Қидириш

Кутубхона

Facebook

Марҳабо Қўчқорова. Замонавий прозада руҳият талқини

(Улуғбек Ҳамдам насрий асарлари мисолида)

Адабиётимиз тарихини кузатадиган бўлсак, ўтган асрда Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Ойбек каби истеъдод соҳиблари ҳам шоир, ҳам носир, ҳам драматург, ҳам таржимон сифатида ўзларининг адабий шахсиятларини намоён этишган. Шу кеча-кундузда биз билан ҳамнафас яшаётган Улуғбек Ҳамдамов ҳам олим, шоир, романнавис, ҳикоянавис, таржимон сифатида адабий жамоатчиликка яхши маълум. Ҳақиқатан ҳам у Фитрат, Чўлпон, Ойбек каби етук зиёлиларимизнинг муносиб издоши.

Улуғбек Ҳамдамовнинг «Узоқдаги Дилнура» номли қисса, ҳикоя ва шеърлари жамланган янги китоби нашр этилди. (Узоқдаги Дилнура. Тошкент: Академнашр, 2010, 232 бет). Мазкур тўпламга адибнинг «Ёлғизлик» қиссаси, «Тош», «Узоқдаги Дилнура», «Лола», «Қайтиш», «Оташ», «Яхши одамлар» ҳикоялари ҳамда «Қирқ ёшнинг таваллоси» сарлавҳаси остидаги янги шеърлари тартиб берилган. Филология фанлари доктори Б.Каримов китобнинг кириш сўзида муаллифни турли жанр ва услубда ижод этаётган ижодкор сифатида қайд этиб шундай дейди: «Улуғбек адабий-танқидий мақолалари, шеърий туркумлари, насрий асарлари билан адабий жамоатчилик эътиборини тортди. Ижодкорнинг кўнгил хазинаси турли жанр ва услубдаги асарлар шаклида  майдонга чиқади ҳамда муаллифнинг адабий шахсиятини намоён этади»[1].  Мазкур тўпламга киритилган илк асар – «Ёлғизлик» қиссаси Б.Каримов, Қ.Йўлдошев, Р.Раҳмат каби олим, тадқиқотчилар таъкидлаганидек, ноанъанавий услубда битилган.

Адабиётшунос Қ.Йўлдошев ҳам қиссанинг моҳияти ҳақида жуда жўяли фикрлар билдириб: «Ёлғизлик» қиссасида эса айнан тартибсизлик, бўлганда ҳам, воқеликдаги эмас, инсон хаёлотидаги, кечинмаларидаги тартибсизликнинг ўзи тасвирга олинган: Билъакс, ўй-хаёлларнинг тартибсиз ва ноизчил оқимини беришнинг ўзига бадиий мақсад деб, қарайди. Маълумки, хаёлотда изчиллик, мунтазамлик бўлмайди. Шунинг учун одам хаёлни эмас, хаёл одамни етаклаб юради» — дейди[2].

Тўпламдаги муқаддимада Б.Каримов Қ.Йўлдошев фикрларига ҳамоҳанг шундай эътироф этади: «Ёлғизлик» муайян бир қизиқ воқеа-ҳодисанинг бадиий талқинига бағишланган эмас, унда анъанавий образлар, тасвирлар, манзаралар, диалоглар йўқ: у – монолог қисса. Шу маънода «Ёлғизлик» инсон руҳиятидаги жўшқин ва тушкун, ўйчан ва ўйсиз кайфиятлар, исмсиз изтироблар маҳсули сифатида пайдо бўлган»[3]. Шунингдек, Раҳимжон Раҳмат ҳам «Ёлғизлик» қиссасига ёзган сўнгсўзида ёзувчи мазкур асарида «инсон қалбининг ҳамишалик безовта, таҳликали қисмини тасвирлашга уринган» — деб тўғри таъкидлайди[4].

Қисқаси Қ.Йўлдошев, Б.Каримов каби олимларимизнинг «Ёлғизлик» қиссаси матнидан келиб чиқиб билдирган барча фикрлари ўринли. Биз уларнинг фикрларига қўшимча сифатида баъзи мулоҳазаларимизни билдиришимиз мумкин. Бу қисса аввало, элитар адабиёт намунаси. Уни ҳар қандай тасодифий китобхон ўқиб, ҳазм қила олмайди. Бундан шундай хулоса келиб чиқмаслиги керакки, демак, «Ёлғизлик» тор доирадаги филологлар учунгина тушунарли бўлган асар. Мен илк маротаба «Ёлғизлик»нинг биринчи нашри (Ёлғизлик. Тошкент: Қатортол-Камолот, 1998, 112 бет)ни 2001 йилларда ўқиб чиқдим. Асар мутоаласидан сўнг руҳиятимда тушунтириб бўлмас алғов-далғовлик  пайдо бўлди. Мен шу пайтгача бу типдаги асарни ўқимаган эдим. Мен кўниккан турли жанр анъанавий романтик ёки реалистик услубда яратилган асарлардан тубдан фарқ қиларди. «Ёлғизлик»да муайян бир сюжет чизиғи, муайян одамлар тақдири, биз севиб ўқийдиган «диалог»лар ҳам йўқ. Унда ёлғиз кўнгил кечинмалари акс этган. Қисса биз тил билан ифодалаб бера олмайдиган онг остидаги, хотираларимиз пучмоқларидаги яширин майл-истаклар, изтироблар, армонлар, орзуларимизнинг узуқ-юлуқ тасвирларидан иборат.

«Ёлғизлик» асарининг жанри ҳақида ҳам турлича қарашлар бор. Олимларимиз томонидан у ҳеч бир жанр қолипига тушмайдиган ғайриодатий асар деб баҳоланди. Жумладан, юқорида Б.Каримов «монолог қисса» деса, Қ.Йўлдошев «…миллий насримизда одам ўзгача тушунилган ва унинг психологияси шу йўсинда чуқур тадқиқ этилган дастлабки асар…» деб баҳолайди[5].

Ҳар икала олим ҳам қиссага хос хусусиятларни жуда тўғри белгилайди. Аммо асарни монолог-қисса, психологик-қисса деб аташ билан унинг жанри тўла акс этмаяпти. Бизнингча, «Ёлғизлик» асарида кундалик, иқрорнома, эссе каби уч жанр унсурлари ажиб тарзда уйғунлашиб кетган. Бинобарин, қисса даставвал кундалик жанри асосига қурилганлиги билан эътиборни тортади. Шу билан бирга, кундалик соҳибининг ич-ичида кечган иқрорлари тафсилотининг берилиши билан иқрорнома жанрини ҳам эсга солади. Учинчи мулоҳазамиз, қиссада қаҳрамоннинг (кундалик эгаси – йигит) ҳаёт, жамият, адабиёт, фалсафа, дин ҳақидаги турфа фикрлар оқими асарни «эссе» дейишимизга асос беради. Ҳар ҳолда, асар жанрини соф кундалик ёки иқрорнома деб атасак ҳам нотўғри бўлади.

Хуллас, асар адабий қонуниятларини кўздан кечира туриб, «эссе-қисса» деб атаса тўғри бўлади, деган хулосага келдик. Б.Каримов асар композициясини қуйидагича жуда тўғри кузатади: «Қиссанинг композицияси ҳажм жиҳатидан бир-бирига тенг келмайдиган уч қисмдан таркиб топган. Асардаги асосий моҳият иккинчи қисмида намоён бўлади. Биринчи қисм воқеалар тафсилоти, ижодкор йигит дафтаридаги қайдларни ўқишга киришув учун муқаддима вазифасини ўтаса, муаллифнинг асл мудаоси рўёбга чиққач, учинчи қисм шу дафтарни ёпиш ҳамда қиссани якунлаш учун хулоса вазифасида келади»[6]. Олим жуда тўғри эътироф этганидек, қиссанинг иккинчи қисмида унутилган кундалик дафтар муаллиф-қаҳрамон томонидан ўқилади.

Бизнингча, қиссанинг I қисмидаги тасвирлар II қисмидаги тафсилотлар, иқрорлар, тизгинсиз хаёл тафтишларига уйқаш келади. Яъни қулфланмаган очиқ эшик – қаҳрамон қалбини очишга ишора бўлса, уйдаги бесаранжомлик – инсон ҳиссиётлари, хаёлотидаги тартибсиз ўй-фикрларни ўқишга тайёргарлик кўришга китобхонни огоҳлантиргандек бўлади. “Ёқимли шовуллаётган дарахтзор” – инсоннинг ботинига, ҳис-туйғуларига қулоқ солишга даъват этаётгандек. Таъбир жоиз бўлса, У.Ҳамдамов “Ёлғизлик” эссе-қиссасида инсон ботинидаги ва зоҳиридаги “Мен” тўқнаш келган саҳналарни юзма-юз туриб таҳлил эта олган дейиш мумкин. Кези келганда, айтиш лозим, мазкур қиссадан сўнг яратилган ёзувчининг барча бадиий асарлари “Ёлғизлик”нинг фарзандларидир. “Ёлғизлик” томири бақувват, улкан дарахт бўлса, унинг шохларида ҳил-ҳил бўлиб пишиб етилган мевалар – “Мувозанат”, “Исён ва итоат”, “Сабо ва Самандар” каби роман ва ўнлаб ҳикоялар, назм жавоҳирлари бўлиб яралди. Бу фикримизнинг исботи ёзувчининг мухбир билан бўлган суҳбатида ёрқин акс этган: “…мен яна бир нарсани айтишим керак: мен битта асарни икки хил “изм”да ёзишга уриниб кўрдим. “Мувозанат” уч-тўрт йил аввал нашр қилинган “Ёлғизлик” деб номланган дунёни бадиий идрок этиш даражасига кўра модернистик руҳдаги қиссамнинг реализмдаги кўриниши холос. Мен “Ёлғизлик”да сувратни “йиғиштириб қўйиб” фақат моҳиятдан баҳс этмоқчи бўлганман”[7].

“Узоқдаги Дилнура” китобига киритилган “Ўзим билан юзма-юз” қисмида берилган “Ёлғизлик” қиссасидан ташқари, олтита ҳикоя киритилган. Ҳикояларни услуб жиҳатидан иккига ажратиш мумкин: анъанавий реалистик услубдаги ҳикоялар (“Узоқдаги Дилнура”, “Яхши одамлар”) ва ноанъанавий модернистик услубдаги ҳикоялар (“Тош”, “Лола”, “Қайтиш”, “Оташ”).

“Узоқдаги Дилнура” да бошқа ҳикоялардан фарқли равишда ёзувчи қаҳрамон руҳиятини очишда диалогдан унумли фойдаланган. Ҳикоя қаҳрамони Козим олис қишлоқдан шаҳарга келиб, ўз мавқеини тиклаб олган тадбиркор, учар йигитлардан ҳисобланади. Улуғбек Ҳамдамнинг барча насрий асарларида маълум маънода автобиографик деталлар етакчилик қилади, ёзувчининг шахсий ҳаётий тажрибалари, қариндош-уруғлари, дўстлари ҳаёти ва қисматига доир реал воқеалар биринчидан, адибга бадиий асар учун хом-ашё вазифасини ўтаса, иккинчидан, бетакрор ва оригинал тақдир эгалари, руҳият талқинларини кашф этишга имкон берган. Хусусан, “Узоқдаги Дилнура” ҳикояси қаҳрамони Юнус амаки образи ёзувчининг тоғаси. Демак, бу образнинг ҳаётий прототипи мавжуд. Адибнинг тоғаси билан боғлиқ болалик хотиралари бадиий тўқима ҳақиқатга айлантирилган. Ҳикояда Козим ҳаёти мисолида жуда муҳим ижтимоий, маънавий-ахлоқий муаммолар ўртага ташланган.

Козим руҳиятида меҳр-оқибат, қон-қариндошлик сингари инсоний ҳислар билан бирга бойлик ва айш-ишратга ҳирс қўйиш каби бир-бирига зид туйғулар яшайди. Улуғбек Ҳамдам шу пайтгача яратган Юсуф (“Мувозанат”), Акбар (“Исён ва итоат”), Шердил (“Сабо ва Самандар”) каби қаҳрамонлари сингари Козим образини ҳам идеал инсон сифатида тасвирламайди. Аксинча, унинг руҳиятидаги икки хил бир-бирига зид қиёфани очиб беради. Ҳикояда баъзи бир яланғоч-очиқ сатрлар ҳам учрайди. Хуллас, У.Ҳамдам инсон руҳиятининг сирли, кўп қиррали, кенг оламини бадиий талқин этишда ҳам реализм, ҳам модернизм услуби анъаналаридан унумли фойдаланиб, турфа дунёқарашга эга замондошларимизнинг ички руҳий дунёсини кашф этади. Ёзувчи жамиятимиздаги турфа хил савиядаги ижтимоий қатламларни жуда яқиндан билаши ҳикояда ёрқин сезилиб турибди.

Адиб асарларида қаҳрамон руҳиятини очишда, асосан, қарама-қарши туйғулар коллизияси етакчилик қилади. Натижада руҳий тасвирда ҳар томонлама ишонарли, ёрқин образлар ва характерлар яратилганини кузатиш мумкин.

Ёзувчининг “Қайтиш” ҳикояси  оммабоп, бироз енгил планда ёзилган “Узоқдаги Дилнура” ҳикоясидан тубдан фарқ этади. Чунки “Узоқдаги Дилнура”да муайян воқеалар, қаҳрамонлар, шунингдек, диалог сингари бадиий тасвирий воситалар етакчилик қилган бўлса, “Қайтиш” ҳикояси автор баёни ва қаҳрамоннинг ички монологи асосига қурилган. Ҳатто қаҳрамоннинг исми ҳам номаълум, шунчаки “У” дейилади. Ҳикояга хос тасвир услуби “Ёлғизлик” қиссасини эсга солади. “Ёлғизлик”даги ўзини-ўзи тафтиш этиш оҳанги мазкур ҳикояга ҳам бирдек тегишли. Асар қаҳрамони қирқ йил хизмат қилган ишхонасидан кетади. Маълумки, инсон жамиятда севган касби, кундалик фаолияти, оиласи, дўстлари билан тирик. Шу тариқа, унинг ҳаёти маълум маънода мазмун касб этади. “Қайтиш” ҳикояси қаҳрамони олтмиш ёшдан ошган эркак. Хотини вафот этган, бола-чақаси ўз-ўзи билан овора бўлиб кетган. Кўринадики, ёзувчи “нима сабабдан ишдан кетиши” аҳамиятсиз бўлган ёлғиз эркак руҳиятини таҳлил этади. Янада аниқроғи қирқ йил давомида уёқ-буёғига қарамасдан, бош кўтармасдан ишлаган эркакнинг руҳиятини очиб беради. Албатта, қирқ йил давомида инсон ҳеч нарсани ҳис қилмасдан меҳнат қилиши бўрттирилган бўлса-да, бундай тасвирда ёзувчининг аниқ бадиий нияти, мақсади борлиги яққол кўзга ташланади. Бизнингча, ёзувчи ҳикояни “Қайтиш” деб номлар экан, мазкур сўзда ҳам қаҳрамон руҳиятига дахлдор рамзий-мажозий маъно акс этган. Яъни “У” қирқ йиллик хизматдан сўнг, ўз кўнгли билан ёлғиз қолади. У қачонлардир қуёш тафтини, гуллар ифорини, қушлар чуғур-чуғурини ҳис этар эди. “У” қирқ йиллик машаққатли меҳнат фаолияти давомида ҳис этишдан маҳрум бўлган. Узоқ вақтдан сўнг “ишдан кетган эркак” ҳиссизлик оламидан яна инсоний ҳисларни қалбида туя билиш ҳолатига қайтади. Йиғлаш, кулиш, нафратланиш, завқ олиш булар инсонга хос бўлган инсоний хислатлар. Шу маънода, ҳикоя “Қайтиш” деб номланади. Кўриниб турибдики, мазкур ҳикояда бугунги шиддаткор ва тезкор замоннинг фожеаси, ишга кўмилиб қолган замондошимизнинг маънавий трагик ҳолати талқин этилган.

У.Ҳамдам асарларини кузатиш жараёнида унинг кўпчилик асарларида эркаклар руҳияти ва характери чуқур очилганини англаш мумкин. Яна бир нарсани айтиш лозим, ёзувчи ўзидан йигирма-ўттиз йил олдин илгарилаб юради. Йигирма беш-ўттиз ёш орасида ўттиз беш-қирқ яшар эркак (Юсуф “Мувозанат” романи), қирқ яшарлигида олтмиш ёшли эркак (“У” – “Қайтиш” ҳикояси), қирқ ёшида қирқ яшар (Самандар, Шердил “Сабо ва Самандар” романи)  ва ҳакозо юздан зиёд эркак ва аёллар образини яратган. Бу тахлит фикр беихтиёр адабиётшунос Ҳ.Умуровнинг қуйидаги жумлаларини эсга туширади: “Адабиётнинг шу вазифаси ва ёзувчилик касбининг шу фазилати туфайли биз қолоқ киши таржимаи ҳолининг илғор киши томонидан (Абдулла Қодирий томонидан Калвак Маҳзум ва Тошпўлат тажанг «Хотиралари»нинг ёзилиши ) ёки аёл ички дунёсининг эркак томонидан ҳар тарафлама, тушунарли ва ёрқин тасвирлаб берилиши (Флоберда Бовари хоним, Толстойда Анна Каренина, Ҳамзада Холисхон саргузаштлари) каби ажойиб ҳодисаларнинг гувоҳи бўламиз”[8].

Худди шунингдек, У.Ҳамдам бадиий прозасида ҳам кексайиб, мункиллаб қолган ёлғиз кампир (Лариса хола «Исён ва итоат»), меҳнатдан бошқани билмайдиган деҳқон (Турсунбой жонталаш «Исён ва итоат»), севгида куйиб, адо бўлган сўққабош эркак (Отабек — Оташ «Оташ»), тадбиркор учар йигит (Козим «Узоқдаги Дилнура») каби ранг-баранг образларнинг ҳаёти ва қисмати билан дучлашамиз.

«Оташ» ҳикоясида қаламга олинган қаҳрамон тақдири ва унинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалар «Қайтиш» ва «Узоқдаги Дилнура» асарларидан ҳам мутлақо ўзгача. «Оташ»да ҳам қирқ ёш остонасида турган ёлғиз эркак руҳияти чуқур тадқиқ этилади. Ҳикоя қаҳрамони асл исми Отабек, лақаби Оташ, касби рассомчилик. Агар эътибор берилса, асарнинг «Оташ» деб аталишида икки хил маъно англашилади. Зоҳирий маъно ҳикоя шунчаки қаҳрамоннинг иккинчи номи билан аталгандек таассурот  қолдиради. Асарнинг «Оташ» деб аталишидаги ботиний маъноси эса ҳикоя қаҳрамонининг  йиллар давомида бир аёл туфайли ишқида олов бўлиб ёниб адо бўлган, унинг оташли муҳаббати нафратга айланган аччиқ қисматига ишорадир. Мумтоз адабиётимизда ошиқларни (Фарҳод, Мажнун, Баҳром) маъшуқанинг васли олов мисоли ичини ёндириб-куйдирган. Улуғбек Ҳамдамнинг Отабеги – замонавий ошиқ йигит образи, ХХ аср бошларида яратилган Отабек, Анвар каби севги тимсолларидан тубдан фарқ этади. Агар эътибор берилса, ёзувчи буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг ақл, ҳусн, ошиқликда идеал образ даражасига кўтарилган Отабек исмини мазкур ҳикоя қаҳрамони исми сифатида танлайди. Албатта, бунда ҳам ёзувчининг муайян бадиий изланишлари, ижодий таъсирлари ўз самарасини намойиш этиб турибди. У.Ҳамдам яратган Отабек (Оташ) жамиятда нормал ҳаёт кечира олмаган руҳий касал бир одам, у ўзининг хатти-ҳаракатлари билан қалбимизни тирнайди.  Албатта, бу масаланинг бир томони. Масаланинг иккинчи томони ҳам бор, яъни ҳақиқатан ҳам ҳаётда У.Ҳамдамнинг Отабеги сингари шахслар учраб туради. Шу маънода, биз ёзувчини шундай образ яратгани учун айблай олмаймиз.

Ҳикояда бир қатор бадиий тасвирлар, жумладан, туш, пейзаж, қаҳрамон томонидан чизилган суратлар, телефон каби барча деталлар яхлит ҳолда бирлашиб, асар қаҳрамони Оташ (Отабек)нинг руҳий дунёсини кашф этишга қаратилганини ҳис этиш мумкин. Оташ севгида омадсизликка учраган бахтсиз эркак тимсоли.

Яна асарда муваффақиятли чиққан ўринлардан бири сурат билан боғлиқ тасвирлар дейиш мумкин. Оташ умри давомида рассом бўлиб, икки хил сурат чизади, биттаси дарахт, иккинчиси севгилиси Солиянинг сурати. У шу даражада кўп суратлар чизадики, унинг тўрт фаслдаги барча кўринишлари ижодида барқ уради. Бора-бора рассом йигит чизган дарахтларда севгилисининг қиёфаси ўзи сезмаган ҳолда чизилаверади.

“Ёлғизлик” эссе-қиссасида дарахт ва дарахтзор тасвирига кўп ўринлар ажаратилган, жумладан: “Ташқарига кўз солдим – дарахтзор. У ҳам ўз ҳаракатига муносиб равишда ёқимли шовулларди”[9]. “Оташ”да дарахт образи янада бадиийлаштирилади: “Сираси, у дарахтни турли кўринишларда чизган эди: ҳамма фасллардаги, ҳамма кўринишлардаги дарахт расмларини солганди. Назарида, дарахт инсон кўнглидаги кераксиз ҳою ҳавасларни ташқарига қувиб ҳайдарди. Дунёнинг  ўткинчилиги ва умрнинг омонатлиги тўғрисидаги энг гўзал, энг таъсирли қўшиқ дарахтга тегишли эди. Шохларида хоҳ япроқ бўлсин, хоҳ  бўлмасин, қатъий назар, тинглай билгич – қалб қулоғи очиқ одамлар учун дарахтлар ҳамма вақт – қишин-ёзин ҳикмат айтадилар, ҳа…”[10]. Умуман, дарахт образи У.Ҳамдам ижодида жуда кўп бора мурожааат қилинган рамзий образ. Дарахт ва дарахтзор ёзувчига илҳом берувчи табиат манзарасидир. Хуллас, «Оташ» ҳикоясида муҳаббат билан нафрат ўртасидаги бир қадам йўл Отабек ҳаёти мисолида ишонарли кўрсатиб берилган.

Адибнинг «Тош» ҳикояси рамзий модернистик асар бўлиб, ҳикоя сарлавҳасидан сўнг қўйилган «Ёки ёвузликнинг туғилиши» иловаси асарда илгари сурилмоқчи бўлган ғояни топиш учун калит вазифасини ўтайди. «Тош», «Оташ», «Лола» ҳикояларидаги кўпчилик фикрлар, аслида «Ёлғизлик» қиссасидан ситилиб чиққан сатрлар дейилса бўлади. «Тош» ҳикоясида воқеалар I шахс “мен” тилидан баён этилади. Таъбир жоиз бўлса, мазкур ҳикоя қаҳрамонини муаллиф-қаҳрамон дейиш мумкин. Асарда бир қарашда жуда арзимас бир воқеа баён этилаётгандек таассурот уйғотади. Муаллиф-қаҳрамон оғир тушкунликда чоғида бироз кайфиятини яхшилаш мақсадида кўчага чиқади. Олдидан ўтиб кетаётган гўзал жувоннинг хуш бўйи, хушбичим қадди-қомати таъсирида унга асир бўлиб, орқасидан соядек эргашиб кетаверади. Аёл балиқ сотиб олмоқчи бўлади, тарози палласига қўйилган тирик балиқ питирлаб, сотувчига унинг вазнини  ўлчашга халақит беради. Шу онда сотувчи тарози тоши билан балиқ бошини уриб, ўлдиради. Бу воқеаларга гувоҳ бўлиб турган муаллиф-қаҳрамон кўнгли айниб қусиб ташлайди. Шу ўринда балиққа навбатга турган кишиларнинг ва Аёлнинг унга муносабати баён этилади. Ҳикоянинг бор-йўқ сюжети шу. Аммо сатрлар, фикрлар, аёл ҳақидаги, бадбин ва некбин кайфиятлар ҳақидаги мулоҳазалар оддий эмас, уларда ёзувчининг фалсафий-эстетик дунёқараши мужассам. Ёзувчи акс эттирган гўзал аёл образида, унинг лабларидаги қонга ўхшаш қирмизиликда, сотувчининг шафқатсизларча балиқ бошини мажақлашида, балиқ сотиб олишга узундан-узун навбатда турган оломон тимсолида, аслида инсоннинг ёвуз қиёфаси рамзий маънода ўз ифодасини топган. Муаллиф-қаҳрамон қусиб ташлагач, оломон норози ҳолда тўнғиллайди. Фақат битта қаҳрамоннинг ўзига жуда ўхшаш, аммо кексайиб қолган мўйсафид қусиқ устига тупроқ ташлайди. Демак, бундан шундай хулоса чиқариш мумкин, кекса мўйсафид – ҳаёт гарчанд ёвузлик ва ёмонликларга тўлиб-тошган бўлса-да, жамиятда битта бўлса ҳам яхши инсон топилади. Шу маънода, кекса мўйсафид – эзгулик рамзи. Афсуски, ҳикоя некбин кайфият билан эмас, бадбин кайфият билан якунланади. Яъни ҳикоя якунида муаллиф-қаҳрамоннинг туши баён этилади. Маълумки, туш инсон руҳиятини узуқ-юлуқ тасвирларда акс эттирувчи  бир жараён. Уйқуда ҳам инсоннинг майллари, истаклари, хоҳишлари, шахсий ҳаётида содир бўлаётган воқеаларга муносабати қайсидир маънода акс этади. Тушда ҳикоя-қаҳрамони  юрагидаги “тош” энди қўлига ўтади. У ўша тош билан одамларни уриб мажақлайди. Ҳатто тоғнинг тепасига чиқиб, қуёшни тош бўрон қилишдек  ёвуз ният билан ёнади. Ҳикояда тош образига бот-бот урғу берилади. Жумладан, қаҳрамон юрагидаги тош – тушкун кайфият рамзи, сотувчи қўлидаги тарози тоши – қотиллик рамзи, тушдаги қаҳрамон қўлидаги тош – ёвузлик рамзи маъносини ифодалайди. Хуллас, ҳажман кичик бир ҳикояда профессионал ёзувчининг ўткир қалами кўриниш бериб турибди.

“Лола” ҳикояси “Ёлғизлик” қисса ва ҳикоялар тўпламида дастлаб “Гардкам” номи билан эълон этилган[11]. Тадқиқотчи Г.Сатторова мазкур асарни “ҳикоя реал воқеалар эмас, ёзувчи субъектив дунёсида кечадиган нореал воқеалар асосига қурилган”- деб тўғри таъкидлайди[12]. Ҳикояда лола образига бот-бот урғу берилади. Назаримизда, ҳикоянинг “Гардкам” деб аталишида бироз мавҳумлик мавжуд эди. Иккинчи нашрда ҳикоя сарлавҳаси “Лола” деб аталиб, ҳикоя матни бироз таҳрир этилган. Г.Сатторова ҳикояни таҳлил этиб, шундай дейди: “Лолани муайян мақсад рамзи деб белгилаш ўринсиз. … ҳикоя Шарқ фалсафасига хос комилликни тарғиб этади. …Хуллас, “Гардкам” қаҳрамони интилган идеал моддий эмас, балки илоҳий, руҳоний идеалдир”[13].

Бизнингча, ҳикояни Г.Сатторова мулоҳазаларидан бошқачароқ тарзда таҳлил этиш  мумкин. Аввало ҳикоянинг композициясига эътибор қаратадиган бўлсак, “Лола”да ҳам худди “Тош” ҳикоясидаги каби воқеалар I шахс “мен” тилидан баён этилади. Биринчи сатр “Шундоқ рўбарўмда қоя – қиррадор тошли, тик ва баҳайбат. Устида ҳилпираб турган алвонранг, ваҳшийларча гўзал лолага ҳамма ўзини уради”[14]. Беихтиёр бу сатрлар шоир Ойбекнинг “Нафис чайқалади бир туп наъматак, Юксакда шамолнинг беланчагида” шеърини ёдга солади. Мазкур ҳикоядаги қоялар тепасидаги гўзал лола образи Ойбекнинг “Наъматак” шеъридаги наъматак образидан таъсирланиб яратилган. Аммо У.Ҳамдамнинг лола образи пейзаж тасвири эмас, унда ёзувчининг муайян бадиий мақсади, рамзий эстетик идеали акс этган. “Лола” ҳикояси кўп жиҳатдан француз ёзувчиси А.Камюнинг “Сизиф ҳақидаги афсона” эссесини эсга туширади. Ҳар иккала асарни ёнма-ён қўйиб таҳлил этиш мумкин.

А.Камю эссечилиги теран фалсафа ва жозибадор сўз санъатини ўзида мужассамлаштирган. Унинг эсселарида ҳаёт машаққатлари, бу азобу қийноқлар гирдобига ташланган инсон ҳақидаги фикрлари тобора чуқурлашганини, ана шу теран ўйлар силсиласида ижодкор ўз шахсиятини, борлиғини ҳам фош этганини кўрамиз. Бундай саросимали ўйлар ижодкорнинг “Сизиф ҳақида афсона” эссесида ёрқин кўзга ташланади. Альбер Камю бу ҳақда шундай ёзади: “Бу эссе ХХ аср замони учун ҳали номаълум бўлган абсурд фалсафа ҳақида эмас, абсурд туйғулар, абсурд дунёқараш ҳақидадир”.[15]

Сизиф жаҳаннамнинг бесамар заҳматкашига айланади. Ёзувчи бадиий тасвиридаги харсангтош – ҳаётнинг чексиз ва битмас-туганмас азоб-уқубатлари тимсоли. Сизиф курашчан ва саботли инсон тимсолидир. Камю Сизифни абсурд қаҳрамон, деб атайди. Сизиф ноҳақликдан, ўлим ва зулматдан нафратланади. У ҳаётни, гўзалликни қаттиқ севади. Аслида, у бемаъни ишга маҳкум қилинган шунчаки бир қаҳрамон эмас, энг олий манзилга кўз тиккан инсон рамзидир. Унинг иродаси тошдан ҳам мустаҳкам. У енгилмас, жисман қийноқлар остида бўлсада, руҳан худолардан устун чиқади. Бу маънисиз ишни такрор-такрор бажаришига сабаб, харсангтош – Сизифнинг шахсий ғам-ташвиши. Шунинг учун ҳам у азобли тақдиридан воз кеча олмайди. У худоларга қарши иш қилади. Алал оқибатда мангу жазога ҳукм қилинади. Сизиф сингари бугунги кун одами ҳам худди шундай туганмас азоб-уқубатли ҳар куни, ҳар соатда меҳнат қилиш, қайғуриш, азобланишга маҳкум қилинган. Ваҳоланки, “харсангтош бугун ҳам думалашда давом этмоқда”.

Худди шунингдек, “Лола” ҳикояси қаҳрамони – эзгу ниятли, юрагида ўти бор, истеъдодли, меҳнаткаш инсонларнинг рамзий тимсоли. Биринчи қояга чиқиш жараёнида ҳалок бўлган одамлар- бадниятли, манфур, ишёқмас, ҳийлагар, разил инсонлар рамзи. Муаллиф-қаҳрамон биринчи тик қояни забт этади. Бироқ қарангки, олдинда сон-саноқсиз яна шундай қоялар пайдо бўлиб қолади. Бизнингча, қоялар – бу ҳаёт машаққатларининг рамзий тимсоли. Забт этилган биринчи қоя – одамзоднинг буюк кашфиётлари, янгилиги, забт этилмаган янги чўққилар – ҳаётнинг бардавомийлигни, янги машаққатлар, чекилажак заҳматлар рамзи дейиш мумкин. Узоқдаги Лолани – Оллоҳ рамзи дейиш мумкин. Ҳар ҳолда Лола образини – бирон бир мафкуравий идеал деб айтишдан йироқмиз. Бироқ, яна Лола образини орзу, мақсад, ният, ҳақ васли рамзи дейиш ҳам мумкиндир.

Хуллас, Сизиф сингари  “Лола” ҳикояси қаҳрамони ҳам янги-янги чўққиларни забт этишдан чарчамайди. Бу эса инсоннинг метин иродасини, маънисиз ҳаётдан маъно топиб яшаётган ақлу-заковатини мазкур кичик бир ҳикояда намойиш этиб турибди.

“Яхши одамлар” ҳикояси “Узоқдаги Дилнура” китобига киритилган ҳажм жиҳатидан энг йирик ҳикоя. Асарнинг бош қаҳрамони Иброҳим қаҳратон қиш кунида ўғли билан машина эшигини оча олмасдан анчагина қийинчилик ичида қолишади. Иброҳимнинг бора-бора атрофдагиларга ишончи сусайиб, кўзига ҳамма пул ундириш мақсадида унга ёрдамга келаётгандек бўлаверади. Унинг қалбида батамом ёруғлик, яхшиликка умид ўчган пайтида нотаниш Йўловчилар келиб, унга холис хизмат кўрсатишади. Ҳикоя якуни ҳаётда яхши инсонлар борлигига ишонч руҳи билан якун топади.

Улуғбек Ҳамдамовнинг шу кунгача жами ўн битта   китоби нашр этилган. Шулардан саккизтаси бадиий асарлар:

  1. «Ёлғизлик». Қисса ва ҳикоялар. Тошкент: Қатортол-Камолат, 1998. 112 бет;
  2. «Тангрига элтувчи исён». Шеърлар. Тошкент: Янги аср авлоди, 2001, 100 бет;
  3. «Исён ва итоат». Роман. Тошкент: Янги аср авлоди, 2003, 140 бет;
  4. «Мувозанат». Роман. Тошкент: Минҳож, 2004, 200 бет;
  5. «Атиргул». Шеърлар. Тошкент: Сано-стандарт, 2005, 224 бет;
  6. «Сени кутдим». Шеърлар. Тошкент: Фан, 2007, 232 бет:
  7. «Сабо ва Самандар». Роман. Тошкент: Муҳаррир, 2009, 310 бет:
  8. «Узоқдаги Дилнура». Қисса ва ҳикоялар ва шеърлар. ТОшкент: Академнашр, 2010, 232 бет.

Қолаверса, иккитаси илмий монография ва адабий-танқидий мақолалардан ташкил топган:

  1. «Бадиий тафаккур тадрижи». Илмий монография ва мақолалар. Тошкент: Янги аср авлоди, 2002, 200 бет:
  2. «Янгиланиш эҳтиёжи». Адабий-танқидий мақолалар. Тошкент: Фан, 2007, 196 бет.

Яна бир китоб таржима асар:

  1. Жалолиддин Румий «Ичиндаги ичиндадур» Турк тилидан Улуғбек Ҳамдам таржимаси. Тошкент: Янги аср авлоди, 2003, 200 бет.

Шулар орасида «Мувозанат» романи ва «Ёлғизлик» қиссаси икки қайта нашр этилди. Маълумки, У.Ҳамдамовнинг «Ёлғизлик» китобидан сўнг нашр этилган «Мувозанат» романи жуда катта шов-шувли баҳсларга сабабчи бўлган асар бўлди. Катта адабиётшуносларимиздан М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов, У.Норматов, А.Расулов, С.Содиқ, Д.Қуронов ва ёзувчи П.Қодиров, Ж.Абдуллахоновлар романга ижобий баҳо беришди. Шунингдек, И.Ёқубов, З.Пардаева, Ш.Дониёрова, М.Пирназарова каби олим ва тадқиқотчиларимизнинг  илмий монография, диссертация ишлари ва кичик мақолалари доирасида тадқиқ этилди. Шу билан бирга роман бадиий савиясининг кемтиклиги, хусусан, бадиий асар тилининг ночорлиги ҳақида М.Чориева, Ҳ.Карвонли каби ёш ёзувчи ижодкорлар томонидан танқид этилди.

«Талабалар дунёси» журналида  ёш олима З.Мирзаеванинг «Мувозанат»нинг Америкадаги талқини» мақоласи эълон этилди[16]. Мақоланинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда муаллиф Мичиган университети тадқиқотчиси Рейчел Харэлнинг «Ўтиш даврида ўзбек адабий овозлари. Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувозанат» романи воқеаси» мақоласи хусусида хабар беради. Мақолада муаллиф америкалик ўзбекшунос олимларнинг ўзбек адабиёти бўйича олиб борган тадқиқотларига хос текшириш методи, хусусан, Р.Харэлнинг «Мувозанат» романи борасидаги фикр-мулоҳазаларини таҳлил чиғириғидан ўтказади. Ҳатто тадқиқотчи ўзи бевосита роман таҳлилига ҳам киришиб кетади. Муҳими, мазкур мақола ҳозирги ўзбек адабиётида баҳсларга сабаб бўлган «Мувозанат»нинг Америкадаги талқини бўлгани боис бугунги адабиётшуносларимизнинг узоқ бир қитъадаги муҳим адабий жараёндан воқиф этади.  Биз ўзбек олимлари У.Ҳамдамовни бадиий ижод билан шуғулланса тузукми, илмий ижод биланми? – каби мунозараларга кўмилиб ўтирган бир пайтимизда америкалик тадқиқотчининг «Мувозанат» романи ҳақидаги кузатишлари кишини лол қолдириб, ёзувчига нисбатан хайрихоҳлик ҳисларимизни янада мустаҳкамлади.

“Мувозанат” романида элликка яқин қаҳрамонлар иштирок этади. Америка ёзувчиси Артур Хейлининг “Оқшом хабарлари” романида бош қаҳрамон ва иккинчи даражали образлар деган қолиплар кўзга ташланмайди. Қаҳрамонлар ўзларининг руҳий дунёси, хатти-ҳаракати, шахсий муаммолари билан баравар равишда иштирок этади. Ҳар бирининг эҳтиёжлари атрофлича қаламга олинади. Артур Хейли билан У.Ҳамдам романларида айнан шундай ҳолат  кўзга ташаланади.

Иқтисод фанида “эҳтиёжлар чексизлиги” деган атама бор. Мундоқ дўппини бошдан олиб, ўйлаб кўрадиган бўлсак, инсон эҳтиёжи шу даражада кенгки, унга нафақат моддий, балки, маънавий, руҳий эҳтиёжлар ҳам киради. Севиш ва севилиш, дўстлашиш ёки, энг оддий мисол, сувга ташналик ҳам битта эҳтиёж саналади. Қайсики, бирининг талаби қондирилмас экан, ўша жараён инсоннинг ботини ёки зоҳирини инқирозга олиб келади. “Мувозанат” асаридаги Юсуф, Саид, Миразим, Заҳро, Амир сингари қаҳрамонлар жамиятда, ўз шахсий ҳаётида, ботиний ва зоҳирий оламида ўзи билан ўзи курашади. Қайсидир бири иделлашмаган севгиси учун, баъзиси маънавий-руҳий эҳтиёж учун курашади. Ёзувчининг ўзи таъкидлаганидек, ҳаётда маълум бир вазнни сақлаб қолишга қаратилган инсон руҳияти мувозанатни сақлаб қололмай, қарсиллаб синади. Ҳатто, асарнинг энг иқтидорли, ақлли, ҳаётга, жамиятга, атрофдаги инсонларга холис назар билан қаровчи Юсуфда ҳам худди шу ҳолат юз беради.

Асарда 90-йиллардан кейинги ўзбек миллатининг чекка-чекка қишлоқларидаги, шунингдек, тиғиз ва сершовқин шаҳар ҳаёти, бу икки хил оламда кечаётган инсоннинг  изтироблари, дарду алами қаламга олинади. Айниқса, ночорлик, қўли калталик, инсонни нақадар майиб-мажруҳ, забунсиз қилиб қўйиши ёрқин ва жонли лавҳаларда ишонарли ҳикоя қилинган. Асарда иккита қаҳрамоннинг руҳий фожеаси, шу фожиага элтган сабаблар, воқеалар тизимининг драматизми юқори пафос билан ифодаланган. Биринчиси, Юсуфнинг ҳаёти, айниқса, ўғлининг ўлими китобхонни ларзага солади. Иккинчиси, Амирнинг ҳаёти. Унинг рафиқаси Гулшоданинг  ўлими олдидан ўғлига қилган насиҳатлари ниҳотда таъсирли чиққан. Ҳаётнинг бешафқат кўчаларида юракда нафрат ва шафқатсизлик, совуққонлик уруғларининг униб-ўсиши “Мувозанат” романининг қаҳрамонлари руҳияти тадқиқи мисолида яна бир бор таҳлилдан ўтади. Муаллиф асарда биз энг олий туйғулар деб инонган, гоҳида унга саждалар қилган, эмранган Муҳаббат, Дўстлик, Биргалик туйғулар ҳам нақадар омонат эканлиги фош этилади. Хусусан, бу Юсуф, Миразим, Саиднинг ўзаро дўстона муносабатларида исботланади. Асарда ҳатто дўстлик  ҳам вақт ўтиши билан ўз самимиятини йўқотади, деган фалсафа илгари сурилади. Чунончи, асар қаҳрамони Юсуф ўз дўстларига ишонган эди. Аммо дўстлари унга вафо қилишмайди. Рафиқаси билан не бир умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган эди, лекин, мақсадлар, интилишлар, эҳтиёжлар бошқа-бошқа бўлгани учун улар ажралишади. Натижада Юсуф иккинчи бор мувозанатини йўқотади. У ўзининг фанини, касбини севар эди. Бироқ замона зайли, моддий қийинчиликлар туфайли ўз ишини ташлаб, фирмага ишга киради. Бироқ асар охирида яна аудиторияга қайтади. Унинг мақсади, ота-онаси, акасига ёрдам бериш эди. Акаси Амирнинг замонга мослашишига кўмаклашмоқ истайди. Лекин бу унинг қўлидан келмайди. Юсуф тиришиб-тирмашиб ўз мувозанатини сақлашга ҳаракат қилади. Аммо акаси Амир жамият билан ҳамнафас яшай олмайди. Юсуф фавқулодда сақлаб турган мувозанат асар охирида синади: “Юсуфнинг ичида нимадир қарсиллаб синди”, — дейди. Демак, Юсуфнинг ичида қарсиллаб синган нарса рамзий маънода инсон ботинидаги, уни ҳаётда тутиб турган иродаси, мувозанати эди, дейиш мумкин.

Назаримизда, ёзувчи замонавий ўзбек образини иделлаштиришга ҳаракат қилган. Унинг Миразим, Саид сингари “қўли узун” қаҳрамонлари Америка, Франция давлатларига саёҳат қиладилар. Айниқса, франциялик Матильда билан боғлиқ воқеалар зўрма-зўраки киритилганлиги сезилиб қолган. Шу ўринда ёзувчи замонавий ўзбекнинг имкониятларини кўрсатишга ҳаракат қилган.

Асарда оилавий фожиалар кўзга ташланади. Юсуф билан Ойгул, Миразим билан Заҳро, Саид билан Манзура, Амир билан Гулшодаларнинг, эпизодик образлар Эргаш билан Латофатларнинг оилавий, шахсий фожеалари кўрсатилади. Мундоқ ўйлаб қаралса, уларнинг ҳар бири ўзича бахтсиз. Эр-хотин ўртасидаги муносабатлар ич-ичидан емирилиб кетган. Оила – жамиятнинг муҳим бўлаги. У бахтсиз, сарсон-саргардон экан, азобу – уқубатлари адоқсиз экан, бунга ким айбдор деган ҳақли савол туғилади. Тўғри, одатда, сабаблар ва оқибатлар мавжуд жамиятдан изланади. Бу мантиқан тўғри ҳам. Асарда мустабид тузумнинг аянчли оқибатлари қурбони бўлган оилалар фожиаси кўрсатилади.

Бизнингча, Юсуфнинг орзу, интилишлари билан тоғ рамзий моҳият касб этади. Чунки, унинг кўзлари доимо Улуғтоққа қадалган. Асарда фожиавий тақдирлардан ташқари табиат тасвирлари ҳам қаҳрамонлар руҳиятига мутаносиб равишда акс эттирилган.

Романдаги барча воқеаларни ҳаракатга келтирувчи образнинг Юсуф деб аталиши ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки, Шарқ адабиётида Ёқубнинг ҳуснда ва ақлу камолотда етук еттинчи ўғли Юсуф исмлидир. Адиб бу қадим анъанани ижодий давом эттирган ҳолда ўз қаҳрамонига Юсуф деб ном беради. Бундан ташқари, романда 90-йиллардан кейинги ўзбек халқининг эврилишлар давридаги тушкун кайфияти жуда ёрқин деталларда очилган. Чунончи, чойхона тасвири ёки бильярд ўйини муваффақиятли чиққан ўринлардан. Умумий бир хулосага келадиган бўлсак, “Мувозанат” романи айрим жузъий камчиликларга қарамасдан, мустақиллик даври ўзбек романчилигининг шоҳ асари бўлиб қолишига ишонамиз. 

Асар “Туриши керак… Туриши керак…” деган мантиқий давомийликка эга жумла билан якунланади. Бу эса Юсуфнинг янги курашларга чоғланаётганидан дарак бериб турибди. Асарнинг бу тарзда оптимистик руҳ билан тугалланиши эса китобхон кўнглига таскин беради.

Хулоса шуки, Улуғбек Ҳамдам насрий асарларида ёзувчининг илк асари “Ёлғизлик”да бошланган йигит руҳиятини чуқур талқин этиш тизими унинг роман ва ҳикояларида ҳам изчилликда давом этди. Зеро, “руҳий таҳлил қонуний бадиий ҳодиса бўлиб (Чернишевский)  ижодий маҳоратнинг камолати даражасини, унинг таъсир доирасини белгиловчи сифат белгисидир”[17].

Бир куни ойинаи жаҳонда денгиз тубидаги ҳаёт ҳақидаги илмий-маърифий кўрсатув берилди. Океаншунос тадқиқотчиларнинг аниқлашича, океан ва денгиз тубида маржонлар йиғилиб-йиғилиб сув остида улкан маржон қояларини пайдо қиларкан. Афсуски, кучли тўфонлар чоғида маржон қоялар ҳар томонга сочилиб, барбод бўлар экан. Аммо тўфон тингач, маржонлар яна қайтадан йиғилиб-йиғилиб яна олдингидек ҳайбатли маржон қояларни пайдо этаркан. Истеъдодли шахсларни ҳам ўша океан тубидаги маржон қояларга ўхшатиш мумкин. Зеро, ҳар қандай давр тўфонлари бу “маржон қоялар”ни қулата олмайди. Маълум бир муддат истеъдодлар тўзитиб юборилиши мумкин, аммо улар маржон қоялар сингари  албатта, тўфон тингач, яна улкан ва буюк истеъдодларини кўз-кўз этиб намоён бўлишаверади!

Марҳабо Қўчқорова



[1] Карим Б. Улуғбекнинг дил изҳори. // Узоқдаги Дилнура. Т.: Академнашр, 2010. – Б. 3.

[2] Йўлдошев Қ. Дардчил туйғу ва безовта руҳ. // Ёниқ сўз. Тошкент: янги аср авлоди, 2006, — Б. 511.

[3] Б.Карим. Улуғбекнинг дил изҳори. // Узоқдаги Дилнура. Тошкент: Академнашр, 2010. – Б. 4.

[4] Раҳмат Р. «Бир ёруғлик излайман ҳамон…» // Ёлғизлик. Тошкент: Қатортол-Камолот, 1998. – Б. 92.

[5] Йўлдошев Қ. Дардчил туйғу ва безовта руҳ. // Ёниқ сўз. Тошкент: янги аср авлоди. 2006. –Б. 512.

[6] Карим Б. Улуғбекнинг дил изҳори. Тошкент: Академнашр, 2010. – Б. 3.

[7] Ҳамдам У. Умумдард тасвири. / Янгиланиш эҳтиёжи. Тошкент: Фан, 2007. – Б. 184.

[8] Умуров Ҳ. Қаҳрамон маънавий олами ва эпиклик. Тошкент: Фан, 1995. – Б. 3-4.

[9] Ҳамдам У.  Ёлғизлик. / Узоқдаги Дилнура. Т.: Академнашр, 2010. – Б. 10.

[10] Ҳамдам У. Оташ. / Узоқдаги Дилнура. Т.: Академнашр, 2010. – Б. 136.

[11] Гардкам / Ёлғизлик. Тошкент: Қатортол-Камолат, 1998. Б. 101-105.

[12] Сатторова Г. Миллий характер ва бадиий талқин. ТОшкент: Фан, 2007, — Б. 106.

[13] Ўша китоб. – Б. 107-108.

[14] Лола / Узоқдаги Дилнура. Тошкент: Академнашр, 2010. Б. 123.

[15] Камю А. Творчество и свобода. Статьи, эссе и записные книжки. —  Москва: Радуга, 1990. — С. 8.

[16] Мирзаева З. «Мувозанат»нинг Америкадаги талқини» // Талабалар дунёси. 2009. №10. – Б. 10-12.

[17] Умуров Ҳ. Қаҳрамон маънавий олами ва эпиклик. Тошкент: Фан, 1995. – Б. 3.

Ўқилди: 689

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар