Қидириш

Кутубхона

Facebook

Комилжон Жўраев. Ёзувчи исёни ва итоати

Жаҳон адабиётида ижтимоий шароитдан келиб чиққан ҳолда, борлиқ ва инсон ҳаётининг маънисизлиги ҳамда фожеийлиги ҳақида кўп гапиришяпти. Ҳатто бадиий асар объекти бўлган шахснинг тарихий-ижтимоий зиддиятлар ичида ўралашиб қолганлигини ва унинг ҳаётидаги аниқ муаммоларни очиб берувчи адабий атама-иборалар пайдо бўла бошлади. Борлиқнинг фожеийлиги, абсурд воқелик ва абсурд тасвир, инсониятнинг метафизик исёни, инсон мавжудлигининг драмаси, шахс мақоми, ҳаёт моҳияти, эркинлик ва эрксизлик, ёлғиз инсон каби тушунчалар шулар жумласидан.

Экзистенциалист олимлар инсон тафаккурининг мавжуд воқеликка исёни тарихини фалсафадаги тушкунлик ва нигилизм оқимлари тарихининг қарши таркибий қисми деб баҳолаб, бадиий асар қаҳрамонининг қалбида вакуум – бўшлиқ пайдо бўлганлиги, унинг индивидуализм, ёлғизлик кайфияти, ўзи ва оламга нисбатан нафрат ҳисси, ўлимнинг муқаррарлиги ҳақида доим ўйлаш, даҳрийлик, худони инкор этиш ва унга қарши исён, хатти-ҳаракатларининг аҳамиятсизлиги ва қадрсизлигини кўрсатиб беришяпти.

1950-йиллар охирида Англия адабиётида «Сержаҳл ёшлар” (Angry young Men”) оқими пайдо бўлди ва тез шуҳрат топа бошлади. Анъанавий адабиёт ва бу янги йўналиш ўртасида кўп ўхшашлик бор эди. Уларнинг асарларида ўз замонасининг тартиблари, воқелик, сиёсий партиялар ва уларнинг дастурларидан норозилик, амалдорларнинг снобизми – ўзларини ўта билимдон қилиб кўрсатишлари акс этган. Янги оқим тарафдорлари ижтимоий тенгсизлик, келажак ҳаётга ишончсизлик кайфиятини оддий, авом халқ нуқтаи назаридан ёритиб, консерватор, либерал ва лейбористларнинг субутсиз сиёсатидан юз ўгириб, сиёсат бобида лоқайдлик ва бетараф мафкурани байроқ қилиб олдилар. Шу доиранинг кўзга кўринган ғоявий вакилларидан бири Колин Уилсон ҳар қандай сиёсий ва ижтимоий фаолиятни инкор этиб, инсон ва инсоният тақдирини ҳеч қандай моддий ислоҳот ва инқилоб яхшиликка ўзгартира олмайди; инсон ва инсоният фақат соф маънавият, маърифат, ички, яъни қалбда юз берадиган инқилобгина қутқара олади, дейди. Ижтимоий муносабатлардаги зиддиятларни бартараф қилишнинг бирдан бир йўли инсон қалбини теран таҳлил қилиш эканлигини таъкидлайди.

Бу ғоялар Кингсли Эллис, Жон Уэйн, Жон Осборн, Жон Брейнларнинг танқидий реализм руҳидаги асарларида жамият ва ижтимоий ҳаётдаги нуқсонларни қаттиқ талабчанлик ва эҳтирос билан қоралашда ифодасини топди. Турмушнинг тўла носоз ва нобоблиги, яхшилик томон ўзгаришнинг сезилмаётганлиги, ҳаётнинг зерикарлилиги “Сержаҳл ёшлар”нинг умидсизлик ва руҳан тушкунлик кайфиятини кучайтирди.

Инсон тақдири ва инсон ҳаётининг моҳиятини ифодаловчи фалсафий, ахлоқий мотивлар йиғиндисидан таркиб топган экзистенциализм адабиётининг мазмун доираси жаҳон адабиёти кўламида кенгайиб борди. Жамиятдан узилиб қолган шахс ва унинг ички олами, ҳаётнинг мазмуни ва маъносизлиги, беъмани – абсурд турмуш тарзи, бундай ҳаётнинг сеҳрли чангалидан чиқиб кета олмаслик экзистенциал адабиётнинг мазмунини ташкил қиляпти. Бунда, масалан, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, дўстлик, севги-муҳаббат каби барқарор саналган қадриятлар оламининг инқирози, тартибсизлик, ҳаётнинг майда-чуйда ташвишлари, зарурий эҳтиёжларни қондириш учун интилиш, бахтнинг эришиб бўлмайдиган нарса эканлигига эътибор қилинади. Бу адабиёт қаҳрамонлари ҳаёт ташвишларининг оғирлигидан тиклана олмай, эгилиб юраверади, у доим ўлимини кутиб, ундан қўрқиб кун кечиради. Беистисно, бу барча жаҳон адабиёти учун хос мавзу. Ҳозирги ўзбек адабиёти ҳам шу жумладан.

Шопенгауэр “Олам – эрк ва тасаввур инъикоси” асарида “Одамни азоб-уқубатдан нима халос этади? деган саволга, “энг аввало, ўзгаларнинг азоб-уқубатини тушуниш, нафақат уни кўриш ва сезиш, балки ўзининг азоб-уқубатидай ҳис этиш; ўзгаларнинг бебахт тақдирини англаш ўзимизнинг тақдиримиз ҳақида ўйлашимизга ёрдам беради»,- деган эди. Ёзувчининг ўз қаҳрамони образига сингиб кетиши ва унинг дардига малҳам бўлишга интилиши каби ҳолати бугунги ўзбек романчилигида яққол кўриняпти.

Асар охирида ёши олтмишларни қоралаб қолган Акбар бутун онгли ҳаёт давомида “Наҳотки инсон ҳаёти ҳеч нимага арзимаса?” деган саволга жавоб қидириб ўтди. Адолатли ҳукм чиқараман, деб қасам ичган ҳакамнинг юзсизлиги туфайли кесилиб кетиши, озодликка чиққач ҳам тушунган одамлар томонидан камситилиши, оила бошлиғи бўла туриб, бир тишлам гўштга зор болаларнинг эҳтиёжини қондира олмаётганлиги, рус мафиясининг зулмига чидаш, тиббиёт профессорининг «гриппга ўхшаган касалликларни вақти-вақти билан кучайтириш” кераклиги, “ўшанда мўртроқлару заифроқлардан тозаланиб туришлик”, шунда “дори-дармондан анча-мунча пул ишлаб олиш мумкинлиги» ҳақидаги назарияси ва бошқа қатор-қатор ўйлаб чиқарилмаган, ҳаётий зиддиятлар асар қаҳрамонининг исёнига сабаб. Акбар Шопенгауэрга қулоқ солади. К. Уилсон айтганидек, маънавиятга интилади, тинмай китоб мутолаа қилади, қалбида маърифий инқилоб юз беради. Инсоний қадр-қиммати топталган фоҳиша Дианани янги, покиза ҳаётга чорлайди, ҳимоясиз кампир қўшнисига беминнат ғамхўрлик қилади. Шу тариқа исёнкор қалб итоатга келади.

Улуғбек Ҳамдамнинг “Исён ва итоат” деб номланган мухтасар романи фалсафа ва адабиётдаги экзистенциализм мотивларини намойиш қилиб беради. Ўз тақдирининг қули бўлган инсон қалб исёни туфайли ва ўз аҳволини яхшилаш йўлидаги уринишлари оқибатида фақат сохта эркинликка эриша олади. Ҳақиқий эркинликка эришиш учун эса у тақдир қуллигидан қутилиши лозим қабилидаги ақида билан танишади китобхон.

Романдаги Турсунбой образи, у қанчалик фожеий сиймо бўлмасин, ниҳоят самимий ва маҳорат билан яратилган. Уни салбий образ ҳам деб бўлмайди, чунки ҳақиқий меҳнаткаш, дала ишлари ва уй юмушларини биринчи ўринга қўяди, ижобий образ ҳам дейиш қийин, чунки у маънавий жиҳатдан китобхонга ўрнак бўла олмайди. Турсунбой “сира тин олмагани, доим “иш, иш, иш” деб юргани учун одамлар унинг номига орқаваротдан лақаб тақиб айтишади: Турсунбойнинг жони талаш – жонталаш. Ҳа, ҳақиқатан ҳам бутун умри давомида бечоранинг жони турмушнинг икир-чикирлари орасида талошда қолди. Бироқ унинг ўзи буни билмади, ҳаёт шу, тириклик шу, дея келди…” (86-бет). Ростдан ҳам ҳаётий образ. Бундайлар камми дунёда! Иш деб ота-она, қариндош-уруғ, ёру биродарлардан хабар олишни унутаёзганлар йўқми! Лекин кошкийди, шундай меҳнат эвазига уйида қозон қайнаб турса. “Қозон ўлгурнинг гўшт кўрмаганига ҳам икки ой бўлди”, деб уй бекасининг куйинишида ҳам жон бор. “Дунёда колбаса, пишлоқ деган нарсалар ҳам борлигини биласизми сиз?”, деган сўроғига Турсунбой ўзича муносабат билдириб, уларни “кофирнинг емиши” дейди. Қаҳрамон шундай ҳаётга кўникиб кетган, унингча, ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Бу — тақдир. Пешона. Ўзи – тақдирнинг қули. Қалбида шундай ҳаёт тарзига нисбатан исён тугул унинг учқуни ҳам йўқ…

Турсунбойнинг антиқалиги шундаки, у ҳамма нарсани ўз қаричи билан ўлчайди. Ярим кечада ишдан келиб, “ошхонага ўтиб, қозоннинг қопқоғини кўтарди. Суюқ овқат. Чўмични айлантириб кўрди — уч-тўртта картошка ва тухум бўлаклари: демак тухум шўрва” (34-бет). У ўзича доим ҳақ. Унга бир бурда қаттиқ нон, термосда чой, чойга солгани бир дона оқ қанд бўлса бўлгани. Мана, Жонталашнинг оғир меҳнат эвазига мукофоти – бир кунлик емиши. Бу — ҳаёт. Қаҳрамон бундай ҳаётдан нолимайди. Фақат унинг атрофидагилар қалбидаги исён кучли. Лекин, барибир, бу исён қаҳрамонимизга таъсир эта олмайди. У бамисоли робот, ҳатто уни манқурт, зомбига ўхшатгинг келади. Унда исён йўқ. Итоат бор холос.

Романда Турсунбой учун жон куйдирадиган яқини – унинг хотини. Лекин унинг саъй-ҳаракатлари, қалбидаги туғён, исённинг ҳам заррача самараси сезилмайди. Бир диалог келтирамиз:

- …Эр бўлиб мундоғ одамларга ўхшаб курорту-санаторийларга бирор марта олиб бордингизми?

- Пишириб қўйибдими у ерларда!.. Иш турганда курортма-курорт юрадими одам?..

- Иш ўлгур қачон тамом бўлибди… Одам соб бўладики, иш тугамайди. Мана сиз… неча вақтдан бери ишлайсиз, ҳеч бирингиз икки бўлдими?..

- Нега бўлмас экан? Қиз чиқардим, ўғил уйладим, мана, иморат битяпти…

- Ўзингиз-чи, ўзингиз… Ўзингизни ҳам ҳеч ўйлаганмисиз?.. Оёғингиздаги этикни мундоғ ечиб…

- Этикка тил теккизма! Шу этикни кийиб юрганим учун бировдан бир бурда нон тилаб кўчага чиқмаяпсан, уқдингми?.. Нонни туг, сен билан ади-бади айтиб ўтиришга вақт йўқ. Ишга кечикяпман!..

- Ҳа ишгина ўлсин, ўлибгина қолсин ишгина… (34-бет)

Кўриниб турибдики, бу ерда бирор уйдирма йўқ. Ҳаётдан олинган кундалик ташвиш, ташвишнинг барча оғирлиги эса қаҳрамонимиз гарданида. Уни енгиллаштириш ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайди. Қанийди типик қаҳрамон типик ҳаётнинг бажарилиши лозим бўлган истак, тилак, хоҳишдан иборатлигини, ҳаётда ишдан ташқари бошқа муқаддас нарсалар ҳам борлигини англаса, орзумандликнинг рўёбга чиқмаслигидан азоб-уқубат, ташвиш, ҳавотирликнинг келиб чиқиши, бунинг оқибатида кўнгилсиз нохушликлар юз бериши ва уларни бартараф этиш лозимлигини тушуниб етса! Тушунишни хоҳламайди ҳам. Аксинча, турмушнинг носозликларидан қалби исёнга тўла, оқила аёлини камситади: «Сочи узуну ақли қисқа-да бунинг… меҳнатнинг нималигини билмайди”, — деб ғудранади Турсунбой(35-бет).

Қаҳрамонимизнинг ўзлигини намойиш эта олишига, “бошқаларга ўхшаб” яшашига тўсқинлик қилувчи бир ҳолат бор. Бу унинг дунёвий, кундалик турмуш ташвишлари билан боғлиқ дунёқараши. Яккаю ягона акасининг тўйига бормаса бормайдики, далани қўймайди. Натижада ҳатто ўғлидан “эл-юртдан,одамгарчиликдан чиқиб қоляпсиз» деган даккини ҳам эшитади. Шу ерда ҳам “тўёнани бериб юбордимку, бўлди-да», деб яна ўзини оқлайди. Турсунбойдақа жонталашлар бу дунёда камми? Улар ҳаётнинг шу машмашалари ичида ҳам ўзини бахтли, тўғри, адолатпеша ҳисоблайдилар. Атрофдагиларнинг унинг турмуш тарзига муносабатини ёқтирмайди. Тўйдан кейин чақчақлашиб ўтирган фарзандларининг, отаси даладан келгач, индамай туриб хоналарига киришиб кетганининг сабабини тушунмайди. Ўзининг назарида Турсунбой қанчалик ҳақ бўлмасин, унинг қалби бўш, маъно йўқ. Шу нарса унинг фожеасига сабаб. Дунёқараши соғлом турмуш тарзига зид. Бошқалар билан ҳисоблашмайди. Худбин. Бир жойда қотиб қолган. Хотини, фарзандлари, акаси ҳам унинг феъли-атворидан норози. «Менинг биттаю битта укам бор эди. Энди у йўқ! Бор кет, ўша далангга, ўша ишингга” (54-бет). Акасининг ҳам уйидан қувилди.

Чекланган дунёқараш, маънавий маҳдудлик ва қашшоқлик инсон тақдирини ўзгартира олмайди. Муҳими – ҳаётда ягона, ҳақиқий, тўғри йўл топа билиш. Ички, руҳиятда, маънавий оламдан ажралиб қолган шахс руҳи ёки ички оламини ўзгартириш ва эзгуликка йўналтиришнинг ягона йўли шу.

Фикр экзистенциал адабиёт истилоҳлари билан ифода этилса, фожевий қаҳрамон тимсолида барбод бўлган инсон олами, аниқ бир шахс – хоҳ у бадиий тўқима бўлсин, хоҳ орамиздаги инсон ҳаётининг қоронғи томон равшан ифодасини топган. Буни ҳаёт дейдилар. Амалдаги ижтимоий шароитга, жаҳолатга, маънавий қашшоқликка, ҳаётнинг қадрсизлиги ва келажакка ишончни йўқотганганлиги, аниқ ҳаётий мақсад ва унга эришиш йўлининг йўқлиги, эрксизлик ва эрк соғинчи, эркка интиқлик, унга талпиниш, умуман, ҳаётнинг мазмунсизлигига қарши норзиликнинг бир кўриниши тарзида қабул қилиш мумкин фожеий образни. Бу дунёда, бугунги ижтимоий шароитда ҳукм сураётган «ўғирлик, муттаҳамликнинг табиий ҳол, зўрлаш-ўлдиришнинг оддий эҳтиёж» (23-бет)га айланганлиги нафақат фожеий образни, балки Акбардай кучли сиймони ҳам ўйга толдиради.

Ҳар бир инсон қалбида уни қониқтирмаётган нарсаси, маълум бир шароитда тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолати бўлади. Ҳолат эса шароитга қарши норозилик қўзғатади. Яшашдан мақсад эса қониқтирмаётган нарса, ўша пинҳоний ҳис ва норозиликни бутун иродаси билан бартараф этиб, мукаммалликка эришишдан иборат.

Ёзувчи ҳаётда юз бериб турадиган ноҳақликларни айблайди. У ҳалол-пок, виждонга доғ туширмай яшаш тарафдори. Бунга эришиб бўладими? Барча дунёвий динлар пок турмушни мадҳ этади. Инжилда Мусо алайҳиссаломнинг 10 та машҳур Қонунларидан бири «Бевафолик қилма” дейилади. Сулаймон пайғамбар «Ҳикматлар” китобида катта бир бобни шу мавзуга бағишлаган. Конфуций, Гаутама таълимотларида қанча ўгитлар бор! Исломий муқаддас китобларда покиза турмуш ҳақидаги ояти мукаррамларнинг саноғи йўқ.

Лекин ҳаёт бошқача. Фоҳиша Диана, қўшмачи Марат, бақалоқ мижозлар учун ҳеч қандай муқаддас нарса йўқ. Улар моддий ва шаҳвоний ҳирсларини қондиришса бўлгани. Яшашнинг бундан бошқа лаззати йўқ. Лаҳзада боқийлик, қисқа ҳирсий ҳис – бу юқоридаги шахсларнинг қалбидаги бўшлиқ ва шавқсизликдан. Улар учун ҳаёт мазмуни — шу. Роман муаллифи баъзан “бепарда”, баъзан тавсифий, монологик ҳикоя тарзи билан китобхонни исёнга даъват қилади. Қисқа, лаҳзалик ҳирсий қониқиш ва ёқимли ҳиссиёт – Афлотун таъбирича, бамисоли ҳеч тўлдириб бўлмайдиган тешик кўза, бу худбинлик, очкўзлик, бугунги куни билан яшаш, истиқболини кўра олмасликдан нишона. Оқибатда нима бўлади? Одам ҳақиқий ўзлигини йўқотади, кундалик турмуш ташвишлари ичида, иш, хизмат, оила ва жамият учун яроқсиз мавжудотга айланади. Шу даражага етиб бораёзганда Диана ҳаётида Акбар пайдо бўлади-да, унда ички иккиланиш – дунёдан норозилик ва борлиқни тан олиш, исён ва итоатнинг ҳамнафас ҳолати юз беради. Исён Диананинг ҳам қалбида чўғланади ва аста-секин оловланиб, унга тўғри йўл кўрсатади.

Бу дунёдаги — теварак-атрофдаги, қаҳрамон яшаб турган муҳитдаги қабоҳат, даҳшат, фожеа, чорасизлик, шафқатсизлик ундаги норозиликни кучайтириб, олий руҳий Қудратга — итоатга чақиради. Ночор инсон руҳий Қудратга илтижо қилади, ялиниб-ёлворади ёки Унга нисбатан исён ҳисси қўзғолади. Итоат эса умид уйғотади. Бағритош рус мафияси Акбардан тиз чўкиб ёлборишни талаб қилади, уни минг қийноқ-азобларга солишганда, Акбар «Бу ахир адолатсизлик-ку, Художон!» — деган аламли ўй ҳаёлидан кечади. Азобдан “ҳаёлига ҳеч нима келмай қолди; на ширин-шакар болалари, на хотини, на отаси ва на онаси, ҳеч ким! Ҳатто дуони ҳам унутди. Фақат исён бор эди балки унинг юрагида! Исён бўлгандаям, ўз қисматига, қисматнинг аламли, дунёнинг фирибдан, зўровонликдан, адолатсизликдан иборат эканлигига қарши Исён!.. Агар мана шу лаҳзада – Акбарнинг вужуди ҳавода бир муддат муаллақ осилиб турганда шу қалтис онларда унинг ботинидагини сўзга кўчириш мумкин бўлганда эди, эҳтимол, “Сен ҳам адолатсизмисан, Худоим?!” деган мазмунда бўлармиди… Агар ҳаракатга кўчирилганда Акбар тура солиб Яратганнинг ёқасига ёпишарди…” (17-бет).

Дарҳақиқат, одамлар ғариблик ва оламдан адолатсизлик кўрса, асло ўзидан кўрмайди, буларнинг барчасида Тангрини айблайдилар, Унга қарши исён кўтарадилар. Шунингдек Акбар – у асардаги энг севимли, романтик шахс образи, олов бўлиб барча иллатларни куйдириб кул қилишга тайёр – у ҳеч қаерга сиғмайди, Унга ҳаво етишмаётгандай. Дунё ҳам тор кўринади. Кўнгли узоқ-узоқларни қўмсайди. Кетгиси, қочкиси келади. Дунёдан қочиш мумкин, лекин ўзидан қочиб бўлмайди. Яхшиси – ўша ҳалақит бераётган нарсани айланиб ўт (Акбар ўзини: «Нима қилиб юрибман бу ерларда, — бегона юртларда? Бир бурда нонни ўз юртимда топиб еяолмасмидим?” – деб сўроққа тутади (21-бет)). Яратган ўзи ёрлақайди. Худо осмонда, сенинг тепангда эмас, у сенинг ичингда, қалбингда. Ҳар бир ҳаракатинг Унинг назарида. «Ҳар қандай улуғ иш бошламагин, ҳаммасининг охири қайғули” эканлиги, инсон умрининг мазмуни ва мантиғи, ҳаётнинг адолатсизлиги, жабр ва зулмдан иборатлиги ҳақида чуқур фалсафий, баъзан тушкунлик кайфиятидаги мушоҳадаларга берилади Акбар.

Романдаги мавзу, сюжет, мотив ва бошқа унсурлар, албатта, ёзувчи томонидан кашф қилинган эмас. Улар, масалан, “сайёр сюжетлар”дай, бошқа ижодкорларда ҳам бор. Бу — табиий ҳол. Лекин гап бунда эмас. Улуғбек Ҳамдам ижодиётида экзистенциал йўналишга хос инсон ва инсоният, борлиқ ва йўқлик, теран ички, маънавий конфликтларга урғу бериб, уларни дадил кўрсатиб берган. Бу жараёнда у Яратган Аллоҳ билан ёқалашишдан (Астағфируллоҳ!) ҳам тап тортмайди.

Ёзувчи ойдай равшан мавзулар сеҳрига берилмасликка ундайди ўзини. Муайян ғоявий-маънавий масалалар ва уларнинг ечимига эътибор қаратади. Бу ижодий яқинликдан, масалан, фожеанавис ёзувчилар муштарак фалсафий ва ижодий ривожланиш йўлини ўтаганлигини намойиш этадилар. Ҳаётга, жамиятга, ўзига, қолаверса, асосий ахлоқий қадриятларга нисбатан етук ва анча аниқ муносабатни англайди. Маънавий жаҳолат, уюшган зўравонлик (мафия), мустабид тизим ғояси, тиббиёт соҳасидаги турғунлик (профессор эътиқоди), Маҳкам тимсолидаги худбинлик ва инсофсизлик, ахлоқий бузуқлик каби бир қанча долзарб ижтимоий носоз иллатлар борки, уларга нисбатан нафақат ёзувчи, балки жамиятнинг аъзолари, барча китобхонлар ҳам исён кўтариши, итоатга кела олмаслиги аниқ. Ёзувчининг бу ҳодисаларга баҳоси бугунги кундалик ҳаётдаги экзистенциал фожеийлик, тушкунлик, умидсизлик кайфияти, маънисиз ҳаёт, жаҳолат ва зўравонликнинг ўткинчилиги (Bossнинг «олийжаноблиги”, Диананинг инсофга келиши, Лариса холанинг васиятлари) ички маънавий инқилоб орқали итоатга келиш инсон характери ва табиатини ўзгартириши мумкинлиги ҳамда ижтимоий муносабатларни қайта қуриш имкониятларига ишора қилади.

Исён сабаблари, жаҳолат, маънисизликни тўлиқ идрок этиш ва уларга нисбатан нафрат, норозилик туйғуси ёзувчини маъсулият, ҳамкорлик, садоқат, инсоф, жасорат, интизом, фидойилик ва фидокорлик каби инсоний-гуманистик қадриятлар томонида эканлигини билдиради. Бадиий ижод қонуниятига кўра, ёзувчи бу қадриятлар моҳиятини тавсифлаб ўтирмайди. Бу вазифани китобхоннинг ўзига ҳавола қилади.

Қаҳрамонлар кечинмалари, руҳий ҳолатлари, фалсафий мушоҳадалари психологик тасвирнинг энг самарали воситаси бўлган ички монолог орқали берилган.

Исён ва итоат, борлиқ ва йўқлик, ҳаёт-мамот, маъно ва моҳият масалаларига кўп эътибор қилган адиблар Ж.Конрад («Настромо”), А.Камю (“Вабо” романи, “Бегона”, “Тушкунлик” қиссалари мисолида) асарларидаги каби муаммолар кўтарилган. У.Ҳамдам романида, айниқса, Альбер Камю қўйган “Нима учун яшаш керак?”, “Қандай яшаш керак?” деган саволларга жавоб топамиз. Камю таъкидлаганидек, “асарда исён соғинч, умидсизлик, руҳан тушкунликни ифодаласа ҳам, у барибир яхшилик, нажотбахшлик билан якунланади. Умидсизликни ўз номи билан аташ ҳам умид бахш этиш демакдир”. Улуғбекда ҳам шундай. Исён оқилона ва амалий аҳамиятга эгалигидан итоат билан якун топади. Ноҳақ қамалган Акбарнинг ҳақиқатгўй ўқитувчилигини ҳурмат қиламиз, унга самимий ҳамдард бўламиз. Илмий тадқиқот институти лабораториясида тадқиқот олиб бораётган доктор – табибнинг у ердан ишдан кеткизилиши ва кесилишини қоралаймиз, ҳақсизликка қарши норозилик билдирамиз. Турсунбойнинг меҳнаткашлигини (бу ерда ҳам Камюнинг «Сизиф ҳақидаги ривояти”ни эслаш жоиз) оқлаб, унинг бир тарафлама, маънавий қашшоқлигига ачинамиз. Диананинг “қайтиши”, Маҳкамнинг фожеаси, Лариса холанинг ва табибнинг бир жумла билан қайд этилган ўлимлари – рационал некбин фожеа.

Улуғбек Ҳамдам ҳам, Конрад, Камю каби, якка-ёлғиз умргузаронликка маҳкум этилган Акбар, Табиб, Диана, Лариса хола, шаръий оила бўла туриб эр ва ота меҳридан узоқ Фарида ва фарзандлари, қаноатсиз хотини ва бегуноҳ мурғак қизчасининг “ота” деган ширин сўзига муҳтож табибнинг аччиқ қисмати, ички олами сирлари, нозик қарама-қарши нуқтаи-назарлари, руҳий кечинмаларига бепарво бўлолмаймиз.

ХХ асрнинг ўттизинчи йилларида Европа адабиётида – Конрад, Камю, Достоевский ижодида – кўринган экзистенциализм инсонни маъюс, ғамгин, руҳан тушкунликда, ниятлари амалга ошмаган ночор, бутунлай умидсиз қилиб, тириклик ва ўлим, борлиқ ва йўқлик ўртасида тасвирлаган. Рўёбга чиқмаган орзу-умидларининг пуч, хом хаёл эканлигини кўрсатиб берилган. Камю айтганидек, «саробдангина иборат бу зулмат оламда одам ўзини бегонадай ҳис қилади. Инсон ва унинг ҳаёти, актёр ва декорация ўртасидаги бу номувофиқлик абсурд туйғу дейилади”.

Демак, абсурд орзу-умидларию истак хоҳишлари билан ижтимоий ҳаёт, борлиқ ўртасидаги кескин тафовут туфайли инсоннинг тақдирга тан бериши, тўсиқлар олдида енгилиши тарзида юз беради. Масалан, Турсунбойнинг аччиқ қисмати ҳақида табиб мушоҳада юритади: “Бечора, эсини танибдики, меҳнатдан боши чиқмади. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демади, очин-тўқин чанг-чунгларга беланиб юрди. Топганини уйга ташиди, иморат қурди, қиз чиқарди, ўғил уйлади ва… ва тўхтади… Ҳаммаси – ҳаёти соб бўлди, Лекин эвазига… эвазига нима кўрди?!..” (87-бет). Ҳеч нима. Фақат маънисиз ҳаёт. Абсурд умрининг охирги дамларида ҳам Турсунбой Жонталаш бир кам дунё ташвишини қилади. “Саробдангина иборат” ниманингдир – ҳам таниш, ҳам қандайдир нотаниш – ниманингдир ўзига яқинлашиб келаётганини ҳис қилиб турибдию, шунда ҳам унинг миясига ғалати фикрлар келади. Бу ёруғ дунёдаги ишлари чала қолаётгандай туюлади. Уларни ҳеч кимга ишонмайди. Қанийди, қимирлай олсаю, туриб ўзи битириб ташласа. Кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, емай-ичмай, оч-наҳор, дам олиш нималигини билмай, иморатни қуриб битказибдию, лекин, барибир, иш поёнига етмаётгандай туюлаверади унга. Шу ерда ҳам унинг, ўлим тўшагида ётган Турсунбойнинг жонига аро кираётган табибга мурожаат қилади: «Табиб, битта илтимосим бор. Анави иморатга қаранг…Унга битта ғишт етмаяпти. Сиздан илтимос, жоним узилгунча ўша ғиштни қўйиб келсангиз. Табиб иморатни бир зум кузатиб ҳайрон туриб қолди. Чунки унинг ғишт қўядиган жойи қолмаганди…” (94-бет). Бу образ орқали, профессор Умарали Норматов айтганидай, “алданган, беҳуда, самарасиз меҳнат-фаолиятга, маънисиз қисматга мубтало этилган шахснинг фожеаси… ўзига хос тарзда бадиий таҳлил” этилган (Қаранг. У. Ҳамдам, Янгиланиш эҳтиёжи.- Тошкент: Фан.- 2007.- 127-бет).

Улуғбек Ҳамдамнинг романини ҳозир адабиёт оламида юз бераётган глобаллашув жараёнининг бир белгиси сифатида баҳолаш мумкин. Камюнинг юқорида ишора қилиб ўтилган “Вабо” романида ёзувчининг туғилган юрти – Жазоирнинг Оран шаҳрида юз берган вабо эпидемияси тарихи кўчма маънода – Франциянинг нацистлар томонидан босиб олиниши, ёки бошқача – рамзий маънодаги ўлим ва ёвузлик ҳикоя қилинади. Адабиётнинг бу ўзига хос ройишида тарихан аниқ, ҳақиқий ижтимоий жараёнлар эмас, рамзий теран вазиятларда ўзини намоён қиладиган, ахлоқ нуқтаи-назаридан баҳоланадиган фожеа ётади.

“Исён ва итоат”даги воқеалар тасвири ичида ҳам ёзувчи шахси яққол кўриниб туради. Фақат ижодкорнинг маҳорати шундаки, у яратган образларнинг ҳаммаси ҳар хил, бири иккинчисига ўхшамайди, индивидуал, ўзига хос. Улар шеъриятдаги лирик қаҳрамон ёки тимсоллар протипи эмас. Аммо шу билан бирга ёзувчи ўша қаҳрамонлари ичида, қалбида, улар билан маслакдош. Қаҳрамонларининг ички монологларида экзистенциал адабиёт вакили, ёзувчи, драматург, эссеист, актер ва театр режиссери Альбер Камю нафаси эшитилиб тургандай, унинг танқидий руҳи, исёнкор абсурд туйғуси сезилиб туради.

У.Ҳамдам профессор У.Норматов билан баҳсида экзистенциализм адабиёти, модернизм шеърияти ва абсурд тушунчаси моҳияти ҳақида гапириб, “асарнинг чинакам абсурд адабиёт намунасига кўтарилиши учун унда акс этган абсурд воқелик асар муаллифи томонидан тўла идрок этилган, англанган бўлиши шарт”, — дейди (128). Муаллиф асарида ўзининг ижодий йўсини, талабларига кўра қалам суриши аниқ. Шу жиҳатдан ҳам монологлар ва ички психологик таҳлили жараёнида адиб ва қаҳрамон ўртасидаги ўзаро мутаносиблик мавжуд, деб ўйлаймиз.

Демак, “абсурд – бу кўҳна дунё, ҳаёт, яшашнинг маъноси ҳақидаги ўзига хос мушоҳадалар мажмуаси, одат тусига кирган ҳаётий ҳодиса, жараёнларни янгича идрок этишга, баҳсга ундаши билан қимматли” деяётган танқидчи шоир ва ёзувчи, глобаллашув жараёнини бошидан кечираётган ўзбек адабиётининг жонкуяри Улуғбек Ҳамдам ижодига баҳо бераётгандай туюлади…

Роман 2006 йилда бевосита рус тилига ўгирилди. Буни ўзбек адабиёти тарихидаги воқеа деб баҳолаш мумкин. Чунки энди, биринчи марта, тагламасиз бажарилган таржимага эга бўлиб турибмиз. Таржима бўлиб ҳам у шунчаки номигагина эмас, аъло даражада ва таржимашунос олима, аслият тилининг етук билимдони, ширин сухан профессор, филология фанлари доктори Нинель Васильевна Владимирова томонидан ўгирилган. Фанда эквилинеар таржима деган тушунча бор. Бу асарни бошқа тилда ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатидан тенгма-тенг, сўзма-сўз, қўшиб-чатмай, аммо мукаммал, тўлақон қайтаришни назарда тутади. Биргина мисол келтирамиз:

“…Унинг ҳаётига маъно кирган эди! Ҳа-ҳа, айнан маъно, айнан мазмун. Ва бу мазмуннинг исми Муҳаббат эди, Ишқ эди… Тўғри, Акбар муҳаббат қидиргани йўқ эди, бироқ кўпдан бери излагани Катта бир Маъно эди. Мана ўша Маъно! Ишқ номли Мазмун” (78-бет)

Рус тилида (Бунт и смирение. Роман. Ташкент: Заркалам, 2006):

В его жизнь вошёл смысл. Да, точно, истынный смысл, истинное содержание. И имя этому – любовь… страсть… Верно, Акбар не искал, — это большой глубокий смысл. Смысл, который называется любовью» (с. 70).

Таржима санъати сирларидан бохабар китобхон ҳам рус тилидаги матннинг қанчалик аслиятга мос эканлигини дарров фаҳмлайди. Унда бирорта ортиқча ишора йўқ. Ҳатто жумлаларнинг тузилиши, узун-қисқалиги, талаффуз тарзи, қўйингки, тиниш белгиларигача бир-бирига монанд. Ўзбек тилидаги гаплар қанчалик содда, лўнда, ифодали бўлса, рус тилида ҳам ана шу фазилатлари мавжуд. Яна энг муҳими – улардаги ахборот ҳам бир-бирига муқобил.

Беайб – Парвардигор. Китобхон тирноқ остидан кир қидирадиган, инжиқ бўлса бор-ми (ана шундайларнинг ҳам бўлгани яхши, ёзувчи зийрак тортиб туради), у матндаги имло хатодан бошлаб – у муҳаррирнинг эътиборсизлиги оқибати бўлса ҳам – нотўғри бўғин кўчиришу тиниш белгиларигача нотўғри қўлланилганини қайд этиб туради. Аммо кўп китобхон асар мазмуни ичига кириб кетиб, бор нуқсонни ҳам сезмай қолаверади. Лекин таржимон сезгир, ўта сезгир одам. Муаллиф баъзан эътиборсизлик туфайли билмасдан қолдирган нуқсонни таржимон кўриб, билиб, сезиб туриши керак. Масалан, 3-қисмнинг 16-бобида «шайтон малаклари” ибораси қўлланилган. Ростдан ҳам бу ерда компьютерчининг хатоси бўлиши мумкин, чунки малак сўзи “шайтон»га нисбатан мутлақо қўлланилмайди. Буни таржимон сезиб “слуги дьявола”, яъни “шайтон малайлари”, деб тузатиб ўгирган.

“Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ деганлари шу-да» (57-бет) гапида машҳур ўзбек халқ мақоли бор. Уни Нинель Васильевна «Говорят же, если пятнадцать дней в месяце темные, то пятнадцать – непременно светлые” (с.54) деб таржима қилган. Тўғри, маъновий муқобиллик сақланган, лекин шакл жиҳатидан таржима бироз ютқазган кўринади, чунки бу ерда аслиятдаги лўндалик, паремиологик экспрессив таъсирчанлик маълум даражада бой берилган. Бу гапнинг мақоллигига ишора қилувчи “говорят” (деганлари) сўзи бўлмаса, луқма оддий, жайдари гапга ўхшаб қолади. Мақол сўзма-сўз ўгирилмай, унинг ўрнига рус халқ паремиологияси бисотидан «Серенькое утро – красненький денек” деган қисқа иборани қўллаш ҳам мумкин эди. Бу ерда таржимон балки рус халқ мақолидаги озми-кўпми сезилиб турган (масалан, кичрайтириш-эркалатиш аффиксларидаги) русиЁна миллий руҳдан чўчиган кўринади.

Ёзувчининг асарида янглиш фикр, адашувчанлик, ғализ маъно учрагудай бўлса ҳам, одатда, биз уни кечиришга ҳаракат қиламиз, ҳатто унинг нуқсонларини ёзувчининг ўзига хос маҳорати белгиси сифатида ҳам талқин қиламиз. Холислик етишмай қолади. Аслий матнда нуқсон учрайдиган бўлса, таржимон ўша матн муаллифининг “қиёфасига” кириб, муаллиф у ёки бу сўз ва ибора билан қандай маънони ифодаламоқчи, нима демоқчи эканлигини таҳлил қилади, масалани муаллиф томонида туриб ҳал қилади. Баъзида эса бировнинг “қиёфасига” кириш унчалик ҳам шарт эмас – масаланинг асл моҳиятини мантиққа кўра асослаб билиб олиши ва ёзувчи йўл қўйган хатони тузатиши мумкин.

Масалан, Диана Акбарни кўриш иштиёқида найранг ишлатади: қўшнисидан телевизорнинг ўрнини ўзгартириб беришни сўрайди: “Телевизорни жойига қўйиш керак, — жилмайганча бошини сарак-сарак қилди қиз» (52-бет). Ўзбек тилининг изоҳли луғатида» сарак-сарак қилмоқ «бошини у ён, бу ёнга чайқатмоқ; ирғатмоқ”, деб таърифланади. Энди гапдаги вазиятга кўра, тасаввур қилайлик: хўп, жилмайибди, лекин “сарак-сарак» қилиши нимани ифодалайди. Маълумки, булғарларда бу ишора “ҳа” тасдиғини билдиради, биз эса инкорни ифодаламоқчи бўлсак, бошимизни сарак-сарак қиламиз. Бундан ташқари бу жуфт сўзнинг луғатда белгиланмаган экспрессив маъноси ҳам бор. Биз бирор нарсадан ажаблансак, ҳайрон қолсак, таажжублансак ҳам шу ишорадан фойдаланамиз. Ўзбекча матнда мантиқий нуқсонга йўл қўйилган. Буни Н.Владимирова асар руҳига шикаст етказмаган ҳолда «Не могли бы вы поставить телевизор на прежнее место? – улыбнулась девушка», деб хатони тузатган. Ўзбек тилидаги талаб-эҳтиёж шаклида гапнинг рус тилига шарт майлидаги риторик сўроқ билан ўгирилиши таржима амалиёти қонуниятларига тўла мос. Бошқа жойда ҳам, таржимон муаллифнинг ёнини олади. У.Ҳамдам: “Табиб гапирмади, бироқ бошини сарак-сарак қилиб тасдиқ маъносини берди» (94-бет). Ишора билан унинг маъноси ўртасида мантиқий зиддият мавжуд. Лекин Н. Владимирова уни тўғрилаб: “Табиб не ответил, он лишь кивнул головой” (с.83), деб таржима қилади.

Сен ҳам бир оғиздан чиқади, сиз – ҳам. Бу ёзилмаган қоида асосан ўзбек миллатига хос. Халқимизда ҳатто ёш болаларга ҳам сизлаб гапириш урф. Уни ҳозирги тилда менталитет белгиси дейишади. Шу қоида бузилган жойда менталитет ҳам дарз кетади. Ўзбек аёлининг эрига сенсираб мурожаат қилганини эшитмаганман. Бу қандай ёввойилик бўлар эди, шундай қилинса?! Ё алҳазар, тоғдан тушганми бу аёл дейсан! Романда табибнинг хотини эрига сенсираб: “Нима қиляпсан, тўхта!.. Мен сенга ҳаммасини тушунтираман, Олдингда айбдорман, буни биламан, инкор этмайман, лекин сен ўйлаганчалик эмас. Тўхта, тўхтасанг-чи!..» (19-бет) деганини ўқиб, табибнинг хотини русми экан, деб ўзимни саволга тутдим. Чунки русларда шундай-ку! Шунинг учун ҳам русча таржимада (23-бет) бу луқма табиийдек кўринса ҳам, барибир. Китобхонга (агар у ўзбек бўлса) бундай мурожаат эриш туюлади. Лекин аслиятда табиийликка путур етган, ўзбекчилик қоидаларига шикаст етган.

Акбар диван устида китоб ўқиб ётаркан, тағин уни кутмоқда (62-бет) гапини ўқиб, нега энди устида, деймиз ва бу ёрдамчи сўз ўрнида қўлланилиши “мумкин” бўлган ёнида, тепасида, тагида, орқасида сўзларнинг маънолари хаёлимизга келади. Бу гап ҳам таржимонимиз томонидан «Акбар лежит на диване, читает и снова ждет ее» (с.58), деб тўғри ўгирилган.

Турсунбой-Жонталаш ўлим тўшагида ётибди. Жони узилай деб турибди. Алаҳсираяпти. Гапида маъно йўқ. Оқлаш, бўяш каби пардоз ишларигина қолган иморатга қараб, у табибга айтади: «Қаранг, юзга тушган доғдай бўп иморат ҳуснини бузиб турибди” (94-бет0. Тасаввур қилайлик-чи вазиятни. Умрининг саноқли дақиқалари кечаётган одамнинг эмоционал-экспрессив тасвирий ибора билан сўзлаши ҳақиқатдан узоқроқ. Ўзбек ва рус тиллардаги матнларда бу ташбиҳ ҳам юзга тушган доғдай бўлиб турибди. Улуғбек ҳам, Нинель Васильевна ҳам матнларга кичкина пардоз берганларида яхши бўларди.

Бадиий асарда ҳикоя қилинаётган воқеа-ҳодиса қанчалик тўғри ва аниқ бўлса, у шунчалик ишонарли бўлади, китобхон уни реал воқелик тарзида қабул қилиб, ўзини худди шу воқеалар ривожининг фаол иштирокчисидек сезади. Мободо, кўраётганимиздек, тасвирда мантиқсизлик ҳолатларига дуч келиб қолсак, унда асарга нисбатан айрича муносабат ҳосил бўлиб қолиши мумкин. Турсунбойнинг тамаддиси дуррага ўралган каттакон (!) нон, термосдаги чой, каттакон темир (!) кружка, икки бўлак қанд (24-бет). Бир неча саҳифадан кейин ёзувчи худди шундай вазиятда тунука кружка ишлатади.(79-бет). Таржимон аслиятга зид бўлса-да ҳамма ерда бир ҳил «темир кружка”да чой ичказади. Фақат таржимачиликда дуррани головной платок, яктакни – халат деб ўгириш зарарли одат тусига кириб қоляпти. Бадиий ижодда битта сўзни ҳадеб ишлатавериш услуб, аниқроғи, талаффуз жиҳатидан ножоиз – қулоққа эриш туюлади. Китобхон ундан ижирғанади. Бошқа сўз, синоними, йўқми экан қалбида савол туғилиши мумкин. Ахир адиблар орасида қоида бор-да: Ги де Мопассан айтган: бир марта ишлатган сўзингни энди 200-250 та сўздан кейин қайтарсанг қулоққа ёқади. Биз таъкидлаётган каттакон сўзи шу тоифадан: у нонга ҳам, дуррага ҳам, хонага ҳам, кружкага ҳам тақалаверади. Меъёр (адабий, лексик, морфологик, орфографик, орфоэпик, стилистик) бўлгани маъқул.

Лариса хола қирқ йилдан ортиқ кўпқаватли уйлардан бирида яшайди. Дима амаки билан қирқ йил бирга битта идорада меҳнат қилди. Энди эса у чол рўпарадаги уйнинг биринчи қаватида яшайди. Абгор, қариб-чуриб қолган. Қордай оқ калласи гавдасига бўйсунмас, енгил бир ҳаракатдан ҳам у ёқ, бу ёққа лиқиллаб тушиб кетар, доим титроқ. Кўзлари ҳам аланг жаланг, олазарак. Ё кўради, ё кўрмайди. Лариса холанинг бармоқларидан бирини тишсиз милклари билан тишламоқчи бўлади. Хола қўлини тортиб олди-да, чўчиб орқасига тисланди (117-118-бетлар). Ажабо, қирқ йил бирга ишлаган, битта даҳада, қўшни бўлиб яшашса-ю, энди кўришиб туришса! Шу даражада нимжон, ожиз, калласи оғирлик қилиб, доим оғиб, тойиб турадиган чол қандай қилиб дераза олдига кела олди, қўлини пастга чўзди? Лариса холанинг қўлини ушлаб, унинг бармоғини егулик деб оғзига олди. Кўзингиз олдига келтиринг – вазият равшан бўлади. Балки бундай тасвир китобхон эътиборини тортмас, мантиқсизлик аломати сезилмас, лекин, барибир, шунда ҳам ижодкорнинг сергак бўлгани маъқул. Чунки китобхонга эстетик завқ беришга чоғланган бадиий асарда иккинчи даражали, аҳамиятсиз нарса бўлмайди.

Агар китобхон аслият муаллифи (у ёш ижодкорми ёинки номдор, машҳур адибми, бундан қатъий назар)нинг нуқсонини сезмаса ёки кечирса ҳам, таржимонга нисбатан ундай қила олмайди, кечиримли бўла олмайди. Аксинча, таржимон муаллифга садоқат рамзи сифатида унинг хатолари, янглишликларини ўзгартирмай (қўнғироқ – звонок тарзида) ўгирганлиги учун ўша нуқсонларни таржимонга юклаб қўяди ўқувчи, уни асоссиз равишда танқид тиғига дучор қилади. Бундай китобхоннинг назарида ҳамма яхши нарса муаллифдан, барча иллатлар эса – таржимондан, унинг тажрибасизлигидан бўлиб чиқади. Таржимон Турсунбойнинг “занжирли трактори”ни (79-бет) цепной (с.71) демасдан. Гусеничный трактор деб ўгирганида аъло бўларди.

Баъзан таржимон ҳам роман муаллифнинг мантиққа зид қусурларини ўйламасдан қайтараверган холлар учрайди. Муаллиф қаҳрамонлари ноўрин йиғлоқи. Лариса хола уйда ёлғиз, осиғлиқ портрет, соатларни силай туриб, хўрлиги келиб, “ўкириб йиғлаб юборади”. Акбарни соғинган Фарида унга телефон қилиб, эрини топа олмай, “аччиқ йиғламоққа тушади”. Одам уйида ўзи ёлғизлигида ўкириб ёки аччиқ йиғлаши мантиққа зид бўлса керак.

Таржима амалиётининг ҳам ўзига хос сир-асрорлари бўлади. Унга кўра, айтайлик, аслий матнда муаллифнинг эътиборсизлиги туфайли нуқсон юз берадиган бўлса, таржимон ўша ёзувчининг «қиёфасига” кириб, муаллиф у ёки бу сўз ва ибора билан қандай маънони ифодаламоқчи, нима демоқчи бўлганлигини таҳлил қилади, масалани муаллиф томонида туриб ҳал қилади. Баъзида эса бировнинг “қиёфасига” кириш унчалик ҳам шарт эмас – масаланинг асл моҳиятини мантиққа кўра асослаб билиб олиши мумкин, холос. Тилимиз ғализ, беўхшов, камбағал, суъний бир ҳолатга тушиб қолмасин деймиз. Буюк бобомизнинг “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”, — деган доно ўгитини унутмаслигимиз лозим.

профессор Комилжон Жўраев

Ўқилди: 428

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар