Қидириш

Кутубхона

Facebook

Инсон табиат ва жамият маҳсули

(ёзувчи Улуғбек Ҳамдам билан суҳбат)

Савол: 1. Улуғбек ака, сизнинг бундан 7-8 йил аввал нашр қилинган «Мувозанат», «Исён ва итоат» каби романларингиз адабиётшунос- мунаққидлар, китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Улар ҳақида ўнлаб мақолалар эълон қилинди. Бунга сабаб жаҳон адабиёти билан миллий романчилигимизни синтез қилганингизми? Яъни романларингиз қай тариқа дунёга келади? Ёш ижодкорлардан хабарим бор: улар бир-иккита китоб ўқийди-да, ўз ҳаётида кўрган-кечирганларини бадиий тўқимадан маҳорат билан фойдаланиб, ҳаш-паш дегунча роман ёзиб ташлашади. Сизда қандай: пухта изланиб материал тўплайсизми ёки кимларнингдир ғояларига суяниб қалам тебратасизми? 

Улуғбек Ҳамдам: Кимларнингдир ғоясига, шукрки, ҳозиргача муҳтож бўлган эмасман. Аммо адабиёт тарихида бундай усул бор. Қачондир ўзимнинг бадиий ғояларим тугаб қолса, эҳтимол мен ҳам бошқалардан эшитганларимни асарга айлантириб кўрарман. Бунинг ҳам битта шарти бўлади: бегона қисмат мени тўлқинлантириши ва ўз бегоналигини тарк этиб, ўзимникига айланмоғи зарур.

Жаҳон адабиёти билан яхши таниш бўлишгина роман ёзишга етарли эмас. Қолаверса, ўзбек ва дунё адабиётидан ҳали ўқишим лозим бўлган кўп маъқул асарлар бор. Менимча, ёзувчини ёзишга ундайдиган куч бу, аввало, ҳаёт ва у инъом этгувчи материал. Ёш ижодкорлар қандай ёзаяпти — билмадиму ўзимнинг ижод қилиш жараёним борасида бир-икки оғиз гап айта оламан. Одатда, мен асар учун махсус материал тўпламайман. Ўзи бирон нарса ёзаркан, атайин нимадир қилмайман. Ҳамиша ҳаётга ва илҳомимга ишонаман. Бу унчалик тўғри йўл бўлмаслиги мумкин. Лекин на чора, ҳамма бир хил қолипда иш кўриши шарт, деган қоида ҳам йўқ-ку. Ҳаётга ишонаман, дейишим, унинг ўзи менга етарли ва керакли хамиртуриш беради, деганимдир. Илҳомимга ишонаман, дейишим, шу ҳаёт материалидан онггим ва юрагим обдон таъсирланади, улардан ичимга қўр тушади, деганим бўлади. Ана шулар бўлгач, ёзишим табиий ва бирмунча осон кечади. «Нақорат», яъни эпизотларни бир-бирига улаш маъносида бадиий тўқимага зўр берган вақтларим қийналиб кетаман. Нимаики ёзсам, ҳаммаси тоғ бағридан отилиб чиққан шалоладек эркин ва ҳароратли бўлишини истайман. Шунда менинг ўқувчи олдидаги самимиятимга путур етмайди. Самимият бор жойда эса чинакам адабиёт туғилади, деб ҳисоблайман.

Савол: 2. Сиз бир адабий учрашувда минбардан туриб сўзлаган нутқингизда шундай деган эдингиз: «Аслида энг катта адабиёт инсон кўнглида яшайди. У ҳар биримизнинг қалбимизда яширин». Бу фикрларга ҳам ёзган романларингизга қисқача урғу берсангиз.

Улуғбек Ҳамдам: Ҳар бир инсоннинг кўнгли унинг ўзи учун энг улкан адабиётдир. Бунга шубҳа йўқ. Биз ҳамиша уни — ўнгда ҳам, тушда ҳам — мутолаа қилиб яшаймиз. Аммо кўнглимизни ҳаммадан қизғониб, яшириб юрамиз. Кўнглимиз — дахлсиз ватанимиз! Фақат ўта жасоратли ижодкорларгина ўқувчига ана шу ватанга адабиёт деб аталган дарича орқали бўйлашга изн беради. Назаримда катта адабиёт фақат шу тарзда яратилади. Агар биз ўз ботинимиздагини китобхондан дариғ тутсак, ёзганларимиз сариқ чақага ҳам арзимайди. Ҳатто ёзиш санъатини мукаммал эгаллаб олган бўлсак ҳам. Шу маънода романларим менинг қалб нидоларимдир, дея бемалол айта оламан.

Савол: 3. Энди суҳбатимизнинг асосий мақсадига келсак? «Сабо ва Самандар» романининг яратилиш жараёни қандай кечди. Роман услуб ва шакл жиҳатидан аънанавий романчиликдан фарқ қилади. Айни дамда маълум маънода Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар»ини ёдга соладиган жойлари ҳам бор.

Улуғбек Ҳамдам: Кўнгил кишисининг юрагида аввало, инсонга бўлган азим бир муҳаббатнинг яшашига шубҳа қилмайман. Лекин бу туйғу кўпинча ошкор этилмайди. Бунга шарқ халқларининг қон-қонига сингиб кетган одоб-ахлоқ қоидалари ҳам, инсоннинг диний-ижтимоий, маънавий-психологик ҳолати ҳам мусодаа этмайди. Бироқ ташқарининг тўсиқлари ҳар қанча маҳобатли ва мустаҳкам бўлмасин, ичкари ҳам ўз табиатига кўра нафас олишда давом этаверади. Зиддиятлар, қахрамон бағрини қоқ иккига айириб ташлайдиган конфликтлар шу янглиғ дунёга келади. «Сабо ва Самандар» ана шулар ҳақидаги роман. Унда анъанавий романларга ўхшаш ва ноўхшаш тарафларнинг бўлиши табиий. Қисқача айтсак, менгзайдиган томони ҳаётбахш анъаналарни давом эттиришга интилиш билан, ноўхшаш жиҳати замон кайфияти ва ёзувчи дунёқарашидаги айричалик билан белгиланиши ҳам мумкин. Савол: 4. Романнинг биринчи бўлими зулматни тасвирлашдан бошланади. Бу ҳам асарнинг ғоясини очиб беришда муҳим аҳамият касб этади. Кейин Сабо ва Самандарларнинг изтиробли, аччиқ қисматини ёритишда Нодира ва Нилуфарнинг фожеали тақдиридан ҳикоя келтирасиз. Бундай усул адабиётимизда бор, аммо бугунги кунда жуда кам учрайдиган ҳолат. Шу хақдаги фикрларингизни айтсангиз.

Улуғбек Ҳамдам: Ҳақиқатан, романнинг зулматдан бошланишида рамзий маъно бор эди, нозик кузатиш билан буни ҳис қилган кўринасиз. Ўша зулмат қахрамоннинг ичини қоплаб олган. Лекин зулмат бағрини тилиб, оламни нурафшон айлашга қодир куч борки, номи ишқдир. Шу фикрни бутун асар бағридан нур толаси янглиғ олиб ўтишга интилганман («Бир қатим нур»ни эсланг). Сабо ва Самандарнинг муҳаббат қиссалари олдидан бошқа шунга ўхшаш тарих — Нодир билан Нилуфарнинг маъюс қисматлари ўқувчига тақдим этилади. Бу ўзига хос қолиплов усули бўлиб, таъкидлаганингиздек, адабиётимизда (масалан, «Ўтган кунлар»да) учрайди. Эътибор қилган бўлсангиз, ҳаммасидан аввал яна бир буюк муҳаббат достони ёдга олинади, асар давомида унга бот-бот мурожаат қилинадики, Навоийнинг «Лайли ва Мажнун»идир. Демак, бу ўринда анчайин мураккаб қолиплаш усули яширинган кўринади. Кейинги вақтда бундай усулдан кам истифода этилаётган бўлса бордир, аммо эҳтиёж туғилганда ҳар қандай ўринли бадиий приём асар салмоғи ва савиясини фақат орттиради, деб ўйлайман.

Савол: 5. Сиз, янглишмасам, романнинг иккинчи бўлимида бир мунозарали кўрсатув ҳақида эпизодик лавҳа келтириб ўтасиз: «Сивилизатсия ва инсон туйғуларининг муносабати». Тўғри, бугунги кундаги тсивлизатсия шу даражага бориб етдики, ўйлаб инсоннинг ақли шошади. ИНСОН -ТАБИАТ -ЖАМИЯТ хусусида тўхталиб ўтсангиз. Сиз бу тушунчаларни бирлаштириб қандай хулосага келган бўлардингиз?

Шу Саволнинг мантиқий давоми: Сиз барча «юк»ни «СИВЛИЗАСИЯ» елкасига ташлайсиз. Мана, масалан, бир мисол: Йигит қизни ёқтириб қолди, дейлик. Қиз биринчи навбатда унинг ижтимоий аҳволига қизиқади. Кутилгандек бўлмаса, қисқа қилиб «Менинг севганим бор» дейди. Шу масалада ҳам романнинг тарбиявий аҳамияти каттадир, деб ўйлайман…

Улуғбек Ҳамдам: Инсон, аввало, табиат фарзанди ҳисобланади. У ўзининг физиологик асосларига кўра она табиат билан чамбарчас боғлиқки, ажратиб бўлмайди. Айни дамда у жамиятнинг ҳам бир парчаси. Демак, инсоннинг биологик хусусиятлари унинг бир оёғи бўлиб табиат бағрида турса, ижтимоий-руҳий тарафи иккинчи оёқ бўлиб жамият деб аталган заминга қадалгандир. Сивилизатсия даражаси ортган сайин, инсон ўзининг табиат қўйнида собит турган оёғини тортиб олмоқчи бўлиб, фақат жамият қонунлари асосида кун кечирмоққа тутиняпти. Бу эса хатарли. Нега? Чунки жамиятдаги шарт-шароит, талаб-еҳтиёж шундайки, инсон имкон қадар тез ва кўп фойда кўришга интилади. Шу билан бирга у кутишни, азоб чекишни, қаноатланишни билмайди ёки истамайди. Буларнинг бари табиат қонунларига зид. Табиатни инкор қилиш зурриёднинг онани инкор қилиши билан тенг. Айтилаётган гапларнинг романга қандай алоқаси бор, деган табиий Саволтуғилади. Шундайки, ишқ каби туйғулар табиатнинг инсонга берган энг улуғ неъматларидан бири. Жамият ҳар доим ҳам уни қучоқ очиб қабул қилмайди, бошини силамайди. Чунки унинг ўз қарашлари, тартиб-интизом ва шафқатсиз тутимлари мавжуд. Шу икки ўртада қолган бани одам эса нафақат изтироб чекади, сираси келганда нобуд ҳам бўлади. Худди Лайли ва Мажнун, Сабо ва Самандару Нодир ва Нилуфарга ўхшаб. Шунинг учун мен сизнинг юқорида тизган сўзларингиз тартибини андак ўзгартиришни таклиф қиламан: «ИНСОН ТАБИАТ ЖАМИЯТ» эмас, балки «ТАБИАТ ЖАМИЯТ ИНСОН» бўлса дейман. Бунда тадриж бор, қонуният мавжуд.

Сивилизатсия инсонни ўз юрагидан ташқарига — темир-терсаклар шовқин солиб турган кўчага қувиб солди. Натижада одам боласи ўз қалбидан, ҳис-туйғуларидан узоқлашди ва руҳан ҳасталана бошлади. Аммо фожеа шундаки, бундай бемор ўзини касал деб ўйламайди. Назаримда бугун сунъий роботларни яратишнинг ҳожати йўқ, ўз юрагидан бадарға этилган инсоннинг ўзи энг даҳшатли роботга айланмоқда. Романга киритилган «Сивилизатсия ва инсон туйғулари муносабати» деган эпизод ана шундай маъноларни ўзида акс эттиради.

Энди замонавий қизнинг ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб йигитга хўп ё йўқ дейиши юқорида айтганларимизни тасдиқлайди. Чунки қиз жамият қонун-қоидалари билан ҳисоблашиб, совуқ, мулоҳазакор ақл билан иш кўришга мажбур бўлаяпти. Ҳа,замонавий йигит ҳам, қиз ҳам ҳаётга ўта прогматик ёндашмоқда.

Савол: 6. Академик олим Матёқуб Қўшжонов «Мувозанат»ни шиддат билан ёзилган роман деб таърифлаган эди. Бу романингиз ҳам ана шу сифатдан холи эмаслигини асарни ўқиш жараёнида ҳис этиш мумкин. Шунинг учун бўлса керак, уни изтироб билан тез ўқиб чиқдим. Энди шундай бир Савол: Нега романларингиз кам нусхада чоп қилинадию жуда кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлади?..

Улуғбек Ҳамдам: Мувозанат уч марта чоп этилди ва умумий адади 8 000 га етди. Ҳозирги давр учун мазкур рақам нормалдир. «Исён ва итоат» (2000 нусхада) ва «Сабо ва Самандар» (кам) ҳозирча бир мартадан нашр қилинди ва тарқаб кетди. Талаб бўлгани боис янги нашрлар борасида ўйлаяпман. Саволингизга келсак, аввало, китоб сотилмай тахланиб қолмасин, дейман. Қолаверса, дастлаб камроқ нусхада чиқариб, ўқувчи нигоҳидан ўтказиб олиш одатим ҳам йўқ эмас. Муносабат ва тақризлар асосида қайта кўриб чиқилгандан кейин тузукроқ миқдорда чоп қилса ярашади.

Сиз қандай фикрдасиз — билмадиму, романларимнинг баҳс-мунозараларга сабаб бўлишини мен ижобий ҳодиса бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки ўқувчи юрагидаги яширин сирлару дардларга оҳангдошликкина бадиий асарга қизғин муносабатни дунёга келтиради. Демак, ёзувчи сифатида нималардир қўлимдан келаяпти экан. Энг ёмони — сен томонингдан айтилган сўзнинг акс садосиз, эътиборсиз қолиши.

Савол: 7. «Лайли ва Мажнун»нинг абадий муҳаббатидан илҳомланиб ёзганмисиз дейман?.. «Севги» тушунчаси ҳакида гапириб ўтсангиз. Бу мавзуга қўл урган ёзувчики бор, муҳаббатни ўзича тарифлайди.

Улуғбек Ҳамдам: Йўқ, аввало, ишқ туйғуси туфайли ёздим бу романни. «Лайли ва Мажнун» каби ўлмас достонлар ва уларда акс этган муҳаббат менга далда берди, десам ҳақ гапни айтган бўламан.

Севги ҳақида айтмоқчи бўлганларим романда акс этган. Тўғри, ҳамма уни ўзича таърифлайди. Лекин ишқ борасида тўлиб-тошиб ёзганларнинг бари битта фикрда якдилдек. Бу якдилликни рамзий ифода қилсак, тахминан шундай қиёфага киради: муҳаббат тириклик деб аталган тож устига қўндирилган бебаҳо жавоҳир!

Савол: 8. Адабиётшунос олим, ёзувчи-мунаққид сифатида бугунги адабий жараёндан кўнглингиз тўладими? Агар шундай бўлса ёш ижодкорлар ҳақида қандай фикрдасиз?

Улуғбек Ҳамдам: Бугунги адабий жараён кечагига нисбатан ранг-баранглиги билан киши кўнглига ёруғлик, умид олиб киради. Хилма-хиллик -улуғ неъмат. Чунки у турли-туман ижтимоий қатлам кайфиятини акс эттириши билан қадрли. Ёшлар ижоди ҳам шу умумий йўналишнинг битта ҳаракатдаги бўлаги. Ёшлар ўз кўнгилларини таржима қилишдан чўчимаяптилар, шуниси қувонтиради. Фақат катта фалсафий кенгликларга чиқиб, универсал умумлашмалар қилишга кўпроқ эътибор берсалар, ёзганларининг кучи бир неча марта ошиб кетади, дея истак билдиргим келади.

Савол: 9. Мухлису-мухлисаларингизга, китобсевар ўқувчиларингизга тилакларингиз…

Улуғбек Ҳамдам: Адабиётга яқин юринг, чунки у инсон кўнглини омон сақлаб қолишга бел боғлаган фидойи хаёлпарастларнинг муқададас қароргоҳидир! Яъниким, адабиёт сизга нима учун дунёга келганингиз тўғрисидаги энг катта гапни айтиб, руҳингизни темир-терсакларга аралашиб кетишдан асраб туради.

Суҳбатдош: Хурсандбек Тўлибоев, СамДУ 1-курс аспиранти

Ўқилди: 472

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар