Қидириш

Кутубхона

Facebook

«Атиргул» тўпламидан

АТИРГУЛ

Атиргул,
Инсоннинг қонидай қизил гул,
Бунчалар бағринг хун,
Атиргул?..

Атиргул,
Эслатдинг сен менга кимнидир,
Кимгадир ўхшайсан жуда ҳам,
Юзлари тилинган,
Қип-қизил қонга бўялган кимгадир…
Кимга?..
Кўнгилдир балки?..
Кўнгил…
Атиргул…

Атиргул,
Ҳолимни эслатдинг,
Босган ҳар йўлимни эслатдинг,
Қон бўлган дилимни эслатдинг,
Эслатдинг,
англатдинг,
атиргул…

Атиргул,
Жавоб бер сен менга,
Жавоб бер, қийналиб кетдим мен…
Дийдаси қаттиқ,
Иймони суст,
Маърифатсиз бу даҳру дунда
Юрак бағринг қип-қизил қон
Бўлишига қарамай,
Сени тушунмаган,
Сени инкор қилган,
Ҳар лаҳзада
Бошингни сапчадек узиб ташлашга қодир
Ва
Кун келиб,
Шундай узиб ташлайдиган
Бу қаттол дунёнинг қўлига
Унинг дастидан
Қон бўлиб оқиб кетган ўзлигингни
Ол қадаҳга сузиб,
Яна бошни адл тутиб,
Устига устак,
Тавозе билан
Қандай қилиб суниш мумкин,
Айт менга,
Ўргат менга шуни атиргул?!..

Атиргул,
Сен мендан баландсан,
Сен мендан ҳимматли,
Олийнасабсан, атиргул…

Атиргул,
Рухсат бер,
Ўқувчинг бўлай мен,
Атиргул,
Рухсат бер,
Сен ҳақда тўлиб тошиб ёзғувчинг —
тўқувчинг бўлай мен,
Атиргул!..

Атиргул,
Қанийди, мен сенга ўхшасам,
Дунёнинг
Узиб олиш учун чўзилган
Қаттол илкига
Парво қилмай
Сендайин яшасам,
Очилсам…
Сўнг…
Майли…
Сочилсам,
атиргул…

Атиргул — кўкрак қафасимда кишанланган Гул!..

МЕН ТИККАН БАЙРОҚ

Яна шеър келади юракка оқиб,
Яна керагингни англайман, дилбар!
Яна мен олтинсоч дарахтга боқиб,
Мангу қўшиқ ҳақда сураман ўйлар…

Яна сен ўзингдан бермайсан дарак,
Яна мен урушман тип-тинч дунёда!
Бўғзига тиғ келган жондек жонсарак
Тешилар йўлингда кўзим беҳуда…

Яна сен бордайсан, лекин топмайман,
Яна мен излайман, йўқдайсан бироқ!
Мангу иккиликнинг ўртаси – ВАТАН,
Мангу ИЗТИРОБдир МЕН ТИККАН БАЙРОҚ!

ИЛТИЖО

Яна Сенга тушмоқда ишим,
Яна Сенсиз ҳечкимман, ахир!
Ҳузурингга юкуниб келдим,
Ҳаёт бўлди аччиқ ва тахир…

Юрагимга оқди-ку яна
Қисматимнинг заҳар-заҳқуми.
Яна ҳасрат қилди тантана,
Яна Сенсиз ўтмади куним!..

Қўлларингни узат, ниҳоят,
Йўлларимни очгил, Худойим!
Қани менга аталган оят?
Қани менинг нажотбахш дорим?!..

ИЧИНДАМАН

Ҳув анов осмоннинг ичиндаман мен,
Ҳам манов карвоннинг ичиндаман мен.

Умр ўтиб борар, манзилдан хат йўқ,
Кўзи тўрт сарбоннинг ичиндаман мен.

Бошимда қуюндай айланар ҳар ўй,
Эмди қай довоннинг ичиндаман мен?..

Бир томчи сувим йўқ, мадор ҳам битган,
Билмам, қай дармоннинг ичиндаман мен?

Ким билан гаплашмай, “Мен ҳақман!” дейди,
Қай одил инсоннинг ичиндаман мен?

Сени севгим келар ортимга қайтиб,
Нетай, зўр давроннинг ичиндаман мен!..

Нега чора йўқ бир, йўқдир ихтиёр,
Қай золим султоннинг ичиндаман мен?..

Қалбга қулоқ берсам, у ҳам чайқалар,
Ҳеч тинмас суроннинг ичиндаман мен.

Кучим етмай қолди, найлайин энди?..
Қутурган уммоннинг ичиндаман мен…

Битта худо ҳақда минг битта китоб,
Қай тўғри Қуръоннинг ичиндаман мен?!..

Ичим куйиб кетди, парвардигоро,
Нечун тўрт томоннинг ичиндаман мен?

Чиқиб кетсам ҳамки, томондин нари
Не суд? Дил – қопқоннинг ичиндаман мен…

БАҲОР

Ваҳший гўзаллигин рангин байроқдек
Силкитиб тепамда кезади баҳор.
Илиқлик югуриб тўлган тупроқдек
Илинжим семирар, семирар озор…

Қувона олмайман баралла лекин
Ақалли болалик давримга монанд.
Умримни кемирар ғашлик ва сукун,
Бағримда музлаган тоғларки – баланд!

Шошмайман ишимга, уйимга ҳатто,
Баҳорга боққанча босаман одим.
Сезаман — ичимда бор каби гўё
Қандайдир асрордан воқиф мунажжим…

Онамни соғиниб ўйлайман узоқ:
“Қанийди, бағрига ташласам ўзни…”
Жилмайман ўрнимдан, йиғлайман бироқ
Баҳорга тикканча қуп-қуруқ кўзни…

Ортимга боқаман: юрагим ёниқ,
Кўзлари чақнаган болалигимдир,
Олдимга боқаман: паришон, сўниқ,
Кўзлари ҳувилдоқ кекса дилимдир…

Ҳаммаси, ҳаммаси беш қўлдек аён,
Кунда ҳам, тунда ҳам сир йўқ, сеҳр йўқ,
Гарчанд атрофимда эркагу аёл,
Дилни уйғотувчи пир йўқ, меҳр йўқ…

Фақат шу: баҳорга боққанда маъюс,
Ич-ичимда кимдир пичирлар ширин.
Сени севгим келар исмсиз ойюз!..
Ва яна куйлагим олмасдан ҳеч тин.

Яна орзу қилса куйган бу юрак,
Яна хаёлларим қайтиб келсалар.
Яна мен «Эрта”ни кутсам жон-халак,
Яна сен «Эрта”га айлансанг, дилбар!..

ТЎРТЛИКЛАР

Дунёнинг ғамига қўлингни силта,
Ортиғу камига қўлингни силта.
Ўтинчи бўлсанг гар, тергин ўтининг,
Қуруғу намига қўлингни силта.

***

Дунёга келмоқнинг сафоси яхши,
Гар севсанг, ёрингнинг вафоси яхши.
Дўсту душманингни йиғлатиб бирдек,
Дунёдан кетмоқнинг жафоси яхши.

***
Ҳаммасидан кўнгил силтадим,
Ҳаммасидан сенга қайтдим мен.
Сен-чи, гулим, йўқ эдинг, сўрсам –
“Ҳаммаси”га кетган экансен…

***

Сени унутмоққа етмайди кучим,
Сенга қайтмоқлик-чи, энг мудҳиш хато.
Айрилиш ўлимдир, топишиш — ўлим,
Бу қандай жазодир, тушунтир Худо?!

***

Сени севиб қолган ёшим хато бўлди,
Юрагимдан оққан ёшим хато бўлди.
Чора излаб парвонадек ҳар оташга
Қанча урмай шўрлик бошим, хато бўлди.

***

Дунёга кеб топганим сенсан,
Йўқотганим ҳам сен дунёга келиб.
Бахт ва бахтсизликни кўрган у менман,
Юраги шодлигу қайғуга тўлиб.

***

Ёмон кўриб кетдим дилимни,
Душманларим, ёвларим қолиб.
Ахир, у-да сўрмай майлимни
Мени ёқар гулҳанга солиб.

***

Дунё дейсан, мен дунёни нетаман?
Дилга юқмас ул тиллони нетаман?
Ишқим тушган сўзларимга жойланиб,
Дарвешларнинг юрагига кетаман.

БАХТЛИ БЎЛИШ ИСТАГИ

гарчанд инсон бўлиб туғилдим
гарчанд норасмий бир мусулмон
гарчанд ўғил
эрман
отаман
гарчанд осиёнинг қоқ ўртасида
икки азим дарё қобирғасида
гарчанд туркий
барлос уруғдан
гарчанд йигирманчи
ҳамда биринчи
асрларнинг миёнасида
гарчанд малаклигу ҳайвонлик аро
сарсон эрур менинг қисматим
гарчанд
гарчанд
лекин барибир
бахтли бўлгим келар менинг ҳам гоҳо
барча ёрлиқларни ечиб
итқитиб
қафасдан қутилган озод қуш мисол

КАПАЛАК

Гул лабида ўлтирар нуқул,
Йўқ, адашдим, рақс қилади ул.
Умри оздир гулдан-да, бироқ
Парво этмас ҳам кулади ул…

БАҲОР ОЛИБ КЕЛ

Сен умримга баҳор олиб кел,
Қайтиб кетмас баҳор бўлсин у!
Тиниб қолмас алёр бўлсин у,
Сен умримга баҳор олиб кел!..

Кўп бўлсину унда гулзорлар,
Хушбўйлари кўнглимни тутсин.
Бошларимга ёғмасин қорлар,
Ҳижронларни бағрим унутсин.

Сен умримга баҳор олиб кел,
Кўзларимда кузлар эрисин.
Гул атрин ол, сабо бўлиб ел,
Юрагимда музлар эрисин…

Сен умримга баҳор олиб кел,
Қишнинг қотил қиличи синсин.
Кўзларимда оқиб турган сел
Сени кўриб мангуга тинсин.

Сен умримга баҳор олиб кел,
Ҳамда ўлмас умид ва нажот!
Сенга қараб яшай олай мен,
Сенга қараб куйлай умрбод!..

СЕНИ ДЕЯ

Куни билан мен сени кутдим,
Тун ҳам оғди, келмадинг локин.
Сени дея ёшлигим ўтди,
Сени дея умрим ҳам сокин.

Келарсан, деб суриб хаёллар,
Яшаяпман жуда ҳам узоқ.
Келарсан, деб қарайман йўллар,
Келмаслигинг биламан бироқ…

***

Художоним,
Муҳаббатим сароб экан… томчи ёш янглиғ
Менинг маъюс кўзларимга тиқилиб қолди…

Художоним,
Уни ювиб ташлолмадим қанча уринмай,
Юрагимни ўтдан олиб ўтларга солди…

Художоним,
Нажот борми энди қисматда?..
Сенга борар йўлларимдан узилдим, сўлдим…

Художоним,
Оромим йўқ издиҳомда ва на узлатда,
Қарғиш теккан оқпадардек сазойи бўлдим…

Художоним,
Нима кутар мени эртамда?! –
Ёруғ олам кўз ўнггимда зулматга тўлди…

Художоним,
Муҳаббатсиз қандай яшайман,
Усиз Сени қандай қилиб севаман энди?!..

АКАМ ОЙБЕК ХОТИРАСИГА

Фурсат ғаниматди,
Дийдор ғанимат.
Ғаниматди сизнинг ҳолу руҳингиз.
Бироқ кўр уйқудек
Элитди ғафлат,
Элитди,
Кўрмадик зўр андуҳингиз.
Энди изтироблар дунёни ёқар,
Ёқару бенафу беҳуда бари.
Энди қор ўрнида соғинчлар ёғар,
Ёғару эримас қорлар сингари…
Энди ўкинч билан яшамак бордир,
Энди хотиралар дор бўлар бизга.
Энди чиқажак ул қуёшдир, ойдир,
Тортар Андижонга, тортади Сизга…

 
ШЕЪР ТЎҚИЙМАН

Шеър тўқийман – нақадар оғир…
Шеър тўқийман – бахтлиман яна!
Юрагимнинг  ярими оғрир,
Яримида байрам, тантана…

Кўзларингга узоқ термилиб
«Салом!” дейман титраб худога!
Умидимни тилкалар қилиб,
Тушунмайман сен, гулим, нега?!..

Инсон кимдир, умр нимадир,
Ҳаётимнинг меҳвари қайда?
Айланаман афтода, дилгир
Сўроқлар гирдида беҳуда…

Унутмоқчи бўламан бир он
Ҳалқумимга тиқилган ёшни.
Қайларга ҳам урардим гирён
Дунёларга сиғмаган бошни?..

Шеър тўқийман – нақадар оғир,
Шеър тўқийман – бахтлиман яна…

ҚИСМАТ
Шивирлама менга, эй шамол.
Рауф Парфи

Мен булутман, ҳолу жонимни
Аямасдан қамчилар шамол.
Қувғиндиман, оҳ-фиғонимни
Ўзим ейман, келса-да малол…

Қутурмоқда яна зўр шамол,
Қояларга ўзни чоғлайман.
Қутурмоқда яна зўр шамол,
Кутиб, юрагимни доғлайман.

Қутурмоқда яна зўр шамол,
Мен суймайман, уни суймайман!
Қутурмоқда, ахир, кўр шамол,
Кўзларимни мен-чи, юммайман…

 
ЭҲТИЁЖ

олисларда бўлса ҳам
ҳеч қачон етмасам-да
майли
фақат
олдинда
бир чироқ ёнса дейман

НИЯТ

юрагимни машъалдек
кўтарганча бошимда
тунни кечиб ўтгумдир

СЕН ЭМАС…

Ҳавоси йўқ пахта далаларида
юрагини бургут чўқилаб кетган
ёш бола – сен эмас!

Довулга тутилган варрак бўлиб
дунёни пиёда айланиб чиққан
йигитча – сен эмас!

Кузги ҳосилига бот-бот тикилиб,
кириб болаларига термилиб,
жунжикиб, биқиниб, энтикиб, ҳуркиб…
қишни кутаётган деҳқондек
қиз суйган – сен эмас!

Пулсиз қолган бўм-бўш чўнтакдек,
ҳосили йиғилган даладек маъюс.
Ёзга чиққан мактаб каби ҳувилдоқ,
бу кўзлар сеники эмас!

Номуси топталган қиздек «гуноҳкор”,
“ширин” қисматидан безор,
уясидан йиқилиб тушган палопон –
юрак сеники эмас!

Баҳори кечган юрт каби сокин
Ўтмишга талпинган туйғудек бебахт,
минг йилга қамалган маҳбусдек ботир,
бирдан тиниб қолган уммоний тўлқин –
бу инсон – сен эмас…

Ниҳоят,
сен эмас,
сен эмас,
Кўчиб кетаётган – Сен эмас!!!

***

Дунё – дардим бўлди…
Соғаймоқ қасдида
қай сори бош урмай –
дунёнинг бўлди…

Ўқилди: 582

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар