Қидириш

Кутубхона

Facebook

Улуғбек Ҳамдам. Истиқлол адабиёти — озод тафаккур адабиёти

Ўзбекистон мустақил бўлгандан бери орадан 22 йил вақт ўтди. Бир авлод туғилиб, вояга етгулик фурсат бу. Демак, Истиқлол даврида дунёга келган фарзандларимиз ҳозир балоғатга етиб, авлод бўлиб шаклланди, сафга турди. Айни дамда, катта авлодлар ҳам бу вақт мобайнида Истиқлол мафкураси асосида ўз дунёқарашию мақсад-муддаоларини Ватанимиз манфаатларига ростлаб, белни маҳкам боғлаган кўйи хизмат қилмоқдалар. Зеро, икки ўн йилдан мўлроқ давр ичида юртимизда амалга оширилган, оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир фуқаронинг турмуш ва онгида улкан ўзгаришларни содир этгани кўз юмиб бўлмас ҳақиқатдир. Ҳаётимизнинг ҳамма соҳаларида жадал суръатларда бораётган модернизация жараёнларини олинг. Давоми

ЁЗИШ НЕГА ҚИЙИН?

Ёзиш нeга қийин?

    «…нима қилайинки, бизнинг юртимизда ва бизнинг миллатимизда одамни шоирликдан баттарроқ уялтирадиган бошқа иш йўқ,» дейди ҳазрати Румий. Мен ушбу иқрорномани чамаси 8-9 йиллар бурун ўқигандим ва ўшанда тўғ риси, андак ҳайрон ҳам бўлгандим. Ахир шеър — санъат, унда кишини турмушнинг балчиғ идан кўтариб, ювиб поклашга, руҳан юксалтиришга қодир хусусият мужассам. Бас, шундай экан,киши нега шеъриятга яқин бўлмоқдан уялмоғ и керак, деган фикрни ҳалигача ҳимоя қилсам, дейман. Бироқ гоҳи-гоҳида мавлоно айтган гап кайфиятига тушиб қолаётганимни, шу тариқа шеър ўқиш, ёзиш… каби маънавий муроқаба ҳолидан тобора йироқ тушаётганимни сезиб қоламан. Ва шуйтиб сабабларини қидира кетаман. Яқинда профессор Умарали Норматов телефонда ўзига хос ҳаяжон билан айтиб қолдилар: «Тоғ ай Муроднинг янги романини ўқидингизми? У ҳақдаги менинг чиқишимни-чи?» Сўнг домла завқ-шавқ билан асардан олган таассуротини бир муддат гапириб бердилар… Мен ҳар иккаласини ҳам ўқимагандим. Устознинг олдида бироз ҳижолат чекдим. Тўғ ри, тушунаман, мен аввало, ўз виждоним қаршисида мулзам бўлишим керак эди. Рисолаларда шундай битилган. Афсуски, бундай бўлмади. Мана, ўша телефон кўришувидан сўнг қариийб икки ой чамаси фурсат кечдиямки, ҳар бир асари адабий жамоатчиликда илиқ муносабат уйғ отаётган ёзувчининг янги романини марказга тушиб сотиб олишга ҳафсала қилмайман. Нега, нимага? Ахир, яқин — яқинларда адабиётга тегишли нимаики бор, ҳатто энг кичик газетагача, ҳаммасини эринмай мутолаа қилгувчи эмасмидим? Нега энди ўша кайфиятни тополмаяпман? Нима, кўп яшаб, кўп билиб қўйдикми? Дунёсининг тагига бориб қолдикми? У бизга абсурддан дарак бераяптими? Ва биз уни кўтаролмай йиқилдикми? Ахир, абсурд фалсафасининг отахонларидан бири Камю амалда жуда ҳаётсевар бўлган-ку! Абсурд моҳиятини чуқур тушуниб етгани ҳолда маънисизликка аччиқма аччиқ, қарама-қарши яшаш керак, дейди-ку у! Ва ўз ҳаётида ҳам шуни исбот қилади… Ёзувчи автоҳалокатга учраганда ўзининг шоҳ асарини ёзиш иштиёқида яшаётганди. Билмадим, менимча, шундай некбин кайфиятнинг мавжудлиги Камюнинг ёзилмай қолган ўша мавҳум «шоҳ асар»идан ҳам баландроқ турса керак. Хўш, Камю топа олган ўша ҳаётсеварликка биз ҳам эгамизми? Навсиламрини айтганда, бу борада франтсуз ёзувчисига тенглашиш маҳолдек туюлади. Нега? Нима учун биз бунчалар бўш ва мўртмиз? Йўлнинг аввалида турибмизку, худди адоғ ига етгандек юзларимиз сўлғ ин. Ахир, биз Камю сипқорган абсурд фалсафасидан қониб-қониб ичганимизча ҳам йўқ-ку! Ёхуд яна бир устозимиз Озод Шарафиддинов ҳақмикан?.. Кузак бошланган паллада домлани йўқлаб бордик. У адабиётдан анча фурсат гурунг бериб ўтирдилар. Эсимда қолган гапларидан бири, домла, шарқнинг йўли барибир, ғ арбникидан фарқ қилса керак, бу нарса айниқса, ғ арб ва шарқ инсони психологиясидаги айричаликда ўзини кўрсатади, дедилар. Энди ўзимча ўйлаяпман: Эҳтимол, шунинг учундир, масалан, Гёте ёки Камю босиб ўтган йўлни, яъни абсурд йўлини шарқлик инсон унча хуш кўрмас. Ахир, ғ арб кишиси шахс эркинлигини қидиргани ҳолда шарқлик ҳамсояси алал-оқибатда ўзини, тақдирини Оллоҳга ҳавола этишга эҳтиёж сезади. Домла эътироф этганидек, иймон машриқлик учун сўнги таянч нуқта. Асрлардан бери шундай бўлиб келган. Агар ўша швейтсариялик психоаналитик К. Г. Юнг ҳақли бўлса, яъни турли замонларда яшаётган одамлар гўё бир кўринмас организмни ташкил этса ва якка инсон у ёки бу шаклда шу организм таъсирида юрса, демак, шарқ инсони истаса-истамаса, ота-боболарининг анъаналаридан кўп-да узоққа кетолмайди. Шундайми? Агар кетишга уриниб кўрса, руҳий муаммоларга дуч келадими?.. Сўроқлар, сўроқлар… Бир шоир дўстим изҳори дил қилиб қолди: «Икки қатор шеър ёзмаганимга йиллар бўлиб кетди. Гўё туйғ уларнинг сийқаси чиқиб кетгандек…» Ҳамоҳанг пардада дўстимга жўр бўлдим: «Адабиёт мен учун арши аълодек жой эди. Кўнгилнинг энг сўнг юкуниб борадиган ва албатта таскин топадиган маскани эди. У айнан шу маскандан туриб Яратган сари парвозга чоғ ланарди. Адабиёт менга нажот ваъда қиларди, нажот! Ҳа-ҳа, буларнинг ҳаммасини ўтган замонда гапираяпман. Чунки тобора қалбимда ўзга бир кайфият ҳоким бўлмоқда. Ва у «адабиёт дардисиз яшамоқ енгилроқдир» дея мени мушкул аҳволга солиб қўймоқда. Адабиёт қўйган тузоқларни осонлик билан енгиб ўтмоқда ва ҳатто уни менсимаётир…» Вақт айланади ва мен олимона мулоҳазакорлик билан ўзимга ўзим дейман: «Сен ошириб юборяпсан. Тўғ ри, сендаги, дўстингдаги кайфият бор нарса. Бироқ у ўткинчи. Сен ва сенинг дўстинг тушунмоғ и керакки, ХХ асрнинг сўнги ўн йили ва янги аср аввалида шундай ижтимоий-сиёсий, маънавий-психологик, тарихий ўзгаришларни бошдан кечирдикки, уларни бирваракайига, улгуржи тарзда «ҳазм қилиш» ва таҳлиллар натижасига кўра яшаш ҳатто зиёлидан ҳам анча куч ва фурсат талаб қилади. Сен ва дўстинг кўнглида кечаётган ўйлар мана шундай қадриятлар қайта баҳоланаётган бир давр учун ғ оят табиий бўлганидек, жамиятлар ўзини секин-аста тиклай бориши билан тобора некбин бир либосларга бурканиши ҳам шунчалик қонунийдир. Буни, аввало, ўзинг тушуниб ет, сўнг дўстингга-да етказки, ўшанда сизлар ҳам эҳтимол, «келажакка мактуб»лар битишга чоғ ланиб қоларсизлар…» Дарҳақиқат, келажакка мактуб ёзиш… Ғалати ва қизиқ ташаббус. У қачонлардир табиий ҳол сифатида қабул қилинарди, энди… ўзингни ноқулай ҳис этасан. Нега, нимага?.. Яна олимлик қилгинг кебқолади, сен зўр бериб изоҳ қидира кетасан. Чунки одамзод шундай хилқатки, туғ ма инстинклар уни аввало, бугун «билан» яшашга мажбур қилади. Ахборот тўрларига ғ арқ бўлган кунимизда дунё организми бўйлаб яшин тезлигида рўй бераётган ўзгаришлар суръати ва салмоғ ини ҳис этаркансан, узлатга чекиниб аллақандай мактублар ёза олмайсан, ахир. Курраи замин узра шундай воқеалар содир бўлмоқдаки, ҳар бир тирик организмнинг ҳаёт-мамот масаласи уларга, уларнинг натижаларига боғ лиқ бўпқоляпти. Бинобарин, сенинг ҳам бутун эътиборинг, авало, замин узра ўз хавфсизлигингни таъмин этишга, ёки ҳеч қурса, хавфсиз эканлигингга амин бўлишга сарфланмоқда. Қачонки, сен ўз мажбуриятингни қайсидир даражада таҳликадан ҳоли деб ҳис этаркансан, шунда яна маънавиятга бел боғ лайсан. Ҳа-ҳа, бу ҳаракат ўз-ўзидан бошланиб кетадики, бугун «ёзолмаяпман» дея тушкунликка тушмоғ ингга ҳожат йўқ… Қолаверса, адабиёт — санъат, лекин санъат деб аталмиш яхлит организмни секин-аста қисмларга ажратсанг, қизиқ ҳодисага дуч келасан. Чунки қисмлардан бири психология, бошқаси тарих, яна бири сотсиология, яна бошқаси дидактика бўлиб чиқадики, ХХИ асрга келиб бу соҳалар жуда ривожланиб кетганидан ҳар бири ўзига тегишли майдонни ўз тасарруфига олишга киришди. Қарабсанки, илгари адабиётга тегишли «юк» кўпчилик орасида бўлиниб олинди. Тўғ ри, адабиёт берадиган ва бошқа соҳалардан топиш маҳол бўлган руҳий завқ-шавқ масаласи бор. ХХ/ аср кишиси завқдан маҳрум эмас. Бироқ бу завқ аввалги руҳий озиқланишдан кўра кўпроқ ақл ва баданнинг бир муддат лаззат олиши асосига қурилмоқда. Зеро, тсивилизатсиянинг руҳ тарбияси оёғ ига болта урганига анча бўлган. Руҳи тарбияланмаган кишига эса руҳий шавқ берадиган соҳанинг унча қизиғ и бўлмайди. Ахир бундай лаззатни ҳис қиладиган аъзонинг ўзи муаммо бўптурганда, сенинг «адабиёт» дея кўзёш тўкишинг бир мунча ғ алати туюлади-да. Лекин, барибир, шоир айтмоқчи «ҳув олдинда бор каби Шафқат…» Тарих ғ илдираги ҳеч қачон бир текисда айланган эмас. Бугун одамзод ижтимоий-сиёсий, психологик факторларга,яъни тарихий вазиятга кўра фаоллашган бир вазиятда турибди. Одатда, ҳаракатланаётган киши камроқ ўйлайди, камроқ фикрлайди, ўз руҳий-маънавий даражаси устида жиддийроқ бош қотирмайди. Бас, шундай экан, бугунги инсондан антик дунёнинг олтин давридаги одамларидек санъатпарвар бўлишни талаб этиш тарих қонунини тушуниб етмасликка тенг бўлмайдими?.. Магар шундай бўлса, муайян тарихий паллани босиб ўтаётган ва эрта индин муқаррар равишда босиб ўтажак инсон ниҳоят, кун келиб, андак тин олади ва орқасига — босиб ўтилган йўлга қарайди. Ҳамда уни англамоққа, моҳият-моҳиятига кирмоққа, идрок этмоққа уринади… Натижада табиий равишда яна санъат асарлари вужудга келади… Eртакдек жарангловчи бу ақидага ишонадиган бўлсак, «адабиёт ўладими, йўқми?» дея ўзимизни ўтга- чўққа уришимизга ҳожат қолмайди. Бироқ панароқда жон сақлаб кутиб ётсак, ёзадиган тарихий палланинг ўзи бизни уйғ отадими? Албатта, бунинг учун ижодкорнинг умри жудаям узун бўлмоғ и керак. У ўтда ёнмаслиги, сувда чўкмаслиги лозим. Ҳақиқатда-чи? Ҳақиқатда санъаткор зоти қолганларга нисбатан-да табиатан анчайин мўрт, осон яраланувчан, қийин тузаладиган кавм-ку! Демак, айниқса, серҳаракат бугунги дунёда яшаётган ҳар қандай санъаткор ижод қилиш учун «олтин давр» келишини кутиб ўтиролмайди. У дунёга, масалан шоир бўлиб келган ва яшаса ҳам шоир бўлиб яшамоғ и шарт. Демак, у қандай тарихий вазиятда бўлмасин, барибир, ёзишдан ўзга чора тополмайди. Фақат… фақат у кўз очиб юмгунча турли-турли либосларга ўраниб олиб, буқаламундек товланиб бораётган дунёнинг барқарор қиёфасини илғ аб ололмай, демакки, деярли ёзолмай ўтишга маҳкум эканлигини-да тан олмоғ и ҳам жудаям зарур. Агар ёзиш зарурати шундаям уни тинч қўймаса, ёзсин, бироқ ўша товланаётган дунёни, ўзгараётган ҳақиқатни ёзсин…

ЯНГИЛАНИШЛАР АВВАЛИДАГИ ОЛИМ

Янгиланишлар аввалидаги олим     

      Бугун ўзбек адабиётшунослиги авжи янгиланиш палласини бошидан кечираяпти.  Кимдир билағон шогирдларни етиштирайин дея, бу хайрли ишга бош қўшаётган бўлса, кимдир ўз тадқиқотлари билан  бевосита жараёнда иштирок этмоқда. Хуллас, биров адабиёт тарихию матншуносликда, бошқа  биров эса назария ё танқид соҳасида қўлидан келганича уринаётир. Буларнинг ҳаммаси яхши. Лекин яна шундай адабиётшуносларимиз борки, уларнинг ўзлари орқа планда — парда ортида қолиб, саҳнага фикрларинига қўйиб юборишган. Мен устоз Талъат Солиҳовни назарда тутаяпман. Унинг жаҳон адабиёти ва умуман, санъати борасидаги мушоҳадалари дарс ва суҳбат чоғларидагина хайрихоҳ шогирдлар томонидан ё эслаб қолинган ва ё ёзиб олинган. (Ёзиб олинмаганининг уволи нима бўлади, дейман гоҳида ўзимга ўзим…) Бори — шу. Лекин ана шу “бори”га қараб, унинг салмоғини чамалаб кўргандаёқ аён бўлаётирки, Истиқлол даври ўзбек адабиётшунослигининг чинакам янгиланиши айни Талъат Солиҳовдек заҳматкашу хокисор олимларнинг адабиётга қарашлари зимнида яшириниб ётибди экан. Чунки Талъат Солиҳов ўқиган маърузалар қатида наинки ўзбек, балки жаҳон адабиёти ва санъатига сўзнинг том маъносида Янгича Қараш мужассам эди. Бу Қараш ўз вақтидаёқ муайян титроқлару кайфиятни жонимизга солган эди, лекин барибир, унинг мевалари ларзон-ларзон даври  ҳали олдинда, деб ўйлайман. Чунки Талъат акадан қолган адабиётшуносликка доир ҳажман кичик, лекин мазмунан ғоят салмоқдор мерос ҳалигача асосан сарғайган дафтарлардагина “кун кўраётир”. Уларни зудлик билан топиш, тўплаш, саралаш, тизимга солиб чоп этиш ва йўсин адабиётшунослигимиз “дастурхонига” тортиқ этиш замони аллақачон келган. (Албатта, домланинг барча қарашларини “мутлақ ҳақиқат” дея таърифлашдан тамоман йироқман. Адабиётшуносликнинг бугунги даражасидан туриб, унинг айрим мулоҳазалари билан тортишиш мумкин. Ҳатто менинг ўзим Белинский, Толстой ҳақидаги қарашларию шакл ва мазмун борасидаги кескин мулоҳазалари туфайли  хаёлимда устоз билан доимо баҳслашиб юраман. Лекин гап бунда эмас. Гап домла қолдирган мерос зимнида яширинган тафаккур жасоратида, жасоратнинг мазмун-моҳиятида. Устознинг ана шу сиймосида дарсликлару китобларда эътиборимизга тортиқ этилаётган “ҳамма гаплар”ни ягона ва охирги ҳақиқат эмаслигига ишора, уларни ақл ва мантиқ тарозусида тортиб, янада муҳими, инсон ва санъат ҳақидаги катта ва фундаментал илмга таянган ҳолда янги ва мустаҳкам қарашларга эга бўлишга чорлов бор. Яъни мавжуд ҳақиқатларга бошқача қарашнинг мумкин ва ҳатто зарурлиги акс этган унинг адабий нигоҳида.) Шу маънода мен, аввало, унинг шогирдларига, адабиётимизнинг, адабиёт илмимизнинг чинакам ихлосмандларига, янгиланишу янги фикрнинг толмас ҳимоячиларига, инсофу иймонини энг азиз неъмат янглиғ асраб келаётган издошиларга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, агар сизда ҳам ҳассос олим Талъат Солиҳовнинг оғзидан чиқиб хотирангизда муҳрланган ва ё қаердадир китоблар орасида чанг босиб ётган эски дафтарингизда қолиб кетган “сўзлари” бўлса, жамики савобу эзгу амал ҳаққи ҳурмати — таҳририятимизга етказсангиз. Вақти келиб, журнал саҳифаларида жамланиб-тартибланиб эълон қилинган мерос яхлит бир китоб ҳолида нашр қилинади, деган умид билан биз ҳам ҳаракат қилаверайлик.

       Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган маъруза парчалари менинг конспект дафтаримда қолган ёзувлардир. Домла шошилмай  гапирар эди, шунга кўра нафақат фикрлар, балки жумлаларнинг қурилиши ҳам асосан маърузачининг ўзига тегишли бўлса ажабмас, деб ўйлайман. Фақат айрим фикрларни ё қисқартириб ва ёхуд ихчамлаштириб ёзиб олган бўлишим мумкин. Баъзан фикрни ўз сўзларим билан ёзган ўринлар ҳам мавжуддир, эҳтимол. Ҳаммасини аниқ-тиниқ эслашнинг иложи йўқ. Орадан 22-23 йилдан мўлроқ вақт ўтибди, ахир! Шунга кўра фикр ва жумла ғализликлари бўлса, йигирма бир-йигирма икки ёшли ғўр талабаники, яъни каминаники дея билгайсиз. Қолган ҳаммаси устозники! Албатта, домла айтган кўпгина мулоҳазаларни кейинчалик биз бошқа китоблардан ҳам ўқидик, лекин, барибир, устоз шу фикрларни битта мавзу байроғи остида тўплаб, уларга умумий контекстда ўзгача мазмун, шукуҳ бағишлаган эди. Энг муҳими, Талъат ака бутун бошли адабий йўналиш ёки ёзувчи ижодидан бир-иккита шундай фикрларни суғуриб олардики, кейинча чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрсангиз, ўша йўналиш ё якка ижодкор асарларининг моҳияти айни ўша “бир-икки фикр”га суяниб турганига амин бўласиз.  Бу энди катта масштабдаги тафаккур эгасининг, ҳақиқий адабиётшуноснинггина қўлидан келадиган Буюк  Ишдир! У ёғини суриштирсангиз, илмдаги чинакам янгиликлар тўртта терминни бир-бирига уриштириб, чиққан садосига маҳлиё бўлган олимларнинг жилд-жилд китобларидан эмас, йўқ, балки, кўпинча, ана шундай тафаккур эгалари қолдирган жажжигина меросдан ибтидо олиши мумкин. Ҳа, бугун ҳеч бир муболағасиз таъкидлаб айтиш жоизки, Талъат Солиҳов янги ўзбек адабиётшунослиги таъмал тошини қўйганлар сафида муносиб ўрин тутади.

         Эътиборингизга ҳавола этаётганимиз янги рукн исмини “Адабий нигоҳ” деб номладик. Бу ерда биз олиму ижодкорларимизнинг адабиёту санъатга бўлган ўз қарашларини эълон этиб боришни ният қилдик. Марҳамат, сиз ҳам иштирок этинг!

 

 

 

Талъат Солиҳов

 

 

Қобиқни ёриб чиқиш саодати

 

Шакл, мазмун ва бошқалар ҳақида

 

Романтизм воқеликни эмас, балки воқелик ҳақидаги идеални акс эттиради. Реализм учун энг муҳим нарса – воқеликнинг ўзи. У воқеликнинг ўзгариши билан ўзгариб боради. Аслида ҳеч бир метод тоза эмас.

Адабиётда икки хил шакл мавжуд:

1.     Воқеликка хос бўлган инъикос шакли.

2.     Воқеликка хос бўлмаган инъикос шакли.

Санъат – бу воқеликнинг образлар воситасида инъикос этилиши. Илмда мантиқий тафаккур, санъатда бадиий тафаккур бор. Тафаккурнинг муайян босқичлари  қуйидагилар:

1.     Мифологик

2.     Романтик

3.     Реалистик

Булар воқеликнинг характеридан келиб чиққан. Ҳозирги санъат фақат ҳаётни инъикос этмайди, балки борлиқни акс эттиради.

 

 

***   

20-йилларда Томас Манн ижодида мифдан фойдаланиш бошланди. Бошқа кўпгина ёзувчилар унга эргашдилар. Совет адабиётида узоқ вақт бундай йўл тутилмади. Мустасно бор эди, албатта. Чунончи, Платоновнинг “Котлован” қиссаси.

 

***

Илья Оренбург шундай деган эди. Агар жаҳонда учта романнавислик оқими бўлса, улар:

1.     Кафка

2.     Камю

3.     Жойс

 

***

Инсон зоти тафаккур нуқтаи назаридан ўтакетган  дангаса.

 

***

Адабиётнинг олдига талаб қўйиб бўлмайди, уни ўз ҳолига қўйиш зарур.

 

 

 

***

Шакл топилса, бадиий асар яратилиши мумкин, йўқса – йўқ. Камю, Кафка, Фолькнер ижоди кўпроқ Фрейднинг психоанализи билан боғлиқ. Ҳозирги замон адабиётида кўпроқ психоанализ талаб этилади. Чунки илгариги тафсилотли сюжетлар ушбу кун кишиси учун завқ бермай қолди.

 

 

***

Инсонни инсон қилиб турган нарса, бошқа бир унсур бор, бу – руҳ!

 

 

***

Ҳар қандай мазмун муайян, ўзига хос шаклда рўёбга чиқади. Жаҳондаги ҳар қандай мазмуннинг ўз шакли бор. Агар ижодкор маълум бир шаклни топа олмаса, демак, бадиий асар йўқ. Шакл мавҳум нарса эмас. Шакл моҳияти бу – сўз. Лекин бу оддий сўз эмас, бадиий сўз.

 

***

Композиция, сюжет, тил – шакл. Унда мазмун нима? Жиддийроқ қарасак, шуларнинг ўзи мазмун. Рўёбга чиққан сюжет, композиция, сўз – мазмун.

 

***

Инсон тафаккури бор нарса. Табиатда-чи? Унда ҳам муайян тафаккур мавжуд. Чунки оламни ушлаб турган қонунлар – тафаккур маваси. Биз тушунмаган тафаккур оламда ниҳоятда кўп. Уларда ҳам бадиий унсурлар ҳаёт. Кашф этиш – тафаккур қилишнинг биринчи босқичи.

 

***

Воқеликни инъикос этиш  бу – воқеликни қайта яратиш. Бу – воқеликнинг худди ўзи эмас, балки модели.

 

 

Воқеликка муайян муносабат ва шу муносабат нуқтаи назаридан воқеликни акс эттиришнинг эстетик тамойиллари

 

Корнель асарларида ақл бирламчи, ҳиссиёт иккиламчи. Расинда бўлса, аксинча. Ленин “адабиёт ва санъат мафкуранинг маълум шакли ва унга хизмат қилади”, дейди. Бу нотўғри, аксинча, мафкура адабиёт ва санъатга хизмат қилиши лозим.  

Адабиётнинг тарбиявий аҳамияти йўқ! Унинг ягона вазифаси – воқеликни инъикос эттириш. Адабиётнинг таъсири эстетик, психологик бўлади, асло сиёсий, мафкуравий эмас. Адабиётга партиянинг ҳеч қандай раҳнамолиги керак эмас. Мабодо, раҳнамо топилса, адабиётнинг йўналиши фақат битта бўлиб қолади.

***

Навоий воқеликнинг ўзини эмас, балки воқелик ҳақидаги ўз хаёлини тасвирлайди. Навоий – романтик шоир, унинг даҳолиги ҳам шунда. Биз реализм методини энг яхши деб билдик ва Навоийни ҳам шу “яхши” метод намояндаси сифатида кўрсатмоқчи бўлдик. Бу–хато.

 

***

Меҳнат қилишда эмас, йўқ, балки тафаккур қилишда инсон жуда-жуда дангаса. Биз меҳнатга ўрганиб қолганмиз, фикрлашга эмас.

 

***

Асарлар “ҳақида” эмас, уларнинг ўзини ўқиш зарур.

 

***

Асар устида қайта ишлаш мумкин эмас, асарнинг тили устида қайта ишлаш мумкин. Унинг моҳияти, мағзи ўзгармас бўлиб туғилади.

 

***

Принципиал нуқтаи назардан Бальзак ва Толстой ўртасида фарқ йўқ, лекин жузъий жиҳатдан олсак, улар бошқа-бошқа.

 

***

Энгельснинг “адабиётда типик воқеалар типик шароитларда тасвирланади”, деган гапи нотўғри.  Чунки бир кишининг ҳаётни, хаёлини акс эттирган асарлар типик эмас, бироқ бу ҳам бадиий асар – адабиёт. Қаҳрамон типик бўлмаслиги мумкин, бироқ, барибир, у – тип.

 

***

Социалистик реализм мавжуд, аммо адабиёт сифатида эмас, балки идеология – мафкура сифатида.

 

Модернизм

 

Модернистик адабиёт XX асрнинг 30-йилларидан шакллана бошлади. У ўз ичига кўп нарсаларни қамраб олади. Мазкур адабиётнинг Кафка, Камю, Жойс каби оврупалик, Фолькнер, Хемингуэй каби америкалик йирик вакиллари бор. Улар ҳаётда учрамайдиган (мифологик ва бошқа) шаклларда ижод этдилар. Зигмунд Фрейд–модернизмнинг пайғамбари. У “шуурнинг кўринмас, ботиний тарафлари мавжуд. Инсондаги кўп ҳолатлар шу ботиний шуур меваси”, дейди.  Жойс ўз асарларида шуларни таҳлил қилади, чунки у Фрейд билан таниш эди.

 

 

 

 

***

Маркс “буржуазияда инсон яккаланиб қолади, чунки бу система ва хусусий мулк билан боғлиқ”, дейди. Бу–янглиш фикр. Инсоннинг яккаланиши фақат капитализмга хос эмас. У жамиятга ва инсоннинг табиатига боғлиқ. Инсоннинг яккаланиши барча жамиятларга, жумладан, социализмга ҳам хос хусусиятдир. Жамият қанчалик мураккаблашиб борган сайин, танхолик шунчалик кучаяди. Масалан, ибтидоий жамоа тузумидаги билан ҳозирги давр инсон танхолигини олиб кўрсак сезамиз.  

 

Экзистенциализм

 

Экзистециализмга асос солган одам Жан Поль Сартр. Экзистециализм “ҳаётнинг маъноси унинг бемаънилигида”, дейди. Лекин инсоннинг бунга алоқаси йўқ. Ҳаётнинг маъноси фожеадир, тўғрироғи, ўша фожеани енгишда. Хемингуэй ва Айтматовлар шундай тушунадилар. Экзистенция – маънонинг бемаънилиги, бу – буюк фожеа!

 

***

Сартр “ҳар битта одам қонида экзистенция (фожеа  ва беъманилик, кўнгилни беҳузур қиладиган субстанция) мавжуд”, дейди.

 

***

Ҳаётда яратувчилик билан бир қаторда йўқ қилувчилик ҳам бор. Йўқса, инсоният ақлини танигандан буён урушиб келмас эди.

 

***

Инсон заиф, у фожеадан қўрқади. Бунинг ўзи ҳам фожеа.

 

***

   Ҳаётнинг устидан чиқарган ҳукмимиз бизнинг ўзимизга ҳам тегишли.

 

***

Оламдаги жониворларнинг биттаси – биз ва бизнинг ҳеч қандай улардан устунлигимиз йўқ.

 

***

Ҳаётнинг ўзи кучли фожеаларни мужассам қилади. Камюда ҳеч қандай ҳайратга туширадиган қаҳрамон йўқ, лекин уларнинг тақдири кишини қийнайди, азоблайди.

Яхши асарни ўқигач, киши поклангандай бўлади. Адабиёт бундан ортиқ нима берсин?

 

 

***

Буларнинг ҳаммаси тафаккур қилишнинг битта йўли, холос.

 

Эмиль Золя

 

Инқилоб – бир гуруҳнинг иккинчи бир гуруҳ устидан ғалабасидир. Флобер Париж коммунасини инкор этган. Аммо у Бальзакни инкор этмаган, фақат Бальзак изидан бормаган.

 

***

Шу кунги ҳаётни – фақат сўкиш, инкор этиш, қарғаш мумкин бўлган ҳаётни тасвирлашга реализм керак. Шундай реализм Золяда мавжуд. Унда эксперимент кучли. Адабиётда баъзан мувафаққиятсиз эксперимент одатдаги асарлардан қимматлироқ бўлади.

 

***

Классик адабиётда воқеликни тасвирлаш етарли эди. Ҳозир етарли ва муҳим эмас. Бу – жўнлик.

Воқеликни тасвирлаш – синтез, тушунтириш – анализ.

 

***

Навоийдаги савқитабиий (интуиция) ҳозир йўқ. У минг йилда бир марта дунёга келади.

 

***

Белинскийнинг “санъат воқеликни бадиий сиймолар асосида акс эттиради”, дегани бугун етарли эмас. Чунки воқеликни бадиий тадқиқ қилиш асосида бадиий сиймоларни яратиш – бугунги кун шиори.

 

***

Эмиль Золя – реалист. У “илм билан бадиий асар бир хил. Фақат уларнинг танлаган объектлари, методлари бошқача, мақсадлари эса битта”, дейди.

 

***

Инсонни ген (ирсият) программалаштиради. Ген авлоддан-авлодга ўтади. Инсон сажиясини белгиловчи нарса атроф муҳит эмас, балки субъект, ирсий программа. Инсон – бетакрор, йўқса,  ота-онаси ким бўлса, у ҳам ўша бўларди.

 

***

Золя қаҳрамонлари ноанъанавийдир.

 

 

***

Инсоннинг генига таъсир қилиш (яъни ўзгартириш) жиноят.

 

***

Импрессионизм – бир лаҳзада кечган муайян нарса-ҳодисани тасдиқлаш, рўёбга чиқариш, акс эттириш. Масалан, рассом маълум бир тасвирнинг қайси жилваси кўринса, ана шуни акс эттиради. Реалликда эса типиклаштирилади ва, натижада, нимадир йўқотилади. Импрессионизм ўша ниманидир олади.

 

***

Бир тасвирни ҳар хил рассом ўзича (турлича) кўради.

 

***

Импрессионизм буюк санъат. У улкан санъатларни келтириб чиқаради. Золяда ҳам шу нарса бор. Золянинг баъзи асарлари ниҳоятда зерикарли бўлиши мумкин, лекин у бор нарсани ёзади. Муҳими ҳам шу –  бор нарсани ёзиш. Хемингуэй “ёзувчи нимани яхши билса, шуни ёзиши керак”, дейди.

 

***

Ҳар қандай истеъдод конкрет, аниқ-муайян бўлади. Истеъдоднинг ўзи нима? У – эҳтироснинг энг юқори даражада намоён бўлиши. “Умуман истеъдод” деган нарса йўқ. Ҳар бир ёзувчининг ўз истеъдоди мавжуд.

 

***

Романтизмнинг “ожизлиги” шундаки, унда олдин программа (дастур) тузилади ва шу асосида асар ёзилади. Бунга сиғмай қолган жойлари эса қирқиб ташланади.

 

***

Золядаги фавқулоддалик ирсият билан боғлиқ.

 

***

Толстойда ўз-ўзини инкор қиладиган қарама-қаршилик бор. Буни Ленин ёзувчи дунёқарашининг чекланганлиги билан изоҳлайди. Аслида-чи? Аслида, бу нарса Толстойда “ёмонликка яхшилик орқали жавоб бер”, кўринишида мавжуд ва буни шундай тушуниш лозим.

 

***

Ҳаётда ҳамма ҳам шахс даражасига кўтарилавермаслиги мумкин, лекин ҳар битта инсон битта индивид.

 

 

***

Золя марксизмни қабул қилган эмас, бироқ социализмни  – бошқача социализмни қабул қилган. Унинг энг катта асари “Ругон – Маккарлар”дир. Асар йигирма жилддан иборат ва ундаги воқеалар йигирма йилда кечади. Қизиғи шундаки, ёзувчи бу асарни йигирма йилда ёзиб тугатган.

 

***

Романни Белинский жанр деб атайди. Ҳозир роман жанр эмас, балки тур. Унинг жанрлари мавжуд. Масалан, роман, роман-эпопея. Воқеликка муносабат, бадиий тамойил романни эпопея қилиши мумкин. Аммо ҳамма кўп жилдли романлар ҳам эпопея бўлавермайди.

 

***

Одамлар бошига кулфат тушгандагина бирлашади. Бошқа пайтларда эса бирлашмайди.

 

***

Қаҳрамон тақдирининг тарихи – сажия (характер).

 

***

Асарнинг ният-ғоясини аввалдан билиб бўлмайди. Агар билиб бўлса, бу романтизмдир.

 

***

Бизда яратилган асарларда фақат шарт-шароит одамни одам қилади, дейилади. Индивид, шахс, ирсият эсдан чиқарилган. Ирсиятнинг шахсда намоён бўлиши Золяда қонуний тарзда кечади. Толстойда бу жиҳат ўткинчи.

 

***

Ёзувчи бошқа миллат вакилини акс эттирганда ҳам, барибир, унда ўз миллати хусусиятини сезиш мумкин. Бу камчилик эмас – ўзига хос жиҳат.

 

***

Совет адабиёти йўқ. Чунки совет деган халқ йўқ. Рус адабиёти бор, ўзбек, грузин адабиёти бор. Совет маданияти ҳам, музикаси ҳам йўқ.

 

***

Адабиётга сиёсатни суқиш керак эмас, бадииятнинг ўзи сиёсат.

 

***

Аҳамияти жиҳатидан ёзувчи (шоир) умумжаҳон бўлиши мумкин, лекин поэтикаси, бадиияти жиҳатидан фақат ўз миллатининг одами бўла олади, холос.

 

***

Жамият индивидни яратади, деган фикр нотўғри, балки индивид жамиятни яратади. Ҳатто Навоийда кўп қаҳрамонлар шароит маҳсули. Мавжуд индивидлар эса романтик хусусиятга эга.

 

 

 

***

Ёзувчининг хаёли чексиз бўлганда ҳам объектив хаёлот (борлиқ)дан шубҳасиз тордир.

 

***

Золя ўз хаёлотини чеклайди. Бу – ҳамманинг қўлидан келадиган иш эмас. Масалан, у адабиётни илм дейди.

Золя индивиди Бальзакникидан кенгроқ. Фрейд кашфиётлари Золя кашфиётлари устига қурилган. Бу – табиий ҳол. Уларда фавқулодда ҳодисалар, индивидлар текширилади.

 

***

Қолиплар – стереотиплар дастлаб пайдо бўлганда ижобийдир. Улар қайтарилганда, сийқаси чиқади.

 

***

Сўз ташбеҳга айланганда бадиийлик юзага чиқади. Идеализмсиз бадиият йўқ. Идеализм бу – бор нарсани ҳар хил тушуниш.

 

***

Асар вақт ўтиши билан бошқа (асар)га айланади. Чунки уни тушуниш ҳар хил.

 

***

Истеъдод – туғма ҳодиса. Уни аямай сарфлаш керак. Сарфлашнинг орқасидан яна сарфлаш келиб чиқади. Бироқ истеъдодга эҳтиёт бўлиб муносабатда бўлиш лозим.

 

 

***

Ҳақиқий санъаткор ҳар доим ношукр бўлиши керак. Ҳақиқий ёзувчи учун яшаш бу – ижод. Хемингуэй ёзолмаганини тушунгач, ўзини ўлдиради. Гоголь ва Мопассан жинни бўлиб ўлган.

 

 

***

Орқа мияда биз билмаган бўлим бор ва у анормал психологияни пайдо қилади. Жиннилар ҳаракатини ботиний шуур бошқариб туради. Фрейд буни сексология билан боғлаб аниқлаб берган.

Секс  бу–эҳтирос. У қудратнинг энг юқори даражада рўёбга чиқишидир. Секс бу – кўпроқ руҳий яқинлик. Леонардо да Винчи суратидаги сеҳр бу – қониқмаган секснинг кўриниши.

 

***

Ёзувчида жасорат бўлиши зарур. Кўпчиликда шу етишмайди.

 

***

Табиатнинг бутун фожеасини тўлалигича акс эттириб, қабул қилиб бўлмайди. Бунга инсон чидай олмайди. Золя буюк жасорат чегарасида фожеани акс эттирган. Ушбу ҳаддан четга чиқиш мумкин эмас. Ундан четга чиққан Золя мутлақо ҳалок бўлади.

 

***

Инсоннинг қиммати, даставвал, унинг омма эканлигида эмас, балки инсоннинг якка ўзида. Сталинизм “оммада!” дегани учун вужудга келди, яъни у якка одамларда қимматни кўрмади, ўлдираверди.

 

***

Сизифнинг бахти – унинг бахтсизлигида, шуни ҳис қилганида.

 

***

Севги – бу фожеа. Чунки унда ўзликдан кечишга тўғри келади, яъни ўзингни кимгадир бағишлайсан. Ўзингдан кечиш эса – бахтсизлик.

 

***

Бахт  балки ўткинчиликни тушунишдадир.

 

***

Инсон тафаккури чексиз эмас. Инсонни инсон қиладиган нарса бу – маънавият.

 

 

***

Инсон фожеани тан олиши  ва уни енгишга ҳаракат қилмоғи керак. Хемингуэй учун ёзиш – ҳаёт, фожеани енгиш эса – яшаш эди. У жисмонан ёзолмай қолди ва ўзини ўзи отиб ўлдирди.

 

 

***

Руҳият – ёзилмаган, айнимаган дин! Одам қанча буюк бўлмасин, унинг руҳиятида яшириниб ётган ўз манфаати бор. Бусиз мумкин эмас. Бусиз одам  – одам эмас.  Унинг бошқаларга хизмат қилишида ўз манфаати бўлади.

 

Томас Манн

 

Томас Манн Толстой ва Бальзаклар даражасида, лекин уларга нисбатан анча мураккаб. Унинг Толстой ва Бальзак сингари оммавий эмаслигининг сабаби ҳам шунда.

 

 

***

Фақат образ орқали воқеликни тўла акс эттириб бўлмайди.

 

***

Адабиёт истеъдоддан ташқари (ёзиш) техника (си)ни ҳам талаб қилади.

 

***

Чернишевский ўта тенденциоз ёзувчи. У халқни қўлга болта олишга биринчи бўлиб чақирган. У ёзувчи эмас, “Нима қилмоқ керак?” деган асари ҳам асар эмас. “Нима қилиш керак?” деган саволга “Воқеликни акс эттириш керак”, деб жавоб бериш лозим.

 

***

Адабиётга ҳикоя мифларни дастлаб Томас Манн олиб кирган. Фашизм саксон миллион одамни йўқ қилди. Лекин мазкур қабоҳатга нима мажбур қилди? Буни ҳеч нарса тушунтириб беролмайди. Фақат озгина яқин борадигани бу – МИФ.

 

***

    Ҳар битта бадиий асар дастлаб миллийдир. Миллий бўлмаган адабиёт, адабиёт эмас.

 

Хорижий ўзбек адабиёти

 

Америкалик ўзбек ёзувчиси Булоқбоший Чўлпонни Шекспирга қиёс қилади. Кейин ёзади: “Йўқ, чуқурроқ ўйлаб кўрсам, Чўлпон Шекспир эмас экан. Чўлпон бу Чўлпондир”.

 

***

Сўзни ўлдирсангиз – тил ўлади. Тил ўлса, миллат ўлади. Миллат бу – ўзбек, француз, турк, инглиз…

 

 

***

Балки Пушкин, Лермонтовнинг аслини, тўла муқобилини ўзбек тилида ўқиш мумкин.

 

 

***

Адабиёт ўз сиёсатини ўзи намойиш қилсин. Унга тиқиштириш шарт эмас. Ҳозир ҳар бир ҳаракатимиз, сўзимиз – сиёсат. Ҳатто тушларимизда ҳам сиёсат мавжуд. Лекин булар сиёсатлаштириш эмас. Ҳозирги ўзбек адабиётида сиёсатлаштириш йўқ.

 

 

***

Бобурга келиб ўзбек адабиёти иккита йўлга ажралиб кетган. Назаримда, ўзбек классик адабиёти Машрабгача давом этади.

 

***

Навоий ва Фурқатлар маърифатчи эмас. Рус маданиятини сўқигани учун Фурқатни маърифатчи деб бўлмайди. Ахир бу – туркий халқлар маданияти эвазига бошқа маданиятни киритиш-ку!

 

***

Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага” деган шеърида миллатчилик бор. Миллатчилик – буюк ҳодиса. Шовинизм – бир миллатни иккинчи миллатдан устун қўйиш. Миллатчилик эса ҳар ким ўз миллатини ҳимоя қилиш, демакдир.

 

***

Жаҳонда майда ёки катта халқ йўқ. Чунки миллатлар бир жонзотнинг аъзоларига ўхшайди. Жонзот учун унинг ҳар бир аъзолари бирдек қимматли. Битта аъзо ишдан чиқдими, демак, бутун танада емирилиш бошланади.

 

***

Оллоҳни тан олиш ёки инкор қилиш унчалик муҳим эмас. Асосийси – унинг даражасига руҳиятда чиқиш.

 

***

Руҳ – нурланиш оқими, моддий.

 

***

Йўқ нарсага ҳам “бўлиши мумкин” деб қараш лозим. Бу ерда инсон ўзига чексиз эрк бермоқда. Инсон туғилгандан бери эркни орзу қилади. Балки инсоннинг асл моҳияти шундадир.

 

 

***

Маркс “Эрк бу – англанган зарурият” дейди. Аслида эрк ва зарурият бир-бирига қарши. Марксдаги эрк сохта. Эркнинг чегараси йўқ. Руҳиятга эрк бериш лозим.

 

***

Етти рақами муқаддас. У космогониянинг белгиси. Космогония – етти иқлим, етти олам, етти само. Биз ҳаммамиз ўз юлдузларимиз таъсирида бўламиз. Чунки биз туғилганимизда муайян юлдузлар ўз таъсирларини ўтказганлар.

 

 

***

“Пантуркизм”, “панисломизм” деган гаплар ғирт ёлғон. Чунки бор бўлганида эди, сўз ҳам ўзбекча бўларди.

 

***

Жадидчилик – энг аввало, адабий-бадиий ҳаракат. У жаҳоннинг ярмини қамраб олган. Жадидчилик худди бугунги кундагидек янги бадиий тафаккур. У илгариги маориф тизимини, яъни мадрасалардаги ўқитиш тизимини тиклашга интилишдан бошланган. Бунинг учун адабиёт орқали йўл тутишган. Туркияда бошланган. У – тараққийпарвар умумтурк ҳаракати. Жадидчиликка француз маърифатчилиги таъсир қилган. Масалан, Ҳамзанинг “Заҳарли ҳаёт” номли асаридаги  фоҳиша аёл тасвири. Француз маърифатчилиги эса ўз навбатида шарқ маданиятидан илҳом олган.

 

 

 

***

“Инқилобий”, “прогрессив”, “реакцион” адабиёт деган тушунчалар бўлмағур гаплар. Чунки адабиётнинг мағзи–инсон. Шундай экан, у қандай қилиб реакцион бўлади? Кўринадики, жадидчилик адабиёти ҳам на прогрессивдир ва на реакцион.

Адабиётда иккита руҳ бор:

1.     Қуллик

2.     Озодлик

Шахснинг озодлигини миллатнинг озодлиги таъмин этади. Мен аввал ўзбекман, кейин озодман.

 

 

Лотин Америкаси адабиёти

 

Жаҳон адабиётида Лотин Америкаси адабиётини феномен дейишади. Бу адабиётда роман бўлган эмас, демакки, анъана ҳам бўлмаган. Биринчи роман 1931 йилда ёзилган ва “Премия” деб аталган. Навоийнинг “Садди Искандарий”сини роман дейиш мумкин. Чунки у мифга асосланган (қолган достонлари роман даражасига кўтарилган эмас). Шунга кўра ўзбек адабиётида инқилобдан кейин роман пайдо бўлди, дейиш нотўғри.

 

***

Маркесдаги “думли бола” қадимги ҳиндулар мифологиясидан олинган. Миф ҳар доим фожеа билан якунланади.  

 

***

Бошқа халқ психологиясини инкор этиб бўлмайди. У айтаётган гапларни “шундай бўлади”, деёлмасак, “шундай бўлиши мумкин экан”, деб фараз қилайлик.

 

***

Ёзувчининг борлиги унинг бутун асарлари билан белгиланади. Унинг буюк асарлари (ижодкорнинг) фақат бир томонини кўрсатади, холос. Ёзувчининг буюклиги унинг ожиз асарларида ҳам кўринади. Ижод бу – система. Хуллас, санъаткорнинг улуғлиги унинг битта-иккита асарлари билан ўлчанмайди.

 

***

Биз табиат қўйнидан чиққанмиз. Фожеамиз ҳам шуки – чиққанмиз. Инсон – табиат унсури. У– абадий. Табиатда эврилиш бор, лекин йўқолиш йўқ, бўлмайди.

 

 

***

Адабиётнинг бирдан бир вазифаси – ҳаётни ошкора кўрсатиш, унинг фожеасини кўрсатиш.

 

***

Чақалоқ туғилиши билан қаттиқ йиғлар экан, у дунёга келганини интуитив равишда ҳис қилиб, даҳшатдан йиғлайди. Менингча, унинг тафаккури катта бўлгандаги тафаккурига тенг. Фақат у улғайгандагина мазкур тафаккур намоён бўлади.

 

 

***

Инсон туғилганда ифлос ва ёлғиз бўлади. Ўлаётганда яна ифлосланади. Инсоннинг моҳияти ана шу икки нуқтадан иборат. Унинг оралиғи субстанция – моҳиятнинг ҳаракати.

 

***

Яшашнинг ўзи – фожеа. Ибтидо фожеа бўлса-ю, интиҳо фожеа эса, демак, ўртаси ҳам фожеа. Биз ана шу фожеани, даҳшатни енгсаккина уни тушунамиз. Йўқса, унинг қулига айланамиз-қоламиз. Ўз фожеасига камдан-кам одам чидайди. Фожеага бардош бериб, уни кўзгуда акс эттира билган ёзувчи оз, жуда ҳам оз.

 

***

Ҳар ёзувчининг ўз виждони олдидаги жавобгарликдан ташқари бошқалар олдидаги жавобгарлиги ҳам бор. Ҳатто бу муҳимроқдир. Ҳақиқий ёзувчи ўз шахсий ҳаётида бир талай номаъқулчиликлар қилган бўлиши мумкин, бироқ бошқаларга нисбатан ҳеч қачон қабиҳлик қилмайди.

 

***

Ҳар қандай мард одам ҳам ўзидан ва бировдан ниманидир яширади.

 

***

Адабиётшуносликда профессионализмнинг икки томони бор. Биринчиси – асарни англаш. Бу жараёнда ўзликдан воз кечиш керак. Ўзлик албатта таъсир кўрсатади, лекин мазкур жиҳат йўналишини белгилаб бермаслиги лозим. Мен асарни белгилаб бермайин, балки асар мени белгилаб берсин. Иккинчидан, профессионалда асарни ўқиётгандаги лаззатланиш ҳиссиёти сийқаланиб боради.   

 

***

Энг қийин нарса – болаликни ўзида сақлаб қолиш. Болаларда қолип бўлмайди. Адабиётшунос ана шундай бола бўлиб фикр қилса, кўп нарса ютади.

 

 

***

Достоевскийда Мишкин – телба, қолганлар соғ. Аслида, Мишкин соғ-у, бошқалар телба.

 

***

Ҳаётда ёлғон гапириш ёмон нарса. Лекин ҳаёт ўз йўлида кетаверади, адабиётда эса умуман ёлғон ишлатиш мумкин эмас.

 

 

 

***

“Улисс”ни ўқиш учун мифология ва “Одиссея” каби достонлар билан танишиб чиқиш лозим.

 

***

Ҳалокат бу – қутулишнинг йўли эмас. Ўлим – зиддиятни ҳал қилмайди. Иложсизлик ва иложнинг мавжудлиги “Юз йил танҳоликда” бирлашади.

 

***

Одиссей ёлғиз эмас, уни ҳатто ҳалок бўлганларнинг руҳлари қўллаб турибди. Аммо бу – биздаги коллектив ҳақидаги тушунчадан тамоман бошқадир. Маркесда танҳолик бор. Буни таҳлиллаш учун ақл бовар қилмас истеъдод керак. Бу ҳатто Фолькнерда ҳам йўқ.

“Улисс”да танҳолик шу бугуннинг хусусияти тарзида очилади. Маркесда танҳоликни келтириб чиқарган – кечаги танҳолик. Бу ўринда яккаланишдан ташқари яккалаш ҳам мавжуд. Бу фақат одамга эмас, балки оламга ҳам хос хусусиятдир. Танҳолик юз йил аввалги гражданлик урушидан келиб чиқади. Бу – шартли. Аслида, ёлғизлик башарий қирғиндан келиб чиқади.

Жазонинг оқибати тазарру бўлмоғи керак. Жазонинг ўзи яна қирғинга сабаб бўлади. Буэндиоларнинг бошига тушган кулфатлар жазонинг бир кўриниши. Инсон табиатида тазарруга қараганда ёвузлик кучлироқ.

 

***

“Қори ишканба” – Гобсекнинг кўчирмаси. Қаранг, Қори ишканбага раҳмингиз келмайди, Гобсекка эса келади.     

 

***

Агар истеъдод бўлса, қачондир, нимадир намоён бўлади. Бу – муқаррар.

 

***

“Улисс”ни узлуксиз ўқиш керак. Чунки ҳаётнинг ўзи шунақа – узлуксиз. Ҳаёт субстанция эмас, балки ҳодиса. Танҳолик ҳам шундай. “Юз йил танҳоликда”ги юз йилнинг ўзи чексиз.

 

 

Кафка

 

Хемингуэй, Маркес, Диккенс каби адиблар “асар бошқа, мен бошқа”, деган гапни айтишган. Менингча, бу нотўғри. Чунки ёзувчи ким бўлса, асар ҳам ўшандай бўлади.  Одам ўзидан нур таратади. Худди шундай асар ҳам ёзувчининг бир кўринишидир.

Кафкадек даҳшатли  ёзувчи дунёда йўқ. Кафка маънавий жиҳатдан эзилиб, майдаланиб кетган. Яҳудийларда одам қаторига кириш учун ҳар нарсадан воз кечиш одати бўлган. Улар ҳатто диндан-да кечишган. Лекин, аслида, қалбда, шуурда ҳеч қачон кечмайдилар. Даҳшат шу ердан вужудга келади. Чунки аросат бошланади. Кафка яҳудийликдан чиқиб кетган ва немис тили унинг учун она тилига айланади. Шунинг ўзи танҳоланишдир. У жамиятга киришга ҳаракат қилди, лекин жамият уни ўзидан итарди.

Кафкани биров реалист деса, бошқа биров модернист дейди. Кафкани ўқиганда шу заминдан келиб чиқиб қараш керак эмас, шуурда заминдан бироз кўтарилиш лозим. Хаёл ҳам реаллик эканини тушуниш керак.

 

***

Болалигимизда эртакдаги барча нарсаларга ишонар эдик ва ишониб тўғри қилганмиз. Ақлимиз расо бўлган сари табиийликдан узоқлашиб борамиз.  

 

***

Кафка ўз асарларининг асосий қисмини чоп этишларини ман қилган. Чунки асар таъсирида ўқувчини даҳшатга тушиб, асар асири бўлиб қолишини истамаган. У бундай асарларини ҳатто ёқиб юборишларини илтимос қилган.

 

***

Гоголь ва Кафка ўртасида ўхшашлик бор. У ҳам Кафка даражасидаги даҳо. Масалан, унинг “Вий” асарини ўқиб кўринг. Гоголь “Ўлик жонлар”нинг иккинчи қисмини ёқиб юборган. Эмишки, у мазкур бўлимда помешчиклардан бирини ижобий қилиб тасвирлаган ва кейин тушуниб қолиб ундан воз кечган. Бу хато фикр. Аслида, Гоголь ўз асаридан ўзи даҳшатга тушган. Биз Гоголни Белинскийнинг таҳлилидан келиб чиқиб баҳолаймиз. Гоголь покланишга чақирган. Буни Белинский тушуниб етмаган ва танқид қилган. Аслида, Гоголь воқелик қандай бўлса, ўшандай акс эттирган.

Гоголь ҳам рус бўлиб рус эмас, украин бўлиб украин эмас. Аросатда қолган шахс.

 

***

Ҳаётнинг ўзи трагикомедия.

 

***

Нусха кўчириш–санъат эмас.

 

***

Ўз нонимиздан бир бурдасини берганга қуллуқ қиладиган халқ вакили бўлишдан мен уяламан.

 

***

Қачонгача ҳамма одамларни буюк, табиатнинг энг олий тожи, деб юрамиз.

 

***

Аввало, ўзликдан воз кечишга рози бўлиш керак. Аввало, киши ўзидан қўрқмаслиги лозим. Бундай қўрқув ҳиссини енгиш зарур.

 

***

Кафка 41 ёшида вафот этди. Уни асарларида акс этган ҳақиқат ўлдирди. Кафканинг улуғлиги ўша даҳшатни кўра олганлигида.

 

***

Лирик қаҳрамон ва шоир деган гап бор. Бу–ғирт бемаънилик. Фақат шоир бор. Лирик қаҳрамон ҳам шоир, шоир ҳам шоир.

 

***

   Пушкин Байроннинг “Шарқ поэмаси” деган асари тўғрисида “Байрон ҳар бир қаҳрамонга ўз хусусиятидан битта-биттадан берган. Бу – унинг заиф томони”, деган. Ушбу фикрларида Пушкин ҳақсиздир.

 

 

***

Воқеликни акс эттиришда ўзини қурбон қилиш Жойс, Камю, Кафкада жуда яққол кўринади.

 

***

Ёзувчининг аросатлиги! Ўйлаб қарасак, ҳаётнинг ўзи шунақа – на у ёқлик, на бу ёқлик.

 

***

Турғунлик даври бир тийинга қиммат давр. Аслида, унинг ўзига ҳос аҳамияти мавжуд: Кафка, Жойс, Камю сингари ёзувчилар юзага келади.

 

***

Кўздан ёш чиқиши  – бу жуда осон йўл. Биз даҳшатга тушишни билмаймиз, тушунмаймиз.

 

 

***

Жамият тараққиётида ягона йўл бор – эволюцион, революция билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Революция бу – табиатга нисбатан тазйиқ.

Дарахтнинг қадри қанча бўлса, инсоннинг қадри ҳам шунча.

 

Утопик асарлар

 

Хаёлни илмга айлантирмоқчи бўлдилар ва айлантирдилар, лекин амалга ошмади.

 

***

Романларни ўқиётганда даҳшатга тушамиз, бироқ ҳаётдан қўрқмаймиз. Аслида, романдагилар ҳаётда бўлган.

 

***

Инсон тафаккурда юз фоиз эркин бўлмоғи керак.

 

 

 

***

Мафкура санъатда ҳокимлик талаб қилар экан, бадиият бузилади, сўз  бузилади.

 

***

Адабиёт ҳаётнинг худди ўзи эмас ва бўлмаслиги керак. Адабиёт иллюзияга айланиши лозим, яъни гўё худди шунақа.

 

 

***

Кўриниб турган нарсани фақат сўз билан ифода қилинса, бунинг нимаси санъат?

 

***

Навоий асарлари ҳаётнинг худди ўзи эмас, балки гўё худди ўзи.

 

***

Уран сайёрасини Гёте башорат қилган. Яъни ҳар қандай сиймо бу – ахбор (информация).

 

***

Фарҳодга Ширин кўзгуда жонли бўлиб кўринади. Бу ҳозирги кибернетикага мос тушади.

 

***

Ҳар қандай асар, одатда, бир сўз учун ёки бир сатр, бир фикр учун ёзилади.

 

***

“Қутлуғ қон”да романнинг асосий ғояси Мирзакаримбойда мужассам бўлган. “Ер сотган эр бўлмас, эр ер сотмас” деган фикр учун мен ушбу романни буюк асар деб атайман. Бинобарин, “Қутлуғ қон”нинг асосий қаҳрамони Мирзакаримбойдир.

 

***

Мана биз нисбатан озодмиз[1]. Лекин нега жим турибмиз? Чунки руҳимиз қулфлоқ. У даҳшатдан халос бўлмоғи лозим. Балки бу даҳшат ирсиятга айланиб қолгандир.

 

***

Ҳар қандай асарда нисбатан камчилик бўлади, уни ўйлаб чиқаришнинг ҳожати йўқ.

 

 

***

Санъатнинг энг зўр устунларидан бири – шартлилик.

 

***

Инсоннинг ҳамма соҳадаги ишлари бир хил принцип (тамойил)га асосланади.

 

 

***

Шундай ҳодисалар борки, улар моҳиятнинг ўзида мужассам бўлади.

 

***

Бадиий асар бу – модел. Истеъдоднинг қудрати ана шу моделлаштириш процессида намоён бўлади.  

 

***

Асар  – модел. Лекин бу унинг қадрини туширмайди, балки оширади. Чунки моделда чек йўқ, чегара йўқ.

 

***

Ҳар қандай асарда санъаткор ўзини намоён қилади. Шу – модел.

 

 

***

Бизникидан бошқа галактикаларда ҳам инсонлар бор. Улар бошқача, лекин моҳият битта. Буни тушунмасдан туриб санъатни талқин қилиш мумкин эмас. Санъатни олам моҳиятидан ажратиб олиш керак эмас.  

 

***

Биз ўз қобиғимиз ичидан чиқа олишимиз лозим. Биз ҳали тухумни ёриб чиқмаганмиз.

 

***

Санъатда ниманидир тушуниш инсонга ҳузур бахш этиши керак.

***

Ёзувчи ёзмаслик мумкин бўлса, ёзмайди.

 

***

Ўзликни намоён қилиб бўлгандан сўнг ҳақиқий санъаткор учун ҳаётнинг қизиғи йўқ.

 

***

Яшаш бу – ижод!

 

***

Ҳақиқий санъаткор қанчалик буюк бўлса, шунчалик нозик бўлади.

 

***

Яшаш нима? Бу ўзликни  намоён қилиш. Еб-ичиш, сайр қилиш – булар восита, холос.  

 

 

 

***

Ўзликнинг ўз маъноси, моҳияти бор. У бемаъни эмас. Шу моҳиятни тушунсаккина ундан қўрқмаймиз.

 

***

Толстой баъзан қолипга тушади, лекин Достоевский учун ўлчов йўқ. Достоевскийнинг тафаккур ва истеъдоди тенг. Толстойда истеъдод пастроқ.

 

 

 

***

Руҳий ҳолат Стендалда системага айланган. Бу ҳатто Толстойда ҳам системага айланмаган.

 

***

Руҳият кўп жиҳатдан онг ва тафаккур билан боғланмаган. Унинг илдизлари бошқа жойда.

 

***

Истеъдод бу – меҳнат эмас, у туғма хусусият.

 

***

Сексология – эркак ва аёл ўртасидаги руҳий муносабат. У илоҳият даражасига кўтарилган нарса. Инсонни юксакликка чорлайдиган куч.

 

***

Истеъдод – инсон сексологик имкониятларининг энг юқори даражага кўтарилиши.

 

***

Шеърга ошиқ бўлмаган шоир шоирми? Оллоҳга, борлиққа ошиқлик ҳам шеърга ошиқликда намоён бўлади.

 

***

Ёзувчи кўзга кўринмас ипларни савқитабиий орқали топади. Чунончи, Бетховен ўзининг жаҳонга машҳур 9-симфониясини кар бўлиб қолганда ёзган.

***

Бўғилган эҳтирос (секс) тафаккурга таъсир қилади. Ҳатто фожеага айланиши мумкин.   

 

***

Буюк асарларнинг ҳаммасида системали руҳий ҳолат мавжуд.

 

 

***

Инсоннинг руҳияти ўзи мустақил, кўпинча, ташқи шароитдан, воқеа ҳодисалардан келиб чиқмайди, улар фақат туртки бўлиши мумкин. Ташқи шароит билан тўқнаш келинганда яшириниб ётган руҳий ҳолат уйғониб кетади.

 

***

Роман, аслида, инсонни кашф қилиш.

 

 

 

***

Биз одамнинг қадрини билмаймиз, гўё халқнинг қадрини билмаймиз. Ахир, халқнинг ўзи нимадан иборат?

 

***

Бир-бирини севишиб турмуш қурганларда сексологик муносабат гўзаллик туғдиради.

 

***

Ҳар қандай олий ишқий муносабатларнинг манбаи ўша – ибтидоий инстинкт.

 

***

Идеал қаҳрамонларнинг ҳаммаси – фожеа. Чунки улар хаёл, амалга ошмайдиган хаёл ва ёзувчи буни савқитабиий орқали сезиб туради.

 

 

 

***

Кафка “абсурдда абсурд”, деса, Камю “ҳаёт абсурд, лекин унинг ўзи қадрият”, дейди. Яъни туғилиш ва ўлимнинг ўзи қадрли. Шу икки нуқтанинг ораси абсурд, бироқ қадрли абсурд.

 

***

Борган сари асар ҳажми қисқаряпти, лекин мазмун кенгайяпти.

 

 

 

***

Китоб ўқиш учун китобхон ўша давр руҳига кириши, ўша давр одамлари нуқтаи назаридан туриб ёндашиши лозим. Бўлмаса, ўқиб бўлмайди.

 

 

 

***

Ёзувчининг қалби оламга очиқ бўлиши керак.

Қуръон  қалби – оламга очиқ ҳодиса.

 

***

Шаклда қайтарилмагандан кейин, демак, мазмун ҳам бошқача бўлади.

 

Модернизм

 

Натурализм – XX аср бошидаги модернизм. Натурализм система даражасига кўтарилмайди. У икки хил даврни бошидан кечиради.

Горький натурализмни нотўғри тушунган. Натурализмда кўпроқ модернизмни тушунганлар. Белинский модернизмни тушуниш даражасига етиб келмаган. Унда ўтакетган субъектизм бор. Толстой уни ҳеч қачон қабул қилган эмас. Ҳатто Некрасов – деҳқон шоири ҳам. Белинский Пушкинни бир ёқлама талқин қилади. Унингча, Пушкин подшоҳга қарши, революционер. Натурализмни нотўғри тушуниш Белинскийдан бошланган.

 

***

Эҳтимол, Гоголь интуитив равишда модернизм йўналишида ёзгандир.

 

***

Чернишевский эстетикасининг мазмуни: гўзаллик – меҳнатда.

 

***

Садриддин Айнийнинг “Бухоро жаллодлари” –  деярли очерк. Унда воқеликни инъикос эттириш йўқ, балки фақат тасвир бор. Бунда ғарб модернизмидан таъсирланган ўринлар мавжуд. Козимийда шундай асар “Қўрқинчли Теҳрон”дир. Агар шарқдаги мана шу 20-30 йиллик натурализм бўлмаганда ҳозир ҳам классик анъана давом этаётган бўлурди.

 

***

Жаҳон прозаси Золя романларидан бошланади, дейишади.

 

***

Энгельс Бальзакни ўрнак қилади. Лекин реализмнинг ўзига хослигини бир ёзувчи орқали бериб бўлмайди.

Золя ҳам эстетик, ҳам бадиий система яратган. Ҳозирги замон реализми классик замон реализми билан Золя даври реализмининг қўшилувидир.

Балки, реализмдан, натурализмдан ажратиб олишнинг ўзи нотўғридир.

 

 

Натурализмнинг моҳияти нимадан иборат? Фақат Золянинг экспериментал романидан келиб чиқсаккина натурализмга тўғри баҳо берамиз.

***

Марксизм “базис бирламчи, устқурма иккиламчи”, дейди. Хўш, марксизмнинг ўзи нима? Устқурма ва у дунёни ўзгартирди. Демак, базис бирламчи эмас.

 

 

***

Энгельс “Бальзак ўтмишдаги ва ҳозирги барча Золялардан устун”, дейди. Золяга берилган баҳо натурализмга берилган баҳо эди ва шундан кейин унга (натурализмга) эътибор сусайди.

 

***

Инсоннинг нафақат ижтимоий, балки биологик – энг муҳим томони ҳам ҳисобга олиниши зарур. Натурализмнинг устунликларидан бири, инсонни биологик мавжудот деб кашф қилиш билан боғлиқ. Бальзак эса инсонга кўпроқ ижтимоий мавжудот сифатида ёндошади. Бальзак даврида бу табиий ҳодиса эди, бироқ ўша пайтдаёқ бунга қарши бўлган Стендаль дунёси бор эдики, буни ҳам инкор қилмаслик лозим.

 

***

Стендаль–психологик таҳлил. Вақтида уни ҳеч ким тушунмади, қизиғи шундаки, уни Бальзак тушунди. Бальзак Стендалга айтади: “Нега сиз ҳолатларни тасвир этаётганингизда атрофни ҳам чизмайсиз? ” Кўринадики, Бальзак ҳамма ҳақиқатни ўзида мужассам этолмайди.

 

 

***

“Менингча, типик деган тушунчадан умуман воз кечиш керак. Чунки ҳозирги замон реализми учун бу ўзини оқламайди”, деган эди Роже Городи. Ушбу француз адабиётшуносининг “Реализм без берегов” деган асари мавжуд. У Кафкани биринчи бўлиб социалистик реалист, деб атайди.

Роже коммунист бўлган. Қизиқ, илгари улуғ руҳонийлардан даҳрийлар чиққан, энди эса даҳрийлардан Рожелар чиқяпти.

 

***

Эҳтимол, Кафкани система деб эмас, балки модернизмнинг бир кўриниши, деб тушунмоқ керакдир.   

 

 

***

Бергсон инсонни, асосан, биологик мавжудот сифатидаги руҳиятини ўрганади (ирсият назарияси). 

 

 

 

***

Инсон ўзини кашф қилишда ҳам табиатга тақлид қилади. Бу–биринчи кашфиёт. Яна бир кашфиёт ирсий кашфиёт ҳисобланади. Яъни инсон бир-биридан ўзининг биологик характери билан фарқ қилади. Бўлмаса, нега бир хил шароитдаги ўнта одам ўн хил бўлади? Ташқи шароитдан кучлироқ нимадир бор экан, ахир. Буни кашф қилмоқчи бўлган Сегенов жинни бўлиб ўлган.

 

***

Инсонни кашф қилиш табиат билан боғлиқ.

 

 

***

Адабиёт – инсонни кашф қилиш.

 

***

Ирсият назарияси керак эди. Шундан кейин Бальзак ҳам, Достоевский ҳам, Толстой ҳам жавоб беролмай қолди. Шунга қарамай, натурализмда юқоридагилар бутунлай инкор этилмади.

 

***

Шарқда етти авлодни билиш бор, етти авлод ичида қиз бериб, қиз олиш йўқ. Чунки ирсият бузилади.

 

***

Бальзак воқеликнинг яширин механизмини ҳатто математик шаклларга солиб кўрмоқчи бўлган. У математика ва социологияни мутахассисларидан ҳам яхши билган.

 

***

Шароит қандай бўлса, характер шундай бўлади, деган гапни исботлаб келишади. Аслида, бу унча тўғри эмас. Ҳар битта одамга албатта муҳит таъсир қилади, бироқ уни йўлга солиб турган табиати ҳам бор.

 

***

Характер индивидуаллик ва объективликнинг тўқнашувидан келиб чиқади, дейишади-ю, негадир унинг индивидуаллиги (табиати)га эътибор беришади.

 

***

Инсон туғилмасидан олдин биологик жиҳатдан программалаштирилган бўлади. Бироқ буни умумий қонуниятга айлантирмаслик лозим, яъни ўғрининг ўғли ўғри бўлади, дейиш керак эмас. Шунга қарамай, буни-да эътиборга олиш лозим.

 

***

Золяда натурализм ва реализм қўшилиб кетади.

 

***

Натурализмда ҳаракат – динамика йўқ. Буни ҳам биз нотўғри тушунамиз, яъни динамика бўлмаса, ёмон деймиз. Аммо динамикасиз антик дунё асарларини кўкка кўтарамиз. Масалан, трагедиялар уч хил шароитда ўтади.

 

***

Адабиётдаги ҳодисаларга таъриф бериш керак эмас, муҳими уни тушуниш.

 

***

Толстой “бир лаҳзани акс эттириш мумкин”, дейди ва тахминан беш юз бетлик бир асарини шунга бағишлайди.

 

***

Шунақа ҳодисалар борки, умрнинг моҳиятини динамикасидан келтириб чиқариб бўлмайди. Чунки бунда бир ҳаракат иккинчи, навбатдаги ҳаракатга қарши бўлиб чиқади. Буларни фақат лаҳзани инъикос эттириш орқалигина моҳиятини тушуниш мумкин. Шу жиҳатдан олганда, кўпчилик тан олмаса-да, фотография ҳам санъатдир.

 

***

Адабиётнинг яна бир чексиз таъсирларидан бири – раҳм-шафқат туйғусини уйғотиш бўлса керак.

 

***

Бергсон фалсафасига кўра, борлиқнинг кечмиши эволюцион ҳаракатга асосланган ва у ҳар доим ҳам жўнликдан мураккабликка томон боравермайди, ҳамма нарса қайтарилади.

 

***

Бугун интиҳо бўлган нарса эрта учун ибтидо.

 

***

Натурализм ҳам эволюцион руҳда акс этади.

 

***

Инсоннинг ўзи ҳам, унинг санъати ҳам табиатга қанча яқин бўлса, шунча кучли бўлади.

Руссо табиатга восита сифатида қараган. Табиат унинг учун моҳият бўлмаган. Натурализм Руссо ожизлигини ҳам маълум маънода енга олган.

 

***

Индустрия табиатни (инсонни ҳам) қулга айлантиради.

 

***

Натурализмда табиатга қайтишга интилиш бор.

 

 

 

Томас Манн

 

Бадиий асардан хулоса чиқариш керак эмас. Ҳаётнинг хулосаси бўлади.

 

***

 

Томас Маннда оламга нисбатан олам яратишга интилиш бор.

 

***

Аристотель “Асар табиатга тақлидан яратилган “нарса”дир”, дейди. Мен буни андак ривожлантириб, “Асар табиатга тақлидан яратилган табиат, бошқа табиат, табиатга мувозий (параллел) табиат”, дейман.

 

***

Тақлид ўхшаш эмас, нусха бўлса ўхшаш бўлади.  

 

***

Бу бошқа табиатнинг ўз одамлари – тирик одамлари бор.

 

***

Типиклаштиришнинг поэтиканинг бир қонуни, дейиш гуноҳ.

 

***

Бадиий асарнинг ўзи воқелик.

 

***

Моделлаштириш дегани бу – бироз аввалги ва бироз кейинги воқеликни табиатга тақлидан яратиш демак. Бироқ ўн йил-ўн беш йилдан кейинини моделлаштириш қийин ва ҳатто мумкин эмас. Чунончи, Томас Маннинг “Сеҳрли тоғ”ида фашизм моделлаштирилади. Роман ёзилганда фашизм ҳали бўлган эмас.

 

***

Ҳар қандай бадиий асарнинг ўз атмосфераси (ҳавоси) бор.

 

 

***

Томас Манн бевосита табиатнинг ўзига тақлид қилмайди, миф орқали тақлид қилади.

.

 

***

Даҳо истеъдодларни қўлидан ушлаб юрадиган нарса кўпинча – интуиция. Гёте интуиция орқали Уран сайёрасини айтиб берган. Фақат йигирма йил сўнггина бошқа математик олим буни исбот қилиб беради.

 

***

Ҳаёт кўпинча кулфатдан иборат. Ёруғ томонлари баъзан бўлади, баъзан бўлмайди.

 

***

Томас Маннинг роман структураси миф асосига қурилган. Демак, роман-миф жанрининг бошланиши у билан боғлиқ.

 

***

Бадиий танқид эмас, бадиий таҳлил бўлиши керак.

 

***

Олам мифологиясидан ҳамма нарсага жавоб топиш мумкин. Мифология – универсал нарса. У инсониятнинг бутун тарихи тажрибаси

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 


 


[1] Бу фикр айтилганда тарих 1991 йил эди – У.А.

ШОИР – “ТУЗАЛМАС” ҲАҚИҚАТПАРАСТ

Шоир – “тузалмас” ҳақиқатпараст
(Шавкат Рахмон шеъриятига бир назар)

 
Ҳар давр ўзидан аввалги ёки кейингисидан қайси бир жиҳати билан ажралиб туради. Ҳар даврнинг ўз қиёфаси, юриш-туриши бўлади. Айни ўзгачалик кўпинча шу даврда яшаган инсоннинг умумий кайфиятини белгилайди. Зеро одамзоднинг хаёли ҳар қанча учқур бўлмасин, у ўз даврининг кўринмас ришталаридан батамом узилиб кетолмайди. Шу маънода ХIХ асрнинг қарийб иккинчи ярмидан ХХ асрнинг сўнгги ўн йилига қадар давом этган узун муддат ҳар хил шаклларда турланишига қарамай, моҳиятан истибдод даври бўлди. Ва бу истибдодни англаб етган шоир хоҳ у, хоҳ бу кўринишда бўлсин, қатъи назар, озодликни куйлади, истиқлолга етишни орзу қилди, халқни шунга чорлади. Чунончи, асримиз аввалида Чўлпон «Кишан кийма бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғилонсен!» деб ҳайқирган бўлса, аср поёнига яқинлашганда Шавкат Раҳмон «Сурилар бу темир пардалар, Истибдоднинг туғлари қулар» деб башорат қилди.
Бугунги кун юксаклигидан нафас олаётган айрим замондош Чўлпонлар ва Шавкат Раҳмонлар ёнган оловни унчалик ҳис қилмас, балки. Агар шундай бўлса, тсаввур қилингки, оғир дардга чалиндингиз (худо кўрсатмасин!) ва ойлаб, йиллаб, ҳатто ўн йиллаб тўшакка михланиб қолдингиз. Шунда руҳингиз, хаёлингиз сизни ҳар қанча қайноқ ва жўшқин ҳаётга чорласа-да, сиз унга тийиқсиз бир куч-ла талпинсангиз-да, жисмингиз қўйиб юбормайди, у сизни худди ҳибс этиб турган қамоқхонанинг темир панжараларидек тутиб қолади, ихтиёрсиз этади, орзуларингизни ўлдиради, ҳаётга бўлган иштиёқингизни сўлдиради… Ахир худди шундай дардга дучор бўлган Шавкат Раҳмон ўзининг энг сўнгги шеърларида

Нодиражон, Шоиражон,
Танам қимир этмайди,
Кўзимда бир томчи ёш
Сойлар ювса кетмайди,

деб ёзмадими? Чуқурроқ мушоҳада қилиб қарасак, миллатни ўз холига қўймаган истибдод ҳам ана шундай бир дардки, у туфайли пайдо бўлган бутун бошли халқ кўзидаги ёшни уммонлар ювса ҳам кетмайди. Уни бу дунёда ювиб тозалайдиган фақат битта — истиқлол суви бор, холос. Истиқлол сувига етгунга қадар эса шоирнинг дарди аримади, кўнгли тўлмади. Шунинг учун ҳам Шавкат Раҳмон «Шеърларингда бахт сўзи кам учрар деган дўстимга» деган шеърида

Бахтиёрман деган биргина сўзни
айтиш учун керак қанча куч, чидам,
гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги,
гарчи турса ҳамки тилнинг учида.
Оғир ботмасмикин
бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,
қандоқ бардош бериб
яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига.
Аввало, бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари қувончга тўлиб.
Элнинг бахти учун умрини тиккан
Шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.
Бу сўзни бир умр айтмай яшадим.

деб ёзадики, биз англаймиз: «бахтиёрман» деган сўзни айтиш учун ҳали шоирнинг кўнгли тўлган эмас. Бошқа бир шеърида Шавкат Раҳмон «уриниб-суриниб, сира тўлмаган бир кўнгил қолади қолса ҳам мендан» деб битади 1983 йилда.
Албатта, юқоридаги шеърларни янада кенгроқ маънода, масалан, фақат истиқлол дардигина эмас, балки умуман, дунёга келиб-кетаётган ҳассос кўнгилнинг савоб ва гуноҳ, эзгулик ва ёвузлик, фараҳ ва изтироб ўртасидаги мушоҳадалари ўлароқ ҳам талқин қилса бўлади. Бироқ Чўлпон шеърияти бағридан бошдан-оёқ юрт озодлиги чизиғи узилмай ўтганидек, Шавкат Раҳмон шеъриятида ҳам истиқлол ғояси марказий ўринлардан бирини ташкил этади. Унинг «Шавкат Раҳмон деган бир ўжар шоир, бир куни қайтадан яраладими? Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб, сайладим сўзларнинг сараларини. Ҳар бир сўз юз сўзнинг ўрнини босар — Ватан Халқ Жасорат Кураш Озодлик» деб ёзиши бежиз эмас. Чунки бу сўзларнинг ҳар бири шоир ҳаёти маъносини ташкил этгани ҳақиқат. Албатта, бугун истиқлолга эришган юртда яшаётган, айниқса, ёш замондош учун бундай сўзлар бир қадар баландпарвоздек, асл ҳаётдан узоқроқдек туюлиши мумкинлигини мен жуда яхши тушунаман. Чунки сўзимнинг аввалида таъкидлаб айтганимдек, бугун давр бошқа, унинг кишилар зиммасига ортаётгани юк бошқа. Лекин унутмаслигимиз жуда-жуда зарурки, бугун юзага келаётган ҳар қандай «бошқачалик» айнан Ватаннинг Озодлиги билан, Халқнинг ўз келажаги йўлидаги Жасорат билан Курашмоғи билан тирикдирки, бу маъноларни ўз бағрига жо қилган сўзларни Шавкат Раҳмон бир мисрага тизган:
Ватан Халқ Жасорат Кураш Озодлик.
Хўш, бундай журъаткор шеърият қандай пайдо бўлди, ҳар ҳолда ўз-ўзидан бино бўлмагандир? Ахир Шавкат Раҳмон ёлғиз эмасди. Истиқлол ғояларини, Ҳақиқатни ўзларининг рамзий шеърларига сингдирган бутун бошли авлод шаклланиб улгурганди 80-йилларда.
Назаримда, урғуни аввало, масаланинг назарий томонига қаратмоқ керак. Яъники қаердаки, истибдод бор экан, унга қарши исён, норозилик албатта туғилиб, ўсиб келаверади. Истибдод қанча зўрайса, норозилик ҳам шунча кучаяди. Фақат ҳамиша ҳам ошкора эмас, балки шароитга қараб, кўпинча эса пинҳона. Шавкат Раҳмонлар шеърияти ана шундай гизли исённинг бир кўриниши, рамзий шакли эди. Чунончи Шавкат Раҳмон юрт хоинларига тарихий шахс Маҳмуд Торобий тилидан шундай дейди:

Жоним — жигаримсан,
Сен-да одамсан,
лоақал кўзингда бир ёш кўрсайдим,
лоақал қовушиб қолган қўлингда
ёвларга аталган бир тош кўрсайдим.

…Сени алқадилар
кифтингга қоқлаб,
мақтовлар ёғилди оққуш паридай.
Мен эса йиғладим эна-еримнинг
топталган қоронғи оғушларида…(1983)

Қолаверса, 70-80-йилларга келиб сиёсий-мафкуравий иқлимнинг бироз мўътадиллашгани боис собиқ империядаги Умумий Катта Ёлғонга қарши кўзи очиқ, ҳақиқатпарвар зиёлиларнинг, айниқса, ижодкорларнинг адабиёт ва санъатнинг ўзга соҳалари воситасидаги кураши янги босқичга кўтарилди. Шавкат Раҳмонлар авлодининг зўр бериб Ҳақиқат, Ватан, Жасорат, Озодлик ҳақида куйлай бошлаши ана шу Катта Курашнинг бир парчаси ўлароқ намоён бўлди. Бунинг учун тарихий асослар ҳам мавжуд бўлиб, бу асос, аввало, жадидларнинг ватан озодлиги йўлидаги курашлари билан, хусусан, Чўлпон билан, унинг исёнкор шеърияти билан, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Рауф Парфилар анъаналарини давом эттириш билан боғлиқ ҳам эди. Инчунун, Чўлпон ва Шавкат Раҳмонлар шеъриятидаги ҳамоҳанглик айнан шу ердан туғилди. Улар ижтимоий дардни куйлаш нуқтаи назаридан бир-бирига яқинлашиб келади. Бироқ уларда тафовутли жиҳатлар ҳам мавжуд: Чўлпон шеъриятида ҳамма нарса айланиб келиб юрт озодлиги муаммосига тақалаверади. Унда ҳатто гул ва ёр ҳақидаги шеърлар ҳам охир-оқибат Ватан ҳурлиги ҳақидаги орзу-армонларга йўғрилиб кетаверади. Яъни Чўлпон шеърияти ўзининг ибтидосидан интиҳосигача асосан юрт озодлиги қайғусига бағишлангандир. 70-йиллар авлодида, хусусан, Шавкат Раҳмонда ибтидо ҳақиқатдир.

Кўзингизни очинг, қўрқманг,
зиёдан қамашсин, оғрисин, майли,
майлига яшамак бўлсин қийинроқ
очиқлиги туфайли,

деб ёзади энди-энди катта турмушга кириб келаётган 24 ёшли шоир. Ва у умрнинг охирига довур ана шундай — ҳақиқатни айтиб, унга интилиб, очиқ кўзлар билан яшаш ўгитига содиқ қолди. Ва мана шу очиқ кўзлар — ҳақиқатни кўришга бўлган бетийиқ эҳтиёж шоирга кўрсатдики, у яшаётган мамлакат азим бир Ёлғоннинг чангалида қолган, атрофда эса вабо, бўҳтон ва ҳирсга муккасидан кетган одамлар тўлиб-тошган экан… Шунда очиқ кўзлар яна бир нарсани ғира-шира илғади: шоир мансуб бўлган миллат асоратда, юрт-Ватан истило қилинган эди. 1980 йилда ёзилган бир шеърида Шавкат Раҳмоннинг йиллар қаъридан тошбўрон ва қирғинларга йўлиқиб келаётган минора қисматидан ҳикоя қилади. Ва айтадики, тўплар ўқидан миноранинг бош қисми учиб кетган бўлсада, жони шарқона безаклар битилган исмида омон қолган ҳамда ҳар йили унга лайлаклар ин қуради. Шеър қуйидагича якунланади:

Бу йил ҳам минорда, ҳайрият,
шарқона безаклар сўнмабди.
Минорнинг бошига бу йил ҳам
Ҳайрият, қарғалар қўнмабди.

Адабиётдан, умуман, санъатдан озгина хабари бор кишики бор, ушбу шеър мажозий бўлиб, у ўз тагқатламларида ўзга маъноларни ҳам яшириб турганини ортиқча қийинчиликсиз тушуна олади. Таъбир жоиз бўлса, шеърда акс этган минорани халқ, унинг сўнмаган шарқона безакларини ҳали йўқотилмаган миллат қиёфаси, қарғаларнинг минора бошига қўнмаганлигини озод келажакка бўлган умиднинг рамзи ўлароқ қабул қилса ҳам бўлади. Бундай рамзий шеърни бугун — 2000 йилда ёзиш ва уни талқин этиш шоирдан ҳам, мунаққиддан ҳам ортиқча қаҳрамонликни талаб қилмайди. Бироқ қарийб 20 йил аввал — 1980 йилда, яъни империя айни кучга тўлган маҳалда ёзиш ва ундан-да муҳимроғи, шеърда акс этган маънони англаш даражасига кўтарилиш осон иш эмаслигини тан олиш инсофдандир.
Бу каби далиллар шуни исбот қиладики, халқимиз 1991 йил 1 сентябрда расман қўлга киритган муқаддас истиқлол учун ҳақиқий кураш аслида анча олдин — аср аввалидан бошланган бўлиб, 70- ва айниқса, 80-йилларга келганда адабиёт мисолида ўзининг янги босқичига кўтарилган эди. Шавкат Раҳмон шу жараённинг кўзга кўринган энг истеъдодли вакилларидан бири бўлиб майдонга тушди ва умрининг охиригача ана шу миссиясини матонат билан адо этди.
Кўринадики, истиқлол ғояси шоирнинг ҳақиқат сари сафари асносида туғилиб, вояга  етгандир. Чўлпоннинг ҳақиқати юрт озодлиги эди, унинг йўли ҳам, манзили ҳам асосан шундан иборат эди, Шавкат Раҳмонда эса истиқлол қайғуси ҳақиқат томон элтувчи йўлнинг бир бўлаги ўлароқ намоён бўлади.
Шавкат Раҳмон «ҳақиқати»нинг парчаларидан бири Ватандир. У 1975 йилда шундай ёзган эди:

Жойлашгансан шунчалар чуқур…
Ўз тубига яширган юрак.

Сенга етиб бормоқлик учун
Узун умрим етмаса керак.

Шоир ўзининг 25 ёшига қарамай, Ватан инсоннинг юрагидан, юрагида бўлгандаям унинг туб-тубидан бошланишини идрок этади. Лекин ҳали Ватанни тўла-тўкис англаб етмаганини ҳам ошкор этишдан тортинмайди: «Сенга етиб бормоқлик учун Узун умрим етмаса керак». Сенга етиб бормоқлик, дегани Ватанни тушуниш деганидир. Шоир камтарлик қилиб Ватанни тушунмоққа узун умрим етмаса керак, деб ёзади. Шоирнинг умри эса афсуски, узун бўлмади. Бироқ у ана шу қисқа умри давомида Ватанни энг теран, энг нозик ва энг яқиндан тушунган, ҳис қилган зиёли шоирларимиздан бири даражасига кўтарилди, дея оламиз.
Шоир 1984 йилда битилган шеърида ҳақли равишда қуйидаги мисраларни битади:

Мен ором борлигин унутиб қўйдим,
Бағримга чақинлар тегди дафъатан.
Сендан-да улуғроқ нарса йўқлигин
сочим оқарганда англадим, Ватан!

Шоирнинг сочи оқарганда у 34 ёшда эди. Бу ҳали навқирон ёш. Лекин шоир уни «сочи оқариш» сифати билан белгилаяпти. Чунки у Ватанни яна-ям аввалроқ англаш керак эди деб билади.

Бунча кеч англадим,
Нега бунча кеч…
англасам лоақал ўттиз йил аввал,
лоақал туғилмай туриб англасам…
Кўрган бўлармидим сени мукаммал.

Қаранг, шоир Ватанни ҳали гўдаклигидан англаб етмаганидан афсусда. У ўттиз тўрт ёшида англаганларини 4 ёшимда англасам нима қиларди, дея ёнмоқда. Бу Шавкат Раҳмон кўксида Ватанга бўлган буюк муҳаббатдан далолат эмасми? Айни пайтда шуни алоҳида қайд этиш керакки, шоирнинг шеър ёзилмасидан олдин ва шеър ёзилган пайтдаги Ватан ҳақидаги тасаввурлари бир-биридан фарқланган бўлиши мумкинми? «Нақадар кечикиб англадим сени» дейди шоир яна қуйироқда. Нега кечикиб? Ахир у ўзининг биринчи китобининг илк шеърини «Ватан» деб номлаганди.Қолаверса, унинг кўплаб шеърлари она-диёрнинг у ёки бу шаклдаги тараннумидан иборат бўлиб келди. Ахир бир марта ҳам «Ватан» сўзи ишлатилмаганига қарамай, шоирнинг қуйидаги шеъри Ватан ҳақидадир.

Унутганим йўқдир ҳали
Ўрикзорни, асов сойни.
Сой бўйида овлоқ, холи
Бақатерак ўсган жойни.
Унутмадим ҳали-ҳали
Муздаккина зилол сувни.
Тол тагида шом маҳали
Унутилган икки кувни.
Ёдимдадир илиқ пичан,
Кулгуларинг эди сўлим.
Бўсаларга тўлган кеча…
Соч силаган титроқ қўлим.
Соғиняпман тўйиб-тўйиб
Бақатерак ўсган жойни,
Оппоқ кеча, ялпиз бўйи,
Ярқираган тўлин ойни…
(1972)
Шавкат Раҳмоннинг бунинг сингари хотира билан, табиат манзаралари билан болиқ жудаям кўп шеърлари борки, уларнинг аксарият қисми моҳият эътибори билан Ватанни куйлайди. Бироқ у 1984 йилда ёзилган «ҳали бирор ишни уддаламадим» деб бошланувчи шеърида Ватанни кечикиб англаганидан куйинади. Хўш, нега? Ахир, шоир бутун умр Ватанни куйлади, унинг оғриқларини, дардларини ошкор этди, уни севишга чорлади-ку? Нега энди сочи оқарганда «Нақадар кечикиб англадим сени» дея ўртанмоқда?..
Гап шундаки, Шавкат Раҳмон шўролар замонида туғилди, шўро манфаатини ҳимоя ва ташвиқ қилган муҳитда ўсди, вояга етди. У ҳаётининг қайси бир паллаларида деярли ҳамма қатори шўро мафкурасини тўғри деб билди, унга самимий ишонди. Бинобарин «Шоиранинг саволи» деган шеъри худди шу ишончнинг меваси сифатида дунёга келган, деса бўлади. Шеърда ҳамма жойда — йўл бўйларида тез-тез учраб турган Ленин ҳайкалига кўзи тушган қизининг «нега шунақа?» деган саволига шоир жавоб бериб айтади:

Қизим, ҳали ёшсан,
Англарсан ҳали,
бу йўллар — мошинлар юргувчи йўлни,
бу кураш йўлидир,
толе йўлидир,
Ленин бу йўлларда турмаса бўлмас…

Бугуннинг имконларидан келиб чиққан ҳолда шоирни юқоридаги каби шеърлари учун танқид қилиш, ҳатто уни қоралаш, айблаш қанчалик осон бўлса, шунчалик жоҳилликдир. Аксинча, бундай вақтларда ўша давр руҳини, шу даврнинг фарзанди — шоирни, унинг ҳолини тушунишгина тарихий ҳақиқатни кўз ўнгимизда қайта тиклаши мумкин. Ҳақиқат шундан иборат эдики, шўро империяси ўз ҳудудини чиқиб бўлмас тўсиқлар билан ўраб ташлаган эди. Унда яшаётган инсон учун дунё гўё совет давлатидан иборат эди. Ташқаридаги ҳаёт эса таҳликали, у ерда инсон бир-бирига душман, одамлар очлик ва қашшоқликдан ўлиб кетмоқда… дея уқтириларди. Бу янглиғ ташвиқот ҳар қандай кишига таъсир қилмай қолмас эди. Ахир Абдулла Ориповнинг ўша машҳур «Тилла балиқча» шеъри бежиз ёзилмаган. Шеър маъноси шундайки, бутун умри ушоқ еб ҳовузда ўтган балиқча ўзи истиқомат қилаётган ҳовузни бутун дунё деб билади. Инсон ҳам худди шундай: шўро даврида туғилиб, унинг мафкураси таъсирида улғайган аксарият одамлар учун гўё дунёда ўзлари мансуб бўлган тузумдан одилроқ бошқа тузум йўқ эди. Бироқ Шавкат Раҳмон сингари оташқалб шоирларнинг хизмати шундаки, улар тузумни бирданига ва бутунлай инкор этмаган бўсалар-да (бунинг учун тарихий вазият ҳали пишиб етилмаган эди), ундаги қусурларни — бошқалар кўрмаган, кўролмаган, балки кўришни хоҳламаган нуқсонларни кўра билдилар ва ошкор этдилар. Шунинг учун ҳам биз Шавкат Раҳмон шеъриятини моҳиятан ҳар нарсадан олдин Ҳақиқатнинг кўзларига тик қараш шеърияти деб айта оламиз. Агар у ўша вақтда шўролар мафкурасига сидқидилдан ишонмаганда эди, шеърида «Софдиллар Ленинга юзма-юз турар» деб ёзмасди. У ҳаётдаги-амалдаги ноҳақликларни, жирканч ишларни кўргани ҳолида назарияда Ленин ғоялари тўғри деб ишонгани учун ҳам «Шоиранинг саволи» (1983) шеърини ёзган деб айтса бўлади. Бироқ яна таъкидлаб айтиш жоизки, бунинг учун шоирни қоралаш эмас, балки тушуниш йўлидан бориш зарур.
Мунаққидлар шоирлар ҳақида гапиришаркан, «у шеърдан шеърга, китобдан китобга ўсиб борди» деган иборани кўп қўллашади.  Агар Шавкат Раҳмон ижодига шу нуқтаи назардан ёндошадиган бўлсак, қуйидагиларни алоҳида таъкидлаб айтиш жоизки, у адабиётга илк шеърлариданоқ ўз қиёфаси, ўз бадиий сўзи билан  кириб келган. Шоирнинг 1978 йилда илк тўплами — «Рангин лаҳзалар» нашрдан чиқди. Мўъжазгина тўпламдаги саккиз қатор, Шавкат Раҳмон бор-йўғи 23 ёшида ёзган шеърига эътибор қилинг:

Саҳар турдим, қуёшни кутдим,
Шудрингларда чайдим юзимни.
Булоқларга лабимни тутдим
Ва борлиқда кўрдим ўзимни…

Кўзларимдан тошди шуурим,
Тўлиб кетди бағримга наво.
Мангуликдай туюлди умрим,
Мангуликдай туюлди дунё.
(1973)
Нафсиламрини айтганда, шеърни маза қилиб жуда узоқ талқин этиш мумкин. Айни чоғда «шеър ҳеч қандай талқинга бўйин сунмайди», дея у ҳақда индамай ўтса ҳам бўлади. Бироқ мадомики биз шоир тўғрисида, шеър борасида сўз айтаётган эканмиз, танлаб эътиборингизга ҳавола қилаётганимиз асарларга тўхталмай иложимиз йўқ. Бу ўриндаги бизнинг ҳар қандай шарҳимиз шеър пафосини, бадииятини, маънисини тутиб олиш қасдида қўйган тузоқларимиздан ўзга нарса эмас.
Шунга қарамай, парчада бутун акс этгани сингари юқоридаги жажжигина шеърда ҳам шоирнинг бутун қудрати акс этган, дея оламиз. Ёҳуд  буни бошқачароқ қилиб айтиш мумкин: Саҳар туриб, табиатнинг гўзал парчаси билан юзма-юз келган ёш шоир ўзини — инсонни борлиқнинг узвий қисми ўлароқ ҳис этади. Шунда умр ҳам, дунё ҳам мангуликдай туюлади.
Энди қуйидагиларга эътибор беринг: Балки ушбу мулоҳазалар кимдадир эриш кайфият уйғотар, қатъи назар, айтиш жоизки, ўзни борлиқда, унинг ажралмас бир парчаси ўлароқ ҳис қилиш даражасига кўтарилиш учун инсон жуда узоқ ва ўта машаққатли йўлни босиб ўтиши керак бўлади. Айтайлик, тасаввуфда муайян босқичлардан ўтган соликкина ўз интилишларининг натижаси ўлароқ ана шу ҳисни топиши мумкин. Биз эса юқорида 23 ёшли, бунинг устига ҳеч қандай тасаввуфий тайёргарлиги бўлмаган шоирда ўзни оламнинг парчаси ўлароқ туйиш неъмати бор, дедик. Гап шундаки, дунёни англаш ва идрок этишнинг икки хили бўлиб, бири ақлий-рационал, иккинчиси ҳиссий — иррационалдир. Дунёни рационал англаш инсондан, аввало, фурсат ва меҳнат талаб қилади, иррационал қабул қилиш эса асосан кишининг қобилияти, руҳий ҳолати, ҳиссиёт бойлиги билан болиқ равишда рўёбга чиқади. Чинакам шоирлар ўз табиатларига кўра дунёни ҳиссий қабул қиладиган инсонлардир. Бинобарин, улар ёшларидан қатъи назар ўз асарларида олам ва одамга тааллуқли жаҳоншумул кашфиётлар яратишга қодир зотлар ҳисобланади. Шу маънода ёш Шавкат Раҳмоннинг юқоридаги шеъри ҳам оламни ҳиссий идрок этишнинг гўзал намунаси, ўзига хос мўъжаз кашфиётдир.
Шавкат Раҳмон «Рангин лаҳзалар» — илк тўплами биланоқ шеъриятга ўз сўзи билан кириб келди. Жажжигина китобни варақлар эканмиз, биз бир вақтнинг  ўзида ҳам ватан ва табиат манзаралари акс эттирилган, ёш қалбнинг муҳаббат, ҳаёт ва ўлимга нисбатан бўлган жўшқин муносабатлари ифода этилган лирикасига, ҳам жамиятнинг ва дунёнинг долзарб муаммоларига бағишланган залворли ижтимоий шеъриятига дуч келамиз.
Китобнинг 10-саҳифасида «Ажойиб кунларнинг бирида» деб бошланувчи шеър бор. У инсон тақдири азал билан юзма-юз келганда ва ўз қисматининг бўйи бастини чамалаб кўрганда ҳуррият макони — кўнгилда пайдо бўладиган туйғудан туғилган шеърдир. Бу шеър (биз уни қуйироқда таҳлил қиламиз) ҳар қандай ижтимоий-сиёсий муаммолардан теранроқда — одамзоднинг ўзаги — руҳиятидан акс садо бериб дунёга келган.
Энди китобнинг бу юзидаги — 11 саҳифадаги шеърга эътибор беринг:

Елкамда
Қақшаган асрлар юки:
Кишанлар,
Фарёдлар,
Сўнгсиз урушлар…
Мен қадам ташлайман чайқалиб, секин,
Ориқдан юзларим буришар…
Йиқилмак,
ўхтамак мумкинмас!
Қаерга бўлса ҳам юрганим яхши…
Менинг ҳар қадамим муқаддас,
Ўлимга қарши.
(1976)
А.Михайловга бағишланган бу шеър ҳам ўша йили — 1976 да ёзилган. Лекин унда шоир «Елкамда қақшаган асрлар юки: Кишанлар, Фарёдлар, Урушлар…» демоқда. Демак, у ҳуррият олами — кўнгилдан ер юзига тушиб, унинг ҳолига назар ташламоқда. Ва талай муаммоларга — ҳаётнинг реал зиддиятларига рўбарў келмоқда. Нафсиламрини айтганда биз таниган, тўғрироғи, бизга ўзини танитган шоир — Шавкат Раҳмон айнан шу ердан бошланади. Яъни Шавкат Раҳмон деб аталган ва ХХ аср ўзбек адабиётида ўзига хос ўрин тута билган шоир ҳар нарсадан олдин жамиятдаги ижтимоий адолатни тиклашга интилган, бу йўлда ёниб-куйиб ижод қилган ҳақиқатпарастдир.
Демак, шоир ўзининг кимлигини биринчи уринишда илк тўплами биланоқ ўқувчига танита олган. Кейин эса унинг бирин-сирин «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1984), «Гуллаётган тош» (1985), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1987) каби  шеърий тўпламлари дунё юзини кўрди. 1989 йилда эса Шавкат Раҳмон улуғ испан шоири Федерика Гарсиа Лорканинг «Энг қайғули шодлик» деб аталмиш тўпламини аслиятдан таржима қилиб нашр эттирди. Ниҳоят, шоирнинг вафотидан бир йил кейин, лекин унинг ўз қўллари билан тартиб берган «Сайланма»си 1997 йилда ўқувчилар қўлига бориб етди. Мана, шоирнинг бор-йўқ бисоти. Лекин ҳажман жуда ошиб-тошиб кетмаган шугина мероснинг маънавий юкини кўтара олиш учун ўқувчи жуда узоқ, баъзан ҳатто бир умр тайёргарлик кўриши мумкин, шундаям омад кимга кулиб боқади, кимга йўқ.
Келинг, яхшиси шеърларга мурожаат қилайлик.
Шоирнинг иккинчи — «Юрак қирралари» тўплами юқоридаги бир фикримизни яхшигина инкор этган каби ўз бағрига кўпроқ табиат лирикасини жо қилган. Юқорида биз Шавкат Раҳмон — ижтимоий адолат куйчиси, деб ёзгандик. Мазкур китобчада эса бу руҳдаги шеърлардан кўра яна фалсафий мушоҳадалар билан тўйинган, ўйчан лирикага ҳам дуч келамиз.
Умуман, шоирнинг ҳамма тўпламларида турли мазмун ва мавзудаги шеърларни истаганча топиш мумкин. Демак, Шавкат Раҳмон кўпқиррали шоир: у — табиат шоири, у — фалсафа сўқийди, у — ижтимоий адолат ҳимоячиси, у — муҳаббат куйчиси…
Шоирнинг ўзига қўйиб берсангиз эса,

Рубобий шеър ёзсам…
Қайтсам бир нафас…
Ҳамиша мусаффо чашмани кўрсам,

Қорайган чўққилар қорига қараб,
бир нафас ҳаёлчан ўсмирга дўнсам…

дейди. Шоир Бу ўринда нафақат ўсмирлигига дўнмоқчи, айни дамда яна у рубобий шеърлар ёзиш имконига — гунафша атирли тансиқ туйуларига ҳам қайтмоқчи. Чунки аслида шоирнинг табиий ҳолидан — кўнгил истагидан келиб чиқадиган шеърлар айнан рубобий шеърлар эди. Бироқ у
«Яшил шажар эдим…
Қандоқ соғиндим…
кўзимни яшнатса рубобий ранглар.
Қайси бир дунёга бунча оғриндим
дилимни қаритди бесамар жанглар,
дейди азобланиб.
Ҳа, мана Шавкат Раҳмонни бошқа  кўйларга судраб кетган Сабаб! Уни ўз ҳолига қўймаган, рубобий шеърлар ёздирмаган куч! Уни шоир «бесамар жанглар» деб атамоқда. Нима эди ўзи бу жанглар?
Мен жангчи эмасдим,
Мен шоир эдим,
ниҳоят шоирдан кўра зобитман,
ҳар нафас мусулмон миллатни дедим,
нафсига куйганлар келди оқибат.
Ҳаромни хуш кўрган маслакфурушлар
зиғирдай ҳимматин қилганда миннат,
япроқдай сарғардим буюк урушда
мусулмон йўқ эди,
йўқ эди миллат.
Дарҳақиқат, Шавкат Раҳмон жангчи бўлиб эмас, шоир бўлиб туғилганди. Лекин ҳаёт уни шундай чиғириқлардан ўтишга мажбур этдики, натижада шоирнинг ўз тили билан айтганда «ниҳоят, шоирдан кўра зобит»роқ бўлиб қолди. Чунки ҳақиқий шоир ўз давридан чекиниб, бутунлай узлатда умргузаронлик қила олмайди. Бунга унинг айнан шоирона қалби, ватанпарварлик туйғулари билан лиммо-лим виждони изн бермайди. Оқибат «атроф билан ёнма-ён юришга» мажбур қолган шоир атрофни бор бўй-басти билан кўра бошлайди. У ҳаромдан ҳазар қилмайдиган маслакфурушларга дуч келади, ёлғон ва фисқу фасодни ҳаётини аъмолига айлантирган манфаатпарастларни кўради, мақтовни хуш кўрувчи бетайин кимсаларни, Ватанни сотиб кун кўришга ҳозир ватанфурушларни, хоинларни, қўрқоқ иймонсизларни… кўради. Буларнинг ҳаммаси шоирнинг ҳассос қалбини эзади, чўктиради, айни пайтда уни ғалаёнга келтиради. У жимгина қўл қовуштириб ўтира олмайди ва кўпинча рубобий шеърлар ўрнига ижтимоий-ахлоқий мавзуларга қўл уради, сўзни қуролга айлантириб жамиятдаги иллатларга қарши курашади. Шунинг учун ҳам шоир «япроқдай сарғардим буюк урушда» деб ёзади. Айни чоғда ёнимда «мусулмон йўқ эди, йўқ эди миллат» дея чўнг изтиробга берилади.
Хўш, буни қандоқ қабул қилиш ва талқин этиш мумкин.
Гап шундаки, озми-кўпми тафаккур қилиб, дунё ва инсоннинг чин моҳиятини англамоққа уринган кишики  бор, алал-оқибатда тушуниб етадики, олам яратилгандан буён ундан битта буюк уруш кетаяпти — НАФС муҳорабаси! Шоир ҳам шуни назарда тутиб, «ҳар нафас мусулмон миллатим дедим, нафсига куйганлар келди оқибат» деб ёзади. Сўнгсиз давом этаётган урушнинг шафқатсизликларига таҳаммул этаолмаган чоғларида эса алам билан «мусулмон йўқ эди, йўқ эди миллат» деб ҳам юборади. Чунки у гоҳ-гоҳ ўзини ана шу буюк урушда ёлғиз ҳис этади, чорасиз ва абгор қолиб эзилади.
Иккинчи ёқдан эса шоирни ҳақиқий шеърий илҳом қистовга олади, уни рубобий, яъни лирик шеърлар ёзишга ундайди. Оқибатда у ҳайқиради:
Рубобий саболар руҳимдан эсинг,
қайтадан уйғонсин илоҳий туғён…
Бироқ не кўз билан кўрсинки, шоирнинг рубобий шеърларга эш бўлиб шивирловчи, ҳатто уни дунёга келтиришда доялик қилувчи япроқлари қолмабди: улар буюк урушда бой берилибди, япроқлар ўрнида энди фақат улуғ жангларгагина яровчи қиличдай кескир шохлар қолибди:
Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир
бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон.
Қаранг, ҳаётнинг шафқатсизлигини: Ш.Раҳмон қандай шоир бўлмоқчи эди-ю ҳақиқатда у қандай шоир бўлиб етишди… Шундан кейин ҳам биз «йўқ, давр шоирга мавзу бермайди, ҳақиқий шоир бундан юқорида туради ва фақат у замонасига мавзу беради» дея оламизми? Йўқ, албатта. Шоир — чинакам шоир ҳам даврдан мутаассир бўлади, ҳам унга ўз таъсирини ўтказади. Ахир улуғ мутасаввифлар ҳам «Ҳақдан олиб халққа бераман» дейди. Ҳақдан олинадиган маърифат айнан ҳаётдан, одамларга аралашиб юришликдан, ижтимоий ва бошқа муносабатлар натижасидан мисқол-мисқол йиғилади-да.
Шавкат Раҳмон 1980 йилда ёзган бошқа бир шеърида «Мушт зарурроқ бўлган маҳалда ёздинг гўзал шеърларни фақат» дейди. Эътибор беринг, бу шеър юқорида номини тилга олганимиз иккинчи тўплам — «Юрак қирралари»дан жой олган. Таъкидлаб айтганимиздек, тўпламда табиат манзаралари ва ошиқ кўнгил ҳолати тасвирланган шеърлар кўпчиликни ташкил этади. Чунончи, шу санада ёзилган кўплаб шеърларида қуйидагича латиф манзаралар кишини беҳол қилади:
Тун гуркираб ўсар ёбонда
ўсганидай бир тўп гулхайри.
Бошланади синган сувларда
Ялангоёқ ойларнинг сайри.
Айни чоғда Шавкат Раҳмон шу йили ёзилган  «соҳилдаги соҳибжамол суврати»ни ҳам шу даражада тиниқ ва ошуфтали тасвирлайдики, гўё айни муносабат замиридан шоирнинг шеърдаги жувон тимсолидаги (эҳтимол «жувон» гўзал табиатнинг — соҳилнинг бир парчасидир) ГЎЗАЛЛИКка нисбатан тутган ўрни кўз ўнгимизда гавдаланади. Келинг, яхшиси сиз билан биз андак ғайритабиийроқдек туюлсада ортиқча талқинларга берилмасдан шеърни бир нафасда сипқорайликда умуман бошқа мавзуга кўча қолайлик. Чунки баъзан шунақа санъат дурдоналарига дуч келасанки, у сенинг ўша ҳақда айтганинг ва айтмоқчи бўлганинг барча талқинлардан юксакроқ бўлиб қолаверади:
Ичар қуёш нурларин жувон,
кўйлагини, сийнасин ечар -
потирлайди яйраб шамолда
икки тутқун оппоқ мусича.

Ичар қуёш нурларин жувон,
настариндай жисми қорайди.
Қариб қолган қуёш найзадан
кўзларини йиртиб қарайди.

Денгиз ўпар жувон оёғин,
шамол ўйнар қумрон сочини,

увиллаган соҳилда танҳо
жувон ётар гулдай очилиб…

Бу атрофда эркак зоти йўқ…
Жувон мангу ётар бу ерда,
мангу ётар осмонга қараб,
унитилган, ажойиб шеърдай.
(1980)
Шавкат Раҳмоннинг навбатдаги тўпламлари «Очиқ кунлар»(1984), «Гуллаётган тош» (1985), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1987) номлари билан нашр этилди. Уларни мутолаа қилар экансиз, хаёлингизга «шоир ўзи ким? Умуман, шоирлик нима? Касбми, қизиқишми ё қисматми?» – деган ўйлар келади. Чунки биргина Шавкат Раҳмон шеърлари шуни кўрсатадики, шоир ўз шахсига алоқадор мавзуларда қалам тебратиб хумордан чиқадиган анчайин бир одам эмас, балки айни чоғда атрофни ҳам худди ўз ҳаётини кузатгандек кузатиб, унинг оғриқларидан дунёни хабардор этгувчи жарчи ҳам экан. Ажаб, унга нега керак бундай бош оғриғи? Бугун, оёғи ХХ\ асрга етган, ўзига мутакаббир замондош учун шоирнинг олам тўғрисидаги қайғулари бир қадар ғалати ва ҳатто кулгили туюлиши мумкин. Лекин шуни алоҳида урғу билан таъкидлаб айтиш лозимки, ушбу ҳол замондош савиясининг такомиллашиб, шоирникидан ўзиб кетганлиги билан изоҳланмайди. Аксинча, Шавкат Раҳмон деб аталмиш ва умуман, унинг  каби жафокаш зиёлилар даражасига бизнинг ҳам яқинлашиб боришимиз айни муддао бўларди.
Бағри ёмон баттолларга бор,
Қаҳри ёмон қаттолларга бор;

Қон ялаган қассобларга бор,
Сўз ўйнаган каззобларга бор;

Иймонидан кечганларга бор,
Бор-йўғини ечганларга бор;

Нега менга келасан, эй дард,
Нега менга келасан, эй ғам!
Ҳа, дунёнинг борлиқ дарду ғамини чекиш шоирнинг зиммасида. Чунки у шунақа – оламнинг бир парчаси бўлиб туғилган, ўзини мудом шундай ҳис этади, бутундан айрилиб кетолмайди. Инчунун, бутуннинг бошқа четида пайдо бўлган оғриқ ҳам бунда акс садо бераверади.
Йигирманчи аср!
Мени ўйлама,
Тумшуғимга тиқма лираларингни,
Муҳтожларга бергин, камингни яма,
Шифола қонталаш яраларингни.

..Ўтинаман, Аср!
Ачинма менга,
Ўйлагин қисматлар ниҳоясини,
Халос эт, йилларнинг ғубори кўмган
Одамзод қалбининг троясини! (1976)
Демак, бу ўринда шоирлик ҳам қисмат, ҳам виждон амридир, Шавкат Раҳмоннинг ўз-ўзини ифода қилиш ва умуман, яшаш усулидир.
Ижодкорлик хусусида овруполик ёзувчи Жорж Оруэлл «Мен нима учун ёзаман?» номли мақоласида қуйидагиларни ёзади:
«Мен ёзишга мажбур этадиган тўртта асосий мотивни кўрсатиб ўтган бўлардим:
1. Тоза худбинлик. Ақллилик хуружи. Сен ҳақингда гапиришларини, ўлганингдан сўнг эса эслашларини исташлик, болалигингда сени пастга урган катталардан ўзиб кетишга интилишлик.. . Тахминан ўттиз ёшдан кейин шахсий иззат-нафс йўқотилади (кўпинча у индивидуалликка бой берилади) ва асосан бошқалар учун яшайдилар, зерикарли ишдан эса аста-секин бўғила борадилар. Лекин уларнинг орасида ҳамиша қобилиятли, қайсар шундай озчилик одамлар борки, улар охиригача ўз ҳаётларини яшаш иштиёқида ёнадилар. Ёзувчилар айнан мана шу гуруҳга тегишлидир…
2. Эстетик жазава. Олам гўзаллигини қабул қилиш ёки бошқа тарафдан сўз жозибаси, уларни аниқ такомиллаштириш салоҳияти.
3. Тарихий сабаб. Нарса ва воқеаларни қандай бўлса ўшандай кўриш истаги, ҳақиқатга тўғри келадиган далилларни қидириш ва уларни келажак авлодлар учун сақлаш…
4. Сиёсий мақсад. Дунёни муайян томонга йўналтириш, одамлар интилаётган жамиятга нисбатан уларнинг ўз фикрларини ўзгартириш истаги. Ва яна: ҳеч бир китоб сиёсий тамойиллардан батамом озод бўлолмайди, ахир ҳатто санъатнинг сиёсат билан иши йўқ, деган фикрнинг ўзи ҳам сиёсий нуқтаи назардир…»
Жорж Оруэллнинг юқоридаги қарашларининг баъзилари билан баҳслашиш мумкин, айни пайтда улар асосан ёзувчига нисбатан айтилган бўлишига қарамай, кўп жиҳатдан ижодкорлик, хусусан, шоирлик моҳиятини ҳам очиб беради.
Энди масалани психологик томонига бир қур назар ташласак. Улкан швейцар психиатри ва мутафаккири Карл Густав Юнг инсоннинг оламга муносабатига кўра икки хилини алоҳида таъкидлайди.
Биринчиси – экстраверт тип.
Иккинчиси – интроверт тип.
«Агар инсон фикрлаш, ҳис этиш ва ҳаракатланишда, бир сўз билан айтганда объектив шароит талабларининг яхши ёки ёмон маънода бўлишидан қатъи назар, унга мослашиб яшаса, демак у экстравертдир» деб ёзади Юнг. Буни соддароқ қилиб айтсак ҳам бўлади: экстраверт тип шундай бир инсонки, унинг учун ташқи оламнинг, жамиятда ҳукм сураётган тартиботнинг талаблари бирламчидир. У ана шу талабларга бўйин сунади ва яшайди. Албатта унда ҳам субъектив нуқтаи назар бор, лекин ташқи муҳитнинг талаблари билан тўқнашганда ички фактор орқага чекинади.  Экстраверт тип бутун муаммолари ечимини ташқаридан кутади.
«… Интроверт тип экстраверт типдан шуниси билан фарқ қиладики, — деб ёзади Юнг, — у объектга ва объектив факторларга асосланиб мўлжал олмайди, балки унинг учун бирламчи – субъектив факторлар бўлади». Яъни интроверт ўз ички дунёсининг амрларига бўйин эгиб, уларни рўёбга чиқаришига интилиб яшайди. Юнг яна айтадики, интровертга ҳал қилувчи омил объектив фактор бўлишлиги қанчалик тушунарсиз бўлганидек, экстраверт учун субъектив нуқтаи назарнинг объектив шарт-шароитдан устун туриши шунчалик куракда турмайдиган қарашдир.
Хўш, буларнинг Шавкат Раҳмонга нима даҳли бор? – деган ҳақли савол туғилади. Гап шундаки, Шавкат Раҳмон – шоир, яъни ижодкор. Эътибор берган бўлсангиз интроверт тип моҳиятан ижодкор сийратига яқинлашиб келади. Ёки буни бошқачароқ айтиш мумкин: ижодкор ўзлигини намоён қилиб яшайдиган инсон бўлганига кўра ўз ички олами билан ҳисоблашиб борадиган зотдир. Бундай кишилар юқорида К.Г.Юнг айтганидек интроверт типлардир.
Албатта, экстраверт ва интроверт типлар ўртасидан аниқ-тиниқ чизиқ тортиб қўйиш янглиш бўлар эди. Шунинг учун ҳам Юнг уларнинг ҳар бирини ўз ичида турли хилларга ажратади, яна таъкидлайдики, баъзан улар қоришиқ  ҳолда намоён бўладилар.
ХХ1 асрга кириб келган замондошнинг аксарияти эса кўп жиҳатдан экстраверт типга, яъни ташқи факторларни бирламчи билиб, ҳаётини ана шуларга уйунлаб яшайдиганлар хилига мансублигига кўра кўпинча Шавкат Раҳмонлар тутуми тушуниксиз, гоҳида ҳатто ўрлик бўлиб кўринади. Чунки Шавкат Раҳмон ва унинг сингари ижодкорлар ўз ҳаракатларида, айтаётган сўзларида ҳамма вақт – ички, субъектив фактор – виждон амрига қулоқ тутадилар. «Шеър – шоирнинг ижтимоий виждони» деб сарлавҳа қўйганди Асқад Мухтор Рауф Парфининг «Сабр дарахти» номли тўпламига ёзган сўзбошисига. Шавкат Раҳмоннинг  охирги китоби – «Сайланма»сига ёзган «Гулчеҳра» исмли сўнгсўзида эса РаҳмонҚўчқор ва Набижон Боқийлар қуйидагиларни таъкидлайдилар: Шавкат Раҳмон (таъкид бизники – У.Ҳ.) «ўзига ва ўзга қалбларга етган неки хўрлик, неки адолатсизлик бор – бефарқ бўлолмайди, мўлтираб туролмайди. У ҳар бир инсонга қалқон бўлгиси, қалбининг ҳақ-ҳуқуқи учун жангга киргиси келади. У ўзининг нозик руҳини қай ерда кураш, қайси жойда ҳурлик ҳимояси бор – ўша жабҳага сафарбар этади. Ўзига ва маслакдошларига, Фаустдан шиор танлайди: уни уйдан чиқаверишга, эшик тепасига михлаб қўяди: «Ҳар куни курашга чиққан инсон яшашга ҳақли!»
Унинг уринишлари нақадар самимий, ўтли бўлса, шунчалар содда ва тажрибасиздир. Ўзи жангга кирмоқчи бўлган  майдонда ҳалол ва мард олишув ҳеч қачон бўлмаслигини, бу ердаги ўйин қоидалари – қоидасизликка, ирромлик ва номардликка асосланганини ҳали англамайди. Унга олий ҳакам деб таништирилган. Вақт қачондир фурсат келганда ҳам бу ерда янги олишув бўлаётгани боис чиқаражак ҳукмларга такрор киритишга мажбур эканини ўйламайди. Майдондаги қип-қизил тупроқнинг ҳар заррасида «куракка санчилган номард тиидан» йиқилган баҳодирлар руҳи чинқираётганидан, уни бўлажак фириблардан огоҳ этаётганидан мутлақо бехабар.Қалб, жувонмард қисмат фақат пўлатдай тобланишни, ханжардай ўткирланишни орзу қилади, холос».
Нима, Шавкат Раҳмон дунёнинг ҳолидан, инсоннинг табиатидан бехабар гўлмиди? Йўқ, албатта. Юқорида мунаққид ва ёзувчи сўзнинг қуйилиб келишига эрк бериб, андак муболаага ўрин берганлар. Аслида Шавкат Раҳмондек зиёли шоирлар майдондаги олишув қандай олишув, қайси қоидаларга биноан ўтаётганини жуда теран англаган бўлиши керак. Бунга унинг биргина «Буқаламун билан учрашув» шеърини ўқиш кифоя. Ёҳуд «Майдон таърифи» шеърига қулоқ беринг:
Ҳеч қачон ишонма –
Бу майдон маккор,
деб ёзади шоир ва майдонни таърифлай кетади:
Алвонлар – ажойиб,
Ҳаммаси – ёлон,
Бу ерга инсонмас, келар жонивор,
Майдонлар тошида қорайиб қолон
Милёнлаб алданган одам қони бор.
Бироқ ҳамма гап шундаки, Шавкат Раҳмон шахслик мақомидаги шоир эди, шахс – шоир эди. Бундай шоирларнинг бўлса қисмати томонидан зиммасига юкланган ўз вазифаси бўлади. Бундай вазифа шахснинг субъектив дунёси билан чамбарчас боланиб кетганига кўра, шоир ана шу ботиндагини реал дунёга тадбиқ қилмоққа уринади. Ёки ҳеч бўлмаса ўзини, ўз турмушини ботиннинг измига соламан, дейди. Бунда у ташқи муҳитнинг, темир қоидалари қаршисида титраб қақшамайди ёки ундан нусха кўчирмайди, унга тақлид қилмайди, эргашмайди. Чунки шахснинг ўз ахлоқи бор, у ана шу чегарадан бошига ўлим келсин, четга чиқмайди. Изчиллик билан вазифани адо этишда то ўлимгача давом қилаверади.
Муҳими шундаки, оддий одам учун тушуниксиз ва ҳатто ахмоқона туюлиши мумкин бўлган бундай тутумда шахс-шоирнинг саодати мужассамдир.
Мен, шубҳасиз, парчаланаман –
Шундай тугар буюк хизматим,
Кимга кўзим, кимга пешонам,
Кимга тегар қизиқ қисматим.

алаёнга тўла вужуддан
Охир дунё бўладир халос.
Ер остига кириб кетарман
Барча мўмин бандаларга хос.

Бироқ ерда мангу яшайдир
Кўҳна юзим, ўйчан кўзларим,-
Демак, ўлмас бу дунёда ҳеч
Менинг теран, эзгу сўзларим.

Улар янграб тинмай айланар
Разолатнинг теварагида.
Мен-чи, мангу кулиб ётарман
Қулоқ солиб ернинг тагида.
(1980)
Мана, Шавкат Раҳмон қисмати ва шеъриятти мисолида шоирликка бир назар ташлашга уриндик. Аслида эса шоирлик жуда кенг тушунча, уни жуда узоқ талқин этиш мумкин, шунда ҳам шоирлик ҳар кимнинг имкони ва даражаси миқёсида бўй кўрсатади, холос.
Шавкат Раҳмон умрининг сўнгги йилларида бир ажойиб китобга қўл урди – “Сайланма”. Китоб анттонациясида шундай сўзлар бор: “Сайланма” – оташнафас ҳам миллатпарвар шоиримиз, марҳум Шавкат Раҳмон (1950-1996)нинг ҳаётлик чоғида ўз қўли билан тартиб бериб кетган энг сўнгги китобидир. Китобдан фақат илгари чоп этилган тўпламларидан сайланган лирик-фалсафий шеърларгина эмас, балки Ўзбекистон мустақиллиги арафасида ва ундан кейин, ўлим тўшагида қоғозга туширилган (шундан баъзилари илк бора эълон қилинмоқда) бадиий мўъжизалар ҳам ўрин олган.
Ўйлаймизки, видо китоби ХХ аср ўзбек шеъриятида, умуман, умумтуркий адабиётда чинакам ҳодиса бўлган ШОИР шахсияти ва унинг кўнгил кенгликлари-ю юрак қирралари тўғрисида ўқувчига тўла-тўкис тасаввур беради”.
Дарҳақиқат, умумтуркий адабиётда чинакам ҳодиса даражасида ашъор битиш ҳазилакам гап эмас. Лекин Шавкат Раҳмоннинг бир умрлик заҳмати гулдастаси ҳисобланмиш сара шеърларига такроран рўбарў келар эканмиз, юқоридаги фикрга овоз бергинг келаверади. Мен эътиборингизни дастлаб мундарижага қаратишни истардим. Китоб “Ёрилган ҳаракат баёни” номли шеър билан очилади ва шоир гўё гарчи “дарёжон” олдида ҳисоб бераётган бўлса-да, аслида ўзига-ўзи ўз виждони қаршисида ҳисоб беради:
Умринг узоқ бўлсин,
Эй, дарёжоним,
Ҳуснингга ҳирс билан назар солмадим…

… Ит базми қизиган ойсиз шомлардан
қизқониб обқочдим дарё дилимни…

…Қон, ароқ, пешобни эмиб тўралган
буваклар бўкириб йиғлаган маҳал
ё худо дедиму
нурлар ўйнаган
пешонам илк бора тупроққа тегди,
ё худо дедиму
эркин гуллаган
дарёдил самога дилимни бердим…
Гўё шоир умр адоғини кўраёзгандек ва ўлим қаршисида ўз сийратига тик боқиб сўзлаётгандек.
Умринг узоқ бўлсин,
Эй, дарёжоним,
Кечалар қаърида бир гул йиғлади,
Юзимга сачради бир булбул қони,
Кўнглимга бу дунё
Нечук сиғмади?!
Нечук бағрингдаман,
Кимнинг ишқида?
Нечук ёлвораман умрингни тилаб?
Улкан жасадимни тошлар ичида
Юварсан энг нозик қўлларинг билан.
Айтгил, эй, дарёжон,
Бормиди зулм?
Тоғлар силсиласин бузворди нола:
“Гулларнинг баргини емаган, гулим,
булбуллар қонини ичмаган, болам”.
Ушбу самимий ва аччиқ, айни пайтда мағрур ва ҳазин иқрордан сўнг шоир илк шеърларидан намуналар беради. Яъни у хаёлан ўтмишга – ёшлигига қайтади: гўё бу билан ҳаммасини бошдан такрор кечиргиси келади. Ва у “гап”ни орзулари  тасбеҳ доналаридек чизилиб ётган лаҳзаларини  муҳрлаб қўйган шеъридан бошлайди. Дарвоқе шеър ҳам “Орзу тасбеҳи” деб номланади:
Ажойиб кунларнинг бирида
Уйғониб кетаман уйқудан,
Юракнинг энг чуқур ерида
Оғриққа айланган туйғудан.

Бир қўшиқ бўламан дарёдай
Юракнинг энг чуқурида,
Боқаман дунёга дунёдай
Ажойиб кунларнинг бирида…
Биламизки, улкан ижодкорларнинг ўз ижоди ҳақида баъзан қониқишли иқрорномалари бўлади. Чунончи, ҳазрат Навоий черик чекмай (қўшин тортмай) Хитойдан Хуросонгача олдим, деса, улуғ Пушкин “Я памятник себе воздвиг нерукотворимый” дейди. Ва бунда биз муболағаю кибрни эмас, балки шахснинг тарихий ролига берилган ҳаққоний баҳони кўрамиз. Шавкат Раҳмон эса буюк салафлардан фарқ қилиб, фақат орзу қилади: “Ажойиб кунларнинг бирида одамлар юрагининг энг чуқур ерида дарёдай бир қўшиққа дўниб дунёга боқаман, шунда менинг ўзим ҳам бир дунёга айланаман!” Эътибор беринг, шоир фақат орзу қилаяпти, лекин шундай орзуки, унинг рўёбга чиқишига шубҳа йўқ! Буни биз айтаётганимиз йўқ, балки шоирнинг шеър майдонида ўктам жаранглаётган овози айтиб турибди. Дарҳақиқат, Шавкат Раҳмонга ана шу орзусининг рўёби насиб этди: у ўз юраги билан тиллаша биладиган ҳар инсон қалбида дарёдай бир қўшиқ бўлиб қолди.
“Илк шеърлар”дан сўнг “Биринчи фасл” бошланади. Кейин навбат билан иккинчи, учинчи, тўртинчи фасллар келади. Демак, шоир бу билан ниманидир айтмоқчи бўлаяпти. Беихтиёр улуғ Навоий ёдимизга тушади. Унинг “Хазойин ул-маоний” (“Маънолар хазинаси”) деб номланган мажмуаси ҳам ўз ичида худди шундай фасллардан ташкил топмаганмиди?
1-фасл: “£аройиб ус-сиғар” (“Болалик ажойиботлари”),
2-фасл: “Наводир уш-шабоб” (“Йигитлик даври нодирликлари”),
3-фасл: “Бадойеъ ул-васат” (“Ўрта ёш кашфиётлари”),
4-фасл: “Фавойид ул-кибор” (“Кексаликдаги фойдали мулоҳазалар”).
Демак, Навоий инсон ҳаётининг тўрт босқичига (йил ҳам тўрт фаслдан иборат) алоҳида урғу беряпти ва айни пайтда уларга киритилган ашъор ҳам кўп жиҳатдан моҳият эътибори билан фасллар мазмунига уйғун келади.
Кўринадики, Шавкат Раҳмон ўзининг энг сўнгги китобига тартиб бераркан, қайсидир маънода ана шу анъанани давом эттирди. Келинг, яхшиси шеърларга мурожаат этайликчи, улар қай даражада ўз фаслига мувофиқ тушди экан. 1-фасл “Ҳамал” шеъри билан очилади:
Эриб битди поёнсиз қорлар,
Яна кўҳна Замин туллади.
Водийдаги улкан ўриклар
Бир кечада оппоқ гуллади.

… Энди сафсар кечаларда оқ
машъалалар тутиб, улуғвор
кенгликларда кезар чиройли
кундузларни ахтариб баҳор.
Баҳор… Дарҳақиқат, униб-кўкариш фасли. Демак, илк фасл. Навоий ҳазратлари ажратганларидек, тўртта босқичнинг биринчиси — болалик фасли. Шавкат Раҳмоннинг биринчи фасли ҳам моҳиятан шундай фасл ва унда “Кунлар пиша бошлайди яна, рангларини бошингда элар” ёки “Ечиб оппоқ кўйлагини вақт, кийди яшил гулли кўйлагин” ва ёхуд “Ишон, одам, баҳорга ишон, қара гўдак каби беғубор” деб бошланувчи шеърлар талай бўлиб, булар ҳам инсон умрининг гуллаб-яшнаётган палласи кайфиятининг мевасидир.
Иккинчи фасл “Ёз равиши” деб номланади. Эътибор беринг, биринчи фасл баҳорга аталган шеър билан очилганди, иккинчиси эса ёздан бошланмоқда.
…Қизиб кетар ер томирлари…
Тунга илиқ бўйлар таралар.
Бирдан қайноқ ёз оқиб келар
Жимиб қолган боғлар оралаб.
Бу фаслдан жой олган шеърларни исмларига назар ташлашнинг ўзиёқ гап инсон умрининг қайси босқичи – қайси фасл ҳақида кетаётганидан дарак бериб туради: “Тонг кўксида”, “Суронларни…”, “Ёз туни…”, “Тун гуркираб…”, “Боғларда…”, “Ичар қуёш…”, “Яшил сочли…” ва ҳоказо.
Учинчи фаслнинг дебочаси “Одамдарахт” деб номланувчи шеърдир. Нафсиламрини айтганда мен номланиши куз фасли билан боғланган бир шеър кутгандим. Эҳтимол, сиз ҳам шундай қаноатда эдингиз. Лекин шошмайлик-да, шеърга қулоқ берайлик:
Ўсаётган
Кучли дарахтман,
Шохларида пишар сўзларим,
Ўйчан кузак келгувчи йўлга
Икки тоғдай боқар кўзларим.
Мана, биз кутган ва умуман, масала моҳиятидан табиий равишда келиб чиққувчи натижа: шохларида сўзлари пишаётган шоир мисоли кучли дарахтдек кузакни кутиб турибди. Демакки, у умрининг навбатдаги босқичига – учинчи фаслга – ўйчан кузакка қадам қўйяпти. Навбатдаги қатор шеърлар ҳам куз билан, инсон умрининг ўйчан ва тиниқ палласи билан бевосита боғланиб кетган. “Поёни йўқ куз оғушида / қандай гўзал йиғлайди узум! Шундай бўлар ҳақиқий йиғи, кўриб қўйгин, эй, ношуд кўзим!” дейди шоир яна бир шеъридаки, бу билан у гўё санъатга – ўз аъмолига нисбат беради. Яъни шоир айтмоқчики, агар ҳақиқий шеър битмоқчи бўлсанг, табиатдан – узумнинг йиғисидан ибрат ол. Чунки назаримизча шоирлик инсоннинг ўзига хос йиғиси, шеър саодатга интилаётган ёхуд ундан йироқ тушган қалбнинг у ёки бу шаклдаги фарёдидир.
Тўртинчи фасл – қиш. Инсон умрининг сўнг палласи. Демак, қайсидир маънода сарҳисоб вақти, қайсидир маънода пушаймонлик, афсус-надомат замони.
Куйлолмадим
Япроқлар каби,
Қуруқ шохдай титрар овозим –
Сўлиб қолди баҳорим тағин,
Сувга чўкди яна бир ёзим.
Шеър “Арслон” деб аталади.Қаранг, шоир “баҳорим сўлди”, “ёзим эса сувга чўкди” дейиш билан аввалги фасллар – умрнинг “£аройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб” ва “Бадойеъ ул-васат” паллалари кечиб, энди охирги босқич – “Фавойид ул-кибар” ташриф буюраётганидан алам билан хабар бермаяптими?..
Қорлар ёғди,
Оғриди жоним,
Ухлаётган боғлар пойида
Куйлолмасдим, ундан ёмони
Яшил эдим қантар ойида…
Бироқ яна шу нарсани эътибордан қочирмаслигимиз зарурки, Шавкат Раҳмон гарчи тўртинчи фасл – инсон умрининг охирги палласи ҳақида гапираётган бўлса-да, ўзи ёш эди. Шеър ёзилган тарихни қидирамиз. “Сайланма”да кўрсатилмаган. “Юрак қирралари” мундарижасида эса бошқа исм – “Куйлолмадим…” билан берилган ва сана – 1979. Демак, шоир бу шеърни ёзганда йигирма тўққиз ёшда эди: айни гуллаб яшнаган, кучга тўлган ёшда. Агар шеърнинг сўнгги икки мисрасини тингласак ҳам юқоридаги фикримиз исботини топамиз: “куйлолмасдим, ундан ёмони / яшил эдим қантар ойида”. “Юрак қирралари”да “яшил эдим январ ойида” деб ёзилган. Демак, атрофда қиш ҳукм сурмоқда, бироқ лирик мен ям-яшил, яъни навқирон.
Кўринадики, шоир шундай бир ҳассос, айни чоғда сирли қалб эгасики, у гоҳи ёш бўла туриб кекса ҳолига тушади, кекса бўлиб дунёга назар ташлайди ва ҳоказо. Ахир Абдулла Ориповнинг “Гарчанд йигит ёшим яшнаб турса ҳам Кексалик қисматин ўйлайман бу дам” дейишига нима дейсиз? Яъни керагида шоир қалбида инсон умрининг бутун паллалари гўё бир вақтнинг ўзида тўплана олади: у хоҳласа навқирон йигитдек тўлади, хоҳласа мункиллаган чолдек сўлади.
Шавкат Раҳмон қачон ёзилганидан қатъи назар, мазмунан тўртинчи фаслга яқин шеърларини шу ерда жамлаган. Шунинг учун ҳам “Сайланма” тарих хронологияси эмас, балки мазмун-руҳ хронологиясига амал қилиниб тузилган.
Тўртинчи фаслга киритилган қолган аксар шеърларнинг мазмун-моҳияти ҳам юқоридагига уйғундир.
Фасллардан сўнг мундарижада “Йўл манзаралари” келади. Унда бор-йўғи бешта шеър бор: “Минораи калон”, “Тарихий онг”, “Лорка”, “Савол”, “Яна савол”. Назаримда бобга тааллуқли шу беш шеърда ўзига хос рамзий маънолар яширингандек. Жумладан, “Минораи Калон” тимсолида шоир қирғинлардан омон қолган юрт, миллат, ўзлик, иймон ҳақида фикр юритади. “Тарихий онг”да эса таъбир жоиз бўлса, шоир гўё ўз замондошидан, ўз авлодидан, ҳатто ўз-ўзидан норози бўлиб “Кўксингдаги Муқанна билан / ўзлигингга қарадингми, айт?!” дея ҳайқирадики, бу нидо юқорида қирғинлардан омон қолган ўзликка эътибордир десак ҳақиқатдан узоқ кетмаган бўламиз. Шундай қилиб шоир баъзан ана шу ўзликни парвариш қилишга киришган бўлса, баъзан унинг ўз иқрорича вазифанинг уҳдасидан чиқолмай ҳайқирди: “Мушт зарурроқ бўлган маҳалда / ёздинг гўзал шеърларни фақат”. Демак, шоирнинг ҳаёти ана шу оралиқларда кечди.
Айни чоғда ўзга бир олам – испан шеърияти, хусусан, Федерико Гарсиа Лорка дунёсига саёҳат ҳам Шавкат Раҳмон ҳаётида алоҳида аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам шоир умрининг “Йўл манзаралари”да, “Лорка” деб номланган бекат – шеър пайдо бўлди.
Кейин эса “Савол” туғилди: “Ким эдиму / ким бўлдим энди”. Шоир ўзича жавоб беради:
Ким эдиму
Ким бўлдим энди,
Кўриб турар қуёш, сув, тупроқ.
Кўзларимдан кўра ҳаётни
Елкаларим кўрибди кўпроқ.
Назаримда шоир инсон умрига, унинг оғриқларга тўла қисматига алоқадор яхлит бир фалсафий кўламдор савол образини чизишга интилгану лекин мақсадига унчалик эришолмагандек. Эҳтимол, шунинг учун ҳам “Яна савол” туғилгандир:
Оёғимга
Ботмон тошларни
Болаликдан боғлаб қўйди ким?
Энди халос бўлмоққа етмас
Ёвузлардан асраган умрим.
Худо берган сонияларни
Хароб қилди қайси ғаламис?

Агарда шу тошлар бўлмаса,
Учар эдик самоларда биз.
Савол бир қадар конкретлашган ва олдингисидан кўра анча салмоқдор кўринади. Айниқса, унинг биринчи банди: шоир инсон оёғига боғланган оғир тошлардан халос бўлиш учун энди умри етмаслигига иқрор бўлиб турибди. Бироқ афсуски, у бу тошларни қандайдир ғаламис осган, дея иддио этмоқда. Аслида эса шоир юқоридаги мўъжазгина шеър бағрига одамзод қисматини жуда чиройли бир тарзда жойлаштириб бўлаёзганди. Аслида инсон оёғига осилган ва уни самоларга учиб кетишига ҳалал бераётган тошлар – инсонликнинг чегараси, инсон пешонасига қисмати томонидан ёзилган ёзиғидир.
Шу ўринда Шавкат Раҳмон шеъриятига хос бўлган юқоридаги хусусга тағин бир урғу берсак. Шоирнинг талайгина шеърларида мумтоз адабиётдаги ағёр образи ижтимоий маъно касб этиб, бунинг устига турланиб – бўлакланиб келади. Чунончи номланиш ҳам шунга яраша майдалашган: нафсига куйган, маслакфуруш, иғвогар, номард, чумчуқ юрак, эшак суврат, тўнғиз калла, ҳирс ва таъма бандаси, бедил, қалби сўқир, фитначи, туҳматчи, қашқирлар галаси, ғофил, қаттол, баттол, жаллод ва ҳоказо. Тўғри, буларнинг айримлари (ғофил, бедил, жаллод, нафс бандаси кабилар) мумтоз адабиётимизда ҳам етарлича учрайди. Лекин қолган асосий қисми ХХ аср бадиий  тафаккур мевасидир. Чунки бу асрга келгандагина тамаддун ўзининг янги, мисли кўрилмаган босқичига қадам босди: техника ривожланди ва ҳаётга тадбиқ этилди, атом кашф этилди, инсон илк марта космосга парвоз қилди, компьютер ихтиро қилинди ва ҳоказо. Буларнинг бари одам билан олам ўртасидаги муносабатга, унинг тафаккурига, дунёқарашига таъсир қилди. Натижада ижтимоийлашув жараёни тезлашди ва ижтимоий муаммо жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун аҳамият касб этди. Шу тарзда шеърият ҳам, хусусан, ХХ аср ўзбек шеърияти ҳам қайсидир маънода ижтимоийлашди. Бинобарин, Шавкат Раҳмон юқорида кўриб ўтганимиздек, рубобий шеърлар ёзишга чоғланса-да ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқа олмай, кўпинча ижтимоий мавзуларга қўл уришга мажбур бўлди. Оқибат шу бўлдики, ҳаётнинг ширин ва адолатли бўлишига халақит бераётган ҳар қандай нарса ва кимсалар шеъриятга кўчиб ўтди, шоирнинг душманлари кўпайди:
Душманим кўпайди,
Ҳатто, ўликлар
Баҳорни соғинган қутлуғ ойлари,
Хилватда йиғилиб юрди шўрликлар
Чангалда бўҳтону иғво лойлари…
Бироқ сирасини айтганда, шеъриятга айнан шу хил кайфиятни кириб келиши поэзия деб аталмиш юксак оламни қайсидир маънода оёғидан тортиб ерга тушириб қўйди. Натижада биз кўпинча шеър ўқиркан, қалбан юксалиш ва покланиш ўрнига турмушнинг деярли ҳар куни ўзимиз дуч келаётган чиркин нуқталарига такрор рўпара келиб қийналамиз. Лекин айни чоғда “бунинг учун шоирдан ўпкалаш ҳам нотўғри бўлар, чунки унда симобдек қайнаб турган ижтимоий мавзуларни қўйиб, гул ва булбул дунёсига шўнғиб кетолмай қийналаётгандир”, деган ўйлар ҳам бошингда айланади. Муҳими, Шавкат Раҳмонга ижтимоий мавзуни шахсий мавзу сифатида ёки бунинг акси: ўз шахсий дардини ижтимоий дард даражасида куйлай олиш бахти насиб этган. Яъни у кўпнинг дардини ўз кўнгил призмасидан ўтказиб, уни шахсийлаштира (персонификация) билган. Натижада умумдард шахс дардига, “мен” дардига айланган. Шунинг учун ҳам у, масалан, туркий халқларнинг аччиқ ўтмишидан ҳикоя қилиб келаркан, шеър ниҳоясида ҳайқиради:
Борми эр йигитлар,
Борми эр қизлар,
Борми гул бағрингда жўмард насллар,
Борми гул туфроқда ўзлигин излаб,
Осмону фалакка етган болалар.

Бор бўлса,
Аларга еткариб қўйинг,
Бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
Шаҳидлар ўлмайди,
Бир қараб қўйиб:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Она ватанни ёвга бермасликка даъват ва буни исташлик ҳар қандай миллатнинг ор-номусли фарзанди кўнглидан отилиб чиқадиган нидодир. Демакки, у кўпнинг дарди. Шоир ана шу умумдардни ўз юрагидан ўтказиб, ўзиники қилиб куйлаяптики, ижтимоий дард восита – шеър орқали бизнинг ҳам шахсий дардимизга айланмоқда. Ва биз “Ёвга терс қараган мусулмон эмас!” деган хитобнинг беш марта такрорланишига энсамиз қотиб эмас, балки тушиниб қараймиз. Чунки ҳар бири алоҳида интонацияга эга, демакки, алоҳида маънони ҳам ўзида жо қилган:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
“Сайланма”нинг навбатдаги боблари “Испан шеъриятидан таржималар”, “Мусаввирона”, “Мужоҳидона”, “Сўз”, “Гуллаётган тош”, “Санъат”, “Висолсиз ишқ”, “Ривоятлар”, “Қоп-қора чечаклар” деб номланади. Шоирнинг сўнгги шеърларидан намуналар “Энг охирги шеърлардан” бўлимида берилади. Шавкат Раҳмоннинг таржималари хусусида сўз айтишдан олдин шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юқоридаги боблар номланиши ҳам шоир учун алоҳида қимматга эга бўлиши керак. Ҳатто айтиш мумкинки, “Сайланма”дан ўрин олган ҳар бир боб аслида Шавкат Раҳмон деб аталмиш шоир ҳаёт йўлининг бўлакларидир, номлар ҳам шунга кўра танланган. Демак, улар ҳақиқатан ҳам шоир ҳаётининг “йўл манзаралари” ҳисобланади. Буни бошқачароқ айтиш ҳам мумкин. “Сайланма” шоир ҳаёт  ва ижод йўлининг ўзига хос, мўъжаз моделидир.
Ниҳоят, Шавкат Раҳмон ХХ аср ўзбек шеъриятининг энг кўзга кўринган, хассос шоирларидан бири бўлиши баробарида улкан таржимон ҳамдир. У испан шеърияти вакилларидан Хуан Рамон Хименес, Рафаэл Алберти, Федерико Гарсиа Лорка каби шоирлар ижодидан нуманаларни ўзбекчага моҳирона ўгирган. Айниқса, шоирнинг Гарсиа Лорка шеъриятидан таржималари ҳам салмоқ жиҳатидан, ҳам санъаткорлик маҳорати нуқтаи назаридан эътиборлидир.
Шавкат Раҳмон даставвал рус тилидан ўгирди. Кейинчалик эса бундан унинг ўзи ҳам қониқмайди ва шоирнинг ўзи шундай ёзади: “Бундан ўн йил аввал дастлабки таржималарим “Сайланма” номи билан нашр этилгани мен учун нечоғли қувончли бўлганини айтмай қўяқолай. Аммо бу қувончнинг умри қисқа экан. Тез орада ўйлаб қарасам, Лорканимас, Лорканинг таржимонларини таржима қилганим аёнлашди. Рус мутаржимлари, шубҳасиз, энг сўнгги имкониятларини ишлатиб меҳнат қилган бўлсаларам, Лорка шеърларининг асл қиёфасини кўриш иштиёқида ёнавердим…” Ана шу иштиёқ Шавкат Раҳмонни испан адабиётининг ёрқин юлдузларидан Гарсиа Лорка дунёсига олиб кирди. Натижада жуда улкан санъат ва меҳнатнинг меваси –“Энг қайули шодлик” китоби нашр этилди. Албатта, таржиманинг қай даражада амалга оширилганлиги тўғрисида мукаммал ахборот бериш учун мутахассис нафақат ўзбек тилини, балки испан тилини, унинг бутун оҳанглари билан пухта эгаллаган бўлиши зарур. Бинобарин, Шавкат Раҳмоннинг испанчадан ўгириклари илмий баҳосини бериш ҳозирча келажакнинг иши бўлиб турибди. Лекин шуни тан олиш зарурки, Гарсиа Лорка бошқа миллат ва бошқа дунёнинг шоири, демакки, ўзбек китобхони учун бошқача шоир бўлишига қарамай, Шавкат Раҳмон таржималарида у бизга яқин келади, жудаям таниш туюлади.
Айтилмаган
Бир қўшиқ
Лабларимда ухлайди ҳали.
Айтилмаган
Бир қўшиқ,
дея бошланади унинг “Верлен” исмли шеъри.Қуйироқда маъно динамикаси кузатилади:
Кўзим кетди, тушимда –
Айтилмаган
Бир қўшиқ.
70-йиллар авлоди шеърияти билан яхши таниш бўлган киши дарҳол тушунадики, бу хил шеър бизга нотаниш эмас. Чунки айнан Шавкат Раҳмон ва унинг тенгдошларининг поэзиясида айни жиҳатлар – ҳаёт ва инсонга алоқадор борлиқнинг кутилмаган нуқталарига эътибор қилиш, шу билан бирга ғайритабиий маъноларни кўникилмаган шаклларда беришга интилиш кучли. Демак, бу авлод ва Гарсиа Лорка шеъриятида қандайдир уйғунлик бор экан-да. Демак, Шавкат Раҳмон таржима учун дуч келган ижодкорни эмас, балки ўз руҳий оламига мос шоирни танлабди-да. Йўқса испан шоири ташбеҳлари кўнгилга бунчалар мулойим тушармиди:
Жилмаяди
Денгиз узоқда.
Тишлари кўпикли,
Мовий дудоғи.
(“Денгиз суви манзумаси”)
Умрида бир марта бўлсин чайқалиб, соҳилга тўлқин уриб келаётган денгизни кўрган киши агар санъатга яқин  ва тасаввури кенг бўлса, юқоридаги манзарани ўқиб ўзининг ҳам тўлқинланмаслиги мумкин эмас. Чунки денгиз жилмайганда, яъни чайқалганда тўлқин худди оппоқ маржон тишлардек бир қатор бўлиб соҳилга интилади. Бир тўлқин ортидан яна ва яна тўлқин туғилаверади. Тўлқиннинг икки тарафи – мовий масофа эса шоирга мовий дудоғ бўлиб туюлади.
Манзара чинданам ҳайратангиз. Лекин эътибор беринг: бу ўринда биз денгизнинг табиий манзарасидан эмас, балки шоир – Гарсиа Лорка томонидан чизиб берилган сувратидан завқ олаяпмиз.
Энди Шавкат Раҳмоннинг ўзида ҳам шундай – табиатнинг қайта ишланган юзлаб манзарасига дуч келамиз. Мана улардан бири:
Оқ сукунат
Портлар саҳарда,
Кун нурида ёниб, ярақлаб,
Чопиб кирар совуқ шаҳарга
Ялангоёқ яшил дарахтлар… (Манзара)
Тун зулматида атрофдаги нарсаларни кўз илғамайди. Бу – табиий. Лекин ниҳоят “оқ сукунат портлайди”, яъни тонг отади -саҳар келади. Ва атрофдаги нарсаларни кўзимиз кўра бошлайди. Шуни шоир ўзича айтади: Тонг ёришиши билан бирин-сирин кўринаётган дарахтларни у “шаҳарга дарахтлар чопиб кирди” дейди ва бизнинг тасаввуримизга завқ бағишлайди.
Ҳа, Гарсиа Лорка ва Шавкат Раҳмон “учрашган” нуқтанинг бири табиатга муҳаббат бўлса, бошқаси инсонга муҳаббат, яъни ишқ деб аталади. “Бу мавзулар ҳамма замонлар ва ҳамма шоирларникидир” дея эътироз билдириш мумкин. Бироқ ҳамма гап шундаки, Лорка ва Шавкат Раҳмонни боғлаган ришта айнан уларнинг мавзуларга бўлган муносабатидаги яқинликдир.
Айтилганлардан шундай хулосалар келиб чиқадики, 70-йиллар авлоди ўзининг ёрқин ижтимоий-маънавий мавқеи билан ХХ аср ўзбек шеъриятида алоҳида эътиборга моликдир. Шавкат Раҳмон ана шу истеъдодли авлоднинг битта забардаст вакилигина эмас, балки бутун бошли ўзбек шеърияти осмонининг доимий ўчмас юлдузларидан бири ўлароқ порлаб туришга муваффақ бўлган шоирларимиздандир.

 

              

ШЕЪР — БОРЛИК ВА ЙЎҚЛИК ОРАСИ

Шеър — борлик ва йўқлик ораси

(ёки дарёсини топган ва топмаган ирмоқлар)

 

           Сўнгги йиллар ўзбек шеърияти, таъбир жоиз бўлса, кейинги қарийб 15-20 йил мобайнида  яратилиб келинаётган, Истиқлол даври адабиёти деб аталаётган улкан адабий дарёнинг битта ирмоғидир. Шунга кўра кейинги қатор йилларда ёзилган шеърлар ўз мазмун-моҳиятию шаклу шамойили жиҳатидан мазкур давр адабиётига жудаям хосдир. Демак, биз парча ҳақида баҳс юритар эканмиз, ўз-ўзидан бутун тўғрисида ҳам суҳбатлашган бўлиб чиқамиз. Ёки аксинча, бутун бошли давр назмининг мазмун-моҳиятини синчиклаб текширганимиз сайин унинг ҳар бир йиллари қатига кириб борган бўламиз. Шунинг учун ушбу мўъжаз тадқиқотимизда баъзан хусусийликдан умумийликка қараб юрсак, баъзан бутундан парчага томон хулоса назарини ташлаймизки, ҳар икки ҳолда ҳам  мақсад – Истиқлол даври ўзбек шеърияти моҳиятини англаш бўлади. Шунга кўра, келинг, аввало мазкур даврга хос умумий хусусиятлар тўғрисида бироз фикрлашсак.

      Давр чинданам мураккаб. Унинг моҳиятини бир-икки оғиз гап билан тушунтириб бўлмайди. Лекин адабиётни тушуниш ёрдамида бу ишни уддалаш мумкин. Яъни назмнинг асосий белгиларини санаб ўтиш орқали даврни ҳис қилишга чоғланамиз.

      Биз яшаётган даврнинг бадиий адабиётга бевосита алоқадор биринчи белгиси шуки, у мафкуравий тазйиқ ўтказишдан йироқ. Умуман олганда, жамиятда бунга эҳтиёж сезилмайди. Бинобарин, драматургиямиз, насримиз ва назмимиз зиммасига “Эркинлик” деб аталган Улкан Омад Қушининг келиб қўнганига анча бўлди. Бу, албатта, адабиёту санъатимиз учун мислсиз уфқ, тенги йўқ имкон! Бироқ айни шу имкониятнинг залворли юкини кўтарганлар бор, кўтара олмаганлар бор. Натижада озод бўлгани билан айрим шоирларимизнинг ёзган шеърларини диққат билан кузатганимизда бадиий тафаккурдаги силжишларнинг ўтган асрнинг ўша машҳур 60 ва 70-йилларникидан кўп-да узоққа кетолмаганини кўраб-сезиб қоламиз. Ўзгариш, ўсиш албатта бор. Буни инкор этиб бўлмайди. Гап бунда эмас, балки ўсиб-ўзгаришнинг даражаси ва салмоғидадир. Агар масалага шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, дадил айтиш мумкинки, кейинги қарийб 20 йил мобайнида мамлакатда юз берган сиёсий-тарихий, иқтисодий-маданий, маънавий-руҳий маънодаги оламшумул ўзгаришлар олдида шоирнинг оламни бадиий-эстетик қабул қилишдаги ўсиши анча ғариб туюлади. Чунки жамиятда ва инсонни ташқи ҳаётида юз берган ўша сиёсий-ижтимоий эврилишлар моҳиятига ҳамоҳанг мазмун ва шакл замондош шоирнинг ичкарисида – ботинида пишиб, ўзининг бутун бўй-басти билан тўлиқ намоён бўлганича йўқ. Аммо таскинимиз шундаки,  ўзбек шеърияти айни шу йўлда дадил ҳаракатланиб бораяпти.

      Бугун шеър ёзиш ҳам осон, ҳам қийин. Осонлиги – шеър ёзиш техникаси болаларга мактаб партасидаёқ ўргатилмоқда. Қолаверса, шоирни аруз каби ҳам синайдиган, ҳам савайдиган инжиқ вазнни айланиб ўтса бўлади. Устига –устак, ҳар қандай бошқа вазнни истаганча турлаш ва туслаш мумкин бўлиб қолди. Ҳатто “Эркин аруз” деган жанрий белгилашлар кўзга чалиниб турибди. “Булар — шоирнинг менлиги, ўзига хослиги” деган ақидани қўлига қалам олган  ҳаваскорки бор, ёқтириб, ўзига  дастурул-амал қилиб олганки, бу ҳам ижодкор эркига эрк қўшгандек: у нимани қандай хоҳласа, шундай ёзмоқда… Шунинг учун бугун шеър ёзган кўп, шеърга ўхшаш тизмалар кўп, аммо чинакам шоиру чин шеър барибир унчалик сероб эмас. Беихтиёр ёдларга унутилмас Озод ака Шарафиддиновнинг  машҳур “Шеър кўп, аммо шоирчи?..” деган мақоласи тушади…

      Шеър ёзишнинг қийинлиги – бугунги давр – ахборот замони инсонни ўз юрагидан кўчага ҳайдаб чиқара бошлади. Чунки техникалар шовқини, компютерлар сеҳри, муносабатлар тиғизлиги, ахборот шиддати, умуман, буларнинг барчаси тагзаминидаги шахсий манфат, оламшумул имконлар замондош кишининг ақлу ҳушини ўғирлаб қўйди. Унинг ўз кўнглида қолиб истиқомат қилишига, Усмон Носир айтмоқчи “юракни таржима қилиб яшаш”ига монеълик қилмоқда. Шунинг учун ҳам, менингча, бугунги шароитда замонамизнинг, техника ва ахборот асримизнинг ана шундай дилўғирловчи жозибали шовқинини енгиб ўтиб, ўз юрагига саёҳат қила олган ва ўзга юракларга жиз этиб таъсир этадиган тўрт қатор шеър ёзган, ёза олган киши – шоирни мен ҳеч иккиланмасдан замонамиз қаҳрамони деган бўлардим. Нега? Чунки жиддий шеър, умуман, жиддий адабиёт одамнинг инсонлик тарафининг меваси ва у ўқувчида айнан шу томонни тарбия қилади. Бундай ишга бош қўшган ижодкорки бор, ўз муқаддас вазифасини тўғри англабди, деганидир.

      Кейинги қатор йиллар мобайнида ёзилаётган шеърларни кузатиб, уларни мазмун-моҳиятини англашга, ҳис қилишга уриниб келаман. Бундай ҳаракатларнинг меваси ўлароқ беш-олтита илмий мақолалар ҳам эълон қилдим. Жараён асносида эса гоҳи-гоҳи бир исёнкор ҳис юрагимни қамраб олади-да: “Булар орасида катта шоирлар, юксак парвозли шеърлар йўқ ҳисоби, нега сен ҳар доим уларнинг йўлига кўз тикиб ўтирасан, баъзан алҳамдуга ҳам ярамайдиган битиклар ўчоғини титиб, пуфлайсан, гўё бу уринишинг билан ўти ўчган, кулдан оловга айланишга қодир бир чўғ қидирасан. Қидирасану беҳуда уринасан…” дейди. Айни пайтда иккинчи ярмим бошқача оқловларни рўкач қилади: бугун давр бошқа, муносабатлар бошқа ва улар симобдек титраб, ўйноқлаб турибди, ижодкор унинг бир хил, доимий, ўзгармас лиқосини тополмай чирпиняпти. Ҳамма гап шунда… Яна ёндашувдаги муносабат даражасида ҳам. Кузатишимча, барча замонларда ҳам шоирлар деярли бир хил мавзуларни куйлаб ўтишган. Бир хил мавзуларда куйлашгану, наволари ҳар-хил қабул қилинган.  Йўқса, нега бир шоир муҳаббат тўғрисида шеър айтса, кўнглинг айнийдию, бошқасининг ўқиган шеъри худди жазирама иссиқда ичилган бир пиёла муздек  булоқ сувидек юрагингга роҳат бағишлайди?..

      Шундай қилиб, ҳар йили ўзбек шеърияти китоблар ҳисобида лоф бўлмаса юзтага кўпаймоқда. Бироқ сон ҳар доим ҳам сифатни белгилаган эмас. Шунга кўра биз йўналишни, шеър сифатини, ўқувчи бадиий дидини, савиясини кўтаришга хизмат қиладиган шеърлар томон олишга имкон қадар уриндик. Бу йил нашрдан чиққан қатор китобларнинг орасида “Сайланма”, “Танланган шеърлар,” Танланган асарлар” тариқасида тақдим этилганлари ҳам талайгина.

      Истеъдодли шоира Х,Худойбердиеванинг “Йўлларим” деб номланган янги китоби ана шундай сара шеърлар шодасидан тузилган. Таниқли шоир Саъдулла Ҳакимнинг  “Кўнгил юзи” номли китоби ҳам  кирилл ҳам лотин алифбосида босилган. Унга кирган аксар шеърлар ўзининг ҳикматона мағзи билан, содда ифодаси билан, шарқона мантиқ-хулосаси билан ажралиб туради. Яна у кутилмаган ёндашуви билан, аччиқ кинояси билан ҳам шеърхон эътиборини тортади:

                                                  Дўст бизни сотибди.

                                                  Шод этди бу ҳол,

                                                  Дилдан кўтарилди гард ғуборимиз.

                                                  Бозорда ўтмайин ётар қанча мол,

                                                  Минг шукр, бор экан харидоримиз.

       Шу ўринда барчанинг эътиборини бир назарий муаммога қаратмоқчиман. «Шеърда ҳикмат бор”, деган гап бугун айтилган эмас. Бироқ шеър асосан ҳикмат устига қурилган бўлса-чи? Унда ҳам шеър бўладими? Умуман, шарқ адабиётида, назмида ҳикмат жуда катта ўрин тутиши сир эмас. ХХ аср ўзбек шеърияти Ғ.Ғулом, А.Орипов, Э.Воҳидов, О.Матжон, Х.Худойбердиева ва 70-йиллар авлод айримларининг талай шеърлари шеър шаклидаги ҳикматлардир, аслида. Ўқувчи уларни айнан ана шу ҳикматлар боис ёқтириб  ёдлаб, давраларда ёддан айтиб завқланади. Тарихга назар ташласангиз ҳам бунинг тасдиғини топасиз. Бутун бошли мумтоз адабиётимиз – Яссавий, Лутфий, Атоий, Навоий, Бобур, Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Нодира, Увайсий… ҳаммасининг назмида шарқона донишмандлик, ўлмас ҳикматлар яшайди. Ўз шоиримизга айланиб кетган Умар Хайём-чи? У энг улуғ донишмандлардан бири эмасми? Умар Хайёмни дунё ёд айтади, ўқиб завқланади. Хўш, бу нимадан далолат? Ҳикматларга муҳаббатдан эмасми?..

      Кўринадики, ҳикмат шеърнинг ажралмас узвидир. Инчунун, биз «Асло, шеър – ҳикмат эмас, у — бутунлай бошқа нарса!” дея иддао қилсак, ҳеч шубҳа йўқки, юқорида саналган минг йиллик шеърий тарихни – классикани инкор этган бўламиз. “Ҳа, шеър ҳикматдир!” деган қарашни қабул этсак, бугун ёзилган шеърлар табиатидаги бошқачаликни кўриб ўйланиб қоламиз. Эшитинг, қашқадарёлик ёш шоира Зуҳро «Мовий ифор” тўпламида қандай ёзади:

                                                  Эрталабдан у одам

                                                  Тинмай қорни курайди,

                                                  Баҳорга йўл топмоқчи.

      Албатта, у ёки бу муносабат билан тўрт мучаси бут ҳолда тузилган ҳар қандай гапда даражаси ва мазмунидан қатъи назар бирон фикр бўлади. Фикр эса ўз ўрнида муайян ҳикмат парчаларини бағрига яшириб туради. Юқоридаги учликда ҳам шундай. У ҳикматдан бутунлай ҳоли эмас, йўқ! Бироқ биринчи планда тасвир бор. Шеърни ўқиганингиз ҳамона кўз олдингизда эрталабдан чиқиб олиб тинмай қор кураётган одам келади. Ҳа, бу ерда тасвир етакчи ва шеърнинг кучи ана шу тасвир этилган эпизодни ёритиб турган шоирнинг нуқтаи назарида. Сахармардондан тинимсиз қор кураётган одам қисматига юклаган маъно-мазмунида. Яъни бу ўринда ҳикмат тасвирнинг ўзида – унинг жон-томирида қондек ҳаракатланиб турибди. Қаранг, шеърни ўзимча таҳлил этаяпман-у, ундан чиқаётган кайфият – маъни қаршисида ўйланиб қолаяпман: шарқ кишисининг ботинида – жуда ичкарида, баъзан ҳатто сўз ҳам кириб боролмайдиган теранликларда ҳикматга бўлган ўлмас бир  майл – эҳтиёж яшайди, шекилли. Шунинг учун шарқ шеърияти томирларида донишмандлик, ҳикмат оқиб ётади. Агар шоир ҳикматга яқин келмаган бўлса, уни танимаган эса, таҳлилчи – адабиётчи уни топишга уринади. Эҳтимол, бу яхшидир, эҳтимол ёмон, гап бу ҳақида эмас. Гап бизнинг – шарқ кишисининг, шарқ шоирининг табиатида, ўзига хослигида. У ёғини сўрасангиз, нафақат шарқ, балки ғарб, умуман, бутун дунёда инсон ҳаёти ҳақидаги гўзал ҳикматларга шайдолик бор. Йўқса, шарқона ҳикматлар асосига қурилган Пауло Коэльонинг романлари ер юзида бунчалар қўлма-қўл бўлмасди.

      2006 йилда “Девор” деб аталган китоб эълон қилинди. Хосият Рустамова ўзбек шеъриятида Нодира, Увайсий, Зулфия, Ҳалима Худойбердиева, Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзодек аёл шоиралар каби ўз йўлини  – ўз шеърий дунёсини яратиб келаётган катта ижодкор. Аммо “Девор” тўпламидаги шеърлар аввалги, масалан, “Нажот”даги шеърларга қиёсан бир қадар ҳароратсиз чиққандек таассурот қолдирди менда. Тўғри, “Девор”да ҳам маҳоратли шоиранинг даражасини  таъкидлаб турадиган ўхшатишлар, истиоралар, маъжозлар анчагина. Ўқувчини  мувозанатдан чиқаришга қодир шеърлар ҳам мавжуд. Лекин бундай фазилатларнинг борлигига қарамай, «Девор” тўпламида шоир олдинга эмас, балки бир қадам орқага кетган, деб ўйладим. Хўш, нега? Ўзимча сабабини қуйидагича изоҳлаган бўлардим: Ижодкор учун ёзиш — энг катта саодат! Бироқ баъзан бизнинг ҳаммамизда бўладиган ҳол – ёзишни касбга айлантириб оламиз-да, тинимсиз-тинимсиз қоғоз қоралаймиз. Илмда олим учун кўп ишлаш, ҳар куни нимадир қоралаш фойдадан холи эмасдир. Лекин бадиий ижод масаласида буни ҳамиша ҳам тўғри йўл, деб бўлмайди. Чунки бундай ижод муайян вақтни ҳам талаб қилади. Бу вақт мобайнида бадиий асар худди  хомила каби улғайиб етилади. Одатда, ой-куни етилиб туғилган боланинг тўрт-муччаси соғ бўлганидек, илҳом билан ўз вақтида ёзилган шеърнинг ҳам умри узоқ бўлади. Агар уни муддатидан илгари ёзсак, яъни шеърнинг қулоғидан буров солиб тортқилаб дунёга келтирсак, бундай шеърлар дастасидан бунёд бўлган тўпламнинг исми, масалан, “Девор” бўлади. Аммо-лекин тағин бир гапни айтиб қўяй, агар «Девор” Хосият Рустамованинг эмас, балки бошқа бир шоирнинг қаламига мансуб бўлганда эди, бу ўринда мен шубҳасиз, тўплам ҳақида илиқ гаплар айтган бўлардим. Сабаби, Хосият ўзининг “Нажот” шеърий гулдастаси билан ўзига нисбатан мезонни анча баланд қўйиб улгурган эди.

      2006-йилда чиққан китоблар орасида Дилсўз (Носиржон Тошматов) нинг “Саркаш туйғулар” деб номланган тўплами шоирнинг қарийб йигирма йиллик шеърларини қамраб олган. Бироқ тўплам юпқагина, бор-йўғи 110 бетни ташкил этади. Маълумки, ижодкор истеъдоди даражасини ҳажм ҳеч қачон белгилаган эмас. Мен шоирман, ёзувчиман, демакки, ёзишим керак, дея жилд-жилд китоблар нашр эттираётган ҳамкасбларимиз қанча. Дилсўзда энг муҳими, кўпсўзлилик йўқ. У ҳар куни бир нечтадан шеър ясаб ташлашдек касалликка чалинган эмас. Чунки унинг назарида шеър – ўзига хос кайфият меваси, алоҳида фикр ва саркаш туйғулар омухталигидир. Тўпламдаги сўзбоши муаллифи шоир Икром Отамурод шундай ёзади: “Дилсўзнинг битикларида фикр, туйғу, кузатув, хаёл уюшган ҳолда ҳаракат ҳамда ҳолат кўринишида келади… Дилсўз туйғулари теран, фикрлари қурч шоир”.

                                Майсалар-ла сирлашганмисиз,

                                Биласизми уларнинг дардин?

                                Ўроқ қайраб келганида куз

                                Бизга не деб шивирлашларин?

      Якунланиш – ниҳояга етиб келиш олдидаги кўнгилни тушунишга чорлов бор юқоридаги тўрт қатор шеърда.

      2006-йилда қатор чоп этилган тўпламлар орасидан Нодира Афоқованинг “Сўз айвони” ва Жасур Хусановнинг “Ёнимдаги ёлғизгинам”, Шаҳрибонунинг “Лаҳзадаги мангулик”, Зокиржон Мамажоновнинг “Соғинч”, Хуршиданинг “Тажалли”, Ойдиннисонинг “Номсиз”, Гулжамол Раҳмонованинг “Истадим бетакрор бўлишни” каби тўпламларида ўзига хос овозларга, эсда қоладиган кайфият, ташбеҳ ва  истиоралари анчагина учрайди. Чунончи,

                                Истадим бетакрор бўлишни,

                                Ўхшаши йўқ баҳор бўлишни.

                                                                                   (Гулжамол Раҳмонова)

 

                                Қалбида ғам болалаган қиз.

                                                                                   (Жасур Ҳусанов)

                                Бу залвордан эзилди юрак,

                                Юрак – тилсимланган атиргул

                                Дарвозадан чиқсам, тўрт тараф

                                Сенга томон олиб борар йўл.

                                                                                   (Лола Саодатова)

 

                                Гоҳида шохидан айро япроқдек

                                Шамолда учмоқни истайди кўнгил.

                                                                            (Дилсўз)

 

                                Мен сизга талпиниб учиб келяпман,

                                Қуёшни қалбимда қучиб келяпман.

                                                                                   (Умида Абдуазимова)

 

      Бу йилда Она – Ватан ҳақида ҳам талай шеърлар битилди. Қуруқ мадҳ ва баландпарвоз хитоблар билан тўлган чучмал шеърлар қаторида Ватан ҳиссини чиндан-да ўз бағрига жо қилган мисралар ҳам ижод қилинди. Чунончи, Хуршиданинг “Тажалли” номли тўплами “Ватан” номли шеърдан бошланади. Унда шоира Ватансиз “Баҳор гул олиб келса ҳам сезмайсан” дейдики, Ватандан йироқ тушиб, бунинг нафасини озми-кўпми чеккан ҳассос киши борки, бунинг нима эканлигини дарҳол англайди:

                                Сенсиз тупроқларнинг исин сезмасман,

                                Ёмғирлар сасин, қор тусин сезмасман!..

                                Оламни яшнатиб, ифор таратиб,

                                Баҳорлар гул очиб келсин, сезмасман!..

      Бироқ шеърнинг ҳамма бандлари ҳам юқоригидек самимий ва ўзига хос мазмунда жарангламайди. Чунки қуйироқда шоиранинг овози Ватан ҳақида куйлаётган ўзга овозлар қаторига қўшилиб, эътибордан, алоҳидаликдан маҳрум бўлади:

                                Саркорим, сафдошим, сирдошим, Ватан,

                                Бедор ҳисларимдай саркашим, Ватан!

                                Сендан айро юрак умрим бегумон,

                                Жону жаҳонимга  жонбахшим, Ватан!..

Худди шундай шеърлардан бири “Ўзбекистонга” деб номланиб, Салима Умарованинг “Соғинч саҳроси” дейилган тўпламидан жой олган:

                                Юрагимга жосан, жонимсан, балки,

                                Руҳим, иймонимсан, балки.

                                Шарқда қуёш каби порлайвер балқиб,

                                Ногоҳ “дарду оҳ”дан  асрасин ўзи…

      Ватан саждагоҳ, Ватан муқаддас даргоҳ. Уни ҳаммамиз ўзимизча, ўз даражамизча яхши кўрамиз. Бунга шубҳа йўқ. Бироқ Ватан тўғрисида яхши шеър ёзиш учун уни камида Лайли ишқида ёниб куйган Мажнундек севиш, сева билиш зарур. Шундагина бугунги шоирларимизга ҳам Чўлпоннинг қатор оловли шеърлари каби, Ҳамид Олимжоннинг “Ўзбекистон”, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – ватаним маним”, Муҳаммад Юсуфнинг “Улуғимсан, Ватаним” каби онг ва қалбларимизга “жиз” этиб тегадиган, ҳароратли ва тирик шеърлар ёзиш насиб этади.

      Нодира Афоқованинг “Ўзбекистон”, Шаҳрибонунинг “Ватан” шеърларида ҳам шунга яқин ҳаракат кўзга ташланади:

                                Ортга боқса, баҳодир

                                Темурлари бор Ватан,

                                Босган йўлинг асотир,

                                Эртакларга ўхшайди.

                                Менга жондай азизсан.

                                Менга номус-ор Ватан,

                                Битта баргинг узилса,

                                Мингта жоним қақшайди.

                                                                                   (Нодира Афоқова)

      Ёки қуйидаги – Ватан ўзгача оҳангда, ўзгача мазмунда куйланган мисраларга эътибор беринг:

                                Уммонлар бағрида сирлар яширин,

                                Қуёшни кўрмаган қирлар яширин.

                                Нигоҳимга кўчган фалак – кўк тоқим.

                                Кафтимда ўйнайди жилға, шўх оқим.

                                Зарралар аксида кузатдим, Ватан,

                                Тўлқинлар тилида сўз айтдим, Ватан.

                                                                                   (Шаҳрибону)

      Кейинги йилларда, айниқса, баъзи бир ёш шоирларимиз ижодида анчайин бир кайфиятдан ҳам шеър ясашга мойиллик касали урчиб бораётганини афсус билан таъкидламоқчиман. Шунинг учун ҳам бугун шоир кўп, шеър эса ундан ҳам сероб. Лекин уларни мутолаа қилиб, сарагини ажрата бошларкансан, ўнлаб тўпламлар орасидан битта-яримтасигина ғалвирнинг ичида  қолаётганини пайқайсан, киши. Шунда ақлингга илк келган ўй тахминан қуйидаги мазмунда бўлади: ҳа, санъатда ҳамма нарсани истеъдод, фидоийлик ва ижодкор қисматига дохил бўлган дард белгилайди. Яхшиямки, дунёда пул ва мансаб дахл қила олмайдиган шундай мезонлар мавжуд!..

      Истеъдодли шоир Раҳимжон Раҳматнинг 2006-йилда ёзилган шеърларини ўқир эканман, юқоридаги мулоҳазалар хаёлимни банд этиб олди. Чунки у ердаги бош мавзу – ҳаёт ва ўлим мавзуси бўлиб, у шунчалар кўп қирралардан акс эттириладики, гўё шоир бир неча йиллардан бери фақат ва фақат битта йўлда изтироб билан юриб келаётган йўловчидек таассурот қолдиради. Бу йўлнинг  исмини тахминан  ҳаёт ва ўлим оралиғи деб қўйиш мумкин. Шу ўринда унинг ўз аёлига атаб битган, фарёд, фожеа, йиғи ва айни пайтда, улкан инсоннинг мардона руҳи жо бўлган ўнлаб шеърларидан иқтибос келтиргим келади:

                                Ўктамжоним, жон Ўктам

                                Айтгин, қуёш ботмасин.

                                Бағрингга яшир мени,

                                Ўлим олиб  кетмасин.

 

                                Ўктамжоним, жон Ўктам,

                                Сени қандай севаман.

                                Ўлаётиб оғриқмас,

                                Севишимни сезаман.

Ёки бошқа бир шеърини ўқиймиз:

                                Ўктамжоним, малагим,

                                Пешонамни силагин.

                                Бошим ёмон оғрийди,

                                Узоқ умр тилагин.

 

                                Ўктамжоним, малагим,

                                Менга дори ичиргин.

                                Йиллаб касал боқасан,

                                Жоним мени кечиргин.

 

                                Ўктамжоним, малагим,

                                Кел, юзингни силайин.

                                Бағрингга босгин мени,

                                Қучоғингда ўлайин.

      Р. Раҳмат қисмати ва ижоди мисолида шуни таъкидлашни истардимки, чинакам шеър, чинакам санъат асари осонликча қўлга киритилмайди. У ижодкор юраги, соғлиги ва ҳатто ҳаётининг маълум маънодаги қурбонликлари эвазига дунёга келадиган жудаям қимматбаҳо олам! Ҳақиқий санъат асарининг нархи ана шундай қиммат туришини англаган ижодкорки бор, ўйлаб қолади: У Яратгандан ўзига нима тиласин – зўр асарми ё соғлиқ, омонлик?.. Ҳа, ҳақиқий шеър, адабиёт ҳамиша ҳам ана шундай – борлик ва йўқлик оралиғида туғилади, яшайди…

      Яна бу йилда жуда кўп шоирларнинг ҳар-хил мазмун ва даражадаги тўпламлари нашрдан чиқди. Хусусан, Умида Абдуазимованинг «Тикилиб-тикилиб қарайсан», Илҳом Каромнинг “Зардоли Гули”, Мусфира Мунавварованинг “Ота уйи”, Бегали Мўминовнинг “Унутилган муҳаббат”, Узоқбой Исмоиловнинг “Рост дунё”, Бобур Бобомуроднинг “Юрагим”, Майрам Шарапованинг “Саодат буржи”, Бибиражаб Эргашеванинг “Руҳият”, Ҳазрат Эловнинг “Субҳидам”, Ойдиннисонинг “Номсиз”, Жасур Ҳусановнинг “Ёнимдаги ёлғизгинам”, Гулжамол Раҳмонованинг “Истадим бетакрор бўлишни”, Ирода Умарованинг “Баҳор висоли”, Мунаввара Юсупованинг “Муҳаббат йўли”, Зокиржон  Мамажоновнинг “Соғинч”, Марҳабо Собированинг “Настарин чечаги” каби тўпламлари ўтган йилимизнинг турли-туман маънавий-эстетик “таъм”га эга бўлган меваларидан ҳисобланади.     

            2006-йилда болаларнинг севимли шоири Анвар Обиджон катталар учун ёзган шеърларини  жамлаб “Танланган шеърлар” номи остида чоп этди. Айтиш керакки, шоирнинг катталар учун ҳам айтадиган жиддий кечинмалари, дардлари бор! У дунёнинг борлиқ ўйинларини, паст баландини кўриб тўйган кайфиятда ёшларга, ортда келаётган наслга қарата дейди:

                                Ёшлик учқур бир каптар,

                                Ёшлик қадрин бошдан бил.

                                Келса ўнқир чўнқирлар

                                Асабингни тошдан қил.

 

                                Сен яшайсан эрта ҳам,

                                Мен-чи кеча ўлганман.

                                Сенга сирли бу уйни

                                Мен титкилаб бўлганман…

 

      Чоршамънинг “Танланган асарлари”нинг биринчи жилди ҳам эълон қилинди. У ғазаллар, мухаммаслар ва шеърлардан таркиб топган. Айниқса, шоирнинг тирик ва самимий туйғулари акс этган ғазаллари маънавий ташна ўқувчи чанқоғини бир қадар қондиради. Унинг «Бизга баҳор бегонадур борган сари” деб бошланувчи ҳаётий ва фалсафий қамровга кўра ғоят тотли ғазали ажойиб қўшиқ бўлиб, халқ мулкига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмайди.

      Умуман, 2006-йил шеъриятимиз учун қутли, баракали йил бўлгани ва у кейинги қарийб ўн беш-йигирма йиллик истиқлол даври ўзбек адабиётининг бир қисми сифатида тарих мулкидан муносиб жой олгани бор гап.

      Энди ёшларимизнинг худди шу йилдаги шеърияти хирмонига бир назар ташласак.        

      Адабиёт, бу – миллатнинг кўнгли. Шунинг учун ҳам унга шеър ёки роман номи билан ҳар қандай «юк»ни юклаб бўлмайди. Адабиёт у ёки бу юмуш билан банд бўлган халқнинг ўй-хаёллари, орзу умидлари, армон ва  хўрсиниқларининг улкан, яхлит руҳий-маънавий олам — архетипга урилиб, атрофга сочилган акс садосидир, аслида! Шунга кўра ҳар қандай миллатнинг исталган давр адабиётини қўлга олиб, ҳижжалаб ўрганиб чиқиш дегани ўша миллатнинг маълум даврда бошидан, юрагидан кечирганлари билан танишиш, деганидир. Бироқ бунинг битта шарти бор: шу халқ ва шу даврга мансуб шоир (ёки ҳар қандай бошқа санъаткор) ўз қисмати билан, дунёқарашию олган таълим-тарбияси, яшаш тарзи билан шу халққа ва шу халқ яратган давр кайфиятига мансуб бўлмоғи зарур! Яъни Г. Фрейтагнинг  “Ҳар кимнинг қалбида ўз халқининг жажжи қиёфаси яшайди” деган фикрига қўшилмоғимиз учун ўша ҳар ким ҳақиқатан ҳам ўз халқига яқин бўлмоғи, яқин яшамоғи шарт!  Йўқса, шиша қаср  ичига кириб олиб, бутун умрини осойишта ўтказаётган одамнинг қалбидаги халқ қиёфаси кишида шубҳа уйғотади.

      Бугунги ўзбек ёшларининг илғор шеърияти мазмун–моҳиятида ҳам халқимизнинг маънавий бўй-бастига доир айрим қирралар кўзга ташланиб туради. Бироқ  бу қиёфа ҳали биронта ёш шоир ижодида бутун жозибаси билан, яхши-ёмони, оқу қораси  – борлиқ моҳияти билан ўзини кўрсатганича йўқ. Аслида, бу осон иш эмас. Дунё бўйлаб цивилизация бўронлари кучайиб бораётган бугунги кунимиз ва эртамизда бутун бошли халқ қиёфасини ўзининг биргина ижоди бағрига сиғдириш – сингдириш энди янаям мушкул бўлади, чамамда. Аммо умид бор. Ахир бир шоир бўлмаса, шу шоир мансуб бўлган катта бир авлод уддалаши мумкин-ку бу ишни! Ҳа, айнан шундай: ўз халқининг маълум даврдаги муайян қиёфасини шу давр авлоди  чизиб беришга қодир бўлади. Бироқ қиёфанинг тўлиқроқ бўлиши учун бугунги ўзбек назмига, айниқса, ёшлар шеъриятига истаклар соғинасан, киши.

       Аввало, ёшлар шеърияти шаклий жиҳатдан ҳам, мазмун нуқтаи назаридан ҳам ғоят турфаланиб бораётганини таъкидламоқ жоиз. Чунки ижтимоий буюртмалар ва сиёсий тўсиқлар бўлмаган давр адабиётининг хилма хиллик касб этиши табиийдир. Қолаверса, ахборот асрининг тўрлари воситасида бутун дунё яхлит бир санъат объектига айлангани ижодкорнинг мавзу уфқларини ниҳоятда кенгайтириб юборди.

      Чунончи, ёшлар шеъриятида шаҳар мавзусига кўпроқ қўл урила бошланди. Шунга қарамай, у чинакам шаҳар поэзиясига айланганича йўқ.   Ушбу шеъриятда шаҳарга хос белгилар – телефон, трамвай, тўп-тўп чироқлар, ойдин кўчалар деталь сифатида аллақачондан бери қўлланиб келинади. Бироқ чинакам шаҳар руҳини, шаҳар табиатини, шаҳар қалбини «Мана — у!» дея кўрсатиб берадиган бутун бошли шаҳар поэзияси йўқ, ҳисоби. (Адабиётимиз тарихида ушбу тамойил Ойбек ва Асқад Мухтор шеъриятида қисман кузатилади). Ваҳоланки, халқимизнинг катта бир қисми шаҳарда яшайди. Демак, шаҳар халқ қиёфасининг битта ажралмас қисмига айланиб улгурган. Бугунги ёшлар шеъриятини синчковлик билан кузатганимизда шунга ишора этувчи, аммо андак ўзга ракурсдан қаралиб ёзилган талай шеърлар галареясига дуч келамиз: унда  ёш шоир асосан қишлоқдан, пахта далаларию, ялпиз ўсган ариқлар бўйидан шаҳарга катта умидлар билан келиб, аммо шаҳар табиатига кўниколмай, унга сингишолмай, айни пайтда туғилиб ўсган қишлоғига ҳам қайта олмай, оралиқда қолган танг ҳолини чизишга уринади.

                         Мен энди қайтаман, бўлди, етар, бас! 

                        Ҳаловат топмадим  гавжум шаҳардан,

-            деб ёзади Ф. Ҳайит ўз авлоди кўнглидагини жамлагандек “Илинж” тўпламидан жой олган “Қайтиш” шеърида. «Хўш, нега ахир?» – деган савол туғилади. Нега шоир ўзини у ёки бу  касбнинг мутахассиси сифатида шакллантирадиган, болалик орзу-умидларини рўёбга чиқишига реал имконлар тақдим этадиган, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиб етишмоғида кўмаклашадиган макон – шаҳар ва унинг сершовқин кўчаларидан бош олиб кетишга шай турибди?.. Чунки инсоннинг киндик қони тўкилган, ёруғ оламни, онани, одамларни, тоғни, қуёшу ойни… илк бора танитган гўша ҳар қанча ғариб бўлмасин, ночор туюлмасин, барибир кўзига жаннатдек кўринади-да. Шунинг учун ҳам ўша жой шоир учун Ватаннинг бошланиши ва ҳатто айтиш мумкинки, Ватаннинг маркази ҳисобланади. Ҳа, ҳар қандай киши учун ўзи туғилиб, вояга етган гўша унинг ўз Ватани марказидир!.. ХХ аср психологияси, хусусан, Фрейд, Юнг, Фромм, Адлер ва ҳоказо кўплаб психоаналитикларнинг асарларида инсоннинг бундай ўйлов ва хатти-ҳаракатлари тубида ётган майл-интилишларнинг асл сабаблари хўп жозиб тарзда очиб берилган. Шоир-чи, бугунги ўзбек шоири нима дейди бу борада?

 

                                 Шафтолилар пишди боғимда,

                                    Отам териб менга илинди.

                                    Мен шаҳардан кўнгил узмадим,

                                    Қишлоқда кўп ўрним билинди.

 

                                    …Қаҳратон қиш келди боғимга,

                                    Отам менга илинди  ўзин.

                                    Қор ёққан тун уйқуга кетди,

                                    Аммо тонгда очмади кўзин.

 

                                    Ота, дедим хайқириб нолон,

                                    Лек очмади отам кўзини.

                                    Алмаштириб қўйдим шаҳарга

                                    Ҳатто унинг сўнгги сўзини.

                                                                               (М. Сиддиқ. “Ишқ бекати”)

      Қаранг, орзу-ҳаваслар кетидан олис шаҳарларга кетиш шоир учун қандай аламли йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин экан? Ҳа, орзу ортидан узоқ ва машаққатли сафарларга чиққан йўловчи ҳамиша камида шу орзулар салмоғига тенг бўлган қурбонлар беришга маҳкум!.. Тақдирининг шаҳар ва қишлоқ ўртасида муаллақ осилиб қолиши,  жисми ва кўнглининг моддият ва маънавият аро сарсон бўлиши, руҳ, тана ва ақл сарҳадларида дарбадар кезиши, орзу ва имкон, умуман, бу нуқталарнинг барчаси орасидаги  ҚИСМАТ гоҳо ёш шоир ақлию юрагини эзиб турган улкан тошга айланади. Аммо, бошқа жиҳатдан, эзгу нияту ҳаракат билан нафақат шоир, балки умуман, барча санъаткорлар бошидаги ана шунга ўхшаш  азалий муаммоларнинг ҳаммасини бир йўла ҳал қилиб қўйиш ҳам унчалик тўғри бўлмас-ов, дегинг келади. Чунки кўнгилдаги орзу-мақсадлар юксаклиги бир ёндаю иккинчи ёқда тақдир инъом этган имконлар қўлининг калталиги ўртасидаги масофалар юки, алами шоир, ёзувчи, бастакор қалбига ҳақиқий дилўртар изтиробларни солади, уни ўтдан олиб ўтларга ташлайди. Натижада титроқ шеърлар, кўнгилдаги музларни баҳор офтобидек эритиб сел қиладиган куйлар яратилади. Шунинг учун ҳам бугунги ёшлар шеъриятидан катта умидлар қилар эканмиз, билмоғимиз зарурки, истаклар ортида уларга ана шундай чин изтиробларни – ҳаётларини ёқиб, кулини кўкка совуришга қодир оловларни ҳам тилаган бўлиб чиқамиз…

      Бугунги  шоирлар  сафида бир-икки китоб чиқариб ва ҳатто чиқаришга ҳам улгурмай шеърият мухлислари назарларига тушган қатор ёшларни санашимиз мумкин: Адиба Ҳамро, Шаҳрибону, Фахриддин Ҳайит, Зокиржон Мамажонов, Аъзам Обид, Муҳиддин Абдусамад, Муҳаммад Сиддиқ, Нодир Жонузоқ, Насиба Юсупова, Адиба Умарова, Шодмонқул Саломов, Гулчеҳра Беназир, Нафосат Ражабова, Зулхумор, Акмал Икромов, Ойдиннисо, Олима Набизода, Носиржон Жўраев, Жасур Хусанов, Лола Саодатова, Мусаллам Бону, Гулжамол Асқарова, Гулшода Қурбонова, Зумрад, Гулбаҳор Ортиқхужаева, Гўзал Бегим, Дилрабо Мингбоева, Зебо Қутлиева, Шоҳида Мирзаева, Шуҳрат Насимов, Шуҳрат Ориф, Мунира Жўрабек қизи, Зоҳида Умарова, Умид Али, Марҳабо Собирова, Шоди Отамурод, Санобар Меҳмонова, Бегали Мўминов, Хуморбегим, Манзура Шамс, Зокир Худойшукур, Шаҳобиддин Ўрин… Мана шу тарзда рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бизнинг кўзимиз тушишга ҳали улгурмай, аммо амалда ўзларининг жуда яхши илк шеърларини эълон қилиб улгурган укаларимиз, сингилларимиз борлигига ҳам ишонаман. Уларнинг ҳаммасига ижодий баркамоллик тилаган ҳолда, шу давр шеъриятига хос бўлган яна бир қанча умумий хусусиятларга тўхталиб ўтсам.

      Назаримда, бугунги айрим ёшлар шеъриятининг ўзак хусусиятларидан бири — улардаги юкнинг – одам ва олам дардининг енгил тортиб, нисбатан майдалашиб кетганидир! Йўқ, гап мавзуда эмас. Шоир беш юз йил олдин ниманики  куйлаган бўлса, бугун ҳам ўшани тараннум этмоқда: муҳаббат, айрилиқ, висол, адолат, дўстлик, душманлик, она, бола, Ватан, табиат, қахрамонлик, умрнинг бебақолиги, охират қайғуси, буюклар  мадҳи ва ҳоказо мавзулар ҳамма даврларда барча миллат адабиёти ва санъатининг диққат марказида бўлиб келган. Аслида, кунимизга келиб, шеърият тематикаси яна-да кенгайган, дейиш мумкин. Чунки,  масалан, биргина атом бомбасининг ишлаб чиқилиши билан одамзод кўнглига тушган ваҳм ва қўрқув шу мавзуда ёзилган кўплаб асарларни вужудга келтирди. Энди қўл телефони, DVD, комьпютер, интернет ва булар кўрсатаётган “кароматлар” ҳам секин-аста шеъриятнинг “исътемол доираси”га тортилмоқда. Гап бунда ҳам эмас. Менингча, бош гап шоирнинг ўша азалий ва абадий мавзуларга ёндашув принципи ва даражасида бўлса керак! Майдалашув шу ерда! Шоирнинг (умуман, ҳар қандай ижодкорнинг) дунёни, одамни, яхшилик ва ёмонликни, ўз кўнгил оламию ўзгаларнинг босган қадамини… ўлчайдиган қаричи – дунёқараши кичрайиб қолганга ўхшайди. Аксарият шеърларда осмондан кенгроқ кўнгилларни, отнинг калласидан каттароқ (жасоратли!) юракларни учратиш тобора қийинлашиб бораётир…

      Яъни шоирнинг дарди фақат унинг ўз дарди бўлиб қолаяпти: у севадими- куядими, йиғлайдими – куладими, ҳамма-ҳаммаси фақат ўзигагина тегишли бўлган, ўзигагина ажратилган ер майдони – “шахсий ҳовлиси”да қолиб кетаяпти. Шунда беихтиёр ўйлаб қоласан: шеър тобора шахсийлашиб, субъективлашиб бораяпти экан. Бори-йўғи шу. Бундан ташвишга тушишнинг ҳожати бормикан? Ахир дунёнинг ўзи шунга қараб кетмаяптими? Замондош инсон дунёнинг авзойидан, яшаш шартларидан, товар алмашиш натижаларидан келиб чиқиб, ўзини ўзи чор деворнинг ичига қамаб олиб, оламдан, одамлардан узоқлашишга интилмаяптими? Бунинг оқибатида эса, бегоналашув муаммоси келиб чиқмаяптими? Ахир, бу муаммоларни биринчи бўлиб ўша Маркс ХIХ асрдаёқ инсоният олдига кўндаланг қўймаганмиди? Капитализм алал-оқибатда инсоннинг ўз-ўзидан бегоналашувига олиб боради, демаганми ва бу ғояни Эрих Фром ривожлантириб, унинг сарагини саракка, пучагини пучакка айириб, инсон нафақат ўзидан, айни чоғда ўзи яшаётган жамиятдан, оиласидан, яқинларидан… жамики эзгуликдан ҳам узоқлашиб бораётгани сабабларини тушунтиришга ҳаракат қилмаганмиди?.. Бас, шундай экан, бугуннинг ёш шоирлари ижодидаги кайфият ана шу умумкайфиятнинг битта кўриниши, улар осмондан олиб эмас, балки борини борича ёзаяпти, холос, деб ўзимизни тинчлантирсак бўладими? Хўп, бу кайфият бир томонда турсин, иккинчи томонда бошқа гап бор: адабиёту санъатга  ёппасига балои азимдек ёғилган эътиборсизлик, беписандлик ҳукмрон бўлган куни-кеча М. Юсуф, М. Тоир, С. Саййид, И. Мирзо каби шоирлар одамларга шеър ўқита билди-ку! «Ҳеч ким китоб ўқимаяпти, ҳамма ўзи билан ўзи овора, одамларга битта китобдан бир бурда нон афзал бўпқолди!” деган пайтларда ҳам уларнинг назм тўпламлари ўн минглаб нусхада чоп этилиб қўлма-қўл бўлди-ку! Биргина М. Юсуф “Сайланма”сининг тўрт марта кетма-кет нашр этилганига нима дейсиз? Хўш, бунинг сири, сабаби қаерда экан?..

      Менинг камтарона кузатишларим шуни кўрсатмоқдаки, юрагида ўз халқининг жажжи қиёфасини кўтариб юришга қодир шоир шеърга солинаётган ўз дардининг бир учидан ирмоқ очиб, кўпнинг умумдардига — умумдарёга қўшиб қўймоғи лозим кўринади. Аслида, бу иш атайин қилиши керак эмас. Чунки у ҳолда сунъийлик деган адабиёт учун энг хавфли вирус урчиб кетади. Умумдарёга очилган ирмоқ ўз-ўзидан – шоирнинг табиатидан, фикрлашидан, юрагининг ҳар уришидан туғилиб келмоғи зарур. Ахир, унинг қалбида ўз халқининг қиёфаси яшайди, дедик. Ҳамма гап шу ерда!..

     Айрим ёшларимиз шеъриятидаги «фазилат»лардан яна бири – ўқимаслик касалининг шеър юзига тепиб чиққан заъфаронлиги, заифлиги, мадорсизлигидир. Албатта, бу ўринда “Мана сизга далил-исбот!» дея улар шеърларидан  иқтибос келтиришни лозим топмадик. Чунки бу нарса умумий манзарада сезилиб-билиниб тургани боис, қўлимизни бигиз қилиб, «Ана - у!” дейишдан ўзимизни тийдик. Умуман, бугун бир-бировини ўқийдиган шоирлар  кўпмикан ўзи? Назаримда, ёш ижодкорларнинг кўпчилигида ўзига – ўз асарларига маҳлиёлик бор. Бундайин иллатдан қутулишнинг йўли эса – мутолаа. Тенгдошлару салафлар, Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий каби ўнлаб классикларимизу чет эл адиблари асарларини тинимсиз-тинимсиз ўқиш билан, умумий савиясини ошириш билан, ўз даврининг, миллатдошларининг дардига қалб қулоғини солиш билан, сўнг шу савиядан туриб кўнгилни бўшатиш — ёзиш билангина бугунги ёш шоир ўзбек адабиёти деган муқаддас оламда ўз ўрнига эга бўлиши мумкин. Ҳолбуки, бугун айрим ёшларимиз шеъриятини кузатганимизда, жуда яхши эгалланган шеър техникаси ёнида ночор ва ғариб дунёқарашни, узоққа бормайдиган,  жўн, ҳашаки фалсафани кўрамиз. Инчунун, ёш шоирлар одатда 30-35 ёшгача ёзганлари билан ўқувчи ва адабий жамоатчиликда умид уйғотади-ю сўнг она манбадаги давомсизлик туфайли манзил – дарёга етиб келмасдан йўлдаёқ тупроқ бағрига сингиб, изсиз йўқолган ирмоқ сингари кўздан ғойиб бўладилар. Хўш, нега? Нима учун? Қаёққа кетади ёш ижодкорларнинг катта бир қисми… 30-35 ёшдан кейин?..

     Сирасини  айтганда, 30-35 ёшгача  ёзиш осон. Ҳамма гап кейин ҳам ёза билишда. Чунки ёшликда инсон – эркакдир аёлдир – одатда, жисмонан соғлом, маънан ва руҳан тетик, захаланмаган, соф бўлади. Тоза ва ёш юрак!  Бу —  лирика, адабиёт ва санъат тошиб-қайнаб турадиган зилол булоқ-ку! Гарчи бу ёшдаги киши шеър ёзмаса ҳам, қилаётган иши деҳқончилик ё мухандислик бўлса ҳам, барибир, унинг кўнглида ўзига хос кўтаринкилик, баландпарвозлик, романтикага мойиллик яшайди. Саналган ушбу хусуслар эса санъату адабиёт парвоз этадиган трамплиндир. Кейин-чи? Кейин нима юз беради? Кейин ҳамма нарса юз беради ёки ҳеч нима содир бўлмайди… Қизиқ, бу  нима дегани?.. Ёш шоирнинг ёши улғайган сайин мутахассис сифатидаги, эр ёки хотин, ота ёки она сифатидаги вазифалари кўпаяди. Орзуларининг аксарияти орзулигича қолади, айримлари эса ҳаётга тадбиқ этилиб адо бўлади… Буларнинг ҳаммаси санъаткор онгию кўнглига қаттиқ таъсир этиб, ундаги тирик туйғуларга дахл қилади. Шунда шоирнинг ёши улғайса-да, ёзган шеърларининг сифати ортмайди. Мадомики, у шеър ёзишдан бошқа ишга ярамаса, мажбуран ёзади, аммо ёзганлари унга шуҳрат ва олқиш келтирмайди. Аксинча, ҳиссиз, тафтсиз ва дардсиз тизмалар шоирнинг умри давомида мисқоллаб, мисрама мисра тўплаган обрўсини қисқа муддат ичида сувга ағдариб соб қилади. Бас, шундай экан, шеър – юракдан юракка электр токидек улашиб таъсир этадиган санъат асари ёзилмаган вақтларда ижодкорнинг сукут сақлаши улкан савобдир, дея дунёни тўлдириб ҳайқиргиси келади кишининг. Ҳатто ундан нари: буюк қахрамонликдир! Шунинг учун ҳам юқорида ўттиз-қирқ чоғли ёш шоирларнинг номлари зикр этилган бўлишига қарамай, улардан қай бирларига катта адабиёт даргоҳига етиб келиш қисмати насиб этишини ҳозирча аниқ билмаймиз. Аммо эртага — 30-35 ёшдан  кейин санъаткор, олим, ёзувчи ва шоир… ўз ҳаёти давомида нималарга, қандай синовларга рўбарў келишини умумий манзараларда бўлса ҳам тасаввур этиш қийин эмас. Тассаввурда аниқлашган нарса шуки, ёш шоир (ва умуман, ҳар қандай санъаткор, олим) ни эртага қорин ғами, обрў, мартаба, бойлик орттириш, бола-чақа ташвиши исканжага олади. Санжоблар тушови кўпинча шу даражада оғирлашиб кетадики, оқибатда у (шоир, олим, ёзувчи, бастакор, рассом…) кўнгилдан воз кечиб яшашга, унга эътибор бермай, ҳамма қатори тирикчилик ташвишларига енгилиб кетишни истаб қолади. Ва шу ерда фожеа юз беради — ижодкор фожеаси: масалан, шоир энди истаса ҳам яхши шеърлар ёза олмайди. Бу – қисмат, аччиқ ва аламли қисмат!..

      Ҳа, яхши шеър, яхши адабиёт катта йўқотишлару қурбонлар эвазига қўлга киритилишини унутмаслигимиз керак. Эл қатори сара еб, турли-туман кийиб, бола-чақаларнинг орзу ҳавасларини рўёбга чиқариб ҳам яхши асар ёзаман, дейиш жудаям қийин эканлигини санъаткор, аввало, ўз иссиқ танасига ўйлаб кўрмоғи зарур! Чунки аслида, унга керакмикан бундай қурбонлик? Эҳтимол, яқинлари фароғатию ширин-шакар ўғил-қизларининг бахту иқболи ҳар қандай адабиётдан афзалроқдир унинг учун…

      Ёшлар шеъриятида шеърдан шеърга ўсиб–ривожланиб, узлуксиз давом этиб бораётган яхлит, улкан мавзу ҳам кўзга кам ташланади. Масалан, бундай мавзу Чўлпонда Истиқлол ғояси эди, Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовда она-Ватан мадҳи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Давронда ижтимоий адолат туйғуси, Рауф Парфию замондошларимиз Ҳалима Аҳмедова ва Зебо Мирзода оғриқ тўла, изтироб тўла севги, кўнгил дарди! Албатта, муҳаббат – ёшлар шеъриятининг ҳам бош мавзуси. Фақат уларда муҳаббат дарди ривожлантирилмайди, аксинча, ишқий шеърларнинг ҳар бири ўзича мустақил  мазмун-моҳиятга, шаклу шамойилга эгалиги билан ажралиб турадики, киши хаёлида бундай шеърлар умрларга татигулик улкан севгининг эмас, балки ёз ёмғиридек қисқа муддатда “келиб кетган” кўнгил ўйинларининг замзамаси ва хотираси эмасмикан, деган иштибоҳ туғилади. Худди шундай, бошқа мавзудаги шеърларда ҳам мазмун тадрижи кўзга ташланмайди. Узлуксизлик, узвийлик йўқ. “Хўш, унда ёшлар нима ҳақда кўпроқ ёзади?” – деган ҳақли савол туғилади. Жавоб: ёшлар ўзларини жудаям қаттиқ севишади. Айримлари ҳатто ёридан, онасидан ва Ватанидан ҳам кўра кўпроқ ўзларини яхши кўради, десак муболаға бўлмас! Шунинг учун ҳам улар асосан ўзлари ҳақида ёзишади – ўз кўнгилларининг турли хил кайфиятларини изҳор этишади. Албатта, шеър авваламбор кўнгилнинг, “Мен”нинг таржимаси бўлиши зарурлигини қабул этамиз. Аммо бунинг битта шарти бор: бу мен, бу кўнгил таржима қилинишга арзийдиган даражада баландда бўлмоғи лозим. Шоирнинг “Мен”ига, кўнглига ўзга бировнинг, онанинг, миллатнинг, Ватаннинг, қолаверса, она замину бутун башариятнинг ҳам тақдири сиғмоғи, унга синггиб кетган бўлмоғи зарур. “Бу иддаолар нотўғри! Менинг ижодимда она ҳақида ўнта шеър бор!” деб эътироз билдириш мумкин. Тўғри, бўлиши мумкин. Аммо она тўғрисидаги шеърингизнинг саноғи мингтага етган тақдирда ҳам у ерда бош қахрамон она эмас, сизнинг ўзингиз бўлгандан кейин, онангиз қалби бадиий кашф этилмагандан кейин, азиз шоирим, тизмаларингизнинг баҳоси бўлакча бўлади-да!.. Азага борган ўз дардини айтиб йиғлар экан. Эслайман: отаси ўлган бир қиз “Энди мен нима қиламан, кимга эркаланаман, кимдан ёрдам сўрайман?” деб фарёд чекканди. Назаримда, бу нола қирчиллама ёшида жумонмарг кетган ота ҳақида эмас, балки шу одамсиз эртанги ҳаётини тасаввур қилолмаётган қизнинг ўз дарди ҳақида эди. Баъзи бир ёшларнинг машқлари кўпгина жиҳатлари билан менга ўша қизнинг оҳ-воҳларини ёдга солади. Онаси вафот этган қуйидаги шоирнинг фиғонлари эса ўзгача эшитилади: “Ахир орзу қочиб кетмас, Битказар-ку тириклар. Онажоним, бир кунини ўтказар-ку тириклар” (А. Орипов). Яъни шоир ўғил эрта кетган онаси учун куйяпти, ўзи учун эмас. Унинг бутун нолалари онасига бағишланган, нафақат нолалари, балки ҳамма нарсасини — номи, шони, борингки, бутун ҳаётини онасининг пойларига пойандоздек ташлаяпти:

Пайти келиб тўлар бир кун

Паймона ҳам беомон.

Кузатарлар мени ҳам сўнг

Сенга томон, сен томон.

Балки у кун бошим узра

Дўстлар ҳам бош эгадир.

Ўша дамги иқболим ҳам

Онажоним, сенгадир.

Дилда неки журъатим бор,

Дилда неки ҳаяжон.

Бари, бари сенга бўлсин,

Сенга бўлсин, онажон.

Сенга бўлсин бор ҳаётим,

Номим, шоним бир йўла…

       Албаттаки, ҳар қандай шоирдан катта санъаткор олдига қўйиладиган талабларни исташ ноўрин. Лекин, барибир, ҳар қандай шоир ана шу омол (идеал) га интилмоғи шарт!  Нафсиламрини айтганда, мана шундай омолнинг идрок қилинмагани бугунги айрим ёшлар шеъриятида тушкун кайфиятни юзага келтираётган факторлардан биридир.

      Аммо шукрки, ҳамма ёшларнинг шеърлари ҳам ундай эмас. Ёруғ хаёл, кучли истаклар билан кўнглимизда умид уйғотаётган мисралар барибир ёзилмоқдаки, эҳтимол, айнан шу учқунлар келажакда халқимизнинг бадиий тафаккур қўлидаги улкан маёқларга айланар… Мана, ўқиб кўринг:

                             Биз севган баҳорлар келди азизам,

                             Кетдик, ариқлардан ялпиз терамиз.

                             Майсалар лабидан шабнам сипқориб,

                             Жажжи капалакка дилни берамиз.

                                                                    (М. Шамс)

Ёки

                             Минг бор Гулбаҳор, деб чақирсалар ҳам

                             Бир бор ГУЛБАҲОРга айланолмадим”.

                                                           (Г. Ортиқхўжаева)

Ёки

                             “Наҳот никоҳланган нигоҳларимиз?..”

                                                           (З. Мамажонов)

Ёки

                             “Юрагимда осмон яшайди,

                             Ташвишларсиз осон яшайди”.

                                                           (Шаҳрибону)

      Бунинг каби “йилт” этиб, шеърга ташна қалбларимизга олам-олам завқ бағишловчи мисралар қолган ёш шоирларда ҳам топилади. Чунончи, бугунги умидли шоираларимиздан бири Ойдиннисонинг «Номсиз” деб номланган тўпламида шундай шеър бор:

                              Тоғдек ҳасратимни қучоқлаб

                             Орқалаб зил изтиробимни

                             Охири ўзимни ўзим ардоқлаб

                             Олганча ўзимнинг ёнимни

                             Ҳаммангизни ташлаб кетмоқчи эдим

                             Топилмади ҳеч ким.

      Яъни шоира кўнгли дўстлардан, ёрдан, атроф-муҳитдан, қўйингки,  ҳамма-ҳаммадан хафа бўлиб, уларни ташлаб қаёққадир бош олиб кетишга қарор қилади. Лекин яхшилаб ўйлаб қараса, атрофида ташлаб кетиладиган одамнинг ўзи йўқ экан!.. Ҳеч ким бундай “сийлов”га муносиб эмас экан… Аммо бу шеърдан чиқадиган мазмун дудама пичоқнинг дамига ўхшайди: дарҳақиқат, ҳаётида арзийдиган киши бўлмаса, шоир кимни ташлаб кетади?..  Шоира ўқувчига шу маънони ўтказмоқчи бўлади. Аммо унинг ўзи ҳам (эҳтимол!) англаб етмаган ўзга маъно шеърнинг зимнида яшириниб ётади: у қандай яшади, нега яшадики, ташлаб кетиш учун ҳаётида ақалли биронта одам топилмаса?!.. Иккиёқламалик. Фожеанинг кучига қаранг!  Нақ иккита қаноти бор-а!.. Таъбир жоиз эса айтай: шоира кўнглидаги ана шу икки қанот ёрдамида ҳали ўз ботинининг узоқ-узоқ буржларига сафар қилиши мумкин. Фақат битта нарсани соғинаман унга: у ўша ерда қолиб кетмасин, аксинча, ўз жузъий оламидан бир дарича очсину куллий олам билан мулоқотга киришсин! Назаримда, катта ва жиддий адабиётнинг хусусиятларидан бири айни шудир.

           Ёш шоирлар шеър техникасини яхши эгаллаган, деб ёздим юқорида. Бу – табиий. Чунки шеър илми вақтлар, даврлар ўтган сайин авлоддан авлодга сайқал топиб боради. Шунинг учун ҳам бугунги ёш шоирга қайси вазнда қандай ёзиш кераклигини, оч қофиядан тўқ қофиянинг афзаллиги нимадан иборат эканлигини тушунтиришга уринаман, десангиз, кулгили ҳолга тушиб қоласиз. Ёшлар оқ шеърда ҳам, модерн оҳангларда ҳам бинойидек ижод қилишмоқда. Анъанавий шеър техникасини бўлса, сув қилиб ичиб юборишган. (Аруз истисно!)  Чунки улар бадиий мушоҳада эркинлигига эгадирлар. Худди мана шу эркинлик ёш шоирларга ўзидан аввалги  салафлар назмини “сипқориш” ва “ҳазм қилиш” имкониятини бермоқда. Ўйлашимча, уларнинг ижодкор сифатидаги омадларидан бири шу имконларда мужассам. Иккинчи томондаги имкон – ҳар кимнинг ўз шахсий ҳаёти, бошидан ўтказган яхши-ёмон кунларию кейинги йилларда мамлакат ва бутун дунё миқёсида юз берган эврилишлар синтези… Шоир юраги ана шу имконларга, одамлар қалбига, олам қалбига ланг очилган эшикдек бўлмоғи лозимки, руҳий-маънавий  мулоқотлар пировардида пишиб, сайқалланиб борсин, сўнг эса даврлар оша яшайдиган, авлоддан авлодга хабар бериб толмайдиган, эскириб оҳори тушмайдиган, эстетик ва бадиий қийматини йўқотмайдиган асарлар ёзилгуси, дея умид қиласан, киши. Биноийдек бўлиш кўпчиликнинг қўлидан келади, эплай олсангиз, Навоийдек бўлишга ҳаракат қилинг!

ШЕЪРИЯТНИНГ БУЮК ЙЎЛЧИСИ

Шеъриятнинг буюк йўлчиси

(Улуғ шоир Рауф Парфи ижодига бир назар)

    ХХ аср ўзбек шеърияти чинданам юксак санъат ва жасорат намунасидир. Чўлпону Ойбек, Ғафур Ғулому Усмон Носир, Эркин Воҳидову Абдулла Орипов, Шавкат Рахмону Усмон Азим, Хуршид Даврону Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиеваю Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзаеваю Хосият Рустамова ва ҳоказо яна ўнлаб мана шундай шоирлари бор адабиёт қандай қилиб елка қисиб туриши мумкин? Албатта Ҳамид Олимжону Асқад Мухторнинг ўз йўли бўлганидек, Омон Матчону Баҳром Рўзимуҳаммаднинг, Абдували Қутбиддину Азиз Саиднинг, Эшқобил Шукуру Асқар Маҳкамнинг, Фахриёру Раҳимжон Раҳматнинг ҳам ўз шеърий дунёқараши мавжуд. Улар қаердадир бир бирларига ўхшаб кетиши мумкин, лекин моҳият-эътибори билан бирови бошқасидан яққол ажралиб-фарқланиб туради. Шу маънода ҳақиқий шеърият мухлиси ўқувчи сифатида, ўзбек поэзияси тадқиқотчиси олим сифатида омадлидирлар. Ана шундай шоирлар қахкашонида тағин битта шоир борки, санъаткорлигу ҳақпарастликда, жафокашлигу фидойиликда ҳар ким ҳам у билан басма бас келолмайди. Унинг учун шоирлик ТИРИКЧИЛИК ЭМАС, ТИРИКЛИК, Борлик ва Йўқлик, Аввал ва Охирдир!

 

		Шеърият ибтидо, шеърият охир...

деб ёзади шоир сўнгги шеърларидан бирида.

Шеърга,Сўзга, Илҳомга мубтало бўлиб, уларга сиғинарчасига яшаб, нафақат ўзининг, балки яқин-ялангларию бола-чақаси, қавму қариндошию ёр- биродарлари юрак-бағрини бир умр тилкалаб ўтган шоир ё бошқа санъаткор маданиятимиз тарихида унчалик ҳам кўп бўлмаган. Шуларни ўйлаганда хаёлимга негадир “лоп” этиб бир пайтнинг ўзида ҳам шоҳ, ҳам девона Машраб келади. Кейин… кейин хаёлим унда – Рауф Парфида тўхтайди… Садағангиз кетай, гапларим эриш туюлмасин. Эҳтимол, сиз шоирни ҳаётда мендан кўра кўпроқ билишингиз, у билан шаҳарнинг турли қаҳвахонасию ошхоналарида пайдар пай улфатчилик қилиб, шоирнинг кўнгил сирларидан, шахсий ҳаётидан мўлроқ хабардор бўлган бўлишингиз мумкин. Ҳатто орангизда шоир билан бирга, бир хонада яшаб, унинг инсон сифатидаги бутун қудрату ожизликларини кўп бор синаганлар ҳам бордир. Лекин барибир, Рауф Парфи деган шоирдан, унинг энг теран, энг нозик, энг муқаддас кўнгил розларидан, гўзал ва оғриқли орзу умидларидан ҳиссий маълумот бергувчи энг зўр, энг ишончли сирдош бу — унинг ўлмас шеърларидир! Чунки шоир ғоят самимий инсон эди. Шахсий ҳаётининг эътиборли жиҳатларини, ўзигагина эмас, ўзгага ҳам қизиқарли бўлиши мумкин бўлган пичоққа илингулик неки қирраси бор, — магарки, улар аввало, шоир қалбидан ўтган, уни ларзага солган эса, — ҳамма ҳаммасини сўзга ишониб топширгувчи эди:

                              
	    Мени таъқиб қилар шоир деган ном,                                    
            Чиқмаган шеъримга садақа олдим.                             
            Асло тарк этмади қурмағур Илҳом,                             
            Неки ундан ўтди, Худога солдим...                             

Мана энди Рауф Парфи уни яқиндан таниган кишиларга ҳам яна да таниш, яна да тушунарли туюлган бўлса ажаб эмас. Чунки шоирни бутун умр Илҳом, Сўз, Шеър,Ҳақпарастлик, Гўзаллик… таъқиб этди ва уни ўз ҳолига қўймади: шахсий ҳаётини, кундалик турмушини, бир эркак, бир ота, бир инсон сифатидаги фароғатини маҳв этди. Лекин шоир — бу дунёдаги энг ҳассос, энг тез яраланувчи қалб эгаси бўлган санъаткор – ўзи йўқотган неъматларга ҳамиша эҳтиёж сезиб яшади ва уларни ўзгалардан қидириб чирпанди. Бунга муқобил равишда шоирни Сўз таъқиб қилишдан чарчамади. Натижада Рауф Парфининг шахсий ҳаётида топиш-топишиш билан топилганни тинимсиз йўқотиш алмашиб келаверди:

          Сўз мени  таъқиб қилар
          Чирқиратиб ўйиб кўксимни...

								 

Шоир кўксини чирқиратиб ўйган сўз баъзида унинг бошини силайди, руҳини иситади:

          Сўзнинг гулханида руҳим исинди...                  

								 

Яхшилик ва ёмонлик, вафо ва жафо… Рауф Парфи ҳаётида навбатма навбат келиб турганидек, Сўзнинг завқи ва жабри ҳам тахминан шунга яқин бўлган: у гоҳ ҳеч тузалмайдиган ярага айланиб, шоирга чексиз азоб берган:

          ...Сўнгги Унут сўзин дарёси оқар,                                 

          Ундан-да сўрайман, Шеърият надир?!                       
          Лаззатга ғарқ ботиб, кунга қарайман                      
          Ҳеч тузалмас Яра, у Сўздир ахир...                     

								 

Эҳтимол, яқин йигирма ўттиз йил берисида ҳеч қайси шоир сўзга бунчалар аҳамият бермагандир, ҳаёти мазмунини, тириклиги маънисини Илоҳий каломга боғлаб, уни шунчалар илҳақлик билан кутмагандир, ниҳоятида ўзини унга – Сўзга лойиқ топмай, адоқсиз қийноқлар исканжасида адолар бўлмагандир:

						
	  Улар Ким?! Мен Сўзни севдим. Мен – хароб,
          Лойиқманми Сўзга, билмадим, нетай?..                      
          Ҳорғин йўловчиман, манзил-да сароб.                       
          Итдек изғидим мен. Мен энди кетай.                        
          Деворга бошимни уриб бўзладим,                      
          Аллоҳга сиғиниб, бўзлаб сўзладим…                      

Сўзга, ёрга, майга, санъатга, ҳақпарастликка… мана шу янглиғ мубталолик бора бора кишини дунёнинг ғалвали икир чикирларидан, ҳеч қачон тугамайдиган битмайдиган ғийбату фитналаридан, оғриқларидан, озорли юмушларидан, борингки, дунёнинг ўзидан ҳам совутиб олади. Кўнгил ва Дунё ўртасига ўтиб бўлмас девор тиклайди, кечиб бўлмас чоҳ қазийди. Дарҳақиқат, ёр васлига зор ошиқнинг бутун фикру ёди ёр дийдорида бўлиши баробарида бундан бошқа ҳамма нарсалар унинг учун ҳаромдир. Не ажабки, Рауф Парфи деб аталмиш шоир сиймосида юқорида саналганларнинг барчаси жамулжам бўлгандек: у ҳам сўзга санъатга, ҳам май ва ёрга, ҳам Оллоҳга ошиқ эди. Менингча, айнан шу сабабдан ҳам нозик қалбли шоиримизнинг юрагига қўл билан ушлаш мумкин бўлган Дунёнинг ялтироқ матоҳини барпо қилиш сиғмагандир. Эҳтимол, шунинг учун ҳам донғи дунёга кетган машҳур шоир бўлишига қарамай, ўз шахсий ҳаёти, кундалик турмуши устида жиддийроқ бош қотиришга ҳам ҳоли келмагандир. Ахир, биргина ёрга ё санъатга ошиқликнинг нима эканини биз оз-моз биламиз, лекин буларнинг ҳаммаси бир жойга – бир инсон қалбига тўплансалар, бунинг нима ва қандай куч эканини ҳеч қурса тасаввур этишимиз мумкинми? Ватан ишқи, ҳақиқат ташналиги, ёр савдоси, санъат ва сўзга муҳаббат… буларнинг барчаси Рауф Парфи бир умр ўз шеърларида тараннум этиб келган ўзак ва муқаддас мавзуларким, шоир феномени моҳиятини ҳам шу ердан қидирмоқ жоиз. Эҳтимол, мавзуларнинг ҳаммаси шоирнинг биргина Оллоҳга бўлган муҳаббати – ягона ишқининг турли туман тажаллисидир. Ахир, Яратганнинг хислати ҳамма жойда ва ҳар кимда акс этиши ҳақидаги гап кечаги асрнинг олифта назарияси эмас, балки инсоният ақлу ҳушини топиб, ўз қисмати устида фикр юрита бошлагандан буён мавжуд ва шу кунгача ҳеч бир дин, ҳеч бир ҳалқ инкор этмаган ҳақиқат ку!

Рауф Парфи шеъриятини такрор такрор ўқиб, шунга амин бўламанки, шоир ҳуда-беҳуда нарсалар тўғрисида иложи борича ёзмасликка ҳаракат қилган. У шундай мавзуларни қаламга олганки, чуқурроқ мушоҳада этилса, аксарияти одамнинг инсонлик тарафига дахлдор бўлиб, руҳоний маърифатни уйғотишга қаратилгандир. Шунда бирдан “лоп” этиб бир фикр хаёлингизни чулғаб олади: атрофингизни куну тун ўраб турган ва ҳамиша мулоқотда бўлиб юрганингиз одамлар ҳали фақат одамлар экан ҳамда бунга сизнинг ўзингиз ҳам дохил экансиз. Шоир эса одамларнинг одамлигича қолиб кетишини истамайди. Уларнинг инсон даражасига ўсиб чиқишини, инсон бўлишини жуда катта куч билан хоҳлайди, шунга эҳтиёж туяди. Шунинг учун ҳам очиқ кўзлар билан ухлаб юрган одамларга ўз шеърларидан камон ясаб, ўқ-найза отади, токи уйғониш ҳодисаси содир бўлсин, одам Инсонга айлансин!

		
           Инсонлик фитрати уйғонгунча то                                           
           Ич, ҳақнинг қонини юҳо жомида.                               
           Чорасиз Ҳақиқат, ул илоҳий нур,                              
           Абад қолиб кетмас ваҳшат домида!                              

										 

Худо одамни одам қилиб яратди. Унинг фитратига инсонлик уруғини сепди ва шу ерда ишни якунлади. Бундан буёғи эса аввало, ота онага, жамиятга ва ниҳоят, одамнинг ўзига ҳавола этилди. Ота она, жамият ва одамнинг саъй ҳаракатлари билан одам Инсонга айланиши мумкин. Буни ғарбда илмий истилоҳ билан индивид ва шахс деб аташади. Ҳар қандай одам индивид, лекин ҳар қандай индивид шахс эмас, дейди улар.

Демак, одамийзод ҳали ўз орзусига эришгани йўқ. Ҳали унинг онгли, улғайган ҳаёти энди-энди бошланиб келаётир. Буни тушуниб етиш ва ҳар бир одам (индивид) Буюк Уйғонишга аввало, ўзини ўзи уйғотиб, кейин ўзгаларнинг уйғонишига ёрдам бериб ўз ҳиссасини қўшмоғи жудаям муҳим. Зеро, шоирнинг ўзи ҳам сизга, менга, унга – ҳаммамизга умид билан мурожаат қилади:

            Қачон уйғонадир халоскор Даҳо?                                          
            Бир жаҳон қуёшга чулғаниб келур!..                             
					 

Бундай халаскор Даҳо бизнинг ҳар биримиз бағримизда ухлаб ётган бўлиши мумкин. Келинг, азиз ўқувчим, унга эътибор берайлик, у – бир уруғдирким, сиз билан биз шу уруғнинг ўсиб чиқиши учун ақлимиз, кўнглимиз ва ҳаёт тарзимиз иқлимини муносиб этайлик. Зотан, миллатнинг, инсониятнинг уйғоқлиги Сиз, Мен ва Унинг уйғонишидан бошланади… Ҳар қандай ибтидо интиҳони, ҳар қандай туғилиш ўлимни тақозо қилади. Одамзод буни яхши билади, билгани боис ҳам улар орасидан тийрак ақлга, ўткир қалб кўзига эга бўлганлари Бошланиш ва Якунланиш оралиғини муносиб босиб ўтишга интилади. Мазкур интилиш эса Инсон зиммасига қатор Вазифаларни юклайди. Рауф Парфи ўз чекига тушган Вазифани бутун масъулиятию шарафи билан идрок этган том маънодаги Жасоратли Шоир эди. Ҳайбаракаллачилик авж олган, адабиёт-санъат олқиш ва мақтовлар майдонига айлантирилган бир пайтда Рауф Парфи Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матчон каби шоирлар билан бир сафда туриб, 60 – йилларда шеъриятга Улкан Мунгни олиб кирди, санъат орқали одамларга овоз чиқариб йиғлаш, қайғу ва дардни ошкора яшаб ўтиш имконини қайтариб берди. Ва энг муҳими, Чўлпон жуда гўзал пардаларда бошлаб берган ХХ аср ўзбек шеъриятини Рауф Парфи юксак санъат нуқтаи назаридан энг баланд чўққиларга олиб чиқди… Худди шундан кейин ўзлигини англаб етган Шоир ўз зиммасига Тарих юклаган, Кишилик жамияти юклаган, Бурч ва Виждон юклаган, Ижтимоий сиёсий маданий Вазият юклаган, Миллий ғурур юклаган, борингки, бутун Инсоният тақдири учун қайғуриш Ҳисси юклаган Улкан Вазифани шараф-ла адо этиб бўлгач, умр ва курашлар адоғида бутун борлиғида тиклаб бўлмас бир ҳорғинликни, бўшлиқни ҳис этади ва… ва унинг миясида, вужудида, юрагида… ўлим соғинчи пайдо бўлади: «Улуғ Тангрим, сени аччиқ соғиндим…” Бу курашлар майдонини, оғриқлар, азоблар бағри – бебақо дунёни ташлаб қочиш эмас, асло! Балки, бу – ўз қисмати чегараларини вақтида нозик илғаган Фаросатли Улуғ Инсоннинг ўзга ўлчамли оламга Жасорат билан талпинишидир:

 

	 Улуғ Тангрим, сени аччиқ соғиндим…								 

                                    

2006 й

ХХ АСР ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИДА ПОЭТИК ОБРАЗ ВА УНИНГ ТАДРИЖИ

ХХ аср ўзбек шеъриятида поэтик образ ва унинг тадрижи

 

Бадиий адабиётда образнинг тутган ўрни жуда муҳим ҳисобланади. Образга юкланган миссиясига қараб, санъат асарининг салмоғини чамалаш мумкин. Шоир ижод йўлида маълум бир юқори даражаларга эришгандан сўнг, у дунёни шунчаки эмоционал – эмпирик тарзда қабул қилиш билан қаноатланмайди, балки асосий бадиий ғояларини образнинг зиммасига юклай бошлайди. Шунга кўра ҳар қандай шоирнинг шеърий меросини сувдан кўтариб кўрганимизда, элакда гўзал поэтик санъатлардан ҳам олдин кўзга «ярқ» этиб ташланадиган элемент бу образдир. Сирасини айтганда, яратган образларнинг салмоғи, характери ва яна шунинг каби кўплаб хусусиятларини чамалаш асносида ижодкорнинг дунёни бадиий – эстетик идрок қилиш табиатини тушуниш мумкин. Ушбу хусусиятларини баҳолаш натижасида эса шоирнинг адабиётдаги ўрни, ижодининг моҳияти, янгилиги ва ўзига хослиги тўғрисида сўз юритилади.

Образ жуда кенг тушунча. У олам – объектив борлиқ ва ижодкор – субъектив борлиқнинг ўзаро «тўқнашуви»дан пайдо бўлади. Образ – бу воқеликдан кўчирилган калка – нусха эмас. Унда ижодкорнинг индивидуал ёндашуви акс этади. Агар мана шу ёндашув бўлмаганда эди, бадиий адабиётдаги образ тушунчаси ўзининг кўп қатламли моҳиятини йўқотган бўларди. Чунки айнан образга юкланган индивидуаллик алал-оқибатда унинг жозибасини оширади, яъни образни турли-туман нуқтаи назардан туриб баҳолаш, талқин этиш имконини беради.

Образнинг кучи, жозибаси яна шундаки, у шоир ифодаламоқчи бўлган фикр, ҳис-туйғу ва кечинмани маъно жиҳатидан товлантириб беради. Яъни ўз кайфиятини айниқса, рамзий образ орқали акс эттирган шоир шу нарсага эришадики, энди уни ҳар ўқувчи ўзига таниш манзараларда тушунади. У яратган образлар мухлислар қалбида янгидан инкишоф этилади. Шу маънода ҳар бир ўқувчининг юрагида ўз «Гўзал»и, (Чўлпон), ўз «Наъматаг»и (Ойбек) ва ўз «Тилла балиқча»си яшайди. Демак, шоир образ орқали фикрлай бошлаганда фикрини охиригача айтмайди. Чунки бу ишни ўқувчининг ўзи бажаради. Шу тарзда санъатнинг, шеъриятнинг эстетик таъсир майдони кенгайиб боради.

60-йиллар охири ва 70-йилларга келиб давр яна ўзгаришга юз бурди. Чунки Сталин вафотидан сўнг мамлакатда кўз очган илиқлик кайфияти секин-аста ўз мевасини бера бошлаганди. Натижада поэтик образнинг зиммасига юкланадиган бадиий юк ҳам янгиланди. Дастлаб рус адабиётида ниш урган эркин тафаккурнинг куртаклари ўзбек шоирларининг шеърларида ҳам кўрина бошлади. Шоир ўз эътиборини социалистик қурилишларнинг дабдабасидан олиб, кўнгилга қаратди, ўзини ўзи тафтиш эта бошлади. Инсоннинг бахти ва бахтсизлиги ҳақида ўйлади. Р. Парфи, А. Орипов, Э. Воҳидов каби шоирларнинг шеърларидаги энг яшовчан образлар (масалан, Р. Парфида «Бир қушча деразам ёнида» шеъридаги қушча образи) ана шу зайилда дунёга келди. 70-йилларнинг ўрталаридан бошлаб эса тағин бир янги авлод шеъриятида ўзгача поэтик образлар кезиб қолди: бу ердаги лирик қаҳрамонлар жамиятни ва инсонни тузатишга астойдил бел боғлаган адолатпарвар, ватанпарварлар образлари бўлиб майдонга чиқдилар. Бу ҳолни Ш. Раҳмон, Х. Даврон, У. Азим каби шоирларнинг шеърлари мисолида кузатиш мумкин.

								
	              Жоним-жигаримсан,
                      Сен-да одамсан,          
                      Лоақал кўзингда бир ёш кўрсайдим,          
                      Лоақал қовушиб қолган қўлингда          
                      Ёвларга аталган бир тош кўрсайдим.           
                                                  (Ш. Рахмон)                                         

																						   

Шеърнинг 1983 йилда, яъни юртимиз ҳали истиқлолга эришмаган бир тарихий паллада ёзилганини эсласак, масаланинг моҳияти теранроқ англашилади. Шеърда ватан учун куйиб ёнаётган образ мавжуд. Бу образ миллатпарвар, ватанпарвар, озодлик йўлида жонини беришга тайёр қаҳрамон бўлиб гавдаланади.

								
	              Бўлиниб боряпман минг бир бўлакка,
                      Хотирам йўқликка қоришиб кетди.
                      Селдай оқиб кетди кўксимдан юрак,          
                      Фақат хаёл тошдай қотди  бошимда.          

                      Чинорнинг тагида бўлиниб ётибман,          
                      Шунда бир сўз баргдай лабимга қўнар:          
                      «Ватан» дейман, такрор айтамен «Ватан»…          
                      Бирлаша бошлайди юрак, ақл, тан…           
                                                   (У. Азим).                                       

																						   

Ҳаёт сўқмоқларида бўлиниб бораётган инсонни тиклашга, унинг парчаларини қайта бирлаштиришга қодир ягона куч – шоир назарида – Ватандир. Мана шу тарзда У. Азим, Х. Даврон ва Ш. Рахмонлар шеъриятида Ватан бир улкан поэтик образ сифатида бўй кўрсатади. Бу образ шеърга кўчиб яшайди ва такомиллашади.

Ҳар бир тарихий давр ўзининг муаммолари билан яшайди. Бундай яшаш давр кайфиятини белгилайди ҳамда айни кайфиятни ўзида мужассам этади, уни акс эттиради. Демак, шеъриятдаги образлар ҳам ўз-ўзидан шу давр кайфиятининг ўзига хос моделлари сифатида дунёга келади. Биз поэтик образ моҳиятига кириб борар эканмиз, ўз-ўзидан мазкур образни яратган давр кайфияти билан ҳам танишиб борамиз. Яна ҳар бир давр муайян поэтик образнинг табиатидан ўзига яқин ва таниш бўлган нималарнидир топиб олади. Бу эса образнинг умрбоқийлигини таъмин этадиган омиллардан саналади. Кўринадики, образ бу — умумлашма макет. У шундай бир трамплинки, у ердан ўқувчи ўз имконига – маънавий эстетик тайёргарлигига қараб, истаган томонига учиб кетиши мумкин. (Албатта, образнинг моҳияти ва табиати берган имкон доирасида).

Шеъриятда (умуман, санъат соҳасида) яратилган образлар моҳиятини тадқиқ этиш шоир (санъаткор)нинг воқелик билан муносабатига ойдинлик киритади. В. Хализев образнинг икки хилини ажратади: англам феномени сифатидаги образ ва тасаввурнинг ҳиссий (кўриш ва эшитиш воситасида) гавдаланиши орқали ҳосил бўлувчи образ . А. Потебня эса «Фикр ва тил» номли тадқиқотида образни «тасаввурнинг қайта ишланиши» деб атайди. В. Хализев айни «образ»ни санъат назарияси учун энг ўринли эканини қайд этади. Албатта, образ турли хил бўлади: унинг илмий-илюстратив, фактик ва бадиий кўринишлари ҳақида кўп ёзилган. Шулардан бадиий образ айрим ҳолларда ўйлаб топилган бўлиши ҳам мумкин. Унинг айнан ўхшаши – эквиваленти реал ҳаётда бўлиши шарт эмас. Аммо бу — бадиий образ ҳаётдан тамоман узилган бўлиши мумкин, дегани эмас. Ҳар қанча ўйлаб топилган бўлмасин, ўзининг моҳият-эътибори билан кишилик турмушининг, унинг кўнглининг қайси бир ҳолатларини инъикоси сифатида дунёга келгани боис, бундай образлар ҳам ҳаёт билан чамбарчас боғланган саналади. Ҳатто бадиий образнинг моҳияти романтик бўлса ҳам, барибир, у инсониятнинг ҳаёл ва орзуларини акс эттирганига кўра реал заминга эга ҳисобланади.

Кейинги вақтларда образ тушунчасида муайян ўзгаришлар юз бергани тўғрисида ёзиляпти. Чунончи, семиотика фанининг асосий тушунчаси – белги айрим ўринларда образга тенг маънода қўллана бошлангани ҳақида илмий қарашлари илгари сурилмоқда. Лекин чуқурроқ мушоҳада этилса, белги образ зиммасига юкланган вазифани тўла-тўкис бажара олмаслиги аён бўлади. «Белги образ деган анъанавий тушунчани бекор қилмади, лекин унга ўзга – янаям кенг маъно контекстини бағишлади» деб ёзади Е. Хализев. Ушбу назарий фикрни инкор қилмаган ҳолда, айтиш жоизки, белги образга элтувчи йўлдаги кўрсаткич ишораларидир. Образ ана шундай белгиларнинг муайян мақсад сари йўналтирилган тизимига тенг. Бу дегани шуки, белги ҳар доим ҳам образга тенг эмас. Айрим ҳоллардагина муайян белги образ даражасига чиқиши мумкин. Аслида образ белгига нисбатан анча кенг ва салмоқли тушунча. Мана шунинг учун ҳам шоир яратган образлар мазмун-моҳиятини текшириш орқали унинг бутун ижоди моҳиятини англаш мумкин бўлади. Унинг ижодида белгилар жуда кўп учраши мумкин, бироқ ҳақиқий образларнинг бутун бошли галареясига дуч келиш қийинроқ. Кўринадики, ХХ аср ўзбек шеърияти тонг отарида миллат, юрт озодлиги учун, унинг маърифатли бўлиши учун жонини ҳам тикишга тайёр қаҳрамон образи мавжуд эди (Чўлпон, Фитрат шеърларида). Кейин эса бу образ истар-истамас улкан империянинг соц. қурилишларига тортилиб кетди.(У. Носир, Ҳ. Олимжон, Ғайратий, Ғ. Ғулом ва қисман Ойбек шеъриятида). Иккинчи жаҳон уруши йилларида бўлса, у «қўлингга қурол ол» мурожаатига амал қилиб, фашистларга қарши курашга сафарбар этилди. Урушдан кейин ва то 60-йилларнинг ўрталарига қадар эса шеъриятдаги образ гўё нафас олмай қўйди. Унинг бор-йўқлиги билинмай қолди. Чунки таъкидланганидек, ҳар бир давр образга муайян ғоявий, бадиий, эстетик ва маънавий юк юклайди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, урушдан кейинги 15-20 йиллик муддат мамлакатимизнинг сиёсий-иқтисодий тарихига тикланиш деган ном остида кирган бўлса ҳам маънавий ҳаётимизда чинакам турғунлик даври бўлди. Бу эса адабиётга ўз таъсирини ўтказмай қўймади. Чунки образ муаллиф ва ташқи дунё ўртасидаги ўзига хос алоқа воситасидир. Образ объектив борлиқ ва шоир – субъект ўртасида барпо этилган энг ишончли кўприк. Ҳассос ўқувчи бу кўприк орқали бир вақтнинг ўзида ҳам шоирнинг бадиий эстетик оламига, ҳам у яшаган даврнинг ғоявий-маънавий сарҳадларига саёҳат қилиши мумкин. Шундай экан, образ бу – объект – реал борлиқ билан субъект – муаллиф учрашган лаҳзада ўртада пайдо бўлган жамики мулоқотларнинг онг ва қалбдаги сувратларига тенг. Бундай образ ҳар бир ижодкор учун унинг ўзигагина тегишли мулоқот саналади.

Поэтик образ ўз-ўзича яшамайди. У бадиий ғоя ва кўпдан кўп бадиий деталлар билан биргаликда муайян узилмас халқани ташкил этади. Айни чоғда таъкидлаб айтиш жоизки, баъзи ҳолларда бадиий образ маълум бир шеърни тутиб турган бадиий компонентларнинг зуҳуроти – ягона суврати тарзида ҳам намоён бўлиши мумкин.

Шоир поэтик образ орқали тушунча, фикр ва қарашлар макетини яратиши мумкин. Бундай макет ўзининг ички мазмунига кўра универсал бўлади. Шу маънодаки, у ўқувчининг дунёқараши, адабий тайёргарлиги, мақсади ва бошқасига қараб туриб турли-туман талқинлар эшигини очиб бораверади. Бас, шундай экан, ишонч билан айтиш мумкин: ижодкорлар бадиий образ орқали фикрлай бошлаши унинг чинакам санъат оламига қадам қўйганидан далолат беради.

Демак, 60-йилларнинг ўрталаригача давом этган маънавий турғунликдан сўнг ўзбек шеъриятида янги саҳифа очилди. Чунки бу ишни янгиланган поэтик тафаккурнинг меваси – янги образ адо этган эди. 60- ва 70-йилларнинг аввалида шеърият майдонига кириб келган поэтик образ аввалгилардан яққол ажралиб турарди. У ўз ватанини, ўз она тилини, ўз мунис халқини, унинг қадриятларини жон дилидан севишини айтишдан чўчимайдиган қаҳрамон эди. У ўз нигоҳини улкан империянинг соц.қурилишларидан, дабдабасидан олиб, ўзининг ва ёнидаги инсоннинг кўнглига қаратганди. Кўнгилни куйлади, унинг дардларини тараннум этишни шеъриятнинг бош омоли деб билди. 70- ва 80-йилларда эса шеъриятда яна бир образ пайдо бўлди. У муросасиз чиқди. Унинг адолатпарварлиги ва ватанпарварлиги 60-йиллар авлодиникидан ўтиб тушди. Уларнинг уринишлари ижтимоий дардни ўзининг, шоирнинг дардига айлантирган Чўлпоннинг чирпанишларини ёдга соларди. Яъни бу авлодда ҳам худди Чўлпону Фитратда бўлгани каби шоирлик ва фуқаролик бурчлари бирлашиб, айнилашиб кетди. Натижада шеъриятда жанговар, адолатпарвар, ватанпарвар, элпарвар қахрамоннинг поэтик образи дунёга келди. Бу нарса маълум маънода ижтимоий публицистикани, яланғоч ғояпарастликни ҳам юзага чиқарди.

90-йилларга келиб, яъни юртимиз истиқлолга муяссар бўлгандан кейин эса шеърият зиммасидаги айрим ижтимоий буюртмалардан холос бўлиб, назмнинг азалий тамойилларига юз бурди. Демак, ҳар қандай давр шеъриятини олиб ўрганиб чиқсак, шу нарсанинг шоҳиди бўламизки, унинг ўзига хос услуби, ифода йўсини, оҳанги, ғоялари тагзаминида ўз даврининг сиёсий-тарихий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-руҳоний эврилишлари ётади. Бу эврилишлар шоир ижодида бетакрор поэтик образларда акс эттирилсагина шеърнинг замонлар синовидан ўтишига умид қилинади.

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар