.
Шеърият дарддан яралади, дедик. Ажаб, шундай шеърлар борки, уларнинг ҳар бир мисраси қувноқ жаранглайди. Улар гўё шодликдан туғилади. Масалан, Ҳамид Олимжоннинг ижодига мансуб талай шеърлар. Шундаймикан? Менингча, қувончни тараннум этувчи шеърлар ҳам аслида теран бир дарддан, тўғрироғи, дарддан халос бўлишдан дунёга келади. Аслида, шодлик ҳам қайғу сингари бир дард. Булар инсоннинг гўё эгиз фарзанди. Қачонки, инсон шодлик ва қайғуни худди шундай — эгиз фарзандлардек бағрига босади, уларнинг бағридаги яхлит гўзалликни туяди. Шодлик ва қайғу зоҳиран бир-бирларига сира ўхшамасалар-да, моҳиятан улар қариндошдирлар. «Шодлик ҳам, мунг ҳам — мураббий. Шодликнинг чўққиси — мунг, мунгнинг чўққиси шодлик»  —  деб ёзади Иброҳим Ғафуров.
Сирасини айтганда, Ҳамид Олимжон ҳакида қатор тадқиқотлар қилинган. Булар орасида айниқса, адабиётшунос олим Наим Каримовнинг «Ҳамид Олимжоннинг поэтик маҳорати»  номли асари алоҳида қайд этилишга муносиб. Чунки олим ўз тадқиқоти орқали шоирнинг бадиий маҳоратини кўрсатишга уринган ва муваффақиятга эришган ўринлари анчагина. Фикримизни далиллаш учун қуйидаги иқтибосларга мурожаат этамиз. Асарнинг «Шеър ва мусиқийлик» мақоласида мунаққид ёзади: «Буюк рус композитори П. И. Чайковский поэзиянинг мусиқийлиги тўғрисида сўзлар экан: «Рус поэзиясининг асосчиси Пушкин ўзининг гениал истеъдоди туфайли шеъриятнинг тор қобиғидан музиканинг поёнсиз соҳаси сари такрор-такрор отилиб туради», — дейди. Чайковскийнинг эътироф этишича, Пушкин: «Шеър формасида ифода этаётган нарсанинг моҳиятидан қатъи назар, шу шеърнинг ўзида, ундаги товушлар изчиллигида юракнинг энг нозик жойларига етиб борувчи қандайдир нарса бор. Худди шу нарса музикадир».
«Демак, мусиқийлик — деб давом этади Наим Каримов — шоирнинг фикр ва кечинмалари киши «юрагининг энг нозик жойларига етиб бориши» учун хизмат этади: бошқача айтганда, мусиқийлик поэтик асарда илгари сурилган ғояни ифодалаш воситаларидан бири сифатида поэзиянинг, хусусан, лириканинг ажралмас хусусияти ҳисобланади. Шундай экан, бирор шоирнинг поэтик маҳоратини ўрганиш шу шоир поэзиясига хос бўлган мусиқийликни ва унинг аҳамиятини ҳам текширишни тақозо этади» .
Мен ижодкорнинг бадиий оламига киришдаги бундай ёндашувларни қутлаган ҳолда, мунаққиднинг айрим мулоҳазаларини давом эттирмоқчиман.
Менингча, шеъриятдаги мусиқийлик сўзлардан ҳам теранроқда — туйғуда. Чунки кўнгилда туғилган туйғунинг ўзи аллақандай оҳангда жимирлайди. Мусиқийлик сўзлар воситасида эмас, балки сўзлар ана шу мусиқий туйғу орқали танланади. Умуман, ҳар қандай туйғу ўз оҳангига эга. Бу оҳанг кўпинча шакл ҳам дейилади. Шакл ва мазмун ўзаро узвийдир. Ҳар қандай муваффақиятли чиққан мазмун ўз навбатида гўзал шаклга ҳам эгадир. Чунки мазмун шаклсиз дунё юзини кўролмайди. Бироқ мазмунсиз шакл ҳам ҳар қандай қадриятдан маҳрумдир. Чуқурроқ мушоҳада этилса, уларнинг бир-бирисиз мавжуд бўлиши амри маҳол. Демак, Ҳамид Олимжон лирикасига хос бўлган мусиқийлик аслида унинг туйғусига хос. Агар туйғуда мусиқа бўлмаса, онгли равишда ва маҳорат билан уни мусиқавийлаштиришга уриниш — сунъийликдан бошқа ҳеч нарсани туғдирмайди. Ҳар қандай туйғу рўёбга чиқаркан, яъни шаклга солинаркан, ўз моҳиятига кўра муайян оҳангни талаб қилади. Ижодкор ана шу оҳангни топмагунча туйғу кўнгилдан сирғалиб қоғоз юзига тушмайди. Лекин оҳангни топиш игна билан қудуқ қазишдек гап эмас, асло! Балки туйғунинг ўзи ўз оҳангини ошкор қиларак тинимсиз равишда ботинда чалинади, чалинаверади. Буни эшитиш учун албатта қулоқ — қалб қулоғи лозим. Бу борада Ҳамид Олимжонга гоҳ омад кулиб боққан эса, гоҳ у зўрма-зўраки равишда иш тутган. Мунаққид Наим Каримов Ҳамид Олимжоннинг «Зайнаб ва Омон» поэмасининг мусиқийлиги тўғрисида фикр юритаркан, ёзади: «Шоир поэманинг биринчи бўлимида Зайнаб яшаётган ўлканинг поэтик образини гавдалантирар экан, унинг шеъри ҳам улуғвор куй янглиг жаранглайди:
Зайнаб ўсган
элнинг мисли йўқ,
Зайнаб ўсган
Эл бахтга тўлиқ…
Бу мисралардаги ҳар бир сўз урғу ва пауза ёрдами билан алоҳида қайд этилган ҳолда шеърнинг равон ва улуғвор музикасини вужудга келтиради: «н» товушининг узлуксиз такрорланиши билан юзага келган аллитерация «л» товушларининг майин садоси билан кўшилиб, шеърнинг мусиқий темасини белгилайди…» .
Зукко мунаққид шоирнинг яна ўша достондан олинган:
Бунда ҳамма — ҳамма нарса бор,
Бунда қизга толе бўлар ёр.
Бунда орзу қозонади от… -
каби парчаларида ҳам «улуғвор музика» борлигини таъкидлайди. Бизнингча, ўзаро қофиядош сўзларнинг бир-бирига урилишидан чиқаётган товуш — куй эмас. Мусиқанинг яралиш жойи сўзда бўлмай, туйғудадир. Сўзда жаранг бор, бошқа товушлар бор ва улар чолғу асбоблари каби тайёр мусиқанинг ижро этилишига кўмаклашадилар. Ҳамид Олимжоннинг айрим асарларида мусиқий туйғу ва ундан туғилажак куйдан ҳам кўра шоир маҳоратию онгидан чиққан ритмик нағма — такрор кўпроқ. Лекин унинг бутун шеърияти ана шундай чучмаллик ботқоғида қолиб кетганда эди, адабиётшунос олим Наим Каримов эътиборини тортмас, биз-да ишимизда уни таҳлилга тортмаган бўлардик. Ҳолбуки, у ўзининг бир шеърида ёзади:
Шағирлайди бетиним дарё,
Шағирлайди ваҳм тўлган жар.
Шағирлайди қоронғу дунё,
Шағирлайди водий, даралар.
Шағирлайди… Бермайди уйқу.
Хаёлларим бўлар паришон…
Тун. Лекин «дарё», «ваҳм тўлган жар», «қоронғу дунё», «водий, даралар» шағирлайди, шоирнинг хаёлларини паришон айлаб, уйқусини қочиради. Юқоридаги бандларда кетма-кет беш марта такрорланган «шағирлайди» анафораси — шоир кўнглида пайдо бўлган аллақандай туйғунинг камонидан чиққан ўқлар. Шоирга уйқу бермай, хаёлларини паришон қилган нарса табиатнинг шағирлаши эмас, балки туйғунинг шағирлашидир. «Бетиним дарё», «ваҳм тўлган жар» ва ҳоказо сифатлашлар ана шу туйғуни шағирлашни кутиб ётган ҳисни туртиб ўтадилар. Улар бир восита, холос. Агар бундай бўлмаганда, шоир изланишни ўзидан эмас, дарё ва жарликлардан бошлаб юборарди. Ҳолбуки:
Шағирлайди… бермайди уйқу,
Хаёлларим бўлар паришон.
Бир изланиш бошланар менда,
Тушунчамга яна кирар жон .
Ўқлар зарбидан хаёллари паришон бўлган шоир қандайдир номаълум, сирли, мафтункор дунёга дуч келади:
Кезар эдим, мени тинмайин
Таъқиб этар бир узун соя.
Билмадимким, бормидир иши,
Ё истарми айтмоқ ҳикоя .
Ноаён нарсалар ҳамиша сирлидир. Сирли дунёлар билан дуч келган инсон шошади, ҳаяжонга тушади. (Ахир оддинда нимадир кашф этилиши, демакки, унинг дунёси кенгайиши мумкин):
Кўзларимда ёнар учқунлар,
Зилол сувга ой эди сирдош.
Ялтирарди, доим товланар,
Ой нурига чўмилувчи тош .
Нигоҳи олдида оламнинг ўзгача мазмуни, ўзгача чирой касб этиши шоир қалбига титроқ солади. Натижада унда «бир интилиш», «бир орзу» туғилади:
Тикилганда кўзим қоғозга,
Қўлларимда титрарди қалам.
Қуршамишди уни ҳаяжон,
Бир интилиш, бир орзу бу дам .
Бу интилиш, бу орзу ўша номаълум дунё сари, сирли олам саридир. Ахир у томондан учиб келаётган ўқлар (шағирлашлар) сони тобора кўпаймоқца, гўё чор тарафдан ёғилмоқда:
Шағирлайди осмон ва ҳаво,
Шағирлайди бутун коинот.
Шағирлайди бетиним дарё,
Шағирлайди дарёда ҳаёт…
Ҳолбуки, тун…
Шағирлаётган нарса аслида туйғу дедик. Шоир ушбу туйғу билан юзма-юз келади, унинг мафтункорлигидан, гўзаллигидан ҳаяжонланади. Унинг такрор-такрор «шағирлайди» дейиши туйғуга нисбатан ва бу анафора туйғуни тутиб олиш учун кетма-кет отилган ҳалқага ўхшайди. Бу ўринда шоир гўё севгилисига тузукроқ сифат топа олмай, фақат «Сен, сен, сен…» деяётган ошиқ ҳолига тушади. «Сен», яъни сирли туйғу қаршисида шоирнинг кўнгил кўзлари очилади — уйқудан уйғонади. «Ҳолбуки, тун…” эди, сокинлик эди, уйқунинг фурсати эди… (Ойбекнинг «Ўзбекистон» номли шеъри тўғрисида ҳам шунга яқин фикрни айтиш мумкин:
Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор
Бир ўлкаки, сал кўрмаса, қуёш соғинар…
Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар.
Бахт тошини чақиб, бунда куч гувуллайди .
Бунда «Бир ўлкаки…» анафорасининг маъноси шуки, шоир ажойиб ватанининг мадҳи учун керакли ифодани қидирмокда. Бирига мурожаат этади: «Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди» — кўнгли тўлмайди. Чунки бу ўлкада нафақат олтин гуллайди, шу билан бирга, унинг қишларида баҳор-да шивирлайди: «Бир ўлкаки, қишларида баҳор шивирлар» ва ҳоказо).
Бу яхлит бир туйғудир ва у кўриб чиққанимиздек, тинимсиз равишда «шағирлайди». Эшита олган қалб-да шағирлай (жимирлай) бошлайди. Ана шу жимирлаш шеърнинг мусиқасидир. Йўқса, жимжимадор, серқофия мисраларнинг бир маромдаги шанғиллаши эмас унинг куйи. Бироқ бу — чиройли сўзу қофиянинг хизмати йўқ, дегани бўлмай, шеър мусиқаси уларга қул эмас, деганидир. Шу ўринда Абдурауф Фитратнинг «Шеър ва шоирлик» мақоласидан бир иқтибос келтиришни маъқул топдик: «Сўнгги араб адиблари шеърни «каломи мавзуи мукаффаи» дея таъриф қиладиларким, «вазнли, қофияли гап» демакдир. Бизнинг шоирларимиз ҳам шеърни шул бино билан қабул этдилар. Шунинг учундирким, «вазн» ва «қофия» бўлган турли маъносиз сўзларнинг шарафина ишонган сайин шеърнинг ҳақиқатидан узоқлашиб қолдилар. Етти саккиз сўзни белгили бир «вазн»да тизиб кетинда белгили бир сўзни «қофия» қўймоқ билан шеър орасинда ердан кўккача айирма бордир. Шеърда кишиларнинг қонини қайнатгучи, сингирларини ўйнатгучи, миясини титратгучи бир куч, маънавий бир куч бор. Шундай бир кучи бўлмағон сўз вазн ва қофияси бўлсун, «шеър» бўла олмайдир… «Вазн» билан «қофия»нинг шеърга таъсири йўқдир. «Вазн» ва «қофия»си бўлмағон кўп «шеър»лар бўлғони каби «шеър» бўла олмағон вазнли, қофияли сўзлар ҳам кўпдир. Шеър юрак сезгуларини кўрсатмакдир. Вазн ва қофия эса сўзнинг «безаги» (зийнати)» . Япон шоири Исикава Такубокунинг шундай бир шеъри бор:
Шамолдан жунжикиб
Одамлардан йўл суриштирган
Йўловчи каби,
Худди шундай, фақат шундай
Сўзлашсам сен билан .
Бу шеърда чиройли сўзлар ҳам, қофия ҳам йўқ. Яъни унда киши диққатини ўзининг жимжимадор шакли билан тортиб олувчи кўриниш сезилмайди. Бирок мазкур жиҳат шеър бағридан сизиб чиқаётган мусиқага ва уни тинглашга ҳеч-да монелик қилмайди. Яъни мусиқийлик шаклдан теранрок моҳиятдадир.
Ҳамид Олимжоннинг «Ҳолбуки тун…» шеърида жаранглаган туйғу билан япон шоирининг шеъридан тинглаган туйғу, назаримда, қариндошдек. Келинг, таҳлил қилиб кўрайлик. «Шамолдан жунжикиб одамлардан йўл суриштирган йўловчи» ҳолини ҳис қилишга (тушунишга эмас!) урининг. Шунда йўловчининг мақсади — орзуси уни манзил сари элтувчи йўлни топиш эканига иймон келтирасиз. У шу орзу илинжида одамларга яқинлашади, умид ва қўрқув оралиғида уларга оғиз очади. Гўё бутун ҳаёти, қисмати одамларнинг унга берадиган жавобига боғлиқдек. У мана шу ҳолатда (умид ва қўрқув ичида) «сен билан» сўзлашмоқ истайди:
Худди шундай, фақат шундай
Сўзлашсам сен билан. Ҳамид Олимжон номаълум туйғу билан юзма-юз келиб, ҳаяжонга тушган эди. Такубоку эса айнан ана шу ҳаяжонни согинмокда. Шоирнинг аслий истаги у, яъни «сен» эмас, балки ҳаяжондир. Сен — бир восита, шоир бу орқали ҳаяжонланмокчи, тўлғонмоқчи, умид ва қўрқув исканжасида титрамоқчи. Бусиз юзта «сен» ҳам қадрсиз. Ҳаяжон яшар экан, муҳаббат ҳамиша барҳаёт! Бундай шеърият, бундай санъат бизни алал-оқибат номаълум дунё қаршисида ҳаяжонга тушишга бошлаб борар экан, у Гассет таъкидлаганидек, «Халққа қарши» (антинародно) бўлолмайди. У ўз моҳиятига кўра инсоний, ҳатто умуминсонийдир. Фақат гап шундаки, (умум) инсонийликни ҳамма ўз даражасига мувофиқ тушунади. Омманинг юксак мақомдаги санъатга қўли етмаслиги учун ҳам уларни иккига айириб, бир-бирига қайраш — улкан хато. Бундан кўра улар орасига кўприк қуриш афзалроқ. Айнан шу ўринда, менингча, маърифату маънавиятга, баъзан ҳатто илму фанга мойил руҳдаги адабиёт ўзини оқлар. Чунки бундай адабиёт маълум маънода биз назарда тутган кўприк воситасини бажаради. Ундан ҳамма ўтади, дегувчи хаёлпараст бўлмасам-да, кимларнингдир интилишига шубҳа қилмайман. Умуман олганда эса ҳар қандай савиядаги санъатдан озми-кўпми баҳра ола билиш инсоннинг энг катта қувончларидан, таъбир жоиз бўлса, омадларидан бири. Чунки гўзаллик кишини қандайдир маънода руҳий оламга — илоҳиётга яқинлаштиради.
Демак, XX аср ўзбек (жумладан, Ойбекнинг 30-йиллар) шеъриятида «соф лирик» руҳда ёзилган шеърлар талайгина бўлиб, уларнинг моҳияти ва эстетик қиммати қуйидагилардан иборат:
- шеърнинг аниқликдан мавҳумликка интилиши — номаълумликни — кўнгилни кашф этиб бориши;
- қайғу ва қувонч атрофида парвоналик, унга яқинлашиш;
- инсон қисмати ҳақидаги туйғуларнинг акс эттирилиши;
- фароғатни эмас, ҳаракатни — бўронни севиш, унга талпиниш;
- санъат яратган гўзалликнинг — чиройли туйғунинг баъзан инсон манфаати, фойдасига мувофиқ келмаслиги, гўзаллик ва манфаатнинг ҳар қачон ҳам бир-бирига мос тушмаслиги, яъни инсон манфаатлари ва чинакам бадиий гўзалликнинг сиришмаслиги;
- шеърда ўйин, меҳнат ва сиғиниш хусусиятларининг мужассамлиги;
- ҳурликка интилиш;
- самимийлик, шоирнинг аввало, ўзига, ўз қалбига тик қарай олиши, ундаги бор нарсани ташқарига қоғозга олиб чиқишга уриниши;
- субъективизм шоирни тутиб турган улкан устун эканлиги;
- шоир ҳар қандай шароитда ҳам бахт ва мусибатни куйлашга ҳамда бахтга талпинишга қисмат томонидан маҳкум этилганлиги;
- мусиқийлик, аввало, шеъриятнинг маъносида – туйғуда бўлиб, унинг зоҳирига — шаклига табиий равишда таъсир этиб бориши ва ҳоказо.

Т  А    Д    Р   И   Ж

Мактабга қатнаб ҳарф танийдиган вақтларим. Катта хонада чалқанча ётганча деворга осиғлиқ матодаги гул ва шеър парчалари тўқиб ишланган безакларни кузатаман. Секин-аста мисраларни ҳижжалаб ўқий бошлайман: «Ўхшаши йўқ, бу — гўзал бўстон. Достонларда битган гулистон, Ўзбекистон дея аталур, Уни севиб эл тилга олур».
Мазмунини чуқур тушунмасам-да, унинг қуйма оҳанги мурғак дилимга ҳузур бахш этганидан шеърни такрорлайвериб ёдлаб оламан. Орадан йиллар ўтади ва мен адабиёт дарслигида ўқийман. «Водийларни яёв кезганда, Бир ажиб ҳис бор эди менда». Ҳа, бу ўша шеър дебочаси эди. Каттагина ҳажмига арамай, «Ўзбекистон» шеъри бир пасдаёқ хотирамда михланади. Энди мен унинг дилрабо оҳангидан ташқари  бағрига жойланган зўр бир ҳаяон ва ифтихорни ҳам пайқай оламан. Шундай қилиб, 9-15 ёшларим орасида Ҳ.Олимжоннинг талай шеъру эртакларига ошно бўлиб юрдим.
Мактабнинг 8-синфларида ўқиётган кезларим эса дўстимнинг оғзидан ёқимли хиргойини эшитиб қоламан: «Кеча оқшом фалакда, ой бўзариб ботганда, Зуҳро юлдуз милтираб хира ханда отганда…»
«Кимники бу қўшиқ?» Қаердан эшитдинг? Ҳаммасини биласанми? — уни саволларга кўмиб ташлайман. Сал ўтмай А.Ориповнинг кичик ҳажмли тўпламлари, сўнг машҳур «Йиллар армони» китоби қўлимга тегади. Ва мен ўзимни шеърдан шеърга ўсиб, қадам ба қадам сеҳрли диёр ичра кираётгандек сезганим ҳануз ёдимда.
Ориповнинг сўлим лирикаси билан деярли бир пайтда мен Э.Воҳидовнинг фалсафий шеъриятига мафтун бўлдим. Шоирнинг айниқса, «Руҳлар исёни» достони ботинимда бир янгориш ясаган эди. Икки ҳафта ўтар-ўтмас мен бутун бошли достонни мўъжаз бир шеър янглиғ бир нафасда ёддан айтиб юрардим. Ўша кезларда мен учун бу икки шоир шеъриятнинг энг ёрқин икки юлдузи эди. Энди буларнинг  ўткир шеърияти қаршисида Ҳ.Олимжон лирикаси анчайин енгилроқ туюлганди ва мен бунга комил ишонч билан ишонардим. Хоҳ телевидениеда бўлсин, хоҳ газета-журналларда, шеърият ҳақидаги баҳсу мунозараларни жон қулоғим билан эшитиб-кузатиб бориш билан бирга ўзимга ҳамфикру ҳамкор қидирардим. Бу борада Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров, Иброҳим Ҳаққулов, Яшар Қосимов каби адабиётшуносларимизнинг шеърият таҳлилига бағишланган мақолалари дилимга оро кирарди… Ана шундай кайфиятда яшаётган вақтимда талаба акам қўлимга бир китоб тутқазиб, «Ўқиб кўр, янги шеърият — бу!» деди. Ҳам озроқ кибр (мен Орипов ва Воҳидов шеъриятини ўқиган одамман, ахир!), ҳам озроқ қизиқиш билан китобнинг дуч келган саҳифасини очиб ўқидим: «Худди кечагидай Шовуллаб турибди боғда дарахтлар. Яна кўкка чиқди Кеча оқшом сен қараган ой. Ажабо, сен кетгандан сўнг ҳам Ҳаёт аввалгидай давом этмоқда». На бир шеърий нафосату на бир фикрий гўзалликни илғай олдим ўша кезда. Лекин акамнинг «янги шеърият — бу!» дегани учун унинг бошқачалигини излаб 20-30 чоғли шеърни «титиб» кўрдим. Натижа — китобни қаҳр билан ёпдим-да, уйнинг иккинчи бурчагига отиб юбордим: «Шу ҳам шеър бўлдими? Оддий гаплар-ку!» — оғзимдан норозилигимни ифода қилувчи сўзлар учиб чиқади.
Йиллар ўтди. Ишладим. Аскарлик хизматини ўтадим. Талаба бўлдим. Хуллас, анча-мунча баланд-пастликдан кечдим. Кўз қорачиғининг ортида — ичкарида ҳам, унинг бериги томони — ташқарида ҳам муайян ўзгаришлар юз берди. Ёшим ҳам нақ йигирмада. Мўъжизага чанқоқлигим, дун1дан кутган нарсамнинг юки ортгани ортган. Шундай кайфиятда эканман, ўша китоб тағин қўлимга тушиб қолди: «Яшайман, токи бу табиат Менга қараб сезсин доимо Ўзининг нақадар буюклигини». Ўшанда мен шеърнинг қудратидан титраб, ҳаяжондан нафасим бўғзимга тиқиганини ҳали-ҳануз аниқ хотирлайман. Мен китобни бошдан охир бир неча ўн марта завқ ва ҳайрат билан ўқиб чиқдим, аллақанчасини ёд олдим… Гўё саҳрода сувсизликдан томоғим қақраб йиқилар ҳолатга келганимда йўлимда учраган тиниқ булоққа ўхшарди бу шеърият.
Не ажабки, энди мен аввал маҳлиё бўлиб юрганим шоирлар шеъриятини «янги лирика» қаршисида бир қадар бошқачароқ кўрардим. Хўш, нега? Саволимга дабдурустдан тўғри жавоб тополмадим, аммо уни бутунлай унутиб ҳам юбормадим. Секин-аста тушуна бошладимки, ҳар бир шоир шеърияти менга ёқиб турган вақтимдаги эҳтиёжимга ҳамоҳанг жаранглаб, илоҳий неъмат янглиғ қалбимни ларзага соларди. Шу билан бирга ҳар бир ўзгача шеъриятни тушунишга тайёр бўлишим, демакки, шеърият даражасида маънавий эҳтиёж туюшим шарт эди.
Яна замон айланди. Яна ботин ва зоҳирда сезиларли ўзгаришлар содир бўлди. Яна қалбда ўзга бир эҳтиёж… Қўлда ҳам шунга монанд китоб: Рауф Парфининг «Сабр дарахти»:
Уйғон, эй малагим,
тур ўрнингдан, тур,
Оташин музларда
исинайлик, юр.
Ёнғинли дарёда қулоч отайлик,
Бу ердан кетайлик, фақат
кетайлик…
Ҳайҳот, илоҳийлик қоришган кайфиятни ўз бағрига нишондай санчиб олган бу мисраларга мен қайта кўз отмадим — у менинг ич-ичимда юксаклик ва гўзаллик тимсоли бўлиб муҳрланганди — ёд бўлганди. Мен китобдан жой олган бунинг каби ўнлаб шеърларни ўқир эканман, худди жазавага тушаётган қаландардек дунёни унутиб ҳузурланардим…
Бу орада мен яна Навоий,Бобур, Чўлпон, У.Носир, Ойбек, Ш.Раҳмон, У.Азим, Х.Даврон, М.Юсуф, А.Қутбиддин, Б.Рўзимуҳаммад каби бошқа ажойиб шоирлар ижодини ҳам севиб ўқидим. Айни пайтда ҳам адабиётчилар, ҳам оддий халқ орасида кўп бора «Қайси шоир энг зўр?» деган мунозараларга шоҳид бўлдим. Баъзан ҳатто ўзим ҳам уларда иштирок этиб, у ёки бу шоирни «биринчи» қилиб кўрсатишга ва фикримни ҳар жиҳатдан исботлашга уриндим. Назаримда ҳақиқат мен томонда эди, чунки ўз қарашимда самимий эдим ва ҳеч қачон ҳеч бир шоирни қандайдир манфаат ё ғараз туфайли мақтаб ё қораламасдим.
Бироқ буларнинг бари ўта субъектив бир назар эканлигини нафақат адабиёт ва унинг илми, балки умуман ҳаёт қозонида андак қайнагачгина пайқай бошладим. Чунки мен бу вақтга келиб шеърнигина эмас, уни муайян тарзда қабул қилаётган ўзимни ҳам кузатишга имкон топган эдим. Шеърга бўлган ҳайрат ё совуққонлигим сабабини қидириб топиш энди мен учун шеърнинг ўзидан кам мўъжиза эмасди. Ҳа, мен «Шеър ва мен», «Мен ва шеър» деган муаммо моҳиятини тушунишга эҳтиёж сезаётган эдим. Чунки бусиз ижодкорнинг нафақат якка шахс, балки умуман миллат тақдирида тутган ўрни ва вазифасини ҳаққоний баҳолаш мушкул туюларди менга. Масаланинг ечими санъат моҳиятини англаш ва унинг инсон бадиий тафаккурининг тадрижи билан алоқадорлигига маълум маънода ойдинлик киритади, деб билардим.
2
Юқорида мен энди эсини таниган боланинг улғайиб вояга етгунигча бўлган турли ёш ва давр психологиясига ўзбек шеърияти султонлари ижодининг турфа хил таъсири ҳақида бежиз тўхталмадим. Чунки агар мендан бола пайтимда «Энг яхши шеър кимники?» деб сўрашганда, Ҳ.Олимжонники дердим. Бугунги жавобим эса, шубҳасиз, бошқача янграйди. Бироқ умримнинг икки палласида битта саволга икки хил жавоб бераётганимдан заррача бўлсин хижолат чекаётганим йўқ. Чунки ҳар икки жавобда ҳам бирдек самимийман. Чунки менинг бола тасаввуру қизиқишимга Ҳ.Олимжоннинг «Болалик кунларимда, Уйқусиз тунларимда, Кўп эртак эшитгандим, Сўйлаб берардим бувим…» сингари афсонаваш муҳит чизиб бергувчи шеърлари қанчалар мос тушса, энди, масалан, Рауф Парфининг
Ўксиб-ўксиб ахтараман нур,
Қоронғуда бўлгайман адо.
Қўнғироқлар жаранги келур,
Қандай машъум бу гўзал садо
руҳидаги мисралари юрагимнинг чуқур бир жойидаги эҳтиёжга шунчалар монанд жаранглайди. Бироқ мен ижодкорнинг адабиётдаги (аслида эса инсоннинг шахс бўлиб шаклланиши ва унинг бадиий диди камол топишидаги) ўрни ҳақида фикр билдирар эканман, у ёки бу шоирга нисбатан бугунги эҳтиёж ва муносабатим таъсиридан баланд кўтарилишим шарт, дея биламан. Айтайлик, бугун менинг Ҳ.Олимжону М.Юсуф шеъриятини жуда катта руҳий соғинч билан ўқишга рағбатим йўқ, лекин улар ўз вақтида менга аталган муносиб ва улуғ хизматларини адо эта билганлар. Демак, энди менинг уларга ҳавойилик ила қарашга заррачча бўлсин, маънавий ҳаққим йўқ. Қолаверса, шу кеча кундузда уларни севиб ўқиётган ўн минглаб шеърхон борки, бу энди янги авлоддир. Бошқача айтсак, ҳар бир шеърият ўзига хос устоз. Ўқувчи ана шу устиздан таълим олаётган шогирд. Агар у фавқулодда қобилият ва эҳтиёжга соҳиб бўлса, устоздан устозга илгарилаб боравверади. Кўп қатори бўлса-чи, икки-уч устоз яратган шеърият оламида абадий қолади.
Пиллапоя бўлдим сенга, азизим,
Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл,
дейди Э.Воҳидов. Бу — инсон табиатини, унинг қудрати ва ожизлигини теран идрок этишдан туғилган фикр. Зеро, ҳар қандай даҳонинг асарлари бир кунмас бир кун ўзга бир даҳо учун босиб ўтилажак зина вазифасини бажариши мумкинлигини назардан қочирмаслигимиз шарт. Шу билан бирга ҳар қандай босиб ўтилган босқич — пиллапояга юқоридан ҳаволаниб қараш балосидан худонинг ўзи асрасин. Чунки у (қуйидаги) ўзини босиб, бир поғона юқори кўтарилган ҳар қандай даҳо фаолиятига шерикдирки, бундан кўз юмиш адолатдан эмас.
3
Рауф Парфидек шоирлар ижоди шахсан менинг тасаввуримда — забт этилмаган чўққи. Унинг ўқувчилари анчадан буён асосан фақат зиёли қатлам — адабиётга у ёки бу даражада алоқаси бўлган кишилар. Кўпчиликнинг Р.Парфи шеъриятини тушуниб қабул қилиши учун унинг ана шу оз сонли зиёли босиб ўтган машаққатли йўлни босиб ўтиши шарт бўлади. Шундагина балки Р.Парфи ҳам омма шоирига айланар. Шу ўринда унинг Ватан ҳақида — «Мил каби тортарман сени кўзимга» ҳамда бошқа мисралари таҳлили мисолида газетасизда қизғин кетаётган баҳсга ўз муносабатимни ҳам билдириб ўтсам.
Ватан, шубҳасиз, муқаддас тушунча. Ким бўлишидан қатъи назар бир киши манфаати йўлида Ватанни ҳар кўйга солиш гуноҳи азим бўлганидек, Ватанни ниқоб қилиб олиб, бир инсон ҳақ-хуқуқларини поймол этиш ҳам гундай номақбул иш. Яъни Ватаннинг муқаддаслиги унда яшовчилар билан хусусан, унга бўлган чексиз муҳаббати туфайли Ватанни кўзларига мил каби тортиб яшашга-да тайёр рауф парфилар билан қоим!
Мил каби тортарман сени кўзимга.
Кўзга мил тортиш — жазо усулларидан бири. Уни ҳеч ким ўз кўзига тортмаган, балки жазоланувчига мажбуран мил тортилган. Шоир эса ихтиёрий равишда уни ўз кўзларига тортмоқчи, демак, шу йўсин ўзига ўзи жазо бермоқчи. Хўш, нега? Чунки у «Она тилнинг Она сўзига занжирбанд». Бундай занжирсиз бандлик одатда, кўнгил орқали бўлади. Кўнгил орқали боғланиш эса муҳаббат саналади. Чин муҳаббат эгаси учун ишқ йўлидаги изтироб — роҳат. Мажнунни Каъбага келтиришиб, ишқдан фориғ эт, дея Худога ёлбор, дейишганда у бунинг тескарисини айтиб илтижо қилади.
Демонки мени тарабға хос эт,
Ёки ғами ишқдин халос эт!
Дерманки, манга бу ўтни ҳар дам
Афзун қилу қилма заррае кам.
Чек, айнима ишқ тўтиёсин,
Ул қалбима ишқ кимиёсин…
Атрофдагилар — Мажнуннинг ҳақиқий холидан ғофиллар ва ёхуд уни тушунишга қодир бўлмаганлар учун йигитнинг ўз жонига азоб, балки ҳатто ҳалокат тилаши телбалик аломати бўлиб туюлади. Лекин Мажнун учун эса…
Мил каби тортармен сени кўзимга
Мажнун ана шу илоҳий лаҳзаларда Лайли ишқини нафақат кўзига, балки жонига жон деб тортган ва бундан бемисл ором олган эди.
Рауф Парфи учун ёр эмас, балки Ватан ана шу даражадаги — Мажнун учун Лайли мақомидаги муқаддас борлиқ. Ахир бу нарса ўзининг реал асосига эга: шоирнинг ёши, ёш билан боғлиқ эҳтиёжининг исми Мажнунникидан фарқ қилади. Бироқ кўнгилнинг арзигулик оламга ўзни қурбон этиш — унинг бағрига сингиш эҳтиёжи бир хил. Ҳадаф Мажнунда ёр бўлса, Рауф Парфида — Ватан. (Буларнинг алал-оқибатда Оллоҳга бориб боғланиши — бошқа мавзу!).
Мил тортилган одамнинг кўзига энди дунёдан ҳеч нарса сиғмайди. Чунки уларни мил тўлдирган. Рауф Парфи кўзига мил тортмоқчи эмас, балки мил каби Ватанни тортмоқчи. Демак, у кўзларини Ватан билан тўлиқ бўлишини истайди. Демак, шоир кўнгилга тушиб, унинг эҳтиёжи билан яшаш имконига эга бўлмоқда. Кўз кўнгил ойнаси экан, кўринадики, кўзда акс этган оламнинг асли кўнгилда мавжуд.
Хулоса шуки, Р.Парфининг бу мисраси ҳаёт ҳақиқатига, унинг яшовчан, эзгу мазмунига тўла мос келади. Қолаверса, ҳаёт ҳақиқати билан мувозий (параллел) равишда бадиий ҳақиқат ҳам борки, уни тан олмаслик, тушуниб ардоқламаслик, ниҳоят, ҳимоя этмаслик умуман санъатни маҳв этади.

МИЛЛИЙ ЮКСАЛИШ ВА АДАБИЁТ

Нафақат адабиётшунослик, балки барча ижтимоий соҳалар ўзининг Истиқлолгача бўлган даврдаги фаолиятига теран илмий назар ташлаб, зарур бўлса, уларни даврлаштирган ҳолда, моҳиятини англаб етишга интилмоғи шарт. Чунончи, биз янги ўзбек давлатчилигига асос солинаётган тарихий даврда яшаётган эканмиз, шу ҳаракатга хос хусусият сифатида ўз миллий қиёфамизга назар ташлаш эҳтиёжини туймоқдамиз. Мазкур эҳтиёж бизни тарихни ва нафақат жамият тарихини, балки айни дамда ҳар бир соҳа босиб ўтган йўлни чуқур илмий мушоҳада қилиш ва навбатдаги юришлар учун мустаҳкам замину имконларга эга бўлишни тақозо этмоқда. Чунки илдизининг бири узоқ мозийга боғланувчи, бошқаси кунимизнинг илғор, замонавий руҳидан озиқланувчи озод ва обод мамлакат қуришга аҳд қилган эканмиз, ҳар жабҳада соғлом пойдеворга эҳтиёж сезишимизни назардан қочирмаслигимиз шарт бўлади. Жумладан, сўнгги юз йиллик, яъни ХХ аср ўзбек адабиётини холисона илмий таҳлил этиш вва назарий хулосалар чиқаришимиз зарур. Албатта, инсоф билан тан олоиш керакки, бу борада анча дуруст уринишлар бўлди, лекин тадқиқотчиларнинг ҳали қиёмига етмагани бизни ҳануз ўша долзарб муаммолар ҳақида  ўйлашга ундаб келмоқда.
Тарихдан маълумки, Амир Темур асос солган қудратли давлат тамалида камол топган миллий ўзликни англаш, миллий юксалиш ва ифтихор туйғулари Алишер Навоийдек тафаккур даҳосининг етилишига замин ҳозирлаган. Ниҳоят, бугун  янги ўзбек давлатчилиги шаклланиб борар экан, юқоридаги каби туйғулар ХХI аср бўсағасидаги ўзбек халқига ҳам бегона эмас. Демак, янги тафаккур даҳолари ҳақидаги орзуларимиз кўп ҳам узоқда эмасдек. Бироқ унутмаслик зарурки,  бундай улуғ ҳодисалар ўтмишни идрок этиш билангина рўёбга чиқиши мумкин. Мозийни илмий-назарий жиҳатдан англаш бадиият соҳасидаги янги изланишларимизга замин яратади. Сир эмаски, кўпдан буён биз Катта Адабиётни, Катта Бадииятни соғинганмиз. Бу нара Ўзбекистоннинг истиқлолга эришиб, ўз йўлини ўзи белгилай бошлагандан сўнг яна-да аёнлашди. Зеро, Катта Адабиётда миллатнинг ҳақиқий бўй-басти, қудрати рўй-рост намоён бўлади. Худди руслар Достоевский ё Толстойда, америкаликлар Хемингуэй ё Фолкнерда, ўзбеклар Навоийда ўз қудратини намойиш этганидек. Демак, адабиёт алал-оқибатда бутун бошли миллатнинг кўзгусидир, унинг мавқеини маълум маънода белгиловчисидир. Бас, шундай экан, ўтиш даврининг айрим моддий ва руҳий қийинчиликлари боис адабиётга ноишлаб чиқарувчи соҳа сифатида менсимайроқ қараш ҳоллари пировард натижада умуммиллатнинг манфаатларига лоқайдлик эканини теран англамоғимиз лозим. Белинскийнинг таъбирига яқин қилиб айтсак, ўқувчининг чиишига мўлжалланган ва шунга муносиб бадиий асар  ёзаётган ижодкорларимиз камёб. Эҳтимол, янги ижтимоий-сиёсий, психологик шароитларда ўзгарган Инсонни акс эттириш учун ҳақиқатан ҳам бироз масофа – фурсат керак бўлар. Аммо моҳият-сабаб шугинадан иборат эмас. Ўртада яна бир – Шахс муаммоси мавжуд. Тарихни варақлар эканмиз, ҳар қандай соҳадаги улкан ўзгаришлар – тубдан бурилишлар йирик шахсларга бориб боғланишининг гувоҳи бўламиз. Жумладан, Катта Адабиётни ҳам, уни тадқиқу таҳлил этишни ҳам катта шахслар амалга оширади. Қолганлар эргашади, тўлдиради. Анъана ва муҳитнинг мушкулотини енгиб, биз кутган Адабиётни ярата олиш учун Шахс нечоғли кучли бўлиши кераклигини энди тасаввур қилинг. Лекин унинг битта ютуғи бор – мавзу! Чунки аср адоғида ижтимоий-сиёсий ҳаёт яна бир бор ўзгарди, дунёқарашу атрофга муносабат, қўйингки, Инсон  ўзгарди. Худди мана шу Инсон ҳали ўзбек адабиётида ўз аксини топгани йўқ. Биз ота-боболаримиздан мерос бўлиб қкелаётган, ва умуман, бутун Шарқ халқларига хос,  уларнинг қон-қонига сингиб кетган романтизмдан, унинг аллаловчи руҳидан кўпда узоққа кетолмади. (Бунинг яхши ёмонлиги – бошқа масала). Демоқчиманки, ўзбек адабиёти модернизм у ёқда турсин, ҳали реализмнинг бор имкониятларидан тўлиқ истифода этмаган. Лекин ҳаёт бугунги ижодкор қаршисига қўяётган мавзу – ўта чуқур зиддиятли, ижтимоий-сиёсий, психологик эврилишларни бошидан кечираётган ва ўзи ҳам эврилиб бораётган Инсонни акс эттириш имкони, назаримда, шундай бир уруғки, уднан Катта Адабиёт ундириб олса бўлади. Бироқ уруғ ҳали ҳосил дегани эмас.

АДАБИЁТ ҚАНДАЙ РИВОЖЛАНАДИ?

Тарихни нима ҳаракатга келтиради, инсониятни мудом олдинга чорловчи куч-қудрат нимада?
Инсон боласи эсини танибдики, бу саволлар устида бош қотиради, ўзича турли жавобларда тўхталади, қаноат ҳосил қилгандек бўлади, бироқ янги бир ижтимоий-тарихий вазият ва шунга яраша янги бир авлоднинг майдонга келиши билан яна ўзга бир жавоб ортидан йўлга тушади…
Адабиётнинг ибтидосидан шу кунга қадар ривожи ҳам, аслида, юқоридаги каби муаммолар атрофида айланади. Чунки, масалан, тарих фанининг асосида мозийда юз берган ижтимоий-тарихий воқеалар хроникасини ёритиш ётса, адабиётнинг вазифаси эса шундай воқеаларни бошидан кечирган инсоннинг кўнгил кечинмалари, кайфияти, алам ва қувончларини акс эттиришдир. Тарих учун миллат ва бутун инсониятнинг жамиятни ўзгартиришга қаратилган умумий ҳаракатлари муҳим саналса, адабиёт учун ана шу ҳаракатларда иштирок этаётган якка шахснинг онг ва руҳият тарихи устун. Ахир, энг қадимги асарлардан бўлмиш Ҳомернинг «Илиада»сида ҳам, ҳиндларнинг «Маҳабҳорат»ида ҳам, ўзимизнинг «Алпомиш»да ҳам жанг воқеалари алоҳида-алоҳида алпқомат қаҳрамонларнинг паҳлавонликлари, уларнинг ғалабаю мағлубиятлари орқали очиб берилади. Бу каби асарларда қаҳрамонларнинг руҳият ифодасидан кўра, уларнинг жисмоний ҳаракати – қаҳрамонликлари тасвири кўпроқ кўзга ташланади. Лекин моҳиятга теранроқ назар ташласак, аён бўладики, қаҳрамонларнинг онги ва руҳияти, тадрижи уларнинг айнан ҳаракатлари қатига яширингандир. Демоқчиманки, сўз санъати пайдо бўлгандан буён ижодкорнинг айтмоқчи бўлгани – мақсади Инсон, унинг ижтимоий тарихий онги ва руҳиятини акс эттириш. Агар бундай бўлмаганда тарих фанининг ўзи кифоя бўларди, адабиётга эҳтиёж қолмасди. Фақат, масалан, қадимги «Илиада» достони билан Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» романларидаги тасвир услубларида тафовут анчагина. Толстой услуби билан ХХ аср охиридаги ёзувчилар услублари орасида эса яна фарқ бор ва ўртадаги улкан масофа кишини беихтиёр ўйга толдиради: ахир, ижодкорнинг тобора турланиб бораётган услуби аслида ўзгариб бораётган дунёнинг  ҳолидан, жамиятлар кайфиятидан ДАРАК эмасми? Нега минг йил олдин ёзилган бадиий асардан кўра замонамизга яқинроқ даврда ёзилган асарни ихтиёрий равишда ҳузур билан мутолаа қиламиз?». Ўқувчи нимага, қандай асосга таяниб асар танлайди? Дидга дейсизми? Ахир, ҳар кимнинг диди турлича бўлиши баробарида ҳар даврга хос Умумий Дид ҳам бор-ку! Ўз пайтида Стендалнинг тушунилмаган, қабул қилинмаган «Қизил ва қора» романи қарийб бир аср ўтгач севиб ўқила бошланган-ку?! Агар бадиий асар кўп жиҳатдан ўз даврининг маҳсули бўлса, адабиёт нега, Стендал мисолида, замонасидан ўзиб кетди? Ниҳоят, бу каби саволларнинг ҳаммасидан битта умумий савол келиб чиқади: АДАБИЁТ ҚАНДАЙ РИВОЖЛАНАДИ?
Бизнингча, адабиётнинг ривожланиш сири уни айнан бошқа соҳалардан ажратиб турган жиҳатида, муайян ижтимоий-тарихий, сиёсий-психологик шароитдаги ва шунинг таъсиридаги Инсонни, унинг онги ва руҳиятини акс эттиришидадир. Шароитнинг, муҳитнинг ўзгариши билан унда яшаётган инсон, унинг дунёқарашию кайфияти ҳам ўзгаради. Ўзгарган руҳият эса янги адабиёт учун зарур манба. Бугун жамиятимизда ижтимоий-тарихий бурилиш содир бўлиб, унинг бағридаги инсон катта маънода ЎЗГАРДИ. Лекин шу ўзгарган инсон адабиётимизда ҳали тўлақонли образларда акс этганича йўқ. Хоҳъриятда, хоҳ насрда бўлсин замонамиз қаҳрамони образлари кўпроқ ва хўпроқ тасвирланса, назаримда, бугунги китобхонлик даражаси янада ўсган бўларди.
Бугун жамиятимизда ижтимоий, тарихий вазият ўзгариши билан янги адабиётнинг майдонга келмоғи учун ҳам асос пайдо бўлди. Асос эса ижтимоий-тарихий онги ўзгариб бораётган инсоннинг янги кайфиятидир, янги кайфиятда яшаётган инсондир!
Бироқ адабиётнинг ривожи бир текисда кечмайди. Турли мамлакатлардаги ижтимоий-тарихий тараққиёт ҳатто бир вақтнинг ўзида ҳар хил даражада бўлади. Бир мамлакатдаги жамият кайфиятини ҳам якранг, деб бўлмайди. Адабиёт ривожининг нотекис кечишини, қисқа қилиб айтганда, шу ердан излаш мумкин. Бироқ ҳар қанча хилма-хилликка қарамай, ҳар қандай жамиятда муайян тарихий дарда умумий бир кайфият ҳам мавжуд бўладики, у масалан, адабиётда яхлит бир йўналишнинг вужудга келишига туртки беради. Чунончи, ХVII асрда Францияда классицизм оқими пайдо бўлди. Ундан кейинги даврлардаги дунё адабиётида яна романтизм, сентиментализм, реализм, танқидий реализм, натурализм, модернизм, постмодернизм каби ўнлаб йўналиш-методлар майдонга келдики, булар ҳаммаси жамиятда ҳукм сурган ана шу умумий, етакчи кайфиятлар ҳосиласидир. Айни дамда бир мамлакат доирасида, масалан, модернизм руҳи урф бўлган бир паллада романтик асарлар ёзадиган ижодкорлар ҳам учрайди. Бунинг сабабини, менингча, ижодкорнинг ўша умумий кайфиятдан алоҳида, турмуш тарзидан, ўзи мансуб бўлган муҳит кайфиятидан, унинг психологик белгиларидан, анъаналарни давом эттириш майлидан… излаш тўғрироқ бўлади.
Хўш, нега энди антик даврдан XVII асргача, яъни Францияда классицизм пайдо бўлгунгача, бошқача айтсак, Эсхилдан Шекспиргача аниқ шаклланган бирорта метод бўлмагану, ундан кейинги асрларда «изм»лар сони кўпайиб кетган? Методлар аввалига бир неча ўн йиллар, ҳатто кўпроқ муддат фаол «истеъмол» этилиб, ниҳоят, ХХ асрга келганда уларнинг қуввати, масалан, айниқса, рангтасвир санъатида бир неча йилларгагина аранг етмоқда. Бунинг сабаби яна дунё ижтимоий-тарихий жараёнининг тезлашуви, тез ўзгариб, ҳаёт суръатининг шиддат билан ўсиб бораётганига боғланади. Қадимда юз йилда ўтилган йўлларни эндиликда инсоният бир-икки йиллардагина босиб ўтаётгандай. Демак, мана шундай гигант суръатга ҳамқадам юрмоқчи бўлган Инсоннинг кайфияти ҳам, унинг ижтимоий-тарихий онги ҳам аввалги асрларга ҳеч қиёсланмас даражада шитоб билан турланиб  бормоқда. ХХ асрда жаҳон адабиётида урф бўлган кўплаб ижодий методларнинг қисқа муддатда юзага келиб ва шундай тез барҳам топиб кетиши аслида шундан.
Фақат негадир битта метод – реализм ҳақда бундай дейишга тил бормайди. Назаримда, реализм бошқа барча ижодий методларнинг дунёга келишида асос бўладиган, таъбир жоиз бўлса, бошқа методларни худди турли хил дарахтлар каби ўз бағрида етиштираётган, заминга ўхшайди.
Хуллас, адабиёт – ижтимоий-тарихий ҳодиса. Адабиёт нафақат адабиётчилар учун, балки жамиятшунослар, психологлар, социологлар, тарихчилар ва умуман, инсониятнинг бугунию эртаси учун бефарқ қарамайдиганлар учун ҳам муҳим ва зарурий манбадир.

                                     ТУРФА РАНГЛАР УЙҒУНЛИГИ

«Қадимда юз йилда ўтилган йўлларни эндиликда инсоният бир-икки йилдагина босиб ўтаётгандек. Демак, мана шундай улкан суръатга ҳамқадам юрмоқчи бўлган инсоннинг кайфияти ҳам, унинг ижтимоий-тарихий онги ҳам аввалги асрларга ҳеч қиёсланмас даражада шитоб билан турланиб бормоқда. XX аср жаҳон адабиётида урф бўлган кўплаб ижодий методларнинг қисқа муддатда юзага келиб ва шундай барҳам топиб кетиши аслида шундан.
Фақат негадир битта метод – реализм ҳақида бундай дейишга тил бормайди. Назаримда, реализм бошқа ижодий методларнинг дунёга келишида асос бўладиган, таъбир жоиз эса, бошқа методларни худди турли хил дарахтлар каби ўз бағрида етиштираётган заминга ўхшайди», — деб ёзилганди «Адабиёт қандай ривожланади?» номли мақолада («ЎзАС», 2000, 5-сон).
«Ёшлар насри» ҳақидаги баҳсни ўқиб, мен гапни методлардан бошлашга жазм этдимки, бунинг сабаби айни мавзунинг мунозара ўқ чизиқларидан бири эканлигидир. (Умуман олганда эса, барча «изм»ларга бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан қайта назар ташлаш лозим. Чунки биз, масалан, Навоийни романтик деймиз, лекин у гоҳо жуда улкан реалист ўлароқ ҳам намоён бўлади ва ҳоказо.)
Хуллас, мавзуга қайтсак.
Реализмнинг моҳияти ҳаётни ҳаққоний акс эттиришда мужассам бўлса, модернизмнинг мағзи инсоннинг ички дунёсини янгича йўлларда кашф этишдир. Демак, кўриниб турибдики, на реализмда, на модернизмда эзгуликка раҳна соладиган унсурлар бор. Лекин негадир кўпинча реализмга мойил кишилар модернизмни калтакламоқчи бўлсалар, баъзан ашаддий модернистлар(ёки унга хайрихоҳлар) реализмга гўё босиб ўтилган йўл каби тепадан қарашади. Аслида эса, ёндашувда кўнгилни кенгроқ қилиш зарур бўлади.
Нега? Чунки кўп ўринларда реализм билан модернизм(умуман, тоза «изм»нинг ўзи борми?), Хусан Карвонли таъкидлаганидек, қоришиб кетган. Уларни бир-биридан ажратиб олиш энди маҳол. Буни яна бошқача айтиш мумкин: реализм ҳам, модернизм ҳам ҳеч қачон эскирмайди. Зеро, ҳаёт бор экан, одамзод яшар экан, унинг кўрган куни, шу кунда туйган туйғуси ўша палла учун ҳамиша реал, булар акс этган ҳар қандай санъат асари эса реализм намунасидир. Айни чоғда, ўша кун ва кайфиятни ҳамиша янгича, оригинал шаклларда тасвирлаш ҳаракати бўлади. Бундай ҳаракат натижаси сифатида дунёга келган асарларни эса, кўпинча, биз модернизм меваси ўлароқ қабул қиламиз. Эътибор беринг: шакл ўзгардими, демак, у реалистик эмас, дея ўйлаймиз. Аслида, бундай асарларнинг аксари бир вақгнинг ўзида ҳам реалистик, ҳам модернистик моҳиятда бўлади. Демак, модернизм деган оқимни адабиётшунос Сувон Мелига қўшилиб: ўз умрини яшаб бўлди, дея даъво қилган тақдиримизда ҳам (у ёзади: «Модернизм эскирди. Асримизнинг 60-70 йилларидан бошлаб бу йўлнинг чекланганлиги, ўз имкониятларини тамом сарф этиб бўлиб, энди шалвираб қолгани маълум бўлди». («ЎзАС», 2000, 31-сон), Модернизм деган тушунчанинг, шубҳасиз, худди реализм каби иккинчи умри бор. Яъни, масалан, юз йил кейин яратиладиган ҳар қандай яхши, оригинал асар, қайси «изм»да ёзилганидан қатъи назар, модернистик ҳамдир. Зеро, «модерн» сўзининг луғавий маъноси французчада «янги», «замонавий»    деганидир. Кўринадики, ҳар бир даврнинг аввалгиларга ўхшамайдиган ўз кайфиятини акс эттирган асарики бор, замонавийдир, модерндир. Демак, «модернизм эскирди», деган фикр жуда изоҳталаб. Чунки олимнинг назарида, модернизм — «Ғарб кишиси дунёқарашига мос ҳамда Ғарб цивилизациясининг қусурли томонларини ўзига сингдирган, шимиб олган оқим». Агар гап цивилизация ҳақида бўлса, шуни айтиш жоизки, Ғарб тамаддуннинг нисбатан аввалги босқичларида нафас олаяпти. Кун келиб Шарқ ҳам ана шу ҳавога мушарраф бўлар экан, унинг дунёқарашида-да Ғарбнинг ҳозирги кайфиятига жуда яқин ҳолатлар пайдо бўлаверади. Чунки инсон қаерда яшамасин, у инсондир, инсонлик ҳам ҳамма жойда бир хил тушунчани англатади. Демак, тараққиётнинг бир-бирига яқин босқичларида ёзиладиган асарларда омухта кайфиятнинг акс этиши муқаррар. Зеро, цивилизациянинг авзойи шундайки, бора-бора дунё яхлит бир экспсихологик иқлимнинг қучоғида қолиши мумкин. Бир хил муҳит эса, одатда илгари турли-туман бўлган дунёқарашларни бир-бирига пайвандлайди, синтезлаштиради. Фикримизни баҳс босилган газетанинг ўзга саҳифасидаги «Учинчи тўлқин нима?» номли мақоладан олинган қуйидаги иқтибос билан ҳам далилласак бўлади. Профессор Озод Шарафиддинов дунёни ўз тўрига олаётган учинчи — ахборот тўлқини тўғрисидаги Элвин Тоффлар мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда ёзади: «…бугунги дунёда миқёслар, кўламлар ўзгариб кетаяпти, ҳудудлар, тўсиқлар кучдан кетиб, ҳеч кимни бошқалардан тўсиб, пана қилишга ярамай қолган. Американинг қайси бир олис штатида эсган шабаданинг эпкини оқшом чўкмасдан Тошкентга ҳам етиб келади. Назаримда, Элвин Тоффлер жон куйдириб таҳлил қилаётган Учинчи тўлқин шу қадар кучли қудратга эгаки, уни ҳеч иккиланмай Нуҳ алайҳиссалом даврида бутун дунёни босган тўфонга қиёсласа бўлади. Бутун оламни босадиган тўфон эса салмоғи Қуванинг анорича келадиган курраи заминимиз узра қўзғолса, буниси Ғарб, буниси Шарқ деб ажратиб ўтирмаса керак…».
Қолаверса, модернизм инсонни, унинг ботинини кашф қилар экан, комил ишонч билан айтиш мумкинки, у ҳеч қачон эскирмайди. Демак, «модернизм эскирди» деганда адабиётшунос Сувон Мели XX аср мобайнида Ғарбда жамиятнинг турлича кайфиятларини ифода қилган модернизмнинг қисмлари — экспрессионизм, дадаизм, сюрреализм, футуризм, кубизм, абстракционизм ва ҳоказоларнинг ортиқ етакчи оқимлар эмаслигини назарда тутган десак, ҳар ҳолда ҳақиқатга тўғри келади. Дарҳақиқат, масалан, инсон ҳаётидаги энг ҳаяжонли, таъсирли битта ҳолатни тасвирлаш зарур деган импрессионизм оқими етакчи йўналиш сифатида ўз умрини яшаб бўлган эсада, барибир, у фрагментлар тарзда яшаяпти-ку, яшашга ҳақли-ку! Бироқ шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, айрим йўналишлар ҳақиқатнинг бирон жиҳатига алоҳида эътибор бериб, қолганларини муҳим санамайди. Бошқача айтсак, импрессионизмми, демак, фақат ўша олий чўққи — ҳис-ҳаяжонли битта ҳолатни тасвирлашдан ўзгасини санъат объекти сифатида тан олмайди. Бу эса муайян маънода бирёқламаликдир. Кейин кўпинча қатъий қолиплар асосида иш кўрилади, асарлар ҳам бошдан-оёқ мана шу қолипларга туширилади. Шу тариқа, қаҳрамон баъзан ўз ҳолига қўйилмайди, балки муаллиф чизган чизиқ бўйлаб ҳаракатланади. Яна ҳам кўпроқ эса, модернистик руҳдаги асарларда бир ёхуд икки хил ранг ҳамиша устунлик қилади. Ахир, ҳаёт санаб адоғига етиб бўлмайдиган ранглардан иборат-ку!
(«Бадиий асар ҳаётдан кўчирилган нусха эмас-да», дея эътироз билдириш мумкин. Лекин айни чоғда ҳар қандай санъат асарининг асл қиммати ҳаёт деб аталмиш ўқ чизиққа қай даражада муносиб яқинлашувига — параллел жойлашувига боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз зарур. Агар асарнинг моҳияти ҳаётга нисбатан қандайдир бошқача вазиятда, дейлик, вертикал ҳолатда бўлса, демак, буни инсоний мантиққа зид, дея ҳисобламоқ керак. Чунки ёзувчи заминдаги ҳаётий мезонлардан келиб чиқиб эмас, балки аллақандай ўзга ўлчовлар асосида асар «яратаяпти» экан. Бундай — оёғи заминдан узилган, бетайин тасаввурнинггина меваси бўлмиш ғайриҳаётий «асар» қабул қилишга эса, гапнинг очиғи, бугун ҳеч кимнинг фурсати ҳам, тоқати ҳам йўқ.)
Нега энди улардан биттаси ажратиб олинади-да, қолганлари менсилмайди. Агар қаҳрамон ҳаёти танлаб олинган ранг орқалигина очилар экан, унда шу рангга алоҳида эътибор қаратилгани ҳолда, қолганларига ҳам йўл бериш керак бўлади. Токи, ўқувчи кўрсинки, асар қаҳрамони атрофида турфа хил ранглар бор эди, бироқ тақдир уни шундай гирдобларга отдики, оқибат унинг кўзлари, масалан, қорадан ўзгасини илғамай қолди. қолаверса, инсоннинг ҳаёти бошдан-охир зулматнинг ичида кечса-да, унинг орзулари кўпинча ёруғ бўлади. Назаримда, XX аср Ғарб модернизмида, ниҳоят, бизда-да урф бўлаётган айрим шу руҳдаги асарларда айни ёруғлик етишмайди. Шунданми, асар мутолаасига киришганда баъзан бир хиллиликдан нафасларинг қайтиб кетади ва аланглаб қиттай ёруғликни — тин олиш учун бир парча майдонни излаб қоласан, киши. Анча йиллар бурун Назар Эшонқулнинг талабалар билан учрашувларидан бирида  ёзувчига шу хил мулоҳазаларимни айтганимда, адашмасам, тахминан қуйидагича жавоб олгандим: «Айнан ёруғлик соғинчи, ёруғликка интилиш ижодкорни зулматни кечиб ўтишга ундайди. «Чечакллар унгуси   кўзёшларимдан» дея Чўлпон ҳам бежиз айтгани йўқ».
Нафсиламрини айтганда, жавобдан сўнг якранг кайфиятли асарларга хайрихоҳлик билан, тушуниш кўзи билан қарашга ҳаракат қилдим. Гоҳо бунинг уддасидан чиқдим ҳам. Бироқ шуни ҳам тан олиш керакки, кўнгил ҳалигача оламнинг турфа рангларини ўзида жо этган асарларни қўмсайверади. Айни дамда мен яхши англаймнки, кўнгил истаги ҳақиқатни белгиламайди. Умуман, инсоннинг у ёки бу йўлга хайрихоҳлиги унга ўзга йўлларни хатодир, дейишга ҳуқуқ бермаслигини теран англамоғимиз жуда-жуда зарур. Биз ўзимиздан қандайдир масофага узоқлашиб туриб яна ўзимизга назар ташлашга ва шу янглиғ «ҳақиқат», солаётган нуқтаи назаримиз салмоғини қайта баҳолаш салоҳиятига эга бўлмоғимиз шарт. Шунда аён бўладики, даврани кенгроқ олиб, ёвузликни тарғиб қилмайдиган «изм»ки бор, барчасининг яшаши учун имкон берадиган мўътадил иқлим сари интилмоқ даркор.
Яна бир гап. Ҳар  қандай методда ёзилган асарнинг узоқроқ умр кўришининг шарти, фикри ожизимча, унинг замин билан, ундаги реал ҳаёт билан, одамларнинг тақдири билан қай даражада боғланганлигидадир. Яъни, асар ¬ – хоҳ у реалистик, хоҳ у модернистик ва ҳатто у хоҳ фантастик руҳда бўлсин, ўз ботинида шундай бир туйнук яширган бўлиши керакки, шу туйнук орқали биз ўз қиёфамизга, қалбимизга, қисматимизга нигоҳ ташлай олайлик. (Акс ҳолда у қайси «изм»га тегишлилигидан қатьи назар ҳеч нарсага арзимайди). Демак, айни туйнук бизни реал дунё билан боғлайди. Демак, асарнинг қиммати алал-оқибатда унинг ўзимиз билан, бизнинг қизиқишларимиз билан алоқаси қай поғонада эканлигига бориб тўхтайди. Демак, сўзни шунинг учун ҳам реализмдан  –  унинг бошқа барча методларни худди турли хил дарахтлар каби ўз бағрида етиштира олишидан бошлаган эканман. Демак, шунинг ҳам «модернистик йўл реализмга хизматкор бўлгандагина адабиётимизда яшашга ҳақли» деяётган адабиётшунос Сувон Мелини ниҳоят тушунгандек бўлаётган эканман…

ИЧ ВА ТАШ ОРАСИ

Руҳ ва вужуд учрашган жойда Изтироб дунёга келади. Санъаткор кўз очиб ўзини оралиқдан – Изтиробнинг қароргоҳидан топади. У бошқалардек қаршисидан чиққан йўллардан бирини танлаб, қолганига қўл силтаб кетолмайди. Чунки бу йўлларнинг бир учи реал дунёда бўлса, иккинчи учи санъаткорнинг қалбига – ботиний оламига туташиб кетган. У мазкур қутбларни муросага келтиришга уриниб, мақсадига етишолмаслигини билганига қарамай, чекаётган заҳмати завқидан воз кечолмай, унга мубтало бўлиб, аросатда яшайди. Бироқ ўзгалардан фарқ қилиб, санъаткор фароғатга дардни кечиб ўтиш орқали, қайғуларни қувончга айлантириб етмоқчи бўлади. Кўнгилда юксак туйғулар жўш урса-да, имконлар чизиғидан четга чиқолмай типирчилайди. Яшамоқчи бўлган-у, яшай олмай ичига ютган ҳаёти эртакка айланиб, тушига киравериб бағрини эзади. Ҳар саҳар уйғонганида ўзини Вужуди кўзига суқилган дунё билан қалби кўзига уринган Олам ўртасидаги чоҳдан топиб аланглайди… ва тахминан шу тарзда асар туғилади.
Бу – санъаткорнинг қисмати. Санъаткорнинг ҳаёти эса ана шундай поёнсиз изтироблар силсиласига қўшилиб ўтади. Ажаб, изтиробларнинг илдизи қаерга бориб тақаларкин? Эрих Фромм: инсон табиатнинг бир қисми бўлиши билан бирга унга аралашиб –синггиб кетолмайди ва бу унинг фожиавий қисмати, кўпгина изтиробларининг сабабчиси, деб ёзади. Мазкур қараш динлариинг аксариятида ҳам мавжуд. Уларда инсон заминга қувғин қилинди, алал-оқибатда эса Аллоҳнинг даргоҳига қайтади, дейилади. Тасаввуфда ҳам айни ғоя: “Яратган уммон бўлса, бандаси ундан бир томчидир ва қазоси етгач уммонга қўшилади”, тарзида учрайди. Демак, инсон ғайришуурий дунёга келишни аслий Ватандан маълум муддатга бадарға қилиниш, дея қабул қилаётгандек. Йўқса, санъаткорнинг сабабсиздек туюлаётган изтаробларининг сабаби нима? Ахир, унинг мушугини ҳеч ким “пишт” демади-ку! Роҳат-фароғатдан воз кечиб, ғам ва аламларга берилиб ўт, демади-ку!
Ойбекда: “Учиб ер тишлайди бир гала япроқ, Сасида қуёшнинг, баҳорнинг ёди…”, деган мисра бор. Бизнинг айни дамдаги таҳлилимиз қуйидагача: япроқ – бани одам у қачондир баҳорда қуёшни кўрган, нурларини гўдак янглиғ эмган. Энди эса… япроқ ерда. Энди уни қуёш ҳам, баҳор ҳам қучмайди. Балки япроқнинг ўзи қуёш ва баҳор ёдини маҳкам қучоқлаб олган. Эҳтимол, ушбу хотирадир ўша қамчи. Ва унинг ҳар бир зарби шоир ёдига аслий Ватанни тушираётгандир. Жалолиддин Румий: уч тоифа инсон бор, улардан бири ўзининг қаердан келтирилганини ҳеч эслай олмайди. Иккинчи тоифа улуқ-юлуқ хотирлайди. Лекин яна шундайлар бор-ки, улар бирон белгини кўришлари билан ўтмишлари ёдига тушади, деб ёзади.
Балки санъаткор ҳам шундай — ибтидони ғайришуурий ўлароқ хотирлай оладиганлар хилидандир. Йўқса, нечун у ўзини бунча қийнайди, ўтга-чўққа уради, мудом Нимадир истайди, мудом Кимгадир талпинади! Лекин ўзининг мислсиз дардига қарамай, зимдан севинади, бошқалар билмайдиган сирдан воқифдек, ўз қисматидан нолимайди. Унинг хотирасида дамба-дам “қуёш ва баҳор”нинг ёди жилваланиб турадигандек. Эҳтимол, санъаткорни одамлардан ажратиб узлатга судровчи куч ҳам шудир. Ҳар ҳолда у ниманидир билади, Румий ёзади: “Инсон… ғафлат соясида ўсиб улғайгандан кейин улуғ Аллоҳ уни заҳмат ва мужоҳадалар бағрига ташлайди. Мақсад – Инсонни ғафлатдан ювиб тозаламоқ. Шундан кейингина киши у оламга ошно бўлади». Агар инсонда ғофилллик қолмаса, у бутунлай ёниб кул бўларди, дейди ҳазрат бошқа ўринда.
Ҳар тугул санъаткор шу билан банд, шу билан тирик, шу билан касалланган, шундан шифо топаман, дея ўйлайди. Бинобарин, унга ташқаридан зуғум ва тазйиқ ўтказишнинг ҳеч ҳожати йўқ. Чунки дунёга келишнинг, инсон бўлиб туғилишнинг ўзиёқ унга етарли! Кўнгил Ич ва Воқелик –Таш ўртасида бир умр сурилиб ўтиш санъаткор учун битмас-туганмас малол ва азобдир. Аслида, аросатда қолган фақат санъаткор эмас, балки “Малак билими билан, ҳайвон билимсизлиги билан қутулади. Бани одам эса шу иккаласи ўртасида аросатда қолди” (Румий). Лекин бошқалар буни унутди. Унутолмаслик, аросатга тупириб, ўз ҳузурига берилолмаслик санъаткорнинг чекига тушди ва унинг ожизлиги ҳам, қудрати ҳам худди шу ерда яширин. Эҳтимол, шунинг учун Аллоҳ пайғамбаримизни бу ёруғ дунёга юборганида расули акрам: “Мени вуслатдан жудо этиб одамлар орасига юборяпсан”, дея изтироб чеккан (Румийнинг “Фийхи мо фихи” асаридан) бўлса ажабмас. Фромм эса инсон тўп-тўп бўлиб яшаш тарзидан якка ҳолда яшашга ўтяпти. Энди унинг учун орқага йўл йўқ. Инсон қўлдан бой берилган жаннатга қайта олмайди. Унинг ўзини кимсасиз ва қаровсиз ҳис этишининг асосий сабаби шунда. Инсон учун ягона маънили йўл – одамлар билан фаол муносабатда бўлиш, муҳаббат ва меҳнатдир, деб ёзади. Тўғри, лекин, барибир, олдинда Висол илинжи бордирки, одамзод сўнгги дамда эзгуликни таниб, шунга ҳатто ички эҳтиёж сезаверади. Йўқса, ҳаёт туғилиш ва ўлим оралиғидангина иборатлигига тўлиқ ишонилганда эди, башариятнинг маънавияти ҳозиргисининг юздан бирича ҳам бўлмасди. “Барибир мен интиқ яшайман, Ҳув олдинда бор каби Шавкат”, деб ёзади шоир илҳом онларида.
Дарҳақиқат, санъаткорни гоҳ ҳеч қандай аниқ сабабсиз изтиробга солиб, гоҳ ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ унинг кўкларда “парвоз” қилиб юришига омил бўлган Нимадир, Кимдир парданинг орқасида муҳаққақ мавжуддир! Инсоннинг илдизи ўша руҳий оламга бориб тақалар экан, у ҳеч қачон бу дунёда мутлақ озод булолмайди. На маъмурлик ва на мукаммал ижтимоий таъминот уни бутунлай овутади. Булардан фойдаланган ва қувонгани билан инсон у ёки бу кўринишда ўз илдизи томон талпинаверади. “Ахир, ҳақиқий озодлик орзуси балки ўша асосга бориб қовушилгандагина рўёбга чиқар”, деган фикр уни то шу оламга қайтмагунича безовта қилаверади, қийнайверади:
Парча-парча бўлдим, қайдасан?
Юрагимда жарлик,  қайдасан?
қулаб тушмоқдаман, қайдасан?
Ёл“излигим – зўрлик, қайдасан?
Парча-парча бўлдим, қайдасан!
Бу дунёда поёнига улашилмайдиган ушбу изтироб инсонни, кўпинча, санъатга ошно қилади. Айни ўринда санъат ижодкор дардига қўйилган малҳам вазифасини ўтайди. Ва бундай асарлар санъаткорнинг инсонлик – бандалик бурчининг маҳсули ўлароқ кўз ёради. Унинг фуқаролик бурчи эса яхшилик, мустақиллик, Маънавият, тараққиёт… тўғрисида асарлар битишга ундайверади ва бу ўринда кўнгилда туғилган изтироб – кайфият илдизини заминдан, жамиятдан топса бўлади. Яъни у парданинг бериги – биз турган томонидадир. Санъаткорнинг икки фазодаги икки хил изтироб – кайфиятини бири иккинчисига дахл қилмайдиган, шу билан бирга, ўзаро муносабатлари уларнинг мавжуд эканлигидан англашиладиган икки мустақил ўлкага менгзаш мумкин. Лекин аксарият санъаткорлар фуқаролик бурчини ўташгагина қодир ва мажбур. Бунинг сабаби, аввало, ижодкорнинг табиати, тарбияси, дунёқараши ва замонасининг зайли каби муҳим унсурлар билан жипс боғлиқ. Фитрий жиҳатдан унча бақувват бўлмаган санъаткор муҳит ва тарбия иҳотасидан чиқолмаганлиги туфайли собиқ шуро даври санъатида фуқаролик бурчи маҳсулоти салмоқли ўрин тутди. Табиатан кучли, қалбига илоҳий нур қуюлиб тургувчи санъаткорлар эса зўравон мафкуранинг тазйиқига қарамай, фуқаролик бурчи қобиғини гоҳида ёриб чиқиб, асарлар ярата билганлар. Шўро замонида яратилган ва бугунги кун учун ҳам қимматли ҳисобланувчи асарларнинг моҳияти шунга яқин. Улар одатда, нисбатан умуминсоний ва умумзамондир.
Фуқаролик бурчи вақт ўтиши, мафкуранинг янгиланиши билан ўзгариб боради ва унинг асосига қарамай, “Жамият учун қайси бири муҳим?” – деган савол қўйилар экан, уларнинг ҳар иккиси ҳам бир-бирини тақозо қилиб турган қутблардек зарур, деймиз. Чунки нима бўлгандаям, санъаткор ҳар нарсадан олдин Инсон ва у ўртада – Кўнгил ва Дунёнинг исканжасида – уларга суяниб, уларни суяб яшайди.

Ш А Х С

Анчадан бери шу сўз устида, у ифода этаётган маъно ҳақида, маънони ўзида жамлаган зот тўғрисида ўйлайман. Бироқ улкан ҳодиса борасида шошиб фикр айтиш мени қанчалик чўчитаётган бўлса-да, у ҳакда тайинли бир гапнинг рўёбга чиқмай ётгани шунчалик ташвишга солмоқда. Ваҳоланки, шахс нафақат бугуннинг, балки эртанинг ҳам халоскоридир.
I
Шахс тарбиясига киришган жамиятни узоқ масофага югураётган спортчига менгзаш мумкин. Спортчини олдинда машаққат-ла олинажак МАНЗИЛ кутмоқда. УНГА етишиш учун спортчидан меҳнат билан бирга санъат-да талаб этилади. Яъни унинг учун ҲОЗИР жуда муҳим.
Хўш, шахснинг ўзи ким?
Шахс — аввало, инсонлик даражасига кўтарилган зот. Бу инсон озод, мустақил. Бироқ у одамлардан айрилиб тарки дунё қилган зоҳид эмас. Шахснинг озодлиги РУҲИЯТИДА. Ҳа, унинг руҳи, фикри ҳур ва доимий ҳаракатда. У ҳар қандай қолипларни, ҳатто кишилик тараққиётига заррача тўсқинлик қилгувчи минг йиллик ҳикматлар қафасини-да синдириб яшайди. Ҳамда инкор қила туриб таклиф, таклиф этаётиб инкор қилади. Шахс шундай яшайдики, унга эргашганлар устозларининг таъсир доирасида қолиб кетмайдилар. Аксинча, унинг тарбиясини кўрган шогирд агар лозим бўлса, ҳатто уни бутунлай инкор этишга-да қодир бўлиб етишади. Зеро, шахснинг ўзи шунга — олдинга ундайди. Бироқ, у ҳар қандай амални эмас, балки инсоннинг моҳиятига уйғун, уни бугундан яна-да қадрлироқ истиқбол сари бошловчи танловни ёқлайди.
Шахс зоҳирий тартиботга ўз ботиний олам тартибларини татбиқ этиши, яъни жамиятда шу йўсин янгориш ясашга уриниши мумкин. Мабода, бунда инсоннинг манфаатларига зид нимадир кўринса, шахс ҳар қандай орзу-ниятлардан воз кечишга ўзида куч топа олади. Яъни у бир киши мақсадлари йўлида бошқаларнинг қурбон бўлишини истамайди. Шахс ҳар қачон адолат томонида туриб курашишга интилади. У эзилган халқининг озодлиги йўлида жанг қилганидек, ўз миллатининг ўзгалар устидан ҳукмронлик ўтказишига ҳам рози бўлмайди. Шахс ўз худбинлик қобиғини ёриб чиққан зот. У фақат ўзинигина ўйлашдан ниҳоят уялган, ўзгалар тўғрисидаги ташвишга эса эҳтиёж сеза бошлаган кишидир. Шахс яхшилик қилиб, балиқнинг билиш-билмаслигидан қатьи-назар дарёга ташлаб кетавериши мумкин. Зеро, унинг карами ўзгалар мақтовига муҳтож эмас. Шахс ўзини ўзи тақдирлайди, аёвсиз танқид қилади.
П
Шахс ҳам бошқалар қатори қариндош-уруғига меҳр кўрсатади, кези келганда, уларни ҳимоя этади. Бироқ ақраболик адолат сарҳадларига раҳна солмаслиги керак, деб билади ва маҳаллийчиликдан росмана ор қилади. Маҳаллийчилик — ибтидоий одамга хос туйғу. Кишилик жамияти ривожланган сайин инсон ундан қутула боради. Ниҳоят, уруғпарастлик ўрнида фикр ва ғоялар атрофида бирлашиш бошланади. (Шахс ғоя учун курашади, аммо унга сиғинмайди. Инсон ғояга эмас, ғоя инсонга хизмат этиши зарур деб билади). У ўзи ва яқинларига раво кўрганини бошқаларга-да тилашда қалбида монелик сезмайди. Аксинча, шундай қилингандагина, у ўзини инсон ўлароқ ҳис этади. Ўз устида тинимсиз ишлаган, матоҳ кўйлакни эмас, балки шоир айтмоқчи, «фикр кўйлагини кетма-кет алмаштиришга эҳтиёж сезиб яшаётган киши, яъни шахс тобора инсонга—ўзига қизиқа боради. Ниҳоят, ўзи келиб чиққан уруғдан ботинан узоқлашади, ёлғизлашади. Назаримда, бундай яккаланиш аслида унинг яна-да теранроқ мазмун касб этажак, самимий муносабатлар асосида яшаяжак инсонлар жамиятини қўмсашидан туғилади.
Шахс ўзини, аввало, ўзи текширади, кузатиб боради. У ўз ички назоратидан ўтгандан кейингина қарашларини кўпчилик ҳукмига ҳавола этади. Шахсни матор янглиғ ҳаракатга келтирадиган куч унинг фитратидир, ўзлигию зотидир.
XX асрнинг йирик психологи Карл Густав Юнг «Ўзи шахс бўлмай туриб, кишининг шахс тарбиялаши мумкин эмас», деганидек, тарбияланувчининг ўзи шахс юксаклигига кўтарилган зотлар на улар асарлари билан танишиши фавқулодда ижобий натижалар бериши мумкин. Ахир, улар орасида шахс бўлиб етишажак ниҳоллар бор ва ҳар бир шахс тўдда-тўда одамлар қилолмаган, балки ҳеч қачон уддасидан чиқолмайдиган амалларни бажаришга қодир.
Агар киши жамиятда ўзини намоён этиш имконларини топмас экан, ором топмайди. Унинг воқеликка айланмай тўпланиб қолган эҳтироси аста-секин инсоннинг ўзини эза бошлайди. Шунга кўра, жамиятнинг ҳар бир аъзоси фақат ўзигагина муносиб фаолиятда бўлмас экан, унинг муаммолари бора-бора умумнинг ташвишига айланаверади. Шахс — моҳиятига уйғун фаолиятда ўзини тинимсиз намоён этаётган зот! Бироқ шахс темиртан эмас. Ҳиссиз, дардсиз, совуқ ақл билангина иш курадиган робот эмас. У ҳам бошқалардек иккиланади, азоб чекади… лекин ниҳоятида шахс ўзигагина фойдали бўлганни эмас, ўзгага-да, ҳеч қурса, малол келмайдиган, зарар қилмайдиган йўлни танлай олади.
Бугун шахс тарбияси билан шуғулланиш жамиятнинг эртанги кунига умид уйғотади. Шу маънода, башарият қўлга киритган улкан ютуқларнинг, тараққиётда ва, айниқса, тафаккур тадрижида бурилиш ясаган ҳодисаларнинг таржима-ю тарғиби шу куннинг муҳим вазифаларидан. Менингча, замоннинг ўзи ушбу масъулиятни зиёлиларимиз виждонига ҳавола этмоқда.
Ш
Эсимда, мактабда ўқиб юрган кезларим Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов асарлари, улар тўғрисидаги баҳсу мунозаралар, аҳён-аҳёндагина радиодан бериладиган Шерали Жўраевнинг мағрур жарангловчи қўшиқлари гўё зўр учқун каби қалбимга тушарди. Назаримда, аввало ботиним, қолаверса, ана шундай учқунлар мени Тошкентга етаклаб келди. Мен билишга, ҳайратланишга чанқоқ эдим. Шаҳарнинг адабий муҳити ва кейинги тажрибалар натижасида секин аста Рауф Парфи каби шоирларни тушуна бошладим, ҳайратландим. Айни пайтда, яна Бобур, Камю, Кафка, Хемингуэй, Айтматов, Румий, Гассет, Фромм сингари ўнлаб «наҳанг»ларга дуч келдим. Ниҳоят, буларнинг барчаси сеҳрли бир оламнинг дебочаси эканлигини англадим. Мен олис бир қишлоқдан руҳимни банди этган адабиётнинг моҳиятига етаман деб келгандим. Аммо уринишларимнинг ҳаммаси кўзимдаги боғични олиб ташлашгагина етди. Энди мен рўбарўмда адабиётга тегишли чексизликни, имконлар ва тимсоллар беҳисоблигини идрок қилаяпман, ҳаяжонланаяпман. Ниҳоят, мен хурсандман. Фақат агар етарли даражада маълумот топилганида, йигирма ёшимда ўзимга сингдиришим мумкин бўлганларимни ўттиз ёшнинг остонасидагина аранг илғаяпман. Тафаккур ва кўнгилнинг ажаб-товур топилмаларидан ғофиллик менинг — йигарма саккиз ёшли йигитнинг умри мисолидан шуни кўрсатаяптики, бу киши камида ўн йил ютқазибди. Демоқчиманки, ниҳолнинг ривожи қандай навдан эканлиги билан бирга, унга бўлган парваришга-да боғлиқ бўлганидек, ўсиб келаётган боланинг ақлан, фикран ва ҳатто ҳиссан тарбияси ҳам кўп томондан унинг эътиборига ҳавола этилаётган нарсаларга қарам. Бинобарин, топганимизни эмас, аввало, жаҳон тараққиётидаги энг сара асарларни, кашфиётларни болаларга тақдим этиш зарурки, токи улар ҳам Абдулла аканинг «тилла балиқча» сидек оламни ҳовуздан иборат деб ўтиб кетмасинлар.
IV
Чинакам эҳтиёж туғилмагунча ҳеч бир нарса ўзининг ҳақиқий маъносида юз очмайди. Эҳтиёж туғилди! Бизга шахслар керак! Аммо уларни тарбиялаб вояга егказиш ўзимизга боғлиқ. Эҳтиёж туғилди ва унинг «инга»лари бизни ҳаяжонга солмоқда, чорламоқада… Биз эса «Ассалому алайкум!» деймиз. Чунки асрлардан буён ҳувиллаб ётган бу кўҳна даргоҳга мағрур одимлаб яна ЗОТЛАР(ШАХСЛАР) келаётир!» – деб ёзса камина, «Ассалом, эркин ижодий руҳ!» деб Раҳмон Қўчқор, «Ассалом, эркинлик!» деб эса Баҳром Рўзимуҳаммад ҳаяжонга тушади. Ҳўш, нега бундай «салом»лар кўпаймоқда? Фаҳмимча, улар ўз ботинларида туғилган ва намоён бўлишга, яшашга интилаётган янги бир кучни илғагандек. Шунга кўра, йигитлар аллақандай кимсаларга эмас, балки ўз кўнгилларида ўсиб-кўтарилиб келаётган ва ҳаетга, қарашларга ўзга бир тарз бергувчи янгоришга пешвоз чиқмоқдалар! Табиий янгоришлар ҳамиша қувончли, уларнинг тинимсиз такрорланиши эса ШАХСЛАР ЯШАЯЖАК КЕЛАЖАКДИР!
Чақалоқ туғилди, бироқ у ҳали инсон эмас. Чақалоқ — башариятнинг инсон бўлиш йўлидаги навбатдаги уриниши, холос! Яъни у — ҳали ҳеч ким, аммо олдинда чақалоқни буюк бир шараф—инсонлик кугмокда. ШАХС эса КОМИЛ ИНСОНЛИК САРИ ТАШЛАНГАН ҚАДАМ! Сермашаққат ва муқаддас йўлда сенга-да Худонинг ўзи ёр бўлсин ЎҒЛИМ!

ИЗТИРОБ ЧЕКАЁТГАН «МЕН»

Кейинги ўн йиллар шеъриятига назар ташлаш учун истасак-истамасак орқага, камида 30 йил нарига қараш мажбуриятини ҳис қиласан киши. Чунки бугунги кунимиз шеъриятининг илдизлари анча олис теранликлар бағрига улангани аниқ. Айни ҳақиқат адабиётнинг, аввало, ўз ички қонуниятларига бўйсуниб яшашини кўрсатади. Яъни у ҳамма вақт ҳам сиёсий-ижтимоий ҳаётга жўр бўлавермас эканки, буни ХХ аср ўзбек адабиётини даврлаштириш масаласида эътибордан соқит қилмаслик шарт!
90-йилларда Ҳ.Аҳмедова, А.Саид, А.Қутбиддин, Б.Рўзимуҳаммад, М.Юсуф, С.Саййид, Н.Остон, З.Мирзаева, И.Субҳоний, С.Ашур, Иқбол Мирзо, В.Файзулло, К.Норқобил, Минжоҳиддин Мирзо, А.Ҳайит, П.Содиқ, Г.Тоғаева каби ўнлаб шоирларимизнинг тўпламлари нашрдан чиқди. Умумлаштирувчи жиҳати – сийқа ижтимоий мавзулардан тийилиш, асосий эътиборни кўнгилга қаратиш, шартли маънодаги «соф лирика» яратишга уринишдир. Аср боши ўзбек кўнгил шеърияти энг кўп Чўлпон номи билан боғлиқ бўлса, 60-йилларга келиб бу йўналиш ўзининг янги тўлқинини кашф этди. 70-йиллар шоирлари ҳатто ижтимоий мавзуларни «мен»нинг, кўнгилнинг лирикасига айлантира билдилар. Чунки Чўлпондаги сингари уларда ҳам ижтимоий ғоя – кўпнинг, халқнинг мафкураси ўз (шоир) идеалларига тенг келди ва шоирда шахсийлашди. Натижада, ижтимоий-сиёсий мотивли шеърнинг ўқувчига таъсир қуввати лирик-интим кечинмали шеърникидан ортиқ бўлса бўлдики, асло кам бўлмади. 90-йиллар бошларидаги шеъриятда бу хусусият йўқ даражада. Бир қарашда шоирлар майдалашиб кетгандек, гўё ўз қалбларининг қуёш нури тегмаган пучмоқларида ивирсиб қолгандек. Лекин бу илк таассурот, холос. Моҳиятига тушилган сайин эса бир вақтлардаги  «коллектив мен»дан шахс «мен»и томон ҳаракатнинг шоҳиди бўламиз. Яхшидир-ёмондир, бундан қатъи назар, улар ўз ботинларининг сеҳрли оламларини борича кашф этишга бел боғлашганга ўхшайди. Дарҳақиқат, файласуф Гассет айтмоқчи, кўз қорачиғини кўнгилга қаратиб, у ердагини ташқарига – шеър деб аталмиш мамлакат кенгликларига рангин байроқ каби тикишнинг умри анча узоқ, сурури анча ҳаётбахш. Бироқ айни пайтда нимадир етишмаётган каби улар ижодидан кўнглинг тўлмайди, ўқийсан, ўқийверасан-у, бир қарашда бири биридан чиройли шеърлар маънавиятинг эҳтиёжини қондирмаётгандек. Тўғри, кўнгил қўйса бўладиган шеърлар ёзаётган шоирларимиз оз эмас. Бироқ ҳар бири ижодини алоҳида олганда яхши асар замиридагина яшовчи яхлит изтироб  – кечинмани тутишда ўқувчининг кўп-да омади келавермайди. Ахир, кўнгил Қайсни Мажнунга айлантирган – Ишқ сингари кечинмани – ўқувчининг табиату тақдирига монанд жарангловчи, идрок этилган Изтиробини соғинади. Эсингизда бўлса, бундай кечинма билан биз Чўлпондан кейин соддароқ шаклда (ижтимоий моҳиятда) А.Орипов, мураккаброқ тарзда (руҳнинг ҳайқириғи тарзда) Р.Парфи шеърияти орқали танишгандик. 90-йиллар, айниқса, ёшлар шеъриятида худди ўша ўқ чизиқ – Идрок этилган Изтиробли Кечинма етишмайди. Аксинча, назмбозликка берилиб, чиройли ва бежирим шаклларни кашф қилишга ружу қўйиш ҳамда бу борадаги айрим муваффақиятларга (А.Қутбиддин, А.Ҳайит, А.Саид, П.Содиқ ижодида) эришиш баробарида Кечинма – шоирнинг қисматидан келиб чиққан – Пафос бой берилаётгандек. Айни пайтда, масалан, Б.Рўзимуҳаммад, А.Қутбиддин, Ҳ.Аҳмедова, С.Саййид, Иқбол Мирзо, А.Ҳайит, Р.Раҳмат ва О.Набизода каби шоирларнинг бир-бирига ўхшамаган шеърларида айни шу хусусият етишмаётгандек. Хўш, нега? Чунки жамиятда катта кўламда, тубдан юз бераётган ўзгаришлар, турли даражадаги таъсиридан қатъи назар, энди-энди тинишга юз тутган  талотўп ичкарида – шоир ботинида, қалби ва ақлида давом этмоқда. Ва шоир унинг бетартиблиги етказган таъсирдан озод бўлиб, масалан, шеъриятга, унинг бутун хусусиятларини қамраб олган ҳолда, максимал даражада тўғри баҳо бериш имконига ҳали эга эмас. Бинобарин, 90-йиллар шеърларида ўша ўқ чизиқ – Кечинмани дам кўриб, дам кўрмаслигимиз табиий. Демак, «Хамса»дек асарни тақдим этиш учун ижодкорга нафақат Навоийдаги истеъдод, мустаҳкам иқтисодий замин, у яшаб турган мамлакатнинг моддий-маънавий таъминланганлиги, қудрати, йўналиши зарур, балки айни пайтда уни тушунадиган ўкувчи, ўқувчини тарбиялаб етиштирадиган иқлим ҳам шарт экан. Хўш, бизда иқлимсизлик ҳукм сурмоқдами? Йўқ, албатта. Фақат иқлимларнинг ўрин алмашиш жараёни ташқарида –жамиятда, ичкарида – инсоннинг ботинида кечмоқда, холос. Жараён тугалланиб, ҳар икки маконда ҳам ўзининг узил-кесил барқарорлигига эришмагунча, биз ўз Навоий ва Чўлпонларимизни қадрлай олмаймиз. Ҳатто улар ҳозир орамизда юрган бўлишса-да! Зеро, хаоснинг табиати ва ундан келиб чиқадиган таъсирлар тахминан ана шундай моҳиятдадир.
Маълумки, 60-йиллар шеъриятининг бир илдизи, айниқса, шакл, ифода бобида, мумтоз адабиёт ва Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом каби шоирлар ижодидан сув ичса, бошқа бири Пушкин, Лермонтов, Есенин сингари рус шоирлари поэзиясига боғланади. 70-йилларнинг истеъдодли вакиллари шеъриятида салафлар ашъорининг асосий фазилатлари – вазн, оҳанг, ифода усули… деярли сақлаб қолинди. Айни пайтда, мавжуд шеърият шаклларини бузиб, дунё адабиётининг илғор йўналишларидан озиқланган ҳолда янги ифода усулида шеърият яратишга муваффақ бўлганлар ҳам улар орасида.
90-йиллар ёшлар шеърияти моҳиятни ифода қилиш усулига кўра асосан уч хил. Биринчиси, халқона оҳанг бўлиб, ушбу усулнинг вакиллари М.Юсуф, С.Саййид, Иқбол Мирзо, Минҳожиддин Мирзо каби шоирлардир. Улар ижодининг ютуқ ва камчилиги айнан шу улубда яширин. Уларнинг шеърлари ўқувчига тез етиб боради, тез сингади, шу билан бирга тез унутилади ҳам. «Унутилади» деганимиз шу маънодаки, уларнинг таъсир муддати – ўқувчининг юраги ва онгини ғалаёнга солиш вақти тез кечади. Чунки бундай шеърлар ўзининг ўйноқи ва енгил оҳанги боис киши кайфиятига кучли таъсир этиш баробарида, айнан юқоридаги хусусиятларига кўра енгил «ҳазм» бўлади.
Шу ўринда кичик бир мулоҳаза: халқона ифода усул ўз моҳиятига кўра, асосан, кўпчилик тушуна оладиган кечинма-маъногагина изн берар балки… Демак, бу оҳангдаги шеър муаллифининг эл орсида машҳур бўлиши табиий. Бунинг акси ўлароқ, силлогизм  модерн усулидаги шеърият эса ҳамиша хос кечинмага асосланиб, ўз навбатида хос шаклни тақозо қилади ва шу тариқа, шоир истаса-истамаса, хос кишилар – элитанинг ижодкорига айланади.
Навбатдагиси – анъанавий йўналиш. Бу йўналишдаги шоир янги шакл. Янги ифода усулини қидириб ўзини уринтирмайди. Балки туйғуларини мавжуд ва кенг истеъмолдаги шаклга солади. Ҳ.Аҳмедова, Э.Шукур, А.Маҳкам, Р.Субхон, А.Жалил, З.Мирзаева, С.Ашур, К.Норқобил, Г.Тоғаева, С.Рауф, М.Хожиматова, С.Қиличева, Ойгул каби шоирлар ва умид билан энди илк китобчаларини чиқарган кўпчилик ёш ижодкорлар шеърларини кузатганимизда, уларнинг анъанавий услубга кўпроқ мойилликларини сезамиз. Анъанавий йўналиш халқона ва учинчи – модерн руҳдаги шеърият ўртасида гўё бир кўприк.
Модерн шеърият шоирнинг ўз кайфияти учун янги ифода қидириши билан боғлиқ бўлиб, унинг бир ирмоғи шеъриятнинг ўз ички моҳиятидан бошланса, бошқаси жамиятдаги ижтимоий-маиший жараёнлар бағридан сизиб чиқади. А.Қутбиддин, Б.Рўзимуҳаммад, А.Саид, Фахриёр, А.Ҳайит, Хайрулло, О.Набизода каби шоирларимизда ана шундай хайрли изланишларни кузатамиз. Албатта, айрим шоирларда ҳамма йўналишларга хос шеърлар ҳам учраб туради. Лекин умумлаштирувчи хулосалар чиқариш нуқтаи назаридан ҳар бир шоир ижодини алоҳида олиб тадқиқ этганда, улар асосан юқоридаги уч йўналишдан бирига кўпроқ мансуб эканлиги аён бўлади.
Хўш, бугунги шеъриятимиз шунчалар ранг-баранг экан, нега унда бугуннинг Чўлпону Усмон Носирлари йўқ? Ҳозир жамиятда яхшидир, ёмондир – ҳаракатлар турли-туман… Одамларнинг дунёқараши, имкони, қизиқиши, эстетик диди… ҳамма-ҳаммаси ўзгарди, турфаланди. Шундай экан, ҳар қанча яхши ёзгани билан бир шоирнинг ҳаммага бирдай мақбул бўлиши энди қийин. Бу – масаланинг бир томони. Унинг иккинчи жиҳати шундаки, 90-йиллар шеъриятида шу даврнинг руҳи, замондошнинг қайноқ нафаси, ўй-ҳасратлари, изтироб ва қувончлари… юксак бадиий тизмаларга етарли даражада кўчирилмаяпти. Халқона ва анъанавий услубларда ёзадиган шоирларнинг шеърларида бадиий асарнинг энг зарурий унсурларидан бири – самимият уфуриб туради ва у ўқувчининг қалбида акс-садо уйғотади. Бироқ қай бирларида фалсафий теранлик, қай бирларида «мен»дан ўтказиб идрок этилган изтиробнинг шеър бадииятига сингдирилган тиниқ суврати етишмайди.
А.Қутбиддин, Б.Рўзимуҳаммад, А.Ҳайит, А.Саид каби шоирларимиз шеърлари ўзининг юксак ва нозик бадиияти, санъаткорона пишиқ ишланган қуйма мисралари, чақмоқдек чақиб, хотирага михланиб қолгувчи ташбеҳ, истиора, ўхшатишлари, ниҳоят, қай бирларидаги жунун, қай бирларидаги фалсафий мушоҳада чуқурлиги ўқувчини ғаройиб олам – хаёл ва тасаввурлар дунёси сари етаклайди, унинг кўнглига ҳисобсиз завқу қувонч бағишлайди. Айни пайтда уларни ўқиб, «ижтимоий мен», яъни шахс қудратини, машрабона жунунни, теран идрок этилган изтиробли кечинмани соғинасан, киши. Шу билан бирга, юқорида номлари қайд этилган шоирларнинг кўплаб шеърларида сўзга зеб бериш, чиройли ва оҳангдош калималарни қалдирғоч болаларидек тизиб қўйишга интилиш натижасида шеърнинг туғилишига сабаб бўлган илк туйғу – дарддан узоқлашиш бор. Шу боисдан бўлса керак, баъзи шеърлар зўрма-зўраки, жиддий бир юксиз, фақат шеър ясашу маҳоратни намойиш қилиш учунгина ёзилгандек таассурот қолдиради. Мана, бир мисол:
Кечиринг, онажон,
Бугун ёнингизга бора
олмадим.
Чиқай десам,
Кулча бўлиб ўлиб
қопти йўл.
Оч эди беш кундан
буён –
Тановул қилмаган
бирорта қадам.
қириб четга ташлай
десам,
Хокандозни йўқотиб
қўйибман.
Қўлимда сояандоз,
Соя йиғиб юрибман –
Чойнак тўла соя
қайнаётир,
қозон тўла соя
пишаётир.
Беш кундан  буён
Хаёлсоя – ғизоним,
Аҳлсоя – жазоим,
Тасаввурсоя – сазоним.
Қўлимда сояандоз…
Биров ичкари кирди,
Ғафлатда қолдим.
Онажон, мени кечиринг,
Яқинда бораман,
Фақат айтинг –
Соя олдин кирдими,
Одам олдин кирдими,
қай бирини олай
сояандозга?
Шеърнинг биринчи байти – хабар, иккинчиси фавқулодда ташбеҳ –  «Чиқай десам Кулча бўлиб ўлиб қопти йўл». Қолганлари эса шеър ясаш йўлидаги чучмаллик. Чунки дард қуюқ эмас, дидга илашмайди. Бори ҳам бежирим сатрлар тизиш иштиёқи қаърига (бежирим сатрлар бағрига эмас!) ғарқ бўлган, йўқотилган. Лирик қаҳрамоннинг беш кундан бери онаси сари йўлга чиқолмай, фақат хаёл билан озиқланиб, ақлдан жазо олиб, тасаввурида сазо этилганча паришон бўлишига қарамай, кўнгил «жиз» этмайди. Ахир, мисралар ҳар қанча оҳорли кийиниб, олифта бўлмасин, ичи – қуруқ. Шеърдан ҳатто лирик қаҳрамоннинг ғафлатда қолиши оқибатида ботинига кимдир кириб, бутун дунёсини пароканда этади, у ўзининг соясига, соясининг ўзига айланади.
Янги ифода шаклларини қидиришга керагидан ортиқ ружу қўйиш натижасида ҳар қандай яхши шеърнинг ўқ томири – Кечинма мавҳумлашган, ҳатто баъзан «унутилган» шеърлар Хайрулло ва П.Содиқ ижодида янаям кўп учрайди. Эҳтимол, бу ҳам қонуниятдир.  Ахир, мўлжалга уришгача мерган ҳам қанчадан-қанча ўқни ёнбошга отади ва уларни биз беҳуда кетди деёлмаймиз-ку! Лекин шу билан бирга ўқувчида нима гуноҳ? У ҳам нишонга теккан шеърни топгунча шоир билан баробар изланишга мажбурми?..
А.Саидбек навбатдаги шеърини ўқиймиз:
Тақдир саройига
фаррош тутиндим,
Дилимга сув сепиб
ғамни супирдим.
Келмади меҳмон-эй,
Келмади меҳмон.
Биз гўё илон жодусига учраган қурбақа сингари чўнг бир ҳузуннинг комига тортила бошлаймиз.
Фироқ дўконининг
соқийси бўлдим,
Ҳар жомга мавжланиб
мен ўзим тўлдим.
Келмади меҳмон-эй,
Келмади меҳмон.

Очдиму бехушлик
эшигини ланг,
Куй чалдим, кўз –
машшоқ, умр эса чанг.
Келмади меҳмон-эй,
Келмади меҳмон.
Шеърнинг ҳар бир компоненти – сўз, сўз бирикмаси, мисра, ташбеҳ, истиора – барча-барчаси шоир қисматидан акс-садо бўлиб чиқаётган маҳзун, айни вақтда, дилрабо нидонинг табиатига мувофиқ жаранглайди, шоир мақсадига ажойиб тарзда сингишиб кетади, унинг аъло даражада рўёбга чиқишини таъмин этади. А.Саид шеъри мумтоз шеъриятнинг маснавий жанрида ёзилиб, айни пайтда унинг чегарасини бузиб ташлайди. «Келмади меҳмон-эй, Келмади меҳмон», дея ҳар байтдан сўнг такрор бўлаётган ўйноқи оҳангдаги қайғули эътироф шеърни, аввало, шаклан, сўнг мазмунан юқоридаги жанр қолипларидан ташқари олиб чиқади. Эътибор беринг: «Ўйноқи оҳангдаги қайғули эътироф», дедик. Худди шу ўриндаги контраст – шаклий ўйноқилигу мазмуний маҳзунлик ҳам шеърнинг мўъжаз драматизмни кучайтирган. Яна «Келмади меҳмон-эй, Келмади меҳмон» нақоратига шоир даврнинг қайноқ нафасини жойлаганки, бу ҳол замондош ўқувчини ўзига жалб қила олади. Энг муҳими, шеър теран бир дардни, инсоннинг фожиявий қисматини идрок этишдан табиий равишда туғилган ва ўз моҳиятига муносиб, ўтмишу бугуннинг адабий тажрибаларига мос тарзда кийинган – шаклу шамойил олган…
Истардикки, Истиқлолдек табаррук ва, умуман, ҳар қандай мавзуда хоҳ салмоқли роман, хоҳ жажжи бир шеър ёзмоқчи бўлган ижодкор ҳар нарсадан олдин ана шу «мен»га – изтироб чекаётган «мен»га эга бўлса…
СОҒЛОМ НАЗАР
ТАСАВВУФ ВА ЭКЗИСТЕНЦИАЛИЗМ
ИНСОН ДОИМО НИМА БИЛАНДИР ОВОРА. Чунки турмуши янада яхшироқ бўлишини истайди, яъни оворалик унинг ўзига, ҳузур-ҳаловатига қаратилгандир. Бироқ бу ҳамиша ҳам инсоннинг ёдида туравермайди. Баъзан эса, бундан — эсда тутишдан у зерикади ҳам. Шунинг учун инсон яна овора бўлади, пўртана юзига тушиб қолган хас янглиғ бора-бора буюк қудрат — ўлимнинг комига тортилади. Хасдан фарқли ўлароқ, бани одам ўз ҳаёти давомида аянчли қисматига қарши гоҳо исён қилади ва бунинг натижаси сифатида муайян хулосаларни чиқаради. Хулосалар унинг бирдан-бир нажоткори бўлиб майдонга келади. Улар ўлаётган кишини ўлимдан қутқариб қололмасалар-да, ўлимнинг даҳшатидан асрай оладилар. Аслида, улар ҳам ўлимга йўллайдилар, бироқ шундайки, оқибатда инсон ваҳм босиб эмас, бамайлихотир йўл олади ўлим сари.
Афсуски, яна оворалик, яна унутиш ва яна заифлик. Инсон турмуш билан чалғиб, хулосаларни унутади ва ёлғиз қолади. Шу ўринда у керакли жойда сеҳрли сўзларни эсидан чиқариб гангиб қолган эртак қаҳрамонига ўхшайди. Дарҳақиқат шундай, яъни инсоннинг энг улкан заифлиги — ўтмишни ва ўтмиш сабоқларини унутганлигида. Шунга қарамасдан, заифликнинг энг қуйи чегарасида инсон унутилганни хотирлашга эҳтиёж сезади. Айни вақтда хотирлаш нажотдир.
Экзистенциализм — яшаш, мавжудлик деган маъноларни англатади. У “Ҳаёт фалсафаси” деб ҳам юритилади. Бу сўз XIX аср охирларида даниялик файласуф Киркегор томонидан истеъмолга киритилган. Экзистенциализмнинг хос хусусияти иррационализмдир (иррационализм — ақлу мушоҳада билан дунёни билиш мумкин эмас, уни билиш воситаси, сезги, интуициядир деган оқим — У. А.). Чунки у ақл борлиқнинг энг пинҳоний сирларидан бохабар бўлолмайди, тафаккурнинг билиш имконияти чеклангандир, инсон фақат савқитабиий орқалигина дунёни англайди ва турмуш билан ўралашиб қолган ўз “мен”ини топади, дейди.
Тасаввуфда (тасаввуфнинг кўпгина оқимлари мавжуд; биз ўз ишимизда нақшбандия тариқатига суянамиз ҳам худди шундай қараш бор. Унга кўра, инсон ўз  нафсига ҳоким ва Оллоҳга таслимлик орқали дунё сирларидан воқиф бўла боради. У комил инсон даражасига етибгина илоҳий маърифатдан баҳра топади. Илоҳий маърифатдан баҳрамандлик оламни билишдир. Бунга фақат қалб ва руҳ қодир, ақлу мушоҳаданинг эса кучи етмайди.
Экзистенциализм намояндаси Алберт Камюда “абсурд одам” тушунчаси бор. У ҳатто ўзини ҳам шундайлар сирасига киритади. Бу одам ҳаётни беъманиликдан иборат, деб билади. Бемаънилик (абсурд) инсонда ҳам, дунёда ҳам эмас, балки уларнинг туташган жойида, яъни инсон истаклари ва уни ўраб турган дунё бир-бирига мос келмайди, беъманилик шунда, дейди, у. Камю назарича, абсурд ўз чегарасини ва имкониятини яхши биладиган  тиниқ ақлдир.
Қизиқ, ҳаёт шундай абсурд экан, демак, у яшашга арзимайди ва инсон ўзини-ўзи ўлдириши мумкин экан-да, деган ҳақли савол туғилади. Бу сўроққа Камю «Йўқ!» деб жавоб беради. Чунки ўз-ўзини ўлдириш, ўзини-ўзи инкор қилиш эканини, бироқ абсурд одам «бемаъниликни англаб етганидан кейин ҳам худди шу бемаъниликка аччиқма-аччиқ яшашини айтади. Камюнинг «абсурд одам»и ўз жонига қасд этмайди. Балки ҳаётнинг, инсоннинг номукаммаллигига қарши исён кўтаради, яшаш мантиғини ҳам шу исёнда деб билади «Абсурд одам ҳамма нарсани совуради ва ўзи ҳам совурилиб боради, ҳаёт мантиқи қанча заиф бўлса, умрни яшаб ўтишга асос шунчалик кучли, дейди у ва яшайди», – деб ёзади Камю.
Назаримда, «абсурд одам»нинг ҳаёт ҳақидаги айрим хулосалари тасаввуфдаги комил инсон (бу ўринда сўфий) хулосаларига ҳамоҳангдек. Табиийки,  катта тафовутлар ҳам мавжуд. Бироқ жуда ажойиб умумийликлар ҳам борки, улардан кўз юмиш адолатдан эмас. Чунончи, «абсурд одам» ўз жонига қасд қилишга қарши, ўз навбатида, комил инсон ҳам буни ёқламайди, аксинча,  ўз-ўзини ўлдиришни гуноҳ санайди. У инсондан яшашни ҳатто талаб этади. Ажаб қандай яшаш кераклигини айтади ҳам: «Дил ба ёру, даст ба кор».
«Комил инсон бўлиш учун иккита йўлни босиб ўтиш ва бирлаштириш лозим, – деб ёзади профессор Кажмиддин Комилов. – 1. Илм ўрганиб олим бўлиш; 2. Дарвеш бўлиш».
«Абсурд одам» кўп жиҳатдан ана шу дарвешга яқин. Чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам бутун эътиборини, аввало, ўзликни англашга қаратганлар. Тасаввуф йўли илоҳийдир. Экзистенциализмники эса дунёвий, бироқ худди шу зиддият замирида ўрганилишга лойиқ ажойиб муштараклик мавжуд.
Комил инсон учун вақт жуда муҳим тушунча. У тасаввуф – вақтни беҳуда совурмасликдир дейди. «Абсурд одам» ҳам бу масалага бефарқ эмас, аксинча, у ўзининг  бирдан-бир ҳамроҳи, дея вақтни тан олди. Шу билан бирга, Нитше таъбири билан айтганда, абадий ҳаётдан кўра абадий ҳаётийликни афзал  билади.
Шу ўринда қаршимизда ғарблик истеъдодларнинг каттагина қисми нега даҳрий, деган савол кўндаланг бўлади. Бунинг, албатта, биз билган ва билмаган кўпгина сабаблари бор. Шулардан (билганларимиздан) бири христианликни одамлар томонидан бузилиши ва улкан ақлларнинг айнан ана шу инсонийликни (илоҳийликни эмас) қабул этолмаслигидир. Хусусан, Камю сўзларига диққат қилинг: «Тоталитаризмга қарши фақат дин ёки ахлоқ нуқтаи назаридан туриб курашиш мумкин. Агар бу дунё мантиқсиз бўлса, улар ҳақдирлар. Аммо мен уларнинг ҳақлигига ишонмайман. Демак… БУ – худони яратаётган – биз, у – бизни эмас. Мана, христианликнинг бутун тарихи. Чунки бизда ўзимизнинг худо қилишдан бошқа илоҳ яратишнинг усули йўқ».
ХХ асрнинг яна бир йирик француз файласуфи Сартр ёзади: «Экцистенциализм, бу – гуманизм. Инсон ҳеч қачон қўрқоқ ё қаҳрамон бўлиб туғилмайди, балки у ўз ҳаракатлари билан ўз-ўзини қўрқоққа ёки қаҳрамонга айлантириши мумкин. Ҳаракат билан қўрқоқ қаҳрамонга, қаҳрамон қўрқоққа айланиш имконияти эга. Эксентциализм иносонни ўз ишлари орқали танийди. Шунинг учун ҳам инсонни ҳаракатга ундайди. Ҳаракат эса – ҳаёт! Барча умид унинг ҳаракатларида».
Тасаввуфнинг асоси ислом “ал-ҳаракату баракатун”, яъни ҳаракатда — баракат”, дейди ва тасаввуф бунга амал қилади. Сартрнннг “барча умид — инсон ҳаракатларида” деган фикри бу илоҳий амрга нақадар мос!
Инсон умид билан яшайди. Умид унга руҳий далда, ўрни келганда, мадад беради. Бироқ у қайсидир бир меъёрдан ошганда, мадад ёки умид умидлигича қолганда, ёрдам — мухолиф кучга, таскин — армонга айланади. Чунки ўз орзу-умидларига етолмаган ҳар қандай киши кўнглини етим изтироб эгаллайди. Балки, шунинг учундир, Камю “Умидвор бўлмаганда ишлар анча юришади”, дейди. Ўз навбатида, комил инсон ҳам кеча ёки эрта ёди билан эмас, балки бугун билан яшайди. Дарҳақиқат, бугун барча замонлардан реал ва нақддир. Тасаввуфнинг олтинчи — таваккул мақомидаги солик ҳам бугунини, яшаб турган дамини ўйлайди. (Бу ҳақда кенгроқ маълумот олиш учун Султонмурод Олимнинг “Ишқ, ошиқ ва маъшуқ” (Фан нашриёти, 1992йил) китобига қаранг. Халқимиз ҳам “Дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема”, “У ёғига худо пошшо”, дейди. Рус олими Долгов Камю асарларидан келиб чиқиб ёзади: “Инсон билиши керакки, у фақат бугунда яшаяпти, ҳеч эрта ва ҳеч қандай келажак унинг учун йўқ”. Келажак бўлган тақдирда ҳам уники эмас, ундан кейин келувчиларникидир ва бу келажак ҳам улар учун “бугундир. Бинобарин, бугунда яшаш, яшаганда ҳам асл бир инсоний ҳаётда яшаш керак”. Камюнинг ўзи эса: “Менинг бутун ҳукмронлигим бу дунёдадир”, — дейди.
Инсон қаерда бўлмасин, Ғарбдами — Шарқда, барибир, инсон. Миллатларнинг ранг-рўйи, тили, урф-одатларию яшаш тарзи — ҳамма-ҳаммаси бир-биридан қанчалик фарқланмасин, моҳиятда бирдирлар — Оллоҳ бандасидир. Шунга кўра, уларнинг ҳаёт ва ўлим, яшаш ва кураш, эркинлик ва қуллик, бахт ва бахтсизлик, азал ва абад… ҳақидаги тушунчалари, ўй-мулоҳазалари ўзининг энг юқори пардасига бир-бирини тасдиқламоқда, тўлдирмоқда. Эътибор беринг-а, Камю ёзади: «Эртами-кечми, бир кун шундай вақт келадики, унда одамлар курашни ва бир-бирини қийнашни бас қиладилар ҳамда иқрор бўладилар-ки, инсонларни қандай бўлса, ўшандайлигича севиш керак. Бу самовий ҳукм!». Шарқ таълимини олган англиялик мусулмон, доктор Колин Турнес Бадиуззамон Саид Нурсий тўғрисидаги мақоласида ёзади: «Оятул — Кубро» иймонни аввалдан бўлади, деб билмайди, балки у яратилмишдан йўлга чиқиб, яратувчига боради ва исбот этадики, махлуқотни ўзи кўрмоқ истагани ёки хаёл этганидек эмас, балки бўлгани каби кўришни хоҳлаган кимса мутлақо «Ла илаҳа иллаллоҳ» натижасига келажакдир».
Камюнинг мақсади – исён эди, дунёнинг номукаммаллигига қарши исён. Унинг исёнкорлиги оламни тузатишга йўналган ҳаракатдир. Тасаввуфда ҳам исён бор, аммо бу исён оламни эмас, балки нафсни тарбиялаш йўли билан одамни камол топдиришга қаратилган. Кўринадики, тасаввуф ва экзистенциализм мақсадлари бир-бирини тортиб турган икки қутбга ўхшайди. Улар ўзликни ва дунёни англашга интилади, бу йўлда ўзида ва дунёда мавжуд қусурларни тузатишга, янада пок, янада мукаммал бўлишга ҳаракат қилади.
Тасаввуфда ахлоқ бош масалалардан биридир. Чунки одобли муриднинг адо этиши шарт бўлган вазифалардан. Буюк  мутасаввиф Жалолиддин Румий «Одобсиз киши Раббининг лутфидан маҳрум қолади», – дейди. Негаки, одоб-ахлоқлилик покланиш  йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири бўлса, покликнинг ўзи оламни билиш сари очилган эшикдир. Долгов Камю ҳақида ёзади: «Узоқ ва қунт билан фалсафани ўрганиш ахлоқ учун ундан (фалсафадан – У.А.) воз кечишга олиб келади. Камюнинг ўзи «Ожизликларимни билиб, бутун куч-қувватим билан одоб ахлоқли киши бўлишга интилдим», – дейди. Чунки ахлоқ, бу – меъёр, низом ва тартибдир. Ахир, коинот ҳам энг олий низом билан барҳаётку. Шундай экан, ундаги ҳар бир мавжудот – инсон, ҳайвон, ўсимлик … барча-барчаси ўзига хос мўъжаз коинотлар эканлигини унутмаслигимиз лозим. Бунинг устига улар ягона Олий Низомга бўйсунишлари нуқтаи назаридан илоҳий бутунликка эгадирлар. Демак, ахлоқли бўлишга интилган киши ана шу илоҳий бутунликка талпинган бахтли зотдир.
ЯНА БОШҚА БИР МАСАЛА – МУҲАББАТДИР. Улуғ нақшбандия тариқатининг мақсади – инсон қалбида муҳаббат жазбасини майдонга келтириш. Чунки севги билан тўлуғ дилда  бошқа ёмон  туйғулар  – кин, адоват, нафрат, душманлик, ҳасад… учун жой қолмайди. Камю «Яшашга ёрдам берган гўзаллик ўлишга ҳам кўмаклашади», – дейди ва гўзаллик учун яшашга, курашга чақиради. Чунки гўзаллик ҳамиша муҳаббат билан қарши олинади, бошқача бўлиши мумкин эмас. Бунинг орқасидан эса, ғамхўрлик келади. Экзистенциализмнинг яна бир намояндаси Хайдеггер ёзади: «Гуманизм,  бу – инсоният ҳақида ғамхўрлигидир». Инсон гўзалдир, чунки у Оллоҳнинг санъатидир. «Оллоҳ гўзал ва у гўзалликни севади», дейди ислом. Оллоҳнинг бандаси, руснинг улуғ ёзувчиси Достоевский ҳам бу илоҳий ҳақиқатни инкор этмайди: «Дунёни – гўзаллик қутқаради».
Инсон даҳосининг белгиси – нарсаларга соғлом назар билан қараш, моҳиятни англашдир. Олимликнинг аломати ҳам аслида шу. Чунки нарсаларни ҳар ким ўзича эмас, балки қандай бўлса, ўшандай кўришни исташ ва шунга интилиш – Оллоҳга элтувчи ягона йўл. Йўқса, Пайғамбаримиз (С.А.В.) Яратганга илтижо қилиб: «Нарсаларни менга бўлгани каби кўрсат!», деб фарёд чекмасди. Моҳиятни англаш – миллатию замонидан, динию урф-одатидан қатъи назар, даҳо ақлларни бирлаштирувчи муштарак қудратдир. Агар икки улуғ зотнинг фикрлари алал-оқибатда бир-бирига зид чиқса, ё улардан бири ёки ҳар иккаласи ҳам адашган бўлади. Чунки Оллоҳ бирдир. «Ҳақиқий олимнинг билими Ибтидо ва Интиҳода Оллоҳ учун қилинган билимдир», – дейди Жалолиддин Румий.
Биз эса «Ассалому алайкум!» – деймиз. Чунки асрлардан буён ҳувиллаб ётган  бу кўҳна даргоҳга мағрур одимлаб яна зотлар (шахслар) келаётир».

ЗАМОНАВИЙЛИК   ВА ТАГ ҚАТЛАМ

«Замон руҳи» деган жуда қудратли нарса борки, хоҳиш-иродамиздан қатъи назар, у ҳар биримизнинг онгимизга тўр солган. Очиқроқ айтай: Навоий асарларининг  камроқ мутолаа қилинишининг туб сабаби нафақат бугунги замондошнинг савиясига, балки улуғ шоир ва биз тегишли бўлган замонлар руҳидаги тафовутга ҳам чамбарчас боғлиқ. Яъни Навоий ижодини ташбеҳан улкан денгиз деб олсак, уни юза қисмида ўша давр кайфияти мавжуд бўлиб, бу қатлам замондош ўқувчи учун гўё музлаб қолган. Ваҳоланки, юзадаги ана шу муз қатлами парчаланиб, ичкари тушилса, улуғ шоирнинг барча замонларга алоқадор даҳоси юз очади. Бироқ бу иш фурсат ва зўр меҳнат талаб қилганидан аксарият китобхон таг қатламлардаги жавоҳирлардан баҳраманд этувчи бугуннинг Навоийсига эҳтиёж сезади.
Агар Пайғамбаримизнинг ўзлари амалга оширган ишлар билан исломият барча замонлар кишисига исталгандек етиб борганда эди, Румий, Яссавий, Нақшбандий, Саид Нурсий каби улуғ валийларнинг шаклланишига ҳожат қолмасди. Исломнинг моҳияти — Оллоҳ амри билан Муҳаммад алайҳиссалом тарғиб этган — Эзгулик ўзгармасдир. Лекии уни ёвузликдан бехато ажрата билиши учун Румийларга эҳтиёж бор. Чунки бундай зотлар ўша ўзгармас моҳиятни замондошга ҳар қандай муз қатламисиз, пардаларсиз, ўз таъми ва тусида тақдим этади. Зеро, уларни бирлаштириб тургувчи куч замоннинг муштарак ҳавоси, ритми! (Ана шундагина башариятнинг янгиланиб, илгарилабгина яшай оладиган табиатини тушунмаслик оқибатида келиб чиқадиган ўринсиз баҳс-мунозараларга ҳожат қолмайди. Шундагина кишилар эътиборини кўпинча зоҳиргагина қаратиб, чалғитаётган ваҳҳобийчилик каби оқимларга имкон қолмайди).
Кейинги ўн йиллар мобайнида адабиётимизда пайдо бўлган асарларнинг катта қисмида моҳият — денгиз тубидаги жовоҳиротга замонамиз кишиларининг руҳияти орқали тушишга интилиш нафақат кўнгилдагидек, балки эҳтиёжимизга яраша ҳам эмас. Баъзи асарларда шу кеча-кундуз руҳи акс этган бўлади-ю, замирида жавоҳирот кўринмайди. Баъзиларида эса, аксинча, жавоҳиротга ишора бордек, аммо замон нафаси сезилмайди. Назаримда, ана шу икки жиҳатнинг бирлиги — воқеага айланиб кетадиган асарлар яратилишидаги туб масалалардандир. Абдулла Орипов шеъриятининг ўз вақтида машҳурлиги айни шу асос билан изоҳланади, менингча. Унда шоир ўша давр иқлимида етишган инсон сифатида изтироб тўла нигоҳини жавоҳиротга тикади. Бу дардчил шеъриятнинг эндиги умри унинг таг қатламлари залвори билан, бошқача айтсак, шоир ва жавоҳирот муносабатининг даражаси билан ўлчанади. Чунки у даврларнинг ҳавоси аллақачон чекиниб, ўрнини бошқа ҳаво, бошқа ритм эгаллаб бўлган. Бугунги кунимизнинг машҳур асари Тоҳир Маликнинг «Шайтанат»ида кишилар эътиборини ўзига тортган жиҳат ҳам шу  – замон ҳавоси. Бу ҳаво деярли ҳаммамизга дахлдор. Румий ҳазратлари ёзади: «Бир инсонни бошқа инсонга тортган нарса сўз эмас, балки икковида мавжуд бўлган руҳий бирликдан бир парчадир. Агар бир инсон юз минг мўъжиза ва каромат кўрса, аммо унда валий ва набийга уйғун бўлак бўлмаса, бирлашмайдилар, (яъни, киши фитратида набий ва валийга хосликдан бирон парча бўлмаса, улар кўсатган мўжиза ва каромат унга таъсир қлмайди — У.А.) ва бунинг фойдаси ҳам йўқ. Уни валий ва набийга боғлаган, улар севгисини кўнглида орттирган нарса ўша омухта — ўртоқ парчадир. Агар бир жисм таркибида оҳанрабо билан муштарак бўлган бир парча бўлмаса, у жисм ҳеч қачон оҳанрабо тарафга кетмайди, яъни тортилмайди. Улар орасидаги бирхиллик гизли бир нарсадир, кўзга кўринмайди».
Худди ана шу гизли, кўзга кўринмас, лекин мавжуд парча (бу ўринда) замонанинг руҳи. Буни соддароқ қилиб айтиш ҳам мумкин: асар воқелиги, ундаги қаҳрамонларнинг тақдири, зиддиятли ўй-мулоҳазалари, кечинмалари, шодлик ва қувончи… билан ўқувчининг худди шундай жиҳатлари ўртасида ҳамоҳанглик бўлиши — асарнинг кенг ўқилишини таъминловчи муҳим унсурлардандир. «Ўтган кунлар»нинг халқ орасида шу чоққача кенг ўқилганлигининг сабаби асар нафақат хассос ёзувчининг муҳаббат ҳақидаги қиссаси экани, балки муҳаббат умумга хос  туйғуга қурилгани ҳамдир. У бугун ҳам, кейин ҳам ўз мавқеини йўқотмайди. Бироқ қадрияту муносабатлар, дунёқарашу дидлар шиддат билан ўзгармоқда. Демак, янги замонавий ишқий қиссаларнинг яратилишига эҳтиёж аллақачон пайдо бўлган. Йўқса, саёзгина бўлишига қарамай, «Оддий Мария», «Морена Клара» каби телесериалларга бунчалар ёпишиб қолмасдик… Бадиий асарда замон руҳининг, замонавийликнинг акс этиши дегани тахминан шу. Лекин ижодкор баъзан ўз савқитабиий қуввати орқали замонасидан бир неча ўн йилларга илгарилаб кетиши ва унинг вақтида узилмаган асари маълум фурсат ўтгач кенг миқёсда ўқилиши ҳамда бу нарса унут бўлаётган ёзувчи исмини классиклар сафига қўшиб қўйилишига асос бўлиши мумкин. Чунончи, Стендаль ва унинг «Қизил ва Қора» романи тўғрисида шундай деса бўлади. Ёки бўлмаса совет империяси парчалангандан кейин Камю асарлари, хусусан, «Бегона»сининг собиқ иттифоқ республикаларида катта қизиқиш билан ўқилиши ҳам бежиз эмас. Чукни ўша пайтда республикаларнинг бир-биридан узоқлашуви ва давлат билан фуқаро ўртасига тушган совуқлик оқибатида инсон кўнглида ёлғизлик, жамиятга бегоналик туйғулари кучайган эди. Эътибор беринг: ўшандаги вазият билан асар қаҳрамони Мерсонинг кайфиятида уйғунлик бор ва шу важдан «Бегона» (кўпроқ хос ёзувчилар учун) саҳрода ичилган бир қултум сувдек лаззатли туюлади (ва асар дарҳол ўзбекчага ҳам таржима қилинди).
Асар қандай даврда ёзилганидан қатъи назар, унинг юза қисмидаги қалқон — замон руҳи ёки аллегорик, символик каби ҳимоя қобиғини ёриб кириб, марваридлар теришга қодир ўқувчилар тоифаси ҳамиша топилади. Булар ижодкорни фақат оммага, замонга мослаб ёзишдай юзакиликдан асрайди. Шундай бўлгач, Омон Мухтор ёки Назар Эшонқул каби ёзувчиларимизнинг ўз тажрибалари    тақдиридан чўчишларига асос йўқ.
Яхши асарлар ёзиляпти. Лекин ёзаётган ёшларнинг кўпчилиги катталар сафига қўшилиш учун, ҳавас билан, катталарнинг аксар қисми эса сафдан четга чиқиб қолмаслик учун қалам тебратаётгандек. «Марям туғиш оғриги бўлмагунча бахт дарахтига яқинлашмади. Қуръонда «Тўлғоқ санчиғи уни бир хурмо дарахти тўнкасига суяниш учун йўллади», дея буюрилгандек, Марямни дарахтга дард яқинлаштирди ва қуруқ дарахт мева берар бир ҳолга келди. Вужуд ҳам Марям кабидир. Ҳар биримизнинг (ичимизда — У. А.) Исомиз бор. Бизда ҳам ўшандай дард пайдо бўлса, исомиз туғилади. Агар дард бўлмаса, Исо ҳам ўз келган йўлидан қайтиб кетади», дейди Румий. Бу билан мен бугун ёзаётганларда дард йўқ, демоқи эмасман, дард мавжуд, фақат ичимиздаги Исомизнинг туғилишига омил бўладиган даражадаги дард зарур бизга!

ОЙДИНБУЛОҚ ОЙДИНЛИГИ

Ушбулар Исажон Султоннинг биринчи мустақил китобчаси билан танишувдан туғилган илк қайдлардир. Бошқача ифодада тақризимиз «Ойдинбулоқ» деб аталмиш жажжи мамлакатга умид-ла юборилган биринчи элчимиз. Ўйлаймизки, музокаралар давом этади.
Тўпламдан Исажоннинг олти ҳикояси ва «Муножот» қиссаси жой олган.
Ҳар бир яхши асар ҳақ ҳақиқати сари учган гўзал фикр, хаёл. Қиссадан сўнг борлиғимда қолган ақл ўтгулик таъм шундай деб шарҳланди. Узоқ чўзилган тунд чеҳрали қишдан сўнг баҳор чечакларини ҳидлаганимизда унинг муаттар бўйи ботинимизга гўё ажойиб, нафис мусиқа янглиғ қуйилади. Ёхуд борлиғимиз шу янграёттан куй бағрига кўчиб ўтади. Шунда биз мусиқа бизда яшаяптими ёки биз унда сузаяпмизми — ажратолмай севинамиз. Ҳар қандай яхши санъат асари кишига тахминан ана шундай таъсир этади. Мен «Муножот»нинг муножотини гулнинг куйга айланган бўйи янглиғ тингладим.
Қиссада Ғариб образи билан ёнма-ён ҳамиша девона Машраб ҳам нафас олади. Аслида, ёзувчи Машрабга алоҳида тўхталмоқчи бўлмайди, уни тасвир этмайди, ҳаракатлантирмайди. Бироқ биз Ғарибнинг ўй ва ҳаракатларидан сезиб турамизки, бу ерда Машраб ҳам бор. Ғариб чизган сувратларнинг моҳиятини-да чол, яъни Машраб сиймоси ташкил этади. Буни ёзувчи ўзича Будда динида мавжуд ақида — руҳларнинг кўчиб яшаши билан изоҳламоқчи бўлади:
« — Мен ёш эмасман, она, — деди Ғариб, бошини волидасининг иссиқ бағрига босиб. Назаримда, худди минг йил яшаб қўйганга ўхшайман. Ҳамма нарсани биладигандекман… Мен биламан, она — деди, — бир вақтлар дарахт бўлганман, шунинг учун ҳам дарахтларни яхши кўраман. Дарахтлар ҳам менга ўхшашади — кеча ариқ бўйида тол йиғлади. Назаримда, мен ҳам қачонлардир шунақа… ариқ бўйида йиғлагандекман».
Ислом дини эса руҳнинг кўчиб яшашини инкор этади. Бу энди бошқа масала. Ёзувчини маҳлиё этган юқоридаги каби ақидалардан фойдаланиш борасида шуни айтамизки, адабиёт қандайдир фалсафий ғояга хизмат этса, кичраяди, худди ижарада яшаётган одамдек тилини қисади. Адабиёт мавжуд ҳукмрон ғояларни парчалабгина яшаш имкониятини қўриқлай олади.
Ғариб — ёзувчининг ўзи. Санъат мағзида, аслида, ўзини-ўзи ифода қилиш (самовыражение) ётади. Назаримда, Ғариб образига кирган оғриқ – дард ёзувчи кўнглида узоқ вақт яшаган, уни қийнаган. Худди Ғарибни ўз ҳолига қўймаган ва, ниҳоят, қоғозга суврат шаклида тушган Машраб ёки Муножот сиймоси янглиғ. Лекин баъзи ўринларда ёзувчи Ғарибдан ажралиб чиқади ва бошқа одам бўлиб гапиради:
«Ғариб бу оламда мутлақ покликка эришиб бўлмайди, деган тўхтамга келди ва тағин гўшт ея бошлади… Ҳолбуки, ҳатто жон дилинг билан софликка интилган тақдирингда ҳам, барибир, ёвуз бўлиб қолавераркансан, яшаш учун курашнинг маьниси ўзинг учун бошқаларни қурбон қил, деган гап экан…
Ана шу тариқа Ғариб яшамоқ — буюк фожеадан бошқа ҳеч нарса эмас, деган ўтган аср файласуфларига хос тўхтамга келди.
Севги — азоб, касаллик. Ошиқ шу касалликка чалинган тутқун. Унинг қўлидан келадиган бирдан-бир мақбул иши ёр васли томон талпиниш, бу йўлда куйиш, ўртаниш… зинҳор ақлли гаплар айтиш эмас. Шу маънода Ғариб ҳам ўз дардининг қули. Унинг-да яшамоқнинг буюк фожиадан бошқа ҳеч нарса эмаслигини тушунишга хоҳиши ҳам, фурсати ҳам, имкони ҳам йўқ. Ғариб фақат изтироб чекишга маҳкум. У мулоҳаза юрита бошлаган вақедан эътиборан «бу энди Ғарибдан беш-ўн ёш катта, ҳаётнинг аччиқ-чучугидан анча бохабар акаси (ёзувчи) бўлса керак», — деймиз. Шунинг учун ҳам Ғарибнинг – ёш боланинг катталарга тортган қиёфасию ўй гаплари баъзан кишини даҳшатга солса, баъзан эриш туюлади.
Бироқ асарнинг ўқ томири бошқа ва у ғоят гўзал акс эттирилган. Бу туғилишданоқ ноодатий белгилар берган, кейин ҳам ғайритабиий қилиқлар, гаплар қиладиган боланинг ўз руҳига, руҳидаги дардга тутқун Ғарибнинг кўнглидир. Кўнгилнинг Ғариб изтиробию истеъдоди даражасида акс эттирилишидир. Шунда биз руҳ билан, истаса, инсонни ҳар кўйга сола билгувчи безовта олам билан тўқнашамиз. Исажоннинг ютуғи – бизни ушбу олам билан юзма-юз қила олганида. Руҳнинг нафақат қудрати тўғрисида, балки инсон қисматининг белгиловчиси экани ҳақида ҳам ўйлашга ундай билганида.
Ғарибнинг кўнгли орқали эса ёзувчи айнан санъаткор руҳиятига чуқур кириб боради. Ғарибнинг санъаткор бўлмасдан иложи йўқ эди. У ўз руҳияти изтиробларини қандайдир шаклларга кўчириш билангина таскин топиши мумкинлигига шубҳа қилмаймиз.
«Бу суврат (Муножот — У. А.) Ғариб кўнглининг нақ акси бўлиб қоғозга михланади!». Қоғозга михланажак суврат Ғариб кўнглидаги дарднинг гўё ташбеҳ воситасида ситиб чиқарилишидир. Дил бусиз тинчимайди: «Уни (нурли сиймони — У. А.) тасвирлаш эса мислсиз азоб ва қийноқлардан иборат бўлди, қўлига қалам олганданоқ Ғарибнинг дилини қўрқув босди, хаёлида эса фақат шоҳ байтлар айланарди, холос. То шоирнинг ўзини ва саҳрони чизиб бўлгунча дилини қўрқув, тушкунлик тарк этмади, шундай бўлса-да, чизмакдан тийилмоққа ўзида на куч, на истак топа олди, булутлардан юксакдаги чеҳрани чизишга бошлаганданоқ қўрқув ишонч билан алмашди, алқисса, сўнг чизиқни ҳам тортгани чоғида шунақанги руҳафзо ва енгил бўлиб кетдики, худди ўзини фазоларда юргандек ҳис қилди…» Ёзувчи сувратлардаги ҳар бир иштирокчини ҳаракатлантиради. «Мўйқалам остидан бирин- кетин тасвирлар қалқиб чиқа бошлади. қоғозда ҳаёт барқ урди, жондорлар пайдо бўлди; ерда илк ҳаёт нишоналари юз кўрсатди… Мўйқаламнинг бир ҳимояси билан янгигина ниш урган куртаклар абад завол сари кетдилар энди буюк бир тўфон юзага чиқди  – у бениҳоя қудратли ҳам даҳшатли эди… Барча тўс тўполоннинг сўнгида худди ёғду сингари балқиб ва тенг ярми нурда мосуво бўлиб бани одам тасвири яралди, ёруғлик ва зулмат кураши бошлади….»
Биз ҳам ўт-ўланлар билан гаплашган, уларнинг бир ердан иккинчи ерга кўчиб, юришларига шубҳа қилмаган Ғариб сингари суратни ҳаракатдаги воқеликни бир парчаси — давоми эканлигига шаксиз ишонамиз.
Асар «кутилмаганда келган бало»дан, ниманингдир рамзидан бошланади. Назаримда, кейинчалик Ғарибнинг сувратигада кўчиб ўтган бало ана шунда ниманингидир рамзи  бўлиб қолавериши лозимдек. Ёзувчи ўқувчига раҳм қиладими, негадир картани очади: «Ва ниҳоят тасвир тенг иккига ажралди  – бир томонида шафқат ёғдуси таралиб,  кўзни қамаштирар ва руҳни аллалар, иккинчи томонида эса ўлик кенгликлар акси қорайиб турарди. У ерда жирканч жондорлар тўдаси қайнаб биқсиб ётар эди. Тўда қоқ ўртасидан иккига айрилди, ер ёрилиб, ҳамма ёққа тупроқ сочилди ва жуда ҳам бемаъни  бир  башара  зоҳир бўлди…
– Оҳ, бўлди… Билдим!.. – қичқириб юборди Ғариб қалт-қалт титраганча.
Бу нафс эди! «Бу маккорлик, доғулилик, номардлик рамзи, барча олчоқлар ва пасткашлар қонининг бирикишидан бунёдга келган мудҳиш нарса – Шайтон Алайҳиллаъна эди!».
Асарни ўқишда давом этарканмиз, шайтон гўё «Республикада хизмат кўрсатган рассом Салимхон Солижонов» қиёфасида рўбарўмизга чиқади. «Бу — нафс эди!» деган «топилма»ни топишни ҳар ҳолда ёзувчи бизга қолдирса ҳам бўлаверарди, деган ўй кечади. Исажоннинг ҳикояларида воқеъбандлик кам бўлса-да, кўнгилнинг қайсидир бир ҳолини изоҳлашга хизмат эттирилади. Тиббиёт инсоннинг вужудини ўргангани ва даволагани каби адабиёт ҳам кўнгилни кашф қилиш орқали руҳга ҳузур бағишлар экан, ёзувчини тутган йўли учун фақат қутлаш лозим! Чунки у нишонни топган ва унга тинимсиз равишда ўқ отаётган мерганга ўхшайди. Мўлжалга уриш учун имконият борлигини у биринчи китоб биланоқ исботлади. Бироқ биз ушбу сермашаққат мақсадга етишда Исажонга унинг ихтиёрида бўлмаганни, яъни омадни тилаймиз.
«Манзил» — юки бениҳоя оғир ҳикоя. Гап ҳажмда эмас-у, лекин киши негадир унда юкнинг залворидан ларзага тушган қалбни қўярга етгулик кенгликлар бўлишини қўмсайди. Шу маънода Исажон «Манзил»нинг кенгликларини оча билса, умри давомида ҳатто ўзида баъзан унинг бағрига шошиб қочиб қолади, дегинг келади.
«Манзил» бошдан оёқ рамз асосига қурилган. Бунда сафар гўё инсон умри. Йўлда учраган гулзору чўллар унинг шодлигу ғамига ўхшайди. Манзил — орзулардан бино этилган бино — сароб. Ҳикояни ўқиб битирганимиздан сўнг ўзимизда қолган мазмунни қуйидагича шарҳлаш мумкин: «Эй дил, ўтаётган ҳар бир лаҳзадан ўзлигингга, ўзлигингдан эса ҳар бир лаҳзангга назар сол. Сен чир айланиб қидираётганинг, айтайлик, ТИЛСИМ ТОРИ, ажаб эмаски, шу оралиқдан топилса!»
«Хун» ҳикоясида кўнгилни чир айланиб ўртанаётган девонадек изтиробга тушишига имкон яратувчи ажойиб воқеа уюштирилган. Бироқ, шундай қулай имкониятдан гўё етарли фойдаланилмагандек. Чунки бир томонда интиқом туйғуси, иккинчи тарафда эса фарзанд меҳри ўртасида қолиб жизғанаги чиқиб куйиши лозим онанинг кўнгил изтиробига негадир қонмаймиз. Негадир икки ўт орасида қолган шўрлик кампирнинг ақлдан озишини истайди кўнгил. Чунки шундагина у қаршимизга, аввало, инсон бўлиб чиқади ва биз телба аёл сиймосини ҳеч иккиланмасдан қалбимизга яширардик.
Ҳикоя худди эртаклардек бошланади: «Тангритоғнинг этагидаги кўкаламзор яйловда Эрхон чол элликларни қоралаб қолган Ойтўлди отлиқ аёли билан фақирона ҳаёт кечирардилар».  Бироқ бундай ибтидо ҳеч-да  эриш ёки жўнлик бўлиб туюлмай, қайтага ўзининг аллақандай сеҳрини ўқувчига ўтказади. Бизда худди эртак эшитаётган бола мисол оғзимизни очиб ёзувчига эргашамиз.
Ҳикояда қўлланилган ташбеҳлар ҳам ўзига хос. Яъни улар асарда акс эттирилаётган воқеликнинг айнан ўзидан яқин атрофдан олинади.
«Ҳозир Эрхонга қарасангиз, кулгингиз қистайди – қадди камалакдай эгилган,  юзи Тангритоғ ирмоқларидай эгри-бугри ажинларга тўла…» «Бу орада Ойтўлди ҳам қариди. қомати марҳум эри жангчи Эрхоннинг кўҳна ёйи каби эгилди. Ҳанжардек киприклари тўкилди…
Эътибор берсангиз, Тангритоғ ирмоқлари ҳам Эрхоннинг кўҳна ёйи ҳам қаҳрамонларга таниш предметлар, киприкларнинг ханжарга нисбат берилишида ўша давр руҳидан келиб чиқиб, ўқувчини ўтмиш даврнинг руҳига такрор йўналтиради. Ёки бўлмаса, «Тилсим лашкари» ҳикоясида қўлланилган ташбеҳга разм солинг:
«Шамол роса авжига чиққан эди. У дорга ёйиб қўйилган кимнингдир белбоғини бир юлқиб олди-да, учириб кетди. Зангори белбоғ уча-уча наридаги тут новдасига илинди ва худди музаффар лашкарларнинг туғи сингари хилпирайверди».
Ҳикоянинг давомини ўқиркан, биз кутилмаганда ҳақиқатан ҳам лашкарларга дуч келамиз ва негадир юқоридаги ташбеҳда ушбудан дарак берган фаросатли элчи сифатида қабул қиламиз.
Муқанна — олдимизда ҳамиша ҳал бўлмайдиган мавзу бўлиб қолса, ажаб эмас. Гўё уни на ҳимоя қилиб бўлади, на қоралаб. Чунки бир томондан Муқанна ватанпарвар, иккинчи томондан эса ислом динининг ёйилишини маълум фурсат тўсиб турган «иблис». У исломга қарши курашдими ёки ўз тупроғига бостириб келаётган ўзга юртликларга қарши — масалани шу нуқтаи назардан ўрганиш керакдек. Жангни бой берган Муқанна дейди:
« – Сизу бизнинг жангимиз боқий эрур. Туронзаминга то қиёмат қадар ёғийлар кўз тикаберадилар. Бас, бугундан бошлаб бизлар боқий жангчиларга айланурмиз. Бизлар ҳар дақиқа, ҳар лаҳзада ёғийлар дилига қўрқув солурмиз. Бизлар ҳеч қачон ўлмагаймиз!..»
«Шундан сўнг асрлар оралиғида, ҳар замон – ҳар замонда баъзи кишиларнинг шамолли кечада юртни кезаётган ғалати лашкарни кўрганликлари ҳақидаги бир-биридан қўрқинчли ва ҳайратангиз афсоналар пайдо бўла бошлади.
Айтишардики, бу қадимий қўшин — Муқанна бошлиқ Сиём аскарлари эмиш».
Бунда ғалати лашкарни ташбеҳ, ташбеҳни эса Муқанна юртдошларининг ватанпарварлиги, ғурури, енгилмас ўзликлари… деб шарҳласак бўладагандек.
Айни пайтда «балки қиёматда яқин қолган эди…» деб қўяди ёзувчи. Гўё бу билан у «балки Муқанна ва жамики муқанначиларнинг ватанпарварлик туйғусию ғурур-пурури ҳечдир» деяётгандек. Ҳикоя ўқувчини гўё иккита йўл бошига бошлаб бориб «танла!» дейди ёки унинг ўзини тенг иккига бўлиб ташлайди.
«Ойдинбулоқ»да ёзувчи худди энг гўзал топилдиқ лаҳзани тўхтатиб қолган санъаткор фотограф сингари иш кўради. Ва ўзи сайлаб олган чўққи — илоҳий мазмундаги он атрофида айланади, уни акс этгиради. Асар замирида муҳаббатга икки жинснинг биологик интилишларидан-да аввал илоҳий неъмат, руҳий муносабат деб қараш ётгандек. Агар Ойдинбулоқ қошида йигит ва қиз кўзларида чақнаган учқун фақат ўша жинсий майлдангина иборат бўлгандайди, орадан ўнлаб йиллар ўтгандан сўнгги учрашувлари асносида кўзларда яна нимадир бир лаҳза, атиги бир лаҳза милт этмасди, Худди шу лаҳзада қандайдир сеҳр бордек. Худди шу лаҳза гўё булоқ кўзчаси-ю ошиқ унга тушиб, чиқиб кетолмай чириллаб айланаётган япроқдек афтода, беҳол, беилож…
Худди шу лаҳзада ёр ошиқ учун гўё Паризод бўлиб туюлади, йўқ, айнан Паризоднинг ўзи бўлади:
«Қирқнинг остонасида туриб энди-энди ўйлайман: Йўқ, мен ўшанда айнан Паризодни учратган эдим. У менинг, фақат менинг Паризодим эди. Кўкдан мени деб тушиб келган эди…» Ҳа, инсон умри қаршисида бир лаҳза нима деган гап! Лекин айнан шу бир лаҳзада кечган ҳаёт баъзан бутун бир умрга мазмун-маза бериши мумкин
– Худди овқатга ташланган бир чимдим туз каби. Бундан ташқари инсон ўз умрининг қайсидир палласида негадир ҳамиша ўзи учун, фақат ўзига аталган Паризод келишини кутиб яшайди. Кун келиб оддий бир киши унинг учун самодан тушган Паризод даражасида улуғланади.
Ниҳоят, асарларнинг тили кишини қувонтиради. Исажон баъзи бир ижодкорлар сингари билағонлик қилиб истеъмолдан йироқ архаик ва тарихий сўзларни қалаштириб ташламайди. Аксинча, ўрни келганда, худди волейбол (бошқа) командасига замони билан битта-битта янги ўйинчи олиб бойитиб турилганидек иш тутади. Ва аҳён-аҳёнда бугуннинг ўқувчиси учун нотаниш сўзни силлиқ қўллайди: «… сўнг чизиқни ҳам тортгани чоғида шунақанги руҳафзо ва енгил бўлиб кетади-ки…» Эътиборни дарҳол тортувчи яна бир жиҳат — дерли ҳар бир асарда ойли кечага, ойга тўхталиш бор. Ҳатто тўпламнинг номланиши ҳам ой билан, ойдинлик билан боғлиқ — «Ойдинбулоқ»: «Бугун яна ой тўлибди. Қишлоқ тераклари ортидан улкан оқиш гардиш бўлиб самога кўтарилибди…
Тўлин ой ҳавога кўтарилиб кумушдай ёғдуси қишлоқнинг кўчаларига, уйларига, ҳовлиларига элангани сайин, кўча сукунати ортаверади. Ой тиккага келганида эса, ҳаммаёқ сув қуйгандай жимиб кетади» («Ғалати қишлоқ»).
«… ногоҳ ой пайдо бўлди ва теваракни илиқ ёғду билан тўлдирди» («Муножот») ва ҳоказо. Назаримда, ёзувчи кўнглида ана шундай — ойнинг илиқ ёғдусига тўлган юлдузли ажойиб кечалар яшайди. Улар адабиётга — шаклга кўчар экан, биз — турмуш икир-чикирларидан безган, чарчаган одамлар дилимизни яйратиш учун ўзимизни уришга яна бир гўша топганимиздан фақат қувонамиз. Чунки, бола экан, ота-онамиз бағрига ташлаб тинчлантирган руҳимизни энди гўё санъатнинг кенгликларида тозартиб оладигандекмиз.

ОЛАМГА ҚАЛБИ ОЧИҚ ДОНИШМАНД

Фикрламайдиган инсон – гиёҳ битмайдиган шўрхок ер сингари кўзга ботади. Зеро, тафаккур – тирикчиликдан аввал тирикликдир. У – тунда улкан ўрмон қаърида адашиб юрган инсон қўлида ёнаётган маёқ. Киши гулхан воситасида умрининг сўнггига қадар турли хавф-хатардан сақланиши, егулик пишириб ейиши, ниҳоят, йўл топиб юриши мумкин. Бироқ машъала кишининг ўрмондан эсон-омон  чиқиб олишига кафолат бермайди. Чунки ўрмон  чиндан ҳам дарахтлар йиғиндисидан иборат жой эмас, балки инсоннинг қалбидир. Сиру асроридир, қисматидир…
Одамни билмай туриб оламни билмоқчи бўлган олимнинг ҳолига вой! Дунёни англашдан келадиган завқ ва ҳайрат кўнгилни тушунишдан туғиладиган шавқу ҳаяжон олдида ҳеч нарса! Аслида, дунёни билиш инсонни билишдан келади. Инсон бошқа бировга қарши эмас, балки ўзи билан ўзи курашиш зарурлигини англаб етган кундан эътиборан унинг ҳақиқий ҳаёти бошланади. Чунки, коинотдаги энг улуғ жанггоҳ – кўнгил. Бошқаси ўзликдан узоқлашиш, бегоналашиш…
Жарлик томон шиддат билан кетаётган ғофиллар тўдасига мудҳиш ҳалокатдан сўз очиб, йўлдан қайтишлари зарурлигини уқтира-уқтира чарчаган, бироқ натижа чиқавермагач, ўзи ҳам улар билан кетишга мажбур бўлган. Шунда-да ҳақиқатни тинимсиз қайтара-қайтара тубсизлик сари базўр оёқ судраётган донишмандга ўхшатаман мен  уни. Сон-саноқсиз ёғий қўшинлари қаршисида ҳадиксиз жилмайиб турган жангчи ҳам – у аслида домла ўта хокисор бўлиб бировнинг қаршисига чиқиб ошкора олишишдан йироқ бир зот эди… Бироқ уни бу даражада қадрли қилган нарса – Талъат аканинг илму маърифати, зиёси, тафаккури…
Инсон фитратида бир пайтнинг ўзида ҳам эзгулик ҳам ёвузлик мавжуд. Улар – бир нарсанинг икки томони. Адабиётнинг ибтидоси ҳам – шунда адабиёт – инсон кўнглига очилган дарча. Домла бутун умр ана шу дарча олдидан кетмаган – кетолмаган. «Изтироб қулларидан эди. У адабиётни «оламга нисбатан олам яратиш» деб биларди. Назаримда, бу инсоннинг яратувчилик ишқи билан боғлиқ. Ҳазрат Румийда киши Оллоҳнинг сифатларини қайтариб бергандагина комилликка эришади, деган фикр бор. Яратиш – банданинг иши эмас, балки Холиқники. Аммо яралмиш табиатан барибир ўз хожасига эргашади, унинг васфлари ила безанмоқчи бўлади. «Оламга нисбатан олам яратиш» ҳам ажабмаски, қандайдир маънода Яратганга тақлид. Лекин бу оламнинг қуруқ нусхаси эмас, балки, домла айтмоқчи –  модели, оламнинг ўзи эмас, балки гўё худди ўзи. Домла бадиий асар қаҳрамонларини – ҳаёт, хаёлни эса реаллик деб қабул қилар ва ана шу воқеликда ўз қаҳрамонлари даврасида яшарди…
«Биз ҳали тухумни ёриб чиқмаганмиз. Биз ўз қобиғимиз ичидан  чиқа  олайлик», деган фикр ҳам домлага тегишли. Бу – аввало, умуман инсон ҳақида унинг ўзлигини, ўз фожиасини англаши ва уни енгиб ўтиши зарурлиги ҳақида, қолаверса, миллат, жумладан, ўзбек миллати тўғрисида йўқса у: «Ўз нонимиздан бир бурдасини берганга қуллуқ қиладиган халқ вакили бўлишдан мен ор қиламан!» демасди.
Ҳар қандай киши эмас, балки дард чекаётган инсон гўзал. Чунки дард – покловчи неъмат. Азобланаркан, киши гуноҳ қилмайди – қилолмайди. Аксинча, атрофни унутиб, ўзи ҳақда ўйлай бошлайди. Бу – инсоннинг ўзлигини англаш сари ташлаган илк қутлуғ қадами. Бироқ одамларнинг аксарияти дарди енгиллашган сайин ўзи томон ташлаган одимларни бирин-сирин тортиб оладилар. Янада ичкарилаш учун уларда кўпинча матонат етишмайди. Домла эса мен билган одамлар ичида энг матонатли шахс эди. Шу маънодаки, у бутун умр ўз олами томон саёҳат қилади. Шунинг учун ҳам домланинг ташқи дунё билан унинг ашаддий ихлосмандлари билан бўлган муносабати рисоладагидек бўлмади  ва бўлиши ҳам мумкин эмасди. Балки уни ўзи сари етаклаган куч домланинг моддий дунёдаги муваффақиятсизлиги билан ҳам боғлиқдир. Ҳар ҳолда, фоний дунёда ошиғи олчи бўлиб, қаттиқ дард чекмаган, руҳан эзилмаган, қийналмаган… кимсадан тафаккурга дахлдор улкан ишлар кутиш маҳол. Чунки моддият ва руҳоният мисоли икки қутб. Инсон бирданига уларнинг ҳар иккаласи томон йўнала олмас. Бинобарин, яхши асар ёзмоқчи бўлган ёзувчи энг камида ўзи ва ўзи билан боғлиқ барча жонлию жонсиздан воз кечмаса-да, уларни унутиши лозим. Ҳеч қурса, асари битгунча. Башариятнинг сара фарзандлари моддий дунё билан ҳамиша уруш ҳолида яшаганларининг сабаби  ҳам ажабмаски шу билан изоҳланар… Менингча, домланинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам уни ўзлиги, ўз олами томон бошлаган йўлда эди. Талъат аканинг бу олами яъни моддий дунёси эса ташлаб кетилган ҳовли каби ҳувилларди…
– «Бахт нимадир?» – деган саволимга:
– «Бахт – балки ўткинчиликни тушунишдир», деб жавоб берганди домла. Бу – маълум маънода инсон ўз қудрати-ю ожизлигини белгилаб олиши демак. Чунки ўз имкониятларидан келиб чиқиб орзу қилган одамгина беҳуда азоблардан фориғ бўлғуси. Йўқса, нафснинг ўпқони тубсиз, киши чиқиб бўлмас даражада ичкарилаб кетиши турган гап. Ўткинчиликни тушуниш, яна қайғу ва шодликдан бир поғона баландда туриш ёки уларни гўё икки фарзанддек суюб бағрига  босишдир. У – тинимсиз равишда қилинган тафаккур, кашфиёт, ўткинчиликни тушуниш – талабаларнинг ҳаяжондан нафаслари бўғзига тиқилиб берган саволларга жавобан домланинг бир бурда зоҳир бўлган майин табассум… Ниҳоят, ўткинчиликни тушуниш – ўлмас туриб ўлиш, фано топиш …
Инсон – руҳият ва моддият ўзаро куч синайдиган майдон. Умр – олишиш учун белгиланган фурсат. Макону вақт доирасида кечган улуғ маҳорабадан қолган эсдаликлар эса – қисмат, хотира, тарих, адабиёт… Бу худди  қишда ташқарининг совуғи-ю, ичкарининг иссиғи таъсирида дераза кўзларида пайдо бўлган ажойиб нақшга ўхшайди. Совуқ ва иссиқнинг кучи қанча шиддатли бўлса, нақш ҳам шунча жимжимадор, гўзал чиқади. Худди шундай, қайси бир инсонники, қалбида руҳий ва моддий унсурлар беллашуви кескин кечса, унинг кўнгли ва тафаккур олами ҳам шунча теранлашади… Талъат аканинг озғин, нозик ва ҳатто пачоққина жуссасини серажин чеҳрасини, хокисор табиатини, равон, салмоқли сўзларини… эслайман.
Назаримда, домланинг бор-йўқ қувончи – ўзининг ноёб тафаккури ва қалби чиғириғидан ўтказиб тайёрлаган неъматларини мухлисларига инъом этмоқ эди. Шунинг учун ҳам у ҳар сафар сўзларкан, мулойим кўзлари тубдан отилиб чиққан учқунларни пайқардим. Эҳтимолки, бу учқунлар ўша тунда ўрмон зулматгоҳида адашиб қоқиниб юрган гумроҳ қўлига олиши зарур бўлган улкан муштарак машъаладан сачрагандир…

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар