Қидириш

Кутубхона

Facebook

Зулхумор Мирзаева. «Мувозанат» Америкада

Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувозанат» романи нашр қилингандан бошлаб кўпдан-кўп  баҳс- мунозараларга сабаб бўлди. У ҳақида турли хил қарашларни ифода қилган мақолалар  эълон қилинди. «Мувозанат»  бир қанча номзодлик, докторлик диссертациялари учун манба вазифасини ўтади.  Қисқаси, асарнинг иқрор ва инкори ўртасида  кучли тебранишлар ҳалигача давом этмоқда.

Бир устозим  «ўқиш жараёнида онгингда туғилган ҳар қандай ижобий ёки салбий фикрдан, муносабатдан мамнун бўл. Чунки сени қўзғатишга, онгингни уйғотишга хизмат қилган асар ёмон асар эмас,  деган бир гапни айтган эди. Шундан келиб чиқилса,  «Мувозанат» адабий жараёнда ўзига хос баҳс мунозаларга сабаб бўлган ва бўлаётган романлар сирасига киради. Назаримда, донишманд  Вольтернинг «агар одамлар бирор мавзу ҳақида узоқ баҳслашсалар, демак, бу баҳс мавзуси ўзларига ҳали  унча равшан эмаслигини кўрсатади» деган фикри юқоридагиларга уйғун жаранглайди.

«Мувозанат»нинг Америкадаги мухлиси Ричал Наррид тадқиқотига муносабат билдириш мақсадида асарни яна бир бор ўқиб чиқиш зарурати туғилди. Натижада, романда тасвирланган ҳар қандай воқелик фақат ташқи хусусият, ягона аломат билангина боғлиқ эмаслиги; тоталитар  тузум ва ўтиш давридаги оғир турмуш воқеаларини бадиий ўзлаштириш, уларни замондошларнинг ички дунёси, руҳий олами орқали  атрофлича тафтиш этишда кенг имкониятли рамзий образлардан фойдаланишнинг ўзига хос усуллари; жой номлари, танланган исмлар қаҳрамонларнинг ички ва ташқи конфликтларида чуқур мажозий маъно касб этганлиги; энг муҳими, Олам мувозанатининг асоси, унинг меъёрини таъминлаш вазифаси юкланган улуғ инсонлар қисмати чуқур бадиий — фалсафий мазмунда ифодаланганлиги маълум бўлди. Очиғи, асарнинг бу хусусиятларини уни илк бор ўқиганимда илғай олмагандим.

Колумбия университетида фаолият кўрсатаётган Ричал Нарри замонавий ўзбек адабиётининг Америкадаги мухлиси ва тадқиқотчиларидан бири. У кўп йиллардан бери ҳозирги адабий  жараён билан шуғулланиб, бу борада бир нечта мақолалар эълон қилган. Унинг  2008 йил «Талабалар дунёси» журналида «Ўзбек модерн шеърияти» номли мақоласи ўзбек тилида нашр этилган.

Америкалик олима ва унинг касбдошларини «Мувозанат» романи ҳам бефарқ қолдирмади. Маълум бўлишича, асар «Марказий Осиёни ўрганиш бўлими» барча профессор ўқитувчилари, америкалик ўзбеклар томонидан катта қизиқиш билан ўқилган ва кафедрада унга бағишланган  кенг кўламли семинарлар ташкил этилган.

Тадқиқотчи романнинг бошқа асарлардан фарқи ва қийматини уч муҳим омил  билан изоҳлайди: «Замонавий тилшунослик оқимида ёзилган бу асардаги ўзига хос биринчи фактор асар қаҳрамонларининг характерларига хос муомила услуби; иккинчиси, миллат сифатида ўз-ўзини англаш йўлининг миллий характер муштараклигида акс эттирилиши, учинчиси, китобхоннинг кўнгил эҳтиёжи сифатида етилган мавзунинг жасорат билан акс эттирилиши натижасида нафақат кичик, балки катта доирадаги (хорижлик) мухлисларга эга бўлганлиги.

Чиндан ҳам асардаги талай образлар — Юсуф, Саид, Миразиз, Заҳро, Амирларнинг фожиавий ҳолатлари,  уларнинг зоҳирий ва ботиний нутқлари китобхон руҳий оламига таъсир ўтказади. Ҳар бир қаҳрамоннинг  муомала услуби уларнинг характер мантиғи, психологик ҳолати ва дунёқарашига мос тасвир этилади. Ижодкор турмуш воқеаларини образларнинг руҳий ҳолатлари орқали умумлаштириб беришнинг ўзига хос йўлларини кашф этади.

Ричал Наррид Улуғбек Ҳамдамнинг тилдан фойдаланишдаги қобилиятини қуйидагича баҳолайди: «Ёзувчининг романда Тошкент шаҳри диалекти, рус, руслашган ва меъёрий ўзбек тилини баланслаштиришдаги маҳорати унинг ўткир лингвистик стратегияга эга эканлигини намойиш қилган. Туркий неологизмлар, тил қатламларидан  фойдаланиш санъати, чуқур таҳлиллар замонавий ўзбек ҳаётини ёдга солади. Романнинг ўзигача ёзилган асарлардан яна бир фарқли жиҳати, — давом этади Ричал хоним,  унинг кенг эпик имкониятларга эга эканлигида кўринади. Унда жамиятнинг турфа қатламларига хос, мустақиллик даврида моддий ва маънавий изланишларда ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга отланган турли характерлар тасвирланади.»

Дарҳақиқат, воқеликни реалистик тасвирлашнинг бирламчи шарти -жамиятдаги барча табақага мансуб вакилларнинг бир асар майдонида муваффақиятли равишда акс эттириш билан ҳам изоҳланади. Асардаги бу жиҳатни Америка ўзбекшуноси  ҳам тўғри  баҳолаган.

Хорижлик олимларнинг ўзбек адабиётини тадқиқ  этишдаги асар сарлавҳаси билан боғлиқ айрича кузатишлари Ричал Нарриднинг «Мувозанат» романига бағишланган изланишида ҳам кўзга ташланади. Тадқиқотчи романга танланган мавзуни («Мувозанат-equilibirium») интенсив, шиддатли, таъсирли (ёки таъсирчан) (intence)  ва ниҳоятда кучли (terryfying) деб эътироф этади. Олиманинг юқоридаги хулосасини адабиётшунос олимлар Матёқуб Қўшжонов ва Дилмурод Қуронов фикрларининг мантиқий давоми сифатида  баҳолаш мумкин бўлади.

«Мувозанат» да иккита йирик фалсафа мавжуд. Мувозанатда қолиш ҳам, мувозанатдан чиқиш ҳам инсоннинг фожиаси. Ана шу фожиалар қаҳрамонларнинг ички ва ташқи конфликтлари асосида тафтиш этилади. Демак, ҳамма гап асарнинг сарлавҳаси («Мувозанат») дан бошланади.

Ричал Наррид асардаги шиддаткор реализмнинг ундаги реалистик ифодалар имкониятларини кенг- кўламли қилиб тасвирланиши билан боғлаб, романнинг бу жиҳатини ҳам  ижобий баҳолайди.

Асардаги воқеаларнинг, жумладан Эна (Юсуфнинг энаси) образининг реал тасвири ўзбекшунос олима фикрларини далиллайди. Ушбу персонажда кексаларга хос хусусиятлар, уларнинг ёш болалардек бўлиб қолиши («оч қоляпман болам», «… ҳар келганингда шунақа қанд опкелгин. Булар менга беришмайди,- деди даб-дурустдан эна қандларни тўшаги тагига яшириб» Б.21) ишонарли таъсирчан ифодаланган. Эна тасвирида (энанинг болаликка қайтишида) ҳаётнинг қайтиш фалсафаси мужассам.

Ўзбекшунос романнинг бошқа ижобий сифатларини белгиловчи қатор, иккиламчи ҳолатлар ҳақида тўхталиб, уларни мисоллар билан изоҳлашга ҳаракат қилади.

Айни дамда олиманинг «Мувозанат»га бағишланган тадқиқотидаги объектив хулосаларни  қадрлаш баробарида унинг айрим субъектив даъволарга муносабат билдиришни  лозим топдик.

Асарнинг 54 — бобида Абдулланинг ўлим тасвири ифодаланган. Гўдакнинг фожиали ўлимини Ричал хоним Юсуфнинг шифокор буюрган дориларга пул тополмаганлиги билан изоҳлайди.  «Юсуф Тошкетга ярим кечада, дарғазаб ҳолатда етиб келса ҳам, ўғли учун шифокор кўрсатмасидаги дориларни олишга пул топа олмади,  натижада Абдулла ҳалок бўлди. Ўғлининг ўлими Юсуф ва Заҳро муносабатларига якун ясади. (ёки халақит берди)»

Лекин асарда Юсуфнинг жигарбанди дорига пул тополмаслиги натижасида эмас, балки минг машаққат билан олиб келинган дориларнинг вақтида берилмаганлиги оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмади. Шунингдек, Абдулланинг ўлими Юсуф ва Заҳро муносабатларига эмас, балки Юсуф ва Ойгул ўртасидаги риштанинг узилишига сабаб бўлади.

Эътибор бериб қаралса, муаллиф ва тадқиқотчи талқинидаги тафовутлар бир-бирига бутунлай зид қарашларни юзага келтирадики, улар устида чуқур ва атрофлича мулоҳаза юритиш лозим бўлади.  Ўзбек адиблари ижодини таҳлил этаётган чет эллик тадқиқотчиларимиз масалага  объектив баҳо берсалар, ўз тасаввурларидаги «ҳақиқатлар» тўғрисида эмас, балки асарда акс этган бадиий ҳақиқат мантиғи ҳақида фикр юритсалар мақсадга мувофиқ бўларди, дегинг келади.

Яна Америка ўзбекшуноси «Мувозанат» да мажозий маъно касб этган ўринларни кўрмайди. Унингча, асар шу жиҳати билан ҳам бошқа анъанавий  асарлардан  фарқ қилади. Лекин бизнинг кузатишларимиз юқоридаги фикрни тамоман инкор қилади:

Асардаги Улуғтоғ — метафора. Унда чуқур рамзий маъно яширинган.

Юсуфнинг болалигидан Улуғтоққа интилиши инсоннинг ҳар доим улуғликка талпинишининг рамзий ифодаси. Аммо қаҳрамон унга етолмайди. Бу — мангу йўл.

Инсон яралибдики тақдир унга «танлаш» имконини таклиф қилади. Романда ҳам Юсуф ана шундай танлов – икки йўл бошидан чиқиб қолаверади: аслида бу инсон умри синовлари, мувозанатда қолиш ва уни йўқотишнинг бошланғич нуқтаси, ҳаёт фалсафасининг асосий моҳиятидир.

Қийшайиб қолган деворга тиргович қўяётган Содиқ ҳолатини эсланг: «Содиқнинг усти боши, ҳатто юз-кўзлари, бошидаги эски, бир қулоғи ипсиз шалпайиб турган телпагигача лойга ботган…» Шу ўриндаги манзаранинг ўзи рамзий чизилган.  «Қолганиям бузиб ташлаб, янгитдан кўтармасанг бўлмайди».  Юсуф тилидан айтилган  биргина шу жумлада узоқ йиллар чуқур томир отган, эндиликка келиб эса анави эски девордай нурай бошлаган Советлар ҳокимиятини илдиз — илдизи билан йўқотиб, мустаҳкам янги тузум қуриш лозимлигига ишора бор.

Агар эътибор бериб қаралса, ёзувчи кўзлаган мақсад асарда яхлит тарзда акс эттирилган. Муаллиф ижтимоий — иқтисодий ва маиший муаммоларнинг бадиий инъикосини ҳар бир кичик эпизод тасвирида ҳам романнинг умумий ғоясига уйғун рамзий образлар билан узвий боғлиқликда китобхон ёдига солиб туради.

Образларга танланган исмларда ҳам мажозий маъно мавжуд. Ҳалима ая — кўнгилчан, юмшоқ, кек сақлмайдиган  аёл, ҳалимлик рамзи;  Одил ака – ҳар қандай вазиятда тўғри фикрлайди ва одил хукм чиқарадиган оила бошлиғи — Одил хукмронлик тимсоли. Амир – ўз тушунчасидаги динга муккасидан кетган бузуқ эътиқод рамзи.

Жиддий бадиий асарни бадиий тасвир воситаларсиз, сўзларнинг тагмаъноларисиз, мажозий образларсиз тасаввур қилиб бўлмайди ва муаллифнинг ҳаёт воқеаларини бадиий акс эттиришдаги индивидуаллиги айнан юқоридаги тасвир ифодаларнинг ўзига хос йўлларини  кашф этилиши билан белгиланади.  Ғарб олимларининг  айрим ҳолатларда ўзбек адабиётидаги жузъий сўзларни чуқур англай, рамзий маъно касб этган ифодаларни тўлалигича идрок қила олмаслигини шарқ ва ғарб ўртасидаги турфа мушоҳада шакли билан ҳам изоҳлаш мумкин.

Ричал Наррид «Юсуфнинг институтга қайтиши билан роман оптимистик руҳда якунланса-да, бу  қайтиш жамиятни ахлоқий емирилишга олиб келган турғунлик ва жаҳолатга етарлича жавоб бўлмайди» деган фикрни айтади.

Америкалик тадқиқотчининг ушбу кескин хулосаси, менинг назаримда, муаллифнинг ғоявий — бадиий мақсадига уйғун эмас. Чунки, шарқ ва ғарб ўртасидаги турфа мушоҳада тамойиллари,  ўртадаги узоқ масофа ва шунингдек, ғарбча тафаккур тарзи, қолаверса, бадиий асарни муайян мақсаддан келиб чиқиб таҳлил қилишга уриниш олимага роман моҳиятига чуқур кириб бориш имконини бермаган.

Умуман, айрим хорижлик, ўзбек адабиёти билан боғлиқ тадқиқотлар  олиб бораётган олимлар изланишларидаги баъзи субъективлик ва заиф нуқталарнинг асосий сабаби олдиндан белгиланган концепция этагини маҳкам тутиб олишлари оқибатидир.

Асардаги бош образ — Юсуфнинг ўз иш ўрнига қайтиши билан муаллиф ҳаётнинг жиддий, ижтимоий-фалсафий ғоясини  илгари сурган. Олам мувозанатининг бузилишига йўл қўймайдиган, дунёда уйғунликни тутиб туришга қодир улуғ инсонлар Юсуф тимолида гавдалантирилган. Айнан Юсуфнинг ўз ўрнига қайтиши  дунё мувозанатига бўлган ишончга бир ишора. Нега Миразим  Юсуфни кўрса таскин топади, Заҳро Юсуфдан куч олади, Саид Юсуфга зимдан талпиниб яшайди? Аслида,  ҳар бир инсон юсуфлар туфайли қоим бўлган мувозанатга  муҳтож. Юсуф каби инсонлар бор экан, олам мувозанати йўқолмайди, у ўз ўқи  атрофида айланаверади.

Демак, бош образнинг қайтишини фақат ёзувчи яшаётган юрт, уни шакллантирган диёр ёки уни севган миллатга дахлдор ижтимоий-маиший муаммоларга боғлиқ ҳолда таҳлил этиш маҳдуд ва примитив (оддий) мантиққа ососланишдир. Чунки Юсуф аслида инсоният, олам мувозанатини ушлаб турган фаришта қиёфасидаги одам, рамзий маънода дунёни ушлаб турган Мувозанат тимсоли.

Албатта, асарнинг ўзига яраша камчиликлари ҳам бор. Чунончи, менга Юсуфнинг мардикорликка чиқиши ёки ошхонадан овқат  ўғирлаш пайтидаги ҳолатларида мантиқ меъёри бузилгандек туюлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ўзбек асарларининг Америкада ҳам қизиқиб ўқилаётгани, улар ҳақида салмоқли илмий тадқиқотлар олиб борилаётгани эътиборга лойиқ ҳодисадир.

Хусусан, Америка олимасининг «Мувозанат» романи таҳлилига бағишланган тадқиқоти (айрим субъектив назарларидан қатъий назар) асарнинг ўзбек адабий танқиди эътибор қилмаган жиҳатларини кашф қилиши билан ҳам эътиборли. Қолаверса, бундай илмий ишлар ўзбек романларининг халқаро миқёсда тарғиб қилинишида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этиш жоиз.

Зулхумор Мирзаева,
филология фанлари номзоди,
Тил ва адабиёт институти докторанти

Ўқилди: 667

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар