Қидириш

Кутубхона

Facebook

Пиллапоя (ҳикоя)

(Устозларимга бағишлайман)

Агар ҳақиқат менинг юзимга оёқ босиб
ўтишни тақозо этсаю сен буни қилмасанг, асло рози эмасман.
Баҳоуддин Нақшбанд.

Пиллапоя бўлдим сенга, азизим,
Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл!
 Эркин Воҳидов.

Одамларнинг оқими худди пишқириб оқаётган дарёни эслатарди. Кимдир қаддини тик тутган ҳолда ўртада гердайиб борар, кимдир эгилиб-майишганганча четда, пиллапоя тутқичига суянган кўйи аранг ҳаракатланарди. Ҳамма ўз кучи етганча кўтарилиб борарди-да, узун йўлакдан бошланган қаватларга кириб кўздан ғойиб бўлишарди. Аммо кўпчилик, барибир, имкон қадар юқорироқ чиқишга орзуманд эди. Атиги бир қават бўлса ҳам тепароққа илашгиси келарди уларнинг. Шунинг-чун ҳам вужудини куч-қувват бутунлай тарк этгунга қадар кўтарилиб келиб, ниҳоят, ҳоли ўзига аён бўлгачгина қаршисидан чиққан қаватга чор-ночор ўзини топширарди. Давоми

Мусулмон (ҳикоя)

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлағай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлағай.
Навоий

Кўклам келдию ҳовлидан бир қушча кетмас бўлди. Аввалари эътибор қилмаган эканми, Ҳусан энди унга кунда кўзи тушади: қушча гоҳ у, гоҳ бу дарахтга танда қўяди. Гуллаш пайтида эса бошига оқ рўмол ташлаган ўрикдан айрилмай қолди. Бўшади, дегунча дераза қаршисида михланганча ўтирадиган, узун-узун хаёллар сурадиган шеригини Ҳасан ўнғай ҳар фурсатда бир яниб олади. Ҳозир ҳам шундай бўлди: “Ҳм-м, тағин қўзғаб қолдими дардинг? Ундан кўра мажлисни ўйламайсанми? Шайх Аҳмад Жунайд ҳазратлари билан учрашув ҳаётингда бурилиш ясаши мумкин, Ҳусан! Ҳой, кимга гапиряпман мен? Девордан фарқинг қолмабди-ку!.. – дея жириллади у. Лекин муҳатобининг парвосиз ўтирганини кўриб умидсиз қўл силтади. – Қўй-э, гўё жаннатга йўлланмаси бор одамдек тутасан ўзингни?..” Давоми

Лола (ҳикоя)

Шундоқ рўбарўмда қоя – қиррадор тошли, тик ва баҳайбат. Устида ҳилпираб турган алвонранг, ваҳшийларча гўзал лолага ҳамма ўзини уради. Осмон қизғиш, қора ва оқ – олачипор булутдан кўйлак кийган. На тун ва на кун, аллақандай аралаш палла. Пастдан қараганда буларнинг ҳаммаси жонларга қутқу соларак юксак қоянинг тепасида тебранаётган гулнинг ортида муҳташам манзара яратган. Назаримда осмоннинг энг олий орзуси ушалганди – безанган кўйи лоланинг атрофида парвона. Тубанда нима гап? Одамлар – қанчаси қояга тирмашиб, афсонавий чечак сари кўтарилаётган, қанчаси қулаб юзларча метр пастда қолган тошларга урилиб парчаланган. Масофанинг ҳатто ўртасигача ҳали ҳеч зот етолмаган. Ахир бунда ҳомиладор аёлнинг қорнидек бўртган чиқиқлар мавжуд эдики, бошқа тикликлардан эсон-омон ошган саноқли кишилар ҳам айнан шу бурилишларда ҳаёт билан видолашаётганди. Давоми

Бир пиёла сув (туш-ҳикоя)

Менга вазифа юклатилган эди. Бироқ нима учун айнан менга? — билмайман. Ким ва қандай вазиятда топшириқ берди? — буни ҳам негадир эслай олмайман. Ёдимда қолгани – нимадир ортилган, иккита от қўшилган аравани шом тушгунга қадар манзилга элтишим зарур. Нега энди шомга қадар? Бу саволнинг жавоби ҳам менга қоронғи… Яна “йўлда чалғимасанг бас, юкни манзилга ўз вақтида эсон-омон элтасан”, дейилгани ҳаммасидан ошиб тушди: жумбоқмисан жумбоқ!
Тавба, ўзимга ҳам қизиқ бу иш. Шунча замонавий улов турганда, алмисоқдан қолган аравага нима бор? Унга ортилган юк-чи? Нима у ўзи? Устига аллақандай матолар ташланган, ўралган, чирмалган. Аммо бори – шу. Ортиғини истасам ҳам сизга айтолмайман. Давоми

Ҳайкаллар ороли (ҳикоя)

Биринчи сафар

Тинч уммони вазмин чайқалади. Чексиз масофалар ўз қаърига сир яширган янглиғ узанган: улар бир вақтнинг ўзида ҳам ўз бағрига чорлайди, ҳам ундан итаради. Ҳозир эса сув юзасини қалин оқиш туман қоплагани боис қайиқдан туриб қаралганда бурун остинигина кўз илғайди: икки қулоч нарида нима бор, кошки билиб бўлса…
Қайиқ ичи балиқларга лиқ тўлган эса-да, балиқчилар тўрларини яна сувга ташлаган кўйи тек қотишган. Тушиб қолган вазиятларида бошқа нимаям қўлларидан келарди, дейсиз. Бор-йўқ қиладиган ишлари кутиш бўлгандан кейин кутишади-да. “Кимни, нимани?”, дейсизми. Қуёшни!.. Қуёш зич туман кўксини чок-чокидан сўкканча уларга йўл кўрсатиши керак ҳали. Йўқса, адашиб, Оролга душман томондан бориб қолишса, ҳолларига маймунлар тугул, қайиқда потирлаб ётган манави чалажон балиқлар ҳам думларини ликиллатиб кулиб қолишлари ҳеч гапмас. Аслида, кулиш — шуларнинг ҳаққи. Жонларидан роса алам ўтиб турибди-да ўзиям шу тобда. Алам қайиқдаги одамлардан етди. Маймунлар эса… ўҳ-ҳўў, маймунлар узоқда – нақ оролда: улар  кўрмасликлари мумкин. Қолаверса, бекордан бекор нетиб кулишсин маймунлар?.. Давоми

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар