Қидириш

Кутубхона

Facebook

Қиёфалар мазмуни

(Санжар Назар билан мубоҳаса)

Санжар НАЗАР: — Назаримда, юксак идеалларга талпиниш ва гўзал туйғуларнинг тубида, асл моҳиятида ўта примитив маиший эҳтиёжлар яшириндек. Биз бу эҳтиёжларни аллақачонлардан бери ўз номи билан атамаймиз. Уларни чиройли, жимжимадор атамалар ортига яширганмиз ва асл номларини унутиб юборганмиз. Масалан, аслида миллат, эътиқод ёки маслак атрофида бирлашишдек баландпарвоз ҳаракатларнинг остида «жамоа нартсисизми» деб аталадиган руҳий ҳолат ётиши ёки ватанпарварлик бир пайтлар ғорда яшаган бобокалонимизнинг ўз ошёнини харсанг билан беркитишининг чиройли такрори эканлигини ҳеч биримиз қабул қилишни хоҳламаймиз. Негаки, эҳтиёжларни ўз номи билан аташ олийнасаблигимиз ва бошқа улуғвор сифатларимизга соя ташлайди.

Мақсадга ўтсам, назаримда барча санъат турлари, шу жумладан, шеърият ҳам инсониятга бутун тараққиёт давомида йўлдош бўлиб келаётганига сабаб унинг моҳиятида яширинган эҳтиёжга боғлиқдек. Сиз бу фикрга қўшиласизми? Қўшилсангиз, шеъриятнинг асосида қандай эҳтиёж(лар) турибди, деб ҳисоблайсиз?

Улуғбек ҲАМДАМ: — Дарҳақиқат, бу жуда шафқатсиз савол. Жавоби эса ундан ҳам баттар. Бироқ барибир умид бор: гарчанд у жудаям кичик, лекин муҳими — мавжуд…

Маълумки, илмда Зигмунд Фрейд назарияларининг пайдо бўлиши билан инсоният яратган кўпгина маънавий соҳалар ва уларнинг юзага келиш сабаблари янгича талқин этила бошланди. Фрейд ҳатто бутун маданиятни қондирилмаган жинсий майлдан «бино бўлган олам» сифатида баҳолади. Бундан дунё ларзага келди. Ахир асрлардан буён не-не машаққат ва юксак интилишлар орқасида мисқоллаб тўпланган маънавият маҳсули — маданият илк бор ўзига хос «тавқи лаънат»га дуч келган эди. Унинг олий қадриятлардан яралгани шубҳа остига олинганди.

Қисқаси, «шеъриятнинг ортидаги ҳам шеърми?» — демоқчисиз-да…

Агарда инсоният деб аталган хилқат фақат оммадан, омма даражаси ва кайфиятидан иборат бўлганда, мен Фрейдга тўла ҳақ берардим. Яхшиямки, бундай эмас, яхшиямки, ҳамма даврларда кишиликнинг сара фарзандлари дунёда иккинчи қутбни (оммага нисбатан) яратиб келганлар ва бу дунё мувозанатини ушлаб турган. Яхшиямки, Фрейддан олдин ҳам, у яшаган даврда-ю ҳозир ҳам шундай кишилар — хос ақл, хос кўнгил эгалари мавжуд ва айни факт мен юқорида ҳам севиниб, ҳам ҳадиксираб айтган умидни пайдо қилади. Бироқ жавобнинг битта «лекин»и, яъни бор даҳшати шундаки, дунёни тобора — Гассет куйиниб ёзганидек — омма эгаллаб, бутун ҳукмронликни ўз қўлига олиб бораётир. Бу энди дўппини олиб қўйиб ўйлайдиган мушкил масала…

Келинг, энди бир қадар конкрет жавобга ўтсак. Инглиз ёзувчиси Ж.Оруелл: «Тўртта сабаб ижодкорни ёзишга ундайди, булар: худбинлик, оламдан эстетик завқ-шавқ олиш ва уни бошқаларга етказиш истаги, тарихий ҳақиқат қандай бўлса, уни ўшандайлигича кўриш эҳтиёжи ва сиёсий хоҳиш-ирода», — деб ёзади. Булардан иккитаси — худбинлик ва сиёсий хоҳиш-ирода (яъни одамларга ўз сиёсий қарашини сингдириб, дунёнинг ўзи хоҳлаган тарзда бошқарилишига ҳисса қўшмак эҳтиёжи), қайсидир маънода сиз айтаётган гап мазмунига яқин келади. Бироқ қолган иккитаси — дунё гўзаллигидан баҳра олиш ва уни бошқаларга етказиш истаги ҳамда нарсалар қандай бўлса, шундайлигича кўриш эҳтиёжи инсонлик шаънига муносибдир. Іатто буларнинг замирида ҳам ижодкорнинг «ғз дунёқараши» билан боғлиқ, унинг қайсидир манфаатига мос тушадиган нимадир бўлиши мумкин. Бироқ у энди сиз айтган «примитив маиший эҳтиёж» эмас. Агар шундай бўлганда эди, ижодкор бошқа касб билан шуғулланарди. Чунки примитив маиший эҳтиёж яхши еб, яхши кийиш билан изоҳланадиган тушунча бўлса, биз биламизки, ижод йўли бундай манзилга деярли (бизда) олиб бормайди…

Шахс — ижодкор ҳақида бир-икки оғиз сўз айтмоқчиман. Бундай ижодкорни ёзишга ундаган бош сабаб — унинг дунёга инсон бўлиб келганлиги ва инсонлик чегараларини англаганидадир. Қолган барча катта-кичик сабаблар шунинг ичида! Муқаддас китоблар-да «Худо инсонни ўзига ўхшатиб яратди», дейилади. Улуғ валий Румий ҳазратлари эса инсон Оллоҳ сифатларини ўзига қайтариб бермагунича саодатли бўлолмайди, деган мазмунда бир гап айтган. Бу дегани шуки, инсон ўз умрини Оллоҳга хос бўлган сифатларга интилиб яшаб ўтмоғи шарт. Бас, шундай экан, Оллоҳнинг битта сифати яратувчиликдир. Эгамнинг сифатларига интилган бандаси гарчи Оллоҳдек йўқдан бор қилолмаса ҳам, барибир, Хожасига — Яратганга тақлид қилади: ёзади, чизади, куйлайди, тарашлайди… Буларсиз мумкин эмас. Чунки у айнан шундай интилишлардагина ўз инсонлик моҳиятини, бу дунёга келиш ва ундан кетиш мантиғини — ҳаёт мазмунини идрок этади. Айтинг, Санжар, ёзувчилик, умуман, ижод моҳиятини шундай тушунган ижодкорга «сенинг ижодинг замирида энг майда маиший эҳтиёжлар мавжуд» дейишга энди ҳам ҳаддингиз сиғадими?! Менимча йўқ. Чунки бундай ижодкор — бошқа, сиз назарда тутаётган қаламкашлар яна бошқадир. «Бадиий тафаккур тадрижи» китобимда мен бу ҳақда тўхталганман. Унда Чўлпон шеърларини ўқиб поезияни ижтимоиёт, Р.Парфи ижоди билан танишиб эса руҳият акс этгувчи майдон деб билсангиз, айрим шоирлар машқларини варақлаб эса уни ҳақиқатан ҳам Фрейд айтганидек, қониқмаган биологик майлни ўзига шимиб олган шакл деб ўйлайсиз, деган бир фикрни таъкидлаб ёзганман. Шунинг ўзи назаримда сиз берган саволга яна бир умумий, айни пайтда етарли даражада батафсил жавобдир. Чунки сиз шеъриятга қайси шоир ижоди орқали қарасангиз, у шу шоирга «яқин» бир «ранг»да ўзини намоён этади. Агар сўнгги пайтларда ўқиётганингиз шоирлар сизга ана ўша примитив маиший эҳтиёжларни ёдга солаётган бўлса, бошқасини — руҳий парвозларга ундовчиларни ўқиб кўринг. Шунда сизга поезия бошқача бғлиб туюлади. Бироқ, барибир, шеър тўғрисидаги ҳақиқат уларнинг биттасида эмас, асло! Балки ҳаммасининг (ҳатто ўша примитив маиший туйғуларга элтувчиларининг ҳам) бирлигидадир…

Санжар НАЗАР: — Бугун кўплаб шеърларни кўздан кечира туриб (уларни фақат кўздан кечириш мумкин, улар ўқиш учун жудаям соддалик қилади) муаллифнинг ҳолатини яққол тасаввур қила оламан. Бу — кроссворд ечаётган одамнинг ҳолати. Іайрат ҳам, меҳнат ҳам, ҳиссиёт ва илҳом ҳам айнан шу даражада. Нимага шунақа? Нимага адабиёт, айниқса, шеърият санъатнинг бошқа турлари, илм-фан ёки спортдагидек узлуксиз тараққий этмайди, балки ўрни келганда ўзининг кечаги даражасига ҳавас билан боқади?

Улуғбек ҲАМДАМ: — Кўпчилик шеърларда акс этган кечинма ҳаминқадар, уларни ўқиса ҳам, ўқмаса ҳам бўлади, демоқчисиз-да?! Қўшиламан… Бундай шеърларнинг урчиб кетганлиги, аввало, халқимиз табиатидаги сентименталлик билан, ана шундай машқларни қоралаётганларнинг адабиётга, шеъриятга оддий бир нарса сифатида қараётганликлари билан, қолаверса, чуқур адабий-естетик тарбиянинг етишмаслиги, яъни диддаги қусур билан белгиланади. Табиий, бунинг яна кўп чуқур сабаблари бор. Шулардан биттаси, шахснинг ўзи билан, унинг қисмати билан боғлиқ бўлиб, айтиш мумкинки, инсон ҳар қанча истеъдодли туғилмасин, агар унинг кўрган куни, кечирган «ҳангомалари» санъаткорникига монанд бўлмаса, яъни ҳаёт чиғириқларида етарли даражада «пишмаса», ундан катта адабиёт кутиб бўлмайди. Бундай ижодкор ёзган нарсалар шунинг учун ҳам сизнинг маънавий, руҳий, эстетик чанқоғингизни қониқтирмайди. Бинобарин, сиз адабиётнинг кечаги даражасига ҳавас билан боқа бошлайсиз.

Яна бир сабаб шуки, дунё, одамлар ўз бағридан туйғуни, ҳисни, кечинмани тобора сиқиб чиқармоқда. ХХ аср ва мана, ХХИ аср кишиси гўё ҳис-ҳаяжонсиз, фақат ақл-идрок билан яшамоққа аҳд қилганга ўхшайди. Чунки шундай қилинганда ҳаёт енгилроқ бўлади, деб ишонади замондош. Шунинг учун ҳам у масалан, бошни айлантирадиган ишқ-муҳаббатга мубтало бўлишни, унинг оловида куйиб азобланишни эмас, совуқ мулоҳазакорлик билан фаровон ҳаёт ваъда этувчи йўлларни танлайди, шуларни афзал билади… Бу — асримизнинг, биз яшаётган даврнинг умумий кайфияти. Бугунги шоир ҳам шу замоннинг фарзанди бўлганидан кейин ўз муҳитига хос кайфиятдан кўпда узоққа кетолмайди. Бироқ, барибир, истиснолар мавжуд. Катта адабиёт ана шу мустасно ижодкорлар томонидангина яратилиши мумкин. Лекин улар ҳар куни туғилавермайди-да…

«Адабиёт, шеърият нима учун илм-фан ё спортдек узлуксиз тараққий этмайди?» — деган саволингизга келсак, шуни айтиш жоизки, инсон боласи туғилибдики, ҳамма нарсани нолдан — бошидан бошлайди. Агар салафлар етиб келган жойдан бошлаганида эди, сиз айтгандек, узлуксиз тараққиёт бўларди. Бироқ бундай эмас, бугунги шоир ўз фаолиятини Навоий етиб борган юксакликдан эмас, балки Навоий бошлаган қуйиликдан — ибтидодан бошлайди. Шунинг учун у ҳам туртинади, суртинади, алалоқибат, ўз куч-қудратига, Худойим юрак бағрига жо қилган имконига яраша «йўл босади». Шунга кўра босилган йўлларнинг узун-қисқалиги ҳар хил бўлади.

Санжар НАЗАР: — Нафақат шеърнинг, балки шоирнинг қиёфаси (янаям аниқроғи, юз ифодаси) ҳам ўзгариб турадими дейман-да. Шўро даври шоирларида асосан зиёлинамо, арбобларга хос қиёфа устивордек. Бироқ 60-70- йилларда улар сафига дарвешсифатлар қўшилган, 80-йилларнинг шоирлари суратда жангчига хос қиёфа, исёнкор назар билан намоён бўлишга интилганлар. Бугунги кун шоирлари табиат фонида, имкон қадар сентиментал қиёфада кўринишни хоҳлайдилар. (Айниқса, бугун телевидениеда шеър ўқиган одам борки, бирон-бир боғдаги буталар орасида қўлида баргми, новдами айлантириб, олисларга тикилганча сайр қилади). Бу замоннинг шоир бўлиш учун қўйган талаблари натижасими ёки шоирларнинг бошқаларда қолдиришни хоҳлаётган тасаввурлари ифодасими?

Улуғбек ҲАМДАМ: — Мен ҳар бир даврнинг худди одамларга ўхшаб ўз қиёфаси бўлиши ҳақида ёзгандим. Саволингизга жавоб шу ерда экан, уни яна такрорлашдан ўзга чора йўқ. Тасаввур қилингки, жамият — яхлит бир организм. У асрлар давомида яшаб келаяпти. Бу давомийлик мобайнида у ҳеч қачон бир хил кайфиятда бўла олмайди. Бу на амалий ва на назарий жиҳатдан мумкин. Инсон эса хоҳ ишчи, хоҳ ижодкор бўлсин, ўша жамиятнинг бир парчаси. Бас, шундай экан, одатда, ўзи мансуб бўлган давр руҳидан узоққа кетолмайди. ХХ аср ўзбек шоирининг турли даврларда турлича қиёфага киришининг туб илдизларини шу ердан қидиришимиз керак. Сиз шоир қиёфаларининг таснифини шўро давридан бошлаяпсиз. Тўғри, ундан аввалгиларни — Чўлпонлар авлодини ҳатто телевизорда ҳам кўрмагансиз. Мен ҳам шундай. Ажаб эмаски, уларнинг қиёфаларида ҳам ўз даврининг зиддиятли, азиятли руҳи шундоқ акс этган бўлса. Шўро даврида эса зиёлинома қиёфа урф бўлган, деяпсиз. Буни ҳам ўз сабаблари бор. Чунончи, собиқ шўро даври адабиётга ўз мафкурасини зўрлаб ўтказиб келган бир давр бўлганига кўра ижодкор ҳам тўла маънода ана шу мафкуранинг тарғиботчиси ҳисобланарди. Бундай тарғиботчи эса ёзилмаган қонун-қоидага биноан расмий қиёфада бўлиши керак эди. Қолаверса, тарихий тараққиётда шўровий Русиядан, дунёнинг илғор мамлакатларидан орқароқда келаётган Туркистон ижодкорлари табиий равишда илғор ўлкаларда русм ҳисобланган қиёфаларга ғайришуурий равишда тақлид ҳам қилганлар. 60-70 — йилларга келиб эса жамиятда мўътадил иқлим шабодалари эса бошлади. Чет эл адабиётидан хабардорлик кучайди. Натижада шоирлар орасида «ҳақиқий санъаткорда девоналикдан бир чимдим бўлиши керак», деган ақида тарқалди ва айримларга бу ёқиб тушди. (Шуни алоҳида таъкидлаб айтиш керакки, девоналик, дарвешлик хислати ҳар қандай даврда ҳам чинакам ижодкорларнинг битта қисми бўлиб яшайверади. Агар шуни ташқарига чиқаришга шароит туғилса, у намоён қилинади, йўқса яширин ҳолда кечиб ўтаверади).

Шоирларимизнинг 80-йиллардаги жанговор қиёфалари ҳам ўз изоҳига эга. Маълумки, шеъриятимизда 70-йиллар авлоди деган бақувват авлод бор. Уларнинг ўзига хос жиҳати ҳам айнан ижтимоий жанговорлик билан белгиланади. Бу шоирлар жамиятда адолат ўрнатилишини талаб қилиб чиқдилар, ҳар қандай ёлғонга, фирибга, кўзбўямачиликка қарши курашдилар. Буларнинг ҳаммаси улар қиёфаларида аксетмаслиги мумкин эмасди. «Бугунги кун шоирлари табиат фонида, сентиментал қиёфада кўринишни хоҳлайди», деган гапингизда ҳам жон бор.

Аввало, юртимизнинг сиёсий жиҳатдан мустақил бўлгани бугунги ижодкор онгида муайян эркинликни вужудга келтирди. Кеча юриш-туришини, қиёфасини қандайдир ғоялар йўналишига мувофиқлаштиришга эҳтиёж сезган шоир энди ўз кўнгил майлларига ҳам қулоқ тутаётир. Юқорида таъкидланганидек, халқимиз табиатидаги (кўпроқ шарқ халқларига хос) сентименталлик унинг ҳам қиёфасида акс этмоқда. Қолаверса, умумий бу қиёфалар қафасини парчалаб, ўзининг индивидуал овози, демакки, қиёфасига эга бўлиш учун шоир катта Ижодкор, катта Одам, катта Шахс бўлиши шарт! Бунинг бошқа чораси ҳам, йўли ҳам йўқ! Яна бир гап: қиёфалар ичида энг даҳшатлиси — қиёфасизлик! Сиз айтган сентименталлик ҳам кўп жиҳатдан мана шунга яқин келади. Чунки шоир, ижодкор қиёфасини топиб ололмай, ўзини умумий руҳга, кайфиятга топшириб қўйганидир бу. Эҳтимол, сизнинг бугунги шеъриятдан кўнглингиз тўлмаётгани сабабларидан бири ҳам шундадир. Эҳтимол, сиз суянса бўладиган, севса арзийдиган қиёфа излаётгандирсиз. Кўринадики, бугун шоир, умуман, ижодкор билмоғи керакки, ҳар ким ўз йўлини, ўз қиёфасини қидириб топмагунча узоққа боролмайди. Бунинг учун фақат шеър ўқиш ва шеър ёзиш билангина чегараланмай, айниқса, психологияни, қолаверса, инсоният маданияти асосларини чуқур ўрганмоғи, тинимсиз мутолаа қилмоғи шарт. Бироқ шунда ҳам омад унга кулиб боқадими-йўқми — бир нарса дейиш қийин. Чунки ўз сўзига, ўз қиёфасига эга катта ижодкор бўлишнинг иккинчи томони инсон қисматига бориб боғланади. «Худо берган истеъдод» дейишади-ку… Шунинг моҳиятида талантли ижодкор қисматининг чинакам санъаткорникига монанд бўлиши ҳам кўзда тутилади. Соддароқ айтганда, шоирда юқорида саналганларнинг ҳаммаси бўлгани ҳолда у яна ўз қисмати томонидан шунақанги исканжага олинмоғи зарурки, натижада ушбу қафасдан қутулмоқ учун унинг бутун истеъдоди, билими, эҳтироси… ҳамма-ҳаммаси тўла равишда ишга солинган бўлсин!… Шундагина ижодкор қиёфаси туғилади. Бироқ инкор этолмаймизки, ҳеч қайси соғлом фикрловчи одам ўзига ҳеч қанақа дард, азиятни соғинмай-ди… Мана, нима учун ҳар бир ижодкор ўз қиёфасига эга бўлишни истайди-ю, бироқ камдан-кам шоир ё ёзувчи, қўшиқчи ё рассомнинг ўз сўзи, ўз қиёфаси бўлади. Сиз юқорида санаган олимона, дарвешсифат ёки жанговору сентиментал қиёфалар ҳам қайсидир маънода умумқиёфадир. Яхши биламизки, ХХ аср ўзбек шеъриятини «кўтариб турган» энг бақувват шоирларимизнинг ўз қиёфалари мавжудки, бу билан улар ўз даврининг ижодкорларига «ёпиштирилган» ёрлиқ — умумқиёфадан ажралиб туради. Бу энди бошқа масала…

Санжар НАЗАР: — Шеъриятга билвосита алоқадор бўлган яна битта савол. Нимага кейинги пайтда шоиралар кўпайиб кетди?

Улуғбек ҲАМДАМ: — Назаримда, ҳали саволингиз серобга ўхшайди. Шунинг учун қисқа ва лўнда жавоб беришга уринаман.

Аввало, сиз айтаётган «кейинги пайтда» тсивилизатсия туғиб бераётган кайфият тубдан ўзгарди. Аёлларимиз ўзларини яна-да «еркин» ҳис қилиб қолди. Ишлаш ҳуқуқи, эркаклар билан баробар бғлиш ҳуқуқи, дин, виждон, сғз ва яна шу каби ғнлаб эркинликлар, буларнинг натижаси ғлароқ иқтисодий эркинлик уларнинг дунёқараш ва яшаш тарзларидаги Янги қанотларни пайдо қилди. Қарабсизки, бу ёғи кғнгил ҳам эркин бғлиб қобди… Бу дегани ғнлаб, юзлаб, минглаб шоиралардир… Бу — биринчи сабаб. Иккинчиси, юқорида эсланган умумий сеитиментал руҳ, осонгина машҳур бўлиб олиш истаги ва бунинг оқибатида қандай даражада бғлишидан қатъий назар дард айтиш, йиғлашдек умуммодасига берилиш… ва ҳоказо…

Бу — жавобнинг жудаям умумий суврати. Уни бемалол конкретлаштириб, узоқ мулоҳаза юритиш мумкин. Бироқ бу энди алоҳида, катта ҳажмли суҳбатнинг мавзуидир.

Санжар НАЗАР: — Шеъриятнинг савияси адабиётшуносликнинг савиясига қанчалик боғлиқ? Баъзи ўринларда бадиий адабиёт ҳақидаги назарий фикрлар асарлардан олдинроқда юриши керак эмасми?

Улуғбек ҲАМДАМ: — Назаримда катта шоирнинг ичида яхшигина адабиётшунос ҳам яшайди. Гарчанд у ҳеч қачон адабий-илмий мақола ёзмаса ҳам. Бас, шундай экан, шоирнинг ёзганлари ўз ботинидаги адабиётшунос-олим томонидан назорат қилиб турилади.

Бевосита саволингизга келсак, тўғри, баъзан адабий-илмий фикр бадиий-естетик дунёқарашдан ўзиб кетиши ҳам мумкин. Бироқ бунинг учун адабиётшунос дунёни бадиий-естетик қабул қилишда шоирдан ўзиб кетган бўлиши шарт, деб ўйлайман. Шундагина адабиёт, шеърият адабиётшуносликнинг ортидан етиб келади. Буларнинг ҳаммаси айланиб бориб шоирнинг ҳам, адабиётшуноснинг ҳам ўзига, унинг шахслик, маърифатга дахлдорлик, истеъдод даражасига боғланади.

Санжар НАЗАР: — Шеъриятда «ақлли» ва «истеъдодли» деган сифатлар доим ҳам мос келиши шартми? Умуман, сизнингча санъатнинг ушбу турида даҳоликнинг асосий кўрсаткичлари нималар?

Улуғбек ҲАМДАМ: — Шундай вақтлар бўладики, биз «ақлли» шеъриятни ўқигимиз келади, бошқа бир вақтда эса истеъдод билан ёзилганини афзал кўрамиз. Назаримда «истеъдодли» деган сифат ўз ичига «ақлли» деган сифатни ҳам қамраб олади. Бироқ тескарисига, яъни «ақлли» «истеъдодли»ни қамраб олишига унчалик ишонмайман. Бас, шундай экан, шеъриятда истеъдод бирламчидир.

Санжар НАЗАР: — Сиз ниманинг илинжида шеър ўқийсиз: оҳангми, ҳиссиётми, фикрми ёки бошқа бирон нарсами?

Улуғбек ҲАМДАМ: — Энг яхши шеър буларнинг баридан дунёга келган шеърдир. Бироқ биз баъзан фақат фикрдан иборат мисраларни ҳам шеър ўрнида қабул қиламиз. Чунки ичимизда афоризмга, ҳикматга бўлган эҳтиёж бор-да.

Санжар НАЗАР: — Ёзувчи Назар Эшонқул билан суҳбатлашганимизда, «ХХИ аср наср асри бўлади», — деган эди. Сиз бунга нима дейсиз?

Улуғбек ҲАМДАМ: — Яқинда адабиётшунос олим Иброҳим Іаққул «ХХИ асрда шеъриятимиз янада илгари кетади», деди. Іар иккала фикрда ҳам жон бор, асос бор. Менимча, кейинги 15 йил мобайнида, ҳаётимиз, дунёқарашимизда шунчалик азим эврилишлар бўлдики, энди навбат (ижодкор учун!) ўшаларни бадиий-естетик нуқтаи назардан идрок этишга келди. Демак, шоир учун ҳам, носир учун ҳам улкан имкониятлар бошланаётир. Бироқ ҳамма гап ижодкор ва унинг ташаббусида…

Санжар НАЗАР: — Улуғбек ака, оддий ўқувчи сифатида, бугунги суҳбатимиз сингари мавзуларнинг «Ёш куч»да ёритилиши қанчалик ўринли деб ўйлайсиз?

Улуғбек ҲАМДАМ: — Мен журналингизга оддий ўқувчи сифатида қарай олишим мумкиндир, бироқ ушбу суҳбатга ундай қарай олмайман. Чунки ҳар қанақасига олиб кўрмайлик, адабиётга алоқадор суҳбатда кўтарилган муаммолар мен учун жуда муҳим ва қадрли бўлиб туюлаверади. Шундай бўлса ҳам оддий ўқувчига бунинг (суҳбатнинг) қизиғи йўқ бўлса керак, деб ёзишга ўзимда куч топаман. Фикрловчи ўқувчи учун эса бундай суҳбатлар жудаям зарур. Энди танлаш (суҳбатни эълон қилиш-қилмаслик) сизларнинг ихтиёрингизда.

Суҳбат «Ёш куч» журнали 2003 йил 2- сонида эълон қилинган.

Ўқилди: 250

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар