Қидириш

Кутубхона

Facebook

Матёқуб Қўшжонов. Шиддат билан ёзилган роман

Қўлингиздаги ушбу китоб — «Мувозанат» Улуғбек Ҳамдамнинг қаламига мансубдир. Бу ёш адибнинг номи ўзбек китобхонларига яхши маълум. У қатор ҳикоя, қисса, мақолаларнинг муаллифи.

Роман билан танишар экансиз, ёш адибнинг қатор хислатлари кўз олдингизда намоён бўлади. Аввало, хаёлингиздан шундай бир фикр ўтади: муаллиф роман чоп қилдириб, кўзга ташланиш мақсадида иш кўрмайди. У ҳаёт ҳақида, ҳаётда рўй бераётган кескин бурилишлар ҳақида, ўта зиддиятли воқеалар хусусида чуқур ўйлайди. Фақат ўйлайдигина эмас, у ўзида нималардандир қаноат ҳосил қилса, нималардандир кўнгли тўлмайди, булар хусусида теран безовта бўлади, куюнади, қайғуради. Мана шу куюниш ва қайғуришлар уни қўлга қалам олишга ундайди.

Бошқа бир хислатни алоҳида таъкидлашни истардим. Услуб жиҳатидан «Мувозанат» бошқа асарлардан анчагина фарқ қилади. Асар шиддат билан ёзилган. Мавзу доираси ниҳоятда аниқ. Бироқ қизиқ воқеа ёки манзара тасвирига берилиб кетиб, мавзудан четлаб кетиш йўқ. Романда бирон сатр, бирон жумла ёки бирон абзатс йўқки, у ё шиддатни пасайтирган бўлсин ва ё мавзудан узоқлаб кетган бўлсин! Бу жиҳатдан воқеалар роман саҳифаларига қуйма бўлиб киради.

Аслида «Мувозанат» илмий атамадир. Романни қўлга олган заҳоти бу илмий атама ёзувчига қай даража зарур бўлди экан, деган хаёлга борасиз. Бироқ асарни ўқиб чиққанингиздан кейин бу атаманинг ёзувчи учун бугунги воқеаларни таҳлил қилишда қулай бир восита сифатида хизмат қилганини англаймиз.

Асар билан танишиб шундай хулосага келасизки, бутун олам мувозанат қонуни асосида мустаҳкам турган бўлса, жамият ҳам, унинг асосини ташкил қилган инсонлар ҳам айни мувозанат туфайли барқарордир. Мувозанат бузилган заҳотиёқ жамият ҳаётида, демак, унинг аъзолари орасида ҳар-хил кутилмаган ўзгаришлар, ҳатто издан чиқишлар бошланади.

Роман сюжетини асосан учта қахрамон саргузаштлари ташкил қилади. Учаласи ҳам бугунги замон қахрамонлари. Бироқ учта қахрамон — учта ҳаёт йўли. Мана шу учта ҳаёт йўлининг бирлиги романда акс этган воқеликнинг қай даражада долзарб эканини кўрсатиб турибди. Улардан бири зиёли, ўзини илм-маърифатда бирор улуғ мақсадга чоғлаган ёш олим; иккинчиси ҳаётнинг ҳамма жиҳатларини пул билан ўлчайдиган, бойлик ва имкондан ўзга биронта касб-корни назар-писанд қилмайдиган «тадбиркор»; учинчиси ёшликдан катта-катта мансабларни орзу қилган, бунга эришиш учун йўл излаб, муайян сабаблар туфайли ниятига эришган, ўзи истаган чўққини эгаллай олган мансабдор.

Кўряпсизки, касб-кор жиҳатидан ҳам, характер жиҳатидан ҳам бир-бирларига ўхшамаган учта шахс. Талабалик вақтларида бирга ўқиб, бирга улғайганлари учун, — гарчи шароитлари жудаям фарқли эса-да, — ҳаётда бир-бирлари билан тўқнаш келадилар. Бир-бирларининг ҳаётларидан хабардор бўладилар. Асардаги драматизм, баъзи ҳоллардаги фожеий манзаралар айни хабардорлик билан ҳам боғланиб кетади.

Маълум бир даврларда мансабдорнинг иши юришиб кетади, қўли узатган жойига етадиган бўлади. Бироқ охир оқибатда фожеа билан якунланади. Аксарият ҳолларда «тадбиркор» қахрамоннинг ошиғи олчи — кўплар унинг хизматида, пул ва мол-мулкининг сон-саноғи йўқ. Лекин унинг ҳам ҳаёти секин-аста инқирозга юз тутаётганини пайқаш қийин эмас. Романнинг учинчи қахрамони ҳақиқий зиёли. Бироқ у сезадики, фақат китоб титишу илм эгаллаш уни ҳар доим ҳам бахтли айлайвермайди. У ўз идеалини, ҳаётга муносабатини ўзгартириш устида бош қотиради. Нималарнидир топгандек бўлади. Бироқ унинг топганлари китобхонни тўла қаноатлантиравермайди. Демак, китобхон мансабдор фожеасию «тадбиркор»нинг аччиқ қисмати устида қанча ўйланса, ёш зиёли ҳаёт йўли тўғрисида ҳам шундай изтироб билан бош қотиради. Айни чоғда Улуғбек Ҳамдам романда қўйилган муаммоларни шу ернинг ўзида ҳал қилиб беришни мақсад қилмайди, балки уларни китобхоннинг теран мушоҳадасига ҳавола этади. Бу бадиий асар учун яхши фазилат.

Китобхонни чуқур ўйлатадиган, асар композитсиясига тўлиғ киритилган яна бир образ бор. Бу образ шакл ва мазмун жиҳатидан муҳим ўрин эгаллайди асарда. Гап бош образлардан бири Юсуфнинг акаси Амир ҳақида кетаяпти. У муккасидан динга берилган шахс. Амир учун бола-чақа, рўзғор тебратиш ортиқча иш, ҳатто кундалик еб-ичиш, кийим-кечак ҳақида ўйлаш ҳам ортиқча. Уч фарзанднинг отаси бўлишига қарамай, рўзғор қандай тебранаяпти, қора қозон нима билан қайнаяпти, булар билан унинг иши йўқ. Бошқача айтганда, бу дунё унинг учун чиндан ҳам ёлғон дунё. У ўзини нариги дунёга тайёрлайди. Нариги дунё орзуси билан кун кечиради. Мана шу ҳолатларнинг ўзи ҳам ўта драматик йўсинда битилган. Унинг қисмати фожиавийдир. Амир — динда чуқур кетиб, дунё ва дин ўртасидаги мувозанатни йўқотган ва айни мувозанатсизлик изғиринида қолиб адоғи йўқ изтиробларга тутилган шахс. Юсуф уни даволаш йўлларини излайди. Бироқ акасининг онгидаги кемтик ўрнига келавермайди. Романнинг охирги саҳифаларида Амирни биз инсоний қиёфасини бой бериб, ақлу ҳушдан айрилган ҳолда кўчага отилиб чиққан далли-девона сифатида кўрамиз.

«Мувозанат» шиддаткор услуби жиҳатидан бошқа асарлардан ажралиб туради. Асарни ўқир экан, китобхонда шундай таассурот туғилади: адиб қўлига қалам олибдию бир ўтиришда кўнглидагининг борини қоғозга тушира қолибди. Бу жиҳатлари билан роман ўқишли ва таъсирлидир.

 Матёқуб ҚЎШЖОНОВ

академик

Ўқилди: 828

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар