Қидириш

Кутубхона

Facebook

Янги инсон (достон)

1

Янги инсон!

У ким?
Қай ердан келдию
қай сори кетмоқда?..

Миллати,
ранг-рўйи,
бўй-басти қанақа унинг?
Қўллари нима иш билан банд?
Кўнгли-чи?
Қандай дарди бор кўнглида?
Кўнгли борми ўзи?
Исми нима унинг, исми?..

Янги инсон, —
балки  у,
балки сен,
балки мендирман…

Гапнинг сираси,
булар муҳим эмас,
(чунки бугун бўлмаса, эртага
ҳамма унга,
янги инсонга айлангуси).
Муҳими шуки,
янги инсон ўзи билан банд,
кўнглида… —
яхшиси,
ичида, дея қолайлик, —
ичида ташқари бор унинг.
Исми?..
Исмими?..
Қўй, дўстим,
билганимиздан гаплашайлик…

Янги Инсон
ўз юрагидан отилиб кўчага чиқиб кетди!
Чунки хоҳламай қўйди юракда яшашни,
ичкуёвдек, ўз уйини тарк этиб,
ташқарига,
келинникига кетди.
Чунки Янги Инсон
ўзини ўзи тортолмай қолди,
унинг ўзи ўзига юк бўлди,
жудаям оғир юк!
Бас, у шартта юкни ташлаб,
кўчага йўл солди,
ташқарида яшаш осон туюлди унга,
ташқарининг жозибаси вужудини аллалади —
келинники роҳатижон келди янги инсонга,
ўз уйидан,
ўлан тўшагидан
келинникига яна бир келиндек олиб кетилди Янги Инсон…
Сўнг
келинникини безади,
ясантирди,
унинг отини КОМФОРТ қўйиб,
қаршисида тиз чўкди БУГУН,
ТАНГРИнинг пойида сажда қилган каби КЕЧА…

Кўргуликлар шундан сўнг бошланди:
ташқарига чиқиб кетган одам,
ичкаридан,
ундаги Илоҳий Жавҳардан узоқ тушди…
Кейин,
кейин
у ёғи —
техника тараққиётию
ахборот асрининг қасирғалари,
бу ёғи —
GMО маҳсулотларини истеъмол қилиш
Янги Инсонни тамоман қуюшқондан чиқараёзди.
Натижада “Бисфенол А” ўз кучини кўрсатди,
кўрсатаяпти:
эркак ва аёл вужудида
андроген гормонининг посангиси ўйнаб кетди.
Шунинг учунми,
Янги Инсоннинг таври ўзгарди,
сулукати турланди:
эркаги аёлга,
аёли эркакка ўхшай бошлади Янги Инсоннинг.
Уларнинг роллари шунчалар қоришиб кетдики,
хотин кўчада пул топиб,
эр уйида бола боқиб,
кир ювмоқда.
Бекаси чизган чизиқдан
бир қадам ҳам нари чиқмайдиган,
отникидек келадиган калласида
итникичаям ўз фаҳми бўлмаган
саноқсиз беклардан баҳс этиб,
юзларини қизартираман, деб ўйламайман бугун,
қўрқиш эса хаёлимга зиғирчаям келгани йўқ.
Чунки,
чунки
Янги Инсонга барибир,
бу унинг учун оддий ҳол:
ўриси “в порядке вещей”, дейди бунга,
инглизи эса “normal”, деб қўяди қисқа қилиб.
“Тавба-а-а!”, дейди ёқасини ушлаб ўзбеги,
(ёқасини ушлайди-ю,
ҳеч нима бўлмагандек йўлида давом этади…)

Ичкаридан GMО,
ташқаридан юксак техника ҳужумлари
Янги Инсонни довдиратиб қўйди.
Нанотехниканинг оламшумул “мўъжизалари” эса
инсон иммун тизими таҳририга киришди:
оламни бозорга айлантириб тўймаганлар
энди одамни бозорга солмоқда,
унинг ДНКсига дахл қилиб,
Тангри таола ато этгандан
буткул ўзга  сифатли хилқатга айлантириш пайига тушмоқда,
инсонни
икки бурмали илоҳий мақомдан
ўн икки бурмали сунъий махлуққа чевираман, деб чиранмоқда.
Чунки шундай қилинганда
одам Худонинг йўлидан чиқиб,
тамомийла ўзга йўриққа юрадиган,
осон бошқариладиган  қўғирчоқ – БиоРоботга дўнармиш,
дунёнинг қайси бир кунжига ўрнатилган
ягона комьпютердан юборилган буйруқ билан
бани башарни истаган кўйга юргизиш мумкинмиш ўшанда,
шу керакмиш уларга —
манфаат бандаларига,
яратишлик даъвоси бор яралмишларга!..
Бунинг учун эса улар —
Оллоҳнинг иродасига кўз тиккан шайтонлар,
зўр бериб,
Янги Инсонни гибрит маҳсулот билан аврамоқда:
еяётган овқати,
ичаётган суви,
симираётган ҳавоси,
кияётган кийими таркибини ўзгартирмоқда…

Яна шуки,
Янги Инсоннинг қулоғига хуш ёқадиган мусиқаларни
пештоқи зарҳалли гипермаркетларда чалдириб қўймоқда дажжоллар.
Чалдириб,
куй қўйнида ботинга иниб,
руҳни аллалаб элитмоқда,
она алласидан фарқ қилиб эса,
бу мусиқа
ақлларни аллалайди…

Мана шу тарзда
Янги Инсоннинг тафаккури секин-аста ўчирилмоқда,
мисоли шаҳару қишлоқдаги чироқларнинг
бирин-сирин ўчирилгани,
ўчирилиб,
мамлакатнинг зулмат қаърига ташлангани янглиғ
унинг ҳам тамиз маёғи сўндирилмоқда,[1]
бинобарин, энди инсон фикрламайди,
унинг калласи нафақага чиқарилиб,
ошқозони ўн ҳисса ишлайди энди.
Унинг мияси учинчи минг йилликда
меъдасига “шалоп” этиб ташлаб юборилди!..
Бас, у энди Истеъмолчидир!
Бўлгандаям юҳодек Истеъмолчи!
Одамзод пайдо бўлгандан бери
бундай еярмон,
бундай ичармон
ва
бундай киярмон туғилмаган эди,
кўрилмаган эди!
Мана, энди у қаршимизда,
шундоқ рўпарамизда,
пешонамиздаги ойнада турибди савлат тўкиб…
Қани, дейсанми?..
Тавба-тавба,
семириб кетса,
одам  ўзиниям танимай қоларканда-а, замондош?..

Хулласи калом,
Янги Инсон,
керак-нокерак,
кўзига яхши кўринган,
тўғрироғи,
кўзига яхши кўрсатилган неки бор,
ҳаммасини кўр-кўрона харид қилади энди…
“Ниманиям харид қиларди?” дейсанми?
GMО ни-да!
Инсон,
ҳайвон
ва ўсимлик геномаси бўтқасидан бино этилган
гени ўзгартирилган маҳсулот –
сунъий емишни…
Уларни истеъмол қилган Янги Инсон
мутантга айланару
ўша ҳоким компьютердан оқиб келадиган амрларни
бекаму кўст адо этишга мойил бўлармиш…

“Муболаға!..” дейсанми?
Бемалол.
Аммо атрофингга назар ташласанг,
амин бўласанки,
Янги Инсон деганимиз
ҳатто бугунданоқ
техниканинг —
мобил телефоннинг,
машинанинг жарангига маҳлиё бўлмоқда,
руҳини топширмоқда компьютер тугмаларининг чиқир-чиқирларию
таркибига GMO қўшилган озиқ-овқатларга —
енгилмоқда,
улар томонидан асир туширилиб,
ўз мамлакати — ичкаридан
ташқарига —
ёт ўлкага қул сифатида
ҳайдаб кетилмоқда Янги Инсон!..

Хуллас,
учинчи минг йиллик
ана шундай бошланди, замондош…

2

Оламга жар солмасдан бурун
мозийга назар соламан!
Шунда…
шунда аён бўладики,
ҳар бир авлод бахтини
ўз замонасидан қидирган экан:
ким заминдан,
ким денгиздан,
ким эса гардундан…

Лекин
минг йиллар давомида аҳли донишлар
саодатни излай-излай,
охир,
бир хулосага келган:
“Ҳар не истарсен, ўзингдан истагил”[2],
чунки,
чунки “Ичингдадаги ичингдадир”[3]
деб турган экан.

Лекин бугун,
бугун ўша одам
Ўзини Янги Инсон атаб,
Янги Ирқ билиб,
бахтнинг янги тахтини бошқа қатдан қидирди:
у саодатни ўзакдан,
ботиндан эмас,
ташқаридан,
кўчадан топишга бел боғлади…

Шу ерга келганда,
негадир кўнглим ғаш тортди, замондош…
Гўё
ташқарига чиқиб кетган одам инсон эмасдек,
чинакам инсон
юракка дахлдор ҳудудлардагина мавжуд каби.
Қолган жойларда,
қолган жойларда у
адашиб, бегона юртга бориб қолган,
ёки бориб қолиб адашган
муҳожирдек илдизидан узоқ кўринади менга…

Нега шунақа экан,
билганинг борми сенинг?..

Балки,
балки ташқарига чиқиб кетган кишининг исми Одаму
ичкарида қолганники Инсондир?..

Балки,
балки Одам Ато ҳам
ўз вақтида
ташқарига енгилгандир?!..
Унинг ман этилган мевага узатилган қўли
ичкаридан ташқарига солинган
илк йўл бўлгандир балки —
бандилик йўли…[4]
Шунгача Одам Ато бахтли  эди, дейман
ўзим ҳам менсимайдиган билағонлик билан.
У ўз ботинида комрон яшарди…
Билмадим,
лекин,
негадир шундай туюлади менга.

Чуқурроқ ўйлай десам,
ривоятнинг чок-чокини сўкиб қарай десам,
ҳаммаси тариқдек сочилиб кетади, деб қўрқаман…
Шунда ривоятнинг на шаклини топаман
ва на мазмунини…
Ривоятни ривоят тилида ўқимоқ керакми, дейман, замондош.
Негаки,
негаки, уни ҳаётнинг тилига таржима қилганинг сайин
қиёфаси ўзгариб боради…
Шунинг учун ривоятнинг авра-астарини ағдармайман,
бўлакларга бўлмайман,
бор-йўғи,
бир кўз ташлайману оламан,
шу ерда тўхтайман!
Шу асно кўзимга илашганларни сўйлай бошлайман:
ўзимга — айтгувчига марғубу
cомеъга — тинглагувчига манзур айлаб сўйлайман…

Ҳа, биз, кўпинча, нарсаларни асл ҳолича эмас,
ўзимиз истаганча кўрамиз.
(Нарсаларни менга асл ҳолича кўрсат,
дея Оллоҳга йиғлаб илтижо қилаётган
Пайғамбар ҳолини ўйласам, титраб кетаман…)
Жуда нари борса,
эшитгувчининг райига,
нимани биздан эшитишни истаётганига қараб айтамиз.
Моҳият,
моҳият қолади ёпиғлиқ қозоннинг ичида,
Янги Инсон каби…
Ахир, у ҳам ўз ботинини ботинда қолдириб
ташқарига чопиб чиқиб кетмадими,
ичкари қолмадими ичкарида?..

3

Нега шундай экан?
Нега мен шундай ўйлайман?
Нега мен шунақаман?..

Балки замондан орқада қолгандирман:
замонавий инсон бино қўйган
шоҳсупага чиқа олмагандирман, балки?..
Даққи Юнус чоғининг одамидирман эҳтимол,
балки ўтиш даврининг
аросатида ўртанаётган шўрлик…
Ахир,
бир томони,
ёппасига кўчага чиқиб кетган авлодга акалигим,
бошқа жиҳати,
акаларим — юракларида яшаган авлоднинг ёнида
оламга боқиб кўрганим боис
икки ўт орасида қолгандирман?!..
Наҳотки, энди қисматим аросат бўлса?..
Наҳотки, тоабад шу оловлар товасида ложарам қоврилсам?..

Ким билади, дейсан, замондош…

Лекин мен,
мен ўзимни топмоқ истайман!
Исмимни,
ўз исмимни,
ўз авлодимнинг исмини билгим келади —
нима экан бизнинг исмимиз, а?…
Ўн,
йигирма,
эллик…
Ва ё
юз йилдан кейинги авлод
бизни қандай ном билан атайди,
ким деб чақиради, замондош?..

4

Баъзан,
баъзан асабларим дош беролмайди
ва мен
ҳамма қатори ютоқиб ташқарига чиқаман,
кўчанинг нағмаларига муқом айлаб,
эл каби завқланаман:
жазавага тушган оломон
“До-о-од!” дея ҳайқираётган
ўйингоҳга,
тамошагоҳга ўзимни ураман!..
Бироқ…
бироқ бахтсизлигим аримайди,
тушуняпсанми? —
Аримайди!..

Чунки,
чунки
тамошагоҳнинг эшигидан кираётиб,
мен ўзимни —
сўзимни,
юзимни,
исмимни…
гардеробда қолдириладиган кийимдек
ечиб қолдираман.
Бу ернинг тартиби шунақа:
бунда сен ҳаммага ўхшашинг,
кўпнинг биттасига айланмоғинг шарт!
Бу ерда фақат оломоннинггина исми бор.
Истиснолар қабул қилинмайди!..

Аммо бирдан,
бирдан мен ўзимни янада бахтсиз,
янада абгор ҳис этаман.
Янглиш жойда эканимни,
янглиш йўлда эканимизни
шундоқ кўриб тураман,
худди кафтдагидек,
ўзимнинг кафтимдагидек.
Кафтимда яна шуни кўраманки,
менга,
менинг авлодимга аталган исм
қилга осилган қиличдек
бошим устида солланади,
солланаверади…

(Теграмда эса шамол турган,
тамаддун шамоли…)

Кейин бирдан маҳзун тортаману
ўзимни ичкарига оламан,
шунда,
шунда кўнглим бир зумгина яйрайди,
ўзимни инсондек ҳис қиламан, ҳа!
Шундай кайфиятда эканман,
туйқус ташқарида нималардир содир бўлади-ю
қўлларимдан тутиб  у ерга етаклайдилар,
гуноҳкор каби тортқилайдилар…
Сўнг…
менга,
ичкарида — юракда яшашни ман этадилар!..
Этадилару тағин тамошагоҳга судрайдилар:
Миллионлаб эркагу аёл қайнаб тошаётган,
инсоннинг исми ва вазифаси унутилган,
унуттирилган,
кўзларидан ёш ўрнига тутун чиқадиган,
тутун чиқаётган
улкан издиҳомга …
“Нега?..
Нима учун?..
Нима ҳаққингиз бор!?..”
дея ҳайқиришга улгурмай
қўлимга тутқазилган чиптани ҳис қиламан,
ўйин чиптаси…
Менинг саволларимни,
эътирозларимни,
исёнларимни…
менинг номимни,
шонимни,
боримни бир зумда эсимдан чиқарадиган чипта!
Бас,  мен уни ташлаб юборолмайман,
уни итқитиш учун кўтарилган қўлим
ҳаводаёқ тошдек қотади!
Чунки…
чунки
чипта эътимодимга қасдма қасд,
исмимга,
шаънимга,
номусимга қасдма қасд
танамга роҳат бағишлаганча
бармоқларимдан  эриб пастга ёйила бошлайди…
Сўнг,
сўнг мен ғайриихтиёрий равишда
қоғознинг измига юра бошлайман…[5]

Кейин ҳаммаси бошидан бошланади:
мен гирдобга тушиб қолган япроқ янглиғ
айланаман,
айланавераман…
Нажотим соҳилдами
ва ё
бураманинг ўртаси – гирдобда? —
билмайман…

5

Янги Инсон!
У кўчада…
Аммо,
унинг ташқарига чиқиб кетгани ҳали ҳолва экан,
кўргуликнинг бадтари:
ташқарини ичкаридан,
кўчани кўнгилдан топишинг экан!

Мана, мени нима қийнамоқда, замондош…

Ташқаридан ҳориб,
эзилиб,
афтода бир алфозда
қочиб келиб кўнгилдан паноҳ топмоқчи бўлсанг-у,
у ерда машиналару
темир-терсакларга,
компьютеру интернетга,
бозордаги бақир-чақирлару
кўчадаги айюҳанносларга дуч келсанг,
дунёга қул бўлиб ёлланган нафсинг
илинж билан
тумшуғини сўқир итдек ойга чўзиб увиллаб турса,
дардингни кимга айтасан,
қаерга қочиб борасан шунда?…

Янги Инсон
ўз юрагидан ташқарига чиқиб кетди,
майли,
мен бунгаям розилар бўлдим…
Фақат,
фақат у
ўша кўчани юракларга бошлаб келмасин,
бошлаб келиб,
инсоннинг бу дунёдаги бирдан бир қароргоҳи —
кўнгилни ғорат этмасин!

Чунки,
чунки қачондир кўнгилдан кўчага отланган инсон
соғинар-да,
ичикар-да,
ичкарига —
юрагига қайтиб келар…
Лекин,
лекин кўчага айланган,
ташқарига дўнган қўпол дил
ҳеч қачон яна ўз ҳолига қайтмайди,
кўнгил бўлмайди…

Кўчага чиқиб кетган
ва
кўчада,
кўчанинг жинкўчаларида ҳайвонга эврилаёзган одам
кўнглига қайтса агар,
яна инсонга айлангуси.
Лекин бунинг учун,
бунинг учун  у ерда кўнгил бўлмоғи шарт, ахир!..

Кўнгилга қайтиб келса,
келса-ю,
у ерда кўчага дуч келса!
Кўнгилнинг ўрнида кўчани,
ичкарининг ўрнида ташқарини топса…
Унда нима бўлади?
Билган борми, ҳой!?..

Инсоннинг қочиб борадиган бирдан бир жойи —
кўнгли булғанмасин экан,
софлигича,
шаффофлигича турсин экан.
Биз ҳам унинг борлигини,
ҳар қандай кир-чирдан муназзаҳлигини
билиб яшайлик экан.
Ахир, у ерда унинг ўзи —
Инсон яшайди,
ахир, у ерда Оллоҳ бор!..

Шунда,
шунда ташқарига чиқиб кетган
ва…
ва ичкарини унутган одам,
Янги Одам,
ким бўлишидан қатъи назар,
бизга зуғум ўтказмайди,
ўтказолмайди!
Ўзини паришон айлар-у,
ўзгани паришон этолмайди,
шунда…

(Янги Инсон
ичкарига қайтса,
қайтиб, ўз ботинини тинглаб турса,
тинглаб, у билан ҳисоблашиб юрса агар,
ҳеч қандай Темир Одам,
ҳеч қандай Терминатор,
ҳеч қандай Робот унга хавф солмайди,
сололмайди).

Янги Инсон!
У кўчага чиқиб кетди…
Биз,
биз эса  юр ичкарига,
юрагимизга кирамиз, дўстим…

Юрагимизни кўрпа янглиғ
устимизга тортамизу
ташқарининг ҳужумларидан
инсонлигимизни қўриймиз,
сақланамиз…
Қолгани,
қолгани, майли, тақдир бўла қолсин…

6

Аввалига мен ўзимни тополмай қолдим:
инқилобий пўртаналар ичра ғарқ бўлаёздим чунки.
Чунки олам бир эврилдию
битта йўлимиз мингтага айланиб кетди
ва ҳамма ўз йўлини тўғри, дея даъво қилди.
Мен… мен роҳимни йўқотиб қўйдим.
Чор атрофда юзлаб йўллар ястангани ҳолда
мен йўлсиз қолдим, йўлсиз!..[6]

Битта ҳақиқат,
ягона Ҳақ бор эди,
кейин,
кейин бирданига ер юзида
неча миллиард одам бўлса,
шунча ҳақиқат пайдо бўлди…
Миллиард-миллиард “ҳақ”!..

Олам ўз меҳваридан чиқдию
одам ўз ўқи атрофида айлана бошлади, ҳа…
Ягона меҳвар
миллиард меҳварга айланди…
Инсон,
қачонлардир Биру Борнинг пойида илтижо қилган инсон
“Худо ўлди!” дея эълон қилдию
ўз нафси қаршисида тиз чўкди…
Энди у собит тасаввурни парчалаб,
ўз тасаввури билан яшай бошлади,
эски олам Янги Одамнинг тасаввурига айланди…

Уларга:
“Йўқ, биродарлар,
сизнинг ҳақиқатингиз
Биру Бор,
ягона Ҳақ ҳақида
мағрибу машриқдан,
жанубу шимолдан келган турли-туман,
кучли-ожиз тасаввурлардир!” дея кўҳна достонни
бўғзимни йиртиб куйлайин дейман-у, чўчийман:
мени нотўғри тушунишларидан,
эски одам дейишларидан,
замондан ортда қолган, дея қўлларини бигиз қилишларидан,
даврнинг аравасидан суриб тушириб юборишларидан,
мендан нафратланишларидан…
ва яна даврдошларимнинг бунинг каби
кўпдан-кўп маломатларидан қўрқаман…
Ҳа-ҳа, айнан, қўрқаман!..
Чунки улар
кўнгилнинг эмас,
кўчанинг ҳақиқатига сиғина бошлаган…
кўнгилни эса кўчага,
кўчанинг бозорига элтиб пуллашган улар…

Вой, Худойим-ей,
нималар дея валдираяпман ўзи,
ўрни келганда тилни тиймоқ
энг фойдали ваъз, дея уқтиришмаганмиди менга устозлар!?..

7

Бу дунёда ўз фикрингга эга бўлмаслик — бахтсизлик,
бўлиш эса хавфли!
Беихтиёр аро йўлни қидирасан.
ўз сўзларингни бировники дея суна бошлайсан:
мажоз излайсан,
иқтибос қидирасан,
румузга бош урасан.
Яъни сен ўзингни,
ўзлигингни
ташқаридан келиши мумкин бўлган хатардан сақламоқ бўлиб,
ичкарига – қат-қат метафора тўнларига буркайсан,
яширасан…
Баъзан шунчалар чуқур беркитасанки,
натижада сени ҳеч ким тополмайди…
Бора-бора ўзинг ҳам ўшаларнинг бирига айланасан…
Сўнг,
ўзингни ўзинг қидириб йўлга тушасан…

Йўл…
Қўй, яхшиси, бу мавзудан гап очмай,
ки, алоҳида мавзу – йўл…

Янги инсон!
У ким?
Атрофга аланглайман:
атроф жим!
Фақат сену мен…
Ёки мену сен…
Яна қайдадир у ҳам юргандир,
шовқин-суронга  лиқ тўла
кўчанинг қоқ ўртасида тургандир…
Ким билади дейсан, замондош…

Янги инсон!..
Нега у кўнглимга тош янглиғ ботмоқда?
Нега бу тош тобора тош босмоқда?
Нега мен уни кўтаролмай толяпман?
Нега оғирлашиб боряпман мен!..

8

Афтидан,
дўппини олиб қўйиб,
ҳаммасини бир бошдан,
қайта-қайта,
бор ана, етти марта ўйлаб,
сўнг бир кесадиган вақт келган бугун…
Йўқса… йўқса, юракларга даҳшат солиб,
тасаввуру хаёлларга тажовуз қилганча яқинлашаётган
Супер Одамга ем бўламиз эртага…

Супер Одам!
Эшитганинг,
фикр юритганинг бордир сенинг ҳам, замондош?!
У,
башарият сония-сония,
мисқол-мисқол тўплаган
бугунги тарих ва маданиятнинг интиҳосию
эртанги,
шармандали тарихнинг,
уятсиз маданиятнинг ибтидоси дегани!..
Супер одам
эркакда аёлликнинг,
аёлда эса эркакликнинг пилигини кўтаргич иблис!..
Натижада сен на эркагу
ва на аёл — учинчи жинсга айланармишсан!..
Улар бир вақтнинг ўзида борлиғингда жам бўлиб,
икки жинсли битта махлуққа эврилармиш…
Худди юнон афсонасида айтилганидек,
тушуняпсанми, замондош,
ўша афсонада дарж этилганидек…
(Мана, нима учун мен
афсоналару ривоятлар қаршисида ҳушёр тортаман,
уларни  ҳаётнинг тилига кўчиришда тараддудланаман…
Чунки уларда,
ҳаммасида ҳам эмас,
айримларида,
айримларининг бағрида жинлар ухлаб ётади,
Янги Инсон эса,
ҳеч тап тортмай,
жин ухлаб ётган кўзанинг,
ҳа-ҳа,
ўша кўзанинг узун бўйнини силамоқчи бўляпти,
бўляпти-ю,
биз ўзимизни кўрмаганга соляпмиз, замондош?!..)

Ўйлайман,
ўйланаман,
ўзимча ҳаммасининг туб сабабини қидираман:
дам кўчага чиқиб кетган халойиқнинг ортидан ташқарига шошиламан,
дам бўм-бўш қўл билан уйга –
ичкарига одимлайман…
Лекин тинмайман:
кираман-чиқаман,
чиқаман-кираман…
Ва бирдан унга дуч келаман, замондош!
Эшитяпсанми?
Жавобга дуч келаман!
Мен уни ўзимча топаман:

хулласи калом,
ҳамма гап ичкарию ташқарида,
уларнинг муносабатида,
ич ва ташнинг  қоқ ўртасидан кесиб ўтган йўлда,
шу йўлдан бораётган одамнинг қалқиб турган нигоҳларида экан…
Яъни,
кеча инсон ўзлигини ичкаридан қидирган,
қидириб “Комил Инсон” деган уммонда чўмилган,
руҳ ва танини  уқёнус тўлқинларида обдон ювган эди.
Бугун эса инсон ўзлигини ташқаридан излади,
излаб ташқарига чиқиб кетди,
шунчалар узоқ кетдики,
натижада
ичкарига қайтиш йўлларини унутаёзди:
сафарда адашиб,
аввал Олий Одамга,
сўнг эса Олабўжи —
Супер Одамга,
“Бутун келажак бизники!” дея,
айюҳаннос солаётган хунасага дуч келди:
гаплашди,
баҳслашди…
кейин бирданига юзларидаги қаҳр эриб, жилмайди…
Ва,
ва не ёзиқки,
унга маҳлиё бўлди…[7]

Ҳали бу ҳаммаси эмас,
шундай кетаверса,
олдинда бир кун Янги Инсонни
Гибрит  деб аталган,
башариятнинг гўзал тарихини кунпая-кун қилгувчи
БиоТерминатор кутиб олади!..

Бугун эса
Янги Инсон
“Супер Одам” деб аталган балчиққа беланмоқчи,
кўнгил ва баданини шу балчиқнинг сассиқ ва ирганч қўйнига ботирмоқчи…

Бошқача айтганда,
Янги Инсон шўргина пешонасини
Супер Одамнинг тошгина деворига  қаттиқ урди бугун!
Ҳа-ҳа,
у чегарага етиб келди!
Эшитяпсанми мени ҳалиям, замондош,
ёки Интернетга кетиб қолдингми?..
Агар ёнимда бўлсанг,
қулоғинг ҳам ўзингда эса,
яхшилаб тингла:
энди Янги Инсон
бир қадам қўйса, бас,
у ёғи,
у ёғи бошқа одам,
Ёт Одам!..
Унинг Ёт Тарихи!..
Ёт Маданияти!..
Ёт! Ёт! Ёт!..
Тушуняпсанми?!..

9

Буларни шунчаки гап,
сафсата деб ўйлама, сен, замондош!
Майли,
мен-ку мен,
оддий фуқаро,
сен юртнинг улуғларига қулоқ тут!
Нега улар ботиндаги маънога кўз тикиб яшаганлар?
Унга суянганлар,
ишонганлар?
Нега ҳануз суянадилар,
ҳунуз ишонадилар?
Нима дегани ўзи маънавият?..
Қалқон дегани эмасми?..
Башарият устига
мўри малахдек бостириб келаётган балои азимларга қарши тутилган
энг ишончли қалқон дегани эмасми маънавият?!
Ва бу қалқон
бутун бошли халқ ҳимоясига тутилмаяптими?!..
Сен-чи, сен, замондош,
Сен  лоақал  ўз вужудингга,
ўз ақлинг ва руҳингга тутдингми уни?!..
Халқ  бу сендан бошланишини,
битта,
битта,
ва яна битта инсондан таркиб топишини унутмаган бўлсанг,
билишинг керакки,
ана ўша битта,
битта
ва яна битта фуқаро ҳимояланмаса,
бутун бошли миллат ҳимоясиз қолади, ахир!
Бу эса хавфли,
жудаям хавфли!
Бас, шундай экан,
сен ўзингни ҳимоялаш билан
миллатингни ҳимоялаган,
ўзингни асраш билан
курраи заминни,
бутун инсониятни асраган бўлиб чиқасан!..

Шунинг учун ҳам менинг
“Ҳали имкон бор! — дея оламга ҳайқиргим келади, —
ҳали ҳаммаси бизнинг қўлимизда!
Ихтиёримизда!
Ҳар биримизнинг ўз танловимизда:
ё тубсиз чоҳга томон қадам қўямиз
ва ёки одимимизни
ичкарига  —  ўз мамлакатимиз сари оламиз!”

Сен-чи,
сен нима қилмоқчисан, замондош?!..
Бир қарорга кел энди сен ҳам!
Чунки бу сен учун жудаям муҳим,
чунки сен,
сен Янги Инсонсан!
Бу мен учун  ҳам ҳаёт-мамот масаласи,
чунки мен,
мен сенман, Замондош!..

10

Кўнглимнинг туб-тубида
кимдир,
нимадир борми, дейман,
чунки шивир-шивиру
висир-висир келмоқда,
ботинимда нур янглиғ оқмоқда…
Эшитсам,
исмини биладигандекман:
у – Жавҳар,
Яратган инсон моҳиятига жойлаган Жавҳар,
илоҳий дастур!
Ва у ўзини ўзи намоён қилиб жарангламоқда:
“Ташқаридан-кўчадан,
шовқиндан-сурондан,
темирдан-терсакдан,
моддадан-кесакдан…
ўз юрагини қўрий олган инсонгина инсон,
Ҳазрати  Инсон!
Чунки,
чунки фақат шундай юракдагина Биру Бор яшайди,
унинг ўзи — Инсон истиқомат қилади!..
Ва у турланмайди,
ва у тусланмайди,
ва ҳар янги кунда
буқаламундек бошқа тўн киймайди…” дея ҳайқирмоқда у!..

Янги инсон эса,
ана,
парвосиз кетиб бормоқда,
олислаб,
ўзидан,
ўз кўнглидан,
кўнглидаги шивир-шивирдан,
ундаги Биру Бордан узоқламоқда!..

Лекин ортга қарамайди у…
Чунки у ерда юрак бор,
эшиклари ланг очиқ юрак!
Унинг кўзига қарашга ботинмайди Янги Инсон.
Шунга қарамай,
чиқиб кетаркан,
қопуларни ёпмаган у…
Ҳар эҳтимолга қарши очиқ қолдирган,
ҳар эҳтимолга қарши, тушуняпсанми?!..

Лекин жавонибда шамол қўпган,
замон шамоли,
тамаддун шамоли…
Салгина шабадага ҳам тебраниб турадиган бу  ҳассос тавақалар
тамаддуннинг кучли бўронларида
қарсиллаб ёпилмайди, деб ким кафолат беради, ким!?..

Янги Инсон!
У қалтис ўйин бошлаб қўйди –
юракни тарк этиб,
ташқарига — кўчага чиқиб кетди…
Бир кун келадики,
Янги Инсон кўчанинг адоғига бориб қолади,
ташқарининг охирига етади у!
Шунда,
шунда йўл соб бўлади…
Агар чора топмаса,
навбат ўзига келади —
буҳрон навбати…
Индиго болалар[8] балки чорадир,
башариятнинг ўзини ўзи қутқариш йўлидаги сўнгги чора…
Лекин,
лекин бунинг учун
шовқин-суронли кўчанинг қоқ ўртасида кетиб бораётган
Янги Инсоннинг қулоғи
Индигонинг овозини эшитмоғи шарт, ахир!..
Эшитмаса-чи?[9]
Хўш, унда нима бўлади?
Бошини яна қай бадбахт деворга уради Янги Инсон?..

Ортига,
уйига қайтгиси келади, дейман мен.
Қайтгиси келади-ю, ўзи кела оладими?..
Аллақачон кўмилиб кетган,
нафси амморанинг қурумлари остида йитган йўлни топиш
шунчалар осон, деб ким айтди сенга?..

Янги Инсон
ташқарига чиқиб кетди!
Ташқарига чиққан одам ташқариники бўлади,
ташқариники бўлган одам
китоб ўқимайди,
китоб ўқимаган одам эса бошқа қавмга дўнади,
тушуняпсанми мени, замондош,
ёнингда,
ёнгинангда бегона қавм
совуқ ва қўрқинч осмонўпар бинодек қад кўтаради!..
Мана, нима учун сени,
ҳа-ҳа, оёқлар остида қолиб кетган сени
дунё сариқ чақага ҳам олмай қўйди бугун, эй шоир!..

Янги Инсон,
қалтис ўйин бошлаб қўйди —
ичкарини тарк этиб,
ташқарига йўл солди.
Кун келиб ташқарининг поёнига етади у.
Ичкаридан — поёнсизликдан кетиб,
ташқарига — поёнлиликка дорийди…
Аслида у ичкарини тор, дея,
юракнинг чегараси бор, дея ўйлаганди,
ўйлаб уни тарк этганди.
Юракнинг чеки йўқлигини билмаганди…
Бинобарин, у ташқарини танлади,
танлаб кўчага отилди.
Янги инсон кўчанинг сўнгги йўқ, деб ўйлади,
ташқари жудаям кенг,
мўл-кўл,
ҳеч қачон унинг охирига етиб бўлмайди, деб ишонди,
соддаларча ишонди,
жоҳилларча ишонди…

Аслида-чи?
Аслида, ташқари чекли,
чегарали эди.
Ҳадди бўлмаган ичкарини тарк этиб,
ҳудуди бўлган ташқарини сайлади янги инсон…
Наҳотки, Одам Ато йўли шу эди?
Наҳотки, унинг олмага узанган қўли
бани одамнинг мангу йўли бўлиб чиқди?!..

Юракка йўл — халоскор йўл!
Юракка йўл — боқий йўл!
Юракка йўл — инсон йўли!!
Юракка йўл — Ҳақ йўли!!!.. —
дея ҳайқиргувчи Одам эса бошқа туғилмайди!..
У йўқ энди…

Oдам йўқ,
аммо унинг йўли бор-ку, дейман мен титраб!
Нега ҳамма одам ўша битта одамга айланмайди?!..
Йўқ,
мен шаклда адашдим чоғи:
Нега ҳамма одам
ўша битта одамнинг йўлини тутмайди?
Ахир ботинда бор-ку ўша йўл!
Нега қидирмаймиз,
Нега йўлга тушмаймиз?
Йўл…
Оҳ, айтдим-ку сенга боя, замондош,
Йўл — бошқа мавзу деб…

Янги Инсон,
қалтис ўйин бошлаб қўйди —
юрагини тарк этиб,
юрагини тарк этиб…

Инсон йўли
Одам Атонинг олмага узанган қўлидан бошланган йўл эмас,
Одам Атонинг кўнглига элтувчи йўл эди!..
Бироқ,
бироқ
учинчи минг йилликда
олам
олмага қараб думалай бошлади…

Олма-чи?
Бир жойда турармиди олма?..
У ҳам думалаб бораётир,
шиддат билан
қиёматнинг тўрига қараб думалаётир олма!..

Узоқдан,
жудаям олисдан,
масалан,
ҳув ўшал тоғнинг,
тафаккур тоғининг чўққисидан қарасанг,
ер шарининг ўзи ҳам
думалаб кетаётган олмага ўхшаркан…
Бани Одам эса
унинг ортидан қувлаб бораётган ўйинқароқ бола…

“Қачон бу бола улғаяркин!?”
дея ҳайқирасан оламга…
Лекин бу хитобни ҳеч ким эшитмайди.
Чунки катталар йўқ атрофингда, катталар!..
Қани улар, дейсанми?
Улар кўчага чиқиб кетган,
кўчадаги шовқин билан банд катталар,
улар шовқиндан бошқа товушни эшитмайди!..[10]

11

Менинг эса Одам Атони тушунгим келади,
эвини қилиб,
олманинг ортидан қувиб кетаётганлар сафидан айрилсаму
ортга қайтсам,
қайтиб,
олма дарахтига тирмашиб чиқсам,
сўнг,
Одам Атонинг олмага узанган қўлидан тўппа-тўғри
Ҳазратимнинг кўнглига тушсам, дейман…

Чунки у ерда нимадир қолиб кетганга ўхшайверади, замондош!
Биз тушунмаган,
ҳалигача тушуниб етмаган муҳим нимадир,
эшитяпсанми,
жудаям азиз нимадир!..

(Ахир, онамиз Момо Ҳаво
қай ердан,
қай тарзда бино бўлди? — дея сўрасанг-чи!..
Ичкаридан,
отамиз Одам Атонинг қовурғасидан эмасми?
Биринчи Одам чинакамига ёрдамга муҳтож бўлиб,
ўзини бахтсиз ҳис этганда
Роббимиз
чорани ботиндан олиб кўрсатмадими?
Шундан сўнг биз билган Ҳаёт,
унинг  Маъниси,
Одамзод ҳаётининг Маъноси пайдо бўлмадими?!
Бас, шундай экан,
Нетиб биз бугун нажотни
ўзимиздан ташқарида қидирамиз?..
Ахир, барча излар ичкарига,
кўнгилга бошлаб бормаяптими?!..
Наҳотки, ўтмишни унутган бўлсак?!..

“Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик”дир, деган эди
бир куюнчак донишманд кечагина,
эслагин-а, замондош.
Зеро,
эртага очилажак нафис гулнинг қисмати
кечаги илдизнинг бадбуруш пешонасига битилган бўлади,
ўқисанг-чи!..

Алқисса,
инсон кўнгли
Яратганнинг даргоҳига очилажак эшик бўлса,
сен ташқарида нималар қилиб юрибсан, замондош?!..
Чақир, анави худобехабар Янги Инсонни ҳам!
Тушунтир,
айт, унга,
қўлни кўнгилга бериш кераклигини уқтирсанг-чи, ниҳоят!..

Зеро,
Инсон Йўли
Одам Атонинг олмага узанган қўлидан
ташқарига  солинган йўл эмас,
балки олмадан
Одам Атонинг ботинига —
кўнглига қараган йўл эди…

Ҳа-ҳа,
у ўша йўл эди
ва ҳамон ўша ЙЎЛдир!..

 2010 йил, декабрь

________________________________________
[1] (аслида, ўзга маёқнинг ёқилмоғи учун тайёргарлик кўрилмоқда:
инсон қалби,
инсон онгги бир экин майдони бўлса,
шундай бўлса  агар,
Тангри таоло эккан экинни пайҳон этиб,
ўрнини шудгор айлаб,
бегона уруғ қадамоқчи бўлмоқда улар –
шайтон малайлари…)

[2] Ҳазрат Навоий сатри
[3] Ҳазрат Румий асари
[4] (Балки бу йўл
ўзининг йўллигини,
илк маъносини йўқотиб,
иккинчи  маъносига –
илонга айланиб бораётгандир энди,
илон эса кун келиб аждаҳога дўнар-да,
йўловчига ҳамла қилиб қолар ҳали…)
[5] (Эсладингми?
Ёдингга тушдими ҳаммаси, замондош?
Сен бунинг нима эканлигини
жудаям яхши биласан,
чунки сенинг,
сенинг ҳам қўлларингда бот-бот айланади ўша чипта!..)
[6] Тўғрими, замондош?
Ахир, сен-да буларнинг ҳаммасини
ўз кўзларинг билан кўрдинг,
иссиқ танангдан ўтказдинг,
шундоқ ёнимда,
ёнгинамда эдинг чунки!..
[7] Шу ерда Янги Инсон мувозанатни йўқотди, замондош…
Эслагин-а,
у йўлчи эди,
йўлда,
ичкари ва ташқарининг қоқ ўртасида ястанган йўлда кетиб борарди…
У мувозанатни йўқотмаслиги шарт эди!..
[8] Олимларнинг фикрича, индиго болалар дунёга йўқотилган уйғунликни қайтариш учун келадиган авлод бўлиб, ўтган асрнинг 70 йилларидан битта-битта туғила бошлаган. Улар фавқулотда феноменал қобилиятга эгадир.
[9] Эшитмаса, индигонинг ўзи ер юзи кулини кўкка совурармиш, замондош!..
[10] Дарҳақиқат, биз (Қуръонни) англамасликлари учун уларнинг дилларини пардалаб, қулоқларини оғир қилиб қўйдик. Демак, агар сиз уларни ҳидоят -ҳақ йўлга чақирсангиз ҳам ҳаргиз ҳидоят топмаслар. (Қуръони карим. Қаҳф сураси. 57-оят. 265-бет)

Ўқилди: 353

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар