Қидириш

Кутубхона

Facebook

Умарали Норматов. «Адабий жараёнда «Мом синдроми» рисоласи ҳақида

Ўтган аср бошларида, кўп асрлик адабиётмиз туб янгиланиш йўлига кирган кезлари «Адабиёт надир?», «Театр надир?», «Танқид надир?» деган саволлар кўндаланг қўйилди, шунда, жумладан, ўзбек жадидларининг отаси Беҳбудий адабий танқид ҳақидаги мақоласида ўша принтсипиал саволга жавоб ахтариб «танқид сараламоқлир» деган оқилона жавоб топди. Дарҳақиқат, адабий танқиднинг бош вазифаси, асл функтсияси адабий жараённи синчиклаб кузатиб, билимдонлик, нозик дид, фаросат, бундан ҳам муҳими, холислик билан ёндашиб ундаги, яъни катта оқимдаги хас-хашаклар орасидан чинакам бадиий кашфиётларни, чин истеъдодларни топиш, кашф этиш, уларга одилона баҳо бериш, чин асарларнинг чин нафосатини, асл моҳиятини очиб беришдан иборат экани ўша кезлардаёқ аён эди. Миллий танқидчилигимизнинг илк босқичида Вадуд Маҳмуд, Чўлпон, А. Қодирий ва Ойбеклар айни шу йўлдан бордилар…

Афсус, минг афсус, тоталитар режим ҳамма жабҳани, жумладан, адабиётга раҳнамоликни қўлга олганидан кейин бу хайрли тамойил барбод бўлди, танқид майдонида қиёмат қўпди. Улкан миллий уйғониш туфайли қад ростлай бошлаган соғлом адабий жараёнда пайдо бўлган ҳар бир ёрқин истеъдод, чин бадиий кашфиёт дейишга арзигулик ҳар бир асар, А. Қаҳҳор сўзлари билан айтганда, найза кўтариб қарши олинди; Чўлпон, А. Қодирий, Фитратлар қисмати, Чўлпон шеърияти, «Ўткан кунлар», Фитрат дарамалари, «Сароб», «Қутлуғ қон», «Навоий», «Жалолиддин», «Қўшчинор», кейинроқ «Тобутдан товуш», «Юлдузли тунлар» теварагида кечган машъум машмашалар, адабий жаҳолат, тўғридан-тўғри демагогиядан иборат кампаниялар яқин кечмишимизнинг энг кирлик — қора кунлари тарзида тарихда қолди.

Истиқлол йилларида кўп хайрли ишлар қатори бу жабҳадаги хатоликлар бартараф этилди, адолат тикланди. Танқидчиликда демагогияга йўл очадиган мустабид мафкура, адабий сиёсатнинг илдизи қирқилди.

Афсуски, бугунги танқидчилигимизда замонавий адабий-танқидий, назарий тафаккур даражасида фикр юрита билмаслик, қўполроқ қилиб айтганда, адабий саводсизлик, дидсизлик, «сараламоқ» бобида ожизлик ёхуд бандаи ожизга хос бахиллик, майда тарафкашлик, яна қандайдир тушуниш, тушунтириш қийин бўлган руҳий ҳолат, майллар оқибати ўлароқ айрим истеъдод билан битилган асарлар, чин истеъдод соҳиблари теварагида муайян силсила тусини олган танқидий кампаниялар кўзга ташланяпти. Агар бунинг олди олинмаса, фасод бойлаб жиддий касалликка айланиб кетиши мумкин. Истеъодли адабиётшунос, етук назариячи, мунаққид Дилмурод Қуроновнинг «Адабий жараёнда «Мом синдроми» деб аталаган мўъжазгина рисоласи айни шу хатарли хавотирдан бизни, адабий-илмий жамоатчиликни огоҳлантириши билан қимматлидир.

Рисола муаллифи биргина ижодкор — кейинги ўн-ўн беш йил давомида учта романи, қисса ва ҳикоялари, қатор шеърий тўпламлари, адабий-танқидий китоблари, таржимлари билан танилган, асарлари, жумладан, «Мувозанат» романи хорижда ҳам муносиб баҳо олган истеъдодли носир, шоир, мунаққид, таржимон Улуғбек Ҳамдам ижоди, аниқроғи, икки романи -«Мувозанат» ҳамда «Исён ва итоат» теварагида кетган баҳс-мунозаралар устида мушоҳада юритади.

Ҳар қандай асар, жумладан, истеъдод билан битилган, кўпчиликнинг эътирофини қозонган роман устида ҳам танқидий фикрлар айтилишига ҳеч ким, улар қатори рисола муаллифи ҳам асло қарши эмас. Лекин нохолис, ноилмий, сиёсий демагогия ва бўҳтондан иборат, пашшани фил қилиб кўрсатиб ваҳима кўтариш муайян силсила тусини олаётгани — «Мом сидроми»га айлангани ҳам ҳақиқат. Буни кўра-била туриб жим туриш мумкинми? Чинакам танқидчининг виждони бунга йўл қўядими? Рисола куюнчак истеъодли олим, мунаққиднинг айни шу кўнгилсиз ҳодисага қарши қалб исёни тарзда битилган. Дадил айтиш мумкинки, рисола ҳозирги миллий танқидчилигимизда муҳим ҳодиса. Аввало, унинг тузилиши, ифода тарзи, усули, услубли, сўзлаш оҳанги янгича. Эзопдан келтирилган масал ҳозирги танқидчиликда кўзга ташланаётган нохуш ҳодиса моҳиятини очиш учун калит хизматини ўтаган, ҳодисани «Мом синдроми» деб аташ ниҳоятда ўринли. Айниқса, асар матнидаги «Eзоп тили»га хос ним табассум, пичинг-киноя ҳодиса моҳиятини очишда ниҳоятда қўл келган.

Ҳар икки роман теварагида айтилган ижобий фикрлар — О. Шарафиддинов, М. Қўшжонов, П. Қодиров ва бошқаларнинг теран таҳлил ва талқинлари, сўнг бундай қарашларга зид, Ойбек ибораси билан айтганда, танқидчиликдаги «саводсизлик ва ур-йиқитчилик»дан иборат «Мом синдроми» жараёни ишда ниҳоятда билимдонлик ва нозик дид билан илмий тарзда таҳлил этилади. Айниқса, Н. Худойберганов ҳамда С. Содиқ қарашлари билан олиб борилган баҳс-мунозаралар рисолага теран илмий-естетик руҳ бахш этиб турибди. Жиддий баҳслар чоғи илмий одоб доирасидан четга чиқишлар йўқ. Муаллиф У. Ҳамдам романларида учрайдиган бадиият ва тилга оид камчиликлардан асло кўз юммаган ҳолда калондимоғлик, менсимаслик, ҳатто бўҳтондан иборат дағдаға ва ҳамлаларни осойишталик билан асосли далил ва таҳлиллар орқали рад этади.

Рисола билан танишиб шунга амин бўламизки, бугунги миллий танқидчилигимиз тафаккур тарзи жиҳатидан замонавий жаҳон танқидчилиги билан бўйлаша олиш палласига қадам қўяётир. Энг муҳими, миллий адабиётда, алоҳида ижодкор бисотида пайдо бўлган галдаги ҳар бир асарга қандайдир тайёр қолиплар, шаклланган мезонлар асосида эмас, ҳар бир асарнинг ўз ички табиати, «қонунияти» асосида ўзгача ёндашиш устувор тус олаётир. Боз устига, бугунги замон адабий-естетик қарашлари, санъат, фалсафа, руҳшуносликдаги янгиликлардан хабардор олим-ижодкоргина шундай рисолани яратиши мумкин. Мазкур рисола яна бир карра шундан далолат берадики, асл асарнинг асл моҳиятини бугунги кун даражасида англаш мунаққид учун бахт-омад. Бунинг акси эса бахтсизлик. Устоз Озод Шарафиддинов сўнгги китобини бежиз «Ижодни англаш бахти» деб атаган эмас.

Қисқаси, мазкур рисола фақат муаллифнинг эмас, танқидчилигимизнинг жаҳон адабий-танқидий тафаккури билан бўйлашиш йўлидаги дадил қадамидир. Уни мамнуният билан нашрга тавсия этаман.

 Умарали Норматов

Ўқилди: 356

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар