Қидириш

Кутубхона

Facebook

Дилмурод Қуронов. «Мувозанат» романига ёзилган сўнгсўз

Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувозанат» романини ўқирканман, унда ҳали пишитилиши лозим бўлган қатор ўринлар билан бирга асарни кўтариб турган бир жиҳатни ҳам кўрдим. У — журъатдир.

Биласиз, шу кунимиз ҳақида эпик асар ёзиш осон эмас. Юз бераётган воқеаларнинг ичида бўлган ҳолда уларни бадиий мушоҳада этиш жуда мушкул — бунинг учун катта истеъдод, ҳассос қалб, ўткир санъаткорона нигоҳ лозим. ҳавасимни келтирган жиҳати шуки, муаллиф ҳаётнинг долғали оқимига сиртдан назар солишга ўзида куч, журъат топа билибди.

Журъатнинг иккинчи қирраси — ёш адибнинг воқеликни бўяб-бежамасдан, борича, бутун мураккаблиги билан мушоҳада қилишга интилгани, бугунги ҳаётимизда кузатилаётган оғриқли нуқталарни, маддалаб бораётган яраларни ўзидек кўрсатишга интилганидир. Бироқ кўрсатишда ҳам кўрсатиш бор! Айтмоқчиманки, бугунги ўтиш даври қийинчиликларини рўкач қилган ҳолда ўзларидаги манқуртона «ўтмиш соғинчи»ни асослашга уринаётганлар бундан севинишга, жиртак чалишга шошилмасинлар. Зеро, муаллиф бу яраларни ўзининг нечоғли «журъатли ижодкор» эканлигини кўрсатиб қўйиш ёҳуд бугунги кун очаётган истиқболларни кўришдан ожиз кишилар тегирмонига сув қуйиш учун тасвирламайди, балки яраларнинг «ҳаром томири»ни очиш, давосини топиш мақсадини кўзлайди.

Жамият ҳаётидаги ҳар қандай ўзгариш, аввало, зиёлилар руҳиятида куртак ёзади, зеро, жамиятнинг мавжуд ҳолати, унинг қай томон бораётгани хусусида ўйлаш, қайғуриш зиёлилар ҳақи. Шу жиҳатдан «Мувозанат»нинг марказида зиёли — тарихчи олим Юсуфнинг ҳаракатланиши табиий кўринди. Муаллифнинг қаҳрамон танлашдаги жиддий ютуқларидан бири, менимча, унинг ёши билан — қирқ ёш чегарасидаги одам эканлиги билан боғлиқ. Сабабики, айни шу ёш чегарасидаги авлод юртимизда истиқбол соғинчи чинакам ижтимоий дардга айланган даврда шаклланган, улар бу соғинчни жуда теран ҳис этганлар. Иккинчи томондан, бу авлод айримлар қўмсаётган «ўтмиш» ҳақида эшитибгина билмай, уни ҳозир билан холис қиёслаш имконига эгалар. Роман қаҳрамони Юсуфнинг ўй-ҳисларидаги зиддиятлар айни шу вазият билан боғлиқ. У истиқлолнинг чинакам неъмат эканлигини теран ҳис қилади ва айни пайтда ўтиш давридаги ҳолатларни икки томонни кўзда тутган ҳолда холис баҳолаш ва тушунишга интилади.

Юсуфнинг орзуси — бир жамият қурилсаки, «унда яшаётган ҳар бир киши ўзини, аввало, Инсон ўлароқ ҳис қилса, фуқаро манфаатлари ҳар жиҳатдан ҳимоя этилса. Туғилиш — мусибат эмас, саодат, ҳаёт тирикчилик қилишдангина иборат бўлмай — неъмат, ниҳоят, иккинчи томонда ўша руҳий мувозанат — кўнгил хотиржамлиги бўлса!..» Бу олам яралгандан бери ўтган зиёлики бор, барининг орзуси. Юсуф ўзининг орзуси эндиликда ҳукуматнинг мақсадига айланганини-да билади. Бироқ мустақилликнинг дастлабки йиллари кўзи билан кўргани қийинчиликлар дилидаги ишончга раҳна солади — руҳиятидаги мувозанат бузилади. Қаҳрамон руҳиятида йўқолган мувозанатнинг тикланиш жараёнини кўрсатиш ва шу аснода бугунги кунни баҳолаш, ўзининг олам ва одам ҳақидаги фалсафасини изҳор этиш «Мувозанат»нинг бош мавзусидирки, шу жиҳатдан асар роман жанрининг рисолавий талабларига тўла жавоб беради.

Асар қаҳрамони Юсуф ҳаётимиздаги номарғуб кўринишлар илдизини ўзида, ўзимизда кўради. Шу боис ҳам у вужудидан куч ёғилгани ҳолда ўша кучни ишлатиш ўрнини тополмаётгани туфайлигина ожиз қолаётган ҳамқишлоғига қарата «сенинг жисминг эмас, ақлинг дангаса» дейди. Айни пайтда, Юсуф ушбу ҳукмнинг ўзига-да тегишлигини ҳис қилади. У пул топди-ю, бахт топмади, тополмади. Негаки, дунёни кўнглига мувофиқлаштириш йўлидан эмас, балки тамом зид йўлдан борди. Бу (ва ёки Миразиму Саид, Заҳрою Амирлар тақдири, қўйингки фожиаси) яна бир ибрат, борингки, кўпчилигимиз учун огоҳликка даъватдир. Юсуф руҳий изланишлари ниҳоясида «ўз ботинининг «мен енгаман!» деган амрига танасини бўйсундириб ва «шу ишонч қатъиятини бир он бўлсин бўшаштирмай» яшаш заруратини туйди, буни эътиқод мақомига кўтарди. Роман ниҳоясида Юсуфнинг муайян руҳий мувозанатга эришганию эртанги кунга УМИДВОРЛИК билан қарай олгани шу ишончнинг маҳсулидир.

Назаримда, Улуғбек кўпчилигимиз, айниқса қирқ ёш чегарасидаги авлод руҳиятига кўзгу тутаётгандек бўлди. Давра суҳбатлардан бирида устоз О.Шарафиддинов адабиётимизда реализм имкониятлари ҳали тўла очилганича йўқлигини таъкидлаган эдилар. «Мувозанат» мана шу имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш йўлидаги дадил қадамлардан бири саналмоғи керак.

Дилмурод ҚУРОНОВ 

Ўқилди: 685

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар