Қидириш

Кутубхона

Facebook

Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)

Асар мазмунининг қисқача баёни

Инсон психологияси, одатда, ташқи муҳитга боғлиқ равишда намоён бўлади. Хоҳ мусбату хоҳ манфий моҳиятда бўлсин, ташқаридаги — жамиятдаги мавжуд шаклланган тизим ичкарида – фуқаронинг ботинида ҳам аксланади ва у ерда муайян интизомни шакллантиради. Шунинг учун вақти соати келиб, жамиятдаги у ёки бу ҳаракатга якун ясалганда, фуқаронинг кўнглига муайян ташвиш чўкади. Чунки мавжуд тизимнинг бузилиши оқибатида ботиндаги интизомни – узоқ йиллар мобайнида шаклланиб улгурган тартибни йўқотиб қўйиш осон кечмайди. Кўринадики, ҳар қандай жамиятдаги барқарорлик инсон ботинидаги барқарорликка, ҳар қандай жамиятдаги беқарорлик эса инсон ботинидаги беқарорликка олиб келиши муқаррардир.

    Хуллас, давр кишиларнинг хоҳиш-иродасига қарамай, 80-йилларнинг охирлари ва 90-йилларнинг бошларида Совет империяси парчаланди, унда ҳукм суриб келаётган тизим издан чиқди. Кейинги ўн беш-йигирма йил мобайнида собиқ Иттифоқ территориясида содир бўлган эврилишлар, ўзгаришлар унда яшаётган ҳар бир фуқаронинг онгию қалбига таъсир қилиб келди. Бошқача айтсак, сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги силкиниш жамиятнинг маънавий оламини ҳам тебратиб турди. Натижада хоҳ яхшидир, хоҳ ёмон — ҳар бир инсон ботинида шаклланиб турган меъёр бузилди. Ички хаос – талотўп бошланди. Замондош инсон худди шу паришонликни бошидан ўтказди. Шундан сўнг эса мамлакатда янги ҳаёт, янги тизим ва янги интизом сари қилинаётган ҳаракатлар аста-секин ўз самарасини бера бошлади. Бу она-юртимизни Истиқлол давридаги дадил одимлари билан чамбарчас боғлиқ умуммиллий кайфият эди! Дарҳақиқат, бу кайфият жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси учун сув ва ҳаводек, нон ва туздек азиз ҳам зарурдир! Зеро ҳар қандай киши ўз ботинидаги муайян кучларнинг мувозанатидан иборат меъёрга эришмай туриб, олға кетолмайди, эртани севиниб кутолмайди.

    Улуғбек Ҳамдам (Ҳамдамов)нинг “Мувозанат” романи қаҳрамонлари ана шундай мувозанатга эҳтиёж туйган кишилардир. Улар мана шу эврилишларда ҳам жамият аро, ҳам ўз кўнгиллари ичра Азим Мувозанатни қидирадилар. Романда жамиятимиз ҳаётининг бурилиш палласи — истиқлолнинг дастлабки йиллари қаламга олинган бўлиб, муаллиф жамият аъзолари онгидаги бурилишни маҳорат билан, психологик жиҳатдан ишонарли тарзда тасвирлаган. Асарнинг бош қаҳрамони университетнинг тарих фани ўқитувчиси — Юсуф тимсолида жамият ҳаётида юз берган ўзгаришларни онгию қалбидан ўтказиб эртанги кунга ишонч руҳи билан яшай бошлаган зиёлини кўрамиз. Унга зид ўлароқ, Амир, Саид, Миразим тимсолларида ижтимоий бурилишлар маънан синдирган одамлар образлари яратилган. Ёзувчи буларнинг фожиаси илдизини моддият ва маънавият орасидаги мувозанатнинг бузилишида, деб билади. Асарда инсон ҳамиша руҳий мувозанатга интилиб, кўнгли билан воқелик ўртасида мувозанат ўрнатиб яшаши керак, тарзидаги ғоя олға сурилади. Агар ҳаракат қилинмаса, доимо ҳушёр турилмаса, кутилган натижага эришиш қийин кечади. Чунки бу мувозанат ўз-ўзича муқим эмас, уни сақлаш учун инсон ҳамиша маънавий–руҳий изланишда бўлиши керак. “Мувозанат“ эскича фикрлаш ва яшаш тарзининг янгиланган ижтимоий воқеликка яроқсиз эканлигини мукаммал бадиий фалсафа тарзида кўрсата олгани билан катта маънавий – маърифий аҳамиятга моликдир.

    Асар шу кеча кунимиздаги Сиз ва Биз ҳақимизда. Унда халқнинг турли қатламларидан чиққан ва ҳар-хил соҳаларда ишлайдиган қатор қаҳрамонларни бирлаштириб турувчи битта умумий боғ мавжуд: у ҳам бўлса, даврнинг қайноқ палласи — ўзига хос эврилишлари.

    Маълумки, халқимиз Истиқлолдек улуғ неъматга қон тўкмай муяссар бўлди. Бироқ омонсиз жанг, аёвсиз кураш бизнинг — ҳар биримизнинг ичимизда кечди. Бу жараён ён-атрофимиздаги рўй бергани учун муҳит суратини акслантириб шаклланган онгимизда, руҳимизда – бутун борлиғимизда кучли зилзила янглиғ кечди. Эврилишлар натижасида кимлардир ҳатто ўз маънавий-руҳий мувозанатини йўқотиб қўйди, қийналди, изтироблар чекди…

    Лекин фурсат бир жойда турмайди: кейинги қатор йиллар бағрида зилзила таъсирида шикаст еган Мувозанатнинг қайтадан тикланмоғи учун реал шароит яратила бошланди. Бугунги кун ва унда ўзининг арзирли келажагини бунёд этиш йўлида тинмай меҳнат қилаётган халқимизнинг ижодкор кайфияти шуни исбот қилмоқдаки, энди орқага қайтиш, ўтмишни соғиниш, қўл қовуштириб “порлоқ келажак” ҳақида армонли ўй суришлар йўқ. Аксинча, мавжуд ҳақиқат кўзига тик қараш ва аввало, ўз имконига суянган ва яратгандан мадад тилаган ҳолда ўз келажагини ўзи бунёд этишга интилиш бор. “Мувозанат” романида айни шу хусуслар жуда таъсирчан тарзда акс эттирилган. Унинг асосий қахрамонлари мустақилликнинг дастлабки йилларида кўп қатори йўл қидириб туртиниб суртинишади, лекин секин-аста вазиятни тўғри баҳолашга, ундаги ҳаёт-мамот муаммолари чоҳидан бутун чиқишга интилишади.

    Роман дастлаб “Жаҳон адабиёти” журналида чоп этилди. Шундан сўнг асар атрофида матбуот саҳифаларида йирик адабиётшунос олимлар, халқ ёзувчилари, тадқиқотчилар, ҳатто оддий китобхон ўқувчиларнинг қизғин баҳс-мунозараси бошланиб кетди. Жумладан, профессор О. Шарафиддинов асар ҳақида қуйидагича самимий муносабат билдирди: «Мен яқинда Улуғбек Ҳамдамовнинг «Мувозанат” деб номланган янги романини ўқиб чиқдим. Бу роман, бир-икки эпизодини ҳисобга олмаганда, том маънода анъанавий услубда ёзилган. Эҳтимол, “бир икки эпизодлар» модернистик характерда бўлиб, китобхоннинг кўнгилхушлиги учун киритилгандир… Лекин яхлит олганда, роман менда жуда чуқур таассурот қолдирди. Унинг воқеалари бизнинг кунларда, бизнинг юртимизда содир бўлади. Роман қаҳрамони олий ўқув юртида тарихдан дарс беради. Лекин бозор муносабатлари бу одамни чирпирак қилиб учиради. Унинг изтироблари, бошига тушган кулфатлар панжасидан қутилишга интилишлари, йўл излашлари, чора қидиришлари китобхонни бефарқ қолдирмайди. Романни ўқиб чиқар эканман, бугунги кун одамини тасвирлашда ҳали реализмнинг очилмаган имкониятлари кўп эканига имон келтирдим. (О.Шарафиддинов “Модернизм жўн ҳодиса эмас” Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 2002 й. 7 июн. 3 бет).

    “Мувозанат” романи ҳақида атоқли адибимиз Пиримқул Қодиров ҳам илиқ фикрлар билдириб, асар Истиқлол даврида яратилган энг яхши романлар сирасига киришини алоҳида таъкидлади.

    Академик олим Матёқуб Қўшжонов эса “Мувозанат» романига ёзган сўзбошисида асарни “шиддат билан ёзилган роман” деб, унинг ғоят ўқимишли чиққанига урғу берди.

Романдаги уч дўст, уч қаҳрамон — Юсуф, Саид, Миразиз шўролар тарбиясини олиб, ақли шуури тўлишиб, тиниқлашиб етганда жамият бу уч дўст олдига жуда машаққатли муаммоларни кўндаланг қўяди. Улар ана шу машаққатлардан турлича ўтади. Романда элликка яқин турли касб-кор билан шуғулланувчи қаҳрамонлар иштирок этади. Улар ўзларининг руҳий олами, шахсий муаммолари, ҳаёти, тақдири, бахтсизликлари билан асарда намоён бўлади. “Мувозанат» асаридаги Юсуф, Саид, Миразим, Заҳро, Амир сингари қаҳрамонлар жамиятда, ўз шахсий ҳаётида, ботиний ва зоҳирий оламида ўзи билан ўзи курашади. Баъзилари моддий манфаат учун, яна бошқалари маънавий-руҳий эҳтиёж учун интилиб яшайдилар, изтироб чекадилар.

    Асарда акс этган 90-йиллардан, яъни истиқлолга эришилгандан кейинги даврда чекка қишлоқ ва сершовқин шаҳардаги, тўғрироғи, икки хил шароитда кун кечираётган миллатдошларимизнинг икки йўл ўртасида қолган ҳаёти, дарди, изтироби, чеккан заҳматлари ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Дадил айтиш мумкинки, мустақиллик даври ўзбек бадиий прозасида Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романи 90- йиллардан сўнгги даврдаги ўзбек зиёлисининг ҳаётини, дардини, ўз мувозанатини сақлаб қолишга тиришаётган инсон тасвирини ҳаққоний, реал ифодалаганлиги билан бағоят қимматли асар ҳисобланади. Ёзувчи асарда шу бугунги кунгача ўзбек насрида энг олий туйғулар деб ардоқланган Муҳаббат, Дўстлик, Бирлик, Самимиятга бошқача назар билан ёндошади, уларнинг ташқаридан кўзга ташланмайдиган, «ёпиқ” қирраларини очишга ҳаракат қилади ва кўпинча бунга эришади ҳам.

    “Мувозанат» романи кенг қамровли фалсафий, биографик ва бадиий характерга эга бўлиб, унда бир қанча жуфтларнинг, яъни Юсуф билан Ойгул, Миразим билан Заҳро, Саид билан Манзура, Амир билан Гулшода, Эргаш билан Латофатларнинг оилавий, шахсий, маънавий – руҳий фожиалари, ушбу фожиага элтган сабаб ва оқибатлар атрофлича тасвирланади.

    Романнинг иккинчи бир муҳим жиҳати шундан иборатки, бош қаҳрамон ижобий бўлиши шарт, деган сунъий қолиплар “Мувозанат”да яна бир карра чипакка чиқарилди. Чунки ҳаётда идеал, мукаммал инсон бўлиш ниҳоятда оғир масала. Инсон тирик экан, унинг руҳиятида иккиланишлар, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш мунтазам давом этади. Инсон ҳаётда қандай бўлса, шундай, ўз ҳолича реал, яъни унинг руҳий дунёси бор бўй – басти, яхши – ёмони билан холис тасвирланиши жиҳатидан асар ўзбек романчилигида янги қадам бўлди. Қолаверса, асарда шарқона ва ғарбона фикрлайдиган қаҳрамонларнинг синтези моҳирлик билан сингдирилганлиги боис, “Мувозанат” замонавий ўзбек романчилигини яна бир поғона юқорига кўтарган.

       Хўш, «Мувозанат” романининг аҳамияти асосан, нималарда кўринади?

    Аввало, асар халқимиз тарихий ҳаётининг сўнгги 15-20 йиллигини кўзгуга солгани билан ҳам қимматлидир. Чунки кўзгуда “юртимиз Истиқлолга эришгач, моддий-маънавий, руҳий-психологик жиҳатдан нималарни бошидан кечирди, уларнинг моҳияти ва ўқ илдизи қаерда эди?” деганга ўхшаш саволларга ўзига хос жавобни топасиз. Дарҳақиқат, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида муайян моддий-маънавий қийинчиликлар боис айрим кишилар норози кайфиятда бўлиб, айримлари эса, умуман, мамлакатда нима воқеа рўй берганини англаб етмай, кўр-кўрона кечаги бир қадар «осуда” кунларга ғойибона талпинганини ҳисобга олсак, ушбу романнинг тарихий аҳамияти яна-да яққолроқ кўринади. Чунки асар мазкур қийинчиликлар ўткинчи моҳиятга эга бўлиб, “ўтиш даври”нинг хусусияти эканлиги, муҳими, Ўзбекистон ўз келажаги, ўз тақдирини ўзи белгилаш сари оғишмай одимлай бораётгани турли хил инсоний тақдирлар орқали бадиий ифода қилинган. Айниқса, бош қахрамон, тарих ўқитувчиси Юсуфнинг қисматида бу нуқтаи назар бўртиб туради. У бошидан жуда кўп моддий -маънавий машаққатларни кечириб, муҳими, уларни муносиб тарзда енгиб ўтиб, яна ўз севимли касби — тарихга қайтади, қайта олади. Бу қайтишга жуда катта маъжозий маъно юклатилган. Яъники, Юсуфнинг мўмай даромад келтираётган чет эл маркетидан кетиб, оддий ўқитувчиликка қайтиши унинг ботинида ўз юртининг, қилаётган касбининг эртасига ишонч кайфиятини ифода қилишидир. Юсуф илк дарсини бутун дунёни, ундаги тирикликни тутиб турган мувозанат фалсафасига бағишлайди. Маърузасининг бир ўрнида дейди: “Ҳар бир давлат гўё бир инсон ёки аксинча, ҳар бир инсон гўё мўъжаз бир мамлакат. Шу маънодаки, инсон ҳам, давлат ҳам ўз борлиғида модда ва руҳнинг мувозанатига асосланади, асосланмоғи шарт. Оллоҳнинг инояти билан кўпгина давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам истиқлолга эришди. Бу жуда улкан шодлик! Энди биз мустақил ва ҳар томонлама ривожланган давлат барпо этиш ҳаракатидамиз. Бу ҳам яхши. Аммо зинҳор ба зинҳор ўша мувозанатни назардан қочирмаслигимиз зарур. Олдин иқтисодан оёққа туриб олайлик, кейин маънавиятга зўр берамиз дейиш эса гумроҳлик. Чунки модда битта оёқ бўлса, руҳ муҳаққақ иккинчисидир. Улар баравар қўзғалмоғи лозимки, давлат вужудининг қўзғалиши содир бўлсин”. (“Мувозанат”, 193-бет).

    Истиқлол халқимизга дину ибодатини қайтариб берди. Бу ҳам жуда катта саодат. Лекин ўз ибодатини худо йўлида адо этиб, бошқага зарари тегмайдиган миллионлаб халқимиз орасида уч-тўртта ақидапарастларнинг ҳам учраб тургани бор гап. Уларнинг айримлари динни байроқ қилиб олиб, ўз ғаразли мақсадлари томон тинч аҳолини оёқлантирмоқчи бўлади, айримлари динда ҳаддан ошиб, мутаассибликка йўл қўяди. Асардаги Амир образи иккинчи гуруҳ диндорларига мансуб бўлиб, у оламга мутаассиб нигоҳи билан қарайди, шу нигоҳ билан атрофни, ўз ҳаётини, оиласини, ота-онаю укалари хатти-ҳаракатини, қўйингки, ҳамма-ҳаммани баҳолайди. Натижада ўз падари бузруквори билан, укалари, аёли, маҳалла-гўйдагилар билан ораларида турли келишмовчиликлар келиб чиқади. Динда чуқур кетиш, меъёрни билмаслик алал-оқибатда унинг ботинидаги мувозанатни бузиб юборади ва Амир асар сўнггида эси ҳушидан айрилган кўйи кўчага чиқиб кетади.

    Бу образ ақидапарастликнинг нима оқибатларга олиб боришини, айниқса, ёш ўқувчилар кўз ўнггида яққол гавдалантиргани билан ҳам ғоят аҳамиятлидир.

    Бугун ўзгаришлар, иқтисодий-маънавий интегратсиялар замонидир. Аммо ўзгаришларни, бозор иқтисодиёти имконларини нотўғри тушиниб, суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Асардаги Миразим ва Саид образлари айнан шу соҳадаги баъзи ишбилармон ва раҳбар шахслар ҳаётидан ҳикоя қилади. Аввалига улар пул, мансаб, обрў топиб яхши яшайди. Лекин моддий сарват уларнинг маънавий кемтигини тўлдиролмайди. Оқибатда бозоркўм Миразим ва мансабдор Саиднинг ҳаётларидан мазмун қочади, кўнгилларига илиқлик берадиган ҳеч нима топмай, қалбларининг таскинсиз изтиробларига дучор бўлишади. Нега? Чунки уларнинг ботинларида руҳ ва жисм, маънавият ва моддият мувозанатининг йўқлигидир, дейилади романда.

    Хуллас, Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романи (асар 1997 йилда Тошкентда ёзилган) тобора ўз қаддини тиклаб, тенглар ичра тенг бўлишга интилаётган мустақил Ўзбекистоннинг кейинги 15-20 йил мобайнида босиб ўтган машаққатли, аммо шарафли тарихий йўлига қаратилган ўзига хос сарҳисоб, англаш, тушиниш нуқтаи назаридир. У шуниси билан аҳамиятлики, шаклланиб келаётган янги жамият ва бунда фаол иштирок этаётган ёш авлод қалбида изчиллик билан бунёд этилаётган ўзбек давлатининг келажагига ёруғ ишонч ва умид уйғотади.

Ўқилди: 391

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар