Қидириш

Кутубхона

Facebook

ШЕЪР — БОРЛИК ВА ЙЎҚЛИК ОРАСИ

Шеър — борлик ва йўқлик ораси

(ёки дарёсини топган ва топмаган ирмоқлар)

 

           Сўнгги йиллар ўзбек шеърияти, таъбир жоиз бўлса, кейинги қарийб 15-20 йил мобайнида  яратилиб келинаётган, Истиқлол даври адабиёти деб аталаётган улкан адабий дарёнинг битта ирмоғидир. Шунга кўра кейинги қатор йилларда ёзилган шеърлар ўз мазмун-моҳиятию шаклу шамойили жиҳатидан мазкур давр адабиётига жудаям хосдир. Демак, биз парча ҳақида баҳс юритар эканмиз, ўз-ўзидан бутун тўғрисида ҳам суҳбатлашган бўлиб чиқамиз. Ёки аксинча, бутун бошли давр назмининг мазмун-моҳиятини синчиклаб текширганимиз сайин унинг ҳар бир йиллари қатига кириб борган бўламиз. Шунинг учун ушбу мўъжаз тадқиқотимизда баъзан хусусийликдан умумийликка қараб юрсак, баъзан бутундан парчага томон хулоса назарини ташлаймизки, ҳар икки ҳолда ҳам  мақсад – Истиқлол даври ўзбек шеърияти моҳиятини англаш бўлади. Шунга кўра, келинг, аввало мазкур даврга хос умумий хусусиятлар тўғрисида бироз фикрлашсак.

      Давр чинданам мураккаб. Унинг моҳиятини бир-икки оғиз гап билан тушунтириб бўлмайди. Лекин адабиётни тушуниш ёрдамида бу ишни уддалаш мумкин. Яъни назмнинг асосий белгиларини санаб ўтиш орқали даврни ҳис қилишга чоғланамиз.

      Биз яшаётган даврнинг бадиий адабиётга бевосита алоқадор биринчи белгиси шуки, у мафкуравий тазйиқ ўтказишдан йироқ. Умуман олганда, жамиятда бунга эҳтиёж сезилмайди. Бинобарин, драматургиямиз, насримиз ва назмимиз зиммасига “Эркинлик” деб аталган Улкан Омад Қушининг келиб қўнганига анча бўлди. Бу, албатта, адабиёту санъатимиз учун мислсиз уфқ, тенги йўқ имкон! Бироқ айни шу имкониятнинг залворли юкини кўтарганлар бор, кўтара олмаганлар бор. Натижада озод бўлгани билан айрим шоирларимизнинг ёзган шеърларини диққат билан кузатганимизда бадиий тафаккурдаги силжишларнинг ўтган асрнинг ўша машҳур 60 ва 70-йилларникидан кўп-да узоққа кетолмаганини кўраб-сезиб қоламиз. Ўзгариш, ўсиш албатта бор. Буни инкор этиб бўлмайди. Гап бунда эмас, балки ўсиб-ўзгаришнинг даражаси ва салмоғидадир. Агар масалага шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, дадил айтиш мумкинки, кейинги қарийб 20 йил мобайнида мамлакатда юз берган сиёсий-тарихий, иқтисодий-маданий, маънавий-руҳий маънодаги оламшумул ўзгаришлар олдида шоирнинг оламни бадиий-эстетик қабул қилишдаги ўсиши анча ғариб туюлади. Чунки жамиятда ва инсонни ташқи ҳаётида юз берган ўша сиёсий-ижтимоий эврилишлар моҳиятига ҳамоҳанг мазмун ва шакл замондош шоирнинг ичкарисида – ботинида пишиб, ўзининг бутун бўй-басти билан тўлиқ намоён бўлганича йўқ. Аммо таскинимиз шундаки,  ўзбек шеърияти айни шу йўлда дадил ҳаракатланиб бораяпти.

      Бугун шеър ёзиш ҳам осон, ҳам қийин. Осонлиги – шеър ёзиш техникаси болаларга мактаб партасидаёқ ўргатилмоқда. Қолаверса, шоирни аруз каби ҳам синайдиган, ҳам савайдиган инжиқ вазнни айланиб ўтса бўлади. Устига –устак, ҳар қандай бошқа вазнни истаганча турлаш ва туслаш мумкин бўлиб қолди. Ҳатто “Эркин аруз” деган жанрий белгилашлар кўзга чалиниб турибди. “Булар — шоирнинг менлиги, ўзига хослиги” деган ақидани қўлига қалам олган  ҳаваскорки бор, ёқтириб, ўзига  дастурул-амал қилиб олганки, бу ҳам ижодкор эркига эрк қўшгандек: у нимани қандай хоҳласа, шундай ёзмоқда… Шунинг учун бугун шеър ёзган кўп, шеърга ўхшаш тизмалар кўп, аммо чинакам шоиру чин шеър барибир унчалик сероб эмас. Беихтиёр ёдларга унутилмас Озод ака Шарафиддиновнинг  машҳур “Шеър кўп, аммо шоирчи?..” деган мақоласи тушади…

      Шеър ёзишнинг қийинлиги – бугунги давр – ахборот замони инсонни ўз юрагидан кўчага ҳайдаб чиқара бошлади. Чунки техникалар шовқини, компютерлар сеҳри, муносабатлар тиғизлиги, ахборот шиддати, умуман, буларнинг барчаси тагзаминидаги шахсий манфат, оламшумул имконлар замондош кишининг ақлу ҳушини ўғирлаб қўйди. Унинг ўз кўнглида қолиб истиқомат қилишига, Усмон Носир айтмоқчи “юракни таржима қилиб яшаш”ига монеълик қилмоқда. Шунинг учун ҳам, менингча, бугунги шароитда замонамизнинг, техника ва ахборот асримизнинг ана шундай дилўғирловчи жозибали шовқинини енгиб ўтиб, ўз юрагига саёҳат қила олган ва ўзга юракларга жиз этиб таъсир этадиган тўрт қатор шеър ёзган, ёза олган киши – шоирни мен ҳеч иккиланмасдан замонамиз қаҳрамони деган бўлардим. Нега? Чунки жиддий шеър, умуман, жиддий адабиёт одамнинг инсонлик тарафининг меваси ва у ўқувчида айнан шу томонни тарбия қилади. Бундай ишга бош қўшган ижодкорки бор, ўз муқаддас вазифасини тўғри англабди, деганидир.

      Кейинги қатор йиллар мобайнида ёзилаётган шеърларни кузатиб, уларни мазмун-моҳиятини англашга, ҳис қилишга уриниб келаман. Бундай ҳаракатларнинг меваси ўлароқ беш-олтита илмий мақолалар ҳам эълон қилдим. Жараён асносида эса гоҳи-гоҳи бир исёнкор ҳис юрагимни қамраб олади-да: “Булар орасида катта шоирлар, юксак парвозли шеърлар йўқ ҳисоби, нега сен ҳар доим уларнинг йўлига кўз тикиб ўтирасан, баъзан алҳамдуга ҳам ярамайдиган битиклар ўчоғини титиб, пуфлайсан, гўё бу уринишинг билан ўти ўчган, кулдан оловга айланишга қодир бир чўғ қидирасан. Қидирасану беҳуда уринасан…” дейди. Айни пайтда иккинчи ярмим бошқача оқловларни рўкач қилади: бугун давр бошқа, муносабатлар бошқа ва улар симобдек титраб, ўйноқлаб турибди, ижодкор унинг бир хил, доимий, ўзгармас лиқосини тополмай чирпиняпти. Ҳамма гап шунда… Яна ёндашувдаги муносабат даражасида ҳам. Кузатишимча, барча замонларда ҳам шоирлар деярли бир хил мавзуларни куйлаб ўтишган. Бир хил мавзуларда куйлашгану, наволари ҳар-хил қабул қилинган.  Йўқса, нега бир шоир муҳаббат тўғрисида шеър айтса, кўнглинг айнийдию, бошқасининг ўқиган шеъри худди жазирама иссиқда ичилган бир пиёла муздек  булоқ сувидек юрагингга роҳат бағишлайди?..

      Шундай қилиб, ҳар йили ўзбек шеърияти китоблар ҳисобида лоф бўлмаса юзтага кўпаймоқда. Бироқ сон ҳар доим ҳам сифатни белгилаган эмас. Шунга кўра биз йўналишни, шеър сифатини, ўқувчи бадиий дидини, савиясини кўтаришга хизмат қиладиган шеърлар томон олишга имкон қадар уриндик. Бу йил нашрдан чиққан қатор китобларнинг орасида “Сайланма”, “Танланган шеърлар,” Танланган асарлар” тариқасида тақдим этилганлари ҳам талайгина.

      Истеъдодли шоира Х,Худойбердиеванинг “Йўлларим” деб номланган янги китоби ана шундай сара шеърлар шодасидан тузилган. Таниқли шоир Саъдулла Ҳакимнинг  “Кўнгил юзи” номли китоби ҳам  кирилл ҳам лотин алифбосида босилган. Унга кирган аксар шеърлар ўзининг ҳикматона мағзи билан, содда ифодаси билан, шарқона мантиқ-хулосаси билан ажралиб туради. Яна у кутилмаган ёндашуви билан, аччиқ кинояси билан ҳам шеърхон эътиборини тортади:

                                                  Дўст бизни сотибди.

                                                  Шод этди бу ҳол,

                                                  Дилдан кўтарилди гард ғуборимиз.

                                                  Бозорда ўтмайин ётар қанча мол,

                                                  Минг шукр, бор экан харидоримиз.

       Шу ўринда барчанинг эътиборини бир назарий муаммога қаратмоқчиман. «Шеърда ҳикмат бор”, деган гап бугун айтилган эмас. Бироқ шеър асосан ҳикмат устига қурилган бўлса-чи? Унда ҳам шеър бўладими? Умуман, шарқ адабиётида, назмида ҳикмат жуда катта ўрин тутиши сир эмас. ХХ аср ўзбек шеърияти Ғ.Ғулом, А.Орипов, Э.Воҳидов, О.Матжон, Х.Худойбердиева ва 70-йиллар авлод айримларининг талай шеърлари шеър шаклидаги ҳикматлардир, аслида. Ўқувчи уларни айнан ана шу ҳикматлар боис ёқтириб  ёдлаб, давраларда ёддан айтиб завқланади. Тарихга назар ташласангиз ҳам бунинг тасдиғини топасиз. Бутун бошли мумтоз адабиётимиз – Яссавий, Лутфий, Атоий, Навоий, Бобур, Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Нодира, Увайсий… ҳаммасининг назмида шарқона донишмандлик, ўлмас ҳикматлар яшайди. Ўз шоиримизга айланиб кетган Умар Хайём-чи? У энг улуғ донишмандлардан бири эмасми? Умар Хайёмни дунё ёд айтади, ўқиб завқланади. Хўш, бу нимадан далолат? Ҳикматларга муҳаббатдан эмасми?..

      Кўринадики, ҳикмат шеърнинг ажралмас узвидир. Инчунун, биз «Асло, шеър – ҳикмат эмас, у — бутунлай бошқа нарса!” дея иддао қилсак, ҳеч шубҳа йўқки, юқорида саналган минг йиллик шеърий тарихни – классикани инкор этган бўламиз. “Ҳа, шеър ҳикматдир!” деган қарашни қабул этсак, бугун ёзилган шеърлар табиатидаги бошқачаликни кўриб ўйланиб қоламиз. Эшитинг, қашқадарёлик ёш шоира Зуҳро «Мовий ифор” тўпламида қандай ёзади:

                                                  Эрталабдан у одам

                                                  Тинмай қорни курайди,

                                                  Баҳорга йўл топмоқчи.

      Албатта, у ёки бу муносабат билан тўрт мучаси бут ҳолда тузилган ҳар қандай гапда даражаси ва мазмунидан қатъи назар бирон фикр бўлади. Фикр эса ўз ўрнида муайян ҳикмат парчаларини бағрига яшириб туради. Юқоридаги учликда ҳам шундай. У ҳикматдан бутунлай ҳоли эмас, йўқ! Бироқ биринчи планда тасвир бор. Шеърни ўқиганингиз ҳамона кўз олдингизда эрталабдан чиқиб олиб тинмай қор кураётган одам келади. Ҳа, бу ерда тасвир етакчи ва шеърнинг кучи ана шу тасвир этилган эпизодни ёритиб турган шоирнинг нуқтаи назарида. Сахармардондан тинимсиз қор кураётган одам қисматига юклаган маъно-мазмунида. Яъни бу ўринда ҳикмат тасвирнинг ўзида – унинг жон-томирида қондек ҳаракатланиб турибди. Қаранг, шеърни ўзимча таҳлил этаяпман-у, ундан чиқаётган кайфият – маъни қаршисида ўйланиб қолаяпман: шарқ кишисининг ботинида – жуда ичкарида, баъзан ҳатто сўз ҳам кириб боролмайдиган теранликларда ҳикматга бўлган ўлмас бир  майл – эҳтиёж яшайди, шекилли. Шунинг учун шарқ шеърияти томирларида донишмандлик, ҳикмат оқиб ётади. Агар шоир ҳикматга яқин келмаган бўлса, уни танимаган эса, таҳлилчи – адабиётчи уни топишга уринади. Эҳтимол, бу яхшидир, эҳтимол ёмон, гап бу ҳақида эмас. Гап бизнинг – шарқ кишисининг, шарқ шоирининг табиатида, ўзига хослигида. У ёғини сўрасангиз, нафақат шарқ, балки ғарб, умуман, бутун дунёда инсон ҳаёти ҳақидаги гўзал ҳикматларга шайдолик бор. Йўқса, шарқона ҳикматлар асосига қурилган Пауло Коэльонинг романлари ер юзида бунчалар қўлма-қўл бўлмасди.

      2006 йилда “Девор” деб аталган китоб эълон қилинди. Хосият Рустамова ўзбек шеъриятида Нодира, Увайсий, Зулфия, Ҳалима Худойбердиева, Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзодек аёл шоиралар каби ўз йўлини  – ўз шеърий дунёсини яратиб келаётган катта ижодкор. Аммо “Девор” тўпламидаги шеърлар аввалги, масалан, “Нажот”даги шеърларга қиёсан бир қадар ҳароратсиз чиққандек таассурот қолдирди менда. Тўғри, “Девор”да ҳам маҳоратли шоиранинг даражасини  таъкидлаб турадиган ўхшатишлар, истиоралар, маъжозлар анчагина. Ўқувчини  мувозанатдан чиқаришга қодир шеърлар ҳам мавжуд. Лекин бундай фазилатларнинг борлигига қарамай, «Девор” тўпламида шоир олдинга эмас, балки бир қадам орқага кетган, деб ўйладим. Хўш, нега? Ўзимча сабабини қуйидагича изоҳлаган бўлардим: Ижодкор учун ёзиш — энг катта саодат! Бироқ баъзан бизнинг ҳаммамизда бўладиган ҳол – ёзишни касбга айлантириб оламиз-да, тинимсиз-тинимсиз қоғоз қоралаймиз. Илмда олим учун кўп ишлаш, ҳар куни нимадир қоралаш фойдадан холи эмасдир. Лекин бадиий ижод масаласида буни ҳамиша ҳам тўғри йўл, деб бўлмайди. Чунки бундай ижод муайян вақтни ҳам талаб қилади. Бу вақт мобайнида бадиий асар худди  хомила каби улғайиб етилади. Одатда, ой-куни етилиб туғилган боланинг тўрт-муччаси соғ бўлганидек, илҳом билан ўз вақтида ёзилган шеърнинг ҳам умри узоқ бўлади. Агар уни муддатидан илгари ёзсак, яъни шеърнинг қулоғидан буров солиб тортқилаб дунёга келтирсак, бундай шеърлар дастасидан бунёд бўлган тўпламнинг исми, масалан, “Девор” бўлади. Аммо-лекин тағин бир гапни айтиб қўяй, агар «Девор” Хосият Рустамованинг эмас, балки бошқа бир шоирнинг қаламига мансуб бўлганда эди, бу ўринда мен шубҳасиз, тўплам ҳақида илиқ гаплар айтган бўлардим. Сабаби, Хосият ўзининг “Нажот” шеърий гулдастаси билан ўзига нисбатан мезонни анча баланд қўйиб улгурган эди.

      2006-йилда чиққан китоблар орасида Дилсўз (Носиржон Тошматов) нинг “Саркаш туйғулар” деб номланган тўплами шоирнинг қарийб йигирма йиллик шеърларини қамраб олган. Бироқ тўплам юпқагина, бор-йўғи 110 бетни ташкил этади. Маълумки, ижодкор истеъдоди даражасини ҳажм ҳеч қачон белгилаган эмас. Мен шоирман, ёзувчиман, демакки, ёзишим керак, дея жилд-жилд китоблар нашр эттираётган ҳамкасбларимиз қанча. Дилсўзда энг муҳими, кўпсўзлилик йўқ. У ҳар куни бир нечтадан шеър ясаб ташлашдек касалликка чалинган эмас. Чунки унинг назарида шеър – ўзига хос кайфият меваси, алоҳида фикр ва саркаш туйғулар омухталигидир. Тўпламдаги сўзбоши муаллифи шоир Икром Отамурод шундай ёзади: “Дилсўзнинг битикларида фикр, туйғу, кузатув, хаёл уюшган ҳолда ҳаракат ҳамда ҳолат кўринишида келади… Дилсўз туйғулари теран, фикрлари қурч шоир”.

                                Майсалар-ла сирлашганмисиз,

                                Биласизми уларнинг дардин?

                                Ўроқ қайраб келганида куз

                                Бизга не деб шивирлашларин?

      Якунланиш – ниҳояга етиб келиш олдидаги кўнгилни тушунишга чорлов бор юқоридаги тўрт қатор шеърда.

      2006-йилда қатор чоп этилган тўпламлар орасидан Нодира Афоқованинг “Сўз айвони” ва Жасур Хусановнинг “Ёнимдаги ёлғизгинам”, Шаҳрибонунинг “Лаҳзадаги мангулик”, Зокиржон Мамажоновнинг “Соғинч”, Хуршиданинг “Тажалли”, Ойдиннисонинг “Номсиз”, Гулжамол Раҳмонованинг “Истадим бетакрор бўлишни” каби тўпламларида ўзига хос овозларга, эсда қоладиган кайфият, ташбеҳ ва  истиоралари анчагина учрайди. Чунончи,

                                Истадим бетакрор бўлишни,

                                Ўхшаши йўқ баҳор бўлишни.

                                                                                   (Гулжамол Раҳмонова)

 

                                Қалбида ғам болалаган қиз.

                                                                                   (Жасур Ҳусанов)

                                Бу залвордан эзилди юрак,

                                Юрак – тилсимланган атиргул

                                Дарвозадан чиқсам, тўрт тараф

                                Сенга томон олиб борар йўл.

                                                                                   (Лола Саодатова)

 

                                Гоҳида шохидан айро япроқдек

                                Шамолда учмоқни истайди кўнгил.

                                                                            (Дилсўз)

 

                                Мен сизга талпиниб учиб келяпман,

                                Қуёшни қалбимда қучиб келяпман.

                                                                                   (Умида Абдуазимова)

 

      Бу йилда Она – Ватан ҳақида ҳам талай шеърлар битилди. Қуруқ мадҳ ва баландпарвоз хитоблар билан тўлган чучмал шеърлар қаторида Ватан ҳиссини чиндан-да ўз бағрига жо қилган мисралар ҳам ижод қилинди. Чунончи, Хуршиданинг “Тажалли” номли тўплами “Ватан” номли шеърдан бошланади. Унда шоира Ватансиз “Баҳор гул олиб келса ҳам сезмайсан” дейдики, Ватандан йироқ тушиб, бунинг нафасини озми-кўпми чеккан ҳассос киши борки, бунинг нима эканлигини дарҳол англайди:

                                Сенсиз тупроқларнинг исин сезмасман,

                                Ёмғирлар сасин, қор тусин сезмасман!..

                                Оламни яшнатиб, ифор таратиб,

                                Баҳорлар гул очиб келсин, сезмасман!..

      Бироқ шеърнинг ҳамма бандлари ҳам юқоригидек самимий ва ўзига хос мазмунда жарангламайди. Чунки қуйироқда шоиранинг овози Ватан ҳақида куйлаётган ўзга овозлар қаторига қўшилиб, эътибордан, алоҳидаликдан маҳрум бўлади:

                                Саркорим, сафдошим, сирдошим, Ватан,

                                Бедор ҳисларимдай саркашим, Ватан!

                                Сендан айро юрак умрим бегумон,

                                Жону жаҳонимга  жонбахшим, Ватан!..

Худди шундай шеърлардан бири “Ўзбекистонга” деб номланиб, Салима Умарованинг “Соғинч саҳроси” дейилган тўпламидан жой олган:

                                Юрагимга жосан, жонимсан, балки,

                                Руҳим, иймонимсан, балки.

                                Шарқда қуёш каби порлайвер балқиб,

                                Ногоҳ “дарду оҳ”дан  асрасин ўзи…

      Ватан саждагоҳ, Ватан муқаддас даргоҳ. Уни ҳаммамиз ўзимизча, ўз даражамизча яхши кўрамиз. Бунга шубҳа йўқ. Бироқ Ватан тўғрисида яхши шеър ёзиш учун уни камида Лайли ишқида ёниб куйган Мажнундек севиш, сева билиш зарур. Шундагина бугунги шоирларимизга ҳам Чўлпоннинг қатор оловли шеърлари каби, Ҳамид Олимжоннинг “Ўзбекистон”, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – ватаним маним”, Муҳаммад Юсуфнинг “Улуғимсан, Ватаним” каби онг ва қалбларимизга “жиз” этиб тегадиган, ҳароратли ва тирик шеърлар ёзиш насиб этади.

      Нодира Афоқованинг “Ўзбекистон”, Шаҳрибонунинг “Ватан” шеърларида ҳам шунга яқин ҳаракат кўзга ташланади:

                                Ортга боқса, баҳодир

                                Темурлари бор Ватан,

                                Босган йўлинг асотир,

                                Эртакларга ўхшайди.

                                Менга жондай азизсан.

                                Менга номус-ор Ватан,

                                Битта баргинг узилса,

                                Мингта жоним қақшайди.

                                                                                   (Нодира Афоқова)

      Ёки қуйидаги – Ватан ўзгача оҳангда, ўзгача мазмунда куйланган мисраларга эътибор беринг:

                                Уммонлар бағрида сирлар яширин,

                                Қуёшни кўрмаган қирлар яширин.

                                Нигоҳимга кўчган фалак – кўк тоқим.

                                Кафтимда ўйнайди жилға, шўх оқим.

                                Зарралар аксида кузатдим, Ватан,

                                Тўлқинлар тилида сўз айтдим, Ватан.

                                                                                   (Шаҳрибону)

      Кейинги йилларда, айниқса, баъзи бир ёш шоирларимиз ижодида анчайин бир кайфиятдан ҳам шеър ясашга мойиллик касали урчиб бораётганини афсус билан таъкидламоқчиман. Шунинг учун ҳам бугун шоир кўп, шеър эса ундан ҳам сероб. Лекин уларни мутолаа қилиб, сарагини ажрата бошларкансан, ўнлаб тўпламлар орасидан битта-яримтасигина ғалвирнинг ичида  қолаётганини пайқайсан, киши. Шунда ақлингга илк келган ўй тахминан қуйидаги мазмунда бўлади: ҳа, санъатда ҳамма нарсани истеъдод, фидоийлик ва ижодкор қисматига дохил бўлган дард белгилайди. Яхшиямки, дунёда пул ва мансаб дахл қила олмайдиган шундай мезонлар мавжуд!..

      Истеъдодли шоир Раҳимжон Раҳматнинг 2006-йилда ёзилган шеърларини ўқир эканман, юқоридаги мулоҳазалар хаёлимни банд этиб олди. Чунки у ердаги бош мавзу – ҳаёт ва ўлим мавзуси бўлиб, у шунчалар кўп қирралардан акс эттириладики, гўё шоир бир неча йиллардан бери фақат ва фақат битта йўлда изтироб билан юриб келаётган йўловчидек таассурот қолдиради. Бу йўлнинг  исмини тахминан  ҳаёт ва ўлим оралиғи деб қўйиш мумкин. Шу ўринда унинг ўз аёлига атаб битган, фарёд, фожеа, йиғи ва айни пайтда, улкан инсоннинг мардона руҳи жо бўлган ўнлаб шеърларидан иқтибос келтиргим келади:

                                Ўктамжоним, жон Ўктам

                                Айтгин, қуёш ботмасин.

                                Бағрингга яшир мени,

                                Ўлим олиб  кетмасин.

 

                                Ўктамжоним, жон Ўктам,

                                Сени қандай севаман.

                                Ўлаётиб оғриқмас,

                                Севишимни сезаман.

Ёки бошқа бир шеърини ўқиймиз:

                                Ўктамжоним, малагим,

                                Пешонамни силагин.

                                Бошим ёмон оғрийди,

                                Узоқ умр тилагин.

 

                                Ўктамжоним, малагим,

                                Менга дори ичиргин.

                                Йиллаб касал боқасан,

                                Жоним мени кечиргин.

 

                                Ўктамжоним, малагим,

                                Кел, юзингни силайин.

                                Бағрингга босгин мени,

                                Қучоғингда ўлайин.

      Р. Раҳмат қисмати ва ижоди мисолида шуни таъкидлашни истардимки, чинакам шеър, чинакам санъат асари осонликча қўлга киритилмайди. У ижодкор юраги, соғлиги ва ҳатто ҳаётининг маълум маънодаги қурбонликлари эвазига дунёга келадиган жудаям қимматбаҳо олам! Ҳақиқий санъат асарининг нархи ана шундай қиммат туришини англаган ижодкорки бор, ўйлаб қолади: У Яратгандан ўзига нима тиласин – зўр асарми ё соғлиқ, омонлик?.. Ҳа, ҳақиқий шеър, адабиёт ҳамиша ҳам ана шундай – борлик ва йўқлик оралиғида туғилади, яшайди…

      Яна бу йилда жуда кўп шоирларнинг ҳар-хил мазмун ва даражадаги тўпламлари нашрдан чиқди. Хусусан, Умида Абдуазимованинг «Тикилиб-тикилиб қарайсан», Илҳом Каромнинг “Зардоли Гули”, Мусфира Мунавварованинг “Ота уйи”, Бегали Мўминовнинг “Унутилган муҳаббат”, Узоқбой Исмоиловнинг “Рост дунё”, Бобур Бобомуроднинг “Юрагим”, Майрам Шарапованинг “Саодат буржи”, Бибиражаб Эргашеванинг “Руҳият”, Ҳазрат Эловнинг “Субҳидам”, Ойдиннисонинг “Номсиз”, Жасур Ҳусановнинг “Ёнимдаги ёлғизгинам”, Гулжамол Раҳмонованинг “Истадим бетакрор бўлишни”, Ирода Умарованинг “Баҳор висоли”, Мунаввара Юсупованинг “Муҳаббат йўли”, Зокиржон  Мамажоновнинг “Соғинч”, Марҳабо Собированинг “Настарин чечаги” каби тўпламлари ўтган йилимизнинг турли-туман маънавий-эстетик “таъм”га эга бўлган меваларидан ҳисобланади.     

            2006-йилда болаларнинг севимли шоири Анвар Обиджон катталар учун ёзган шеърларини  жамлаб “Танланган шеърлар” номи остида чоп этди. Айтиш керакки, шоирнинг катталар учун ҳам айтадиган жиддий кечинмалари, дардлари бор! У дунёнинг борлиқ ўйинларини, паст баландини кўриб тўйган кайфиятда ёшларга, ортда келаётган наслга қарата дейди:

                                Ёшлик учқур бир каптар,

                                Ёшлик қадрин бошдан бил.

                                Келса ўнқир чўнқирлар

                                Асабингни тошдан қил.

 

                                Сен яшайсан эрта ҳам,

                                Мен-чи кеча ўлганман.

                                Сенга сирли бу уйни

                                Мен титкилаб бўлганман…

 

      Чоршамънинг “Танланган асарлари”нинг биринчи жилди ҳам эълон қилинди. У ғазаллар, мухаммаслар ва шеърлардан таркиб топган. Айниқса, шоирнинг тирик ва самимий туйғулари акс этган ғазаллари маънавий ташна ўқувчи чанқоғини бир қадар қондиради. Унинг «Бизга баҳор бегонадур борган сари” деб бошланувчи ҳаётий ва фалсафий қамровга кўра ғоят тотли ғазали ажойиб қўшиқ бўлиб, халқ мулкига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмайди.

      Умуман, 2006-йил шеъриятимиз учун қутли, баракали йил бўлгани ва у кейинги қарийб ўн беш-йигирма йиллик истиқлол даври ўзбек адабиётининг бир қисми сифатида тарих мулкидан муносиб жой олгани бор гап.

      Энди ёшларимизнинг худди шу йилдаги шеърияти хирмонига бир назар ташласак.        

      Адабиёт, бу – миллатнинг кўнгли. Шунинг учун ҳам унга шеър ёки роман номи билан ҳар қандай «юк»ни юклаб бўлмайди. Адабиёт у ёки бу юмуш билан банд бўлган халқнинг ўй-хаёллари, орзу умидлари, армон ва  хўрсиниқларининг улкан, яхлит руҳий-маънавий олам — архетипга урилиб, атрофга сочилган акс садосидир, аслида! Шунга кўра ҳар қандай миллатнинг исталган давр адабиётини қўлга олиб, ҳижжалаб ўрганиб чиқиш дегани ўша миллатнинг маълум даврда бошидан, юрагидан кечирганлари билан танишиш, деганидир. Бироқ бунинг битта шарти бор: шу халқ ва шу даврга мансуб шоир (ёки ҳар қандай бошқа санъаткор) ўз қисмати билан, дунёқарашию олган таълим-тарбияси, яшаш тарзи билан шу халққа ва шу халқ яратган давр кайфиятига мансуб бўлмоғи зарур! Яъни Г. Фрейтагнинг  “Ҳар кимнинг қалбида ўз халқининг жажжи қиёфаси яшайди” деган фикрига қўшилмоғимиз учун ўша ҳар ким ҳақиқатан ҳам ўз халқига яқин бўлмоғи, яқин яшамоғи шарт!  Йўқса, шиша қаср  ичига кириб олиб, бутун умрини осойишта ўтказаётган одамнинг қалбидаги халқ қиёфаси кишида шубҳа уйғотади.

      Бугунги ўзбек ёшларининг илғор шеърияти мазмун–моҳиятида ҳам халқимизнинг маънавий бўй-бастига доир айрим қирралар кўзга ташланиб туради. Бироқ  бу қиёфа ҳали биронта ёш шоир ижодида бутун жозибаси билан, яхши-ёмони, оқу қораси  – борлиқ моҳияти билан ўзини кўрсатганича йўқ. Аслида, бу осон иш эмас. Дунё бўйлаб цивилизация бўронлари кучайиб бораётган бугунги кунимиз ва эртамизда бутун бошли халқ қиёфасини ўзининг биргина ижоди бағрига сиғдириш – сингдириш энди янаям мушкул бўлади, чамамда. Аммо умид бор. Ахир бир шоир бўлмаса, шу шоир мансуб бўлган катта бир авлод уддалаши мумкин-ку бу ишни! Ҳа, айнан шундай: ўз халқининг маълум даврдаги муайян қиёфасини шу давр авлоди  чизиб беришга қодир бўлади. Бироқ қиёфанинг тўлиқроқ бўлиши учун бугунги ўзбек назмига, айниқса, ёшлар шеъриятига истаклар соғинасан, киши.

       Аввало, ёшлар шеърияти шаклий жиҳатдан ҳам, мазмун нуқтаи назаридан ҳам ғоят турфаланиб бораётганини таъкидламоқ жоиз. Чунки ижтимоий буюртмалар ва сиёсий тўсиқлар бўлмаган давр адабиётининг хилма хиллик касб этиши табиийдир. Қолаверса, ахборот асрининг тўрлари воситасида бутун дунё яхлит бир санъат объектига айлангани ижодкорнинг мавзу уфқларини ниҳоятда кенгайтириб юборди.

      Чунончи, ёшлар шеъриятида шаҳар мавзусига кўпроқ қўл урила бошланди. Шунга қарамай, у чинакам шаҳар поэзиясига айланганича йўқ.   Ушбу шеъриятда шаҳарга хос белгилар – телефон, трамвай, тўп-тўп чироқлар, ойдин кўчалар деталь сифатида аллақачондан бери қўлланиб келинади. Бироқ чинакам шаҳар руҳини, шаҳар табиатини, шаҳар қалбини «Мана — у!» дея кўрсатиб берадиган бутун бошли шаҳар поэзияси йўқ, ҳисоби. (Адабиётимиз тарихида ушбу тамойил Ойбек ва Асқад Мухтор шеъриятида қисман кузатилади). Ваҳоланки, халқимизнинг катта бир қисми шаҳарда яшайди. Демак, шаҳар халқ қиёфасининг битта ажралмас қисмига айланиб улгурган. Бугунги ёшлар шеъриятини синчковлик билан кузатганимизда шунга ишора этувчи, аммо андак ўзга ракурсдан қаралиб ёзилган талай шеърлар галареясига дуч келамиз: унда  ёш шоир асосан қишлоқдан, пахта далаларию, ялпиз ўсган ариқлар бўйидан шаҳарга катта умидлар билан келиб, аммо шаҳар табиатига кўниколмай, унга сингишолмай, айни пайтда туғилиб ўсган қишлоғига ҳам қайта олмай, оралиқда қолган танг ҳолини чизишга уринади.

                         Мен энди қайтаман, бўлди, етар, бас! 

                        Ҳаловат топмадим  гавжум шаҳардан,

-            деб ёзади Ф. Ҳайит ўз авлоди кўнглидагини жамлагандек “Илинж” тўпламидан жой олган “Қайтиш” шеърида. «Хўш, нега ахир?» – деган савол туғилади. Нега шоир ўзини у ёки бу  касбнинг мутахассиси сифатида шакллантирадиган, болалик орзу-умидларини рўёбга чиқишига реал имконлар тақдим этадиган, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиб етишмоғида кўмаклашадиган макон – шаҳар ва унинг сершовқин кўчаларидан бош олиб кетишга шай турибди?.. Чунки инсоннинг киндик қони тўкилган, ёруғ оламни, онани, одамларни, тоғни, қуёшу ойни… илк бора танитган гўша ҳар қанча ғариб бўлмасин, ночор туюлмасин, барибир кўзига жаннатдек кўринади-да. Шунинг учун ҳам ўша жой шоир учун Ватаннинг бошланиши ва ҳатто айтиш мумкинки, Ватаннинг маркази ҳисобланади. Ҳа, ҳар қандай киши учун ўзи туғилиб, вояга етган гўша унинг ўз Ватани марказидир!.. ХХ аср психологияси, хусусан, Фрейд, Юнг, Фромм, Адлер ва ҳоказо кўплаб психоаналитикларнинг асарларида инсоннинг бундай ўйлов ва хатти-ҳаракатлари тубида ётган майл-интилишларнинг асл сабаблари хўп жозиб тарзда очиб берилган. Шоир-чи, бугунги ўзбек шоири нима дейди бу борада?

 

                                 Шафтолилар пишди боғимда,

                                    Отам териб менга илинди.

                                    Мен шаҳардан кўнгил узмадим,

                                    Қишлоқда кўп ўрним билинди.

 

                                    …Қаҳратон қиш келди боғимга,

                                    Отам менга илинди  ўзин.

                                    Қор ёққан тун уйқуга кетди,

                                    Аммо тонгда очмади кўзин.

 

                                    Ота, дедим хайқириб нолон,

                                    Лек очмади отам кўзини.

                                    Алмаштириб қўйдим шаҳарга

                                    Ҳатто унинг сўнгги сўзини.

                                                                               (М. Сиддиқ. “Ишқ бекати”)

      Қаранг, орзу-ҳаваслар кетидан олис шаҳарларга кетиш шоир учун қандай аламли йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин экан? Ҳа, орзу ортидан узоқ ва машаққатли сафарларга чиққан йўловчи ҳамиша камида шу орзулар салмоғига тенг бўлган қурбонлар беришга маҳкум!.. Тақдирининг шаҳар ва қишлоқ ўртасида муаллақ осилиб қолиши,  жисми ва кўнглининг моддият ва маънавият аро сарсон бўлиши, руҳ, тана ва ақл сарҳадларида дарбадар кезиши, орзу ва имкон, умуман, бу нуқталарнинг барчаси орасидаги  ҚИСМАТ гоҳо ёш шоир ақлию юрагини эзиб турган улкан тошга айланади. Аммо, бошқа жиҳатдан, эзгу нияту ҳаракат билан нафақат шоир, балки умуман, барча санъаткорлар бошидаги ана шунга ўхшаш  азалий муаммоларнинг ҳаммасини бир йўла ҳал қилиб қўйиш ҳам унчалик тўғри бўлмас-ов, дегинг келади. Чунки кўнгилдаги орзу-мақсадлар юксаклиги бир ёндаю иккинчи ёқда тақдир инъом этган имконлар қўлининг калталиги ўртасидаги масофалар юки, алами шоир, ёзувчи, бастакор қалбига ҳақиқий дилўртар изтиробларни солади, уни ўтдан олиб ўтларга ташлайди. Натижада титроқ шеърлар, кўнгилдаги музларни баҳор офтобидек эритиб сел қиладиган куйлар яратилади. Шунинг учун ҳам бугунги ёшлар шеъриятидан катта умидлар қилар эканмиз, билмоғимиз зарурки, истаклар ортида уларга ана шундай чин изтиробларни – ҳаётларини ёқиб, кулини кўкка совуришга қодир оловларни ҳам тилаган бўлиб чиқамиз…

      Бугунги  шоирлар  сафида бир-икки китоб чиқариб ва ҳатто чиқаришга ҳам улгурмай шеърият мухлислари назарларига тушган қатор ёшларни санашимиз мумкин: Адиба Ҳамро, Шаҳрибону, Фахриддин Ҳайит, Зокиржон Мамажонов, Аъзам Обид, Муҳиддин Абдусамад, Муҳаммад Сиддиқ, Нодир Жонузоқ, Насиба Юсупова, Адиба Умарова, Шодмонқул Саломов, Гулчеҳра Беназир, Нафосат Ражабова, Зулхумор, Акмал Икромов, Ойдиннисо, Олима Набизода, Носиржон Жўраев, Жасур Хусанов, Лола Саодатова, Мусаллам Бону, Гулжамол Асқарова, Гулшода Қурбонова, Зумрад, Гулбаҳор Ортиқхужаева, Гўзал Бегим, Дилрабо Мингбоева, Зебо Қутлиева, Шоҳида Мирзаева, Шуҳрат Насимов, Шуҳрат Ориф, Мунира Жўрабек қизи, Зоҳида Умарова, Умид Али, Марҳабо Собирова, Шоди Отамурод, Санобар Меҳмонова, Бегали Мўминов, Хуморбегим, Манзура Шамс, Зокир Худойшукур, Шаҳобиддин Ўрин… Мана шу тарзда рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бизнинг кўзимиз тушишга ҳали улгурмай, аммо амалда ўзларининг жуда яхши илк шеърларини эълон қилиб улгурган укаларимиз, сингилларимиз борлигига ҳам ишонаман. Уларнинг ҳаммасига ижодий баркамоллик тилаган ҳолда, шу давр шеъриятига хос бўлган яна бир қанча умумий хусусиятларга тўхталиб ўтсам.

      Назаримда, бугунги айрим ёшлар шеъриятининг ўзак хусусиятларидан бири — улардаги юкнинг – одам ва олам дардининг енгил тортиб, нисбатан майдалашиб кетганидир! Йўқ, гап мавзуда эмас. Шоир беш юз йил олдин ниманики  куйлаган бўлса, бугун ҳам ўшани тараннум этмоқда: муҳаббат, айрилиқ, висол, адолат, дўстлик, душманлик, она, бола, Ватан, табиат, қахрамонлик, умрнинг бебақолиги, охират қайғуси, буюклар  мадҳи ва ҳоказо мавзулар ҳамма даврларда барча миллат адабиёти ва санъатининг диққат марказида бўлиб келган. Аслида, кунимизга келиб, шеърият тематикаси яна-да кенгайган, дейиш мумкин. Чунки,  масалан, биргина атом бомбасининг ишлаб чиқилиши билан одамзод кўнглига тушган ваҳм ва қўрқув шу мавзуда ёзилган кўплаб асарларни вужудга келтирди. Энди қўл телефони, DVD, комьпютер, интернет ва булар кўрсатаётган “кароматлар” ҳам секин-аста шеъриятнинг “исътемол доираси”га тортилмоқда. Гап бунда ҳам эмас. Менингча, бош гап шоирнинг ўша азалий ва абадий мавзуларга ёндашув принципи ва даражасида бўлса керак! Майдалашув шу ерда! Шоирнинг (умуман, ҳар қандай ижодкорнинг) дунёни, одамни, яхшилик ва ёмонликни, ўз кўнгил оламию ўзгаларнинг босган қадамини… ўлчайдиган қаричи – дунёқараши кичрайиб қолганга ўхшайди. Аксарият шеърларда осмондан кенгроқ кўнгилларни, отнинг калласидан каттароқ (жасоратли!) юракларни учратиш тобора қийинлашиб бораётир…

      Яъни шоирнинг дарди фақат унинг ўз дарди бўлиб қолаяпти: у севадими- куядими, йиғлайдими – куладими, ҳамма-ҳаммаси фақат ўзигагина тегишли бўлган, ўзигагина ажратилган ер майдони – “шахсий ҳовлиси”да қолиб кетаяпти. Шунда беихтиёр ўйлаб қоласан: шеър тобора шахсийлашиб, субъективлашиб бораяпти экан. Бори-йўғи шу. Бундан ташвишга тушишнинг ҳожати бормикан? Ахир дунёнинг ўзи шунга қараб кетмаяптими? Замондош инсон дунёнинг авзойидан, яшаш шартларидан, товар алмашиш натижаларидан келиб чиқиб, ўзини ўзи чор деворнинг ичига қамаб олиб, оламдан, одамлардан узоқлашишга интилмаяптими? Бунинг оқибатида эса, бегоналашув муаммоси келиб чиқмаяптими? Ахир, бу муаммоларни биринчи бўлиб ўша Маркс ХIХ асрдаёқ инсоният олдига кўндаланг қўймаганмиди? Капитализм алал-оқибатда инсоннинг ўз-ўзидан бегоналашувига олиб боради, демаганми ва бу ғояни Эрих Фром ривожлантириб, унинг сарагини саракка, пучагини пучакка айириб, инсон нафақат ўзидан, айни чоғда ўзи яшаётган жамиятдан, оиласидан, яқинларидан… жамики эзгуликдан ҳам узоқлашиб бораётгани сабабларини тушунтиришга ҳаракат қилмаганмиди?.. Бас, шундай экан, бугуннинг ёш шоирлари ижодидаги кайфият ана шу умумкайфиятнинг битта кўриниши, улар осмондан олиб эмас, балки борини борича ёзаяпти, холос, деб ўзимизни тинчлантирсак бўладими? Хўп, бу кайфият бир томонда турсин, иккинчи томонда бошқа гап бор: адабиёту санъатга  ёппасига балои азимдек ёғилган эътиборсизлик, беписандлик ҳукмрон бўлган куни-кеча М. Юсуф, М. Тоир, С. Саййид, И. Мирзо каби шоирлар одамларга шеър ўқита билди-ку! «Ҳеч ким китоб ўқимаяпти, ҳамма ўзи билан ўзи овора, одамларга битта китобдан бир бурда нон афзал бўпқолди!” деган пайтларда ҳам уларнинг назм тўпламлари ўн минглаб нусхада чоп этилиб қўлма-қўл бўлди-ку! Биргина М. Юсуф “Сайланма”сининг тўрт марта кетма-кет нашр этилганига нима дейсиз? Хўш, бунинг сири, сабаби қаерда экан?..

      Менинг камтарона кузатишларим шуни кўрсатмоқдаки, юрагида ўз халқининг жажжи қиёфасини кўтариб юришга қодир шоир шеърга солинаётган ўз дардининг бир учидан ирмоқ очиб, кўпнинг умумдардига — умумдарёга қўшиб қўймоғи лозим кўринади. Аслида, бу иш атайин қилиши керак эмас. Чунки у ҳолда сунъийлик деган адабиёт учун энг хавфли вирус урчиб кетади. Умумдарёга очилган ирмоқ ўз-ўзидан – шоирнинг табиатидан, фикрлашидан, юрагининг ҳар уришидан туғилиб келмоғи зарур. Ахир, унинг қалбида ўз халқининг қиёфаси яшайди, дедик. Ҳамма гап шу ерда!..

     Айрим ёшларимиз шеъриятидаги «фазилат»лардан яна бири – ўқимаслик касалининг шеър юзига тепиб чиққан заъфаронлиги, заифлиги, мадорсизлигидир. Албатта, бу ўринда “Мана сизга далил-исбот!» дея улар шеърларидан  иқтибос келтиришни лозим топмадик. Чунки бу нарса умумий манзарада сезилиб-билиниб тургани боис, қўлимизни бигиз қилиб, «Ана - у!” дейишдан ўзимизни тийдик. Умуман, бугун бир-бировини ўқийдиган шоирлар  кўпмикан ўзи? Назаримда, ёш ижодкорларнинг кўпчилигида ўзига – ўз асарларига маҳлиёлик бор. Бундайин иллатдан қутулишнинг йўли эса – мутолаа. Тенгдошлару салафлар, Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий каби ўнлаб классикларимизу чет эл адиблари асарларини тинимсиз-тинимсиз ўқиш билан, умумий савиясини ошириш билан, ўз даврининг, миллатдошларининг дардига қалб қулоғини солиш билан, сўнг шу савиядан туриб кўнгилни бўшатиш — ёзиш билангина бугунги ёш шоир ўзбек адабиёти деган муқаддас оламда ўз ўрнига эга бўлиши мумкин. Ҳолбуки, бугун айрим ёшларимиз шеъриятини кузатганимизда, жуда яхши эгалланган шеър техникаси ёнида ночор ва ғариб дунёқарашни, узоққа бормайдиган,  жўн, ҳашаки фалсафани кўрамиз. Инчунун, ёш шоирлар одатда 30-35 ёшгача ёзганлари билан ўқувчи ва адабий жамоатчиликда умид уйғотади-ю сўнг она манбадаги давомсизлик туфайли манзил – дарёга етиб келмасдан йўлдаёқ тупроқ бағрига сингиб, изсиз йўқолган ирмоқ сингари кўздан ғойиб бўладилар. Хўш, нега? Нима учун? Қаёққа кетади ёш ижодкорларнинг катта бир қисми… 30-35 ёшдан кейин?..

     Сирасини  айтганда, 30-35 ёшгача  ёзиш осон. Ҳамма гап кейин ҳам ёза билишда. Чунки ёшликда инсон – эркакдир аёлдир – одатда, жисмонан соғлом, маънан ва руҳан тетик, захаланмаган, соф бўлади. Тоза ва ёш юрак!  Бу —  лирика, адабиёт ва санъат тошиб-қайнаб турадиган зилол булоқ-ку! Гарчи бу ёшдаги киши шеър ёзмаса ҳам, қилаётган иши деҳқончилик ё мухандислик бўлса ҳам, барибир, унинг кўнглида ўзига хос кўтаринкилик, баландпарвозлик, романтикага мойиллик яшайди. Саналган ушбу хусуслар эса санъату адабиёт парвоз этадиган трамплиндир. Кейин-чи? Кейин нима юз беради? Кейин ҳамма нарса юз беради ёки ҳеч нима содир бўлмайди… Қизиқ, бу  нима дегани?.. Ёш шоирнинг ёши улғайган сайин мутахассис сифатидаги, эр ёки хотин, ота ёки она сифатидаги вазифалари кўпаяди. Орзуларининг аксарияти орзулигича қолади, айримлари эса ҳаётга тадбиқ этилиб адо бўлади… Буларнинг ҳаммаси санъаткор онгию кўнглига қаттиқ таъсир этиб, ундаги тирик туйғуларга дахл қилади. Шунда шоирнинг ёши улғайса-да, ёзган шеърларининг сифати ортмайди. Мадомики, у шеър ёзишдан бошқа ишга ярамаса, мажбуран ёзади, аммо ёзганлари унга шуҳрат ва олқиш келтирмайди. Аксинча, ҳиссиз, тафтсиз ва дардсиз тизмалар шоирнинг умри давомида мисқоллаб, мисрама мисра тўплаган обрўсини қисқа муддат ичида сувга ағдариб соб қилади. Бас, шундай экан, шеър – юракдан юракка электр токидек улашиб таъсир этадиган санъат асари ёзилмаган вақтларда ижодкорнинг сукут сақлаши улкан савобдир, дея дунёни тўлдириб ҳайқиргиси келади кишининг. Ҳатто ундан нари: буюк қахрамонликдир! Шунинг учун ҳам юқорида ўттиз-қирқ чоғли ёш шоирларнинг номлари зикр этилган бўлишига қарамай, улардан қай бирларига катта адабиёт даргоҳига етиб келиш қисмати насиб этишини ҳозирча аниқ билмаймиз. Аммо эртага — 30-35 ёшдан  кейин санъаткор, олим, ёзувчи ва шоир… ўз ҳаёти давомида нималарга, қандай синовларга рўбарў келишини умумий манзараларда бўлса ҳам тасаввур этиш қийин эмас. Тассаввурда аниқлашган нарса шуки, ёш шоир (ва умуман, ҳар қандай санъаткор, олим) ни эртага қорин ғами, обрў, мартаба, бойлик орттириш, бола-чақа ташвиши исканжага олади. Санжоблар тушови кўпинча шу даражада оғирлашиб кетадики, оқибатда у (шоир, олим, ёзувчи, бастакор, рассом…) кўнгилдан воз кечиб яшашга, унга эътибор бермай, ҳамма қатори тирикчилик ташвишларига енгилиб кетишни истаб қолади. Ва шу ерда фожеа юз беради — ижодкор фожеаси: масалан, шоир энди истаса ҳам яхши шеърлар ёза олмайди. Бу – қисмат, аччиқ ва аламли қисмат!..

      Ҳа, яхши шеър, яхши адабиёт катта йўқотишлару қурбонлар эвазига қўлга киритилишини унутмаслигимиз керак. Эл қатори сара еб, турли-туман кийиб, бола-чақаларнинг орзу ҳавасларини рўёбга чиқариб ҳам яхши асар ёзаман, дейиш жудаям қийин эканлигини санъаткор, аввало, ўз иссиқ танасига ўйлаб кўрмоғи зарур! Чунки аслида, унга керакмикан бундай қурбонлик? Эҳтимол, яқинлари фароғатию ширин-шакар ўғил-қизларининг бахту иқболи ҳар қандай адабиётдан афзалроқдир унинг учун…

      Ёшлар шеъриятида шеърдан шеърга ўсиб–ривожланиб, узлуксиз давом этиб бораётган яхлит, улкан мавзу ҳам кўзга кам ташланади. Масалан, бундай мавзу Чўлпонда Истиқлол ғояси эди, Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовда она-Ватан мадҳи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Давронда ижтимоий адолат туйғуси, Рауф Парфию замондошларимиз Ҳалима Аҳмедова ва Зебо Мирзода оғриқ тўла, изтироб тўла севги, кўнгил дарди! Албатта, муҳаббат – ёшлар шеъриятининг ҳам бош мавзуси. Фақат уларда муҳаббат дарди ривожлантирилмайди, аксинча, ишқий шеърларнинг ҳар бири ўзича мустақил  мазмун-моҳиятга, шаклу шамойилга эгалиги билан ажралиб турадики, киши хаёлида бундай шеърлар умрларга татигулик улкан севгининг эмас, балки ёз ёмғиридек қисқа муддатда “келиб кетган” кўнгил ўйинларининг замзамаси ва хотираси эмасмикан, деган иштибоҳ туғилади. Худди шундай, бошқа мавзудаги шеърларда ҳам мазмун тадрижи кўзга ташланмайди. Узлуксизлик, узвийлик йўқ. “Хўш, унда ёшлар нима ҳақда кўпроқ ёзади?” – деган ҳақли савол туғилади. Жавоб: ёшлар ўзларини жудаям қаттиқ севишади. Айримлари ҳатто ёридан, онасидан ва Ватанидан ҳам кўра кўпроқ ўзларини яхши кўради, десак муболаға бўлмас! Шунинг учун ҳам улар асосан ўзлари ҳақида ёзишади – ўз кўнгилларининг турли хил кайфиятларини изҳор этишади. Албатта, шеър авваламбор кўнгилнинг, “Мен”нинг таржимаси бўлиши зарурлигини қабул этамиз. Аммо бунинг битта шарти бор: бу мен, бу кўнгил таржима қилинишга арзийдиган даражада баландда бўлмоғи лозим. Шоирнинг “Мен”ига, кўнглига ўзга бировнинг, онанинг, миллатнинг, Ватаннинг, қолаверса, она замину бутун башариятнинг ҳам тақдири сиғмоғи, унга синггиб кетган бўлмоғи зарур. “Бу иддаолар нотўғри! Менинг ижодимда она ҳақида ўнта шеър бор!” деб эътироз билдириш мумкин. Тўғри, бўлиши мумкин. Аммо она тўғрисидаги шеърингизнинг саноғи мингтага етган тақдирда ҳам у ерда бош қахрамон она эмас, сизнинг ўзингиз бўлгандан кейин, онангиз қалби бадиий кашф этилмагандан кейин, азиз шоирим, тизмаларингизнинг баҳоси бўлакча бўлади-да!.. Азага борган ўз дардини айтиб йиғлар экан. Эслайман: отаси ўлган бир қиз “Энди мен нима қиламан, кимга эркаланаман, кимдан ёрдам сўрайман?” деб фарёд чекканди. Назаримда, бу нола қирчиллама ёшида жумонмарг кетган ота ҳақида эмас, балки шу одамсиз эртанги ҳаётини тасаввур қилолмаётган қизнинг ўз дарди ҳақида эди. Баъзи бир ёшларнинг машқлари кўпгина жиҳатлари билан менга ўша қизнинг оҳ-воҳларини ёдга солади. Онаси вафот этган қуйидаги шоирнинг фиғонлари эса ўзгача эшитилади: “Ахир орзу қочиб кетмас, Битказар-ку тириклар. Онажоним, бир кунини ўтказар-ку тириклар” (А. Орипов). Яъни шоир ўғил эрта кетган онаси учун куйяпти, ўзи учун эмас. Унинг бутун нолалари онасига бағишланган, нафақат нолалари, балки ҳамма нарсасини — номи, шони, борингки, бутун ҳаётини онасининг пойларига пойандоздек ташлаяпти:

Пайти келиб тўлар бир кун

Паймона ҳам беомон.

Кузатарлар мени ҳам сўнг

Сенга томон, сен томон.

Балки у кун бошим узра

Дўстлар ҳам бош эгадир.

Ўша дамги иқболим ҳам

Онажоним, сенгадир.

Дилда неки журъатим бор,

Дилда неки ҳаяжон.

Бари, бари сенга бўлсин,

Сенга бўлсин, онажон.

Сенга бўлсин бор ҳаётим,

Номим, шоним бир йўла…

       Албаттаки, ҳар қандай шоирдан катта санъаткор олдига қўйиладиган талабларни исташ ноўрин. Лекин, барибир, ҳар қандай шоир ана шу омол (идеал) га интилмоғи шарт!  Нафсиламрини айтганда, мана шундай омолнинг идрок қилинмагани бугунги айрим ёшлар шеъриятида тушкун кайфиятни юзага келтираётган факторлардан биридир.

      Аммо шукрки, ҳамма ёшларнинг шеърлари ҳам ундай эмас. Ёруғ хаёл, кучли истаклар билан кўнглимизда умид уйғотаётган мисралар барибир ёзилмоқдаки, эҳтимол, айнан шу учқунлар келажакда халқимизнинг бадиий тафаккур қўлидаги улкан маёқларга айланар… Мана, ўқиб кўринг:

                             Биз севган баҳорлар келди азизам,

                             Кетдик, ариқлардан ялпиз терамиз.

                             Майсалар лабидан шабнам сипқориб,

                             Жажжи капалакка дилни берамиз.

                                                                    (М. Шамс)

Ёки

                             Минг бор Гулбаҳор, деб чақирсалар ҳам

                             Бир бор ГУЛБАҲОРга айланолмадим”.

                                                           (Г. Ортиқхўжаева)

Ёки

                             “Наҳот никоҳланган нигоҳларимиз?..”

                                                           (З. Мамажонов)

Ёки

                             “Юрагимда осмон яшайди,

                             Ташвишларсиз осон яшайди”.

                                                           (Шаҳрибону)

      Бунинг каби “йилт” этиб, шеърга ташна қалбларимизга олам-олам завқ бағишловчи мисралар қолган ёш шоирларда ҳам топилади. Чунончи, бугунги умидли шоираларимиздан бири Ойдиннисонинг «Номсиз” деб номланган тўпламида шундай шеър бор:

                              Тоғдек ҳасратимни қучоқлаб

                             Орқалаб зил изтиробимни

                             Охири ўзимни ўзим ардоқлаб

                             Олганча ўзимнинг ёнимни

                             Ҳаммангизни ташлаб кетмоқчи эдим

                             Топилмади ҳеч ким.

      Яъни шоира кўнгли дўстлардан, ёрдан, атроф-муҳитдан, қўйингки,  ҳамма-ҳаммадан хафа бўлиб, уларни ташлаб қаёққадир бош олиб кетишга қарор қилади. Лекин яхшилаб ўйлаб қараса, атрофида ташлаб кетиладиган одамнинг ўзи йўқ экан!.. Ҳеч ким бундай “сийлов”га муносиб эмас экан… Аммо бу шеърдан чиқадиган мазмун дудама пичоқнинг дамига ўхшайди: дарҳақиқат, ҳаётида арзийдиган киши бўлмаса, шоир кимни ташлаб кетади?..  Шоира ўқувчига шу маънони ўтказмоқчи бўлади. Аммо унинг ўзи ҳам (эҳтимол!) англаб етмаган ўзга маъно шеърнинг зимнида яшириниб ётади: у қандай яшади, нега яшадики, ташлаб кетиш учун ҳаётида ақалли биронта одам топилмаса?!.. Иккиёқламалик. Фожеанинг кучига қаранг!  Нақ иккита қаноти бор-а!.. Таъбир жоиз эса айтай: шоира кўнглидаги ана шу икки қанот ёрдамида ҳали ўз ботинининг узоқ-узоқ буржларига сафар қилиши мумкин. Фақат битта нарсани соғинаман унга: у ўша ерда қолиб кетмасин, аксинча, ўз жузъий оламидан бир дарича очсину куллий олам билан мулоқотга киришсин! Назаримда, катта ва жиддий адабиётнинг хусусиятларидан бири айни шудир.

           Ёш шоирлар шеър техникасини яхши эгаллаган, деб ёздим юқорида. Бу – табиий. Чунки шеър илми вақтлар, даврлар ўтган сайин авлоддан авлодга сайқал топиб боради. Шунинг учун ҳам бугунги ёш шоирга қайси вазнда қандай ёзиш кераклигини, оч қофиядан тўқ қофиянинг афзаллиги нимадан иборат эканлигини тушунтиришга уринаман, десангиз, кулгили ҳолга тушиб қоласиз. Ёшлар оқ шеърда ҳам, модерн оҳангларда ҳам бинойидек ижод қилишмоқда. Анъанавий шеър техникасини бўлса, сув қилиб ичиб юборишган. (Аруз истисно!)  Чунки улар бадиий мушоҳада эркинлигига эгадирлар. Худди мана шу эркинлик ёш шоирларга ўзидан аввалги  салафлар назмини “сипқориш” ва “ҳазм қилиш” имкониятини бермоқда. Ўйлашимча, уларнинг ижодкор сифатидаги омадларидан бири шу имконларда мужассам. Иккинчи томондаги имкон – ҳар кимнинг ўз шахсий ҳаёти, бошидан ўтказган яхши-ёмон кунларию кейинги йилларда мамлакат ва бутун дунё миқёсида юз берган эврилишлар синтези… Шоир юраги ана шу имконларга, одамлар қалбига, олам қалбига ланг очилган эшикдек бўлмоғи лозимки, руҳий-маънавий  мулоқотлар пировардида пишиб, сайқалланиб борсин, сўнг эса даврлар оша яшайдиган, авлоддан авлодга хабар бериб толмайдиган, эскириб оҳори тушмайдиган, эстетик ва бадиий қийматини йўқотмайдиган асарлар ёзилгуси, дея умид қиласан, киши. Биноийдек бўлиш кўпчиликнинг қўлидан келади, эплай олсангиз, Навоийдек бўлишга ҳаракат қилинг!

ШЕЪРИЯТНИНГ БУЮК ЙЎЛЧИСИ

Шеъриятнинг буюк йўлчиси

(Улуғ шоир Рауф Парфи ижодига бир назар)

    ХХ аср ўзбек шеърияти чинданам юксак санъат ва жасорат намунасидир. Чўлпону Ойбек, Ғафур Ғулому Усмон Носир, Эркин Воҳидову Абдулла Орипов, Шавкат Рахмону Усмон Азим, Хуршид Даврону Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиеваю Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзаеваю Хосият Рустамова ва ҳоказо яна ўнлаб мана шундай шоирлари бор адабиёт қандай қилиб елка қисиб туриши мумкин? Албатта Ҳамид Олимжону Асқад Мухторнинг ўз йўли бўлганидек, Омон Матчону Баҳром Рўзимуҳаммаднинг, Абдували Қутбиддину Азиз Саиднинг, Эшқобил Шукуру Асқар Маҳкамнинг, Фахриёру Раҳимжон Раҳматнинг ҳам ўз шеърий дунёқараши мавжуд. Улар қаердадир бир бирларига ўхшаб кетиши мумкин, лекин моҳият-эътибори билан бирови бошқасидан яққол ажралиб-фарқланиб туради. Шу маънода ҳақиқий шеърият мухлиси ўқувчи сифатида, ўзбек поэзияси тадқиқотчиси олим сифатида омадлидирлар. Ана шундай шоирлар қахкашонида тағин битта шоир борки, санъаткорлигу ҳақпарастликда, жафокашлигу фидойиликда ҳар ким ҳам у билан басма бас келолмайди. Унинг учун шоирлик ТИРИКЧИЛИК ЭМАС, ТИРИКЛИК, Борлик ва Йўқлик, Аввал ва Охирдир!

 

		Шеърият ибтидо, шеърият охир...

деб ёзади шоир сўнгги шеърларидан бирида.

Шеърга,Сўзга, Илҳомга мубтало бўлиб, уларга сиғинарчасига яшаб, нафақат ўзининг, балки яқин-ялангларию бола-чақаси, қавму қариндошию ёр- биродарлари юрак-бағрини бир умр тилкалаб ўтган шоир ё бошқа санъаткор маданиятимиз тарихида унчалик ҳам кўп бўлмаган. Шуларни ўйлаганда хаёлимга негадир “лоп” этиб бир пайтнинг ўзида ҳам шоҳ, ҳам девона Машраб келади. Кейин… кейин хаёлим унда – Рауф Парфида тўхтайди… Садағангиз кетай, гапларим эриш туюлмасин. Эҳтимол, сиз шоирни ҳаётда мендан кўра кўпроқ билишингиз, у билан шаҳарнинг турли қаҳвахонасию ошхоналарида пайдар пай улфатчилик қилиб, шоирнинг кўнгил сирларидан, шахсий ҳаётидан мўлроқ хабардор бўлган бўлишингиз мумкин. Ҳатто орангизда шоир билан бирга, бир хонада яшаб, унинг инсон сифатидаги бутун қудрату ожизликларини кўп бор синаганлар ҳам бордир. Лекин барибир, Рауф Парфи деган шоирдан, унинг энг теран, энг нозик, энг муқаддас кўнгил розларидан, гўзал ва оғриқли орзу умидларидан ҳиссий маълумот бергувчи энг зўр, энг ишончли сирдош бу — унинг ўлмас шеърларидир! Чунки шоир ғоят самимий инсон эди. Шахсий ҳаётининг эътиборли жиҳатларини, ўзигагина эмас, ўзгага ҳам қизиқарли бўлиши мумкин бўлган пичоққа илингулик неки қирраси бор, — магарки, улар аввало, шоир қалбидан ўтган, уни ларзага солган эса, — ҳамма ҳаммасини сўзга ишониб топширгувчи эди:

                              
	    Мени таъқиб қилар шоир деган ном,                                    
            Чиқмаган шеъримга садақа олдим.                             
            Асло тарк этмади қурмағур Илҳом,                             
            Неки ундан ўтди, Худога солдим...                             

Мана энди Рауф Парфи уни яқиндан таниган кишиларга ҳам яна да таниш, яна да тушунарли туюлган бўлса ажаб эмас. Чунки шоирни бутун умр Илҳом, Сўз, Шеър,Ҳақпарастлик, Гўзаллик… таъқиб этди ва уни ўз ҳолига қўймади: шахсий ҳаётини, кундалик турмушини, бир эркак, бир ота, бир инсон сифатидаги фароғатини маҳв этди. Лекин шоир — бу дунёдаги энг ҳассос, энг тез яраланувчи қалб эгаси бўлган санъаткор – ўзи йўқотган неъматларга ҳамиша эҳтиёж сезиб яшади ва уларни ўзгалардан қидириб чирпанди. Бунга муқобил равишда шоирни Сўз таъқиб қилишдан чарчамади. Натижада Рауф Парфининг шахсий ҳаётида топиш-топишиш билан топилганни тинимсиз йўқотиш алмашиб келаверди:

          Сўз мени  таъқиб қилар
          Чирқиратиб ўйиб кўксимни...

								 

Шоир кўксини чирқиратиб ўйган сўз баъзида унинг бошини силайди, руҳини иситади:

          Сўзнинг гулханида руҳим исинди...                  

								 

Яхшилик ва ёмонлик, вафо ва жафо… Рауф Парфи ҳаётида навбатма навбат келиб турганидек, Сўзнинг завқи ва жабри ҳам тахминан шунга яқин бўлган: у гоҳ ҳеч тузалмайдиган ярага айланиб, шоирга чексиз азоб берган:

          ...Сўнгги Унут сўзин дарёси оқар,                                 

          Ундан-да сўрайман, Шеърият надир?!                       
          Лаззатга ғарқ ботиб, кунга қарайман                      
          Ҳеч тузалмас Яра, у Сўздир ахир...                     

								 

Эҳтимол, яқин йигирма ўттиз йил берисида ҳеч қайси шоир сўзга бунчалар аҳамият бермагандир, ҳаёти мазмунини, тириклиги маънисини Илоҳий каломга боғлаб, уни шунчалар илҳақлик билан кутмагандир, ниҳоятида ўзини унга – Сўзга лойиқ топмай, адоқсиз қийноқлар исканжасида адолар бўлмагандир:

						
	  Улар Ким?! Мен Сўзни севдим. Мен – хароб,
          Лойиқманми Сўзга, билмадим, нетай?..                      
          Ҳорғин йўловчиман, манзил-да сароб.                       
          Итдек изғидим мен. Мен энди кетай.                        
          Деворга бошимни уриб бўзладим,                      
          Аллоҳга сиғиниб, бўзлаб сўзладим…                      

Сўзга, ёрга, майга, санъатга, ҳақпарастликка… мана шу янглиғ мубталолик бора бора кишини дунёнинг ғалвали икир чикирларидан, ҳеч қачон тугамайдиган битмайдиган ғийбату фитналаридан, оғриқларидан, озорли юмушларидан, борингки, дунёнинг ўзидан ҳам совутиб олади. Кўнгил ва Дунё ўртасига ўтиб бўлмас девор тиклайди, кечиб бўлмас чоҳ қазийди. Дарҳақиқат, ёр васлига зор ошиқнинг бутун фикру ёди ёр дийдорида бўлиши баробарида бундан бошқа ҳамма нарсалар унинг учун ҳаромдир. Не ажабки, Рауф Парфи деб аталмиш шоир сиймосида юқорида саналганларнинг барчаси жамулжам бўлгандек: у ҳам сўзга санъатга, ҳам май ва ёрга, ҳам Оллоҳга ошиқ эди. Менингча, айнан шу сабабдан ҳам нозик қалбли шоиримизнинг юрагига қўл билан ушлаш мумкин бўлган Дунёнинг ялтироқ матоҳини барпо қилиш сиғмагандир. Эҳтимол, шунинг учун ҳам донғи дунёга кетган машҳур шоир бўлишига қарамай, ўз шахсий ҳаёти, кундалик турмуши устида жиддийроқ бош қотиришга ҳам ҳоли келмагандир. Ахир, биргина ёрга ё санъатга ошиқликнинг нима эканини биз оз-моз биламиз, лекин буларнинг ҳаммаси бир жойга – бир инсон қалбига тўплансалар, бунинг нима ва қандай куч эканини ҳеч қурса тасаввур этишимиз мумкинми? Ватан ишқи, ҳақиқат ташналиги, ёр савдоси, санъат ва сўзга муҳаббат… буларнинг барчаси Рауф Парфи бир умр ўз шеърларида тараннум этиб келган ўзак ва муқаддас мавзуларким, шоир феномени моҳиятини ҳам шу ердан қидирмоқ жоиз. Эҳтимол, мавзуларнинг ҳаммаси шоирнинг биргина Оллоҳга бўлган муҳаббати – ягона ишқининг турли туман тажаллисидир. Ахир, Яратганнинг хислати ҳамма жойда ва ҳар кимда акс этиши ҳақидаги гап кечаги асрнинг олифта назарияси эмас, балки инсоният ақлу ҳушини топиб, ўз қисмати устида фикр юрита бошлагандан буён мавжуд ва шу кунгача ҳеч бир дин, ҳеч бир ҳалқ инкор этмаган ҳақиқат ку!

Рауф Парфи шеъриятини такрор такрор ўқиб, шунга амин бўламанки, шоир ҳуда-беҳуда нарсалар тўғрисида иложи борича ёзмасликка ҳаракат қилган. У шундай мавзуларни қаламга олганки, чуқурроқ мушоҳада этилса, аксарияти одамнинг инсонлик тарафига дахлдор бўлиб, руҳоний маърифатни уйғотишга қаратилгандир. Шунда бирдан “лоп” этиб бир фикр хаёлингизни чулғаб олади: атрофингизни куну тун ўраб турган ва ҳамиша мулоқотда бўлиб юрганингиз одамлар ҳали фақат одамлар экан ҳамда бунга сизнинг ўзингиз ҳам дохил экансиз. Шоир эса одамларнинг одамлигича қолиб кетишини истамайди. Уларнинг инсон даражасига ўсиб чиқишини, инсон бўлишини жуда катта куч билан хоҳлайди, шунга эҳтиёж туяди. Шунинг учун ҳам очиқ кўзлар билан ухлаб юрган одамларга ўз шеърларидан камон ясаб, ўқ-найза отади, токи уйғониш ҳодисаси содир бўлсин, одам Инсонга айлансин!

		
           Инсонлик фитрати уйғонгунча то                                           
           Ич, ҳақнинг қонини юҳо жомида.                               
           Чорасиз Ҳақиқат, ул илоҳий нур,                              
           Абад қолиб кетмас ваҳшат домида!                              

										 

Худо одамни одам қилиб яратди. Унинг фитратига инсонлик уруғини сепди ва шу ерда ишни якунлади. Бундан буёғи эса аввало, ота онага, жамиятга ва ниҳоят, одамнинг ўзига ҳавола этилди. Ота она, жамият ва одамнинг саъй ҳаракатлари билан одам Инсонга айланиши мумкин. Буни ғарбда илмий истилоҳ билан индивид ва шахс деб аташади. Ҳар қандай одам индивид, лекин ҳар қандай индивид шахс эмас, дейди улар.

Демак, одамийзод ҳали ўз орзусига эришгани йўқ. Ҳали унинг онгли, улғайган ҳаёти энди-энди бошланиб келаётир. Буни тушуниб етиш ва ҳар бир одам (индивид) Буюк Уйғонишга аввало, ўзини ўзи уйғотиб, кейин ўзгаларнинг уйғонишига ёрдам бериб ўз ҳиссасини қўшмоғи жудаям муҳим. Зеро, шоирнинг ўзи ҳам сизга, менга, унга – ҳаммамизга умид билан мурожаат қилади:

            Қачон уйғонадир халоскор Даҳо?                                          
            Бир жаҳон қуёшга чулғаниб келур!..                             
					 

Бундай халаскор Даҳо бизнинг ҳар биримиз бағримизда ухлаб ётган бўлиши мумкин. Келинг, азиз ўқувчим, унга эътибор берайлик, у – бир уруғдирким, сиз билан биз шу уруғнинг ўсиб чиқиши учун ақлимиз, кўнглимиз ва ҳаёт тарзимиз иқлимини муносиб этайлик. Зотан, миллатнинг, инсониятнинг уйғоқлиги Сиз, Мен ва Унинг уйғонишидан бошланади… Ҳар қандай ибтидо интиҳони, ҳар қандай туғилиш ўлимни тақозо қилади. Одамзод буни яхши билади, билгани боис ҳам улар орасидан тийрак ақлга, ўткир қалб кўзига эга бўлганлари Бошланиш ва Якунланиш оралиғини муносиб босиб ўтишга интилади. Мазкур интилиш эса Инсон зиммасига қатор Вазифаларни юклайди. Рауф Парфи ўз чекига тушган Вазифани бутун масъулиятию шарафи билан идрок этган том маънодаги Жасоратли Шоир эди. Ҳайбаракаллачилик авж олган, адабиёт-санъат олқиш ва мақтовлар майдонига айлантирилган бир пайтда Рауф Парфи Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матчон каби шоирлар билан бир сафда туриб, 60 – йилларда шеъриятга Улкан Мунгни олиб кирди, санъат орқали одамларга овоз чиқариб йиғлаш, қайғу ва дардни ошкора яшаб ўтиш имконини қайтариб берди. Ва энг муҳими, Чўлпон жуда гўзал пардаларда бошлаб берган ХХ аср ўзбек шеъриятини Рауф Парфи юксак санъат нуқтаи назаридан энг баланд чўққиларга олиб чиқди… Худди шундан кейин ўзлигини англаб етган Шоир ўз зиммасига Тарих юклаган, Кишилик жамияти юклаган, Бурч ва Виждон юклаган, Ижтимоий сиёсий маданий Вазият юклаган, Миллий ғурур юклаган, борингки, бутун Инсоният тақдири учун қайғуриш Ҳисси юклаган Улкан Вазифани шараф-ла адо этиб бўлгач, умр ва курашлар адоғида бутун борлиғида тиклаб бўлмас бир ҳорғинликни, бўшлиқни ҳис этади ва… ва унинг миясида, вужудида, юрагида… ўлим соғинчи пайдо бўлади: «Улуғ Тангрим, сени аччиқ соғиндим…” Бу курашлар майдонини, оғриқлар, азоблар бағри – бебақо дунёни ташлаб қочиш эмас, асло! Балки, бу – ўз қисмати чегараларини вақтида нозик илғаган Фаросатли Улуғ Инсоннинг ўзга ўлчамли оламга Жасорат билан талпинишидир:

 

	 Улуғ Тангрим, сени аччиқ соғиндим…								 

                                    

2006 й

ХХ АСР ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИДА ПОЭТИК ОБРАЗ ВА УНИНГ ТАДРИЖИ

ХХ аср ўзбек шеъриятида поэтик образ ва унинг тадрижи

 

Бадиий адабиётда образнинг тутган ўрни жуда муҳим ҳисобланади. Образга юкланган миссиясига қараб, санъат асарининг салмоғини чамалаш мумкин. Шоир ижод йўлида маълум бир юқори даражаларга эришгандан сўнг, у дунёни шунчаки эмоционал – эмпирик тарзда қабул қилиш билан қаноатланмайди, балки асосий бадиий ғояларини образнинг зиммасига юклай бошлайди. Шунга кўра ҳар қандай шоирнинг шеърий меросини сувдан кўтариб кўрганимизда, элакда гўзал поэтик санъатлардан ҳам олдин кўзга «ярқ» этиб ташланадиган элемент бу образдир. Сирасини айтганда, яратган образларнинг салмоғи, характери ва яна шунинг каби кўплаб хусусиятларини чамалаш асносида ижодкорнинг дунёни бадиий – эстетик идрок қилиш табиатини тушуниш мумкин. Ушбу хусусиятларини баҳолаш натижасида эса шоирнинг адабиётдаги ўрни, ижодининг моҳияти, янгилиги ва ўзига хослиги тўғрисида сўз юритилади.

Образ жуда кенг тушунча. У олам – объектив борлиқ ва ижодкор – субъектив борлиқнинг ўзаро «тўқнашуви»дан пайдо бўлади. Образ – бу воқеликдан кўчирилган калка – нусха эмас. Унда ижодкорнинг индивидуал ёндашуви акс этади. Агар мана шу ёндашув бўлмаганда эди, бадиий адабиётдаги образ тушунчаси ўзининг кўп қатламли моҳиятини йўқотган бўларди. Чунки айнан образга юкланган индивидуаллик алал-оқибатда унинг жозибасини оширади, яъни образни турли-туман нуқтаи назардан туриб баҳолаш, талқин этиш имконини беради.

Образнинг кучи, жозибаси яна шундаки, у шоир ифодаламоқчи бўлган фикр, ҳис-туйғу ва кечинмани маъно жиҳатидан товлантириб беради. Яъни ўз кайфиятини айниқса, рамзий образ орқали акс эттирган шоир шу нарсага эришадики, энди уни ҳар ўқувчи ўзига таниш манзараларда тушунади. У яратган образлар мухлислар қалбида янгидан инкишоф этилади. Шу маънода ҳар бир ўқувчининг юрагида ўз «Гўзал»и, (Чўлпон), ўз «Наъматаг»и (Ойбек) ва ўз «Тилла балиқча»си яшайди. Демак, шоир образ орқали фикрлай бошлаганда фикрини охиригача айтмайди. Чунки бу ишни ўқувчининг ўзи бажаради. Шу тарзда санъатнинг, шеъриятнинг эстетик таъсир майдони кенгайиб боради.

60-йиллар охири ва 70-йилларга келиб давр яна ўзгаришга юз бурди. Чунки Сталин вафотидан сўнг мамлакатда кўз очган илиқлик кайфияти секин-аста ўз мевасини бера бошлаганди. Натижада поэтик образнинг зиммасига юкланадиган бадиий юк ҳам янгиланди. Дастлаб рус адабиётида ниш урган эркин тафаккурнинг куртаклари ўзбек шоирларининг шеърларида ҳам кўрина бошлади. Шоир ўз эътиборини социалистик қурилишларнинг дабдабасидан олиб, кўнгилга қаратди, ўзини ўзи тафтиш эта бошлади. Инсоннинг бахти ва бахтсизлиги ҳақида ўйлади. Р. Парфи, А. Орипов, Э. Воҳидов каби шоирларнинг шеърларидаги энг яшовчан образлар (масалан, Р. Парфида «Бир қушча деразам ёнида» шеъридаги қушча образи) ана шу зайилда дунёга келди. 70-йилларнинг ўрталаридан бошлаб эса тағин бир янги авлод шеъриятида ўзгача поэтик образлар кезиб қолди: бу ердаги лирик қаҳрамонлар жамиятни ва инсонни тузатишга астойдил бел боғлаган адолатпарвар, ватанпарварлар образлари бўлиб майдонга чиқдилар. Бу ҳолни Ш. Раҳмон, Х. Даврон, У. Азим каби шоирларнинг шеърлари мисолида кузатиш мумкин.

								
	              Жоним-жигаримсан,
                      Сен-да одамсан,          
                      Лоақал кўзингда бир ёш кўрсайдим,          
                      Лоақал қовушиб қолган қўлингда          
                      Ёвларга аталган бир тош кўрсайдим.           
                                                  (Ш. Рахмон)                                         

																						   

Шеърнинг 1983 йилда, яъни юртимиз ҳали истиқлолга эришмаган бир тарихий паллада ёзилганини эсласак, масаланинг моҳияти теранроқ англашилади. Шеърда ватан учун куйиб ёнаётган образ мавжуд. Бу образ миллатпарвар, ватанпарвар, озодлик йўлида жонини беришга тайёр қаҳрамон бўлиб гавдаланади.

								
	              Бўлиниб боряпман минг бир бўлакка,
                      Хотирам йўқликка қоришиб кетди.
                      Селдай оқиб кетди кўксимдан юрак,          
                      Фақат хаёл тошдай қотди  бошимда.          

                      Чинорнинг тагида бўлиниб ётибман,          
                      Шунда бир сўз баргдай лабимга қўнар:          
                      «Ватан» дейман, такрор айтамен «Ватан»…          
                      Бирлаша бошлайди юрак, ақл, тан…           
                                                   (У. Азим).                                       

																						   

Ҳаёт сўқмоқларида бўлиниб бораётган инсонни тиклашга, унинг парчаларини қайта бирлаштиришга қодир ягона куч – шоир назарида – Ватандир. Мана шу тарзда У. Азим, Х. Даврон ва Ш. Рахмонлар шеъриятида Ватан бир улкан поэтик образ сифатида бўй кўрсатади. Бу образ шеърга кўчиб яшайди ва такомиллашади.

Ҳар бир тарихий давр ўзининг муаммолари билан яшайди. Бундай яшаш давр кайфиятини белгилайди ҳамда айни кайфиятни ўзида мужассам этади, уни акс эттиради. Демак, шеъриятдаги образлар ҳам ўз-ўзидан шу давр кайфиятининг ўзига хос моделлари сифатида дунёга келади. Биз поэтик образ моҳиятига кириб борар эканмиз, ўз-ўзидан мазкур образни яратган давр кайфияти билан ҳам танишиб борамиз. Яна ҳар бир давр муайян поэтик образнинг табиатидан ўзига яқин ва таниш бўлган нималарнидир топиб олади. Бу эса образнинг умрбоқийлигини таъмин этадиган омиллардан саналади. Кўринадики, образ бу — умумлашма макет. У шундай бир трамплинки, у ердан ўқувчи ўз имконига – маънавий эстетик тайёргарлигига қараб, истаган томонига учиб кетиши мумкин. (Албатта, образнинг моҳияти ва табиати берган имкон доирасида).

Шеъриятда (умуман, санъат соҳасида) яратилган образлар моҳиятини тадқиқ этиш шоир (санъаткор)нинг воқелик билан муносабатига ойдинлик киритади. В. Хализев образнинг икки хилини ажратади: англам феномени сифатидаги образ ва тасаввурнинг ҳиссий (кўриш ва эшитиш воситасида) гавдаланиши орқали ҳосил бўлувчи образ . А. Потебня эса «Фикр ва тил» номли тадқиқотида образни «тасаввурнинг қайта ишланиши» деб атайди. В. Хализев айни «образ»ни санъат назарияси учун энг ўринли эканини қайд этади. Албатта, образ турли хил бўлади: унинг илмий-илюстратив, фактик ва бадиий кўринишлари ҳақида кўп ёзилган. Шулардан бадиий образ айрим ҳолларда ўйлаб топилган бўлиши ҳам мумкин. Унинг айнан ўхшаши – эквиваленти реал ҳаётда бўлиши шарт эмас. Аммо бу — бадиий образ ҳаётдан тамоман узилган бўлиши мумкин, дегани эмас. Ҳар қанча ўйлаб топилган бўлмасин, ўзининг моҳият-эътибори билан кишилик турмушининг, унинг кўнглининг қайси бир ҳолатларини инъикоси сифатида дунёга келгани боис, бундай образлар ҳам ҳаёт билан чамбарчас боғланган саналади. Ҳатто бадиий образнинг моҳияти романтик бўлса ҳам, барибир, у инсониятнинг ҳаёл ва орзуларини акс эттирганига кўра реал заминга эга ҳисобланади.

Кейинги вақтларда образ тушунчасида муайян ўзгаришлар юз бергани тўғрисида ёзиляпти. Чунончи, семиотика фанининг асосий тушунчаси – белги айрим ўринларда образга тенг маънода қўллана бошлангани ҳақида илмий қарашлари илгари сурилмоқда. Лекин чуқурроқ мушоҳада этилса, белги образ зиммасига юкланган вазифани тўла-тўкис бажара олмаслиги аён бўлади. «Белги образ деган анъанавий тушунчани бекор қилмади, лекин унга ўзга – янаям кенг маъно контекстини бағишлади» деб ёзади Е. Хализев. Ушбу назарий фикрни инкор қилмаган ҳолда, айтиш жоизки, белги образга элтувчи йўлдаги кўрсаткич ишораларидир. Образ ана шундай белгиларнинг муайян мақсад сари йўналтирилган тизимига тенг. Бу дегани шуки, белги ҳар доим ҳам образга тенг эмас. Айрим ҳоллардагина муайян белги образ даражасига чиқиши мумкин. Аслида образ белгига нисбатан анча кенг ва салмоқли тушунча. Мана шунинг учун ҳам шоир яратган образлар мазмун-моҳиятини текшириш орқали унинг бутун ижоди моҳиятини англаш мумкин бўлади. Унинг ижодида белгилар жуда кўп учраши мумкин, бироқ ҳақиқий образларнинг бутун бошли галареясига дуч келиш қийинроқ. Кўринадики, ХХ аср ўзбек шеърияти тонг отарида миллат, юрт озодлиги учун, унинг маърифатли бўлиши учун жонини ҳам тикишга тайёр қаҳрамон образи мавжуд эди (Чўлпон, Фитрат шеърларида). Кейин эса бу образ истар-истамас улкан империянинг соц. қурилишларига тортилиб кетди.(У. Носир, Ҳ. Олимжон, Ғайратий, Ғ. Ғулом ва қисман Ойбек шеъриятида). Иккинчи жаҳон уруши йилларида бўлса, у «қўлингга қурол ол» мурожаатига амал қилиб, фашистларга қарши курашга сафарбар этилди. Урушдан кейин ва то 60-йилларнинг ўрталарига қадар эса шеъриятдаги образ гўё нафас олмай қўйди. Унинг бор-йўқлиги билинмай қолди. Чунки таъкидланганидек, ҳар бир давр образга муайян ғоявий, бадиий, эстетик ва маънавий юк юклайди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, урушдан кейинги 15-20 йиллик муддат мамлакатимизнинг сиёсий-иқтисодий тарихига тикланиш деган ном остида кирган бўлса ҳам маънавий ҳаётимизда чинакам турғунлик даври бўлди. Бу эса адабиётга ўз таъсирини ўтказмай қўймади. Чунки образ муаллиф ва ташқи дунё ўртасидаги ўзига хос алоқа воситасидир. Образ объектив борлиқ ва шоир – субъект ўртасида барпо этилган энг ишончли кўприк. Ҳассос ўқувчи бу кўприк орқали бир вақтнинг ўзида ҳам шоирнинг бадиий эстетик оламига, ҳам у яшаган даврнинг ғоявий-маънавий сарҳадларига саёҳат қилиши мумкин. Шундай экан, образ бу – объект – реал борлиқ билан субъект – муаллиф учрашган лаҳзада ўртада пайдо бўлган жамики мулоқотларнинг онг ва қалбдаги сувратларига тенг. Бундай образ ҳар бир ижодкор учун унинг ўзигагина тегишли мулоқот саналади.

Поэтик образ ўз-ўзича яшамайди. У бадиий ғоя ва кўпдан кўп бадиий деталлар билан биргаликда муайян узилмас халқани ташкил этади. Айни чоғда таъкидлаб айтиш жоизки, баъзи ҳолларда бадиий образ маълум бир шеърни тутиб турган бадиий компонентларнинг зуҳуроти – ягона суврати тарзида ҳам намоён бўлиши мумкин.

Шоир поэтик образ орқали тушунча, фикр ва қарашлар макетини яратиши мумкин. Бундай макет ўзининг ички мазмунига кўра универсал бўлади. Шу маънодаки, у ўқувчининг дунёқараши, адабий тайёргарлиги, мақсади ва бошқасига қараб туриб турли-туман талқинлар эшигини очиб бораверади. Бас, шундай экан, ишонч билан айтиш мумкин: ижодкорлар бадиий образ орқали фикрлай бошлаши унинг чинакам санъат оламига қадам қўйганидан далолат беради.

Демак, 60-йилларнинг ўрталаригача давом этган маънавий турғунликдан сўнг ўзбек шеъриятида янги саҳифа очилди. Чунки бу ишни янгиланган поэтик тафаккурнинг меваси – янги образ адо этган эди. 60- ва 70-йилларнинг аввалида шеърият майдонига кириб келган поэтик образ аввалгилардан яққол ажралиб турарди. У ўз ватанини, ўз она тилини, ўз мунис халқини, унинг қадриятларини жон дилидан севишини айтишдан чўчимайдиган қаҳрамон эди. У ўз нигоҳини улкан империянинг соц.қурилишларидан, дабдабасидан олиб, ўзининг ва ёнидаги инсоннинг кўнглига қаратганди. Кўнгилни куйлади, унинг дардларини тараннум этишни шеъриятнинг бош омоли деб билди. 70- ва 80-йилларда эса шеъриятда яна бир образ пайдо бўлди. У муросасиз чиқди. Унинг адолатпарварлиги ва ватанпарварлиги 60-йиллар авлодиникидан ўтиб тушди. Уларнинг уринишлари ижтимоий дардни ўзининг, шоирнинг дардига айлантирган Чўлпоннинг чирпанишларини ёдга соларди. Яъни бу авлодда ҳам худди Чўлпону Фитратда бўлгани каби шоирлик ва фуқаролик бурчлари бирлашиб, айнилашиб кетди. Натижада шеъриятда жанговар, адолатпарвар, ватанпарвар, элпарвар қахрамоннинг поэтик образи дунёга келди. Бу нарса маълум маънода ижтимоий публицистикани, яланғоч ғояпарастликни ҳам юзага чиқарди.

90-йилларга келиб, яъни юртимиз истиқлолга муяссар бўлгандан кейин эса шеърият зиммасидаги айрим ижтимоий буюртмалардан холос бўлиб, назмнинг азалий тамойилларига юз бурди. Демак, ҳар қандай давр шеъриятини олиб ўрганиб чиқсак, шу нарсанинг шоҳиди бўламизки, унинг ўзига хос услуби, ифода йўсини, оҳанги, ғоялари тагзаминида ўз даврининг сиёсий-тарихий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-руҳоний эврилишлари ётади. Бу эврилишлар шоир ижодида бетакрор поэтик образларда акс эттирилсагина шеърнинг замонлар синовидан ўтишига умид қилинади.

МУҲАББАТНИНГ ЭНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИҒИ

Муҳаббатнинг энг гўзал қўшиғи

Антуан де Сент – Экзюпери. Кичкина шаҳзода.

Тошкент. 1986. (Х. Султонов таржимаси).

    Қизиқ, бадиий адабиётда измларнинг кучи, даражаси ва одамларга таъсири қандай ўлчаниши керак экан? Бу соҳанинг тарихига назар ташласак, гўё ҳаммаси беш қўлдек аён: натурализм, романтизм, реализм, модернизм каби оқимлар инсоннинг дунёни бадиий эстетик жиҳатдан қабул қилиш даври ва даражасига қараб, бири бошқасининг ўрнини олиб келаверган. Бир қарашда оқимлар ўтмиши гўё ҳамма сирни ошкор қилаётгандек. Яъни вақтида ижодкор натурализм оқимида ижод қилган, табиийки, ўқувчи ҳам шу хил асарларни тушунган ва севиб мутолаа қилган. Кейин турмуш тарзининг ўзгариши билан, унинг тафаккур тарзида ҳам олдинга силжиш юз берган, натижада бошқа оқимлар пайдо бўлган. Бундан шу нарса келиб чиқадики, ҳар бир даврнинг ўқувчиси фақат ўз даврида расм бўлган оқим адабиётини севиб ўқийди. Шундайми?..

«Кичкина шаҳзода» асари менинг қўлимга жуда кеч тушди. Тахминан, қирқнинг остонасида. Шунга қарамай, мен уни такрор мутолаа қилиш эҳтиёжини туйдим. Ичимда нотаниш бир туйғ у айтиб турибдики, Худо умрдан қисмаса, олдинда ҳали яна унга қайтаман. Хўш, нега? Ахир, асар ўз мазмун-моҳияти ва ифода тарзига кўра бугунги кунда мода бўлаётган оқимдан (масалан, модернизмдан) кўра кўпроқ романтизм руҳига мос-ку! Энг камида асардаги фантастик ифода йўсини бизнинг шундай хулоса чиқаришга ундаб туради. Қолаверса, асар замонавий эртакдек мутолаа қилинади. Бироқ… Ҳамма гап ана шу бироқда!..

Бироқ бугунги кун ўқувчиси ҳам «Кичкина шаҳзода»ни севиб ўқийди. Асар тиллардан тилларга таржима бўлади, қайта-қайта нашр қилинади. Мана шуларни ўйлаб туриб, ўзимча мушоҳада қиламан: демак, асарнинг қайси «изм»да ёзилгани унча муҳим эмас экан. Энг муҳими, у истеъдод билан ёзилганми йўқми?. Ҳамма гап шунда экан.

«Кичкина шаҳзода» аввало, ер юзида яшаб ўтган, яшаётган ва келажакда яшайдиган ҳар бир киши ҳақида, ундаги болалар ва катталар ҳақида, катта бўлиб қолган болалар ҳақида, катта бўлиб болалигини унутган катталар ҳақида. Унда болалар дунёси билан катталар дунёси бор. Уларнинг зиддияти, мангу кураши мавжуд. Ушбу асар ҳаётнинг мағ зи, дунёга келиб кетишнинг энг муҳим жиҳатлари тўғ рисида ғ оят жозиб қарашларни ўзида жо этган. Унда инсон ҳаётидаги муҳим ва номуҳим факторлар жуда таъсирли акс эттирилган. Дўстлик, муҳаббат деган тушунчаларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг моҳияти, дўстни ва кўнгил қўйган киши учун масъуллик ҳақида оригинал ёндошувлар бор. Асарни қайта қайта мутолаа қилар экансан, болаликнинг инсон умридаги жаннат эканлигига шубҳа қилмайсан киши. Улғ айгач, ўз ёшилиги, ундан болалигига хаёлан саёҳат қилишни билмайдиган, ўз болалигига элтувчи йўллари кўмилиб кетган кишининг дунёдаги энг бахтсиз инсон эканлиги аён бўлади. Ҳа, «Кичкина шаҳзода» айтадики, чинакам қашшоқ чўнтагида бир мири йўқ киши эмас, йўқ, балки юрагида болалигини олиб юрмаган, уни мангуга йўқотган шўрликдир. Чунки эътибор бериб ўқиган бўлсангиз, асарнинг ҳар ер-ҳар ерида катталарга мурожаат мавжуд. Кичкина шаҳзода турли сайёралар бўйлаб саёҳат қилади ва деярли ҳамма жойда катталарга рўбарў келади. Бири кимсасиз жимитдек оролда ўзини қирол деб ўйлайди, бошқаси эса ҳувиллаган шундай оролда шуҳратпарастлик касалига дучор бўлган чиқади. Учинчиси эса ўзини муҳим иш билан машғ ул бўлган корчалондек тутади. Чуқурроқ мушоҳада этилса, бу бенаво кишилар барча завмонлардаги катталарнинг ўзига хос образи бўлиб кўринади. Фақат катталаргина ўзини мана шундай тутади. Биргина корчалоннинг қилмишини эслайлик. У кечаю кундуз ўтириб олиб ҳисоб-китоб билан шуғ улланади. «Нима қилаяпсан?» деб сўраса, «Муҳим иш билан бандман, номуҳимларга эса вақтим йўқ» қабилида жавоб беради. «Хўш, у муҳим иш нимадан иборат?» деса, «юлдузларни ҳисобини олишдан» деб ажабтовур жавоб беради. Энг қизиғ и, ҳисоб ҳисоб учун эканлигида. Юлдузларни санаб, унинг қоғ озга ёзиб, банк ғ аладонига солиб қўйишдан нима мантиқ ва наф борлигини Кичкина шаҳзода шу уриниб тушунолмайди. Умуман, биз, ўқувчи-чи? Тушунамизми? Ўша бедаво ишбилармон кеча, бугун ва эрта – ҳамма замонларнинг ўзига хос типларининг ёрқин образи эмасми? Ахир, бутун умрини фақат пул – ҳисобсиз қоғ оз топишдан, ниҳоят, бу қоғ озларни рақамга айлантириб ўз ҳисобларига ёзиб қўйиб, лекин улардан тузукроқ фойдалана олмай, қандай фойдаланишни ҳам билмай ўлиб кетадиган, кетаётган одамлар хаёлингизга келмаяптими? Шундай одамларга қиёсан Кичкина шаҳзода бола бўлишига қарамай, ҳаётга тўғ рироқ муносабатда бўлмаяптими? Ахир, айнан у катталарга қиёсан мангу қадриятларга кўпроқ боғ ланган-ку! Дўстликни, бошқа бировга кўнгил қўйишни (муҳаббатни), оқибатни, табиатни севишни умрнинг бош мазмуни дея билаяпти-ку!

Хўш, агар Кичкина шаҳзода ровийнинг ёшлиги бўлса, демак, дунёда ҳар бир инсоннинг ҳаётида «шаҳзодалик» — болалик даври бўлади. Болалик – подшолик, дейди бизнинг халқ. Кейинчи? Кейин нега инсон улғ айган сайин қуллик даври бошланади? Нега у ҳисоб-китобга, рақамларга, бойликка, мансабга, ҳукмронликка қул бўлиб боради? Кичкина шаҳзодани эсланг. Ҳар бир оролга бориб, у ердаги катталар билан ҳамсуҳбат бўлгандан кейин «Нега катталар бунақа, нима учун?» деган саволни бераверади.

«Кел, менга бир яхшилик қил, яйраб қолай: мени бир мақтагин!» дейди сайёраларнинг биридаги шуҳратпараст. «Мақташга-ку, мақтайман-а, — дейди Кичкина шаҳзода хиёл елка қисиб, — аммо бундан сенга нима наф?» Дарҳақиқат, ушбу асарни ўқиб чиққан ақли расо катта одам маълум бир вақт (ёки бир умр) ўзига-ўзи савол бериб яшашга одатланади: «Мен нима қилаяпман? Қилаётган ишимнинг салмоғ и ва бошқаларга бирон нафи борми?» ва ҳоказо. Гарчи катта одам ўз турмуш йўлида бирон ўзгариш ясамаса-да, барибир, унинг хаёлида ўралашиб қолган ана шундай саволлар қачонлардир дунёдаги рост ва ёлғ он қадриятларнинг сиру асрори сари етаклаб боришига ишонгинг келади.

Назаримда, «Кичкина шаҳзода»даги энг таъсирчан нуқта — Кичкина шаҳзоданинг кафтдеккина сайёрасидаги антиқа гул ва у билан бўлган ўзаро муносабат. Шу муносабатда инсонлар ўртасидаги дўстлик, севги, оқибат, масъулият каби туйғ уларнинг моҳияти очиб берилган, деб айтгим келади. Менга қолса, жаҳон адабиётида муҳаббатнинг бундан ортиқ ва бундан гўзал таърифи йўқ!

Феруза гул Кичкина шаҳзода сайёрасида ягона эди. У шу гулга ғ амхўрлик кўрсата бошлаганди. Кейин у саёҳатга чиқади. Сафарда экан, феруза гулни тез-тез эслайди, қўмсайди. Бироқ бир куни ер сайёрасига келиб қолганда, тасодифан ана шунақа феруза гуллардан беш мингтасига дуч келади. Улар бутун бошли чаманзор эди. Шунда «У майса узра юзтубан тушганча, йиғ лаб юбор(а)ди». Чунки унинг хаёлидан шундай фикрлар ўтади: «ўзимга, дунёда танҳо гулга эгаман, деб юрардим, ҳеч қайда унинг тенгию ўхшаши йўқ деб ўйлардим, ваҳоланки, у оддийгина гул экан…»

Бироқ Кичкина шаҳзода шу тушунчасида қолиб кетмайди. Агар қолиб кетганда эди, дунёда гулдан гулнинг, инсондан эса инсоннинг фарқи бўлмасди. Фарқи бўлмадими, демак, қиммати ҳам, қадри ҳам бўлмайди. Чунки дунёда нима куп, тирик жон куп: Гул кўп, одам кўп. Ҳаётнинг ҳар бир бурилишида яқинларинг томонидан осонгина воз кечиб кетиладиган милионлардан бири ўлароқ ўзингни ҳис этиш оғ ир – жудаям оғ ир… Эҳтимол, мана шу оғ ирликни кўтара олмай Кичкина шаҳзода ерга юзтубан ётиб, олиб йиғ лаб юборгандир…

Шу аснода Тулки пайдо бўлади. (Бу ўринда Тулки Шарқда урф бўлган қарашдан фарқ қилиб, донишмандлик рамзи ўлароқ гавдаланади) ва Кичкина шаҳзодага дўстлик, муҳаббат сир-асрорини ўргатади. Унга кўра бу нарса ғ оят оддий.

- Фақат қўлга ўргатилган нарсаларнигина билиб олиш мумкин,- дейди Тулки. — Ҳозир одамларнинг бирор нарсани билишга вақти қолмаган. Ҳамма нарсани тайёр магазиндан олишади. Лекин дўст сотадиган магазин йўқ-да, шунинг учун ҳам одамлар энди дўст орттирмайди. Агар дўст орттирмоқчи бўлсанг, мени қўлга ўргатақол!

Кичкина шаҳзода рози бўлади. Улар дўст тутинишади. Бир-бирларини яқиндан билишади. Илк суҳбатлардан бирида Тулки айтганди: «Қара, буғ дой ғ арқ пишиб ётибди. Мен дон-дун емайман. Ғалла билан Ишим йўқ. Буғ дойзор далаларининг мен учун ҳеч қандай маъноси йўқ… Сенинг сочларинг ажойиб, тилларанг товланади. Агар мени қўлга ўргатсанг, шундай соз бўладики! Олтин тусли буғ дойзор энди менга сени эслата бошлайди. Ва шунда мен бошоқларнинг шамолда чайқалишини яхши кўриб қоламан…»

Биз бир-биримизга ўргансак, бир-биримиз учун дунёда ягона бўлиб қоламиз, дейди у яна бир бошқа ўринда…

Шундай эврилишлардан ўтган Кичкина шаҳзоданинг ўз сайёрасидаги феруза гулига бўлган муносабати ўзгаради. У чаманзорга бориб гулларга тикилиб дейди:

- Сизлар менинг феруза гулимга сираям ўхшамайсизлар… Сизлар ҳали ҳеч нима эмассизлар, чунки сизларни бирон кимса қўлга ўргатган эмас, сизлар ҳам бирон кимсани қўлга ўргатган эмассизлар. Менинг тулким ҳам аввал шундай эди, юз минглаб бошқа тулкилардан асло фарқи йўқ эди. Аммо мен у билан дўст тутиндим, энди у мен учун ёруғ оламдаги ягона тулкига айланди.

- Гулинг сенга шунинг учун ҳам қадрлики, унга кўнглингни бергансан,- дейди, тулки хайрлашиш чоғ ида, — одамлар бир ҳақиқатни унутдилар. Аммо сен асло ёдингдан чиқарма: кимники қўлга ўргатган бўлсанг, унинг тақдирига ҳамиша жавобгарсан. Унутма, феруза гулинг учун ҳам жавобгарсан…

Ушбу асар фалсафасига кўра дўстлик, муҳаббат деганлари аввало бир-бирларини билиш, бир-бирларига кўникиш… кейин эса ана шундай киши (ёки нарса) учун масъуллик ҳиссининг пайдо бўлиши, демакдир. Назаримда, айни ракурсдан туриб қаралганда, фалончининг бошига мусибат тушганда унга қўшилиб юм-юм йиғ лашимизу пистончи учун эса «оҳ!» деб қўймаслигимизнинг туб сабаби юз очгандек бўлади.

«Кичкина шаҳзода» қиссаси бир қарашда эртакдек ўқилади, шундай қабул қилинади. Лекин ушбу замонавий эртакда бугунги реал ҳаётимиз учун, айниқса, катталар ҳаёти учун мушоҳада этиб, мағ зини чақиб кўрадиган талай ҳикматлар борки, тушунган одамнинг ақли шошади. Ҳа, қисса бир қарашда адабиёт эмасдек, бошқа бир қарашда эса ундан каттароқ адабиёт йўқдек…

«Кичкина шаҳзода» асари болалик оламига бағ ишланган ва сўздан бино этилган муаззам ҳайкал!

- Фақат болаларгина нима излаб юрганини билади,- дейди Кичкина шаҳзода, — улар латта қўғ ирчоққа ҳам юрак бағ рини бериб меҳр қўяди… Шу сабабли боладан қўғ ирчоғ и тортиб олинса, ўксиб-ўксиб йиғ лайди…

Ким билади, бойлик, мартаба ва шон-шуҳрат каби адоқсиз ҳаваслар лабиринтида адашиб юрган катталарнинг бутун уринишларию чекаётган заҳматлари ўша боланинг қўғ ирчоққа берган меҳри қаршисида чинданам жудаям арзимасдир…

ХХ АСР МАШРАБИ

ХХ аср машраби

1

    Халқона ифода, халқона йўл бир қарашда жуда осондек. Аслида-чи? Аслида бу йўлда элга манзур қиладиган тўрт қатор шеър ёзиш учун шоирнинг руҳи кўпнинг руҳига- умумруҳга ғарқ бўлган ёки унга ҳамоҳанг бўлмоғи шарт. Бу дегани шуки, маълум бир ижтимоий-психологик даврда шаклланган шоир дунёқараши нафақат шу палладаги халқ кайфиятини, балки, умуман, у ёки бу халқ кайфиятидаги доминант хусусиятларни ўзида жамлаган бўлиши зарур. Бу ҳол, аввало, туғма равишда шоир руҳига кўчган, қолаверса, тарбия уни ривожлантирган бўлмоғи зарур. М.Юсуф шу жиҳатдан рисоладаги шоирдир.

Шоир шеъриятида бир образ бор. У андак тўпори, андак думбул, бироқ ўта самимий, юраги тоза. Айнан шу образ нигоҳи билан дунёга назар солар экансиз, бошқа вақтда cизга ғалати бўлиб кўринадиган гаплар, ҳолатлар ҳам энди эриш туюлмайди. Чунончи «Озода» деган шеърни олинг. Лирик қаҳрамон Озодани севган, ҳануз севади… Бироқ унинг ёши ҳам, ёрнинг ёши ҳам, ўн саккизда ё йигирма бирда эмас, балки аллақачон қирқни қоралаб қолган.

	Йигит қирқда қирчиллаб ғарқ пишади,
	Эрта-индин сочларимга оқ тушади,
	Чин ошиқлар қирқ йилда топишади!
	Озодани севаман мен, Озодани.

Айнан шунинг учун ҳам одамлар ошиқни кўрсатиб куладилар:

	Тушунмаслар кулади: эсиз-эсиз,
	Кимлар эрмак қилади: эсиз-эсиз...

Лекин ошиқнинг булар билан иши йўқ, тўғрироғи, у бундайлардан қўрқмайди, ҳатто дўлвор характери боис «тушунмасларга» дўқ-пўписа қилади: «Хотиним ҳам билади, нима дейсиз?» Эҳтимол, шеърни шеър этиб турган унсур айнан шу ўриндаги «пўписада»дир – «Нима дейсиз?». Келинг, болаликка, болалар ҳаётига бир қайтайлик. Улар ўртасидаги ўзаро муомалани, айниқса, икки ўғил бола тортишиб қолиб бир-бирига жўжахўроздек ташланиш олдидан айтадиган сўнгги жумлани эслайлик: «Нима дейсан?» Юқоридаги шеърда ҳам лирик қахрамон ўз туйғуларини бир текисда баён этиб келаркан, бир ўринда «шоп» этиб болалик баҳрига тушиб кетади ва болага ўхшаб,йўқ, бола бўлиб дўқ уради: «Нима дейсиз?»…

Чинакам шеърият болалик билан боғлиқ эканлиги тўғрисидаги иқрорларга сизнинг ҳам кўзингиз тушган бўлса ва сиз ушбуни қабул қилишга мойил эсангиз, мени тезроқ ва теранроқ тушунасиз. Яна-да тўғриси, шоир Муҳаммад Юсуфни. Чунки, фикри ожизимча, М.Юсуф деб аталмиш ижодкор шеъриятини кўтариб турган унсурлардан бири, шубҳасиз, шоирни бот-бот ана шу болалик денгизига «тушиб кетиши» ва у ердан ҳаммамизга дахлдор марваридни – кўнгил асрорини кўтариб чиқишидир. Жумлани андак умимийлаштириб, илмийроқ тус берсак, қуйидаги кўринишга келади: «Болаликка қайтиш йўлларини йўқотган, инчунун, болалик хотиралари билан тиллашишдан маҳрум ижодкордан, — хоҳ у рассом бўлсин, хоҳ шоиру ёзувчи, қатъи назар,- пичоққа илингулик бирон асарнинг қолиши маҳол…

2

Ўзбек халқининг руҳиятида азалдан мусиқа яшаб келгандек. Бу халқ оҳангни, мусиқийликни жудаям яхши кўради. Шунинг учун бўлса керак, 20 -йилларда Чўлпон, 30 – йилларда Усмон Носир,Ҳамид Олимжон, 60 – йилларгача ?афур ?улом, 60-70 – йилларда Абдулла Орипов, 80- йилларда Усмон Азим,90 – йилларда Муҳаммад Юсуф каби шоирлар шеърияти, қайсики, мусиқийликка асосланган, қуйма мисралари халқимизга энг кўп манзур бўлди.

Оҳанг… Берилиброқ тингланса ҳамда чуқурроқ мушоҳада этилса, дунё бошдан оёқ оҳангларга йўғрилгандир. Фақат инсон боласи сўнгги бир аср давомида цивилизациянинг шовқини орасидан ўша табиий оҳангни тополмай қийналаётир. Тўғрироғи, шовқинга кўникиб бораётир. Шунга қарамай, шукрки, ўша оҳанг гоҳи-гоҳида қулоқларимизга чалиниб қолади ва биз ўзимизни асл ҳолимизга бир муддат бўлсин қайтгандек ҳис қиламиз. М.Юсуфнинг шеърларидагина эмас, ҳатто тушган сувратларида, юз тузилишида, кўз қарашларида, умуман, бутун қиёфасида маъюс бир оҳанг яшардики, шоир шеърияти ана шу билан қоим эди гўё. Ҳатто бу шеъриятнинг беҳад халқчиллиги, Қодирий романлари сингари миллийлиги айни оҳанг билан изоҳланар, балки…

Мунаққид Раҳимжон Раҳмат “Жаннат соғинчи” деб номланган мақоласида ички, ботиний оҳанг ҳақида ёзади: “Шеър оҳангидан маъно уқа оладиган ўқувчи анча кам. Ҳолбуки, шеър оҳангини илғаш орқали унинг мазмунини чуқур ҳис этамиз. Лекин оҳанг деганда фақат сўзлар жарангини тушуниш ҳам нотўғри. Сўзнинг энг жозибали сифати мусиқа оҳангларида ифодаланади. Мусиқанинг ҳар бир нозик тебраниши қайсидир алоҳида сўзнинг маъносидир. Яъни мусиқада сўз ўз маъно оламини оҳанг тарзида намоён этади.”

Муҳаммад Юсуф шеърларининг қудрати ҳам айнан оҳанг ёрдамида ҳис қилинади. Фақат айтилганидек, оҳанг сўз қобиғидагина эмас(бу ҳам бор албатта),балки, аввало, шеърни вужудга келтирган кечинма бағрида тебраниб яшайди. Шеърни тушуниш, аслида шу оҳангни қалб қулоқларимиз билан тинглашдир. М.Юсуфнинг шоирлигига шубҳа кўзи билан қарайдиган беписанд кишилар, назаримда, айнан шундай қулоқдан — қалб мўъжизасидан маҳрумдирлар. Эҳтмол, қўполлашгандирман. Эҳтимол, бундай хулоса учун “беписанд”лардан узр сўрашим кераклигини айтарсиз. Йўқ, яна бир бор йўқ, дейман. Чунки шоир ҳақида “у шоир эмас, гапни қофияга соладиган, бахшига ўхшаган бир сўзбоз” дейишга ботинувчи кишилардан узр сўрашга тил айланмайди.

М. Юсуф дунёга шоир бўлиб келди, шоирлигича кетди. У тақдирнинг қайси бир найрангларига учиб, шоирликни бой бериб қўймади. Ёхуд шахсий, оилавий ҳузур ҳаловати йўлида ёғли ваъдаларга “бартер” қилиб юбормади. Аксинча, қаерда ишламасин, халқнинг қандай эътибори-ю муҳаббатига сазовор бўлмасин,барибир, умрининг сўнгигача бир инсон сифатида чинаккамига изтироб чека билди. Шоирлик эса айнан шу ердан бошланади. Ха, у туғилганда Худо унинг юрагига бир оҳанг солиб қўйганди. Муҳаммад Юсуф умрининг охиригача ҳам шу оҳангни йўқотиб қўймади,унга хиёнат қилмади. Шунинг учун ҳам, чинакам шоир ўз оҳангига эга бўлган шоирдир. У анъанавий йўлда ёзадими, халқонадами ва ёҳуд бугун урф бўлаётган модернистик услубдами, фарқи йўқ, шеърияти замирида шоир умрининг, қалбининг оҳанги жимирлаб оқиб турмаса, у қайси олифта услубда ёзмасин, ўзини қайси бир илғор шеърият вакилларидан санамасин, бекор, беҳуда… М. Юсуф қўшиқлари қоғозга халқнинг дили ва тилига ҳамоҳанг бўлиб тушди. Бироқ асосий гап бундамас, балки шоирнинг таниш оҳангга нотанишу, танилишга юз бор арзигулик ўзлигини олиб кира билганидадир. Ҳа, у ўз руҳини, гўзал руҳини бизга таништирди. Ҳар қандай шеъриятнинг бирламчи унсури шундай руҳиятдир аслида. Шу маънода шеър шаклида фақат янгилик ортидан қуваётган ёш шоир дўстларимизга қуйидагиларни айтгим келади: «Сиз шакл ортидан эмас, балки руҳ ортидан қувинг. Сиз руҳни кутинг, руҳни топинг-да парвариш айлаб, «шеър» деб аталмиш қаср тархини чизишга таклиф қилинг. Сўнг уни ўз ҳолига қўйинг, токи, руҳ «қаср» тархини ўзига кўра «чизсин», ўз шаклини ўзи вужудга келтирсин. Эътибор беринг, аввалдан қуриб қўйилган «қаср» руҳга тўғри келмаслиги, унга ёқмаслиги мумкин. Аслида кўпинча шундай бўлади ҳам. Натижада шеър шакли, ифода йўсини қанчалик янгича, модернистик жарангламасин, унинг ботини «ярқ» этиб кўзга ташланмайди. Фикри ожизимча, бугунги ўзбек модернистик шеъриятининг ҳеч қурса нозик дидли, зиёли шеърхон ўртасида ҳам оммавийлашиб кетолмаётганининг сабабларидан бири шоир шахси муаммоси бўлса, иккинчиси шудир. Ҳар қандай шеър руҳи, пафоси ўз қиёфасию ўз оҳангига эга бўлади. Туғилиб келаётган руҳга ўз шаклини таклиф этмас эканмиз, у бизга ўзлигини танитмайди. Ўртадаги самимиятга путур етади. Бадиий асарда, -хоҳ у шеър, хоҳ роман бўлсин, — самимият бўлмаса, қолгани – бадиий приёмлару ташбеҳлар, кутилмаган топилмалару олифта бирикмалар… барча-барчаси бекор деган гап. Ижодкор юқорида таъкидлаганимиз қалб қулоғи ёрдамида ботинда пайдо бўлган шеърий руҳнинг ўз, асл оҳангини тинглай билиши жудаям зарур. Ҳатто шундай деса бўлади: шеърнинг мағзи, қудрати айни шу оҳангда яширин. Дард, фикр қанчалар салмоқдор ва гўзал бўлмасин, бадиий асарнинг умимий ҳолатига зиён етади, шеър таъсириям сусаяди… «Ҳақиқий шеърият ҳамиша оёқ остида. Мисралар қулунлар каби тупроққа ағанаб ётишибди. Тур, тойчоқ, чопамиз, десанг бас. Биз ҳар замон бир оёқ остига боқиб шеър топамиз. Кейин унинг чангини қоқамиз ва қанча кўп қоқсак – шунча шеър йўқотамиз»… – деб ёзади М. Юсуф «Осмоннинг охири» деб номланган мансурасида. Шоирнинг иқрори юқорида андак олимона тус берилган фикрнинг соддароқ, лекин образли қилиб айтилган бошқа шакли, холос.

	Шеърият бу қадим буюк
	Сўқмоқ экан.
	Кийиксўқмоқ экан, кийик 
	Сўқмоқ экан.

	Ширин азоб экан, жонни
	Ёқмоқ экан.
	Бир қўлда гул, бир қўлингда 
	Чақмоқ экан...

Ушбу шеър оҳангини “таржима” этишга уриниб кўрамиз. Шоир шеъриятнинг “ қадим буюк сўқмоқ экан”лигидан баҳс этяпти. Бу эътироф шеърнинг ташқи маъноси, холос. Асосий шеърий маъни ўзга бир ҳолат зиммасига юклатилмоқда. Яъники, маълум бир йўлни босиб ўтган шоир андак тин олиб, орқасига бир қайрилиб боқмоқда ва ўтилган йўл қайсидир маънода мушоҳада, қайсидир маънода сарҳисоб этилмоқда. Ниҳоят, шоирнинг самимий иқрори туғилмоқда. Айни иқрор сўзлар оқимидан вужудга келаётган оҳангга сингдирилган. Ўтмишни ифодаловчи “экан” ёрдамчи сўзи эса ўқувчига иқрорнинг таъсир қувватини кучайтириб бераётир.

	Юрагим-ей бошлаб келдинг
	мени қайга?
	Бағрим ўхшар пора-пора
	бўлган найга...

Табиийки, шеърнинг бошқа компонентлари, хусусан, гўзал ўхшатишлар, қаршилантиришлар шеър бадииятини, жозибадорлигини оширган, лирик қахрамон иқрорининг баланд парвозини таъминлаган. Чунончи, «бир қўлда гул, бир қўлингда чақмоқ экан» деганга ўхшаш инсон ҳаёти мангу зиддиятини биргина мисрага образли қилиб муҳрланганлиги назарда тутаётганимиз оҳанг маъносини кучайтираётир. Бундай мисолларни шоир шеъриятидан истаганча топиш мумкин. Эсланг: «Қўйнимда бир ёру кўнглимда бир ёр».

3

М. Юсуф бир қарашда кўринганидек силлиқ шоир эмас. У ўз анъанавийлиги доирасида исёнкордир, лекин исёнини ҳам пардозлаб, оҳанг ортига яшириб кетувчи шоирдир.

	Гулим, меҳр кўзда дегани ёлғон,
	Менинг дилимда ҳеч ўчмас ёлқинсиз,
	Қанча кўришмасак шунча қадрдон,
	Қанча олис бўлсак шунча яқинсиз.

Халқда «меҳр кўзда» деган ибора бор. Шоир эса доимо шундай бўлавермаслигини айтаётир, меҳр дилда ҳам бўлар экан. Бўлганда қандоқ. Кўз кўриб турмаса ҳам дилдаги ишқ ортгандан ортиб бораётир:

	Қанча кўришмасак шунча қадрдон,
	Қанча олис бўлсак шунча яқинсиз...

Шу ўринда қуйидагиларни айтиш жоиз келар, балки: Меҳрнинг кўзда эканлиги авомга тегишлидир. Авомгина фақат кўз билан севар, эҳтимол… Дунё ва ўзликни мушоҳада этиб, борлиқни тинглаш ва идрок этиш йўлида бўлган ошиқ дил кўзгагина қул бўлиб қолмас, эҳтимол…

М. Юсуф дунёни шеър орқали кўрди, ўзини ҳам дунёга шеър воситасида танитди. Шоир ва дунё, шоир ва инсон, шоир ва жамият, шоир ва Оллоҳ ўртасида воситачи шеър бўлди. У шеър орқали ҳис қилди, шеър орқали фикрлади, шеър орқали яшади. Шеър шоирнинг яшаш, одамлар ва дунё билан мулоқот қилиш, тиллашиш тарзига айланди. Шунга қарамай, М. Юсуф кўп ўринларда ўзининг шоирлигига, тўғрироғи шоирлик даражасига тепадан қарайди. «Булбулзабонларинг хазон ёптими, Дунё уларнинг ҳеч тенгин топдими. Муҳаммад Юсуфинг шоир бўптими?.. Нега йиғламайсан, аҳли Андижон?» деб ёзади шоир «Андижон» номли шеърида.

М. Юсуф шеъриятини кузатиб келар эканман, ундаги бир жиҳат мени ҳамиша ҳайратлантирган десам, муболаға бўлмас. Яъники шоир шеърларида «ўчмас ёлқин» – ишқ бир неча ўн йиллар давомида юксак самимият билан тараннум этилди. Ҳа-ҳа, ҳамма гап шу ўриндаги «давомийлик»да. Наҳот инсон шунчалар азим ишққа қодир бўлса?! Таъбир жоиз эса, гўё шоир ўн етти ёшида ёрига қандай оташин ва беғубор муҳаббат билан ёндошган бўлса, элликни қоралаб қолган дамларида ҳам шундай самимий ишқ оловида ўртанади. Назаримда М. Юсуф бутун умр ўспириндек севди, сева олди. Унинг ёши улғайди, бироқ қаримади. Шоирнинг кўнглига турмушнинг совуқ ҳисоб-китоблари кирган бўлса киргандир, бироқ айримларни қул қилиб қайириб олганидек асир этолмади. Унинг давомли ишқида машрабона руҳни кўраман. Ҳа-ҳа, бу шоир қайсидир қиёсларда Улуғ Машрабга ўхшаб кетади. Ҳатто кўплаб шеърларида у ёки бу сабаб билан Машрабни тилга олади. Энг реал ўхшашлик эса ҳар икки шоир руҳларининг халқ руҳига бағоят яқинлиги билан белгиланади. Шунинг учун ҳам масалан, М. Юсуфни шоир сифатида реклама қилишнинг ҳожати бўлмаган. У ўзининг халқчил руҳи билан юракларга йўл топа олган. Назаримда айни ҳодиса алоҳида, теран тадқиқотлар ҳадафи бўла олади. Яъники, шоирлар бор, туғилишдан, фитратан ўзини халққа яқин олади. Чунки у шундай яралган. Балиқ сувдан ўзга ерда яшай олмаганидек, бундай шоирларнинг ҳам қароргоҳи халқ руҳиятидир. Шоирлар бор, табиатан ёлғизликка интилади, куйлаганда ҳам якка шахс дардини куйлайди. Бироқ бу икки хил шоирларни бир – бирига қарши қўйиш, уларнинг биридан иккинчисини устун эканлигини изоҳлашга, тасдиқлашга уриниш, назаримда, ҳеч қачон муваффақиятга олиб келмайди. Чунки одамзод турфа табиатли бўлиб дунёга келади. «Бу оламда фақат халқчил шеър ёзган шоиргина шоирдир», дейиш хос шеърият яратувчи шоир табиатини инкор этишдир. Ёхуд аксинча: «Анъанавий шеърият, халқчил шеърият аллақачон эскирди. Замонавий шеър бу модернистик шеърдир» дея ноғора қоқиш ҳам инсон табиатига зид боришдир. Муҳими ҳам шу – ўз табиатингга қарши қўл кўтармаслик. Агар сен шоир эсанг ва руҳингда қадим боболарнинг наволари чалиниб турган эса, шуни куйла! Худди Муҳаммад Юсуфга ўхшаб. Агар турланиб бораётган давр руҳи руҳингга сингишиб кетган бўлса, унда излан, янги шакллар топ, модерн шеърият сарҳадларини яна-да кенгайтир… Аксинча бўлса, яъни сен табиатан қадим наволар куйчиси бўлсангу «мода»нинг ортидан кетиб, «бурама» шеърлар ёзишга ружу қўйсанг, бундан наф йўқ: сенга ҳам, ўқувчига ҳам. Назаримда ёш шоир ишни, аввало, шу нарсанинг ажримига боришдан бошламоғи лозим. Акс ҳолда «мен нима дейману қўбизим нима дейди» дегувчининг ҳолига тушмоғи ҳеч гапмас. Муҳаммад Юсуф шеъриятга кириб келаётган йилларда ўзбек шеъриятида 70 – йиллар авлодининг ўзига хос овози, жиддий шеърияти тан олинган эди. Шеърият энди мана шундай мураккаб йўлдан боради, деганга ўхшаган адабий нуқтаи назарларнинг туғилишига етарли асослар пайдо бўлган эди. Бироқ М. Юсуф ана шу «мода»нинг кетидан қувмади, аксинча ўз кўнглига қулоқ солди… ва у ерда борини ёзишга бел боғлади. Бугун эса биз шоирнинг янглишмаганига шоҳид бўлиб турибмиз. М. Юсуф ўз ижоди билан шоир агар чинданам истеъдодли бўлса, ҳар қанча анъанавий йўллардан юрмасин, барибир, ўз «мен»и орқали оригинал шеърият яратиши мумкинлигини исбот қилди. Муҳими ҳам шу эмасми?..

КЕЧАГИ МЕРОСНИНГ БУГУНГИ ҚАДРИ

Кечаги мероснинг  бугунги қадри

           (Профессор О. Шарафиддинов мероси ҳақида икки оғиз сўз)

 

      80-йилларнинг ўрталари ва 90-йилларнинг бошларида жамиятимизда рўй берган мислсиз ўзгаришлар натижасида, айниқса, ХХ аср қадриятлари бошдан-охир қайта кўриб, қайта баҳолаб чиқилган ёки камида шунга уринилган эди. Ўша зиддиятли паллаларда талай жўяли ишлар қаторида тоғарадаги сувга қўшиб ичидаги болани тўкиб юбориш кайфияти ҳам ҳукм сурганлигини яхши эслайдиганлар бугун орамизда кўп. Ҳатто Озод Шарафиддиновдек машҳур олим 89-90-йилларда миллий университетнинг филология факультетида берган дарслари асносида совет даврида ёзилган ўз адабий-танқидий мақолаларининг аксари мафкурабозлик руҳида эканлигини айтиб, энди улар тамомила яроқсиз ҳолга келди, дея баралла эълон қилган эди. Тан олиш керак, мунаққиднинг ана шу руҳдаги мулоҳазаларига вақтида заррача  эътирозимиз бўлмаган. Қайтага, унинг жўмардлигига тан берган ҳолда, (ахир, бир олимнинг бутун онгли ҳаёти давомида ёзган китобларидан бирданига ва бутунлай воз кечиши, уларнинг ёлғон дея жамиятга жар солиши ҳазил гапми?!) фикрларини иккала қўлимизни баланд  кўтарганча қўллаб-қувватлаганмиз. Хўш, бугун-чи? Бугун ўша воқеалардан қарийб йигирма йилча вақт ўтибди. Совидик. Шунга яраша бошқача мушоҳадаларга мойил бўлдик. Шундай кайфият билан Озод Шарафиддинов ва унинг авлоди қолдирган китобларни бир-бир варақлайман. Тўғри, ҳар қанча уринмайлик, уларда санъат ва адабиётга  ҳукмрон мафкуранинг талабу эҳтиёжларидан келиб чиқиб ёндашиш манаман дея ўзини ошкор этиб турибди. Аслида, бундай тенденция ҳамма замонлардаям озми-кўпми яшаган ва бундан кейин ҳам яшаб қоладиганга ўхшайди. Бу — бошқа масала. Профессор О. Шарафиддинов ва унинг авлоди истиқлолгача  ёзиб қолдирган адабий-танқидий мазмундаги китоблару мақолалар масаласига келсак, уларнинг гегемон сиёсий мафкурага боғлиқ жиҳатларидан кўз юммаган ҳолда таъкидлаб айтишни истардимки, бу мерос олим кейинги маърузаларида уқтирмоқчи бўлганидек,  бутунлай яроқсиз эмас экан, йўқ! Чунки улар ХХ аср инсонининг ўй-фикрлари ва кайфиятини ифодалаган бадиий асарларга ўз даврининг адабий-танқидий баҳоси сифатида  қадр-қийматга эга ва шундай бўлиб қолар экан. Ушбу ҳақиқатни бугун ҳам, ундан кейин ҳам инкор этмаслик кераклигини тушунишимиз эса янада муҳим.

      Умуман олганда, биринчи навбатда олимнинг адабиётнинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти борасида куйиниб ёзган кўплаб салмоқли фикрлари яшаб қолади, дея ўйлайман. Чунки О. Шарафиддинов танқидчи сифатида ўз даврининг ўқ томирига ташҳис бармоғини қўйиб яшаган олимдир. Бинобарин, Чўлпон, Ғ. Ғулом, Ойбек, Ҳ. Олимжон, Миртемир, Т. Тўла, Зулфия, Э. Воҳидов, А. Орипов, У. Азим, Ш. Раҳмон каби ўнлаб шоирларнинг шеърларида акс этган энг  устивор жиҳатлар тўғрисида фикр юритади, уларни шарҳлайди, таҳлил қилади. Мунаққиднинг «Замон, қалб, поэзия, «Гўзаллик излаб», «Ҳақиқатга садоқат», «Истеъдод жилолари», «Биринчи мўъжиза», «Адабий этюдлар», «Ижодни англаш бахти» каби китобларининг такрор мутолааси шуни кўрсатмоқдаки, олим ўз даврининг деярли асосий адабий-бадиий ҳодисаларига ўз муносабатини билдирган. Муносабатки, самимият ва хайрихоҳлик билан суғорилган. Албатта, бугунги адабиётшуносликнинг эстетик талаблари даражасидан қарасак, юқоридаги китобларга кирган мақолаларда илгари сурилган кўпгина фикр-мулоҳазалар билан баҳслашиш мумкин. Аммо  эътиборга молик нарса шуки, мунаққид ўз даври билан ҳамоҳанг нафас олган, унинг қувончидан қувониб, оғриқларига ҳамдард бўлган. Танқидчининг энг муқаддас вазифаларидан бири, аслида, шу эди ва шундай бўлиб қолади. Яъни О. Шарафиддинов мунаққид олим сифатида ўз вазифасини тўғри идрок этган ва уни давр берган имконлар доирасида баҳоли қудрат адо этган.

      Энди бугунги кунимизга қайтайлик-да, ўйлаб кўрайлик: шу кеча-кундузда ёши 40 ва 50 орасида бўлган қайси забардаст танқидчи борки, унинг адабий-танқидий ишларида ҳозирги давр моҳиятини акс эттирган барча асосий адабий ҳодисалар қамраб олинган бўлсин! Ахир, чинакам  мунаққиднинг, одил олимнинг бирламчи вазифаси ўз даври билан ҳамнафас бўлишда эмасми? Ўз даври билан ҳамнафас бўлиш дегани шу даврнинг асосий хусусиятларини ўзида акс эттирган бадиият  дурдоналарини баҳоли қудрат таҳлилу тадқиқ этиш эмасми?.. Бугунги ўзбек адабий танқиди давр руҳи акс этган, унинг қиёфаси нисбатан тўлиқроқ чизилган бадиий асарларни қойилмақом қилиб таҳлил қила оляптими? Ёки у хусусийроқ, майдароқ масалалар билан ўралашиб қоляптими? Эҳтимол,  бу масала моҳиятини теран англагани боис ҳам О. Шарафиддинов «Мунаққиднинг ўзи ким? Унинг вазифаси, жамиятдаги ўрни нималардан иборат?» деганга ўхшаш саволларни бот-бот ўз олдига кўндаланг қилиб қўйгандир. Яна уни ўрганилаётган  у ёки бу асарнинг 20-30 ва 50 йилдан кейин яшаб қолиш-қолмаслиги масаласи доимо безовта қилган. Адабиётнинг халқ ҳаёти билан қанчалик жипс боғланиб-боғланмаганлиги ҳам устозни мудом ўйлатиб келган… Бундай масалалар олим қолдирган адабий-танқидий мерос бағрига яширилган бўлиб, бугунги ёш мунаққид учун ҳам сув ва ҳаводек зарур ўгитлардандир.

   Озод Шарафиддиновнинг «Замон, қалб, поэзияси»сидан тортиб то умрининг сўнгги йилларида чоп этилган «Ижодни англаш бахти» деб номланган китобигача – ҳамма-ҳаммасида адабиётга инсон ҳаётининг ажралмас бир қисми сифатида қараганининг гувоҳи бўламиз. Ҳатто 90-йилларда кўтарилган ва адабиётчиларнинг тилида достон бўлган масала – адабиётнинг ўлиб ё қолиши баҳсига мунаққид 10-15 йил бурун киришганлигини 1981 йилда нашр этилган «Адабиёт-ҳаёт дарслиги» номли рисоласидан билиб оламиз. Таъбир жоиз бўлса, айтар эдимки, ушбу мўъжаз рисола адабиётнинг ҳимояси учун битилган эди. «…Жаҳон адабиётининг энг яхши намуналари, биринчи навбатда, бизнинг виждонимизни ҳаракатга келтиради, уни тинимсиз уйғоқ бўлишга ундайди, ҳаётдаги ҳар бир қадамимизни виждон амри билан мослаштириб босишга одатлантиради. Бунга у биздаги адолат ва ҳақиқат туйғусини ўткирлаштириш йўли билан, қалбимизда оламдаги жамики яхши, эзгу нарсаларга шафқат алангасини гуриллатиш билан эришади» деб ёзади мунаққид.

 Озод Шарафиддинов қолдирган адабий-танқидий меросни қайта кўриб чиқиш натижасида шундай хулосага келдимки, олим бугунги ёш издошларининг ҳавасини келтирадиган даражада ўз ишини — адабиётни севган. Бу муҳаббат унинг шеъриятга бўлган муносабатида, айниқса, кўзга яққол ташланади. «Замон – қалб – поэзия» деб номланган ва  тўртта фаслдан иборат каттагина мақоласи олимнинг шеъриятни англаш йўлидаги жиддий тадқиқоти ҳисобланади. Мақоланинг умумий руҳида мафкуравий кўзойнак тақиб олган тадқиқотчининг нигоҳи сезилиб турса-да, барибир, мунаққид поэзия табиатидаги устивор унсурларни таъкидлаб айтишнинг уддасидан чиққан. Ўз вақтининг Ғ. Ғулом, Шуҳрат, Уйғун, Назармат, Шукрулло, Мирмуҳсин, М. Бобоев каби номдор шоирлари шеърларидаги ютуқлар билан биргаликда жиддий нуқсонлар (схематизм, иллюстрачилик)ни ҳам рўйи-рост кўрсатиб берган. Мунаққид Уйғуннинг «Олтин куз», «Гўзалдир пахтазор» деб номланган шеърини тўлиқ келтиради ва «Шеърми шу  асар?» дея савол қўйиб, ўзи жавоб беради: «Ҳа, шеър. Негаки, уни назмда тажрибали одам ёзгани сезилиб турипти: вазни пишиқ,  қофиялари оҳангдор, ҳамма нарса ўз ўрнида, ҳатто дурустгина поэтик тасвир ҳам бор («Сонсиз зумрад тобоқда товланади беҳисоб кумуш»). Аммо поэзия борми унда?..»

      Олим шеърни таҳлил қилади ва қуйидаги хулосага келади: «Кўриниб турибдики, шеърда бирон янги, чуқур фикр,  пахтакор меҳнати ҳақида шоир Уйғундан бошқа ҳеч ким айтиши мумкин бўлмаган гап йўқ. Биз пахтанинг аҳамияти ҳақида, пахта меҳнат билан битиши ҳақида маълумот олдик, холос. Бироқ бу гапни шу шеърни ўқимасдан аввал ҳам яхши билардик-ку!..»

      Мирмуҳсиннинг «Ўзбекистон» шеърини таҳлил қила туриб, мунаққид янаям муросасиз бўлади: Шеърда акс этган фикрни назарда тутиб, «тўғри фикр, аммо шу фикрни айтиш учун фақат қофиялаш илмига эга бўлиш шартми? Бу фикр ҳам бизга аввалдан маълум эди-ку! Нега уни шеър тусида биз ўқишимиз керагу, ўзимиз билган гапни айтган одамни шоир деб улуғлашимиз лозим?» Кўриниб турибдики, О. Шарафиддинов танқидчи деган номни шунчаки кўтариб юрмаган.  Шеърга қофия ва туроқларнинг симметрик йиғимидан ўзга нарса деб қарамаган ёки бошқача қарашнинг уддасидан чиқа олмаган назмбозларнинг машқларидаги нуқсонларни аёвсиз фош қилган. Кези келганда таъкидлаш жоиз, мунаққид ҳақ сўзни айтишда жуда жасоратли бўлган. Ғафур Ғуломдек довруғдор, аллома шоирнинг бир шеъридан тўрт қатор келтиради ва «Бу гап ҳам ўзимга маълум эди. Шунинг учун шоир меҳнати менинг  билимимга ҳам, завқимга ҳам катта янгилик қўшолмади» деб ёзади 1962 йилда. Диққатга сазовор томони шундаки, мазкур бандда пролетар доҳийси В.И.Ленин  улуғланган эди. Ғ. Ғулом шеърларининг ютуқ ва камчиликлари ҳақида, айниқса, В. Ленин тўғрисида бугун ҳар ким ўз кўнглидаги гапини айта олади. Бироқ ўтган асрнинг 60-йилларининг аввалида бунга жазм этиш учун мунаққидга энг камида Озод аканинг юрагида ёнган жасоратдан бир учқун даркор эди. Гарчанд, олим  Ленин ҳақида лом-мим демаган эса-да, «доҳий» шарафланган шеърнинг аслида шеър эмаслигини жудаям тушунарли қилиб ўқувчининг қулоғига етказиб қўйганлигининг ўзи катта гап бўлган.

    Мунаққид шеърнинг чинакам бадиий санъат намунаси бўлиши учун унга образлилик ҳамиша ҳамрохлик қилиши зурурлиги борасида кўп тўхтайди. Ҳатто энг муҳим мавзуларда (Ватан, меҳнат, партия, тинчлик кабиларни олим «Муҳим темалар» деб билган) ёзганда ҳам шеъриятнинг асосий талабини ёддан чиқармасликка ундайди. «Муҳим темаларда ёзганда ҳам, поэзиянинг асосий талаби – образли фикрлаш,  теманинг янги томонларини топиш,  изланиш туфайли кашфиёт яратиш талаби ўз кучини сақлаб қолади» деб ёзади у.

    Озод  ака ўз Ватанини, халқини чин юракдан севган, бу заминда туғилиб ўсган, вояга етган ижодкорларнинг муваффақиятидан росмана қувона билган, улардан фахрлана олган бағри кенг олим эди. Юқорида Ғ.Ғулом шеъриятидаги камчиликни кўрсатаётганда қанчалик муросасиз бўлган олим «Халқ бахтининг оташин куйчиси» деб номланган мақоласида худди ўша шоирнинг борлигидан  тенгсиз бахтиёр кишига айланади: «Замонлар ўтиб, келажакда жаҳон поэзиясининг тарихи яратиладиган бўлса, унинг ХХ аср шеъриятига бағишланган бобида Федерико Гарсия Лорка, Пабло Неруда, Нозим Ҳикмат каби машҳур номлар қаторида ўзбек шоири Ғафур Ғуломнинг номи ҳам муқаррар ўрин олади».

     Мақолани ёзаяпману негадир менинг – тадқиқотчининг  мулоҳазаларидан кўра мунаққид О. Шарафиддиновдан келтирилган  иқтибослар кўпайиб кетаётгандек ва бу ҳол адабий-танқидий руҳдаги ҳар қандай мақола учун унчалик ижобий ҳол эмаслиги устида ўйлаб қолдим.  Лекин бошқа томондан айни иқтибослар олимнинг ишлари бугун ҳам яшай олишини исбот қилаётгандек туюлаяпти. Булардан ҳам муҳим гапим шуки, мен О. Шарафиддиновнинг бир шогирди, издоши сифатида у ёзиб қолдирган ўнлаб китоблар бағрида олимнинг уриб турган тирик юрагини ҳис қиламан. Назаримда, бу жиҳат Озод ака ижодининг аксарига хос ва энг кучли тарафидир. Домланинг тарих саҳнасидан тушиб қолган мафкурага чин дилдан ишонгани эса бугунги ёш адабиётшунос олимлар учун ибрат бўлгулик аччиқ тажрибадир.

      Мунаққид яна «Шоир қандай бўлиши керак?» деган саволни қўяди. Унингча, шоир энг аввало, халқ ҳаётини яхши билиши, руҳан-маънан ўз миллатига тегишли бўлиши, «халқ қалбининг таржимони»га айланиши керак. Ўз тарихидан, маънавий ўзагидан узилган, халқнинг қайнаб турган  ҳаётидан кўз юмиб, гул ва булбулнигина тараннум этаётган шоирларни  ёқламайди олим. Ғ. Ғулом ижоди ана шу тамойилнинг томоман акси ўлароқ майдонга  келганини бот-бот такрорлайди. Мунаққид яна академик шоир феноменини вужудга келтирган асосий омилларни аниқ ва лўнда ифодалайди: Шарқ мумтоз адабиёти, халқ ижоди ва рус адабиёти Ғ.Ғулом шеърияти сув ичган булоқлардир, дейди. «Миллийлик Ғ.Ғулом поэзиясининг либоси ёҳуд безаги эмас, балки шеърнинг ички мазмунидан табиий равишда келиб чиқадиган хусусиятдир» деб ёзганда олим поэзиянинг жуда муҳим бир томонига эътибор қилган. Чунки биз кўпинча миллийликни, образли қилиб айтганда, тўн ва дўппида кўрамиз. О. Шарафиддинов асл миллийлик ҳар доим ҳам либос ва безакларда бўлмай, ботиний  мазмунда эканлигини таъкидлайди. Энди қуйидаги иқтибосга эътибор қилинг: «Ғ. Ғуломнинг поэзимиз тарихидаги энг буюк хизматларидан бири – халқчиллик ва ҳаётийликнинг чексиз имкониятларини, шеъриятда кўз илғамас уфқлар очиш қудратига эгалигини, даврнинг энг илғор, энг юксак, энг  гуманистик ғояларини  китобхонга тез ва  осон етиб борадиган тарзда ифодалаш воситаси эканини ўз ижодий  практикаси билан исбот қилиб берганидадир». Назаримда, Ғ. Ғуломдек улуғ ўзбек шоири қолдирган шеърий мероснинг энг характерли жиҳатларини биргина шу жумла бағрига сиғдириш учун олим шоир босиб ўтган йўллардан маънан юрган, худди шу йўлларда унга хаёлан, фикран  йўлдош бўлган бўлмоғи керак.

      О. Шарафиддиновнинг 60-йиллар авлоди шоирлари – Э. Воҳидов, А. Орипов, О. Матчон ижодларига бағишланган «Изланиш йўлларида», «Шеърият – қалб ёлқини», «Ҳаққуш ҳикматлари», 70-йиллар авлоди шеъриятининг таҳлилига бағишланган «Йўл бошида», «Шеър кўп, аммо шоир-чи?» каби мақолаларида акс этган кўпгина мулоҳазалари ўзининг адабий-танқидий ва мантиқий юкига кўра бугун ҳам ўз қийматини йўқотган эмас. Номлари саналган ишларда мунаққид ўзбек шеъриятида юз бераётган улкан ўзгаришлар табиатини ҳис қилишга, англашга ва шунга кўра эврилишлар моҳиятини тушунишу тушунтиришга уринган. Бу жиҳатдан олимнинг Ғ. Ғулом каби забардаст шоирлардан бири А. Ориповнинг шеърий ижодига бағишланган «Шеърият – қалб ёлқини» дейилган мақоласи диққатга сазовор. «Ҳаёт билан ҳамнафас» деб номланган тўпламдан жой олган мазкур мақола, ўйлашимча, бугунги адабиётшунослик тараққиётининг анча юксак поғонасида турган тадқиқотчилар учун ҳам ўзига хос маёқ вазифасини ўтай олади. Вақт топсангиз, эринмасангиз, менинг қораламаларимни шу ерда бир пасга ёпиб, домланинг шу китобидаги мақоласига кўз югуртириб чиқинг-а. Бир қарашда, қолдирган адабий-танқидий меросида андак саёзлик кўринадиган олимнинг теран шеърият билан юзма-юз келгандаги ҳолига бир назар ташланг: «Чинакам шоир, одатда, улкан қалб эгаси бўлади. Унинг қалби оламнинг барча тўфонлари ва  осойишталигини, барча ранглари ва жилоларини ўзига жо этади. Курранинг ҳар силкиниши, заминнинг ҳар зилзиласи бу қалбда битмас излар қолдиради. Шоир қалбининг уришида ҳаётдаги жамики оҳанглар ва куйларнинг ҳайқириқ ва нидоларининг акс садосини эшитмоқ мумкин. Инсон бахти учун қайғуриш, ҳақиқат ва адолат, виждон ва диёнатга даъват, ёвузлик ва ёмонликни маҳв этиб, эзгулик ва олийжаноблик тантанасига кўмаклашиш иштиёқи чинакам шоир қалбида шундай зўр дардга айланадики, бу дард бамисоли сўнишни билмайдиган оташин ёлқиндай шоирни ҳаловатдан, фароғатдан, лоқайдликдан маҳрум қилади. Шеърият – шу муқаддас ёлқиннинг ифодаси.

      Мунаққид учун шеърият яна «Инсон руҳининг олий ижоди»дир. У гарчанд «А. Орипов янги ўзбек шеъриятини яратгани йўқ. У шеър тузилишини ислоҳ  қилмади, аксинча, унинг ҳамма шеъри традицион вазнлар асосида туғилган. У поэтик тафаккурнинг янги қонуниятларини ҳам кашф этгани йўқ» деб ёзса ҳам, барибир, Абдулла Ориповдек шоирларнинг ўзбек назми тараққиётидаги улуғ хизматини бехато кўра олади: «Чинакам шоир доимо адабиётга шеъриятнинг янгича талқинини олиб келади ва бунда замоннинг эстетик эҳтиёжлари ифодаланади. Шеърият вазифаларини янгича тушуниш, шоирнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янгича талқин қилиш Абдулла  Орипов учун ҳам характерли». Дарҳақиқат, А. Орипов, Э. Воҳидов, Р. Парфи, О. Матчон каби шоирлар гарчи шеър тузилишида катта – оламшумул ўзгаришлар қилмаган эса-да, мавжуд шеър шаклларида ўлмас асарлар  ёза билишди. Чўлпон, Фитрат, Усмон Носирдан кейин, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжоннинг 30-йиллардаги ҳукмрон мафкурадан ҳоли, бадиий баркамол шеърларидан, уруш йилларида бармоқ билан санарли даражада оз ёзилган яхши ашъордан сўнг то 60-йилларнинг ўрталаригача ҳувиллаб ётган назмимиз ана шундай шоирларнинг адабиётимиз майдонига кириб келиши билан ўз қаддини такрор тиклади. Бу нарса танқидчи қалбини ҳам туғёнга келтирди. Адабий-танқидий мақолаларининг юки вазминлашди, инсонни таҳлил қилиш тамойилида теранлашиш юз берди. Сталиннинг ўлими (1953й) дан кейин эсиб қолган илиқлиқ  шабадалари мунаққиднинг олим бўлиб шаклланишида бир босқич бўлди. Яъни 60-йилларда бутун Иттифоқ адабиётида, жумладан, ўзбек шеъриятида юзага келган улкан ўзгаришлар мунаққиднинг таҳлил принципига ҳам жиддий таъсир қилди. Яхши асарларни ўрганар экан, олимнинг нафақат илмий, балки одамийлик қиёфаси ҳам очила борган. Шу билан бирга,  мунаққиднинг олим ва одам бўлиб етилиш палласига тўғри келган ҳаёт ва адабиётдаги конфликтсизлик, турғунлик каби  нуқсонлар  О. Шарафиддинов (ва унинг авлоди вакилларининг) истеъдодига маълум маънода тушов солган каби туюлади менга. Йўқса, нега улар  истиқлолдан кейин бошқа сифат ва мазмунда ижод қилдилар, қилмоқдалар. Ҳа,  Озод Шарафиддинов ижодини мен икки асосий қисмга бўлиб ўрганган бўлар эдим:

1. Истиқлолгача бўлган давр.

2. Истиқлол даври.

 Истиқлолгача бўлган ижодида мунаққид ўз руҳига, тафаккурига давр солган кишанлардан халос бўлгани йўқ, албатта. Унинг бутун фикрлаш тарзида ҳукмрон мафкуранинг таъсири шундоқ кўриниб турган бўлса-да, барибир, инсонга инсон дея ёндашишнинг, унинг қалб тўлқинларини ҳаққоний акс эттирган бадиий асарларга хайрихоҳ бўлишнинг, уларни қўллаб-қувватлашнинг уддасидан чиқа билган. Шунинг ўзи, ўйлайманки, озод акалар яшаган давр учун ўзига хос ютуқ эди.

      Озод аканинг 70-йиллар авлоди шеъриятига бўлган меҳри бўлакча эди. Чунки айни авлод вакиллари назмида ифода қилган эстетик қарашлар, назаримда, домланинг ботинида яшириниб ётган мазмунга уйғун келган эди. Ватан, адолат, ҳалоллик каби мавзулар ушбу шоирлар шеърларида ўзгача бир маънавий даражадан туриб ёритилганлиги сир эмас. Яна заминий муаммолар, оддий бир инсоннинг доимий ташвишлари ҳам юксак бадиият билан акс эттирилган эди. Жамият ва инсондаги камчилик ва нуқсонларга бўлган танқидий муносабат санъат даражасида ифодаланганлиги мунаққид ботинини яна бир бор тебратиб ўтганлиги  домланинг мақолалари ( хусусан, «Йўл бошида») дан маълум. Лекин бир нарсани айтиб ўтмасликнинг иложини тополмаяпман. Домланинг бутун онгли меҳнат фаолияти, адабиётшунослигимиз, таржимачилигимиз ва умуман, маданиятимизга  қўшган ҳиссасига чуқур ҳурмат изҳор қилганим ҳолда таъкидлашим лозимки, олимнинг шеъриятни баҳолашида у ёки бу масала моҳиятига теран кириб, уни руҳий-маънавий ва филологик йўсинда мукаммал таҳлил қилиб, бутун бадиияти тароватини «Мана – у!» деб кўрсатадиган бош мақоласини негадир кўрсатолмайман. Чунки кузатишимча, устоз мунаққиднинг услуби бошқача бўлган. Олим тадқиқотларида адабиётдаги ҳодисаларни тездагина умумлаштиришга, уларнинг негизидан асосан, ижтимоий фикр топишга уриниш етакчилик қилган. Гарчанд шеъриятимизда А. Орипов, Э. Воҳидов, Р. Парфи, О. Матчон, Х. Худойбедиева, Ш. Раҳмон, У. Азим, Х. Даврон каби ҳар томонлама пишиқ-пухта шоирлар етишиб чиққан бўлса-да, улар бадииятда етиб борган манзилларга фикран, хаёлан улашмоқлик, мазкур шоирлар шеърияти баландлигига чиқиб, улар билан басма-бас ташлашиб, керак бўлса, тафаккур силсилаларида улардан-да юксалиб кетишлар, афсуски, йўқ. Назаримда, бундай ижодий бахт нафақат Озод акага, балки унинг авлоди вакилларига ҳам ўша пайтларда камдан кам ҳолларда насиб бўлган. Афтидан, 60 ва айниқса, 70-йиллар авлоди яратиб қолдирган шеъриятнинг ҳақиқий илмий–филологик, руҳий-маънавий, ижтимоий-сиёсий баҳосини бериш ҳали узоқ вақт давом этади.

      Истиқлол арафаси ва истиқлолдан кейин эса мунаққид тамомила ўзга бир ижодий кайфият билан яшади: ўзини катта олим, моҳир таржимон ҳисоблаган айрим кишилар бутун бир узун умри давомида амалга оширолмаслиги мумкин бўлган ишни домланинг бир ўзи уддалади. Бу нарса, аввало, олимнинг Чўлпон ва унинг ижодини тушуниш ва тушунтиришга бағишланган илмий-маърифий фаолиятида ўзини яққол намоён этди. Биринчилардан бўлиб олим «Чўлпонни англаш» деган рисола ёзди. Устоз мунаққид улуғ шоирни «Дунёдаги истаган адабиётнинг ифтихори бўлишга арзийдиган, ҳар қандай маданиятли жамиятда Худо ато этган буюк истеъдод  эгаси тарзида қабул қилинадиган, «устоз», «муаллим» сифатида эъзозланиши мумкин бўлган Чўлпон…» дея алқайди, уни тарихимиз,  маданиятимиз ва шеъриятимиз саҳнасидаги ўрнини тўғри белгилашга, уни англашга ҳаракат қилади. Назаримда, биргина мана шу мўъжазгина китобчасини ўқиб туриб, О. Шарафиддиновнинг аслида – ичкарида ким бўлганини, унинг орзу ва армонлари, ўй ва хаёллари нималардан иборат эканини, ўтмиши – қисмати қандай кечгани-ю бугун ва эртадан нималар кутаётганини ҳис қилиш мумкин. Олим 90-йиллар, яъни  Истиқлол даври ёшларини назарда тутиб ёзади: «Уларнинг тафаккури бизнинг мияларимизни заҳарлаган   мафкуравий оғулардан ҳоли, уларнинг адабиётга ёндашиши, адабиётни тушуниши бизнинг авлодга хос бўлган қолиплардан ташқарида. Энг муҳими эса – уларнинг кўнглида қўрқув туйғуси йўқ, улар ўз асарлари билан кимларгадир хушомад қилиш, кимларнингдир кўнглини олишни ўйламайди, эҳтимол, шунинг учунмикин, мен уларни адабиётшуносликни ўзининг асл изига солиб юборишларига  ишонаман…».

      Олимнинг эзгу тилаклари рўёбини чин дилдан истаган ҳолда қўшимча қилмоқчи эдимки, устоз, сиз ва сизнинг авлодингиз босиб ўтган, ўтаётган адабий-танқидий йўл изсиз кетмагай, аксинча, зиддият ва қарама қаршиликларга тўла мазкур йўл сиз умид боғлаган ана ўша истеъдодли ва диёнатли ёшлар учун ўзига хос  дастурил-амал бўлиб хизмат қилгай. Яна бир тилагим шуки, адабиёт илмидек заҳматли йўлдан юраётган ва бундан кейин юргуси ёшларга сизнинг қалбингиздек ҳароратли, ургани, яшагани, қувонгани ва изтироб чеккани шундоқ билиниб турадиган оловли юрак соғиниб қоламан. Қолганининг эса пок ният ва астойдил қилинган меҳнат ёрдамида келишига ишонаман.

                                                                               

                                                       Тошкент, 2009, январ.

АДАБИЁТНИ ҚИСМАТ БИЛГАН ОЛИМ

Адабиётни  қисмат  билган  олим

(Филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов қутлуғ 80 ёшда!)

 

      Бадиий ижод, эҳтимол, ҳар куни ўқиб-ўрганишни, ундан-да муҳими, ҳар куни ёзиб-чизишни талаб қилмас, аммо олимлик доимий мутолааю ўз устингда бир умр тинмай меҳнат қилишни тақозо этади. Чунки бадиий ижод, бу нафақат билим ва тажрибанинг, балки савқитабиий бир ҳолнинг, лаҳзалик илҳомнинг ҳам маҳсулидир. Кўпгина улуғ шоирлар катта илм ва тажрибага эга бўлмасдан ҳам яшаб қоладиган, яшаб қолган асарлар битган, бита олганлар. Чунончи, Рембо, Лермонтов, Усмон Носир… Улар туғма шоир эдилар. Уларни улуғлаган, номларини тарих саҳифаларига ўйиб ёздирган сифатлари бу — шоирлик эди. Олимлик эса… олимлик аксар ҳолда узоқ ва машаққатли меҳнатни, темир интизом ва аримас ғайратни, ўзни онгли равишда у ёки бу соҳага бутунлай бахш айлаб, шу ғоя йўлида фидокорона яшашни талаб қилади. Яъни зўр олим бўлиш учун киши бисотидаги энг қимматбаҳо “матоҳ” — умрини тикишига тўғри келади.

     Хўш, олимлик нима дегани ўзи? Фақат кашф этишми? Математика, физика, кибернетика, медицина каби фанларни назарда тутсак, ҳа, бўлиши мумкин. Лекин инсоншунослик фани бўлмиш адабиёт илмида аҳвол сал бошқача кўринади менга. Бу ерда кошифлик иши тарозунинг бир томонида турса, бошқа палласида инсоният, наботот ва ҳашорат, қўйингки, бутун тириклик оламига бўлган муҳаббат ётади. Адабиётшуносда шундай муҳаббат бўлмас экан, унинг билағонлигидан, тўртта терминни бошқаларга нисбатан кўпроқ ёдлаб олганидан наф йўқ. Баъзан бу “наф” деганимиз зарар маъносигача турланиб туради. Чунки олим билгич бўлса-ю, тирик мавжудодга нисбатан катта маънодаги муҳаббати оқсаб турса, унинг илми кони зиёндир. Ануширвон “Кишининг илми бўлса-ю, фитрати шунга яраша бўлмаса, бу унга зиён етказгай ва ортиқча юк бўлгай” деган экан. Адабиёт илмида одамга муҳаббатсиз “олиб қочилган ҳар қандай арава” оламни менсимаслик юки билан қайтиб қолади. Шуниси хатарли. Билағонлик босим ўтириб ишлаш билан келади, лекин муҳаббатни бундай тарзда қўлга киритиб бўлмайди. (Халқимизнинг “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деган ҳикматли сўзини бир эсга олинг-а!) Ҳа, бу ерда шомонлик иш бермайди. Ота-боболаримизу устозларимиз ҳар на қадар кучли бўлишига қарамай, ёмғирни чақирган шомондай одамларни, миллатни, инсониятни севиш фазилатини Яратгандан тилаб ололмаймиз, асло! У аввалбошданоқ берилган, ато этилган бўлади. Шу маънода гоҳида ўзимча ўйлаб кетаман: адабиёт оламига аслида айнан шундайларни танлаб олмоқ керак. Яъни шундай бир имтиҳон шарти ўйлаб топилсаю бу соҳа вакилларининг биринчи топширадиган фани одам ва оламга муҳаббати юзасидан бўлса!.. Чунки боланинг хотираси ўткир, бунинг устига тегирмондан бутун чиқадиган қув характери бўлса, ҳар қандай замоннинг ҳар қандай имтиҳонларидан кўзини чирт юмиб ўтиб кетиши турган гап. Лекин адабиёт дунёсига фақат хотира ва уддабуронлик билан киришнинг ўзи етарлимикан?.. Адабиёт бу, аввало, Инсоншунослик дегани! Адабиётшунослик ҳам, аслида, Инсоншуносликнинг бир синонимидир. Ҳар ҳолда юрагида азим муҳаббати бор олимларнинг тақдирига бўйласангиз,  шундай таассуротни туясиз. Бугунги кунда адабий танқид ва, умуман, адабиётшунослик фанининг замондан сезиларли даражада орқада қолиши айни шу хусус билан ҳам, яъни замондош инсон қалбидаги олам ва одамга бўлган азал муҳаббатнинг андак кемтилиб қолгани билан ҳам белгиланса, ажабмас. Агар кучли муҳаббат бўлса, ўз-ўзидан билим ҳам, унинг ортидан катта-катта тадқиқотлар ҳам эргашиб келаверади. Ахир, ўзбекнинг мумтозу замонавий адабиёти ҳазилакам адабиёт эмас. Ишонмасангиз, ана чоғиштиринг: Шекспиру Гётени, Байрону Пушкиннни ўзимизнинг Навоийю Бобурга, Машрабу Чўлпонга қиёслаб ўқинг. Ёки Пабло Нерудаю Нозим Ҳикматни, Вознесенскийю  Евтушенкони улкан замондошларимиз Воҳидову Ориповга, Парфию Рахмонга солиштириб мутолаа қилинг. Ёки кунимиз шеърий бадиий тафаккурининг чўққиларидан Ҳалима Аҳмедованинг  назмий дунёсига бир бўйлаб кўринг-чи! Лекин қани Аҳмедова назми асрорини  чақиб, қадоқ бўлган кафтига мағзини олиб кўрсата билгич “Белинский”ларимиз? Бир-икки ўртача савияда битилган эътирофлардан бошқа тадқиқотни учратганингиз борми?.. Шундай пайтда “бугун бизда профессионал танқид йўқ, адабиётшунослик замондан ортда қолди”, дея айюҳаннос солаётганларнинг овозлари янада баланд чиқаётгандек бўлаверади. Лекин кўзни каттароқ очиб, даврни яхлит кўра бошлаганимизда ҳатто ҳозир ҳам катта адабиёт илми уфқида Наим Каримов, Умарали Норматов, Тўра Мирзаев, Абдуғафур Расулов, Иброҳим Ғафуров, Бахтиёр Назаров, Нўмон Раҳимжонов, Иброҳим Ҳаққулов, Қозоқбой Йўлдошев, Ҳамидулло Болтабоев каби ўнлаб фидойи олимларимиз сиймоларини кўриб турамиз. Бу олимлар ўзидан ортиб, ўзгалар ҳақида ўйлай олган, ўзгаларнинг қалбу онгидаги фикр ва туйғуга муҳаббат қўя олган заҳматкашлар ҳисобланади. Чунки адабиёт илми билан шуғулланувчи олим ўз ташвишини унутиб, ўзганинг қувончу кадарини бўлишгани, унга ҳамдарду ҳамнафас бўлгани келган жавонмардлардир. (Биргина Наим Каримовнинг Истиқлол йилларида нашр этилган “Чўлпон” ва “Махсуд Шайхзода” номли маърифий-биографик романлари зимнидаги катта илм ва мислсиз меҳнатдан ташқари ўз халқи зиёлиларига қаратилган муҳаббат ва садоқат  каби юксак туйғулар салмоғини чамалаб кўринг-а!..) Зеро, адабиётшуносликнинг текшириш ҳадафи мавжуд бадиий адабиётдир. У бадиий ижод намуналарининг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади, бадиий адабиёт қонуниятларини очади, тарихини ўрганади, ривожланиш тадрижини тадқиқ этади, хулосалар беради. Мана шу маънода у бадиий адабиёт учун энг хайрли ва энг беминнат ишни амалга оширади. Умуман, адабиёт илмини, адабий танқидни жини суймагич айрим шоир, ёзувчи ва драматург дўстларимизнинг қулоқларига шипшиб қўйгим келади: бу соҳалар асло иккинчи даражали эмас. Улар ҳам ўз ҳолича бир фан, бир оламдир. Ўзининг ҳақиқий мутахассиси қўлида бадиий адабиётдан сираям қолишмайдиган чинакам ижодга айлангувчи сеҳрли соҳадир адабиёт илми. Келинг, яхшиси, адабиётшуносликни ана шундай юксак мартабаларга олиб чиққанларнинг сардорларидан бири профессор Наим Каримов ҳақида икки оғизгина сўз айтишга тутинай…

       Устоз адабиётшунос бир умр ўз ишини шараф билан адо этиб келаяпти, десам, баландпарвоз гап айтмаганимни ич-ичимдан сезиб тураман. Фақат у киши  Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Шайхзода, Миртемир, Асқад Мухтор каби ХХ аср ўзбек адабиёти дарғаларининг ижоди мазмун-моҳиятини ўқувчига имкон қадар тўлиқроқ етказиб беришга улгурайин, дея ҳаракат қилаяпти. (Қани энди ҳар бир чинакам ижодкорнинг Наим Каримовдай билимдон, ҳалол ва ҳассос тадқиқотчиси бўлса!) Бунинг иккита асосий сабаби бор: аввали, домла ХХ аср ўзбек адабиётини Навоий ва Бобур давридан кейинги иккинчи олтин давр, деб атайди ва бунга шаксиз ишониб қалам тебратади. Кейини шуки,  Наим ака кўз аъзосидаги ўзгаришлар туфайли, минг афсуски, сўнгги вақтларда аввалгидек кўп ва хўп ўқий олмай қолганлигидан ҳозирги адабий жараённи мукаммал кузатиш имконига эга эмас. Аммо олимнинг энг катта хизмати, адабиётшунослигимиз тарихига қўшган, қўшаётган қиёссиз улуши —  домланинг ўзи юксак баҳолаган “Янги ўзбек адабиёти” пойдеворини қўйган адиб, шоир, драматурглар, бир сўз билан айтганда, ўзбек халқи пешонасига битилган Улкан Зиёлилар  ҳаёти ва ижодини автобиографик йўсинда тадқиқ этиб, чиқарилган натижаларни келажак авлод кафтига тутқазиб келаётганидадир. Шунинг учун бўлса керак, хориждан ўзбек адабиётини ўрганиш учун келган тадқиқотчилардан бири устоз ҳақида  шундай деган эди: “Юртимда экан, ўзбек адабиётини ўрганган кўпгина олимлар тўғрисида ўз тасаввурим бор эди. Бу тасаввурлар биздаги мавжуд адабиётлар негизида туғилган эди, албатта. Қизиғи шундаки, Ўзбекистонга келиб, ўша олимлар билан учрашиб узоқ-узоқ суҳбатлашганимдан кейин китоблар берган ўша тасаввурлардан воз кечишимга тўғри келди. Чунки у ерда экан, “дев олим” деганларим кичкина бўлиб чиққани ҳолда, Наим Каримов ҳеч кутилмаганда “дев олим” бўлиб кўз олдимда намоён бўлди!” Ҳа, хорижлик олим дўстимизнинг самимий эътирофларида домланинг олимлик қиёфасини акс эттира оладиган асосий чизиқлардан бири тўғри тортилган, дея ўйлайман. Яъни, бошқача айтганда, Наим ака, ҳеч шубҳасиз, катта масштабдаги олимлар сирасига киради.  

      Устоз билан 1997 йилдан бери бирга, битта илмий даргоҳда, Тил ва адабиёт институтининг домла раҳбарлик қилаётган “ХХ аср ўзбек адабиёти” бўлимида ишлаб келаман.  Домланинг ҳақиқий шогирдлари қаторида борманми-йўқми, бунисини билмадим-у, аммо шу ўтган 15 йиллик вақт Наим акани мен учун чинакам устоз мақомига кўтарди, десам ҳақ гапни айтган бўламан.  Йўқ, битта жойда, “раҳбар-ходим” сифатида меҳнат қилаётганимиз учун эмас, асло, мен ҳақиқий маънодаги, маънавий англамдаги устоз-шогирдлик узвини назарда тутаяпман. Аввало, Наим аканинг инсонлик сийрати устозликка муносиб, деган бўлар эдим. У киши бу дунёга келиб, мол-дунё орттирмади, унга кўнгил боғламади, севган ва билган касбига меҳр қўйиб, унгагина содиқ қолиб хизмат қилди, ҳануз ўз тавридан бир одим чекинган эмас. Ҳокисор, камтар, шу билан бирга, осон яраланувчан, ҳассос, энг муҳими, ўта ҳалол ва адолатпарвар киши у! Ҳамиша шогирдларининг кўнгли ва тафаккур кучига қараб муомала қилган, яшаган, яшаяпти, асло қўлига эмас, десам, айниқса, бугун мени кўпчилик тушунади, қўллаб қувватлайди, деб ўйлайман. Ўз таврига (позициясига) эга инсон. Ўзи етиб келган ҳаётий ҳақиқатларни қадрлайди, уларга оғишмай амал қилади. Айнан шу ердан Наим акага хос принциплар ўсиб чиқади. Ҳа, Наим ака принципли инсон!  Буни ўзбеклар бурд деб атайди. Демак, бурдли инсон. Шу маънода гоҳи-гоҳида турли қинғир ниятлар билан адашиб келиб турадиган “шогирдваччалар” ёки уларнинг “амакиваччалари”, одатда, муроду мақсадларига етолмайдилар. Чунки домла бундай дамларда қўлга қарамликка чорлаётган “кўнгил”га қайрилиб ҳам қарамайди! Бебурд бўлишни истамайди! Бурдини қаттиқ туриб ҳимоя қилади. Чунки бу ўринда бурд — ҳамма нарса. Бурд бу – олимнинг шаъни, инсоннинг ўзаги. Наим акадек олимларга қараб туриб, олимликнинг, инсонликнинг нақадар юксак шараф, баланд мартаба  эканлигини ич-ичингдан туясан, киши.  

       Кейингиси олимлик, зиёлилик сифатлари.  Агар таъбир жоиз бўлса, Наим акани икки оёқли қомусий луғат, деган бўлардим. Ҳазор шукрки, шундай зиёлиларимиз бор. Наим ака ўшаларнинг илғорларидан.  Аммо вақт ўтган сайин уларнинг сафи тобора торайиб бораётганлиги ҳам бор гап. Бугуннинг зиёлиси тор мутахассисликнинг теран доирасидан кўпда ташқарига чиқмайди, тўғрироғи, чиқолмай қолаяпти. Натижада улар билан фақат муайян масала юзасидангина кенгашиш мумкин, холос. Наим акалар билан эса, савол беришга, энг муҳими, тушунишга қурбингиз келса, бас, ижтимоий-гуманитар соҳаларнинг аксариятида бемалол гурунг қилиб, маънавий завқланишингиз мумкин. Шахсан мен домлани нафақат ХХ аср ўзбек адабиёти бўйича йирик мутахассис, айни дамда жиддий танқидчи, санъатшунос, театршунос, қайсидир маънода тарихчи сифатида ҳам танийман ва қадрлайман. Яқинда домла  “Шарқ юлдузи” журналига драматик асар тақдим этди. Бўлиб ҳам ўз асарини. Яна пухта, пишиқ, баланд бир савиядаги асар, денг. Демак, яқин келажакда Наим Каримовнинг ҳалигача ҳеч ким билмайдиган яна бир қирраси очилади: у — драматург.

      Кўп вақт бўлгани йўқ, домланинг шогирдларидан бири: “Докторлик мавзуимнинг тасдиқланиши жараёнида илмий маслаҳатчимнинг иштироки шарт бўлиб қолди ва Наим акани Шарқшунослик институтида бўлиб ўтаётган кенгашга таклиф қилдим. Биласизми, у ердаги айрим ўқитувчи-муаллимлар Наим акани бир кўриш орзусида юрган бўлиб чиқди ва кутилмаган учрашувдан уларнинг бошлари осмонга етди” деди.  Менинг ичимдан “Олим бўлсанг, шундай бўл!” деган ҳавас кечди. Чунки Наим ака ХХ аср ўзбек адабиётидан ташқари шу даврга оид рус ҳамда татар, турк, озарбайжон каби яна қатор қардош халқлар  адабиётини жуда яхши билади. Билгани боис ўзбек адабиётининг шарқ адабиёти билан кесишган чорраҳаларида яратилаётган илмий ишларга бемалол раҳномалик қилади ва шунинг учун ҳам уни Ўзбекистон Фанлар Академиянинг Тил ва адабиёт институтию Миллий университетдан ташқари Шарқшунослик, Санъат, Маданият каби қатор илмий даргоҳларда ҳам худди ўз олимларидек билишади, кутишади, ардоқлашади. 

     Кўринадики, Наим Каримов деган ўзбекнинг улкан олими феномени юқоридаги икки асосга суянади. Биринчиси, унинг Инсонлик, иккинчиси Олимлик пойдеворидир. Ана шу заминда оёқлари мустаҳкам турган профессор Наим Каримовнинг шахс сифатидаги қиёфаси аллақачон шаклланиб бўлган. Бу кимгадир ёқар, кимгадир йўқ, қатъи назар, домла ўз таврини ўзгартирмайди.  Ишонмайсизми? Келинг, унда сизга яқиндагина ўз ҳаётим билан боғлиқ бир воқеани айтиб берай.  2011 йилда каминанинг “Мувозанат” романи  асосида “Ўзбек Драма театри” шу номли спектаклни саҳналаштирди. Аммо спектакль дастлаб “имтиҳон-кўрик”дан ўтолмади. Шунда режиссер менга спектаклни “ҳимоя қилиб берадиган” устоз мутахассислардан таклиф қиламиз, йўқса, спектаклга рухсат олишимиз чўзилиб кетиши мумкин, деб қолди. Мен Наим акага вазиятни тушунтириб, спектаклга таклиф қилдим. Ўша кун келди. Спектакль намойиш этилди. Сўнг ҳайъат аъзолари ва мутахассислар қолиб, уни муҳокама қилишга тушишди. Ижобий ва танқидий мулоҳазалар тенгма тенг айтилиб турувди, денг, сўз навбати устозга келганда, яширмайман, ҳимояга умид боғлаб ўтирувдим, бироқ домла спектакль ҳақида битта илиқ гап айтган бўлса, тўққизта танқидий мулоҳаза билдириб қолса бўладими…  Ўша пайтда андак ҳайратланганим, андак аччиқланганим ва ҳатто андак кулгим қистагани (чунки режиссер чунон ажабланиб, бир менга, бир устозга қараб-қараб қўярди-да!) чин гап. Аммо кейинроқ чуқурроқ ўйлаб кўриб, устозни тушундим ва унга бўлган ўн ҳурматим юз бўлди. Чунки Наим Каримов бошқача бўлолмасди, бўлмайди ҳам. Кимнингдир илтимоси (у шогирди бўлса ҳам) ерда қолмасин деб, ўзи ишонган ҳақиқатларнинг оёқ ости бўлишига қараб туролмайди домла. Аввало, Худо берган нозик феъли, қолмишига, театр соҳасидаги чуқур ва кенг билими унга бошқача йўл тутишга асло йўл қўймайди. Яхшиямки, дунёда оқни оқ, қорани қора дейдиган шундай ўжар одамлар яшаб юради. Эҳтимол, айнан шундайлар туфайли ҳам биз билган дунё дунё бўлиб ўз ўрнида тургандир, дейман баъзан ўзимга ўзим. Спектаклга эса, қайта-қайта ишланиб пишитилгандан кейингина “оқ фотиҳа” берилди.

      Филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов бугун қутлуғ 80 ёшни қаршиламоқда.  Ана шундай фурсат довонидан ошиб ўтаётган домлага қараб кўнглим тўлиб, бўғзимга ҳаяжон урилади. Чунки ҳалол илмга бағишланган бундай баракали умр ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Адабиёт, бўлгандаям, катта адабиёт устоз  олимнинг қисматига айланганига бугун заррача шубҳа йўқ. Домланинг ҳаёти мисолида уққаним бош ҳикмат шундан иборатки, инсон чинакам илмга қандай садоқат билан хизмат қилса, илм ҳам ўз навбатида худди шундай муҳаббат билан унга жавоб берар экан. Фақат жавоб олим ёзган, ёзаётган бебаҳо асарларнинг кейинги умрию унинг тарбиясини олган шогирдларнинг фаолиятида зуҳур топар экан.   Бу борада Наим акага фақат ҳавас қилса арзийди.

       Устоз! Оилангиз, шогирдларингиз, ўзбек адабиётшунослиги, санъатшунослиги илми бахтига доимо соғ бўлинг! Мен биламан, ҳали кўнглингизга тугиб қўйган олам-олам илмий ниятларингиз бор, шуларнинг муваффақиятли рўёбини кўриб яшанг! Энг муҳими, сизни яхши кўрамиз! деб, бутун мамлакат бўйлаб сочилиб кетган ва адабиёт илми дунёсида ҳаёт маънисини ахтариб юрган ўнлаб, балки юзлаб шогирдларингиз номидан

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар