Қидириш

Кутубхона

Facebook

ШЕЪР — БОРЛИК ВА ЙЎҚЛИК ОРАСИ

Шеър — борлик ва йўқлик ораси

(ёки дарёсини топган ва топмаган ирмоқлар)

 

           Сўнгги йиллар ўзбек шеърияти, таъбир жоиз бўлса, кейинги қарийб 15-20 йил мобайнида  яратилиб келинаётган, Истиқлол даври адабиёти деб аталаётган улкан адабий дарёнинг битта ирмоғидир. Шунга кўра кейинги қатор йилларда ёзилган шеърлар ўз мазмун-моҳиятию шаклу шамойили жиҳатидан мазкур давр адабиётига жудаям хосдир. Демак, биз парча ҳақида баҳс юритар эканмиз, ўз-ўзидан бутун тўғрисида ҳам суҳбатлашган бўлиб чиқамиз. Ёки аксинча, бутун бошли давр назмининг мазмун-моҳиятини синчиклаб текширганимиз сайин унинг ҳар бир йиллари қатига кириб борган бўламиз. Шунинг учун ушбу мўъжаз тадқиқотимизда баъзан хусусийликдан умумийликка қараб юрсак, баъзан бутундан парчага томон хулоса назарини ташлаймизки, ҳар икки ҳолда ҳам  мақсад – Истиқлол даври ўзбек шеърияти моҳиятини англаш бўлади. Шунга кўра, келинг, аввало мазкур даврга хос умумий хусусиятлар тўғрисида бироз фикрлашсак.

      Давр чинданам мураккаб. Унинг моҳиятини бир-икки оғиз гап билан тушунтириб бўлмайди. Лекин адабиётни тушуниш ёрдамида бу ишни уддалаш мумкин. Яъни назмнинг асосий белгиларини санаб ўтиш орқали даврни ҳис қилишга чоғланамиз.

      Биз яшаётган даврнинг бадиий адабиётга бевосита алоқадор биринчи белгиси шуки, у мафкуравий тазйиқ ўтказишдан йироқ. Умуман олганда, жамиятда бунга эҳтиёж сезилмайди. Бинобарин, драматургиямиз, насримиз ва назмимиз зиммасига “Эркинлик” деб аталган Улкан Омад Қушининг келиб қўнганига анча бўлди. Бу, албатта, адабиёту санъатимиз учун мислсиз уфқ, тенги йўқ имкон! Бироқ айни шу имкониятнинг залворли юкини кўтарганлар бор, кўтара олмаганлар бор. Натижада озод бўлгани билан айрим шоирларимизнинг ёзган шеърларини диққат билан кузатганимизда бадиий тафаккурдаги силжишларнинг ўтган асрнинг ўша машҳур 60 ва 70-йилларникидан кўп-да узоққа кетолмаганини кўраб-сезиб қоламиз. Ўзгариш, ўсиш албатта бор. Буни инкор этиб бўлмайди. Гап бунда эмас, балки ўсиб-ўзгаришнинг даражаси ва салмоғидадир. Агар масалага шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, дадил айтиш мумкинки, кейинги қарийб 20 йил мобайнида мамлакатда юз берган сиёсий-тарихий, иқтисодий-маданий, маънавий-руҳий маънодаги оламшумул ўзгаришлар олдида шоирнинг оламни бадиий-эстетик қабул қилишдаги ўсиши анча ғариб туюлади. Чунки жамиятда ва инсонни ташқи ҳаётида юз берган ўша сиёсий-ижтимоий эврилишлар моҳиятига ҳамоҳанг мазмун ва шакл замондош шоирнинг ичкарисида – ботинида пишиб, ўзининг бутун бўй-басти билан тўлиқ намоён бўлганича йўқ. Аммо таскинимиз шундаки,  ўзбек шеърияти айни шу йўлда дадил ҳаракатланиб бораяпти.

      Бугун шеър ёзиш ҳам осон, ҳам қийин. Осонлиги – шеър ёзиш техникаси болаларга мактаб партасидаёқ ўргатилмоқда. Қолаверса, шоирни аруз каби ҳам синайдиган, ҳам савайдиган инжиқ вазнни айланиб ўтса бўлади. Устига –устак, ҳар қандай бошқа вазнни истаганча турлаш ва туслаш мумкин бўлиб қолди. Ҳатто “Эркин аруз” деган жанрий белгилашлар кўзга чалиниб турибди. “Булар — шоирнинг менлиги, ўзига хослиги” деган ақидани қўлига қалам олган  ҳаваскорки бор, ёқтириб, ўзига  дастурул-амал қилиб олганки, бу ҳам ижодкор эркига эрк қўшгандек: у нимани қандай хоҳласа, шундай ёзмоқда… Шунинг учун бугун шеър ёзган кўп, шеърга ўхшаш тизмалар кўп, аммо чинакам шоиру чин шеър барибир унчалик сероб эмас. Беихтиёр ёдларга унутилмас Озод ака Шарафиддиновнинг  машҳур “Шеър кўп, аммо шоирчи?..” деган мақоласи тушади…

      Шеър ёзишнинг қийинлиги – бугунги давр – ахборот замони инсонни ўз юрагидан кўчага ҳайдаб чиқара бошлади. Чунки техникалар шовқини, компютерлар сеҳри, муносабатлар тиғизлиги, ахборот шиддати, умуман, буларнинг барчаси тагзаминидаги шахсий манфат, оламшумул имконлар замондош кишининг ақлу ҳушини ўғирлаб қўйди. Унинг ўз кўнглида қолиб истиқомат қилишига, Усмон Носир айтмоқчи “юракни таржима қилиб яшаш”ига монеълик қилмоқда. Шунинг учун ҳам, менингча, бугунги шароитда замонамизнинг, техника ва ахборот асримизнинг ана шундай дилўғирловчи жозибали шовқинини енгиб ўтиб, ўз юрагига саёҳат қила олган ва ўзга юракларга жиз этиб таъсир этадиган тўрт қатор шеър ёзган, ёза олган киши – шоирни мен ҳеч иккиланмасдан замонамиз қаҳрамони деган бўлардим. Нега? Чунки жиддий шеър, умуман, жиддий адабиёт одамнинг инсонлик тарафининг меваси ва у ўқувчида айнан шу томонни тарбия қилади. Бундай ишга бош қўшган ижодкорки бор, ўз муқаддас вазифасини тўғри англабди, деганидир.

      Кейинги қатор йиллар мобайнида ёзилаётган шеърларни кузатиб, уларни мазмун-моҳиятини англашга, ҳис қилишга уриниб келаман. Бундай ҳаракатларнинг меваси ўлароқ беш-олтита илмий мақолалар ҳам эълон қилдим. Жараён асносида эса гоҳи-гоҳи бир исёнкор ҳис юрагимни қамраб олади-да: “Булар орасида катта шоирлар, юксак парвозли шеърлар йўқ ҳисоби, нега сен ҳар доим уларнинг йўлига кўз тикиб ўтирасан, баъзан алҳамдуга ҳам ярамайдиган битиклар ўчоғини титиб, пуфлайсан, гўё бу уринишинг билан ўти ўчган, кулдан оловга айланишга қодир бир чўғ қидирасан. Қидирасану беҳуда уринасан…” дейди. Айни пайтда иккинчи ярмим бошқача оқловларни рўкач қилади: бугун давр бошқа, муносабатлар бошқа ва улар симобдек титраб, ўйноқлаб турибди, ижодкор унинг бир хил, доимий, ўзгармас лиқосини тополмай чирпиняпти. Ҳамма гап шунда… Яна ёндашувдаги муносабат даражасида ҳам. Кузатишимча, барча замонларда ҳам шоирлар деярли бир хил мавзуларни куйлаб ўтишган. Бир хил мавзуларда куйлашгану, наволари ҳар-хил қабул қилинган.  Йўқса, нега бир шоир муҳаббат тўғрисида шеър айтса, кўнглинг айнийдию, бошқасининг ўқиган шеъри худди жазирама иссиқда ичилган бир пиёла муздек  булоқ сувидек юрагингга роҳат бағишлайди?..

      Шундай қилиб, ҳар йили ўзбек шеърияти китоблар ҳисобида лоф бўлмаса юзтага кўпаймоқда. Бироқ сон ҳар доим ҳам сифатни белгилаган эмас. Шунга кўра биз йўналишни, шеър сифатини, ўқувчи бадиий дидини, савиясини кўтаришга хизмат қиладиган шеърлар томон олишга имкон қадар уриндик. Бу йил нашрдан чиққан қатор китобларнинг орасида “Сайланма”, “Танланган шеърлар,” Танланган асарлар” тариқасида тақдим этилганлари ҳам талайгина.

      Истеъдодли шоира Х,Худойбердиеванинг “Йўлларим” деб номланган янги китоби ана шундай сара шеърлар шодасидан тузилган. Таниқли шоир Саъдулла Ҳакимнинг  “Кўнгил юзи” номли китоби ҳам  кирилл ҳам лотин алифбосида босилган. Унга кирган аксар шеърлар ўзининг ҳикматона мағзи билан, содда ифодаси билан, шарқона мантиқ-хулосаси билан ажралиб туради. Яна у кутилмаган ёндашуви билан, аччиқ кинояси билан ҳам шеърхон эътиборини тортади:

                                                  Дўст бизни сотибди.

                                                  Шод этди бу ҳол,

                                                  Дилдан кўтарилди гард ғуборимиз.

                                                  Бозорда ўтмайин ётар қанча мол,

                                                  Минг шукр, бор экан харидоримиз.

       Шу ўринда барчанинг эътиборини бир назарий муаммога қаратмоқчиман. «Шеърда ҳикмат бор”, деган гап бугун айтилган эмас. Бироқ шеър асосан ҳикмат устига қурилган бўлса-чи? Унда ҳам шеър бўладими? Умуман, шарқ адабиётида, назмида ҳикмат жуда катта ўрин тутиши сир эмас. ХХ аср ўзбек шеърияти Ғ.Ғулом, А.Орипов, Э.Воҳидов, О.Матжон, Х.Худойбердиева ва 70-йиллар авлод айримларининг талай шеърлари шеър шаклидаги ҳикматлардир, аслида. Ўқувчи уларни айнан ана шу ҳикматлар боис ёқтириб  ёдлаб, давраларда ёддан айтиб завқланади. Тарихга назар ташласангиз ҳам бунинг тасдиғини топасиз. Бутун бошли мумтоз адабиётимиз – Яссавий, Лутфий, Атоий, Навоий, Бобур, Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Нодира, Увайсий… ҳаммасининг назмида шарқона донишмандлик, ўлмас ҳикматлар яшайди. Ўз шоиримизга айланиб кетган Умар Хайём-чи? У энг улуғ донишмандлардан бири эмасми? Умар Хайёмни дунё ёд айтади, ўқиб завқланади. Хўш, бу нимадан далолат? Ҳикматларга муҳаббатдан эмасми?..

      Кўринадики, ҳикмат шеърнинг ажралмас узвидир. Инчунун, биз «Асло, шеър – ҳикмат эмас, у — бутунлай бошқа нарса!” дея иддао қилсак, ҳеч шубҳа йўқки, юқорида саналган минг йиллик шеърий тарихни – классикани инкор этган бўламиз. “Ҳа, шеър ҳикматдир!” деган қарашни қабул этсак, бугун ёзилган шеърлар табиатидаги бошқачаликни кўриб ўйланиб қоламиз. Эшитинг, қашқадарёлик ёш шоира Зуҳро «Мовий ифор” тўпламида қандай ёзади:

                                                  Эрталабдан у одам

                                                  Тинмай қорни курайди,

                                                  Баҳорга йўл топмоқчи.

      Албатта, у ёки бу муносабат билан тўрт мучаси бут ҳолда тузилган ҳар қандай гапда даражаси ва мазмунидан қатъи назар бирон фикр бўлади. Фикр эса ўз ўрнида муайян ҳикмат парчаларини бағрига яшириб туради. Юқоридаги учликда ҳам шундай. У ҳикматдан бутунлай ҳоли эмас, йўқ! Бироқ биринчи планда тасвир бор. Шеърни ўқиганингиз ҳамона кўз олдингизда эрталабдан чиқиб олиб тинмай қор кураётган одам келади. Ҳа, бу ерда тасвир етакчи ва шеърнинг кучи ана шу тасвир этилган эпизодни ёритиб турган шоирнинг нуқтаи назарида. Сахармардондан тинимсиз қор кураётган одам қисматига юклаган маъно-мазмунида. Яъни бу ўринда ҳикмат тасвирнинг ўзида – унинг жон-томирида қондек ҳаракатланиб турибди. Қаранг, шеърни ўзимча таҳлил этаяпман-у, ундан чиқаётган кайфият – маъни қаршисида ўйланиб қолаяпман: шарқ кишисининг ботинида – жуда ичкарида, баъзан ҳатто сўз ҳам кириб боролмайдиган теранликларда ҳикматга бўлган ўлмас бир  майл – эҳтиёж яшайди, шекилли. Шунинг учун шарқ шеърияти томирларида донишмандлик, ҳикмат оқиб ётади. Агар шоир ҳикматга яқин келмаган бўлса, уни танимаган эса, таҳлилчи – адабиётчи уни топишга уринади. Эҳтимол, бу яхшидир, эҳтимол ёмон, гап бу ҳақида эмас. Гап бизнинг – шарқ кишисининг, шарқ шоирининг табиатида, ўзига хослигида. У ёғини сўрасангиз, нафақат шарқ, балки ғарб, умуман, бутун дунёда инсон ҳаёти ҳақидаги гўзал ҳикматларга шайдолик бор. Йўқса, шарқона ҳикматлар асосига қурилган Пауло Коэльонинг романлари ер юзида бунчалар қўлма-қўл бўлмасди.

      2006 йилда “Девор” деб аталган китоб эълон қилинди. Хосият Рустамова ўзбек шеъриятида Нодира, Увайсий, Зулфия, Ҳалима Худойбердиева, Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзодек аёл шоиралар каби ўз йўлини  – ўз шеърий дунёсини яратиб келаётган катта ижодкор. Аммо “Девор” тўпламидаги шеърлар аввалги, масалан, “Нажот”даги шеърларга қиёсан бир қадар ҳароратсиз чиққандек таассурот қолдирди менда. Тўғри, “Девор”да ҳам маҳоратли шоиранинг даражасини  таъкидлаб турадиган ўхшатишлар, истиоралар, маъжозлар анчагина. Ўқувчини  мувозанатдан чиқаришга қодир шеърлар ҳам мавжуд. Лекин бундай фазилатларнинг борлигига қарамай, «Девор” тўпламида шоир олдинга эмас, балки бир қадам орқага кетган, деб ўйладим. Хўш, нега? Ўзимча сабабини қуйидагича изоҳлаган бўлардим: Ижодкор учун ёзиш — энг катта саодат! Бироқ баъзан бизнинг ҳаммамизда бўладиган ҳол – ёзишни касбга айлантириб оламиз-да, тинимсиз-тинимсиз қоғоз қоралаймиз. Илмда олим учун кўп ишлаш, ҳар куни нимадир қоралаш фойдадан холи эмасдир. Лекин бадиий ижод масаласида буни ҳамиша ҳам тўғри йўл, деб бўлмайди. Чунки бундай ижод муайян вақтни ҳам талаб қилади. Бу вақт мобайнида бадиий асар худди  хомила каби улғайиб етилади. Одатда, ой-куни етилиб туғилган боланинг тўрт-муччаси соғ бўлганидек, илҳом билан ўз вақтида ёзилган шеърнинг ҳам умри узоқ бўлади. Агар уни муддатидан илгари ёзсак, яъни шеърнинг қулоғидан буров солиб тортқилаб дунёга келтирсак, бундай шеърлар дастасидан бунёд бўлган тўпламнинг исми, масалан, “Девор” бўлади. Аммо-лекин тағин бир гапни айтиб қўяй, агар «Девор” Хосият Рустамованинг эмас, балки бошқа бир шоирнинг қаламига мансуб бўлганда эди, бу ўринда мен шубҳасиз, тўплам ҳақида илиқ гаплар айтган бўлардим. Сабаби, Хосият ўзининг “Нажот” шеърий гулдастаси билан ўзига нисбатан мезонни анча баланд қўйиб улгурган эди.

      2006-йилда чиққан китоблар орасида Дилсўз (Носиржон Тошматов) нинг “Саркаш туйғулар” деб номланган тўплами шоирнинг қарийб йигирма йиллик шеърларини қамраб олган. Бироқ тўплам юпқагина, бор-йўғи 110 бетни ташкил этади. Маълумки, ижодкор истеъдоди даражасини ҳажм ҳеч қачон белгилаган эмас. Мен шоирман, ёзувчиман, демакки, ёзишим керак, дея жилд-жилд китоблар нашр эттираётган ҳамкасбларимиз қанча. Дилсўзда энг муҳими, кўпсўзлилик йўқ. У ҳар куни бир нечтадан шеър ясаб ташлашдек касалликка чалинган эмас. Чунки унинг назарида шеър – ўзига хос кайфият меваси, алоҳида фикр ва саркаш туйғулар омухталигидир. Тўпламдаги сўзбоши муаллифи шоир Икром Отамурод шундай ёзади: “Дилсўзнинг битикларида фикр, туйғу, кузатув, хаёл уюшган ҳолда ҳаракат ҳамда ҳолат кўринишида келади… Дилсўз туйғулари теран, фикрлари қурч шоир”.

                                Майсалар-ла сирлашганмисиз,

                                Биласизми уларнинг дардин?

                                Ўроқ қайраб келганида куз

                                Бизга не деб шивирлашларин?

      Якунланиш – ниҳояга етиб келиш олдидаги кўнгилни тушунишга чорлов бор юқоридаги тўрт қатор шеърда.

      2006-йилда қатор чоп этилган тўпламлар орасидан Нодира Афоқованинг “Сўз айвони” ва Жасур Хусановнинг “Ёнимдаги ёлғизгинам”, Шаҳрибонунинг “Лаҳзадаги мангулик”, Зокиржон Мамажоновнинг “Соғинч”, Хуршиданинг “Тажалли”, Ойдиннисонинг “Номсиз”, Гулжамол Раҳмонованинг “Истадим бетакрор бўлишни” каби тўпламларида ўзига хос овозларга, эсда қоладиган кайфият, ташбеҳ ва  истиоралари анчагина учрайди. Чунончи,

                                Истадим бетакрор бўлишни,

                                Ўхшаши йўқ баҳор бўлишни.

                                                                                   (Гулжамол Раҳмонова)

 

                                Қалбида ғам болалаган қиз.

                                                                                   (Жасур Ҳусанов)

                                Бу залвордан эзилди юрак,

                                Юрак – тилсимланган атиргул

                                Дарвозадан чиқсам, тўрт тараф

                                Сенга томон олиб борар йўл.

                                                                                   (Лола Саодатова)

 

                                Гоҳида шохидан айро япроқдек

                                Шамолда учмоқни истайди кўнгил.

                                                                            (Дилсўз)

 

                                Мен сизга талпиниб учиб келяпман,

                                Қуёшни қалбимда қучиб келяпман.

                                                                                   (Умида Абдуазимова)

 

      Бу йилда Она – Ватан ҳақида ҳам талай шеърлар битилди. Қуруқ мадҳ ва баландпарвоз хитоблар билан тўлган чучмал шеърлар қаторида Ватан ҳиссини чиндан-да ўз бағрига жо қилган мисралар ҳам ижод қилинди. Чунончи, Хуршиданинг “Тажалли” номли тўплами “Ватан” номли шеърдан бошланади. Унда шоира Ватансиз “Баҳор гул олиб келса ҳам сезмайсан” дейдики, Ватандан йироқ тушиб, бунинг нафасини озми-кўпми чеккан ҳассос киши борки, бунинг нима эканлигини дарҳол англайди:

                                Сенсиз тупроқларнинг исин сезмасман,

                                Ёмғирлар сасин, қор тусин сезмасман!..

                                Оламни яшнатиб, ифор таратиб,

                                Баҳорлар гул очиб келсин, сезмасман!..

      Бироқ шеърнинг ҳамма бандлари ҳам юқоригидек самимий ва ўзига хос мазмунда жарангламайди. Чунки қуйироқда шоиранинг овози Ватан ҳақида куйлаётган ўзга овозлар қаторига қўшилиб, эътибордан, алоҳидаликдан маҳрум бўлади:

                                Саркорим, сафдошим, сирдошим, Ватан,

                                Бедор ҳисларимдай саркашим, Ватан!

                                Сендан айро юрак умрим бегумон,

                                Жону жаҳонимга  жонбахшим, Ватан!..

Худди шундай шеърлардан бири “Ўзбекистонга” деб номланиб, Салима Умарованинг “Соғинч саҳроси” дейилган тўпламидан жой олган:

                                Юрагимга жосан, жонимсан, балки,

                                Руҳим, иймонимсан, балки.

                                Шарқда қуёш каби порлайвер балқиб,

                                Ногоҳ “дарду оҳ”дан  асрасин ўзи…

      Ватан саждагоҳ, Ватан муқаддас даргоҳ. Уни ҳаммамиз ўзимизча, ўз даражамизча яхши кўрамиз. Бунга шубҳа йўқ. Бироқ Ватан тўғрисида яхши шеър ёзиш учун уни камида Лайли ишқида ёниб куйган Мажнундек севиш, сева билиш зарур. Шундагина бугунги шоирларимизга ҳам Чўлпоннинг қатор оловли шеърлари каби, Ҳамид Олимжоннинг “Ўзбекистон”, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – ватаним маним”, Муҳаммад Юсуфнинг “Улуғимсан, Ватаним” каби онг ва қалбларимизга “жиз” этиб тегадиган, ҳароратли ва тирик шеърлар ёзиш насиб этади.

      Нодира Афоқованинг “Ўзбекистон”, Шаҳрибонунинг “Ватан” шеърларида ҳам шунга яқин ҳаракат кўзга ташланади:

                                Ортга боқса, баҳодир

                                Темурлари бор Ватан,

                                Босган йўлинг асотир,

                                Эртакларга ўхшайди.

                                Менга жондай азизсан.

                                Менга номус-ор Ватан,

                                Битта баргинг узилса,

                                Мингта жоним қақшайди.

                                                                                   (Нодира Афоқова)

      Ёки қуйидаги – Ватан ўзгача оҳангда, ўзгача мазмунда куйланган мисраларга эътибор беринг:

                                Уммонлар бағрида сирлар яширин,

                                Қуёшни кўрмаган қирлар яширин.

                                Нигоҳимга кўчган фалак – кўк тоқим.

                                Кафтимда ўйнайди жилға, шўх оқим.

                                Зарралар аксида кузатдим, Ватан,

                                Тўлқинлар тилида сўз айтдим, Ватан.

                                                                                   (Шаҳрибону)

      Кейинги йилларда, айниқса, баъзи бир ёш шоирларимиз ижодида анчайин бир кайфиятдан ҳам шеър ясашга мойиллик касали урчиб бораётганини афсус билан таъкидламоқчиман. Шунинг учун ҳам бугун шоир кўп, шеър эса ундан ҳам сероб. Лекин уларни мутолаа қилиб, сарагини ажрата бошларкансан, ўнлаб тўпламлар орасидан битта-яримтасигина ғалвирнинг ичида  қолаётганини пайқайсан, киши. Шунда ақлингга илк келган ўй тахминан қуйидаги мазмунда бўлади: ҳа, санъатда ҳамма нарсани истеъдод, фидоийлик ва ижодкор қисматига дохил бўлган дард белгилайди. Яхшиямки, дунёда пул ва мансаб дахл қила олмайдиган шундай мезонлар мавжуд!..

      Истеъдодли шоир Раҳимжон Раҳматнинг 2006-йилда ёзилган шеърларини ўқир эканман, юқоридаги мулоҳазалар хаёлимни банд этиб олди. Чунки у ердаги бош мавзу – ҳаёт ва ўлим мавзуси бўлиб, у шунчалар кўп қирралардан акс эттириладики, гўё шоир бир неча йиллардан бери фақат ва фақат битта йўлда изтироб билан юриб келаётган йўловчидек таассурот қолдиради. Бу йўлнинг  исмини тахминан  ҳаёт ва ўлим оралиғи деб қўйиш мумкин. Шу ўринда унинг ўз аёлига атаб битган, фарёд, фожеа, йиғи ва айни пайтда, улкан инсоннинг мардона руҳи жо бўлган ўнлаб шеърларидан иқтибос келтиргим келади:

                                Ўктамжоним, жон Ўктам

                                Айтгин, қуёш ботмасин.

                                Бағрингга яшир мени,

                                Ўлим олиб  кетмасин.

 

                                Ўктамжоним, жон Ўктам,

                                Сени қандай севаман.

                                Ўлаётиб оғриқмас,

                                Севишимни сезаман.

Ёки бошқа бир шеърини ўқиймиз:

                                Ўктамжоним, малагим,

                                Пешонамни силагин.

                                Бошим ёмон оғрийди,

                                Узоқ умр тилагин.

 

                                Ўктамжоним, малагим,

                                Менга дори ичиргин.

                                Йиллаб касал боқасан,

                                Жоним мени кечиргин.

 

                                Ўктамжоним, малагим,

                                Кел, юзингни силайин.

                                Бағрингга босгин мени,

                                Қучоғингда ўлайин.

      Р. Раҳмат қисмати ва ижоди мисолида шуни таъкидлашни истардимки, чинакам шеър, чинакам санъат асари осонликча қўлга киритилмайди. У ижодкор юраги, соғлиги ва ҳатто ҳаётининг маълум маънодаги қурбонликлари эвазига дунёга келадиган жудаям қимматбаҳо олам! Ҳақиқий санъат асарининг нархи ана шундай қиммат туришини англаган ижодкорки бор, ўйлаб қолади: У Яратгандан ўзига нима тиласин – зўр асарми ё соғлиқ, омонлик?.. Ҳа, ҳақиқий шеър, адабиёт ҳамиша ҳам ана шундай – борлик ва йўқлик оралиғида туғилади, яшайди…

      Яна бу йилда жуда кўп шоирларнинг ҳар-хил мазмун ва даражадаги тўпламлари нашрдан чиқди. Хусусан, Умида Абдуазимованинг «Тикилиб-тикилиб қарайсан», Илҳом Каромнинг “Зардоли Гули”, Мусфира Мунавварованинг “Ота уйи”, Бегали Мўминовнинг “Унутилган муҳаббат”, Узоқбой Исмоиловнинг “Рост дунё”, Бобур Бобомуроднинг “Юрагим”, Майрам Шарапованинг “Саодат буржи”, Бибиражаб Эргашеванинг “Руҳият”, Ҳазрат Эловнинг “Субҳидам”, Ойдиннисонинг “Номсиз”, Жасур Ҳусановнинг “Ёнимдаги ёлғизгинам”, Гулжамол Раҳмонованинг “Истадим бетакрор бўлишни”, Ирода Умарованинг “Баҳор висоли”, Мунаввара Юсупованинг “Муҳаббат йўли”, Зокиржон  Мамажоновнинг “Соғинч”, Марҳабо Собированинг “Настарин чечаги” каби тўпламлари ўтган йилимизнинг турли-туман маънавий-эстетик “таъм”га эга бўлган меваларидан ҳисобланади.     

            2006-йилда болаларнинг севимли шоири Анвар Обиджон катталар учун ёзган шеърларини  жамлаб “Танланган шеърлар” номи остида чоп этди. Айтиш керакки, шоирнинг катталар учун ҳам айтадиган жиддий кечинмалари, дардлари бор! У дунёнинг борлиқ ўйинларини, паст баландини кўриб тўйган кайфиятда ёшларга, ортда келаётган наслга қарата дейди:

                                Ёшлик учқур бир каптар,

                                Ёшлик қадрин бошдан бил.

                                Келса ўнқир чўнқирлар

                                Асабингни тошдан қил.

 

                                Сен яшайсан эрта ҳам,

                                Мен-чи кеча ўлганман.

                                Сенга сирли бу уйни

                                Мен титкилаб бўлганман…

 

      Чоршамънинг “Танланган асарлари”нинг биринчи жилди ҳам эълон қилинди. У ғазаллар, мухаммаслар ва шеърлардан таркиб топган. Айниқса, шоирнинг тирик ва самимий туйғулари акс этган ғазаллари маънавий ташна ўқувчи чанқоғини бир қадар қондиради. Унинг «Бизга баҳор бегонадур борган сари” деб бошланувчи ҳаётий ва фалсафий қамровга кўра ғоят тотли ғазали ажойиб қўшиқ бўлиб, халқ мулкига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмайди.

      Умуман, 2006-йил шеъриятимиз учун қутли, баракали йил бўлгани ва у кейинги қарийб ўн беш-йигирма йиллик истиқлол даври ўзбек адабиётининг бир қисми сифатида тарих мулкидан муносиб жой олгани бор гап.

      Энди ёшларимизнинг худди шу йилдаги шеърияти хирмонига бир назар ташласак.        

      Адабиёт, бу – миллатнинг кўнгли. Шунинг учун ҳам унга шеър ёки роман номи билан ҳар қандай «юк»ни юклаб бўлмайди. Адабиёт у ёки бу юмуш билан банд бўлган халқнинг ўй-хаёллари, орзу умидлари, армон ва  хўрсиниқларининг улкан, яхлит руҳий-маънавий олам — архетипга урилиб, атрофга сочилган акс садосидир, аслида! Шунга кўра ҳар қандай миллатнинг исталган давр адабиётини қўлга олиб, ҳижжалаб ўрганиб чиқиш дегани ўша миллатнинг маълум даврда бошидан, юрагидан кечирганлари билан танишиш, деганидир. Бироқ бунинг битта шарти бор: шу халқ ва шу даврга мансуб шоир (ёки ҳар қандай бошқа санъаткор) ўз қисмати билан, дунёқарашию олган таълим-тарбияси, яшаш тарзи билан шу халққа ва шу халқ яратган давр кайфиятига мансуб бўлмоғи зарур! Яъни Г. Фрейтагнинг  “Ҳар кимнинг қалбида ўз халқининг жажжи қиёфаси яшайди” деган фикрига қўшилмоғимиз учун ўша ҳар ким ҳақиқатан ҳам ўз халқига яқин бўлмоғи, яқин яшамоғи шарт!  Йўқса, шиша қаср  ичига кириб олиб, бутун умрини осойишта ўтказаётган одамнинг қалбидаги халқ қиёфаси кишида шубҳа уйғотади.

      Бугунги ўзбек ёшларининг илғор шеърияти мазмун–моҳиятида ҳам халқимизнинг маънавий бўй-бастига доир айрим қирралар кўзга ташланиб туради. Бироқ  бу қиёфа ҳали биронта ёш шоир ижодида бутун жозибаси билан, яхши-ёмони, оқу қораси  – борлиқ моҳияти билан ўзини кўрсатганича йўқ. Аслида, бу осон иш эмас. Дунё бўйлаб цивилизация бўронлари кучайиб бораётган бугунги кунимиз ва эртамизда бутун бошли халқ қиёфасини ўзининг биргина ижоди бағрига сиғдириш – сингдириш энди янаям мушкул бўлади, чамамда. Аммо умид бор. Ахир бир шоир бўлмаса, шу шоир мансуб бўлган катта бир авлод уддалаши мумкин-ку бу ишни! Ҳа, айнан шундай: ўз халқининг маълум даврдаги муайян қиёфасини шу давр авлоди  чизиб беришга қодир бўлади. Бироқ қиёфанинг тўлиқроқ бўлиши учун бугунги ўзбек назмига, айниқса, ёшлар шеъриятига истаклар соғинасан, киши.

       Аввало, ёшлар шеърияти шаклий жиҳатдан ҳам, мазмун нуқтаи назаридан ҳам ғоят турфаланиб бораётганини таъкидламоқ жоиз. Чунки ижтимоий буюртмалар ва сиёсий тўсиқлар бўлмаган давр адабиётининг хилма хиллик касб этиши табиийдир. Қолаверса, ахборот асрининг тўрлари воситасида бутун дунё яхлит бир санъат объектига айлангани ижодкорнинг мавзу уфқларини ниҳоятда кенгайтириб юборди.

      Чунончи, ёшлар шеъриятида шаҳар мавзусига кўпроқ қўл урила бошланди. Шунга қарамай, у чинакам шаҳар поэзиясига айланганича йўқ.   Ушбу шеъриятда шаҳарга хос белгилар – телефон, трамвай, тўп-тўп чироқлар, ойдин кўчалар деталь сифатида аллақачондан бери қўлланиб келинади. Бироқ чинакам шаҳар руҳини, шаҳар табиатини, шаҳар қалбини «Мана — у!» дея кўрсатиб берадиган бутун бошли шаҳар поэзияси йўқ, ҳисоби. (Адабиётимиз тарихида ушбу тамойил Ойбек ва Асқад Мухтор шеъриятида қисман кузатилади). Ваҳоланки, халқимизнинг катта бир қисми шаҳарда яшайди. Демак, шаҳар халқ қиёфасининг битта ажралмас қисмига айланиб улгурган. Бугунги ёшлар шеъриятини синчковлик билан кузатганимизда шунга ишора этувчи, аммо андак ўзга ракурсдан қаралиб ёзилган талай шеърлар галареясига дуч келамиз: унда  ёш шоир асосан қишлоқдан, пахта далаларию, ялпиз ўсган ариқлар бўйидан шаҳарга катта умидлар билан келиб, аммо шаҳар табиатига кўниколмай, унга сингишолмай, айни пайтда туғилиб ўсган қишлоғига ҳам қайта олмай, оралиқда қолган танг ҳолини чизишга уринади.

                         Мен энди қайтаман, бўлди, етар, бас! 

                        Ҳаловат топмадим  гавжум шаҳардан,

-            деб ёзади Ф. Ҳайит ўз авлоди кўнглидагини жамлагандек “Илинж” тўпламидан жой олган “Қайтиш” шеърида. «Хўш, нега ахир?» – деган савол туғилади. Нега шоир ўзини у ёки бу  касбнинг мутахассиси сифатида шакллантирадиган, болалик орзу-умидларини рўёбга чиқишига реал имконлар тақдим этадиган, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиб етишмоғида кўмаклашадиган макон – шаҳар ва унинг сершовқин кўчаларидан бош олиб кетишга шай турибди?.. Чунки инсоннинг киндик қони тўкилган, ёруғ оламни, онани, одамларни, тоғни, қуёшу ойни… илк бора танитган гўша ҳар қанча ғариб бўлмасин, ночор туюлмасин, барибир кўзига жаннатдек кўринади-да. Шунинг учун ҳам ўша жой шоир учун Ватаннинг бошланиши ва ҳатто айтиш мумкинки, Ватаннинг маркази ҳисобланади. Ҳа, ҳар қандай киши учун ўзи туғилиб, вояга етган гўша унинг ўз Ватани марказидир!.. ХХ аср психологияси, хусусан, Фрейд, Юнг, Фромм, Адлер ва ҳоказо кўплаб психоаналитикларнинг асарларида инсоннинг бундай ўйлов ва хатти-ҳаракатлари тубида ётган майл-интилишларнинг асл сабаблари хўп жозиб тарзда очиб берилган. Шоир-чи, бугунги ўзбек шоири нима дейди бу борада?

 

                                 Шафтолилар пишди боғимда,

                                    Отам териб менга илинди.

                                    Мен шаҳардан кўнгил узмадим,

                                    Қишлоқда кўп ўрним билинди.

 

                                    …Қаҳратон қиш келди боғимга,

                                    Отам менга илинди  ўзин.

                                    Қор ёққан тун уйқуга кетди,

                                    Аммо тонгда очмади кўзин.

 

                                    Ота, дедим хайқириб нолон,

                                    Лек очмади отам кўзини.

                                    Алмаштириб қўйдим шаҳарга

                                    Ҳатто унинг сўнгги сўзини.

                                                                               (М. Сиддиқ. “Ишқ бекати”)

      Қаранг, орзу-ҳаваслар кетидан олис шаҳарларга кетиш шоир учун қандай аламли йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин экан? Ҳа, орзу ортидан узоқ ва машаққатли сафарларга чиққан йўловчи ҳамиша камида шу орзулар салмоғига тенг бўлган қурбонлар беришга маҳкум!.. Тақдирининг шаҳар ва қишлоқ ўртасида муаллақ осилиб қолиши,  жисми ва кўнглининг моддият ва маънавият аро сарсон бўлиши, руҳ, тана ва ақл сарҳадларида дарбадар кезиши, орзу ва имкон, умуман, бу нуқталарнинг барчаси орасидаги  ҚИСМАТ гоҳо ёш шоир ақлию юрагини эзиб турган улкан тошга айланади. Аммо, бошқа жиҳатдан, эзгу нияту ҳаракат билан нафақат шоир, балки умуман, барча санъаткорлар бошидаги ана шунга ўхшаш  азалий муаммоларнинг ҳаммасини бир йўла ҳал қилиб қўйиш ҳам унчалик тўғри бўлмас-ов, дегинг келади. Чунки кўнгилдаги орзу-мақсадлар юксаклиги бир ёндаю иккинчи ёқда тақдир инъом этган имконлар қўлининг калталиги ўртасидаги масофалар юки, алами шоир, ёзувчи, бастакор қалбига ҳақиқий дилўртар изтиробларни солади, уни ўтдан олиб ўтларга ташлайди. Натижада титроқ шеърлар, кўнгилдаги музларни баҳор офтобидек эритиб сел қиладиган куйлар яратилади. Шунинг учун ҳам бугунги ёшлар шеъриятидан катта умидлар қилар эканмиз, билмоғимиз зарурки, истаклар ортида уларга ана шундай чин изтиробларни – ҳаётларини ёқиб, кулини кўкка совуришга қодир оловларни ҳам тилаган бўлиб чиқамиз…

      Бугунги  шоирлар  сафида бир-икки китоб чиқариб ва ҳатто чиқаришга ҳам улгурмай шеърият мухлислари назарларига тушган қатор ёшларни санашимиз мумкин: Адиба Ҳамро, Шаҳрибону, Фахриддин Ҳайит, Зокиржон Мамажонов, Аъзам Обид, Муҳиддин Абдусамад, Муҳаммад Сиддиқ, Нодир Жонузоқ, Насиба Юсупова, Адиба Умарова, Шодмонқул Саломов, Гулчеҳра Беназир, Нафосат Ражабова, Зулхумор, Акмал Икромов, Ойдиннисо, Олима Набизода, Носиржон Жўраев, Жасур Хусанов, Лола Саодатова, Мусаллам Бону, Гулжамол Асқарова, Гулшода Қурбонова, Зумрад, Гулбаҳор Ортиқхужаева, Гўзал Бегим, Дилрабо Мингбоева, Зебо Қутлиева, Шоҳида Мирзаева, Шуҳрат Насимов, Шуҳрат Ориф, Мунира Жўрабек қизи, Зоҳида Умарова, Умид Али, Марҳабо Собирова, Шоди Отамурод, Санобар Меҳмонова, Бегали Мўминов, Хуморбегим, Манзура Шамс, Зокир Худойшукур, Шаҳобиддин Ўрин… Мана шу тарзда рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бизнинг кўзимиз тушишга ҳали улгурмай, аммо амалда ўзларининг жуда яхши илк шеърларини эълон қилиб улгурган укаларимиз, сингилларимиз борлигига ҳам ишонаман. Уларнинг ҳаммасига ижодий баркамоллик тилаган ҳолда, шу давр шеъриятига хос бўлган яна бир қанча умумий хусусиятларга тўхталиб ўтсам.

      Назаримда, бугунги айрим ёшлар шеъриятининг ўзак хусусиятларидан бири — улардаги юкнинг – одам ва олам дардининг енгил тортиб, нисбатан майдалашиб кетганидир! Йўқ, гап мавзуда эмас. Шоир беш юз йил олдин ниманики  куйлаган бўлса, бугун ҳам ўшани тараннум этмоқда: муҳаббат, айрилиқ, висол, адолат, дўстлик, душманлик, она, бола, Ватан, табиат, қахрамонлик, умрнинг бебақолиги, охират қайғуси, буюклар  мадҳи ва ҳоказо мавзулар ҳамма даврларда барча миллат адабиёти ва санъатининг диққат марказида бўлиб келган. Аслида, кунимизга келиб, шеърият тематикаси яна-да кенгайган, дейиш мумкин. Чунки,  масалан, биргина атом бомбасининг ишлаб чиқилиши билан одамзод кўнглига тушган ваҳм ва қўрқув шу мавзуда ёзилган кўплаб асарларни вужудга келтирди. Энди қўл телефони, DVD, комьпютер, интернет ва булар кўрсатаётган “кароматлар” ҳам секин-аста шеъриятнинг “исътемол доираси”га тортилмоқда. Гап бунда ҳам эмас. Менингча, бош гап шоирнинг ўша азалий ва абадий мавзуларга ёндашув принципи ва даражасида бўлса керак! Майдалашув шу ерда! Шоирнинг (умуман, ҳар қандай ижодкорнинг) дунёни, одамни, яхшилик ва ёмонликни, ўз кўнгил оламию ўзгаларнинг босган қадамини… ўлчайдиган қаричи – дунёқараши кичрайиб қолганга ўхшайди. Аксарият шеърларда осмондан кенгроқ кўнгилларни, отнинг калласидан каттароқ (жасоратли!) юракларни учратиш тобора қийинлашиб бораётир…

      Яъни шоирнинг дарди фақат унинг ўз дарди бўлиб қолаяпти: у севадими- куядими, йиғлайдими – куладими, ҳамма-ҳаммаси фақат ўзигагина тегишли бўлган, ўзигагина ажратилган ер майдони – “шахсий ҳовлиси”да қолиб кетаяпти. Шунда беихтиёр ўйлаб қоласан: шеър тобора шахсийлашиб, субъективлашиб бораяпти экан. Бори-йўғи шу. Бундан ташвишга тушишнинг ҳожати бормикан? Ахир дунёнинг ўзи шунга қараб кетмаяптими? Замондош инсон дунёнинг авзойидан, яшаш шартларидан, товар алмашиш натижаларидан келиб чиқиб, ўзини ўзи чор деворнинг ичига қамаб олиб, оламдан, одамлардан узоқлашишга интилмаяптими? Бунинг оқибатида эса, бегоналашув муаммоси келиб чиқмаяптими? Ахир, бу муаммоларни биринчи бўлиб ўша Маркс ХIХ асрдаёқ инсоният олдига кўндаланг қўймаганмиди? Капитализм алал-оқибатда инсоннинг ўз-ўзидан бегоналашувига олиб боради, демаганми ва бу ғояни Эрих Фром ривожлантириб, унинг сарагини саракка, пучагини пучакка айириб, инсон нафақат ўзидан, айни чоғда ўзи яшаётган жамиятдан, оиласидан, яқинларидан… жамики эзгуликдан ҳам узоқлашиб бораётгани сабабларини тушунтиришга ҳаракат қилмаганмиди?.. Бас, шундай экан, бугуннинг ёш шоирлари ижодидаги кайфият ана шу умумкайфиятнинг битта кўриниши, улар осмондан олиб эмас, балки борини борича ёзаяпти, холос, деб ўзимизни тинчлантирсак бўладими? Хўп, бу кайфият бир томонда турсин, иккинчи томонда бошқа гап бор: адабиёту санъатга  ёппасига балои азимдек ёғилган эътиборсизлик, беписандлик ҳукмрон бўлган куни-кеча М. Юсуф, М. Тоир, С. Саййид, И. Мирзо каби шоирлар одамларга шеър ўқита билди-ку! «Ҳеч ким китоб ўқимаяпти, ҳамма ўзи билан ўзи овора, одамларга битта китобдан бир бурда нон афзал бўпқолди!” деган пайтларда ҳам уларнинг назм тўпламлари ўн минглаб нусхада чоп этилиб қўлма-қўл бўлди-ку! Биргина М. Юсуф “Сайланма”сининг тўрт марта кетма-кет нашр этилганига нима дейсиз? Хўш, бунинг сири, сабаби қаерда экан?..

      Менинг камтарона кузатишларим шуни кўрсатмоқдаки, юрагида ўз халқининг жажжи қиёфасини кўтариб юришга қодир шоир шеърга солинаётган ўз дардининг бир учидан ирмоқ очиб, кўпнинг умумдардига — умумдарёга қўшиб қўймоғи лозим кўринади. Аслида, бу иш атайин қилиши керак эмас. Чунки у ҳолда сунъийлик деган адабиёт учун энг хавфли вирус урчиб кетади. Умумдарёга очилган ирмоқ ўз-ўзидан – шоирнинг табиатидан, фикрлашидан, юрагининг ҳар уришидан туғилиб келмоғи зарур. Ахир, унинг қалбида ўз халқининг қиёфаси яшайди, дедик. Ҳамма гап шу ерда!..

     Айрим ёшларимиз шеъриятидаги «фазилат»лардан яна бири – ўқимаслик касалининг шеър юзига тепиб чиққан заъфаронлиги, заифлиги, мадорсизлигидир. Албатта, бу ўринда “Мана сизга далил-исбот!» дея улар шеърларидан  иқтибос келтиришни лозим топмадик. Чунки бу нарса умумий манзарада сезилиб-билиниб тургани боис, қўлимизни бигиз қилиб, «Ана - у!” дейишдан ўзимизни тийдик. Умуман, бугун бир-бировини ўқийдиган шоирлар  кўпмикан ўзи? Назаримда, ёш ижодкорларнинг кўпчилигида ўзига – ўз асарларига маҳлиёлик бор. Бундайин иллатдан қутулишнинг йўли эса – мутолаа. Тенгдошлару салафлар, Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий каби ўнлаб классикларимизу чет эл адиблари асарларини тинимсиз-тинимсиз ўқиш билан, умумий савиясини ошириш билан, ўз даврининг, миллатдошларининг дардига қалб қулоғини солиш билан, сўнг шу савиядан туриб кўнгилни бўшатиш — ёзиш билангина бугунги ёш шоир ўзбек адабиёти деган муқаддас оламда ўз ўрнига эга бўлиши мумкин. Ҳолбуки, бугун айрим ёшларимиз шеъриятини кузатганимизда, жуда яхши эгалланган шеър техникаси ёнида ночор ва ғариб дунёқарашни, узоққа бормайдиган,  жўн, ҳашаки фалсафани кўрамиз. Инчунун, ёш шоирлар одатда 30-35 ёшгача ёзганлари билан ўқувчи ва адабий жамоатчиликда умид уйғотади-ю сўнг она манбадаги давомсизлик туфайли манзил – дарёга етиб келмасдан йўлдаёқ тупроқ бағрига сингиб, изсиз йўқолган ирмоқ сингари кўздан ғойиб бўладилар. Хўш, нега? Нима учун? Қаёққа кетади ёш ижодкорларнинг катта бир қисми… 30-35 ёшдан кейин?..

     Сирасини  айтганда, 30-35 ёшгача  ёзиш осон. Ҳамма гап кейин ҳам ёза билишда. Чунки ёшликда инсон – эркакдир аёлдир – одатда, жисмонан соғлом, маънан ва руҳан тетик, захаланмаган, соф бўлади. Тоза ва ёш юрак!  Бу —  лирика, адабиёт ва санъат тошиб-қайнаб турадиган зилол булоқ-ку! Гарчи бу ёшдаги киши шеър ёзмаса ҳам, қилаётган иши деҳқончилик ё мухандислик бўлса ҳам, барибир, унинг кўнглида ўзига хос кўтаринкилик, баландпарвозлик, романтикага мойиллик яшайди. Саналган ушбу хусуслар эса санъату адабиёт парвоз этадиган трамплиндир. Кейин-чи? Кейин нима юз беради? Кейин ҳамма нарса юз беради ёки ҳеч нима содир бўлмайди… Қизиқ, бу  нима дегани?.. Ёш шоирнинг ёши улғайган сайин мутахассис сифатидаги, эр ёки хотин, ота ёки она сифатидаги вазифалари кўпаяди. Орзуларининг аксарияти орзулигича қолади, айримлари эса ҳаётга тадбиқ этилиб адо бўлади… Буларнинг ҳаммаси санъаткор онгию кўнглига қаттиқ таъсир этиб, ундаги тирик туйғуларга дахл қилади. Шунда шоирнинг ёши улғайса-да, ёзган шеърларининг сифати ортмайди. Мадомики, у шеър ёзишдан бошқа ишга ярамаса, мажбуран ёзади, аммо ёзганлари унга шуҳрат ва олқиш келтирмайди. Аксинча, ҳиссиз, тафтсиз ва дардсиз тизмалар шоирнинг умри давомида мисқоллаб, мисрама мисра тўплаган обрўсини қисқа муддат ичида сувга ағдариб соб қилади. Бас, шундай экан, шеър – юракдан юракка электр токидек улашиб таъсир этадиган санъат асари ёзилмаган вақтларда ижодкорнинг сукут сақлаши улкан савобдир, дея дунёни тўлдириб ҳайқиргиси келади кишининг. Ҳатто ундан нари: буюк қахрамонликдир! Шунинг учун ҳам юқорида ўттиз-қирқ чоғли ёш шоирларнинг номлари зикр этилган бўлишига қарамай, улардан қай бирларига катта адабиёт даргоҳига етиб келиш қисмати насиб этишини ҳозирча аниқ билмаймиз. Аммо эртага — 30-35 ёшдан  кейин санъаткор, олим, ёзувчи ва шоир… ўз ҳаёти давомида нималарга, қандай синовларга рўбарў келишини умумий манзараларда бўлса ҳам тасаввур этиш қийин эмас. Тассаввурда аниқлашган нарса шуки, ёш шоир (ва умуман, ҳар қандай санъаткор, олим) ни эртага қорин ғами, обрў, мартаба, бойлик орттириш, бола-чақа ташвиши исканжага олади. Санжоблар тушови кўпинча шу даражада оғирлашиб кетадики, оқибатда у (шоир, олим, ёзувчи, бастакор, рассом…) кўнгилдан воз кечиб яшашга, унга эътибор бермай, ҳамма қатори тирикчилик ташвишларига енгилиб кетишни истаб қолади. Ва шу ерда фожеа юз беради — ижодкор фожеаси: масалан, шоир энди истаса ҳам яхши шеърлар ёза олмайди. Бу – қисмат, аччиқ ва аламли қисмат!..

      Ҳа, яхши шеър, яхши адабиёт катта йўқотишлару қурбонлар эвазига қўлга киритилишини унутмаслигимиз керак. Эл қатори сара еб, турли-туман кийиб, бола-чақаларнинг орзу ҳавасларини рўёбга чиқариб ҳам яхши асар ёзаман, дейиш жудаям қийин эканлигини санъаткор, аввало, ўз иссиқ танасига ўйлаб кўрмоғи зарур! Чунки аслида, унга керакмикан бундай қурбонлик? Эҳтимол, яқинлари фароғатию ширин-шакар ўғил-қизларининг бахту иқболи ҳар қандай адабиётдан афзалроқдир унинг учун…

      Ёшлар шеъриятида шеърдан шеърга ўсиб–ривожланиб, узлуксиз давом этиб бораётган яхлит, улкан мавзу ҳам кўзга кам ташланади. Масалан, бундай мавзу Чўлпонда Истиқлол ғояси эди, Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовда она-Ватан мадҳи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Давронда ижтимоий адолат туйғуси, Рауф Парфию замондошларимиз Ҳалима Аҳмедова ва Зебо Мирзода оғриқ тўла, изтироб тўла севги, кўнгил дарди! Албатта, муҳаббат – ёшлар шеъриятининг ҳам бош мавзуси. Фақат уларда муҳаббат дарди ривожлантирилмайди, аксинча, ишқий шеърларнинг ҳар бири ўзича мустақил  мазмун-моҳиятга, шаклу шамойилга эгалиги билан ажралиб турадики, киши хаёлида бундай шеърлар умрларга татигулик улкан севгининг эмас, балки ёз ёмғиридек қисқа муддатда “келиб кетган” кўнгил ўйинларининг замзамаси ва хотираси эмасмикан, деган иштибоҳ туғилади. Худди шундай, бошқа мавзудаги шеърларда ҳам мазмун тадрижи кўзга ташланмайди. Узлуксизлик, узвийлик йўқ. “Хўш, унда ёшлар нима ҳақда кўпроқ ёзади?” – деган ҳақли савол туғилади. Жавоб: ёшлар ўзларини жудаям қаттиқ севишади. Айримлари ҳатто ёридан, онасидан ва Ватанидан ҳам кўра кўпроқ ўзларини яхши кўради, десак муболаға бўлмас! Шунинг учун ҳам улар асосан ўзлари ҳақида ёзишади – ўз кўнгилларининг турли хил кайфиятларини изҳор этишади. Албатта, шеър авваламбор кўнгилнинг, “Мен”нинг таржимаси бўлиши зарурлигини қабул этамиз. Аммо бунинг битта шарти бор: бу мен, бу кўнгил таржима қилинишга арзийдиган даражада баландда бўлмоғи лозим. Шоирнинг “Мен”ига, кўнглига ўзга бировнинг, онанинг, миллатнинг, Ватаннинг, қолаверса, она замину бутун башариятнинг ҳам тақдири сиғмоғи, унга синггиб кетган бўлмоғи зарур. “Бу иддаолар нотўғри! Менинг ижодимда она ҳақида ўнта шеър бор!” деб эътироз билдириш мумкин. Тўғри, бўлиши мумкин. Аммо она тўғрисидаги шеърингизнинг саноғи мингтага етган тақдирда ҳам у ерда бош қахрамон она эмас, сизнинг ўзингиз бўлгандан кейин, онангиз қалби бадиий кашф этилмагандан кейин, азиз шоирим, тизмаларингизнинг баҳоси бўлакча бўлади-да!.. Азага борган ўз дардини айтиб йиғлар экан. Эслайман: отаси ўлган бир қиз “Энди мен нима қиламан, кимга эркаланаман, кимдан ёрдам сўрайман?” деб фарёд чекканди. Назаримда, бу нола қирчиллама ёшида жумонмарг кетган ота ҳақида эмас, балки шу одамсиз эртанги ҳаётини тасаввур қилолмаётган қизнинг ўз дарди ҳақида эди. Баъзи бир ёшларнинг машқлари кўпгина жиҳатлари билан менга ўша қизнинг оҳ-воҳларини ёдга солади. Онаси вафот этган қуйидаги шоирнинг фиғонлари эса ўзгача эшитилади: “Ахир орзу қочиб кетмас, Битказар-ку тириклар. Онажоним, бир кунини ўтказар-ку тириклар” (А. Орипов). Яъни шоир ўғил эрта кетган онаси учун куйяпти, ўзи учун эмас. Унинг бутун нолалари онасига бағишланган, нафақат нолалари, балки ҳамма нарсасини — номи, шони, борингки, бутун ҳаётини онасининг пойларига пойандоздек ташлаяпти:

Пайти келиб тўлар бир кун

Паймона ҳам беомон.

Кузатарлар мени ҳам сўнг

Сенга томон, сен томон.

Балки у кун бошим узра

Дўстлар ҳам бош эгадир.

Ўша дамги иқболим ҳам

Онажоним, сенгадир.

Дилда неки журъатим бор,

Дилда неки ҳаяжон.

Бари, бари сенга бўлсин,

Сенга бўлсин, онажон.

Сенга бўлсин бор ҳаётим,

Номим, шоним бир йўла…

       Албаттаки, ҳар қандай шоирдан катта санъаткор олдига қўйиладиган талабларни исташ ноўрин. Лекин, барибир, ҳар қандай шоир ана шу омол (идеал) га интилмоғи шарт!  Нафсиламрини айтганда, мана шундай омолнинг идрок қилинмагани бугунги айрим ёшлар шеъриятида тушкун кайфиятни юзага келтираётган факторлардан биридир.

      Аммо шукрки, ҳамма ёшларнинг шеърлари ҳам ундай эмас. Ёруғ хаёл, кучли истаклар билан кўнглимизда умид уйғотаётган мисралар барибир ёзилмоқдаки, эҳтимол, айнан шу учқунлар келажакда халқимизнинг бадиий тафаккур қўлидаги улкан маёқларга айланар… Мана, ўқиб кўринг:

                             Биз севган баҳорлар келди азизам,

                             Кетдик, ариқлардан ялпиз терамиз.

                             Майсалар лабидан шабнам сипқориб,

                             Жажжи капалакка дилни берамиз.

                                                                    (М. Шамс)

Ёки

                             Минг бор Гулбаҳор, деб чақирсалар ҳам

                             Бир бор ГУЛБАҲОРга айланолмадим”.

                                                           (Г. Ортиқхўжаева)

Ёки

                             “Наҳот никоҳланган нигоҳларимиз?..”

                                                           (З. Мамажонов)

Ёки

                             “Юрагимда осмон яшайди,

                             Ташвишларсиз осон яшайди”.

                                                           (Шаҳрибону)

      Бунинг каби “йилт” этиб, шеърга ташна қалбларимизга олам-олам завқ бағишловчи мисралар қолган ёш шоирларда ҳам топилади. Чунончи, бугунги умидли шоираларимиздан бири Ойдиннисонинг «Номсиз” деб номланган тўпламида шундай шеър бор:

                              Тоғдек ҳасратимни қучоқлаб

                             Орқалаб зил изтиробимни

                             Охири ўзимни ўзим ардоқлаб

                             Олганча ўзимнинг ёнимни

                             Ҳаммангизни ташлаб кетмоқчи эдим

                             Топилмади ҳеч ким.

      Яъни шоира кўнгли дўстлардан, ёрдан, атроф-муҳитдан, қўйингки,  ҳамма-ҳаммадан хафа бўлиб, уларни ташлаб қаёққадир бош олиб кетишга қарор қилади. Лекин яхшилаб ўйлаб қараса, атрофида ташлаб кетиладиган одамнинг ўзи йўқ экан!.. Ҳеч ким бундай “сийлов”га муносиб эмас экан… Аммо бу шеърдан чиқадиган мазмун дудама пичоқнинг дамига ўхшайди: дарҳақиқат, ҳаётида арзийдиган киши бўлмаса, шоир кимни ташлаб кетади?..  Шоира ўқувчига шу маънони ўтказмоқчи бўлади. Аммо унинг ўзи ҳам (эҳтимол!) англаб етмаган ўзга маъно шеърнинг зимнида яшириниб ётади: у қандай яшади, нега яшадики, ташлаб кетиш учун ҳаётида ақалли биронта одам топилмаса?!.. Иккиёқламалик. Фожеанинг кучига қаранг!  Нақ иккита қаноти бор-а!.. Таъбир жоиз эса айтай: шоира кўнглидаги ана шу икки қанот ёрдамида ҳали ўз ботинининг узоқ-узоқ буржларига сафар қилиши мумкин. Фақат битта нарсани соғинаман унга: у ўша ерда қолиб кетмасин, аксинча, ўз жузъий оламидан бир дарича очсину куллий олам билан мулоқотга киришсин! Назаримда, катта ва жиддий адабиётнинг хусусиятларидан бири айни шудир.

           Ёш шоирлар шеър техникасини яхши эгаллаган, деб ёздим юқорида. Бу – табиий. Чунки шеър илми вақтлар, даврлар ўтган сайин авлоддан авлодга сайқал топиб боради. Шунинг учун ҳам бугунги ёш шоирга қайси вазнда қандай ёзиш кераклигини, оч қофиядан тўқ қофиянинг афзаллиги нимадан иборат эканлигини тушунтиришга уринаман, десангиз, кулгили ҳолга тушиб қоласиз. Ёшлар оқ шеърда ҳам, модерн оҳангларда ҳам бинойидек ижод қилишмоқда. Анъанавий шеър техникасини бўлса, сув қилиб ичиб юборишган. (Аруз истисно!)  Чунки улар бадиий мушоҳада эркинлигига эгадирлар. Худди мана шу эркинлик ёш шоирларга ўзидан аввалги  салафлар назмини “сипқориш” ва “ҳазм қилиш” имкониятини бермоқда. Ўйлашимча, уларнинг ижодкор сифатидаги омадларидан бири шу имконларда мужассам. Иккинчи томондаги имкон – ҳар кимнинг ўз шахсий ҳаёти, бошидан ўтказган яхши-ёмон кунларию кейинги йилларда мамлакат ва бутун дунё миқёсида юз берган эврилишлар синтези… Шоир юраги ана шу имконларга, одамлар қалбига, олам қалбига ланг очилган эшикдек бўлмоғи лозимки, руҳий-маънавий  мулоқотлар пировардида пишиб, сайқалланиб борсин, сўнг эса даврлар оша яшайдиган, авлоддан авлодга хабар бериб толмайдиган, эскириб оҳори тушмайдиган, эстетик ва бадиий қийматини йўқотмайдиган асарлар ёзилгуси, дея умид қиласан, киши. Биноийдек бўлиш кўпчиликнинг қўлидан келади, эплай олсангиз, Навоийдек бўлишга ҳаракат қилинг!

Ўқилди: 1 142

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар