Қидириш

Кутубхона

Facebook

Ёлғизлик (қисса)

Парча-парча бўлдим, қайдасан?
Юрагимда жарлик, қайдасан,
Қулаб тушмоқдаман, қайдасан?
Ёлғизлигим зўрлик, қайдасан,
Парча-парча бўлдим, қайдасан?..

I ҚИСМ

Ўшанда мен бир гурунглашиб келай деб, дўстимнинг уйига йўл олдим. Етиб келиб қўнғироқ тугмасини босдим: садо чиқмади. Яна босдим: жимлик. Бурилиб кетмоқчи бўлганимда ичкаридан тарақлаган сас келди, қулоқ тутдим: хиёл ўтмай товуш такрорланди. Ажабсиниб эшикни итаргандим, қулфланмаган экан -очилди-кетди. Дўстимнинг исмини тутиб чақирдим: жавоб бўлмади, фақат яна нимадир тарақлади. Қизиқсиниб ичкарига мўраладим. Уйда бесаранжомлик ҳукмрон: полда китоб, дафтар ва ёзилган-чизилган турли хил қоғозлар сочилган, ҳамма ёққа эркагу аёлнинг кийимлари, болалар ўйинчоқлари ташланган, ўриндиқлар бетартиб қаққайган, стол устида чойнак, пиёла, пичоқ ва нон унутилган, кундуз бўлишига қарамай, чироқ ёқилган эди… Шу пайт ҳалиги сас тағин эътиборимни ўзига тортди. Бу – очиқ қолган дераза қанотининг шамолда у ёқдан бу ёққа урилганда чиққан товуш эди. Беихтиёр ўша томонга юрдим. Оқ, ҳарир парда ҳавода ўйноқлаб юзимни силай бошлади. Ташқарига кўз солдим: дарахтзор, у ҳам ўз ҳаракатига муносиб равишда ёқимли шовулларди. Негадир ич-ичимда нимадир бир сесканиб тушди…
Қайтиб, ўриндиқлардан бирига ҳафсаласизгина чўккан кўйи кўзларимни юмдим. Қулоқларим остида фақат дарахтларнинггина шовуллаши қолди. Мен уни узоқ вақт тинглаб ўтирдим. Сўнг қабоқларимни очдим, энгашиб оёғим тагидаги дафтарни олдим…

II ҚИСМ

Ҳаммаси ўша кундан бошланди. Унгача ҳаётим осуда кечаётганди: ишга борардим, ишдан қайтардим. Энг муҳими, мени оила, иш, тинчлик ва фаровонликдан ўзга нарсалар кўп-да безовта қилмасди. Алалхусус, мен дунёвий ишларимнинг муваффақиятли чиқиб, хурсанд этаётган ҳисоб-китоби билан банд эдим. Ахир булар шунчаки рақамлар эмас, балки менинг жамиятдаги ўрним, бугуним ва эртамнинг тамсилидирлар! Уларнинг ортига моддий дунёдаги ҳаётимнинг шаклу шамойили, ранги рўйи яширинган. Бурчакда ўйинчоқларини у ёқдан бу ёққа судраб, ўзини ўзи овутиб юрган ўғлимга аҳён-аҳёнда қичқириб гап қотаман, ошхонада уймаланаётган хотинимга эса “Қорин пўстак бўпкетди-ю!” дея, уни шошираман… Хуллас, мен ҳаётдан маст эдим. Зеро, камина ақлли ва саломат, кучли ва омадлиман! Хушбичим шу аёл – умр йўлдошим, анави ўзимга ўхшаган қораш, шукрким, ўғлим! Одамлар ҳавас қиладиган ишим, чоғдеккина, яшаса бўладиган бошпанам бор. Худоимга ҳазор ҳамдки, ота-онам тирик, ака-укаларим ўзларига тинч, таниш-билишлардан қисган эмас. Хўш, тағин нима керак бир йигитга? Иқбол деганлари шунчалар бўлар-да…
Мен ана шундай бахтнинг темир иҳотасида қоим эдим гўё. Назаримда иҳота ҳеч қачон парчаланмаслиги керак эди. Ахир ақл инсонга нимага берилган? Ундан фойдалана билган зот ўз толе қушини қўлдан чиқармайди. Аксинча, тадбир ва ҳаракат билан унинг муқим бўлишини таъмин этади. Мен ҳам ана шундайлар хилиданман…
…Қулоғимга бирдан дарахтнинг олис шовуллаши кирди ва барчаси соб бўлди: “кайфим” тарқади!.. Худди ҳеч ким билмайдиган жиноий иш қилиб қўйганману туйқусдан виждоним бош кўтаргандек ғалати бир қайноққа қолдим. Хотиним учинчи бор овқатга чақириб келдиямки, ўрнимдан қўзғалолмайман. Ичимда нимадир қарс синган. Ҳатто унинг нималигини ҳам биладигандекман: ФАРОҒАТ!..
Дарахт эса тағин ва тағин шовулларди. Энди унинг овози тобора яқиндан эшитилар, ҳолим ҳам шунга яраша – боргунча паришонлашарди. Ниҳоят, у мени тамоман аср этганда, шовуллаш шунчаки сас эмас, балки мусиқа – улуғвор оҳанг эканлигини идрок этдим. Дарахтнинг шовуллашида, ҳатто шу сўздаги иккиланган “ш” товушида бир ёндан иккинчи томонга ҳаракат – мангу юриш сезиларди. Эҳтимол, айни мангуликка чарпишиб парча-парча бўлгандир менинг ҳалиги бахтим, билмадим… Ҳар ҳолда эндиги аҳволи руҳиям бутунлай бошқача эди. Шу тобда менга аввал ғофил бўлганим бир сир юз очганди: бундан буён мен на Ғолибу ва на Мағлуб эдим. Мен ўзимни қандайдир исмсиз Оралиққа қулаб тушгандек ва у ерда ёлғиз сезардим. Йўқ, балки шу Оралиқнинг ўзи, унинг исми Ёлғизлик эди ва у битмас туганмас изтироб келтирарди…

Бўшлиқ…
Гўё гавжум бозор ичида боласини йўқотиб қўйган отадек атрофга аланглайман – ўғлим йўқ! Кўзимга нотаниш, унданда баттар – етти ёт бегона башаралар тиқилар – сиқиламан… Чор томонга ўзимни уриб, таниш бир чеҳра қидираман: БОРМИСАН? Кўксимга панжаларимни санчиб, юрагимни суғураман – ортингдан отаман – қутуламан!..
Бу – бир чуқур дард. Мен унинг домига қулаб тушавераман, тушавераман… Қўлларим паншаха, нимагадир санчилмоқ истайди – истайман! Ниҳоят, у қаламни танлайди: ёзаман, ёзавераман…

Кўнглим вақти-вақти билан мени худди ўпқон каби ўз қаърига тортади. Мен илоннинг жодули кўзлари қаршисида серрайиб қолган қурбақадек ҳаракатсиз қотаман. У эса мени ютаверади, ютаверади… Тўғриси, жараён менга хуш ёқади. Баъзан ҳатто кўнгилни тарк этиб, моддий ўлчовлар оламига – ташқарига чиққим келмайди. Лекин на илож, тириклигим тирикчилик ғамини ейишимни тақозо қилади. Чор-ночор, кайфсизу беҳол… кўнгилни қолдириб, кўпчилик елиб-югуриб юрган маконга – дунёга қайтаман. Бу ерда эса мен-да миллионлаб одамларнинг бирига, ҳамма қатори тирикчилик қулига айланаман. Ҳеч кимдан яхши ҳам, ёмон ҳам эмасман. Бироқ айнан шундай бўлиш менга баъзан жуда ҳам оғир ботади, ҳатто малол келади. Қаттиқ изтиробга тушаман, парчаланаман, емириламан. Борлиғим жанг майдонига айланиб, унда икки парчам – икки Мен – Ички Мен билан Ташқи Мен аёвсиз равишда бир-бирига қилич солади. Ким жароҳатланса-да, оқибатда азобини мен чекаман, ким ғолиб келса-да, мағлуб мендирман! “Ягона йўлимиз бор – келишув!”, дейман, ниҳоят дод солиб…
Моддий дунёдаги муваффақиятсизлигим кўнглимдан – Ички Мендан. Ишқ йўлида девона Машрабдек дарвешлик йўлини тутмаслигим, омадсизлигим Ташқи Мендан – моддият ҳам инсон учун, тирик жон учун зарур деб ҳисобловчи Мендандир. Мен зоҳидлик йўлини тутмадим. Ҳатто жунбишга келганимда ҳеч кимни танимасам-да, дунёни сариқ чақага олмасам-да, ғаройиб олам тўлқинида тебрансам-да, қайгадир, кимгадир тийиқсиз ва ўта кучли истак-ла, соғинч-ла, изтироб-ла талпинсам-да, сўнггида барибир, заминга қайтишимни билганимданми, жараён кечиши билан ҳушимни секин-аста тўплай бошлайман. Бу карахтлик давридир, бир оламдан ўзгасига кечиш пайтидир. Айнан шундай лаҳзаларда мен атрофдагилар билан, хусусан, хотиним билан ғижиллашиб олишим ҳам мумкин. Албатта, у ҳамма қатори мени ҳамиша Ташқи Мен ҳолимда кўрмоқ истайди. Чунки бунда мен оила учун қайғураётган, бозор-ўчар қилаётган, рўзғор юмушларини бажараётган, ишлаб пул топаётган, аёлим, фарзандим атрофида парвона бўлаётган, хуллас, терлаб-пишиб қўл билан пайпаслаш мумкин бўлган дунё яратаётган Мендирман, ахир!.. Ҳолбуки, мен…

Муҳими нима? Мен нима иш билан машғул бўлай? Ақлу идрокимни, юрак қўримни – умримни қандай фаолиятга сарф этай?.. Билгандайман, бироқ билмайман. Билганларимнинг деярли ҳаммаси тумтароқ. Ниҳоят, мен бир йўлни танлаб оламан: борини борича ёзишга интиламан. Ҳақиқатнинг моматалоқ ва даҳшатли юз-кўзига тик қарашга ботинаман: бор, нима бўлса бўлсин!..

Вужудим жимирлар, борлиғим эрир… Мен бахтли эмасман, мен бахтнинг ўзиман! Мен ҳеч кимга ва ҳеч нарсага муҳтож эмасман. Чунки мен мен эмас, балки кўнглим мендир шу асно. Моддият тузоқларини бирма-бир парчалаб бораман, боравераман… Ниҳоят, рўбарўмда баҳайбат кенглик пайдо бўлади. Афсуски, мен унинг тилини тушунмайман. Унинг бўшлиққа, бўм-бўш дунёга айланиб қолишидан қўрқаман. Қўлингни берсанг-чи, Худо!..

Анчадан бери кўнглим узлат излайди. Бироқ мақсад одамлардан қочиш, зоҳидлик эмас, асло! Балким идишни бўшатиш – изҳори дил! Ёзиқки, шунинг-да уддасидан чиқолмай ҳануз довдирайман. Ахир мен шу тобда худди ичига ҳаво тўлдирилган шардек кўкка сапчийман. Фақат ипимни анави “гўдак” қўйиб юбормаяпти. Аслида мен ичимдаги ҳаводан қутулиб ерга қайтсам, ундан тўйиб-тўйиб баҳра олсам, дейман. Оҳ, қанийди шундай бўлса! Заминга оёғим теккан кун мен оддий одамларнинг энг қудратлисига айланаман гўё. Бироқ айни дамдаги ҳақиқат шундан иборатки, мен муаллақ осилиб турибман – на ерда-ю ва на бутунлай кўкдаман…

Мен битта эмас, мингтаман, миллионтаман! Бутун азобим шундан. Умрим борки, бирлашмоқ, сочилиб ётган қисмларимни тўпламоқ ишқида ёнаман. Ё Парвардигор, Ўзинг мададкорсан! Бироқ қанисан? Сени қидириб дунёни остин-устун қилдим! Бемаъни машғулотларимдан воз кечай десам, иложим йўқ, кечмай десам, чорлайверасан… Сенми ноҳақ, менми бадбахт? – билмасман…

Маҳзун оҳангнинг беланчагида тебранарканман, ҳаяжонимни яширмоқчи бўлгандек ютиндим ва томоғимда яна ўша оғриқни ҳис қилдим. Хаёлимдан “Ишқилиб, саратон бўлмасин” деган фикр кечди. Бироқ қалбимда қўрқув ўрнида ажиб бир сокинликни туйиб ажабсиндим: Ҳайҳот! Кўнглимда не борки, ҳаётим унинг қаршисида йўқсилдир!? Нега мен барча ишларимни ташлаб, соғлигим ҳақида қайғурмайман? Нима ўзи у бунга тўсқинлик қилаётган? Ким у менинг ҳаётимни кўримсиз ва арзимас этаётган, ким?!..

Хотинимни қучоқлаб ётаркан, бундан иккаламиз ҳам ҳузурланаётганимизни сездим ва шу лаҳзадаёқ кимдир мендан – кўксимдан отилиб, айрилиб чиқди-да, шугинадан лазатланаётган, шугинадан ортиғига кучи етмайдиган эру хотинга – бутун инсониятга ачинди. Башарнинг шу равишда роҳатланишга, умуман, муайян тарзда яшаб ўтишга маҳкумлигидан ижирғанди. Сўнг яна-да узоқроқ чекилди-да лоқайд назар ташлади…

Ёз!
Оқшом!
Бешинчи қаватдаман. Деразани очиб, салқин тортаётган ҳаводан ютоқиб симирдим. Узоқ-узоқлардан бошланган қуюқ дарахтзорнинг шамолдаги тўлқини худди денгиз янглиғ мавжланиб шундоқ оёғимнинг тагига – қирғоққа урилди. Оромбахш шабада вужудимни сийпалаб, руҳимни қитиқлаганда нигоҳим осмонни тўлдириб тўлган ойни қучиб ҳузурланди. Кечанинг соҳир чеҳрасига тикиларкан, мувозанатни йўқотдим, маст бўлдим. Юрагим энтикди… Ва мен бу чиройни бутунича ҳеч қачон акс эттира олмаслигимни идрок этдим: адабиётга ачиндим, уни фақир кўрдим… Орадан бир ҳафта вақт ўтгачгина мазкур хира хотираларни чизгилаб қўёлдим, холос.

Борлиғи майин чайқалиб, ойнинг нурларида чўмилиб турган дарахтзорга боқаман, тўлқинланаман… Сеҳрли манзарада аввало покликни илғайман ва шу лаҳзадаёқ кўнглимда бошидан нур ёғилиб турган дарахтга айланиш тилаги туғилади. Ўзимни ноқулай сезаман. Қаеримгадир нимадир ёпишиб қолиб қўланса ҳид чиқараётгандек туюлади:уяламан… Туриб ювиниб келаман – бўлмайди. Нур жўрлигида самоъ тушуётган дарахтзор барибир мендан нақадар баландда ва нақадар тоза эканлигини англайман. Кўксимда эса дарахтзор, ҳеч бўлмаса битта дарахт, жилла қурса унинг битта шохи, ҳатто бир япроғи бўлиб яшаш истаги тобора қаттиқроқ нафас олади, олаверади. “Ҳали менми инсонман дея оламга жар солаётган?!” — хаёлимдан яшин тезлигида учиб ўтган фикр юрагимга ханжардек киради… қолади…

Қачонгача бандалик либосида юраман!? Қийналдим-ку! Қачонгача Сени, Сенга қайтишни, Сенга сингишни ва ниҳоят “СЕН!” бўлишни кутиб яшайман? Зерикдим-ку! Ахир малол келаяпти-ку менга бундай шакл, бундай мазмун! Эй, Худо! Мен ўзимни тополмаяпман, мен йўқман! Ахир қани мен? Битта вужуднинг ичида парча-парча бўлиб кетган маънонинг қай бирига мен тегишли? Ҳар куни эрталаб дуо қиларкан, ҳалол яшашни Сендан тилаган ва пок бўлишга аҳд қилган кишиманми мен ёки кечгача чидай олмай, ўзининг қандайдир “ҳақиқат”ларига асосланиб, уларни орқа қилиб, ҳаромга қўл урган ва туни билан ухлаёлмай ўрнида ағдарилиб чиққан мунофиқми мен? Мен кимман ўзи?! Илмий унвон ва мангулик даъвосида ич этини еб типирчилаётган кўзбўямачими ёки фақат кашф этишу билиш-билдириш иштиёқида ёнаётган одам-олимми? Мен кимман!? Кўксимда мингта, миллионта жангчи ва мингта, миллионта жанг кетаётир, фақат мен қайдаман ва ким томондаман? Мен ўзимни йўқотиб қўйдим, эй Парвардигор! Мен турмушнинг арзимас юмушлари орасида қолиб хор бўлдим, мен улардан тўйдим. Мен бандалик ботқоғидан чиқиб кетолмаётган ўзимдан зерикдим. Мен тинимсиз равишда мажбуриятларни, заруратларни бажаришдан сиқилдим. Ниҳоят, менга чумоли каби битта-иккита издан юра-юра ўлиб кетиш алам қилади. Ниҳоят, мен билган бу олам Сенинг бутун қудратинг ҳосиласи эмас! Мен Сенинг қудратингни кўрмоқ ва кўрмоққа кифоя салоҳият истайман, эй Парвардигор!
…Соғинчим ҳеч қонмади! Мени итдек дарбадар кездирди, қўлларимга уриб ишимни туширди, кўнглимга эсиб уйғотди, ундан дунё ҳавасини қувди, кўзларимни киртайтирди, улар қаърида тинимсиз равишда гуриллаб ёнди бу Олов! Эй дўст, сен ана шу олов тафтини ўз қалбингда ҳис қилмас экансан, менга яқинлашма!..

Ҳаммасини тушуниб, ҳатто мазасини билиб турибман. Мен гўё саҳна асарини мириқиб томоша қилаётган томошабинман. Қизиғи шундаки, актёр ҳам ўзимман. Шу билан бирга томошабин бўлиб актёр – А.ни кузатаман, актёр бўлиб эса томошабин А. нигоҳини шундоқ борлиғимда ҳис қиламан. Мен сенга ачинганим каби ўзимга ҳам хўрлигим келади, эй Дўст! Қани энди қўлимдан келса-ю сени озод этганимдек ўзимни-да бу шармандаликдан халос қилсам! Ахир, мен ўзимни ўзим, яъни ўзлигигимни қанчалар соғинганимни билсанг эди. Наҳотки, ўзи билан ўзи бўлишни исташлик Худога ёқмаса? Ахир, Худонинг Ўзи мендан айро эмас-ку! Тўғрироғи, мен Ундан алоҳида эмасман.Балки мени соғинтирган қисмим Худодан бир парчадир… Нима бўлгандаям, қийналиб кетдим, кўксимдаги юрагим гўё қонга қўшилиб бутун вужудим бўйлаб ниманингдир қасдида кезиб юргандек…

Чаманзор ичра чаҳ-чаҳ сайраётган эй булбул! Бу одамни бутун умр эзғилаган армони унинг сендек бўлолмаганидандир. Лоақал бир марта у ҳам сен каби оламни унутиб, ҳатто ўзи бутун бир оламга айланиб куйлаганда эди, балки бу қадар куймасди – далли девонага дўнмасди. Унинг вужуди вужуд эмас, усти-устига қатланган дард тоғидир, заҳму заҳматдан тўпланган йирингдир, заҳардир, қондир. Қалби эса ҳеч қачон олови ўчмас ўчоқ – дўзах!..
Куйла, эй булбул! Лоақал сенга қараб мен ҳузурланай, сенинг бўғзинг орқали мен ҳам ўз ичимни бўшатиб олай! Ахир, сен қанча баланд сайрасанг, мен шунча енгиллайман, хониш қилаётган сен эмас, балки ўзимдек атрофни унутаман, телбавор роҳатланаман… Ахир оҳанг эмасми энг буюк мазмун!..
Баъзан тушларимда авж пардаларда куйлаётгандек кўраман ўзимни. Мен чуқур бир дардни оҳанг ва ҳайқириқ орқали майда-майда қилганча ундан халос бўлаётган ва шу кўйи бениҳоя кайф олаётган ўзимни кузатиб, эшитиб тураман. Уйғонгач, ҳеч қурса шу йўсин кўнгилни бўшатиш имкони борлигидан қувонаман. Ахир бедорлигида ақлу фаросати-ю бутун имконлари тушовлар исканжасида қолган инсоннинг хаёл ва тушлари осмонида озод қушлар чарх урмасми, хониш қилмасми?!..
Эй, чаппор уриб гуллаган ўрик шохларида тўлиб-тошиб сайраётган булбул! Сайра! Токи мен – коинотнинг гултожи ҳисобланмиш ИНСОН, сенинг имконларинг сари интилай! Агар етсам, кўзларимга суртай, тавоб айлай ва сенинг янглиғ чаҳ-чаҳ урай-да, афсонавий самандардек адо бўлай!
Энди айт-чи, сенми бахтли ёки мен – ИНСОН?

Уйғондим…
Бироздан сўнг кимлигим ёдимга тушади. Кейин қаердалигимни эслашга уринаман… Деразанинг парда тўсмаган кўзидан мўралаб турган ғира-шира ёруғлик эътиборимни тортади: “Ажабо, тонг отибди!” дейман ўзимга ўзим. Бироқ ҳануз атрофга бегонасираб қарайман. Ниманики кўрсам, узоқ йиллар кўришмай, деярли унут бўлаёзган кишини учратгандек тараддуд ва ҳайрат ичра қоламан. Туриб ўтираман ва қулоқ тутаман: жимжитлик… Кўнглимни эшитаман: паришонлик. Яна ётиб ухлагим, эндигина кўрган тушимга, унинг андак қувноқ воқелигига қайтгим келади. Қайси бири ҳақиқий олам: тушдагисими ёхуд кўзимга суқилиб турган мана бу яланғоч воқеликми?! Нега улар рўёда бошқаю дунёда бошқа? Нега мен уйғонаман, совуқ ва зерикарли воқелик билан муносабатга киришга мажбур этиламан? Нега ухлайман, ихтиёрсиз тарзда ўзга бир олам ичра йўл оламан?..
…Бир пайт сийгим қистаганини сезаман ва аста юриб ташқари чиқаркан, қишлоқда эканимни англайман. Ҳовлига қадам қўйишим ҳамона изғирин келиб очиқ кўкрагимга урилади: жунжикаман. Теваракка бир нигоҳ ташлаб фаслнинг қиш эканлигини биламан. Тобора қуюқлашаётган қоронғиликдан пайқайманки, қуёш чиқаяпти эмас, ботаяпти. Мен қачон ва нима учун ухлаб қолганимни хотирлай олмайман, бунга ортиқ уринмайман ҳам. Совқота бошлайман. Ичкари кириб тўнимни елкамга ташлаб чиқаман. Ҳовлининг этагига қараб юраман. Қизиқ, ҳар доим гавжум бу ҳайҳотдек даргоҳда негадир ҳеч кимни учратмайман: ташқарини тўлдириб турган бўшлиғу, бўшлиқни тўлдириб учаётган изғириннинг ёқимсиз чийиллашидан ўзга товуш эшитмайман. Гўё очиқ ҳавода ухлаб ётганида карвони кетиб қолгану ярим кечаси уйғониб қарагач, тўфон кўтарилиб келаётган беадад чўлнинг ўртасида эканлигини кўриб, даҳшатдан аланглаб қолган ёлғиз, тажрибасиз одамдек ҳис этаман ўзимни. Бироқ менинг кўнглимда ҳали илиқ туйғулар бор эди, дея ўйлайман. Йўқса, ташқарининг изғиринлари бунчалик санчилмасди, оғир ботмасди. Ахир, бўшлиқ ҳисларимни аждарҳодек бирин-сирин ютиб бораяпти. Ҳатто ўзимни ҳам еб-емириб ташлашга тайёр у, ахир!..
Шу хаёллар билан ҳовлининг этаги томон юрарканман, тишим совуқдан бир-бирига урилиб какрай бошлайди. Ичим ташқари янглиғ музламоққа юз бурганда, шошиб шимимнинг олдини очаман-да, шовуллатиб сиймоққа тутинаман. Илгари эътибор бермасканманми, билмадим, бу сафар пешоб қиларкан ҳузурланаман, аъзомни у ёқдан бу ёққа ўйнатиб, бўшлиқнинг башарасига мазза қилиб чоптираркан, севинаман. Иссиқ пешобдан буруқсиб чиқаётган ҳовурни кўриб, тафтини туйгач, дарҳол юрагимнинг қаърида уйғониб келаётган илиқликни туяман. Илиқлик мени тамоман бошқа одамга айлантира бошлайди… Шахдам қадамлар билан уйга кириб, печканинг деворига орқамни қўйганча исинаркан, хаёлимга “Бўшлиқнинг тубсизлигидан мен ўз сийдигимга осилиб чиқа олдим” деган фикр келади-да, завқимдан сакраб туриб қаламга ёпишаман. Ва сиз ҳозир ўқиган, балки сизга жуда ғалати туюлган ушбу туйғуни қоғозга тушираман. Ҳамда Ҳақиқий Адабиёт қандай бўлишини намойиш эта олган ва буни сизга маъқуллата билган такаббур ёзувчи бўлиб ич-ичимдан ғурурланиб қўяман… Сўнг шундай қилишга эҳтиёж туйганим ва бу эҳтиёждан баланд кўтарилолмаганим, аксинча, унга боғлиқ ҳолда яшашга маҳкум этилганимдан ижирғанаман…

Ошқозонимда – бағримда бир яра – бир дард бор, ўқтин-ўқтин панжаларимни шундоқ тўшимга тиқиб – ботириб, ўша кемирувчини юлиб ташлаш истагида ўртанаман… Сўнг негадир ўлим ҳақида бот-бот ўйлайман. Балки бу вужудимдаги дарднинг менга билимсиз тарзда ўтказаётган ҳукмидир. Нима бўлгандаям ҳозир мен ёзиш иштиёқидаман ва ўзимдан – инсонлигимдан нусха кўчириб, емирилиб бораётган жисмимдан айириб олиш ва шу йўсин гўё оёқлаб бораётган ҳаётимни давом эттириш ишқида ёнаман. Ҳаёт ва унга интилиш, барибир, мавжудотнинг энг улуғ иши бўлиб қолаверар экан, дейман ўзимга ўзим…

Туйғулар қайтарилмоқда. Яна мен титроқ қалб билан пойинтар-сойинтар сўзлар ёзаман. Яна мен яксонман, адоман. Ҳузурларим барбод, таскинларим фарёддир! Яна ҳамма йўллар фақат сен томонга элтади, сени дейди, сен дейди… Аёл эркакнинг қобирғасидан ясалди ва парча бутунга бирлашгандагина чинакам Бирлик, Висол, Бахт содир бўлади, деган илоҳий китоблар ўгити тағин хаёлимда қоим…
Ишларим кўп, аммо қайси бирига қўл урсам, ўша ердан сен чиқиб келаверасан… Қийналдим… Сен ёр эмас, балки азобсан, дардсан. Мен — ана шу дардга чалинган бемор. Бироқ худди ўз кишанига меҳр қўйган қул каби сенга интиламан. Барча ошиқлар мисол фақат васлингни ўйлайман. Улардан фарқ қилиб ва китоблар маслаҳатидан бўйин товлаб эса сенга етишмоққа жудаям иштиёқманд эмасман. Ахир сенга қовушмоқлик сендан айрилмоқлик қадар таҳликалидир. Ахир мен баҳорни ҳам севган, унга ошиққан эдим. Баҳор менга ўз гажакларидан ушлатди. Кейин… кейин мен зерика бошладим…

Сенинг оловингда жизғанак бўлиш қанча аччиқ эса, шунча шириндир. У мисоли фироқ. Яъни айрилиқ киши кўнглида оғриқ билан бирга бўлажак дийдорлашув учун замин ҳозирларкан, ҳузур ҳам пайдо қилади. Фироқсиз висолнинг лаззати билинмас. Айрилиқнинг ҳаловати шунда, унинг азобида. Мен сени худди шундай севаман, севиниб-қайғуриб яхши кўраман сени. Сен менга озодлик ваъда этаётган золимсан! Сен менга азоб бераётган Роҳатсан!
Сени ҳануз қўмсайман. Назаримда бунинг сабаби – сендан бир парча мендадир, мен уни сенга талпинишим асносида ўзим ҳам билмаган ҳолда ўғирлаб олганман. Яъни қалбим сенинг суратингни олган. Кўнгилда шабада эса бошлаганда ана шу сурат беихтиёр равишда очилиб қолади. Ва менинг ҳаёт йўлимда – рўбарўмда яна сен намоён бўласан, бўлаверасан…
Сираси, шунча қудратли бўла туриб вужуд деб аталмиш кичик бир мамлакат фармонларига бўйсуниб яшаш, устига устак, сендек бир ожизанинг салкам қулига айланиб азоб чекиш менга алам қилади. Шу билан бирга оддий бир аёлнинг ҳузурида оддий бир эркак бўлиб эс-ҳушимдан айрилиб туришим мени ҳайратга солади…
Кундуз ҳузуримда нафас оласан, кечаси тушларимда. Нега мени таъқиб этасан? Нега мени емирасан, кемирасан? Сен гўё вабосан, мен эса тақдирнинг бахтли тасодифи туфайли омон қолиш илинжида титраб-қақшаётган хаста. Жоним талваса ичра шунчалар бўғилдики, ниҳоят, мен сендан қутулмоқ истайман! Мен ортиқ дош беролмайман сенга – изтиробга! Мен ақлдан озишни – мажнун бўлиб саҳро кезишни бахт санамайман. Мен ўзимни йўқотишдан қўрқаман, даҳшатга тушаман! Ким билади, балки бу туйғу чипқони кесиб ташланаётганда баданига теккан тиғдан бемор юрагига тушган ғулғулага ўхшар… Балки сен ўша тиғ ва менинг шифоим сендандир! Балки ҳақиқатан ҳам ўзимни йўқотиб, бахтимни топарман… Унда бахт кимники бўлади? – билмайман!..
Инсон инсонни бундай севмайди, инсон инсондан бундай нафратланмайди!.. Сен менинг камолиммисан – билмайман – заволиммисан?..
Наҳотки, кўнгил, ақл ва вужуддангина иборат хилқатнинг жодусига шунчалар гирифторлик мумкинса? Ахир, мен ўн саккиз ёшли бўз йигит бўлмасам, ғўр эмасам… Қайдан бу янглиғ паришонлик, ожизлик, вайронлик, адолик?!.. Йўқса, кўксимизга илоҳий оҳанграбонинг жойлаштирилганлиги чинмидики, биз бунчалар бир-биримизга талпинмасак? Нима бор сенда? Нима яширинган менинг бағримда? Шу тобда ёнимда бўлсанг, эҳтимол, борлиғингни қийма-қийма қилардим: сочардим… отардим чор томонга, токи, ортиқ мени қийнамагайсан, умрим борича сарсон қилмагайсан…

Туйғу…
“Қани нима бўларкан” дея мен унинг ён-верини айлантириб кўра бошладим. “Ҳа!” деганда туйғу-да тутқич беравермади. Жаҳлим чиқди ва қулоғидан тортиб қафасга – шаклга солдим. Бошқача айтсак, мен туйғуни қават-қават ва зил-замбил мисралар юки билан бостириб қўйдим:
“Эркак аёлни ютоқиб ўпаркан, ўзини оғир хастаю бўсаларни дарддан фориғ этувчи бирдан-бир доридек қабул қилди… Ниҳоят, аёл пичирлади: “Бирон нима десанг-чи?” Эркак “Сўзга не ҳожат!” дегандек бош чайқади. Лекин бир пасдан сўнг “Балки унинг илиқ сўз эшитгиси келаётгандир…” хаёл қилиб, беихтиёр “Сени севаман!” деди. Аёл ижирғанди: “Мени ўн беш ёшли, “севаман” сўзидан қизариб-жўшиб кетадиган қизалоқ деб ўйлаяпсан, шекилли. Наҳотки, тузукроқ бошқа сўз айтолмасанг!”
Орадан фурсат кечди. Эркак ўзини ноқулай сезиб юрди. Ўзини олиб қочиб юрди. Учрашиб қолишганда ҳам аёлни қучмади, эркаламади. Бироқ айнан шу паллада ўзаро муносабатларининг яна-да оташин тус олаётганини пайқади. Бу ҳол аввало, қарашларда зуҳур этти, яъни қарашларнинг умри узайгандан узайди. Қолаверса, ҳар иккиси-да сўзга зеб бера бошлашди. Ўпишиб юришган вақтларида бунчалик эмасди. Энди улар ишқий мактубини севгилисига китоб қатига яшириб берган ўспиринлардек қалбда тобора авж олаётган эҳтиросларини сўзга ўраб тортиқ қилишга ўтишганди. Замирига оташин туйғу жойланган ҳар гўзал каломдан сўнг эркаку аёл ўзларини енгил ва енгил сезишарди. Кунларнинг бирида магнитафондан таралаётган инглизча қўшиқни аёл ихтиёрсиз равишда эркакнинг кўзларига боққанча таржима қила бошлади:

Тўлқин соҳилга чиқариб ташлаган
балиқдек типирчилайман.
Ёнгинамда уммон… талпинаман!
Осмонга ҳар сапчиганимда
Долғалар шабадаси бўғзимни қитиқлар,
Интиламан уммон сари, сен сари –
Озодлик сари!..

Эркакнинг қалби жимирлаб кетди. Атрофда одамлар борлигига ҳам қарамай, дадил бориб аёлни даст кўтарганча лабларидан ўпди. У шу лаҳзаларда ниманидир, “Мен сени севаман!” деганда туйиладиган туйғудан чуқурроқ, каттароқ ниманидир ҳис қилгандек бўлди…”
Бас! Яна давом этиш мумкин, бироқ бу теранлашиш дегани эмас. Қолаверса, бир савол қулоқнинг ичига кириб қолган ҳашоратдек миямда чир айланмоқда, қийнамоқда мени: “Наҳотки, фироқ чўзилган сайин муҳаббат алангаланиб зўр изтиробга дўнгани баробарида йўл-йўлакай бир чимдим илоҳийликка ҳам йўғрилиб олса?! Наҳотки, сенинг кўзларинг қаърида, жуда чуқур бир жойда аҳён-аҳёнда жилва қилиб қўядиган ва мен Яратганнинг бир лиқоси деб инонадиган, авайлайдиган, суянадиган ЎШАЛ БОРЛИҚ бор-йўғи тийилган эҳтиросдан тўраган САРОБ бўлса? Наҳотки, мен шу йўсин алданган, адо бўлган эсам!..
— Етар! Сен ҳикояга қайт! Кейин-чи, кейин нима бўлди?
— Кейинми? Кейин аёл онасини узоқ вақт ичикиб-ичикиб кутган боладек илҳақ эди – эркакнинг пинжига сингиб кетди ва изтироб-ла шивирлади: “Мени қийнаб юбординг!..” Эркак лабларини аёлнинг қулоғига яқин тутиб “Фақат сенинг ҳузурингдагина мана шундай ҳаяжонланаман, фақат ҳаяжонланганимдагина яшайман! Мен гўё ёлғиз эмасман…” деди. Аёл бошини кўтариб қаради ва кўзларига ёш қалқди…

Олис-олислардан таралаётган қўшиқ тобора яқинлашиб келиб, ниҳоят, шундоқ қулоғим остида янгради. Кўзимни очганимда зиёни кўрдим ва у қўшиқ оҳангига уйғун эшилиб яшаётгандек эди. Гилам устидаги ҳаракат диққатимни тортди: нур ва соя гўё бир этак болалар каби ўмбалоқ ошиб ўйнаётганди. Уларнинг изига тушдим: деразага, ортдаги улкан дарахтга, қуёшга боқдим. Юрагим ҳапқирди. Ўрнимдан аста туриб дераза қаршисига келдиму парда четини сурмоқчи бўлганимда, унинг ҳам манзарага муносиб тарзда ҳилпираётганини илғаб ҳайратландим. Суқланиб шохларида қуёш пишаётган дарахтга такрор боқдим. Гўё ўз гўзаллигига маҳлиё бўлиб майин тебранаётган япроқларни кузатдим, ҳаяжонландим. Шошиб дераза қанотларини очдим… Бир зумдан сўнг ўзимни дарахт пойида кўрдим. Лайлига термилган Мажнундай дарахтнинг оёғидан бошигача нигоҳим-ла аллаларкан, эсимни унутдим. Ички зўр тўлқиннинг измига бўйсуниб, дарахтнинг бағрига ўзимни ташладим. Унинг серажин юзига силлиқ юзларимни босганча титрадим… Қаердадир, жуда чуқур бир жойда азон саслари янгради…

Яна ёмғир, яна илиқлик, яна туйғулар – ширин оғриқли ҳислар жунбиши… Яна хаёлим пароканда, фикрларим тўзиқ… Яна мен ўзимни ўзим тополмайман… Ич-ичимда чангиётган оламлар ичра энг муҳимини излайман… Улар ниманингдир сояси каби тутқич бермайдилар – қийналаман! Ҳатто сен борсан-у йўқдайсан… Узоқдаги яқинларимни соғиндим, бироқ ҳузурларига боришга истак йўқ. Соғлом мантиққа зиддек туюлган ушбу ҳол устида бош қотира бошлайман. Бироздан сўнг ўйларим ҳам тўзғиб кетади – ҳассасини йўқотган кўрдек пайпасланаман, чарчайман. Ниҳоят, кемага кечикиб, соҳилда бир ўзи сўппайиб қолган одам мисол шалпаяман, ҳафсалам пир бўлиб ўтираман, тинаман… Шу пайт қулоғимга қандайдир шитирлаган сас киради, танимга, ақлу туйғуларимга илиқлик югуради – қичқириб ўрнимдан туриб кетаман: ЁМҒИР! Худди жаллоднинг нақ ойболтаси остидан тирик чиққан ва шу оннинг ўзида озод бўлгани эълон қилинган маҳбусдек севинаман: ЁМҒИР! Унинг шивирига осилиб ташқари чиқаман… Кўзларимда орзу ўйнайди: узоқ-узоқларга кетгим келади… Лекин… лекин очиққанимни сезиб ошхонага қайтаркан, хўрлигим келиб, йиғлаб юбораман…

Сенга нима керак, эй Мен?! Нега мунча ўзингни ўтга-чўққа урасан, ўртанасан, азоб чекасан? Хўш, сени қийнаётган нарса нима? Мақсадинг нима эдию манзилинг қаён бўлмоқда? Қалбинг нима истайдию қўлинг нима иш билан банд? Номувофиқликми сени пароканда қилаётган ёки нафсинг?
Қачон сен муваққатликдан қўл ювасану ўзимга – ўзлигингга – мангуликка қайтасан? Сени соғиндим! Қачонгача худди бегоналардек юрамиз? Қачонгача кўнгилга, демакки, ўзингга қарши борасан? Қачон ўша бахтли давр – кўнгил даври келади? Қачон сен расмий унвонлар жодусидан воз кечиб, ўзлигингга қайтасану ҳақиқий ҳаётингни бошлайсан, қачон?!..

Ёдинг мени қафасга солди. Қучоғимда тўлғонажак аслинг эса озодлик сари очилгувчи эшик бўлиб кўринди. Мен ундан воз кечдим — билмадим нега?.. Агар ақлу ҳушим юрагим қадар бақувват чиқмаганда, асримизнинг мажнуни, шубҳасиз, мен бўлардим. Бироқ мажнунлик ортиқ ҳавас эмас, мен аллақачон ўз оламимда васлинг ёдида телбавор кезинаман. Баъзан ҳатто васлингни унутиб, тортаётган ғамим кенгликларида адашиб ҳузурланаман…
Муҳаббатинг мени паришон этди. Сен ўзингнинг мавжудлигинг-ла режаларим битилган ҳушимни чил-парчин этдинг-да, ўзингнинг дастурсиз дастурингни қабул қилдирдинг. Севги – мақсадларим йўлидаги ғов! Айни пайтда, балки у барча муродлардан юксакдир… билмадим…
Сен!!! туфайли ҳатто ақлимга ҳам севги кўчиб ўтди. Сени ёлғиз юрак билан севиб бўлмас. Сен ундан каттароқсан, кўпроқсан. Шунинг учун юрак ушбу маросимга ўз яқинлари билан келишга мажбур. Ўтмишу келажагим ҳозирда тўпланган, ақлу ҳушим қалбимнинг уйига кўчиб ўтган, мусибат кунлари юрак билан бир тану бир жон бўлган, ҳаммаси якдилу якжон бўлиб мега айланган каби… Мен эса мисоли олов – тилларим билан Сен – Осмонга ишқимдан достон сўзламоқчи бўлгандек тўлғонаман… Кўзларимдан пинҳон бўлишинг ҳамона сени йўқотиб қўяётгандек довдирайвераман. Сен гўё мендан мангуга узоқлашиб кетаётгандек туюлаверасан. Хаёлинг – ич-ичимда тинимсиз чалиниб турган маҳзун куй! Уни эшитиб роҳатланган сайин изтироб чекаман, азобланаркан, севинаман…
Агар ҳозир ҳузуримда пайдо бўлсангу пойингда тиз чўкмасам – тил тортмай ўлай! Ҳайҳот, қани менинг менлигим, ғурурим, шаъним? Эй Худо! Қарамайсанми, дунёи расвонгда нималар бўлаяпти? Ахир, йигит умрим куйиб соб бўлди-ку! Қани Сенинг ёдинг? Қани Сенинг ҳузурингда берган ваъдаларим? Ахир мен Сенгагина сиғинаман ва Сендангина ёрдам сўрайман, деб онт ичмаганмидим! Қани энди менинг аҳду паймонларим, кўнглимни тутиб турган иймоним?! Нега менга бундай жазо? Нега менга мендан чексиз қадар кучли рақибни рўбарў қиласан? Нега мағлуб бўлишимни била туриб, мени жангга ундайсан, “Ғолиб кел!” дея масхара қиласан?..
Ниҳоят, мен аламдан аччиқ-аччиқ йиғлаяпман. “Мен енгишим керак эди!” дея дод солаяпман! Эй олам, боқсанг-чи менга, боқиб тасаннолар айтсанг-чи! Ахир ҳеч қандай аслаҳасиз, бунинг устига оёқ-қўлига кишан урилган ҳолда тиш-тирноғигача қуролланган лак-лак қўшинга қарши келганим учун эмас, балки ундан енгилганим учун аламдан кўтарилган фарёдимни кўриб севинсанг-чи!..
Олдимда сенсиз ўтмоққа шайланган баланд бўйли кун. У шусиз ҳам нотекис йўлимда пайдо бўлган тоғ – тўсиқдек керилган. Шусиз ҳам кучдан кетиб, фақат қурб-ла қолган борлиғим тоғни ошиб ўтишга маҳкум! Сен мисоли ватан – йироқ тушсам, соғинчдан қуриб битаман! Сен худди олов – яқинлашсам, куйиб кул бўламан! Узоқлашсам, совуқ қотаман, меҳринг тафтини қумсаб талпинаман! Сен қалбимнинг ҳали ҳеч ким етиб бормаган пучмоқларини тўлдирмоқдасан. Ҳар сафар сенга яқинлашарканман, гўё илк мартадагидек ҳаяжонланаман…
Сени ўпаётиб эса негадир ўлгим келмайди… Аслида, ўлиш ҳам инсон вазифаларидан — юмушларидан бири эмасми? Чиройли ўлим топиш, ўларкан ўлимга тайёр бўлиш энг муҳим ишимиз эмасми? Менинг эса ўлгим келмайди -ҳар сафар сени ўйлаганимда, сенга дуч келганимда. Сенинг валинг ўлимникидан гўзалроқ ва жозиброқ туюлади… Лекин қачондир ўлишим кераклигини биламан. Бас, шундай экан, у вақтгача мен сенинг руҳингга кўчиб ўтаман ёки сен менинг. Бунинг фарқи йўқ. Ахир ҳаётда ҳам севишганлар бир-бирининг уйига кўчиб ўтишади-ку — бирга яшаш учун! Ўлим билан юзма-юз келаркан, бир-бировингнинг руҳингга кўчиб ўтиш қандай яхши!..

Ниҳоят, мана, кун бўйи қўлимни тутган ишдан кетдим. Бўшман бир қадар. Энди бемалол ўтириб, ичимни тўкиб солишим, сўнгра тузукроқ – соғломроқ иш билан шуғулланишим зарурдек. Ҳа, мен шу пайтгача ҳамма нарсани кўриб юрган соқов эдиму, Худо ёрлақаб, тилга кирдим гўё. Энди мен минг йиллик тўғонни уриб кетган сувдек тошаман… Қани ҳей, борми бу озод сув садосини эшитгувчи Қулоқ?!..

Яна тутилдингми нотавон кўнгил? Яна ўшаларми – уйқусизлик, ўртаниш, тўзиш… Ахир ёшинг ўттизга яқинлашди. Ўзинг эса бундай қозиққа бир эмас, бир неча бор қоқилдинг. Қани тажриба, қани хулоса? Гапирганда, ёзганда… бутун ҳаракатларингда олим мисол моҳиятдан келиб чиқасан, сифатларга алданмайсан гўё. Бироқ бу нимаси тағин? Ким қўйибди сенга севишни? Қани сенинг бойлигинг – муҳаббат дардида ёниш учун имконинг? Қани фурсат, қани давлат? Қани сенинг маънавий ҳаққинг? Ахир, бир томонда оила, бола-чақа бўлса, бошқа ёқда тишини қайраб турган қашшоқлик…
Мажнун бўлиб даштга чиқиб кетай десанг, унинг мажнуна бўлиб орқангдан эргашишига ишонмайсан!.. Шунга қарамай, уни севасан, уни дейсан, унга талпинасан… Оҳ, ҳеч қурса, ақлим қўйиб юборганда эди, жинни бўлиб қутулардим. Кўчаларда исмингни айтиб бақирардим, дардимни сўйлаб йиғлардим дуч келганга ва шу кўйи енгил тортардим. Йўқ, бағрим лов-лов ёнаётган эса-да эс-ҳушимни йўқотганим йўқ. Балки фожиам шундадир… Ақлим занжир каби чирмалиб қимирлатмай қўйгану шу ҳолимда мени илонлар, чаёнлар чақаётгандек. Тўлғонаман, лекин мустаҳкам ҳалқаларни парчалашга кучим етмайди. Ҳатто ниш ураётган қорақуртни олиб ташлашга-ям имконим йўқ…
Эй аёл! Шунча қудратли бўла туриб сени севаманми? Шунча кучли бўла туриб азоб чекаманми? Ҳаммасини – оқибатни биламан, чил-парчин бўлиб синишимдан, ойлаб, ҳатто йиллаб паришон довдирашимдан хабарим бор. Бироқ барибир, сендан воз кечмайман – кечолмайман… Ниҳоят, эй Худо! Сен аралашгансан бу ишга! Йўқса, борса-келмас йўлга ўз ихтиёрим билан кирармидим?! Ё Олло… ё азоб… ё жоним… ё эрким…

…Негадир ўзимга-ўзим худди буюмга қарагандек беписанд қарадим. Ойнадаги аксимга тикиларканман, ғалати тошни умид-ла кечираётган заргар каби диққатим ошди. Ўз-ўзимга “Қизиқ, қачон ўларканман?” деб савол бердим. Кейин эса “Энди бу машина-вужудни қаерда, қай бир ишга хизмат қилдирсам экан?” деган фикр хаёлимдан кечди.Негадир ўзимни қулдек эзиб ишлатгим, ўтга-сувга аямай отгим, парчаланиб кетгунча елиб югуртиргим келди…
Бас! Ортиқ ҳеч нима дегим келмаяпти. Бу туйғу гўё эрталабгача мен билан бўлган аёл васлидек меъдамга тегди. Ўқ томиримга совуқ шамол урилган сингари сездим ўзимни, эътибор берсам – ҳимоясиз қолган эканман. Ишдан бўшашнинг нималигини энди тушунгандек бўлдим. Иш – инсоннинг ҳимоя тўни экан. Мен ўзимни қаҳратон қишда кийими ечиб олиниб, кўчага қувиб солинган одам мисол ҳис этдим. Шунда кўпчиликнинг бири эканлигимни англадим. Ва чидаб бўлмас шиддат билан ўзимдан нафратландим. Бироз аввал ойнада акс этиб турган аксимга боқиб, уни ўлгудек қийнаб ишлатгим келгани бежиз эмаслигини англадим… Негадир оёқлари узун, малла сочли қизни тағинхоҳладим…

Сени кўргим, сенга нималарнидир айтгим, сендан эшитгим келди. Вақти-вақти билан кўзларинг уммонига бир муддат ғарқ бўлсам, пишқирган тўлқинлар ҳаяжонини туйсам, бас! Мен яна кураш учун – ҳаёт учун ўзимни тайёр сезаман. Ҳузурингга шунинг учун – яшашга изн берувчи кайфият олиш учун келишимни билсанг, мен учун ўзингни ким эканлигини тушунардинг бир қадар, балки…
…Оллоҳим, ҳис қилиб турибман: Сен мени эшитяпсан, кўряпсан, азобларимдан воқифсан! Сен менинг жону танимдасан, шодлигимда, қайғумда ҳокимсан, ёрдам эт! Неки ёздим, Сен туфайли, Сенинг борлигингдан илҳомланиб ёздим. Ахир, инсон орзуларини – оғриқларини билгувчисан! Бироқ узоқдасан, шу даражадаки, йўқдайсан?!.. Ҳайҳот!.. Шўрлик бошимга нималар тилаб ўтирибман ўзи? Мен буларни ёзмаслигим керак эмасмиди?..

Ўғлим қийналиб ўлди… Ўлими олдидан дўхтирлар унинг аъзойи баданига санчилган анжомларини суғириб, “Ҳозир жони чиқади, сўнг олиб кетаверасизлар”, деди. Улар ўзларини худди бизга болани соғ-саломат топшираётгандек тутарди. Ҳаммасини ёппасига бир калтаклай дедим-у, Худодан кўриб, ўзимни босдим. Боланинг эса ҳа, деганда жони чиқавермади. Узоқ кутдик, чамаси икки соатча. Чақалоқ бирдан кўзларини катта очиб менга қаради, гўё мен соҳилдаману у эса қутурган дарёнинг ўртасида оқиб кетаётгандек қилиб қаради, жовдираб қаради. Жоним ҳалқумимга келди. Мен илк бор ўзимни қурбон қилишга тайёр сездим. Ўғлимнинг ўлимида ўзимни айбдор ҳис қилдим, ичикиб оғридим…
Уйга келдик, маросим бошланди. Ювишдан олдин аёллар исмини сўрашди, исмсиз кетмасин дейишди. Биз ҳали исм қўйишга улгурмагандик. Лекин Муҳаммад номли ўғлим бўлишини жуда-жуда хоҳлардим. Болам эса ўлди. Агар исмни унга берсам, менинг ҳеч қачон Муҳаммад отлиғ ўғлим бўлмасди. Бир лаҳза иккиландим, исмни қизғандим… Сўнг аблаҳлигимга ортиқ чидай олмай “МУҲАММАД!!!” — бақирдим анчадан буён оғзимни пойлаб турган ювғичларга. Негадир бориб кўпчиликка “Муҳаммад, ўғлимнинг номи Муҳаммад!” дея бирма-бир айтиб чиқдим.
Ҳамма йиғи-сиғи қилди, ҳатто бегоналарнинг ҳам кўзларида ёш кўрдим. Фақат отаси – менинг кўзларим қуп-қуруқ эди. Ҳаракат қилдим – бўлмади. Кейин ивирсиб юравердим. Кечга яқин одамлар тарқаб, ҳовлида оила аъзоларимизгина қолдик. Ой нурида ялтираб оқаётган сувга тикилиб ўтирарканман, бирдан ўпкам тўлиб, ич-ичимдан отилиб дард чиқди, чиқаверди. Ўзимни тўхтолмай ичикиб-ичикиб йиғлашга тушдим. Ҳеч қачон бунчалар тўлиб-тошиб йиғламагандим. Шундай зўр, шундай қудратли жараёндики у, атрофни унутдим. Мен йиғимга таслим бўлгандим ва у мени ўз тўлқинида оқизарди. Умримда биринчи бор йиғидан ором олдим. Кўзёшларим шашқаторди, гўё аламимга, ғамимга қўшиб юрагимни-да йиғлаб ташлайдигандай эдим. Силкиниб-силкиниб эриб борарканман, йиғининг кулгидан устун шодлигини илғаб қолганимни билардим. Ҳеч қачонтўхтамаса, дердим бу тўлқинни. Чунки ўғлимни – Муҳаммадимни ўзимда, жон-жонимда – йиғимда ҳис қилардим. Шу тобда мен йиғини бутун дунёга алишмасдим… Истамаганим ҳолда ичимдаги ғалаён секин-секин босила бориб, ниҳоят, тинди. Кўнглимга қулоқ тутдим – сокинлик. Энди ҳеч қачон йиғламасам керак, бир умрлик кўзёшларимни тўкиб бўлдим шекилли, деб ўйладим. Кейин фикр юрита бошладим: ўзимга-ўзим “Мана, ўғлим, бор-йўғи-шу, ҳатто энг яқин одаминг – падари бузрукворингнинг ҳам қўлидан келгани – шугина!.. Одамзод бундан ортиғига қодир эмаскан, ҳайҳот!!! Гўринг ёруғ бўлсин, ўғлим! Худонинг ўзи ёрлақасин!..” дедим.
Буларнинг ҳаммаси кечди ва ичим очликдан сидирилиб кетаётганини сездим. Сездиму ошхонада уймаланаётган бувижоним томон юрдим…

Ниҳоят, сен кимсан, шарманда?! Қани сенинг сенлигинг – менлигинг? Парча-парча бўлдинг-ку! Зоҳиран музаффардек кўринсанг-да, аслида мағлубсан-ку! Ахир, ичингда ҳеч нарса қолмади-ку: на тўғри чизиқ ва на унинг эгилган қомати – ҳеч вақо! Бўм-бўш, худди шоири ўлган мамлакатдай ҳувиллайди-ку юрагинг! Қўлингдан келса, уни тўқ тут, эзилма, жисмоний эмас, маънавий бошингни баланд кўтар эди! Йўқ, энди сенда юксалишга қодир ҳеч нарса қолмади, ҳатто оёқларингнинг орасидаги зорманда-да бўйсунмаса керак измингга шу тоб.
Ўзингни бозорга солмаганингдаям майли эди. Майли, солдинг. Ҳеч қурса, харидор чиқса, ачинмасдинг. Чиқмади. Сен ночорликдан танини илк бор сотмоқчи бўлиб кўчага чиққан, лекин биров қайрилиб қарамаган қиздек хижолатсан! Сен қорнингга – абгор ҳолингга бир йиғласанг, ўзгани қизиқтирмаган қадрингга минг йиғлайсан! “Дод!” де, “фарёд!” де, токи, аламларинг ичингда фасод боғлаб қолмасин!.. Аҳволингнинг танглигига қарамай, бу кунлар-да ўтишини яхши биласан. Вақт – ҳакам, йўқ, ҳаким. Дардини берган давосини ҳам берар. Бироқ, бирибир, эй Худо, нима кераги бор бундай томошанинг? Қулингман, раҳм айласанг, ожизлигим учун мағфират этсанг бўларди-ку! Балки шафқатинг шудир… мен англамаётгандирман… Майли, майли, майли… Мени савала, қамчиларингни ўпай, чангалзор узра судра, арқонларингни қучай, ғазабингга дучор қил, фармонларингга жоним садқа бўлсин!.. Фақат мени шу ҳолимча – ҳар қандай дамда Сени дея олишимча, Сени танлай билишимча қолдир! ГЎЗАЛЛИГИМЧА ол, Худойим!..

Жоним, ниҳоят, муҳими, нима эканлигини тушуниб етдингми! Наҳотки, адабиёт эмас – гўзаллик эмас, наҳотки илм эмас – ҳақиқат эмас, балки бор-йўғи сену менинг, унинг… ҳамманинг томирида югуриб юрган қон – тирикликдир ОЛИЙ ҚАДРИЯТ!
Симираётганим боғнинг ҳавоси энг улуғ бахт бўлса, не тонг! Кўзларимга уриниб, руҳим илдизини титратган баҳорнинг дийдорида Ибтидо билан учрашганим қандай саодат! Ҳа-ҳа, барчасидан, ҳар қандай давлату мансабдан, унвону шуҳратдан аввал яшамоқ зарур!..
Ҳаётнинг жон тодини билиб мулоҳаза юритарканман, не ажабки, Оллоҳни жуда ҳам яқинда ҳис этаяпман!.. Қалбим жисмимни кўтариб учар каби вужудим қафасига ўзини уради. Сенга яна нима керак, нодон? Сен ТИРИКСАН – Сен ШОҲСАН, Сен ТИРИКСАН – Сен ШОИРСАН!..

Яна ўша ҳол: “иш”ни тугатар эканман, ҳатто тугатиб бўлганимдан сўнг ичимдан сидирилиб чиқиб кетган кучим ўрнида негадир бўшлиқ рангида фарёд-дод пайдо бўлаверади. Менинг йиғлагим, аччиқ-аччиқ ўксиб роҳатлангим, шу йўсин йўқотилганнинг ўрнини тўлдиргим келаверади, боягина бутун борлиғим билан таслим бўлишга, пойига тиз чўкишга тайёр турганим аёлни энди суварак каби эзиб ташласам деявераман. Ҳар галги яқинликдан кейин мен гўё бебаҳо ниманидир бой бераётганлигимни чуқур англайвераман, аланглайвераман… Лекин, барибир, ютқазишини аниқ билишига қарамай, қиморбознинг ўйинга бўлган сўнмас ишқи янглиғ олов мени гўзал аёллар томон етаклайверади. “Бу – табиий, соғломлигимдан далолат”, дейман. Бироқ “иш” ниҳоясидаги дод-чи? У қайдан келмоқда ва у ҳам соғлик гаровими? Негадир шубҳаланаман. Эҳтимол, шаҳват эркакка мадор, яхши кайфият, хуллас, ҳаётийлик бахш этиб турган унсуру “алоқа”дан сўнг буларнинг ҳарорати пасайишидан кўнглимга фарёд тушмоқдами? Ёки бу гуноҳми? Ҳатто ўз аёлинг билан бўлсаям-а? Ёхуд яқинликдан фарзанд бино бўлиши ва унинг ҳам қисмати мусибатга йўғрилишининг муқаррарлигидан изтиробга тушган туйғунинг ваҳийсими бу?! Билмадим, билганим шуки, жудаямқийналдим…
Тилларимга тошма янглиғ нола бодраб чиқади: “Эй Худо! Нега бунча азоб, дод! Сидирғасига оғриқ… Ахир, бу адолатдан эмас, ахир бу инсонни хўрлаш, ҳақоратлаш!..” Вужудимдан шаҳват эмас, жоним чиқиб кетаётгандай типирчилайман. Дод-фарёдига қарамай, қатл учун судраб кетилаётган маҳбус каби талваса қиламан… Ниҳоят, тугайди буларнинг бари. Чарчаб кўзим илинар асно деразани бирров ўпиб, унда лабларининг изиқолган ойдин кеча бўсасининг тодини туяман. Бироздан кейин эса кўксимда пайдо бўлган ажиб бир ойдинликдан уйғонаман. Тикиламан – рангида илиқлик югуради. Қулоқ тутаман – жим-жит. Фақат бир-бирларига қоришиб эланаётган нурлар жимирлаши. Уни эшитиб бўлмайди, илғаш мумкин. Ойдинлик чорлайди. Мен эса худди олис Ватанга талпинаётган муҳожир сингари энтикаман. Бироқ кўчиб ўтишни эрталайман. У — қоп-қора кунимга аталган хазинам. Мен уни харжлашдан ва ҳеч вақосиз қолишдан қўрқаман. Одамлар орасида юрарканман, ҳамиша бош олиб кетар жойим бўлишига эҳтиёж сезаман. Ҳатто ҳеч қачон у ерга кўчиб кетмаслигимни билсам-да!..

Анчадан буён ишсизман. Қорин қайғуси… Уйда ўз қисматимнинг олайган кўзларига кўзимни лўқ қилиб қамалиб ўтирибман. Ниҳоят, жонимга тегди бу янглиғ озодлик! Устига устак, ошқозоним яна хуруж қилмоқда, бунинг ташвиши…
Шу онда ҳаёт тўғрисида ёзсам, уни бўралаб сўкишим, қора кийиб олган ташбеҳларга ўрашим, оғир жиноятчи устидан чиқарилган ҳукм рангидаги хулоса – лаънатларимни ёғдиришим мумкин. Булар қайси бир ўқувчининг ўша вақтдаги кайфиятига мувофиқ жарангласа, ҳаётнинг устидан мағзава тўкишимга қарамай, қувонади. Чунки тақдирнинг ёлғизлик саҳросида ўзига ҳамдарду хайрихоҳ топган бўлади. Энди жанг қилиш мумкин. Ҳатто енгилишини аниқ билса-да, одамзод ўзини танҳо сезмаса, ёнида шериклари, орқасида издошлари бўлса, қудратлидир: у ўлимга ҳам тик бора олади!
Лекин мен ҳаёт тўғрисида шу тобда ёзмайман. Чунки сўзлаётган одам ўз баданида тикон захмини туйса, нолиш ва фарёддан нарига ўтолмаслигини яхши биламан. Шунга – қора кўзойнак тақиб олган кайфиятимга қарамай, мен унинг қобиғини ёриб чиқаркан, ҳаётнинг барибир ширин эканлигини эътироф этавераман. Барча мусибатлару ташвишларидан қатъи назар, ҳаёт сари талпинавераман, уни ёқлайвераман, ҳаёт учун овоз беравераман!..

Эрталаб барвақт уйғондим. Деразага боқдим: ташқарида энди кўтарилиб келаётган қуёш, унинг рангин нурларида сочларини юваётган улкан дарахт, шу атрофда учиб-қўниб шодон сайраётган қушлар… Лекин негадир ботиним уларга пешвоз чиқмади. Эзилгандим, тушкуну забун эдим. Ҳамон тўшакда ётардим, ҳолбуки, илгари бундай чоғларда кўчага отилардим, ҳайратланардим, завқимни шеърга солардим. Стадионга бориб чопардим, баданимни обдон машқ қилдириб ҳузурланардим. Айниқса, келгач, совуқ сувга ювинарканман, “Ҳаёт гаштларидан бири, муҳаққақ, будир!” дердим. Бақувват мушакларимга қараб ўзимнинг ҳам ҳавасим ортарди. Сўнг очиқ дераза олдига келиб субҳидам ҳавосидан тўйиб-тўйиб симираркан, ҳар бир нафасимда олам-олам таъм, маъно, ҳаёт туярдим… Ва буларнинг ҳаммаси кечагина эди…
Хўш, бугун нима ўзгарди? Нега музтарсан, маҳзунсан, эй дил? Нимани бой бердинг ёхуд нимага эришолмадинг? Қандай кам-кўстинг бор?.. Ахир, оиланг, боланг бўлса! Ахир, дўстларинг-ҳамдардларинг бўлса! Ахир, мақсадинг – нишонинг бўлса! Ахир, узоқда сени кутаётган ва сен кутаётган яқинларинг бўлса! Нега ўртанасан? Оллоҳнинг ишқида қоврилиб чирпанаётган девонадек тилка-тилка бўласан, кўнгил? Ёки буларнинг сенга алоқаси йўқми?.. Муродинг не? Қайга ошиқасан, нима истайсан? – Беҳуда! Бекор!.. Сўроқларим эрсиз ўтаётган қари қиз каби ғариб бошини эгади, эзилади. Лекин ҳузун менга ҳужум қилишда, борлиғимни хаёлим янглиғ парчалашда давом этаверади. Гўё у – кўнгил ўз тилида нимадандир хабар бераяптию мен – ношуд тушунмайман… У шу тобда – кеч кузда – совуқ паллаларда ўзининг қоп-қора сурат ваҳимаси етмагандек, тағин қағ-қағ этиб атрофга изғиринли товуш пуркаётган қарға: қағ, қағ, қағ…

Кайфим чоғ. Таниш-билишларга нисбатан одатдагидан сертакаллуфроқман. (Буни кейин пайқаб қолиб уялдим… Унгача худди узоқ вақт ювинмай, сўнг мазза қилиб чўмилиб-тозаланиб олган одамдек енгил ва нашъали юрдим). Уйга келгунча йўл-йўлакай ҳатто бегоналарга ҳам илиқ сўз айтиш истагини туйиб турдим. Остонадан ҳатлаб эса хотинимни ўпиб, қўлидан кичик ўғлимни олиб осмонга отдим. Улар ҳайрон. “Сизга нима бўлди, қишлоққа кетяпмизми?” — севинчим хотинимга кўчди. “Йўқ!” — маъноли тиржаяман. “Унда нега бунча хурсандсиз?” — сабрсизланади. Мен ортиқча қийшанглашни ўзимга эп кўрмай дейман: “Ишга кирдим, хотин, ишга!” Дейману ичимда нимадир “жиз” этганини илғаб жимийман… Кейин ошхонага ўтиб деразани очаман-да, кесакисига суянганча қотаман: “Ё тавба! Шумиди, шугинамиди? Осмонўпар қувончимнинг сабаби бор-йўғи ишга кирганлигимми? Наҳотки, менинг каттароқ севинчим бўлмаса? Бор-йўғи иш топибману худди бутун гуноҳларини Оллоҳ мағфират айлаган бандадек шодланаман! Атиги қорнимизни боқиш воситасини беришибдию жаннатга йўлланма олган Руҳ англиғ бахтдан ҳушимни йўқотаман!.. До-о-од, фарёд! Бундан ортиқ хўрлик бўладими?..”
— Вой, дадаси, қуллуқ бўлсин, қаерга ишга кирдингиз, яхшими ўзи, ойлиги қанақа экан, гапирсангиз-чи?.. – хотинимнинг пайдар-пай бераётган саволларига узуқ-юлуқ жавоб берарканман, ишқилиб ошхонага кириб қолмасин, дея ҳадиксираганча кўзларимни кечанинг қўйнига яширмоқчи бўламан…

Ақлу дилимга не фикру хаёл келиб кетмади, дейсиз. Мен – карвонсаройу улар кетма-кет кечган юк тўла карвонлар! Ниманики қоғозга туширдим, демакки, шунга руҳий ва жисмоний имконим бўлди. Имконим бўлмаган вақтларда учиб, кечани бир ёритганчатубсизлик қаърига мангу чўккан юлдузлардек ботиним осмонини чақнатиб ёниб-ўчган фикру хаёллар ададини ким ҳисоблабди, дейсиз…Улар ўтмишга айланган бахт сингари бир пайтнинг ўзида ҳам тотли, ҳам аччиқ туйғулар қўзғаб борлиғимга сингиб йитдилар, йитмоқдалар… Худди кун келиб савобу гуноҳим билан борлиққа шимилиб кетгувчи Ўзим каби! Буни тушуниб, ҳис қилиб фарёд кўтармаслик ҳеч бир орзуси ушалмай ўлаётган одамнинг жони чиқар аснода – сўнгги нафасда лабларига чизган, чиза олган ТАБАССУМИ қадар гўзалдир, ГЎЗАЛЛИКДИР! Ҳайҳот, санъатнинг, адабиётнинг,менинг имконларим нақадар улуғ ва чексиз!..

Яна фақат сенинг юзингми дардларимга даво! Тўлиб, қийналаётган кўнглимни фақат сенга тўкибгина тасалли топаманми? Дунёдаги бирдан-бир ҳамроҳим яна сенсанми, эй оппоқ қоғоз?!.
Юзинг худди маъшуқанинг рухсоридек юрагимни титратади. Мен бечора ниҳоят ҳеч кимсиз – сен била қолдимми? Энди сенми менинг ўртанаётган жонимни қуярга жойим, маконим, Ватаним!.. Унда эшит: Мен борини тўкиб соламан, мен-да ҳеч кимни аямайман — худди мени асрамаган Худо каби… Ахир сариқ чақадан баланд бир давра топмадим! Инсонлик деб аталмиш мағзавадан юксала билган бир зот кўрмадим! Моҳиятига назар соларкансан, кўз ўнггингда ҳаммаси остин-устун бўлади, ҳаммасининг бад-башараларига дуч келасан!.. Ҳайҳот, наҳотки мен ноҳақ бўлсам? Наҳотки, дунёда ҳақиқат бўлса?.. Бор – зўрнинг зўравонлигию, ожизнинг онасини учқўрғонда кўриши тўғрисидаги ҳақиқат бор дунёда! Қолгани – бўҳтон, ёлғон… Каллакесарнинг ўз қилмишига товон сифатида тиланчининг кашкулига аҳён-аҳёнда танга ташлаши каби жирканчдир қолгани! Ваҳоланки, вақт ўтиб, каллакесар худди шу одам бошини танидан жудо қилиши мумкин!.. Дариғо! Буларнинг бари Сенга, фақат Сенга бориб тақалмоқда, эй Худо! Банданг эса ожиз. Агар каромат кўрсатмасанг, инсон ҳатто ўз орқасини артиб юришга ҳам қодир эмас. Ёмонлик ҳам худди яхшилик сингари Сендандир! Йўқса, чаласавод муллалару чалафаросат олимлар валдираётгандай “расолик Сенингу расволик менинг эмас”, асло! Бори Сеники, бори ўзингга ҳавола! Мана – мен, бир банданг: исёнкор, шаккок – чаламуллалар наздида. Бироқ мен иккиюзламачи эмасман, мунофиқ эмасман! Мен-да Сенга эргашиб борини дастурхон қиляпман… Майли, кимлардир “кофир” десин, фақат носамимий демасин, диндан чиққан десин, аммо ҳақсўздан тонган, демасин… Тўғрисини билгувчи Сенсан!
Мана – мен, ҳей дунё! Кўриб қўй, сен менинг бир лаҳзалик жунбишимга арзимайсан! Менман ўшал Қиммат! Мен! Менсиз жамики диний китобларинг – эртак, Худо ҳақида айтганларинг – сафсата! Баридан мурод – мен! Сен эса мен қолиб – инсон қолиб, кимга ғамхўрлик қиляпсан? Инсонсиз Таврот нимаю Қуръон нима? Улар менинг қалбимга юқибгина қадриятга айланиши мумкин, холос…
Бўлди, бас! Менинг самимиятиму тўғрисўзлигимдан кимга фойдаю кимга зарар? Бундай эҳтирослардан сўнг тавқи лаънат осиладиган бўйин меникию унинг орқасига яширинадиган бошлар бошқаники, – масалан, чаладиндор ва чалаолимники!..
Қизишиб кетиб, кўнглингиздаги мувозанатга путур етгазган, хаёлингизни паришон айлаган эсам, маъзур тутгайсиз. Лекин инсоф билан сиз ҳам ўз қалбингизга, рўпарангизда турган оппоқ қоғозингизга жавоб бериб кўринг: наҳотки, дунё таърифларимдан баландда бўлса!?..
Мен кўп нарсадан тонишим мумкин, фақат қалб нидосидан воз кечолмайман, уни ҳеч қурса, қамишга сўйлайман, худди ҳозиргидек. Кўнгил-ла тиллашиш дунёдаги энг олий қадрият бўлса, мен нетай? Дунё эса мендан шу илинжни – Висол дамларини тортиб олишга бел боғлаган экан, мен унга ҳақиқатни рўйи рост айтмай, яхши кўриниш учун ялтоқланайми? Ҳаммаси соз дейинми? Уни сиз айтасиз жаннат таъмасида юрганлар! Мен эса натижасидан қатъий назар “Дунёинг нуқсонлидир, Оллоҳим, унда адолатинг ўрнатилмаган. Дунёинг кўнглимга жудаям қаттиқ ботди…” дейману тағин тиз букиб, қошида юм-юм йиғлайман… “Эрка шаккоклигимни кечир, Сенга бўлган тийиқсиз муҳаббатим ҳаққи мен расвоингни, дунё каби бузуғингни мағфират айла!” – деб пичирлайману титраб-қақшаб олий фармонни кутаман. Ҳапқираман… Дод-фарёд! МАЛОЛ! Барчаси малол: ейиш — малол, қусиш — малол!!! Мана – мен, Худойим, бир банданг – А. отлиғ пиёданг ҳузурингга бошдан-оёқ гуноҳ босган кепатасини судраганчадир-дир титраб келди. Менга жазо эмас, азоб эмас, МАЛҲАМ зарурлигини наҳотки ҳеч ким тушунмаса!? Наҳотки, дунёдан-да ортиқроқ қийноқ бўлса, дўзах топилса?..
Яшашга интилувчи куч табиатан бешафқат бўлса, бечора одамзодда нима айб? Шоҳнинг ўрнини олиш учун вазир кечалари билан мижжа қоқмай фитна ҳақида бош қотирса! Икки қадрдон дўст бир-бирлари муваффақиятини зимдан кўролмаса. Кун туннинг кўксини қуёш – атом қуроли-ла чил-парчин этса, тун куннинг орқасидан пичоқ урса! Ботаётган қуёш атрофга қонлари сачраган яра бўлса. Кеча – мотам, – қора кийган фурсат эса! Оламдаги жамики нуқсонлар, мусибатлар… инсоннинг яшашга, яшаш учун аввалгисидан авлороқ, қулайроқ имкониятга эга бўлиш йўлидаги қотилликнинг ўчмас излари эса! Ҳаёт инстинкти худди туфлининг тагидан ўтиб оёққа санчилиб азоб бераётган ва киши кайфиятини ўзига боғлаб қуйган мих сингари ҳукмрон эса! Михга эътибор беришга эса кўпинча бизнинг имконимиз, фурсатимиз, ҳушимиз бўлмаса, нима қилайлик?!..
Бас! Етар!..
…Ҳозир эшигимни очиб ўн беш ёшли қиз – паризод кириб келганда эди, мен балки қарғишларимни канорга қўйиб, унга илтифот кўрсатармидим… Тушуняпсанми ўқувчи, ёзувчининг меҳнатию асарларининг қиммати қай даражада эканини идрок этаяпсанми? Ҳеч бир санъат дурдонаси фақат сен учун, сенинг манфаатинг учун ёзилмаслигини пайқадингми, ниҳоят? Дунёнинг моҳияти, ундаги барча эзгу амалларнинг илдизи ҳам шахсий манфаатдорлик булоғидан сув ичишини англадингми?..
Бундан юз ўгириш носамимийлик ва заифликдир. Ана қўҳликкина хотиним нозланиб ухлаяпти. Мен эса истагимга қармай, унга яқинлашмайман. Деразам тагидан ўтиб турган гўзалларни кузатаман, улар изларини ўпишга тайёр сиқиламан… Ваҳоланки, ҳамма мени хушахлоқ ва виждонли дея билишади. Менинг ҳам ўз ўрнида бундай текин ёрлиқлардан воз кечгим келмайди, бироқ ёлғончилик ва носамимийлик баттар азоб берса, яна нима қилай?!..

Туш кўрибман. Нимани кўрганим шу тобда эътиборимни тортгани йўқ. Балки айби учун олис ва қаровсиз юртга ҳайдалган гуноҳкор ўлароқ ўзимни ҳис этиб уйғонганим ғалати таъм янглиғ бутун борлиғимда сезилмоқда. Яъни тушим – асл ватаниму ўнггим – қилмишимга яраша жойим, бадарға этилган жазо еримдек! Ажаб, менинг шу лаҳзаларда ватанга қайтиш ишқида қанчалар ёнаётганим қўлимга қалам тутганимдан ҳам маълум! Ахир, кўз очиб дуч келганим дунёда менинг йигирма саккиз йилдан бери орттирган ўз оламим мавжуд. Ота-онам, оилам, дўст-ёрим. Яна ишим – ўрним, тажрибам – қувончу кадаримдан тўраган асарларим… бор. Шунга қарамай, мен буларнинг барчаси қошига қайтганимдан қатъи назар кўнглимда фараҳ йўқ. Аксинча, бағрим ўзга бир ватантупроғига қайтиш истагида ўртанади…
Кўнглим банд. Ҳар на қилдим, қийнаётган туйғуни қусиб ташлай билмадим. У гўё бир-бирига кириб-чирмашиб кетган ип ўрамию мен ундан битта-битта жумла тортиб олаяпман. Бироқ ҳалигача ўрамга гўё қўл тегизилмаган, у бус-бутун каби. Мен эса уни охиригача ечмоқ-ёймоқ истайман. Худди кўнгли айниётган кишининг қайт қилгиси – бандликдан халос бўлгиси келгандек. Балки шошилишнинг ҳожати йўкдир. Бу ўринда суръат ўлимга интилиш-ла баробардир, эҳтимол…
Уф… Туйғу-да қочди. Мен худди бутун эҳтиросини аёлни эркалаб қўзғотишга сарфлаб, асосий ишга келганда чарчаб, оёқлари ораси шалвираб қолган эркакдек иш тутдим ҳозир. Яъни узоқ вақт туйғунинг атрофида ўралашиб, унга бошқача – янгича тарзда ёндошишга қизиқиб кетиб, ўлжани қочирдим. Туйғу панжалар орасидан сирғалиб ўтиб кетган балиқдек мени доғда қолдирди…

Айтган ашёсини олиб беролмаганим учун хотиним юзимга аччиқ-аччиқ гапириб, ҳовуридан андак тушгач, ўғлимни кўтарганча ташқарига чиқиб кетди. Мен эса ичкарида қолиб, уни тушунишга уриндим: одамзоднинг табиатида янги ва янги нарсаларга эгалик қилиш ва уни кўз-кўзлаш ҳисси мавжуд. Жумладан, эндигина харид этилган нарса инсоннинг ич-ичида вижиллаб тинчлик бермаётган эҳтиросини босади ва у енгил тортади. Ахир, менинг ўзим ҳам ана шу ҳолга такрор-такрор тушганман-ку! Ҳай майли, бу – бошқа мавзу. Ҳозир менга таъсир қилгани – қўлимнинг қисқалиги. У ботинимни бир силтаб ўтди. Лекин на илож? Қанча тиришмайлик, Худонинг ота-боболаримизга берганидан ортиғига муяссар бўлиш қийин экан. Бу йўлда на ақл ёрдам бермоқда ва на тадбир… Фақат меросу Яратганнинг сийлови… Бошқа ҳолларда оддий кечинмаклик ҳам ҳаёт ва мамот жангига киришни тақозо этмоқда! Ҳаромхўрлик, ғирромлик… ҳалол олишув бўлмай, орқадан пичоқ уришдир…
Шуларни қоғозга тиркадиму шаҳарнинг шовқини кириб турган очиқ деразадан ташқари боқдим: оқшом тўр солаётган пайт. Рўпарадаги дарахтлар салобатли кийимларида солланади, гўё кимнидир, ниманидир кутаётгандек. Узоқ-яқиндагичигирткаларнинг овози гўё жанг майдонида чор томондан пала-партиш учаётган найзалар каби ҳар ёқдан ёғилади. Хотинимнинг хархашаларига қоришган ташвишларим чекилиб, ўрнини ўзга бир олам эгаллай бошлайди: севинаман. Пастда-кўчада визиллашларидан муҳим ишни ҳал этиш учун шошиб-учиб-ёниб ҳар тарафга ўзини ураётган машиналар худди дайди елдан бесамар тўзиб турган мезонлар каби ғашимни келтиради. Негадир уларга ачинаман…
Шу кеча мен ҳеч қанча ухламадим. Шамолда бир маромда шовуллаб турган дарахтларнинг очиқ деразамдан кираётган қўшиғи мени барвақт уйғотди. Узоқ, жуда узоқ тинглаб ётдим… Ва шу чоққача ёзган қўшиқларимнинг ҳаммаси дарахтзорнинг шовуллаши қаршисида ҳеч эканлигини идрок этдим… Ич-ичимдан ғалати, туғён тўлқини отилиб чиқди-да, ўзимни ҳам оқиза кетди. Мен бору йўғимдан айрилдим, жудо бўлдим. Агар бастакор бўлганимда эди, ягона қўшиққа умримни бағишлардим. Уни тинглаган киши дарахтзорнинг ўша кечаси очиқ деразамдан ёғилган нидосини эшитар ва эҳтимол, у ҳам менинг каби янги бир қўшиқ куйлашга эҳтиёж сезар, ўзининг бутун ўтмишидан, қилиб юрган ишидан… қониқмас, кўнгли ҳапқириб, фарёд солиб, ўзини шовуллаётган дарахтзор бағрига ташлар, шу вақтгача эшитган ва ўзи куйлаган қўшиқларнинг ўткинчи ва таъмагир ташвишлардан бино бўлганини чуқур идрок этаркан, типирчилар, барча оламларнинг мазмунини ўзида жо этган қўшиққа ниҳоят ошно қилгани учун тиз букиб Оллоҳга шукрона айтиб йиғлар, онадан қайта туғиларди…

Бугун ёзувчиларнинг бадбашараларидан кўнглим айниб, уйга қочдим. Талабалик пайтимда илмини қилмай, бири-бирининг орқасини чуқулаган, мансаб, манфаат талашиб умри ўтаётган айрим олимларнинг сассиқ давралари нафасимни қайтарганди. Муҳими – олимлик эмас, одамлик экани тўғрисидаги узун ўйларга гирифтор қилганди. Ушбу шарафга эришган зотларни бахтли кунларим қадар оз учратганим мени ҳайратлантирганди…
Мана, таниқли ёзувчилардан бири. У минбарда ўз асарларининг фазилатларидан эриш туюладиган даражада вайсаб, “афсуски, уларни ҳеч ким ўқимаяпти, халқимиз молга айланмоқда, у савиясиздир!” деди. Тўғри, савияда гап кўп… Ҳар бир асар бўйига, афт-ангорига, “мен”ига, сажиясига эга бўлади. У ҳам гўё тирик организм, одамдек яшайди. Асар мутоала этаркансан, гўё янги бир киши билан мулоқотга киришасан. Лекин ҳар дуч келган билан муносабатда бўлинмайди-ку! Бунга имкон бўлган тақдирда ҳам инсоннинг ботиний диди ҳар ким-ла учрашувни ёқламайди. У танлаб яқинлашади, танлаб яқинлаштиради. Ахлоқ ё ақл энди аралаша олмайди. У ёғи демократия – ҳар ким ўзига ёққанга овоз бераверади. Шу мантиқдан келиб чиқсак, шўрлик ёзувчининг ўз савиясига ачинасан, киши… Қолаверса, унинг шу тобдаги аҳволи бозордаги чайқовчининг ўз сақичини мақтаб жар солишига жудаям ўхшарди. Майли, тарғиб қилсин, фақат бир санъаткор бўлиб, санъаткор даражасида адо этсин эди бу ишни. Аммо мен орадаги фарқни кўрмадим, қанча истмайин, уни тополмадим… Эй, қайси бир чекка қишлоқда, товуқ катагидек кулбада хаёл ва ҳавас беланчагида ўтириб қоғоз қоралаётган укахон, сингилжон! Кўзингни, ботининг кўзини каттароқ оч! Боқ! Кўр буларнинг ҳолини:телевизорда ялтир-юлтир товланадиган, китобларда артистлардек суратга тушадиган “буюклар” аслида ожиз ва “манман” бақироқлар эканини ҳеч бўлмаса, қулоқларинг эшитсин! Ва санъаткор бўлиш эмас, инсонлик бирламчи эканини туй! Ижодкорга айланган, лекин инсонлик шоҳсупасига кўтарилолмаган манави олифта камбағалларнинг асл қиёфасига тикил! Уларда хокисорликка эврилган шуҳратпарастликдан ўзга ҳеч вақо йўқ! Ахир боқ, такрор боқ! Ва энди-да ниятингдан қайтмасанг, бўл — ёзувчи, шоир, рассом… Фақат сен уни янгортмоғинг шарт, худди қуёш чиқиб зулмат кўксини чок-чок қилгани каби сен-да санъаткор бўлиб, аҳли изтироб бўйнидаги тавқи лаънатни парчалашинг, унинг ҳам қаддини тиклашинг зарур! Йўқса, сени-да ўша манзил – сўнгги МАҒЗАВА уммонига айлангувчи йўл кутмоқда! Танла!..
Улар (жумладан, мен ҳам!) ўз кабағалликларидан, чўнтагида пули йўғ-у юрагида жасорат қайнаб ётишидан, асарларидан лоф уриб-гупурганча сени сохта зоҳидлигига маҳлиё этмоқчи бўлади. Сен эса ишонма ёлғонларга! Ҳақиқат шундан иборатки, улар ночор! Лекин такаббурликлари боис буни тан олмайдилар. Турли сафсаталарни туғиб берган иложсизликларини йўргаклаб, сенга асар дея тақдим этмоқдалар…
Тўғри, бечоралик, камбағаллик айб эмас, лекин улар айтгандек фазилат ҳам, қаҳрамонлик ҳам эмас! Фақирлик худди менга калликни раво кўргани каби Оллоҳнинг бандаси юзига тортиб юборган шапалоғидир. Фақат уни биров мукофот, биров мужазот ўлароқ қабул қилади.
Фақирлик – давоси қийин дард. Фақирлик сен томон уча келаётган ўққа “кўксингни яланғочлаб тут!” амридир. У бағрингда ухлаб ётган имконларингни тунда билдирмай бўғизлаб кетган жаллод! Фақирлик — жон таслим қилаётган ўғлингга сен сотиб олиб беролмаган дори! У — бошқоронғиликда кўнгли мева тусаб, йўлингга илҳақ бўлиб ўтирган хотинингнинг дам умидвор, дам умидсиз нафас олаётган кўзлари! Фақирлик – оғриқ, изтироб, мусибат… У – бахтсиз тасодиф оқибатида узилиб кетган қўл-оёқларингдан кейин қолган парчанг – думалоқ гавданг янглиғ иложсиз. Фақирлик худди шу гавданинг бош қисмига санчилиб ботиб турган кўзлар каби мўлтирайди, вужуднинг ўзи сингари судралади. Фақирлик изҳор қилинмай қалбингда музлаган олов – ишқ. У маҳрумлк, танлаш имкони бўлмаган аламзада. Фақирлик мисоли сўқир – тутганини қўймайди. У ота билан бола, ака билан ука, эр билан хотин, қариндош-уруғ, қўни-қўшни орасидан ўтиб турувчи қора мушук. Фақирлик -юлдузингга етмаган қисқа қўлинг – армонинг, доду фарёдинг, ёлғизлигинг… То тирик экансан, у сени тинч қўймайди, бошинг учун катта пул олган киллердек орқангдан изма-из юради, қулай фурсат пойлайди. Камбағаллик санъаткор учун ҳам ўта хавфли. Чунки у — Таъма деб аталувчи фарзанд туғиб беришга қодир махлуқ. Сен эса жажжигина мавжудот атрофида парвона бўлиб, яланғоч баданини ўрайман дея асарингдан кийим тикиб яшашга мажбур қолишинг мумкин… бир умр…
Бироқ, барибир, у ҳамма нарса эмас! Асло! У инсоннинг қўл-оёғига, имконларига кишан ура олади-ю юрак ва ақлини жиловлаб билмайди. Камбағаллик одамзоднинг қуёш билан муносабатига чегара ўрнатолмайди. Унинг олам-ла мулоқотига, дийдор кўришувга – ВИСОЛга монелик қилолмайди…

Эрталаб дарахтларнинг мудом саждадаги бошларига қуёшнинг қирқ минг зар кокили ажиб бир марҳамат янглиғ тўкилиб солланар экан, қушларнинг завқдан энтикиб чийиллашлари мени-да уйғотди. Туриб ташқари чиқдим ва яқиндаги боққа кириб ўтирдим. Пастдан юқорига қаралганда, дарахтлар осмоннинг мовий рангли кўксига санчилибунутилган зангори ханжарларни эслатади. Яна улар ўзаро қўшилиб кетгандек… Шу пасда қушларни дарахтлардан, дарахтларни эланиб чангиётган қуёш нурларидан, нурни мусаффо ҳаводан… ҳаммасини эса мендан ажратиб бўлмасди. Кўзим тиниб, ўзимни унутиб йўқотдим…
…Топганимда, кўнглимда янги узилган олманинг муздек сувда эндигина чайиб олинган юзидаги яшангликни илғадим. Ниҳоят, қайтарканман, бомдод намозини ўтказиб юбормаганимни туйдим… борлиғимда…

Ухлаб турдим: Одатдагидек жисмимнинг ҳолатига эътибор бердим: бу сафар ҳаммаси жойида. Чарчоқлар чиқиб кетган, руҳим-да вужудим янглиғ тетик. Ўзимни худди соҳибжамол қизни кутиб олгандек қарши олдим – умид билан, ҳаяжон билан… Мен албатта ундан фойдаланиб қолишим зарур! Чунки мен айни дамда ўзимга тегишлиман – Менман! Демак, бахт ҳақида ортиқ ўйлашнинг, орзу қилишнинг ҳожати йўқ. У мен билан! Олаётган ҳар нафасимдадир бахт!..
Шуларни ёздиму тўлиб қолгани учун оловга ташлаб, ўрнига – стол устига янги дафтарни олиб қўйдим… (Қани энди шундай қилсам эди, шундай қилишга қодир бўлсам эди…)

Тушимга тап-тайёр бир асарнинг жон-мағзи рамз шаклида кирибди. Ажабо, бош қотириб ҳеч нарса қўшишнинг ҳожати йўқ. Фақат борлиғимда муҳр янглиғ қолган туш аксини – таъмни сабр-ла сўзга ағдаришим зарур, холос. Бор-йўғи – шу. Нафсиламрини айтганда, бундай тортиқлар мени қувонтиради. Ғайб олами билан мулоқотга киришиш бахтига муяссарлигимдан ғурур туяман. Лекин тушнинг мантиғи анчайин аччиқ. Кошки кўрмасайдим! – дейман ўзимга ўзим. Унда содир бўлишича, мен қирғин бўлаётган, қонлар оқаётган майдонда қочиб кетаяпман. Орқамдан найза кўтариб қувиб келаётганлар беҳисоб. Шу асно ёнгинамда мен билан жони халқумида чопаётган киши кураклари орасига тиғ санчилди ва у орқасига боғланган арқон ёрдамида қаёққадир судраб олиб кетилди. Мен эса талвасада олдинга интиламан… Ниҳоят, бир тепаликка дуч келдим. Унга тирмашиб чиқишим зарурлигини ва шу йўсингина жонимни қутқариб қолишим мумкинлигини англайман. Тиккасига “ўсган” тепаликка тиш тирноғим-ла ёпишиб чиқа бошлагандим, атрофимда ҳаракатланаётганларнинг бир қанчасини туйқусдан пайдо бўлган думли найза санчиб олди. Юрагим ҳовучимда – ҳапқираман… “Қачон навбатим?” – дейману яна “ҳар ҳолда менга тегмайди, чунки ўлсам, тушнинг ҳоли нима бўлади?” дея ўйлайман, ажаб… Ниҳоят, довонни минг бора азоб-ла босиб ўтаман! Ўтаман-у, рўбарамда тағин бир майдоннинг пайдо бўлганидан эсанкирайман. Тағин ҳар тарафдан менга йиртқич ҳайвончалар ҳамла қилади. Тағин қочаман, тағин ҳаёт ва мамот орасида типирчилайман… Қаршимда галдаги тепалик қад ростлайди… Унга тирмашиб чиқарканман, ён-веримда саноқсиз одамларнинг ҳайвончаларга ем бўлаётганини кўриб, эшитиб, сезиб бораман. Ниҳоят, юқорига кўтариламан. Кўтариламан-у, енгил тин олишга улгурмай, оёғимни сийпаб кесиб ўтган тиғнинг зарбидан оғир ихрайман… Тобора яқинлашиб келаётган дупур-дупурлар авжга чиқаркан, тик туриб узоқ, жуда узоқларда – навбатдаги майдон ортидаги ўзга бир тепаликка кўзим тушади. Нажот энди ўша ерда каби кўринади. Жон ҳолатда чопиб борарканман, ҳув олдинда – мен омонлик илинжида кетаётган тарафда-да ҳайвончаларнинг шодон қийқириқлари қулоққа чалинади…
Эй Парвардигор! Бу сенинг менга – инсонга берган ҳаётингнинг ташбеҳдаги кўриниши эмасми? Ахир, тик девор, яъни тепалик – тун, унга чиқилгач, бошланувчимайдон — кун, йиртқичлар — ўтаётган фурсат, унинг заҳми, турмушнинг ғами, қориннинг гирдоби эмасми? У тепаликдан бу тепаликка тирмашиб, жони бўғзида жонсарак – ҳалак Руҳим эмасми!?.. (Билмадим… Тушнинг бошқа юзлаб таъбири бўлиши мумкин. Лекин шу тобдаги ҳолим айнан шунисининг тагига имзо чекди…)

Қайдадир – менинг жон-жонимдадир балки – эшитилаётган мусиқа янглиғ айланиб-чувалиб чангиётган ойдинликка қўшилиб-қоришиб уйғондим. Қаёқдадир санқиб юрган ҳушим хўжайини уйга кириши билан ҳузурида пайдо бўлган хизматкордек чопиб келгач, ҳали эрта, тўғрироғи, кеч эканини сездим. Шундоқ устимда чиққиллаб ўзининг мавжудлиги тўғрисида атрофга мудом хабар йўллаб турган осиғлиқ соатга тикилиб, эндигина тунги бир бўлаётганининг фарқига бордим. Қайта ухламоқчи бўлиб, қабоқларимни чирт юмсам-да, кўз олдим ёришиб кетаверди. Эртага ишга барвақт боришим кераклигини ўйлаб, узоқ вақт уйқусизлик-ла олишиб ётдим. Бўлмади – у ғолиб! Бирдан нақ кўксимда қалин, қора булутлар орасидан порлаб турган ёлғиз юлдуз каби ойдинлик пайдо бўлиб мени ўзига боғлаб қўйганини пайқаб қолдим. Ухлашга сарфлаб зое кетгизаётган кучимни энди унга – ғаройиб ойдинликка қаратдим. Кўп нарса тушунмадим. Фақат унинг менга эмас, менинг унга қарам эканимдан қийналдим. Туриб ўтирдим. Ўзимни сафарга отланаётган одамдек ҳис қилдим. Қўзғалиб очиқ дераза ёнига келаркан, ташқарида шундоқ уйимнинг олдидан бошланиб, узоқларга оғиз солган қуюқ дарахтзорнинг қоқ ўртасида порлаб турган чироқни кўрдим. У, тунда кўлка қиёфасида нафас олаётган дарахтзор бағрида доира шаклида ўз зиёси тўлқинида рақс тушаётгандек туюлди. Юрагим ҳапқириб томоғимга нимадир тикилди. Ичимдаги ойдинлик кўксидан бир сезим туғилиб тобора каттариб, зўрайиб келаверди, келаверди… Ниҳоят, у менга, менинг уни илғай олиш имконимга яқинлашди… Яна бир лаҳзадан сўнг эса борлиғимда кучли сарсилиш кечдию ҳеч нима сезмай қолдим… Мен қайдаман!..

Бўшлиқ йўқликми? Бўлмаган гап! У йўқликка ўхшаган борлиқ. Фақат инсон табиатига ёт, уни қийнайдиган, зериктирадиган жой, тушунчадир бўшлиқ. Айни пайтда акс ҳол – нарсаларнинг кўплиги, яъни тирбандлик ҳам баъзан меъдага уради…
Торгина кулбам уй — рўзғор анжомларига лиқ тўла. Юришга жой кам. Ҳатто нарсаларнинг кетма-кетлиги ва зичлигидан кўзинг чарчайди, асаблар тортилади. Натижада олдингдаги одам билан жиқиллашиб оласан ва у табиийки, хотининг бўлади. Ниҳоят, мен бизга бўшлиқ – масофа етишмаётганини билиб қолдим. Лабларимда истеҳзо ўйнади. Ахир, яқиндагина кимсасизлигу нарсасизликдан – бўшлиқдан нафасим бўғзимга тиқилганди. Энди бўлса… Энди мен ўзим ва шкаф, ўзим ва стол-стул, ўзим ва китоб, ўзим ва хотин, бола-чақа… ўртамизда қандайдир масофога эришмас эканман, қураётган “иморат”имга путур етажагини англаб турибман. Ажаб, кўримсиз ва аҳамиятсиз, ҳатто йўқдай туюлган борлиқнинг ўрни – қиммати шу даражадалигини хаёлимга ҳам келтирмабман илгари…
…Орадан фурсат кечди. Бироқ ўша кайфият ҳануз тарқаб кетмади. У ҳануз ич-ичимда яшамоқда ва мени ёзмоққа ундамоқда. Неча бор ёзмасликка уринсам, шунча бор енгилдим. Ўзимни ёмон ҳис эта бошладим, асабийлашдим, кўксига ўқ санчилган жангчидек тўлғондим… Йўқ, ташбеҳда андак мантиқсизлик бор. Яхшиси, шундай десам маъқулдир балки: нафаси қисаётган бемор каби типирчиладим. Сўнгги ҳафтада ҳолим шу зайилда кечмоқда. Айниқса, шамоллаганимдан кейин бошим оғриб, хиёл иситма билан гарангсиб юрибман. Кундалик юмушларимни ҳам базўр бажармоқдаман. Уйга дам олиш, йўкотилган кучни қайта тиклаш учун қайтаман. Лекин бунда тинчлик – кўнгилнинг истаги – сукунат йўқ. Ўғил инжиқлик қилади, баъзан кечаси билан йиғлаб чиқади. Гўдакнинг безовта чинқириғи жон-жонимни суғуриб олади гўё… Қочгани бошқа хона йўқ, мажбуран унинг ёнида онаси билан бирга қоламан. Ҳаммамиз мижжа қоқмаймиз. Асабийлашамиз. Жанжаллашамиз… Айниқса, мендек доимо нима биландир банд бўлиб ўзини овутиб юрган одам бирданига ҳеч нарса қилолмай қолса, куни чақалоқнинг кайфиятига қараб ўтса… қийин бўларкан. Илгари уйимизда менинг кайфиятим ҳукмрон эса, фарзандимиз туғилганидан бери хўжайин – у. Энди мен пойгакка ётган итга ўхшаб қолдим – нон ташласалар ейман-у, бўлмаса, кўзни лўқ қилиб ётавераман. Яъни ўғлим ухлаб қолса ёхуд онасининг қучоғида ташқариларни айланиб юрса ҳамда шундай пайтларда менинг илҳомим келса, нимадир қоралаб оламан. Йўқса, ҳеч вақо! Жиғибийронлик шундан, ўз уйингдаги муҳитни ўзинг белгилай олмаслигингдан, аксинча, кириб борган жойингдаги кайфиятга югурдак тушишингдан!..
Тавба… мен ўғлим билан, Худодан тилаб олган ўз жигарбандим билан рақобатлашаяпманми? Ўз гўдагим билан ҳокимият талашаяпманми?!.. Негадир Фрейдни эслайман ва мавзуни ривожлантирса бўларкан, деб ўйланаман. Сўнг ҳолимни мушоҳада эта бошлайман: “Нима бу ўзи?”
Узун ва оғир кечган савол-жавобдан кейин муайян тўхтамга келаману уни тасвирлашга тиришаман: “Руҳ алоҳидадир ва ҳар нарсага қарамай, бари бир ҳурлик истайди, мустақил яшашга интилади. Руҳ озодликка интилар экан, инсон ўзининг энг яқинлари билан ҳам “сан-манга” боришга, ҳатто юзкўрмас бўлиб ажралиб кетишгача мажбур қолиши ҳеч гапмас! Руҳ дахлсиз бир оламдагина эркин нафас олабилади. Бу оламга кишининг фарзанди ҳам, ота-онаси ҳам, ёри ҳам… кирмаслиги зарур. Акс ҳолда ҳаммасидан воз кечмакдан-да тонмайди руҳ!”

“Эй дил! Тўкил! Шу бир парча қоғоз бизнинг мозоримиз – ўзимизни қўярга жойимиз экан, борлиғингни от унинг бағрига! Эй бош! Ур ўзингни шу кафтдек тошга! Манзилимиз бўлди у бизнинг! Эй жон! Нафасингни сўзнинг ўрнига михладинг-ку! Ахир, излаб кўрдинг, бўзлаб юрдинг… юракларинг қон бўлди, бошларинг айланиб, йўлинг тугул ўзингни ҳам йўкотдинг!.. Бас, энди! Қисмат шу экан, кўн! Шапалоқдек шу оқ қоғозга уйлан! У бир умр хизматингни қилишга қасам ичганга ўхшайди. Ахир, сен касалсан, оғирсан, кўкрагингдан қон аралаш дард чак-чак оқаётир… Бир парча қоғоз… Яна нима керак сенга артиб олиш-чун? Нега индамайсан, нега унамайсан? Нега куёвлик либосингга қўл тегизмадинг? Наҳотки, рози эмассан? Ахир, ижод – таскин ва у бедаво дарднинг ягона малҳами-ку! Нега ғамгинсан, нега мустарсан? Наҳотки, ижод – иложсизликдан бош урилажак илож?.. Унда санъат ожизнинг қудрат ҳақида куйлаётган қўшиғи! Мағлубнинг, ерда чил-парчин бўлиб ётган шўрликнинг хаёлидан элас-элас ўтаётган Ғалаба тўғрисидаги сароб! Наҳотки, мен, наҳотки, сен, наҳотки биз бир умр саробга интилиб яшасак? Наҳотки, мудом енгилиш бизга тақдир этилган бўлса! Ёзиш – ўз қалбимга ўзим ханжар уриш ҳаётимнинг мазмунига айланса, наҳот?!..”
Йигитнинг жазаваси шу йўсин кечади. Унинг бу ҳолини баҳорда қоп-қора булутлар билан тўлиб-бўғилиб кетган осмоннинг бирдан қасир-қусур этиб чақмоқ чақишига ва шовуллатиб жала қуюшига ўхшатиш мумкин. Чақмоқ ва ёмғир ҳавони сокинлаштирганидек ёзиш ҳам йигит кайфиятини маромлаштиради. Ёзаркан, у бошқа ҳеч нимага ярамайди. Фақат кўнгли тинчиб, қаламни қўйгандан сўнггина бир парча нон топиш учун, ҳатто дунёни олиш учун ўзини тайёр кўради. “Ҳа, нима бўпти, ҳаракат қилсам, оламан-да…”, дейди сохта камтарликни йиғиштириб қўйиб. Лекин айни чоғда у ўзининг жазавали ҳоли ҳам борлигини эслаб, “Бу эса халақит беради”, деб ғудранади…

Қаерга бормай, қўним топмайман – қандайдир куч яна ва яна сафарга ундайверади. Йўлга отланаман. Гўё эндиги гал ўз орзуимга эришадигандек юрагим ҳапқиради… Узоқ ва машаққатли синовлардан сўнг кўз тутилган маррага келаман, Худоимга шукроналар айтаман, тўлқинланаман, кўзларимда ёш ўйнайди. Андак фурсат ўзимни ҳақиқатан ҳам муродга етган, Восил ҳис этаман… Замон кечади ва юрагимнинг қаърида кемтиклик сезаман. Бора-бора у улкан жарликка айланади. Уни нима биландир тўлдирмасам, ўзимни ҳам ютиб юборишга шубҳа қилмайман. Ва шу тахлит навбатдаги юриш бошланади. Яна отга қамчи босаман. От – умр бир кўкка сапчийдию ўқдек олдинга учади…

Кўксимга ойдинлик тўлган эди. Руҳимни авайлаб уйғотган ҳам у. Хона ичра нур чангир, эндигина кўзини очган ҳушим гарангсир. Шундоқ дераза ортида шовуллаб чайқалаётган дарахтга қўшилиб олам тебаранар. Борлиқ узра олтин зулфларини ташлаб ёйган ой гўё суратга тушаётган шоирадек ён томонга қараб ўлтирар. Кеча – ҳусндор малика, ой унинг бошидаги тож узра қўнган бахт қуши. Булар қўшиқ, мусиқа эса менинг ичимда, руҳимда, руҳимдир ҳатто! Туриб очиқ деразадан ташқари боқдим: кўча тўла ёғду. Атроф дарахтлар-ла тирбанд, ўйнар самода дур – нур, бўшлиқлар йўк, улар япроқлар сасини бағрида эркалаётган кенгликлар. Хаёлим каби учиб дарахтларнинг олдига борсам, қучоқлаб ўпсам, тўлиб-тошиб йиғлаган кўйи атрофларида парвона бўлсам, айланиб ўргилсам… Ичимда, ташқарида, ҳамма-ҳамма ерда янграётган қўшиқ қатида бир оҳанг такрор. Уни ёзувга кўчираман – СОҒИНЧ! Ичикаман!.. Бу кеча кеча эмас, ГЎЗАЛЛИК – довдирайман. Ахир ярим тунда унинг қаршисида ёлғиз қолишнинг ўзи бўларканми? – ўйлайман. Сесканаман – Гўзалликнинг жон-жонига синггиб яшаётган Ваҳшийлик нафасини туйиб. Соғинчимда шубҳа ўрмалар. Бироқ барибир, кўзимга урилиб, унинг қаърига ботиб-қўшилиб турган оламдан ўзимнигина эмас, кўнглимни ҳам узолмаслигини билган – мен, иложсиз – мен…
Кеча сирли. У гўё ўн олти яшар, ҳуснда тенги йўқ, уятчан қишлоқ қизини эслатар. Бир-икки нигоҳ – савол билан кеча-қизнинг бутун асроридан воқиф бўлишга уриниш – хомхаёл. Бирга, ҳамнафас яшабгина унга, унинг яшириб қўйган хазинасига яқинлашиш мумкин, дейман. Аммо фурсат айланаётган, ҳолимиз тонгга улашаётган эди шу асно. Ахир қушлар қўшиғини бошлаган, ахир ой олтин сочларнинг рангига ғарқ бўлаётган, ахир мувозиннинг овози ҳавода безовта кезаётган эди…
Мен ойдинликда чўмилаётган илиқ ўрнимга кириб, нурафшон хаёлимни бағримга босганча кумуш уйқуга чўмсамми-йўқми, дея иккиланаман. Ахир ҳали вақт бор. Ҳали мени қучоқлаган руҳ ўз сўзидан, ниятидан воз кечгани йўқ. Ҳали қуёш кўзи қонга тўлиб, ўзи эса ғарази янглиғ шу кўзнинг ортига беркиниб Улуғтоғнинг тепасида пайдо бўлгани йўқ. Одамлару изтиробларга қоришиқ турмуш ташвишлари ҳали олдинда. Лекин келаётир. Мени имлаётир. Икки ўт – ой ва қуёш ўртасида қолган – мен, ёнган – мен! Бири тинчлик истар, бири жангга қистар. Ўйланаман ич-этимни еб. “Тезроқ, тезроқ!” — ўз нафасим ўзимни шоширар. Ниҳоят, ҳавода мувозиннинг сўнгги нидоси тинар – борлиғим уйқудан воз кечар! Ичимда нимадир “чирт” узилар, кўзларимдан ёш чиқар-тирқирар!.. Қуёш салтанатига оёқ босаркан тушунаман: ойдан қолган хотирани юрагига яширган кўнгил билан энди оғир, жуда оғир, бағрим оғрир… Шу пас осмонда яшин тезлигида машриқдан мағрибга томон оловранг чизиқ тортилар – урушдан хабар. Энди ўқлар ёмғир каби қуюлар, ой яратган мамлакат яксон бўлар, ўзим эса гўё ҳомиладор аёл – бу жанггоҳда кўксимдаги жонни асраб яшашга маҳкум этилганимни англар… куяр… кулар… ман!

Ҳаётим бир тушу эндигина уйғониб кетадигандекман… Ҳаммаси худди парданинг ортида бўлаётгандек ёхуд телевизорда берилаётган киносериаллардек ва булар мендан, менинг қизиқишларимдан жуда-жуда узоқ сингари. Ҳайҳот, туманнинг ичида кечаётган умримдан, майда манфаатлар талвасасига қоришган кунларнинг мунтазамлигидан нақадар зерикдим!.. Тезроқ уйғонгим, бемаза ва саёз моҳиятли тушни унутгим келади. Лекин баъзан “Бу туш эмас, ўнг! Сенга берилган ҳаёт шу ва у ўтиб бораётир!” деган хаёл жангчининг кўксига келиб теккан танк ўқидек бутун илинжимни чил-парчин этади. Маълум муддат мен ундан асар ҳам тополмай аланглайман…
Шундай қилиб, мен дунё ҳаётига суянолмай яшаяпман. Ахир тушдек ўтаётир у! Кечагина бола эдим, бугун ана, ўз ўғлим ухлаб ётибди. Яшаётган ўзим эканлигимга гоҳида шубҳа қиламан. Чунки мен А. деб аталган инсоннинг кўкрагига жойлашиб олиб, уни кузатиб турганга ўхшайвераман… Ахир, мен аҳён-аҳён ўлимдан қўрқмайман, умрим давомида орттирган мол-мулкимни бир лаҳзада йўқотишга тайёр кўраман ўзимни. Агар буларнинг ҳаммаси – жон, давлат… менга тегишли бўлганда, уларга бунчалар беписанд боқармидим!? Шундай пайтларда А. худди лашкарлари қаёққадир чиқиб кетган мамлакатдек беэга, беҳимоя қолади. Менинг моддий оламдаги мағлубиятларим ана шу пайтларда содир бўлади. Чунки бундаги ҳолим онасини йўқотиб қўйган боланикига менгзайди. Фикру ёдим фақат “онам”да, уни топишда, бошқа билан – дунё билан ишим йўқ. Даҳру дундаги ҳаётимнинг деярли ярми ўз “онам”ни қидириш-ла кечаётган экан, мендан дунё одами, масалан, эл-юрт манфаатини бир он унутмаяжак подшоҳ чиқадими? Ахир, менинг кўп вақтим бу дунёда ўтмаса, унинг дарду қувончи билан ҳар доим ҳам ишим бўлавермаса, ҳатто ўзим-да – А. нинг ихтиёрида эмасам, кетган бўлсам “онам”ни излаб, бўзлаб…

Биз борган сари бир-биримизга яқинлашаяпмиз. Аллақайси мақсаднинг рўёбга чиқиши учун яратилганимиз ва тобора ўшани истар-истамай амалга ошириб бораётганимиз аниққа ўхшайди. Ҳа, биз мақсадга, мақсад эса бизга ёвуқ келаётир…

Яқин-яқингача ҳар тонг уйғонарканман, бутун борлиғимда бир ўсишни ҳис қилардим. Мен ҳақиқатан ҳам кундан-кун урғаяр, камол топардим. Қалбимда фараҳ яшарди. Аммо орада бир мунча вақт турғунлик палласини яшадим. Ниҳоят,ЕМИРИЛИШ!.. Сўзни бежиз катта ҳарфлар билан ёзмадим. Чунки у менинг борлиғимда шу онда кечаётган жараённи энг мос тарзда ифода қилади. Ҳар сафар кўзимни уйқудан очарканман, қайдадир қандайдир торнинг чирт узилганини сезаман. Юрагим ҳувиллайди. Туриб ойнага қарайман: гўё ўша-ўшаман-у, лекин бунга кўнгил алданмайди. Пайт пойлаб безовталигиминг ичига тушаман ва орзу ё келажак эмас, ўзим, Мен емирилаётганимни рўйи-рост кўраман, даҳшатдан аланглайман… Бу ҳол тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди. Ҳар сафар у бостириб келганда биз бир муддат бир-биримизга тикилиб -синашиб оламиз. У мендан, мен ундан ҳол сўраймиз. Бироқ барибир, алалоқибат унинг қўли баланд келажагини, мени батамом маҳв этажагини иккимиз ҳам биламиз. Ҳа, унинг айтгани бўлади – бўлмоқда! Менинг айтганларим-чи? – Шубҳаланаман… Шунга қарамай, бир жиҳат ўз имконим доирасида колаётганини илғаб тураман: Мен иложим борича қўрқмаслигим, титраб қақшамаслигим, аксинча, мардонавор ҳолда, чиройли бир шаклда ЕМИРИЛИШИМ зарурлигини… жараённи эса Адабиётнинг қароргиҳидан олиб ўтишим ва шу йўсин ҳаммасини ўйинга айлантиришим шартлигини яхши биламан…
Бундай хуружлар бир лаҳзада келиб кечадию бутун ҳаётимни гаровга қўйишга ундайди. Лекин худбинлигимданми ёхуд ноқобиллигимни англаганимданми, билмадим, мен умримни талвасаларнинг ҳеч бирига ишониб топширолмайман. Ҳаётим шоирлик ёки шоҳлик истагидан, ҳатто шоир ё шоҳ бўлишнинг ўзидан чексиз карра баландроқ, қимматлироқ дея ўйлайман. Натижада мен на шоир ва на шоҳ, тентираб юрибман…

Адабиёт… Мен унда ўзимни қафасдан бўшалиб, нигоҳ етмас уфқларга ўзини урган қуш мисол сезаман. Қанотларим чарчаб, нафасларим бўғзимга тиқилгунча парвоз қиламан-да, ниҳоят, кимнингдир, ниманингдир, дийдорига андак тўйганимни ҳис қилгач, ортга – дони ва суви бўлган қафасга қайтиш зарурлигини тушунаман. Чунки учмоқда давом этишни на вужудим ва на руҳим хоҳлайди. Улар бир овоздан “Етар!” деган ҳукм чиқарадилар ва мен ҳатто қувониб рози бўламан. Мана — менинг адабиётим, у билан боғлиқ ҳаётим. Ҳа, мен учун худди шундай парвозлардир Адабиёт! Бошқа пайтларда менинг кўча-кўйларда маст-аласт думалаб ётгувчи бангилардан фарқим йўқ, дея биламан. Бинобарин, ҳамма қатори мениям отнинг ўрнига аравага қўшса бўлаверади…

Бирдек саннаётган хотинимнинг тепасига бостириб борарканман, ичимда унинг бошини сапчадек узиб ташлаш хуружини бир лаҳза ҳис қилдим. Ва тақа-тақ тўхтадим: наҳотки, бу мен – Инсон? Наҳотки, шундай ёвузликка ҳали ҳам қодирдир бу махлуқ? Ахир, маданият, маърифат, маънавият… деган нарсалар бор эди. Одамнинг замонидан буён бани инсон ана ўшаларнинг кўрпасида ётиб келаётувди. Наҳотки, минглаб йиллардан бери у ҳеч ўзгармаган бўлса?..
Хотин ҳамон жақилларди. Бироқ қўлимни тийдим. Унга нафрат-ла ўқраярканман, яқиндагина хушсурат ва хушқилиғ бўлган қизнинг воқелик тегирмонидан мана шунақа вайсақию худбин ҳолда чиққанига ажабландим. Айни пайтда ўз бағримда яшаётган жаҳл ҳам мени хотинимдан оппоқроқ эмаслигимни билдирардики, бирданига буларни қабул этиш, олдинда эса уларга кўникиб яшаш маҳкумияти яна-да даҳшатли туюлди. Туриб-туриб ич-ичимдан ғалати ижирғаниш аралаш ўкирик отилиб чиқди, гандираклаганча хобхона эшигини муштлаб очдим-да, ўзимни ўринга ташладим. Юрагим нохуш туйғуларга шу қадар тўлгандики, узоқ вақт на ўзимни босолдим ва на тузукроқ фикр-хулосага келолдим. Фақат у ёндан бу ёнга асабий тарзда ағдариларканман, ўзим ва хотинимгина эмас, балки бутун одамзод балога муносиб эканлигини Худога арз қилиб ётдим…

Кунлар кечди…

Йўлида жонимни жабборга топширишим мумкин бўлган ўғлим ва барча инсоний камчиликларидан қатъи назар инсоний муносабатимга муносиб хотинимни бу кеч олис юртга – ота-онамиз қошларига кузатиб келдим-да, негадир кўнглимда аллақандай севинч илғадим. Одатан жудоликдан қабим эзилиши керак эмасмиди?..
Ҳар сафаргидек ўзимни муаммо ичра отдим. Ва бутун борлиғим бўйлаб қон каби югуриб айланаётган фараҳнинг кетидан қувиб етдим. Унга телбаларча саволомуз тикиларканман, ботинимнинг ўзида қандайдир маъно-жавоб туғилиб бораётганини ҳис қилдим. Сўнгра уни тасаввурга кўчирдим – тушундим. Ниҳоят, сўзларга чевирдим: КИШАНГА ТУШГАН ОЁҒИНИ НОИЛОЖ ҒАЖИБ УЗГАН ВА ШУ ТАХЛИТ ҲАЛОКАТДАН ХАЛОС БЎЛГАН БЎРИНИНГ КЎЗЛАРИДА ИЗТИРОБ АРАЛАШ ОЗОДЛИК НАШИДАСИ ЎЙНАЙДИ…

Мана, ёлғиз қолганимга ҳам ўн кундан ошди. Бироқ ҳануз ўзимга келиб, ҳушимни тўплай олганимча йўқ. Шундайки, уйлангач, ҳаётим қайсидир маънода ўзгарди, фарзандли бўлгач эса яна. Мен илгари кўнгил ва реаллик аро тенг тақсимлаган ҳаётимнинг кейинчалик иккинчисининг фойдасига ўзгарганига кўниколмай яшаяпман. Аввалгидек ҳам кўнглимда нафас олиб, ҳам воқелик-ла орамиздаги мувозанатни сақлаб яшашга имкон қолмади. Натижада мен худди қуруқликка чиқариб ташланган балиқдек ҳавосизликдан бўғилиб типирчиладим. Ич-ичимдан келаётган эҳтиёж сасини илғамоқчи бўлдим: Ёлғизлик! Ҳа, бой берилган мувозанатни қайтаришим учун ўзим ва оилам (умуман, ҳар ким ва ҳар нарса) ўртасида муайян масофа зарурлигини англадим. Бу гўё ҳайкалтарошликда бўш жой – масофанинг нақадар муҳимлиги – яратилаётган асарнинг умумий мутаносиблигини таъмин этишидек гап. Шунга кўра мен хотиним ва ўғлимни поездга чиқариб, бўм-бўш уйга қайтгач, қувончимдан Оллоҳга шукроналар келтирдим. Чунки бу ўриндаги бўшлиқ мен ва оилам орамиздаги кемтикни тўлдиражагига шубҳа қилмасдим. Бир кун мен соғиниб-соғиниб яқинларимнинг қошига учиб боражакман…
Бироқ тахминларим ҳали амалга ошгани йўқ. Мен қўққисдан шаҳаншоҳлик теккан гадодек гарангу, гадога айланган шоҳдек тажангман, нима қиларимни, ўша мувозанатни қай йўсин қайтаришимни билмайман. Ҳар кеч тўшакка киришдан олдин бир вақтлардагидек соатни олтида жиринглайдиган қилиб бураб қўяман: “қишнинг совуқ ҳавосида мазза қилиб югуриб, қизиб келгач, муздек сувда бақувват мускулларимни ўйнатганча ювинаман. Сўнгра ўқийман, ёзаман. Нонуштадан кейин эса кўтаринки кайфиятда ишга жўнайман…” Буларнинг ҳаммаси ширин туш каби хаёлдагина қолади. Соатнинг қулоқ тешгувчи жаранги ҳам мени михланган еримдан кўчиролмайди. Баъзан уйғонишга уйғонаман-у, борлиғимга ўрнашиб олган касалликка монанд руҳсизликни парчалашга истак ҳам, куч ҳам тополмай қийналаман. Ўзимни пишиқ ва пухта тўқилган ўргимчак тўрига тушган ҳамда у ердан чиқиб кетишга узоқ вақт уриниб ҳолдан тойган ҳашоратдек сезаман. Энди мен ўзим билган имконият ёрдамида қафасдан қутололмаслигимга иқрорман. Бутун нажот ташқаридан! Ахир, гоҳо ташқарининг йўллари ичкарига – кўнгилга туташган бўлади… Шунда ғайриихтиёрий равишда пайдо бўлган қудратга таяниб яна озодликка чиқсам ажаб эмас. Ҳайҳот, наҳотки ҳали ҳануз мўъжиза содир бўлса!..

Азоблар беҳуда. Қувончлар ундан баттар… Инсон онгли равишда кутмаса-да, унинг ғайришуурида кимдир мўъжизанинг йўлларида кўзалари тўрт бўлиб ўтиради. Йўқса, у мавжуд мантиқсизлигу жафоларга чидай олмасди, хароб бўларди…
Мўъжиза! У инсонни тарк этган лаҳзадан эътиборан ақл бовар қилмас ҳалокат бошланади. Фақат жараён аломатсиз касаллик сингари ботинда кечади, кун келиб эса инсонни маҳв этади…
Инсон ва мўъжиза орасига парда тушиб қолганда, яъни киши ўз ботинида мўъжизани кутиб яшаётган ишончга шубҳалана бошлаганда изтироб туғилади. Шунда унинг назарида ёвузлик эзгулик устидан ғолибдек, дунёда қора кучлар, шарпалар ҳукмрондек туюлади. Атрофида юрган энг яқин, энг меҳрибон одамлар ҳам аслида шайтоннинг элчилари бўлиб кўринади. Одамзоднинг бунга ишонгиси келмайди, бироқ аксинча эканлигига исбот тополмай қийналади. Йўлларида жонини жабборга беришга тайёр турганига қарамай, у на ёр, на дўст ва на ҳатто ўз онаси билан ҳақиқий маънода диллаша олади. Яъни улар ва ўзи орасида ўғри мушукдек оралаб ўтгувчи БЕГОНАЛИКни илғаб тўлғонади, ёлғизликдан ўзини қўярга жой тополмай аланглайди. Бир мақсад, бир олий ният бўлсаю ўзимни бахшида айлай, жилла қурса, шу йўсин тасалли топай, дейди. Аммо ўзи ва юксаклик аро ҳувиллаб ётган бўшлиқ – масофа унинг кўзини тиндиради, умидларини яксон қилади, борлиғини юҳодай ютади. Бўшлиқ – тўсиқни ошиб ўтишга ярамаган, унга курашсиз таслим бўлган ўзидан нафратланади, ожизлигидан ижирғанади. Ўзганинг нодиру ўзининг қодир эмаслиги ўртасида эзилиб адо бўларкан, парда кўтарилади, мўъжиза тағин юз кўрсатади, тағин ҳаммаси бошидан бошланади…

Эсимни танибманки, менинг ишим одамларга эмас, Сенга тушмоқда! Эсимни танибманки, азобларим Сендан, қувончларим ҳам!..
Бу ёруғ оламда йигирма саккиз йил умр кўрдим, шукр… Мен гўё улкан мақсад учун йўлга чиққан ва юз минг машаққат-ла олдинга итилаётган йўловчи! Йигирма саккиз йил кечди, аммо на манзилдан, на унинг бўйидан дарак бор! Манзил-ку Сен эканлигингни биламан, бироқ Сенинг нелигингдан, кимлигингдан бехабарман! Яратган инсоннинг тасаввурларига сиғмас, дейишади. Майли, лекин мен сиғаман-ку Сенинг бағрингга! Нечун олмайсан мени, нечун изтиробларимга чек қўймайсан? Шу йўсин менинг-да аслида кимлгимдан воқиф этмайсан!.. Наҳотки, ҳаётнинг сўнггигача қақраган саҳрода куйиш бор? Наҳотки, манзил умрнинг адоғидадир? Насиб айлармикан ўзи унга етишмоқлик? У қанақа бўларкин? Наҳотки, ҳар қандай висол янглиғ Сен-ла дийдорлашув ҳам бора-бора кўнглимга урса! Наҳотки!.. Урмаса, қандай яхши!.. Бироқ у қанақа бўлади? Инсоний тажриба ва мантиққа кўра ҳар қандай моддий борлиқ билан муносабатга киришганинг, унга яқинлашганинг сари сийқалашув бошланади. Агар энди нимадир ушбуга асосланмаса, нега икки хил қисмат? Бу ғирромлик эмасми? Йўқса, ҳикмати қанақа? Арзирмикан билмоққа?..
Бўлди, бас… Миям ғовлаб кетди. Эй Худо! Мен ҳамон ёзаяпман. Ахир Сен томон талпинган, бироқ етолмай, қовушолмай тилкаланган қалбни оқ қоғоз узра ётқизиб даволаш ҳамон эҳтиёжимдир! Ахир, илма-тешик кўнглим-ла Сени излаб қайларга бормадим, нималар қилмадим, кимлар-ла тортишмадим… “Сени топиб бер!” деб хуруж қилган туйғуга асир тушиб қонун ва одоб ахлоқ тушовини неча бор савдойи кайфиятга сотмадим! Сени дея гўё Сендан узоқлашдим, балки… билмадим. Балки айнан шу гуноҳларимда Сенга янада ёвуқлашгандирман!..
Менинг одамларда ишим йўқ. Улар менга на тузукроқ дўст бўлолдилар, на жиддийроқ душман. Менинг ишим Сенга тушган ва Сендагина ҳал бўлади. Балки одамзод орқалидир, аммо Сенинг ҳузурингда, Сенинг истагинг ва ироданг-ла, Сен-да – Ўзингда ечилади менинг кўнглимдаги чигаллик, эй Холиқи Коинот!..

Тағин туш аро уйғондим ва тағин ўзимни аросатдан топдим. Вужудим, хаёлим, онгим, ҳатто руҳим – бутун борлиғим ширин карахтликда. На тамомийла уйқум очилишини истайман ва на такрор тушга ғарқ бўлишни. Ғалати! Бироқ айнан шу ерда мен ниманидир тушунгандай бўлдим. Яъни мен мендаман, менинг дунё ва рўёдаги кўрганларим, яъни ҳаётим ҳаёт холос, менинг менлигим унсурлари, асло мен эмас! Муҳими эса Мен! Қаерда бўлмасин, унинг ўзлигини намоён этиши, ўз мавжудиятини сезиб яшашидир энг олий қиммат! Мана менинг асл ҳаётим! У тушда кечадими, ўнгда – бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Менинг улар ўртасида қолиб на унисини ва на бунисини танлай олмаслигим, шу билан бирга на унисидан, на бунисидан воз кечолмаслигим шуни кўрсатадики, уларнинг қадри паст ҳам, жонни тикадиган даражада баланд ҳам эмас. Фаҳмимча, улар менлигимни намоён этишим мумкин бўлган сон-саноқсиз йўллардан иккитаси, холос. Фақат нега энди бошқаларини билмайман? – бу жумбоқ! Ва у менинг ўзимга бўлган ишончим қалъасига вақти-вақти билан лак-лак қўшин тортиб туради…
Болаликдан бери мени гўё ҳаммадан ажаратиб турган бойлигим – дунёларга сиғмас орзу ва мақсадларимдан ё воз кечишим ёхуд уларни рўёбга чиқариш учун тинимсиз меҳнат қилишим зарурлигини тушуниб етяпман. Ақл “Улар сенинг қўлинг етмас юлдузлардир, ўзингни қийнама ва кўнгил уз!” деса-да қайсар руҳим “Йўқ!” дейди қатъий. Мулоҳаза юритсак эса ҳол будир: менинг асосий вақтим майда-чуйда ташвишларга кўмилиб юрган одамлар билан бирга ва қорин қайғусида кечмоқда. Орзуга эришмоқ учун на мен тузукроқ ҳаракат қилаяпман, на тақдир сийлаб мени манзилнинг оқ йўлига олиб чиқяпти. Аросатда қолганим, аросатда яшаётганим аниқ. Гўё мақсадим тоғда-ю мен эса ҳануз боғдан келиб юрибман. Бир-бирига ўхшаган кунлар. Бир-бирига ўхшаган ташвишлар… Ҳатто тушларимга миёна одамлару миёна юмушлар киради. Ҳув ўшалқутлуғ олам ҳам миёналик пардалари ортида кўздан узоқлашиб бормоқда. Мен нодон… ҳалигача бола бўлиб орзу қилишдан – ДУНЁНИ ЗАБТ ЭТИБ ОЛЛОҲНИНГ ПОЙИГА КЕЛТИРИБ ТАШЛАШДЕК мақсадимдан умид узолмайман… Тавба, орзу қаёқда-ю қилиб юрган ишларим қаёқда…

Инсон яна ёлғиз. Унинг бахти яна ёлғизликни бир дам унутиш. Висол яна ёлғизликдан қочиш. Биргалик лаззати кечгач, жойимиз яна эски макон – кимсасизлик… Яна биз ҳеч қаерга қочиб кетолмаганимизни эҳтирослар босилгачгина тушунамиз. Ота-она, ака-ука, дўсту қариндошлар билан бўлган муносабатнинг ҳоли ҳали-ҳануз бундан-да баттар. Тақдирнинг ҳар бир ўткир найранги натижасида уларнинг ўзингга етти ёт бегона билиб аламдан инграйсан… Шундай экан, ҳаммасидан қўл ювиб, дунёдан аразлаб ўтиш ҳам инсонга осон эмаслигига бугун яна иқрорсан…
Ҳайҳот! Неча йиллардан бери ҳамроҳим – ёлғизлик ниҳоят жон-жонимга игна бўлиб санчилди. Мен ҳеч қачон бунчалар эзилмагандим, кўзларим тўрт бўлиб, кимнингдир эшикни парчалаб кириб келишига бунчалар илҳақ яшамагандим. Танҳолик юки мўри малахдай бостирмаганди, мен эса онасини йўқотиб қўйиб, атрофга бесаранжом аланглаб, ўзини гоҳ у ён, гоҳ бу ёнга урганча маъраётган қўзичоқдек афтода бўлмагандим. Ҳеч қайси дард кўнглимга бунчалар оғир ботмаганди, бутун дунёмни ғорат этмаганди… Мен ичимдаги меъёрнинг бузилиб бораётганини аниқ ҳис қилиб турдим. Агар шу топда эшикни бузиб, мени “ўмаргани” безорилар тўдаси кириб келганда, “меҳмонларнинг” қадамларига ҳасанот айтардим. Худойимга шукроналар келтириб, ёлғизлик балосидан халос этганлари учун истаган ашёларини қўшқўллаб топширардим… Лекин “тиқ” этган товуш эшитилмайди. Гўё ухлаб қолганида ҳамма тўйга кетиб қолгану уйғонгач, ҳайҳотдек уйда бир ўзини кўриб, “дод!” деб бақириб, у хонадон бу хонага яқинларини қидириб зир чопаётган қишлоқ боласига ўхшайман ҳозир…
Хаёлимга бирдан хотиним, жажжи ўғлим келди. Қаёққа кетган улар ўзи? Нега келишмайди, нега ёзишмайди? Ахир, биз – хотиним билан маҳрам эдик-ку, бир тану бир жонга ўхшардик-ку! Қани у? Нега уни ёнимда дея ўйлай олмаяпман, бунга ишонмаяпман? Ахир, биз бир умрга ҳамдард, ҳамнафас эдик-ку! Нега юрагимда бўшлиқ, кимсасизлик! Нега мен унинг қаърига тобора чўкиб бораяпман? Нега кўзларимга ҳеч киму қулоғимга ҳеч сас уринмайди? Қай гўрга ғойиб бўлишган буларнинг бари!?.. Нега менга ҳеч ким ёрдам бермайди? Наҳотки, шаҳарнинг қоқ ўртасида жойлашган уйимнинг жимжитлигига чўкиб ўлсам?!..
Шу тахлит кўк юзида қуёш ва ой бир-бирини қувлаб неча бор ўтишди – билмайман. Элас-элас тушуниб турганим – ёлғизликнинг мени еб битираёзгани эди. Ҳеч ким мен йўқлаб келмади, энди ўзим одамларни қидириб ташқари чиқмасам бўлмасди, ортиқ чидолмасдим. Нима биландир чалғиб, танҳоликнинг мени тамоман маҳв этишидан жилла қурса ўзимни қутқаришга уриниб кўришим шарт эди. Ниҳоят, эшик томон қўзғалдим. Юролмасдим негадир, судралиб бордим. Базўр туриб қулфни шарақлатиб очдим. Дарров диққатимни эшикка қадалган хат-хабар қутисидаги конверт чекди. Қўлларим қалтираб очиб ўқимоққа тутиндим: “Дадаси, мен болажонни олгани боғчага кетдим. Ишдан вақтлироқ қайтсангиз, сабзи тўғраб туринг, ош қиламиз”. Имзо…

Йўқ! Бунақаси кетмайди. Ҳаммасини қайтадан бошлаш керак! Мен ҳали ютқазганимча йўқ! Ҳали тирикман мен!.. Шу ўйлар билан соат мурватини яна олтига тўғрилаб қуйдим-да ўринга кириб ётдим… Бир маҳал у гўё қандайдир кўнгилсизликнинг олдини олмоқчи бўлгандай безовта ва қаттиқ жиринглади. Уйғонишга уйғондим-у, шунча қилсам ҳам “оғир” бошимни ёстиқдан узолмадим. Борлиғим мисоли елим, тўшакка ёпишиб қолгандай… Ҳатто хаёлан бўлса-да ўзимни ўзим тафтиш қилишга ҳушим келмади. “Бор-е!” дедим-да уйқуга толдим…
Қайта кўз очганимда хона қуёш нурига, шаҳар эса машина шовқинига тўлган эди. Тўғрироғи, буларнинг ҳаммаси аралаш-қуралаш бир оламда, йўқ, аралаш-қуралаш бир олам бўлиб “яшарди”. Шошилиб соатга қарадим: тўққиздан ошибди… Тағин ишга кечикдим, тағин раҳбардан дакки эшитаман… Лекин нима қилиш керак? Қандай қилсам, бемаъни ҳаёт тарзимдан, вужудимдаги ланжлик ва юрагимдаги бўшлиқдан – бутун борлиғимни ютиб келаётган кимсасизликдан халос бўламан?! – билмайман…

Тағин туш… Тағин кашфиёт… Тағин ҳайрат…
Унда бир қиз мени роса ўпти, қониб-қониб, тўйиб-тўйиб, кимгадир шукроналар айта-айта, йиғлай-йиғлай ўпти. Ўпаркан, унинг улкан изтиробдан қандай фориғ бўлаётганини ўз кўзларим билан кўриб турдим. Гарчанд эҳтирос қучоғида тебранаётган қизнинг оғушида мен ҳам маст эсам-да, айни чоғда манзарани ташқаридан – четдан, худди бошқа биров каби кузатиб туришга имкон ва қизиқишим борди.
Қиз – олис болалик давримнинг бир иштирокчиси – мени севарди. Мен буни анча йиллар ҳис қилиб яшагандим-у, майл билдирмагандим. Ҳатто мени қаттиқ севишига кўнглим шоҳид бўлса ҳам, унинг менга интилиб азоб чекишини билсам ҳам…
Мана, ниҳоят, у менга севги изҳор қилди. Қизиғи шундаки, менинг тушимда. Бунинг устига орадан ўнлаб йиллар ўтгандан кейин ва бу вақт мобайнида мен уни бирон марта эсламаган, бунга рағбат сезмаган бўлсам ҳам. У менга худди жонга талпинган вужуддек ёпишиб, ютоқиб ўпаркан, бутун борлиғим кўзга, кўзим эса кўнгилга айланди. Ва мен исканжадаги мазлум қалбнинг висол туйнуги орқали озодликка чиқиш лаҳзаларига гувоҳ бўлдим… Бу туш эмас, ўнг эди, тушдаги воқелик эди…
Уйғонгач, негадир қизни кўргим ва тушдаги мисол у билан ўпишгим келди… ҚАЙДАСАН?..

Ҳали бола – ёшим ўн икки – ўн учларда экан, ушбу қўшиқни эшитганда ич-ичимдан отилиб бир мусибат оҳлари чиққанди ва мен худди улкан дардни ичига ютиб олгану ниҳоят, ўрни келганда уни Худойга айтиб тўлғонаётган одамдек ўртангандим. Орадан ўн беш йиллар чамаси вақт ўтди. Мен тасодифан ўша қўшиқни тағин эшитиб қолдим ва тағин ўша кўйга тушдим. Бугунги воқеани эслаб эса ҳайратдан мум тишладим… Ахир, йигирма саккизда майли, аммо ўн икки ёшимда мен ғам-ташвиш нима эканлигини ҳали билмаган, ота-онам, ака-укаларимнинг илиқ бағирларида ўсаётган бўлсаму қалбимда  пайдо бўлган у чўнг Мусибат қайдан келгану мен – гўдак, уни қандай тушуна қолдим экан? – БИЛМАДИМ. Ҳозирда мен етиб келган ёхуд менга етиб келган қайғу ўшамикан – одамзод чекига тушган мусибатнинг дуди – Оллоҳнинг ҳажри?.. Мен тағин ҳеч нарса билмайман…

Илгари бу аёл ҳатто тасаввуримда пайдо бўлганда бутун вужудимни ширин титроқ босиб, юрагим ҳапқирарди. Ниҳоят, ҳаммаси ўтган каби… Лекин мунча тез? Нега? Нимайди ўзи қалдбимда бир ёниб борлиғимни мисдек қизитган олов? Наҳотки, бор-йўғи эркакнинг аёлга – аёлликка талпинган эҳтироси эди? Бўлса бордир, хўш нима бўпти? Ахир, ҳаётнинг қадим ва айни пайтда ҳамиша навқирон қонунларидан бири-ку бу! Нечун ҳайрат, нечун даҳшат?..
Шунга қарамай, мен барибир, яқин-яқинларгача қалбимга қўр ташлай олган гўзал хонимнинг юзига ғалати боқаман ва айни пайтда пинак бузмаётганим устида бош қотираман… Шунда аввалги эҳтиросу ҳаяжон ўрнини энди қизиқувчанлик ва ҳайронлик эгаллаб бораётганини ҳис қилиб тураман. Рўпарамдаги ожиза қиёфасида лобар аёлни эмас, балки ўз табиатининг қули бўлмиш хилқатни кўрганимдан таажжубланаман. Энди у ҳеч қачон кўнглимни қайта ололмайдигандек туюлади. Шу тобда аёлда нақш олма каби юзларни эмас, (у аслида шундай бўлса ҳам), бир парча гўшт ва терини кўраман, бундан эса мутаассир бўламан…

Билим изтиробни камайтирмади. Мен тағин қийналаяпман…
Руҳим ўзининг мавжудлиги ва юксаклиги билан мени дам парвозларга ундаса, дам чидаб бўлмас даражада азобга қўяди. Ахир, мен у туфайли ўзимни инсон ҳис қилганим баробарида баъзан ана шу шоҳсупага кўтарилолмай аламдан титрайман. Ахир, руҳбўлмаганда тубанларда ишрат-ла машғул қолиб, юксаклик изтиробига мубтало бўлмасдим, девонавор ўртанмасдим…
Нажотим на ўзимда ва на воқеликда, балки шу иккисининг ўзаро муносабатида, мулоқотнинг даражасида эканлигини яхши биламан.
Мен кўп хато қилдим. Бироқ уларни чуқурроқ таҳил қилганим сайин хатоларим эриб, қандайдир сабаблар қаърига ғарқ бўлмоқда…
Мен кўп савоб қилдим. Лекин уларни тафтиш этарканман, назарга илашгулик ҳеч нарса топмайман…
Ёнингда юрган дўстингга қаттиқроқ тикилганинг сари унинг ўртоқлиги қуёш чиқиши билан беадад зиё тўлқинида кўзга илинмай қолган чироқнинг хира нуридек ғойиб бўлади. Душманнинг душманлиги ҳам худди арзимас бўшлиқдир. Оқибат ўйлаб қоласан: “Худо менга қуёшни ато этиб бахт бердими ёки кулфат?” Ахир, кўнгил бу ёнда илк бор маъсума қизнинг титрак тўшини тутганингда тўйиниб туйганинг титроқдек туйғуни бутун борлиғи билан қайта ҳис қилмоқ ва шу туйғу устунларига ўзини осмоқ истайди. Сен мўъжизанинг ўт-ўлан остида кўмилиб кўздан йўқолган йўлларига кўз тика бошлайсан…

Сўнгги дамда, нафасинг қисиб бўғила бошлаган энг азобли лаҳзаларингда қаламга ёпишиб нажот топиб келаётган эй Сен! Агар кун келиб, ёзиш-ла ишинг битмаса, кўнглинг таскин топмаса, юрагингдаги шиддатли оғриқ босилмаса, жонинг чиқар аснода мушарраф бўлаётганинг ҳаво бирдан тақа-тақ тўхтаса… нима қиласан! Наҳотки, ўзингни ўзинг ўлдирсанг?! Наҳотки, бошқа чора топалмасанг?! Наҳотки, ҳатто Сен соб бўлсанг, битсанг?!..
Олдиндан қандайдир бало оч аждаҳо мисол кутиб ётгандек. Йўқса, кўнгил бунча ғаш? Ойнага қарашга юрагим бетламайди. Ахир, мунг тўла кўзларга қарашга ким ҳам ботинади? Айниқса, у ёш бўлса, устига устак ўзингники эса. Ҳисларим қақраган тупроқда сувсизликдан қуриб қолаёзган ўсимлик барглари каби қовжираган. Баъзан ўғлим – бир ёшли гўдак кўзлари қаърида илғаниб қолади ўша мусибат! Шунда чинакамига даҳшатга тушаман… Ахир, мен-ку майли, ёшим йигирма саккизда, ҳаётнинг гоҳ-гоҳ ташиб бўлмас юкдек оғирлаша олишини оз-моз кўрдим. Аммо ўғлим-чи? У нимани кўриб, нимани англадики, кўзларининг қаърида жуда улкан бир фожианинг сояси ўйнайди, қувончини қорайтиради?!.. Ўзимни босолмайман, “дод!” дея Худонинг ёқасига ёпишгим келади… Бироздан сўнг, ҳовуримдан тушгач, ҳақсизлигим ва чорасизлигимдан ўзимни ўзим ейман, тиз чўкиб Яратгандан мағфират сўрайман…
Онам ҳолимиздан хабар олгани келганида гап орасида “ҳали яна қўша-қўша ўғил-қизли бўласизлар!” деб қўяди. Дуо хотинимга ёқади-ю индамайди. Мен эса гўё эшитмагандек миқ этмайман. Чунки ичимдагини ошкор этишдан чунон қўрқаман. Ахир, ботинимни йиқаётган ваҳм уларга бошга тушган гурзидек таъсир қилишини яхши биламан. Ахир, яна ва яна фарзандни дунёга келтириш мен учун изтиробли масъулият, ҳаёт ва мамот ораси эканини улар нетиб тушунсинлар! Янги инсоннинг кўз очишига сабаб бўлиш ҳақиқатан ҳам тўғри ва улуғ иш эканлигига шубҳа қилсам, мен нима қилай? Ахир, турмушнинг – мен мансуб бўлган замоннинг ўзи шунга олиб келмаяптими? Чақалоққа ҳаёт бердик деб ўйлаймиз-у, аслида, машаққатли йўл, қайғу ва ҳасрат тутқазмадикмикан, унга ҳандалакдек қорни атрофида бир умр гирдикапалак бўлиб ўлиб кетишни инъом этмадикмикан, уни шунга маҳкум қилмадикмикан? – деган санчиқли фикрлар тинчлик бермаса, мен бечора бошимни қай деворга урай!.. Мана, онам… Бармоқлари тирикчилик юмушлари туфайли ёрилиб, қабариб кетган – худди шахтада қўл билан тинимсиз кўмир қазийдиган эркак кишиларники мисол. Унинг ва ўзимнинг “шаҳарлик” қўлларимни солиштириб кўнглим бузилади. Онамнинг юзлари ҳам ажинлар ортида қолиб хира тортган. Элликдан энди ошди-ю, саксонни урган момолардек чўккан. Бу ҳам майли. Энг муҳими – шунча заҳматлари, қурбонлари эвазига нима олди? Узлуксиз меҳнат ва етишмовчиликдан, ташвиш ва ҳасратдан ўзга нима кўрди бу афтода аёл? Наҳотки, қўша-қўша фарзандлари – ўғлонлари?.. Ахир, уларнинг бири ва энг омадлиси мен эсам-у, ҳатто мен ўзимни масъуд ҳис қилмаётган эканман, унда онажонимнинг бахти саробнинг жилвасигинамасми?! Унда бахт деганлари маълум муддат алданиш ва айни пайтда буни билмасдан яшаш эмасми?!..
Билмадим… билмадим… Билганларим эса изтиробимни аритишга кифоя эмас. Умуман, билим инсон табиатига жо қилинган мусибатни тамоман маҳв этишига ҳозирча шубҳа қиламан. Йўқ, мен ғампараст эмасман, балки сохта ва саёз некбинликдан йироқман, холос…

…Бир пайтлар севаркан, гўё осмонларда учардим. Севгилимнинг шифобахш юзларига боққанча дардларимдан халос бўлардим, даволанардим. Агар унга жонни бахш этиш зарурияти туғилса, шу заҳоти ва ҳеч ҳаялламай топширардим – бундан ғурур ҳам бахт туярдим… Энди-чи? Энди мен жимгина севаман. Уларнинг ҳеч бирига жонимни ваъда қилмайман. Агар қай бири кўзларимга тикилиб “Сен менинг бору йўғимсан, жону жаҳонимсан! Сенсиз мен ҳеч киммман!..” дея титраб жазавага тушса, мен бажону дил кузатаман, (лекин ҳеч қачон масхара қилмайман!) унинг алданаётганини, айни пайтда бахтиёр эканини кўриб, сезиб тураман. Аёлнинг сўзларига заррача ишонмасам-да, кейин уларни эсга олмасам-да, севгилимнинг ўша тобдаги парвозларига монелик кўрсатмайман: майли алдансин, мадомики, бошқа жойдан бахтни тополмаган эканрўёларга ишонсин!..
Бола кўриш орқали инсон ўлимнинг – мангу йўқликнинг башарасига шапалоқ тортади гўё ва ожизликдан етган аламдан бир қадар фориғ бўлгандай сезади ўзини. Аслида, бу ҳам бир ширин алданиш бўлиб, фарзанд ҳаётини ташқаридан эмас, ичкаридан кузатганимизда, унинг кўнглига қулоқ солганимизда бошқача моҳият қаршимизда юз очади. Ахир, бир пайтлар мен-да уддабурон ва чапдаст эдим. Лекин намунча абгорман бугун? Зоҳиран ҳаммаси жойида, кам-кўстим йўқдек. Ботиним эса қирқ йил уруш бўлган мамлакат каби вайрон! Мен жудаям эрта алданмай қуйдим ва бу менинг ютуғим эканига баъзан иштибоҳ туғилади кўнгилда. Энди менга алданиш – бахтли бўлиш ширин бир хаёлдек туюлади. Инчунун, мен онам айтганидек, хотиним хоҳлаганидек ва халқимизга одат бўлганидек қатор-қатор фарзанд кўришга ботинолмайман. Ахир, иккинчи ўғлим дунёга келгач, кўнглимга тушган ваҳмни шаклга солганимда англаганларим ҳануз хотирамда. Ўшанда чақалоқни миллион бошли, ҳайбати осмон қадар улкан аждар – дунё қаршисига ташлаганимни илғаганман-ку! Ахир аждарни кўриб турганим ҳолда наҳотки тағин ва тағин мурғак жонни дунёга келтирсам, уларни яккама якка, ноҳалол жанг қилишларига имкон берсам – мен ҳам инсонманми?!..
Йўқ, дўстим! Кўнглингизга келган эътирозлар менинг ҳам ақлимда қоимдир. Бунинг устига ислом кўпайишга ундайди. Ва ҳоказо… Буларни биламан ва охир-оқибатда тўғриси ҳам Худонинг амри эканлиги ҳақида минбаъд тортишмайман. Бироқ айни пайтда менинг изтиробларим ҳам бежиз эмас. Мен инсонни бир оёғи тубсиз чоҳга абадул-абад ғарқ этилган, иккинчиси эса муаллақ, шунинг учун уни хоҳлаган томонига босиб-йўналтириб кўнглини чоғ қилиб яшаётган, лекин ниҳоясида бутун борлиғи билан биринчи – ботиб қолган оёғига тобе, унинг ҳукмларини бажаришга мажбур ва маҳкум ҳолда кўраман. Фақат ҳамма бало шундаки, ўша чоҳнинг моҳияти нимадан иборат эканини унга чўкиб кетмагунча билмаймиз, билолмаймиз…

Уйғондим, лекин қимир этмай, карахт бўлиб ётавердим. Ортда қолдириб келганим олам – туш таъсиридан бирданига қутилиб, жисмлар макони – ўнгимдаги дунёга кўниколмадим. Сўнгра жараён ва вақт ўз ишини қилди – мен атрофни кўра бошладим. Аввало, улкан бир хонани, унга деразадан сим-сим қуюлиб турган баҳор қуёши зиёсини, ашёни илғадим. Вужудим уйғонди, қулоқларим очилди, бурним ҳам кўклам бўйларини туйди. Фурсат кечар ва мен тобора янги нарсаларни кўрар, идрок этар, ҳис қилар, эшитар ҳамда ҳатто таъмини билиб борардим. Қизиғи шундаки, мен бироз олдин сезмаган, бироқ ўша пайтда ҳам мавжуд бўлган нарсалар, ҳоллар ва тарзларни энди пайқардим…

Қанча чиранмай, охири барибир мағлубият эканини сезиб турибман-ку! Лекин яна нечун курашаман? Ғалабага умид боғлайман? Ахир, у йўқдек-ку! Нечун яна ҳар сафар тонгни қаршиларкан, қайта-қайта дуо ўқиб жангга кираман, киравераман?.. Оҳ, ўша пайтда қалбимда кечган туйғулар зиддияти, шиддати, улуғворлиги… Ахир, мен алал-оқибатда енгилишимни, ер билан яксон бўлишимни билганим ҳолда барибир, ҳеч қандай тушкунликка тушмай, аксинча, ҳаяжон ичра буюк муҳорабага отилишга қайдан куч топаман, топавераман?!..

“Мен сенсиз ҳам, сен билан ҳам яшай олмайман!..”
Бу Бобур ё Кафканинггина эмас, менинг ҳам юрак ҳайқириғимдир! Агар фикр улар ва ёхуд балки улардан олдин ҳам айтилмаганда эди, шубҳасиз мен айтардим уни. Ахир, менинг бутун ҳаётим аросатда! Гўё мангу иккиликнинг ўртасидаман: қайси томонга юришимни, қай биридан воз кечишимни билмайман. Қисматимнинг ўзи пешонамга ўша азобли жумлани ўйиб битган бўлса ва олаётган ҳар бир нафасимда уни жаранглаган овоз билан такрору такрор ўқиб турса, мен шўрлик нима қилай? Ахир, чиндан-да мен сенсиз ҳам, сен билан ҳам яшай олмасам, ўзимни қаерга қуяй шу қон бўлган юрак қадар қоғоздан бошқа!..
Бироқ “сен” аёлдангина иборат ҳам, ундан бутунлай фориғ ҳам эмас. “СЕН” — ҳамма нарса, менинг яшамоғим учун арзирли борлиқ! Не ёзиқки, айнан шу борлиқнинг ўзи гоҳида яшашимга халақит беради, гўё ҳавосиз бўшлиқ мисол бўғзимдан бўғади, онадан туғилганимга пушаймонлар едиради… Ҳайҳот, мен ўз мусибатимдан, уни достон қилишдан нақадар тўйдим!..

Бу кун менинг хотирамга михланди, ўғлим. Сенга янги оёқ кийим олиб бердик. Сен уни кийиб илк бор олис йўлга – қишлоққа отландинг. Вокзалга ета-етгунча қўлимдан тушмоққа уриндинг, йиғладинг, тушдинг, чопқиллаб бежирим қўлчаларингни осмонга кўтарган кўйи қийқириб одамлар эътиборини ўзингга тортганча олдинга интилдинг! Бор-йўғи бир ёшу тўрт ойликсан. Бироқ сен қўлингдан тутмоқчи бўлган отанг ва онангга сўз бермай, мустақил пилдирадинг… Мен сенинг шу ондаги сиймонгда Улуғвор Инсонни ва Инсоннинг Улуғворлигини кўрдим, ҳайрат аралаш қувондим, кўнглимга ҳузурбахш таскин инди… Дунёга – менинг дунёмга маъно бағишладинг, ўғлим!..
Ҳа, мени тақдир яна бирров сийлади: руҳимни изтироб қирғоғидан – қулликдан халос этиб, шодлик қирғоғига келтириб урди. Занг босган ғаму андуҳларим шундоқ кўз ўнгимда чил-чил синаркан, Худойга шукроналар ўқидим…

Исённи жиловлайман! Ҳали вақт бор, дея болани алдагандек аврайман туғён тўла юракни… Лекин қачон… қачон ўша қутлуғ он келади ва мен ҳақиқатни кўзларга баралла айтаман? Қари ялмоғиз – турмушнинг қора ниятига тупуриб, ўз кўнглимга қарайман? Унинг эркаликларини, дардини эшитаман, муаммоларини ечмоққа киришаман?.. Ахир, умрнинг анчаси оқиб кетди-ку! Бир ёнда соғликнинг мазаси қочаётган бўлса… Наҳотки, мен ҳам тирикчилик юкини ортмоқлаб келиб-кетгувчи сон-саноқсиз одамлар қаторидан ўзимни қутқаролмасам! Қани менинг менлигим, орзуларим, нафрат ва муҳаббатим! Ахир, буларнинг бари аралашиб-сийқалашиб адо бўлаёзди-ку!.. Нега ҳайқирмайман, кишанларни шалдиратмайман, дунёларни уйғотмайман?!.. БИЛМАЙМАН…

Мен учун ҳамма нарса – озодлигим, ҳатто борлигим ва йўқлигим Сенсан! У – Сен, мени обод айлаб, ҳаётимга шукуҳ бағишлаган! Барчасидан маҳрум этиб, вайрон қилган ҳам яна Сен! Мен ғолиб келсам, сабаб – Сен! Кечалари уйқу ўрнига ҳузур берган ҳаяжон – Сендан! Уйқусизлик етказган изтироб – боз Сендан!.. Фақат мен билмайман: Сен кимсан?!..

Эҳтирос талвасаси босиларкан, кўкрак қафасимга кетма-кет мушт тушираётган юрагим ҳам тобора ҳовурдан тушаётганига эътибор бераман. Ҳаяжон асносида бир зумга унутилган жисмимдаги дард, турмушимдаги ташвиш, руҳимдаги интиқлик азоби ёдимга, вужудимга – борлиғимга тушади. Мен тағин изтироб чека бошлайман. Ўрнимда – билмадим неча бор – ағанайвериб ёнбошларим оғриб кетади. Кўзларим эса ҳаловатимнинг ортидан соядек эргашиб кетган уйқумни тополмай киртайиб қолган. Назаримда бу кеча тонг оқармайдигандек. Ёнимда пишиллаб ётган хотинимнинг эса уйқуси ҳеч қачон очилмайдигандек. Унга ҳам ҳавас-ла, ҳам қизғанч-ла қарайман. Ниҳоят, ноилож туриб қўшни хонага – қоғоз ва қаламнинг лаънати қароргоҳига судраламан. Дод! – шуларнинг дастидан! Дод! – менинг кунимни қоғоз ва қаламга қўйган қисматимдан, аламимдан, шўр пешонамдан!.. Эртага шу ёзганларим нашр этилса агар, одамлар уни ҳузур-ла симиради… мен буни биламан. Лекин мен уларнинг лаззатланиши учун эмас, сиқилишдан ўлиб қолмаслигим учун, мавжудотнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш истинктига бўйсунган кўйи ҳаётимни қутқармоқ учун ёзаяпман. Ёзиш – чорасизликдан бош урилган чора бўлди менга! Ёзиш бу – аламидан ўзини қаерга қўйишини билмаган одамнинг бошини оқ қоғоздан бунёд этилган деворга гурс-гурс ҳовурдан тушмакдир. Ёки шунга ўхшаш бир нарса… Қани эди ҳеч қачон ёзмасам… Ахир менинг ёзганларимнинг аксари яшай олмай ичга ютган ҳаётимнинг тушлардаги акси-ку! Қани энди шундай бир жамиятга эришсангу ёзишга эҳтиёж туғилмаса, фақат яшасанг… Худо каби… Хўш, шунда кўнгил тўлармиди? Мен унинг қачонлардир бўлса ҳам бутунлай таскин топишига ишонаманми? Негадир шубҳа қиламан… Ахир, тийиқсизлик, икки ўт орасида жизғанаги чиқиб чир айланиш, халос бўлишга интилиш, унга эришгач эса тағин ҳаммасининг бошидан такрорланиши – инсон табиатига экилган уруғнинг яшаш тарзи-ку! Агар киши ўзининг бу хусусиятларидан ўсиб чиқиб кетар экан, ортиқ одамзод саналадими-йўқми? Шошма-шошма, мен қайси ҳол тарафдориман? Изтиробларимнинг талай қисми инсон заҳматининг узлуксиз равишда мавжудлигидан пайдо бўлган эса, мен инсоннинг инсонлигига қаршиманми?.. Тавба қилдим! – мен нимани даъво қилаяпман ўзи?.. Менингча, етар, чунки калаванинг учини аллақачон қочирдим. Роҳатим йўк эди зотан, энди бўлса роҳимни ҳам тополмаяпман…

Машинанинг шовқини мени ўз комига ютмоқчи бўлгандек ваҳима билан тобора яқинлашиб келди… Зеҳнимда нимадир ярқ этди ва мен ўзимни тағин тушу ўнг орасидан топдим. Вужудимдагина эмас, руҳим, ақлу ҳушимда ҳам бир карахтлик мазасини сезиб турардим шу тобда. Ич-ичимда… вазнсизлик бўшлиқларида бир мезон учиб юрарди. Яъни мен тушим ва ундаги воқеликдан узилган, ўнгим ва ундаги ҳаётни эса ҳали эслай олмаган ҳолдайдим. Мени ўз бўронида чирпирак қилиб учириб турган шиддатли изтироб илдизи тахминан ана шу бўшлиқда дея мулоҳаза юритардим эсанкиранганча. “Наҳотки, инсоннинг асл ҳоли – кайфияти будир?” деган савол душманнинг менга ташланиш учун қинидан суғурилган қиличи каби совуқ ялтираб юрагимга қўрқув соларди…
Машина шовқини деразанинг ортидан тағин ва тағин менга “ҳужум” қиларкан, мен беихтиёр оралиқдан чиқдим. Айни чоғда аросат ва ундаги изчил изтироб ҳам мени тарк этди. Энди мен ўзимни уйдан, жонажон ўрнимдан топдим. Қўшни хонадан эса хотиним ва ўғилчамнинг овозлари, кулгулари эшитилиб турарди. Энди кимлигим, нима иш билан машғуллигим, қавму қариндошу дўстларим… ҳамма-ҳаммаси ёдимга тушди. Ҳаётимга, умуман, ўзимга, борлигимга – борлиғимга мазмун киргандек бўлди, севиндим… Бироқ шу билан бирга буларнинг барчаси менга қанчалар яқин бўлса, шунчалар узок ҳам туюлди айни дамда. Ахир, мен туш ҳамда туш ва ўнг орасида – муаллақ, вазнсиз ҳаёт таъмини тотган эдим. Афсуски ёки яхшиямки шундай эди… Билмадим…

Улғайганим сайин ҳам ютаяпман, ҳам ютқазаяпман. Ютганим – мен оқни қорадан ажрата бошладим. Ютқазганим – ўзимни қўярга жойим қолмади. Ёлғиз Худо! Лекин у баъзан ҳаддан зиёд узоқ бўлиб туюладики, аламдан тағин типирчилайман… Яқинроқдан, ер юзидан – одамлар орасидан, одамлардан бир малҳам истайман… Ҳатто сен – қачонлардир дардларимга дармон муҳаббат, қайларга ғойиб бўлдинг? Нималар юз бердики, орамизда бугун сен йўксан? Тўғрироғи, сен борсан-у, сендан кўнглимга етгулик умидбахшлик йўқ! Аслида, сенда айб йўқ, ҳамма гап менда, бу мен – ўзгарган!..
У қандай кўзлар эдики, бир қиё боқишинг дунёларни ағдариб ташларди менинг наздимда! Мен қушлар-ла ёнма-ён учардим гўё. У қандай юрак эдики, сен учун бутун оламга қарши жангга киришга тайёр урарди, кирарди ҳам. Энг муҳими, ўзимни ҳамиша ғолиб чиқадигандек сезардим ўшанда… У қандай чоғлар эдики, умрим кўзимга абадий туюларди. Туғилишда маъно, хуш бир оҳанг бор эди. Ҳатто ўлим ҳаётни бошларида кўтариб юрарди – яшамоқ шу қадар шириндики, унинг мазаси ўлим туфайли ҳар қандай меъёр сарҳадларини бузиб ўтганди. Ўлимда ҳаёт тодини ҳис қилиб яшардим. Мен энг Улуғ мақсадга тўппа-тўғри учаётган ўқ эдим гўё!..

Умрим – кўприк. Мени аслий ҳаёт томон ўтказиб қўйгувчи восита! Ушбу фикр – туйғунинг туғилишига иссиқ сабаб бўлди, дея ўйлайман. Чунки иссиқ ҳам худди туш ёки сарҳуш этувчи модда, масалан, ароқ, наша … янглиғ киши онгини сарҳуш этади. Натижада ғайришуурда мудраб ётган ҳаёт уйғонади-да, инсонни дағал дунёдан, унинг ташвишларидан олиб, узоқ-узоққа – ўз қароргоҳига жўнайди. Ҳозир ҳам шундай бўлди: мен ҳуш ва беҳушлик аро қулаб таянчсиз қолдим. Бу дунё билан боғлиқ ақлимда неки бор, ҳаммаси қайларгадир ғойиб бўлди. Ҳатто оилам – хотиним ва ўғлим боягина атрофимда юришганига қарамай, энди йироқ-йироқларда, қадим ўтган замонларда, унутилаёзган тушларда каби элас-элас хаёлимдан кечди. Гўё кўзларим олдида қалин парда тортилгану мулоқотда бўлиб турганим оламдан мосуво этилгандекман. Янги очун – оқ парда саҳнасида эса аввалги дунёнинг тўла-тўкис инкоридан ўзга ҳеч вақо сезилмайди. Бироқ бу ҳол мен учун янгилик эмас. Уни турли шаклларда бўлса ҳам юзлаб марта бошимдан кечирганман. Ниҳоят, энди мен унинг тубига тушмоғим ва асроридан бохабар бўлмоғим шарт! Бунинг учун эса менга ё билим етишмаётир ёхуд Оллоҳнинг карамига яна-да собитроқ туриб даъвогарлик зарур! Сир фош бўлгач эса мен унга қўлим остидаги “юлдузлар”га қараганим каби бефарқ боқсам керак, билмадим.

“Инсон ёлғиздир!” дегандим севган аёлларимдан бирига. “Қўшилмайман!” жавоб берганди у. “Висол – ёлғизликдан қочиш, ундан маълум муддат халос бўлиш. Ниҳояси тағин айрилиқ, тағин ёлғизлик, тағин изтироб, боши бору кети йўқ дард, алам…” давом этгандим мен. “Бекор гап, биргина фарзандларимнинг ўзиёқ мени бу дарддан ҳимоя этади. Қолаверса, ота-онам, туғишганларим, қариндошларим, дўст-биродарларим бор. Мен ёлғиз эмасман!” бошини силкиб қуйганди у. “Сен санаганлар менда-да бор. Мен ҳам уларни яхши кўраман, керак бўлса, улар учун бошимни анча-мунча кундаларга қўйишга тайёр яшайман. Лекин биргалик туйғуси қалбимнинг ич-ичида жарангламайди. У ерда мен ёлғизман, бир ўзиммман. Тушуняпсанми?! Назаримда бу нафақат менинг дардим, балки бутун одамзодникидир, унга хосдир! Инсон дунёга ёлғиз келади, инсон дунёдан ёлғиз кетади. У ўз қисмати қаршисида ҳамиша ёлғиздир…” чирангандим мен. Аёл эса барибир ўз қарашида қолиб, “Мен бундай туйғуларга қарам эмасман, менда биргалик ҳисси устувордир!” — бидиллаганди. Мен-да бўш келмасдим: “Фақат висол, фақат угина инсонни ёлғизлик изғиринидан асрай олади. Бу ёр васлидир, бу дўст дийдори, унинг суҳбатидир… Мен асрлар бўйи қақраб ётган саҳрою сен кўкдан томган бир томчи ёмғир! Юзингга термиларканман, шаҳаншоҳлик теккан гадодай севинишим, ирғишлашим – шундан…” Аёл кўзларимга узоқ тикилиб деганди: “Сенда мен Кучни кўраман. Сенга суяниш ва айни пайтда қўрқмаслик мумкин. Сен мен ва оилам орасидаги кемтикни тўлдирмоқдасан. Шунинг учун гоҳ-гоҳ ҳузурингга келаман. Бори – шу…”
…Биз узун-узун суҳбат қурардик. Назаримда бундан ҳар ким ўзига зарур, бошқа-бошқа “озиқ” оларди… Ниҳоят, иккимизнинг ҳам самимиятимиз оқланди: у ўз яқинлари даврасига бутунлай кетди, мен эса яна қалбимнинг ўзимдан ўзга ҳеч ким истиқомат қилмайдиган чоҳига қулаб тушдим…

Ишим юришмаган кун бўлди. “Падарига минг лаънат!” дея сўкинишни бошлайман. Лекин кимни? – Ишни сўкаяпманми ёки қисматни? – билолмайман. Оёғи куйган товуқдек типирчилайман. Ҳатто уйга келгач, хотиним ва ўғлимни “Бирор соат сайр қилинглар!” деб кўчага қувиб соламан-да, эшикни қарсиллатиб ёпаман…
Тавба, режалаштирган ўнларча ишингдан биронтаси ҳам унмаса! Сен кутган карвон келган-у, ичи бўм-бўш, йўлда таланган, юлинган чиқса, дардингни кимга айтасан? Яна Худогами? Ахир узундан-узоқ орзулар қилаётиб, Унинг Ўзидан овнинг барорини тиламаганмидинг! Қолаверса, Яратганнинг сендан бошқа иши йўқми?.. Эҳтимол, буларнинг барида бир хайр бордир. Мен қизишиб кетиб воқеа моҳиятини тушунмаётгандирман. Сабр қилиш керак. Ахир, ўзинг айтмасмидинг “Сабрли одам энг катта одамдир!” деб? Лекин минг афсус, ўзимни қанча аврасам, ҳисобсиз ҳикматлар билан овутмоқчи бўлсам-да, натижа чиқмайди. Ахир, мен нақдини бой бериб турибман! Нақднинг ўрнига таклиф этилаётган панд-насиҳатларга эътибор бергувчи борми дунёда? Шундай экан, мен ҳам таскин тополмайман, хона ичра борлиғим, борлиғим ичра орзусига эришолмаган орзу, мақсадини ютқазган мақсад, илинжини йўқотган илинж… ҳамма-ҳаммаси қуюндек айланади…
Худди шу лаҳзаларда бир сирнинг тагига етгандек бўламан: ҳозиргача “Нега инсон бир парча ер ёки бир сиқим пул учун бир-бири билан қирпичоқ бўлади, қандайдир матоҳ ё курси йўлида бири иккинчисининг тагига чоҳ қазийди?.. Хулласи, нечун одамзод бебақо дунёнинг ўткинчи ҳавасларидан ўзи кўра-била туриб ҳам осонликча воз кечолмайди?..” деган саволга маънили, тагли-тугли жавоб тополмагандим. Ниҳоят, менинг айни дамдаги ҳолим ўша жавобдир! Яъни чиппакка чиқиб турган режаларим хоҳ маънавий, хоҳ моддий кўринишда бўлсин, менинг “мен”им ана шуларнинг амалга ошиши орқали зуҳур этажагини билиб қолдим. Ўзгадан қизғанилган тупроқ ё зарда инсоннинг ўзлигидан бир парча яширинганлигини ич-ичимдан ҳис қилдим. Ватан, уй-жойни-ку қўя турайлик, қўлидан мол-мулки тортиб олинаётган одамнинг кўзига баъзан ўлим ҳам кўринмаслигини, унинг мол аччиғида жонини ҳам таҳликага сўқишини андак тушунгандек бўлдим. Дейлик, кимдир пул ишлаб келиш мақсадида олис юртларга жўнади, у ерда ит ётиб, мирза туриб жонини жабборга бериб меҳнат қилди, ҳақини олди… Хўш, бу қандай пуллар? Улар оддий қоғозларми? Мен молпараст эмасман, дея улардан воз кечиш мумкинми?.. Албатта, йўқ, юз бор йўқ, минг бор йўқ! Ахир, бу пуллар қайси бир инсоннинг бир бўлак умри, меҳнати, қувончи ва кадари, илинжи ва ҳадиги… эвазига келган қадрият-ку! Уларнинг замирида одамзоднинг бир қисми мавжуд-ку! Бу пуллар ўша инсон ҳаётининг яна бир томонини ўз ҳимоясига олабилади-ку!.. Мана шу оралиқда эмасми ўша Ҳақиқат – бани одамнинг моддият атрофида мудом парвона бўлиши ҳақидаги. Шундай экан, у ўз бойлигиданбошқага осонликча берадими? Ўз умрининг “бир бўлаги”ни-я! Бермаса, бахилми? Берса-чи?..
Мана ўша жавоб! У менда – борлиғимда Ҳол тарзида намоён бўлмоқда. Ва мен уни чуваб, “қўлга илашадиган” йўриққа соляпман. Ўз жиғибийронлигим сабабини шу тахлит таҳлил қилаяпман. Лекин ҳеч қандай ўзгариш сезмаяпман ўзимда. Ҳамон ўша-ўша оловман, хона ичра жисмимни айлантираётган оёқларим анча ювош тортган бўлса-да, фикру ёдимни қувиб игналаётган алам отдан ҳам тушгани йўқ… Шу пайт эшик қоқилди. Хотиним ва ўғлим бўлса керак, деб ўйлаганимга қарамай, очмадим. Кайфиятим уларни ичкарига оладиган даражада эмасди. Дамо-дам тақиллаб, жавоб келавермагач, эшик ҳам гўё “аразлади” — гунг қотди…

Туйқусдан ёдимга касалхонада нобуд бўлган биринчи ўғлим тушди. У оғирлашиб қолганди. Врач дори-дармонлар рўйхатини қўлимга тутқазди. Ташқарига чиқиб чамалаб кўрсам, ҳеч қачон бу дориларнинг нархи қадар катта пулни ушламаган эканман. Тўғри қариндошлардан бирининг уйига чопгандим. Лекин ҳали-ҳануз шундоқ кўз ўнгимда: салом-аликдан сўнг тилим айланмай қолганди ўшанда. Каловланаману унинг кўзларига қараб қўяман, холос. “Наҳотки, сўролмасам? Ахир, бунга ҳаққим йўқ! У ёқда ўғлим ҳаёт ва мамот орасида турганда менинг андиша қилишим – аблаҳлик!..” хаёлимдан кечганди, қийналгандим… Охирида эса барибир сўрагандим. Юзларим қизиб чўғ бўлганди. Унинг жавоб бергунича ўтган бир неча лаҳза умримнинг энг бемаза, изтиробли узун палласидек туюлганди. Қариндош пул берганди, лекин қийналиб берганди… Нега?..
Мана, энди тушунаяпман ўша қийноқларни. Ўшанда ҳам у азоб чекканди, ҳам мен. Ахир, бу ёқда ўғлимнинг қил устида килкиллаб турган ҳаёти учун мен курашаётган бўлсам, у ёқда сарфланган вақти эвазига келан қадриятни қўлдан чиқармаслик йўлида қариндошим ҳаракат қиларди. Ҳар иккимиз ҳам буни билиб, ичкарида – жуда чуқур бир жойда ҳис қилиб турган эканмиз энди ўйлаб кўрсам… Мен кейинроқ қарзимни берарканман, қариндошимга пул эмас, балки ҳаётини қайтараётгандек қувонганим ҳануз эсимда. Ўғлим эса… барибир ўлганди…

Роббим, яна ҳузурингдаман… Беҳисоб ташвишларимдан ариб тағин келдим… Айт, мен жинниманми? Ёки бу дунёдаги бирдан –бир соғ одам? Нечун мен бир ишнинг этагидан тутмайман? Нечун танлаганим бир йўлдан одамлардек оғишмай кетолмайман? Нечун ҳар лаҳза ҳар кўйдаман? Бир он шоҳ бўлсам, кўз очиб юмгунча гадоман? Нега қолган бандаларингники янглиғ бошим ёстиққа ухлаб тушмайди? Балки саҳарларгача дунёлари куйган шўрликдек ўрнимда тўлғонавераман! Кўзим илинса, нимадандир, кимдандир ажралиб қоладигандек безовтаман. “У руҳдир! — дейман, — илдизи Сенинг бағрингга санчилган олам! Барча азоб ундан!” Ахир изтироб чекаётган ёлғиз вужуд эмас, унинг ич-ичида яна кимдир ҳам қийналаётир. Қўққисдан ғафлатни соғина бошлайман. Бу азоб гўё баланд овозда янграётган ёқимсиз нағма-ю мен уни ўчирмоққа, ундан бир пас бўлсин, қутулмоққа ошиқаман. Ҳайҳот! Тириклик недир? Шу изтиробми? Ёхуд ундан халос бўлмоқлик – билмайман! Назаримда на униси ва на буниси. Инчунун, кўнгил ҳар иккисига ҳам чопмайди. Наҳотки, қандайдир бошқа йўл йўқ?.. Бўлиши керак… Ахир, унга эҳтиёж сезяпман-ку! Демак, у мавжуд! Роббим, мен шунинг учун қошингдаман! Қўшни хонада – мендан жуда узоқда пишиллаб одамлар ухлашяпти. Мен иккимиздан кимга ҳавас қилишнию кимга ачинишни билмайман. Агар бизнинг ҳаммамиз бир хил хилқат эсак, унда нега мен бошқалардек қотиб ухлаб, борлиғимга тин бермайман, беролмайман? Уйқусизликдан қизарган кўзларимни деразага тикканча гоҳ қисматимдан, гоҳ отиб келаётган тонгдан – “жуда эрта” чалинган бонгдан нолийман…
Барибир шифо ҳам бўлиши керак! Ахир, дард бор-ку! Лекин нажотим дардимнинг тузалиб одамлар олдига – қўшни хонага қайтишимдами ва ё унинг зўрайиб, мени ақлу идрокдан, нобакор дунёдан мосуво этишидами? – билмайман. Ахир, мен жараён – оқиб турган сувман. Бинобарин, на орқани ва на олдини, на ўнг қирғоқни ва сўл томонни танлай оламан. Шунга қарамай, мен қайгадир шошаяпман, ахир оқаяпман! Демак кимгадир, негадир ташнаман, қандайдир манзилга равона бўлганман! Менинг ҳар думалашим битта йўл, навбатдагиси ундан чиққанимни билдиргандек, янгисига қадамқўйганимни-да англатади. Гўё боши узра қилич серпалаётган жонивордек ўзимни чор томонга ураман. Аммо билмайманки, нажотим қиличдами ва ёки ҳар тарафда?!..

Яна уйқусизлик балоси, яна изтироб, яна… Ҳаммаси бошидан бошланаётгандек. Ўрнимда ётавериб, у ёнбошдан бу ёнбошга ағдарилиб чарчадим. Ахийри қўзғалиб ўтирдим. Фикримни жамлаб ўзимни ўзим тафтиш қилмакка тутиндим: “Хўш, нима бўлди ўзи? Нега ўзингни ўзинг қийнайсан?.. Ишинг юришмаётган бўлса, сабр қил. Қолаверса, иши юришмаётган бир сенми? Ёки бу ҳаёт – мамот масаласими? Ахир, икир-чикирларга эътибор берадиган даражада майдалашмаслик зарур. Инсон булардан баландда турмоғи шарт. Сен ҳам шундай қил!”… Афсуски, бўлмайди. Мен жон-жон деб уйқуга элтувчи барча яхши маслаҳатларга рози бўлардим. Лекин бундан наф чиқмаса, менинг розилигимнинг қандай қиймати бор?
Туриб-туриб тутоқаман: “Даҳақиқат, нега мен умрим ва соғлиғимни турмушнинг аллақандай ташвишларига алмашаяпман? Уларнинг таъсиридан чиқиб кетолмаяпман? Улардан юксак эканлигимни исбот этолмаяпман, нега?!..” Ақлимда эса турли-туман жавоблар айланади: “Ахир, бу ташвишлардан баландроғи борми ўзи? Қорин ғами, кийим-кечак ташвиши, уй-жой, бола-чақа, жамиятдаги моддий ва маънавий ўрин, умуман, яхши яшаш кабилардан яна-да баланд, пичоққа илинадиган ўзга бир ташвиш бўлса, кўрсат менга, айт менга! Мен буларни қўйиб, бажону дил уларни қабул этай!..
Инсоннинг инсонлиги ана шу ташвишларда намоён бўлса, биз нима қилайлик? Бани одамнинг ичига экилган уруғ шу хил юмушларга ўралашиб кўкка бўй чўзса ва бу нарса тақдири азалда битилган эса, бизнинг қўлимиздан нима иш келади?..”
Бироқ норозилик-чи? Бағримни қонлар оқаётган улкан жанг майдонига айлантирган исён-чи? Қониқмаслик ҳисси-чи? У қайдан келмоқда? Мадомики, инсон шу экан, унинг “мен”и шу тарзда акс этар ва ниҳоят, бу қисмат экан, нега унда мен бўйин сунмайман? Мудом иккиланаман, мудом нимадир истайман, мудом ўртанаман… Одамзодга хос ташвишларга кўмилиб яшасам, улар амалга ошганда боладек қувониб кўкка сакрасам, ошмаганда хафа бўлиб эзилсам-да, туриб-туриб буларнинг ҳаммасига киноя билан, заҳарханда билан тепадан қарайман. Ташвишлар боис қувонч ва қайғу ёшларини тўккан кўзлар агар меники эса, унда дийдиёга юқоридан менсимай боққан, ҳатто ундан ирганган кўзлар кимники?!.

Узоқ ўтириб ишладим. Ниҳоят, кўп юриб чарчоқдан оёқлари алмашиб кетаётган йўловчидек фикрларим ҳам тоя бошлагач, машғулотдан чекилдим. Чекилдиму кўнглим писта чақиб турган хотинимга тегажоғлиқ қилишни тусади. Ва бориб айнан шундай қилдим. Ташқаридан қараганда жуда енгил туюладиган ушбу хатти-ҳаракатим ўзимга шундай ёқиб кетдики, унинг ўз мавжудиятим учун бўлган аҳамиятини боягина мисканадек ёпишиб бажараётганим жиддий ишим қимматича кўрдим. Чунки мен меҳнат асносида емирилган қувватимнинг айнан шу эрмак қилиқлар бағрида қайтадан қад ростлаётганини фаҳмладим. Хотиним эса: “Боринг-э, ёш боланикига ўхшаган бу қилиқларизни биров кўрса, қип-қизил жиннийкан-у, билмай юрган эканмиз, дейди. Яхшиямки, мендан бошқа ҳеч ким сизни билмайди…” деди-да, бурилиб қўшни хонага чиқди. Мен бурчакдаги қутидан ўғлимнинг коптогини олиб бошим, кўкрагим, тиззам ва оёғим учида ерга туширмай ўйнай бошладим. Сал ўтмай гиламга ётволиб, коптокни дам қўлимга, дам оёғимга ошириб завқланарканман, хаёлимга “Фуқаро сифатида эмас, ҳатто аллақандай вазифанинг масъули ва ёки оилабоши – ота сифатида эмас, балки инсон сифатидаги борлиғимга – моҳиятимга назар ташлаганимда мен учун шу эрмак ўйиннинг қилиб юрган жиддий ишларимдан фарқи борми? Бошқача айтганда, қайси ҳаракатим менинг ичимдан – юракдан келмоқдаю қайси бири мажбурият ва бурч сиртмоғида судралмоқда?..” деган саволомуз фикрлар кела бошлади…

Мана – мен, ётибман оёғимни нақ осмоннинг кўксига тирамоқчи бўлиб. Хаёлим паришон, жисмимда қувват йўқ. Ичим ташландиқ уй каби ҳувиллайди… “Бир чорасини топсанг-чи, чиқсанг-чи яхлаган бу ҳолатдан! Ахир, сен ҳамма нарсани тушунасан. Худди шу билги сени қутқариши керак эди. Лекин сен мағлубсан, ғамгинсан, хор-зорсан… Нега?” – ич-ичимдан нидо келади. Алҳазар, наҳотки, ҳақиқатан ҳам қўлимдан ҳеч бир иш келмаса, ловиллаб ёнаётган оловга ўз ихтиёрим билан кирсам, тузукроқ асоссиз кул бўлсам, ўлсам?.. Наҳотки, мен “бу дунёда ҳамма нарса баб-баравар: ҳеч бирининг қиммати йўқ, сен нима билан банд бўлмагин, мақсадингни рўёби йўлида жонингни жабборга бермагин, барибир натижа – ҳеч! Шунга кўра тўғрилик ва эгриликнинг, художўйлик ва даҳрийликнинг бир-биридан фарқи ҳам ҳаминқадар…” деган лаънати эътиқодга келган бўлсам!..
— Йўқ, сенинг айни дамдаги пароканда ҳолинг бу эътиқоднинг ҳосиласи эмас, асло! У ҳар нарсадан олдин аламзадалик зардобини эслатмоқда. Ҳа-ҳа, сен – аламзадасан! У эмас, бу эмас, осмоннинг юзига оёқ тирашинг ана шу маънонинг вужудингга урган нуқсидир. Яхшилаб ўтмишингни хотирла! Ахир, қанчадан-қанча орзуларинг бор эди… Бироқ бугун уларнинг қай бирига эришдинг? Ўнтасидан биттаси амалга ошдими ёки мингтадан биттаси? Айт!.. Индамайсан… Чунки ҳисобинг жуда ночор. Ичингда эса юзага чиқмаган ниятлар сасиб бадбўй уфуради. Бир замонлар хушбўйларидан маст бўлиб юрганинг орзулар илдизини энди бағрингдан юлиб ташлаш иштиёқида ёнасан. Лекин иложини қилолмайсан. Ахир у умринг давомида сенга чирмовуқ мисол шунчалик қўшилиб-сингиб кетганки, энди орзуларни даф қилмоқчи бўлсанг, ўзингни ҳам олиб кетмоғига иймонинг комил. Шунга қарамай, аламини идиш-товоқдан олган хотин каби сен ушалмаган орзулардан етган алам ўчини, масалан, осмондан оласан. Чунки бир пайтлар орзуларинг ҳам сенинг наздингда “осмон” эди. Сени ўзига жодулаб имлаганди, олиб учганди ўзининг ана шу юксакликларига. Сен сарҳуш эдинг баландликдан – виқордан… Ниҳоят, ўн саккиз минг кўзли Олабўжи – Дунёнинг ҳақиқий башараси билан юзма-юз келганингда, унинг сон-саноқсиз кўзларига тикилиб қараганингда… тиззаларинг қалтирабқуладинг… Сен ўшандан бери осмонни – орзуларинг ҳавосини ёмон кўрасан, дўстим! Шунга кўра орзуларингга бўлган эндиги муносабатинг осмоннинг юзига босилган оёғингда акс этиб турибди. Сен эса куракда турмайдиган аллақадай эртаклар тўқийсан, ўзингни ўзинг алдайсан. Аксинча, кўтар дўстим оёғингни баландроқ ва қўй ниҳоят ўша юзга уни! Токи ичингдаги иблис чиқиб кетсин ва сени тинч қўйсин! Токи у ичингда яшаб, яшайвериб сенга айланмасин! Айланиб хотиннингга, фарзандингга… чанг солмасин! Чанг солиб, лаънати тишлари орасидан шайтоний заҳрини сочмасин!..

Воқеалар… Фақат улар содир бўлмоқда – кетма-кет, ёнма-ён, ҳатто устма-уст… Бундан кўнглимда на фараҳ бор ва на қайғу. Аллақандай дахлсиз кайфият. Ҳолим гўё тизгинни қўлдан чиқариб юборган чавандозникига ўхшайди. От – воқеалар ўзи билганча, ўзи хоҳлаганча йўрғалаб, чопиб… бормоқда. Мен узоқ вақт ҳеч нарса қилмадим: кузатганча кетавердим… Ниҳоят, нимадир ақлимга илинди ва ғуруримга тегиниб ўтди. Бу менинг – инсоннинг юз бераётган ҳодисот чангида қолиб кетаётганим эди. Яъни жараённинг марказида мен эмасдим ва жараён мендан бошланмаётган, жилла қурса, менда тугамаётганди. Аксинча, у ўз ҳолича мавжуд ва мустақил бўлиб, ҳар жиҳатдан мен воқеаларга қарам эдим. Балки муҳит – объектив борлиқ деганлари шудир ва мен – субъектнинг ожизлиги табиийдир, деб ўйладим. Нима бўлгандаям, шу тобда унинг ичида яшаб, уни ҳис қилиб турганим учун ҳодисалардан қаттиқ таъсирланаётгандим. Ахир, воқеалар мендан чексиз карра қудратли тирик махлуқ каби ўзлигини намоён этар, мен эса унга қараб иш тутар, ҳолбуки ҳаётим ҳам жараённинг авзойига кўра шаклланиб борарди. Ҳа, мен заиф ва нотавон эдим, ўзим воқеа содир қилолмасдим, уни маълум томонга йўналтириб, тизгинни мудом қўлимда ушлаб туролмасдим. Аксинча, воқеалар мени ўзига ипсиз боғлаб олганди: ич-ичимда нимадир уларни кутиб, йўлларига кўз тикиб ўтарди. Айни дамда менинг озод яшагим, хоҳлаганда ҳодиса пайдо қилиб, хоҳламаганда сукунат ичра ғарқ бўлгим келардики, бундай эҳтиёж ўзининг нореаллиги билан менга фақат изтироб туғиб берарди…

Сен ҳазм қилолмаган ҳақиқатлар баданингга ботиб турган тикон мисол хотирангни тилкалайди. Тўшакда у ёндан бу ёнга ағдарилавериб чарчайсан. Неча бор туриб китоб ўқиш ё бирон нима қорлаб ўтиришга чоғланасан, лекин яна шунча марта эринасан, ухлаб қоларман деб тиришасан… Беҳуда… Ниҳоят, секин қўзғалиб турмоқчи бўлганда кўзларинг хотинингнинг бедор кўзларига тушиб, тақа-тақ тўхтайсан. Ажабо, унга нима бўлди? Наҳотки, шу вақтгача ухламаган? Ахир, ҳадемай тонг отади-ку! Наҳотки, уни ҳам мижжа қоқтирмаган – сеники каби дардларидир?.. Бирдан ўзингни бир пулга қиммат матоҳдек сезасан. Аммо бундан ҳам кўра кўпроқ сени шу тобда хотининг қалбидаги ўзига тортади. Дабдурстдан унинг бошига чанг соласан ва ўзингга қаратиб, ҳаракатингга номувофиқ тарзда шивирлайсан:
— Сенга нима бўлди?
Сени ҳайратда қолдириб хотининг қўрқмайди. Гўё сени шундай қилишингни кутиб ётгандек бамайлихотир тутади ўзини. Фақат сеникидан ҳам паст овозда пичирлайди:
— Фойдаси йўқ!
— Ниманинг фойдаси йўқ? Нима бўлди ўзи сенга?
— Қўйсанггиз-чи…
— Айт!
— Мен сизни севмайман…
— Қизиқмисан?..
— Худди сиз мени севмаганинггиздек.
— Булар муҳим эмас.
— Аммо мен бошқалар ҳақида ўйлайман, уларни қўмсайман.
— Нима?..
— Худди сиз ўйлаб қийналганинггиздек.
— …
— Аммо виждон деганлари бор шекилли, кўпдан бери иккимизнинг ҳамуйқумиз қочган… Ўйлаб-ўйлаб ўйимнинг охирига етолмайман, сиқиламан… Лекин барибир яшагим келаверади…
Сен индамайсан. Индай олмайсан. Юрагингни аллақандай хаос чулғаб олади.Ўзингни яна-да арзон ҳис этасан: ортиқ танҳо эмассан, ахир!.. Шу пайт бола йиғлайди. Хотининг унга қарайди. Сен эса тўнғичингнинг усти очилиб қолмадимикин дея, хабар олгани қўшни хонага чиқасан. Сўнг у ердан даҳлизга ўтиб чироқни ёқасан. Пашша вижиллаб учади. “Қаердан кела қолдийкин булар?” — ғудранганча пашшаларни юмалоқланган газета билан ўлдира бошлайсан ва негадир бу “иш”ингни ёқинқираб давом этасан, этаверасан…

Ёшим ўттизга яқинлашибди-ю мен нодон, мен пишмаган бош ҳануз мўъжиза кутиб яшайман. Негадир ўзимни ҳалигача ўн гулидан бир гули очилмаган йигитчадек, ҳақиқий ҳаётим, барқ уриб яшновчи даврим олдинда мени кутиб тургандек сезаман. Аслида, рост ҳаётни севган, ҳақиқатнинг ёниб турган кўзларига тик қараб, ловиллаб яшашни хуш кўрган мен эдим-ку! Хўш, нима бўлди менга? Нега бор нарсадан кўз юмиб хаёлотга қочаяпман? Ҳаётимни унинг рангин кенгликлари устида қурмоқчи бўлаяпман, нега?.. Балки бунинг ўзига яраша сабаби бордир. Инсонни нечоғли инсонлиги унинг айнан хаёлга қочиши, хаёлдаги умри билан ҳам ўлчанар балки… Ахир, у ўз хаёлидаги оламга нақадар мос. Демакки, инсон рост дунёни ўз моҳияти ва эҳтиёжига кўра қайтадан яратади. Ўз дунёсини, фақат ўзигагина муносиб муҳитни барпо этади. Ўзлигининг олий қадрият эканини исбот қилади…
Бўлди, бас! Оёғинг заминдан узилмай туриб ҳушингни йиғ-да, дардингни бериги – тушунарлироқ томонидан сўйла! Чуқурлаб кетиш ёмон эмас, лекин нафсиламрини айтганда, шу тобда бунинг учун на ўзингда имконн бор ва на сени эшитгувчида тоб…
Ундай бўлса, гапнинг пўсткалласи шуки, қанча тиришмайин, ўлиб-тирилиб ишламайин, ҳаётимни ўзимга маъқул изга қўёлмадим. Қанча тадбирлар олдим, не-не режалар туздим, умидлар қилдим, кўз тутдим… бефойда. Қийналдим, куйдим… Ҳаммасига қўл силтаб хокисор яшашга чоғландим – хаёлан – бўлмади. Ич-ичимда хокисорликнинг зидди бўлмиш туғённи ҳис қилдим, чунки… Агар унга ҳам ўз ўрнида қулоқ тутмайин, мени яксон қилажагини англадим. Бировга айтсам ишонмайди – менда ҳамма нарса ўз зидди билан бир пайтда – баравар яшашини билдим. Чунончи, ўз хокисорлигим замирида маманлик, манманлигим тагида эса хокисорлик мавжудлигини илғадим. Мен бу ва бунинг каби бир-бирининг зидди бўлган туйғуларни муросага келтириб, улар кўнглини овлаб юришга маҳкум этилганимни идрок этдим. Вазифанинг залворидан томирларимгача зирқираб кетганимни қалб қулоқларим билан эшитдим. Во дариғ! Менинг муаммом менинг ўзимдир! Оёқларимга урилган кишан ҳам, уни парчалаб ташловчи қудрат ҳам менинг ўз ичимда! Лекин шунга қарамай, ташқарининг – воқеликнинг авзойи, ундаги ўрним, ҳолатим менда аксланмоқда. Менинг менлигим воқеликнинг воқелиги билан қоим эмасми? Яъни мен руҳий-маънавий – биологик мавжудотлигимдан ташқари ижтимоий жонзот ҳамдирман. Менинг битта илдизим ижтимоий тупроқдан ўсиб чиққан. Шундай экан, мен ташқи оламсиз, объектив борлиқсиз кемтикман, ахир!..
Хўш, буларнинг ёзаётган ушбу асаримга нима дахли бор? Айниқса, уни бадиий асар деб тақдим этиш ниятида бўлсам… Билмадим. Бу ҳақда кўп-да бош қотирганим йўқ. Мени ўзига жалб қилган унсур – инсон кўнглининг тубидаги – уни безовта қилган, бир умр қаршисида кўндаланг бўлиб ётган шунинг каби туйғу-дард-муаммолару мен ўзимни улардан чалғитиб, бошқа мавзуларга қўл ура олмаётган эканман, демак, аввало шулар ҳақида ёзиш ҳам бурчим, ҳам шифоимдир. Эҳтимол, замон талаби-да мана шундай аралаш руҳли асарлардир ва менинг ушбу ёздиқларим на шу эҳтиёжни билиб-билмай қондиришга чоғланганимни англатар… Шошма, замон талаби билан менинг неча пуллик ишим бор? Ёзганларим замоннинг эмас, менинг – инсон дардларининг инъикоси-ку!.. Тўғри-куя, лекин мен замоннинг ҳам фарзанди эмасманми? Асарим унга айланма йўл орқали боғланмаяптими?.. Албатта, бу тўлақонли алоқа эмас. Чунки, мен айни пайтда башарият деб аталмиш мавжудотнинг ҳам боласиман. Менда минг йил аввалги ва минг йил кейинги ҳаётнинг руҳият қанотларида етиб келгувчи нидолари-да мавжуддирким, бу энди замонанинг метин панжаларини парчалаб ташлайди. Мен абадият бўйлаб яшовчи руҳдан бир парчадирман, унинг жарчисидирман! Ёзганларим Руҳ қичқириғидан кўчирилган нусхалардир, нўноқларча олинган қайтариқлардир, билмадим… Ҳар ҳолда мен шундай ўйлайман, шундай деб биламан ва худди шу ишонч мени ҳар сафар қоғоз устига бошлаб келади, келаверади. Ва мен рўзғору нафс ташвишларини бир муддат унутаман-да, нафасим бўғзимга тиқилиб ёза бошлайман. Худди шу лаҳзаларда мен ўзимни Инсон ўлароқ ҳис қиламан! Инсонлик мавқеи нақадар юксак мартаба эканлигини идрок этаман, шошаман… яшайман…
Сиғиниб ўтирган одамни эҳтимол шунинг учун ўлдириб бўлмас. Назаримда ижодкорнинг иш палласи ўзига хос ибодатдир!.. Қолган пайтларда эса у ҳам кўпчилик қатори – тирикчилик қуллари: елади-югуради, ҳандалакдек қорнини тўйғазиш учун анча-мунча бўлмағур ишларни қилишгача тайёр кун кечиради…

Кимнингдир камонидан чиқиб учиб бораётган ўқ эканлигингни аллақачон ҳис қилгансан, бунга иқрор бўлгансан, эзилгансан, тутоққансан, хатто қонлар ютгансан, лекин барибир, тақдирга тан берган ҳам – сен! Ўттизга бир баҳя – бир сана қолган, бироқ ҳув олдинда чалинаётган Қўнғироқ садолари аллақачон қалб қулоқларингга етган, инган, сингган… Ўз жисмингни кузатаркансан, энди унинг улғайиш – етилиш сари эмас, балки нураш ва йўқлик томон йўл олганини аллақачон илғагансан. Ҳайҳот, орқангга бир ўгирилсанг, бас: БОЛАЛИК! У яқиндагина қучоғингда эркаланарди. Энди эса рўпарангга кўз солиб, ҳансираган КЕКСАЛИКни пайқайсан. Во дариғ, уларнинг ораси намунча ёвуқ бўлмаса! Ахир, менинг юриб бораётган оёқларимнинг кейинда қолгани Болалик деб аталмиш мамлакатдан ҳали узилмаган-у, олдингиси Кексалик юртига кириб улгурган каби… Наҳотки, орада ҳеч қандай масофа йўқ? Балки бордир, менинг ўзимдирман ўша масофа, ўша изтироб…
Ажаб, сен ҳануз ўзингни келажакдаги аллақандай ишларга чоғлайсан, кун келиб фалон мақсадларни рўёбга чиқаришингга зимдан бел боғлайсан… Жоним дўстим, ахир булар хомхаёл-ку! Қачонгача сен ўз-ўзингни алдаб яшайсан? Ахир, сен шу тобда қандай ва ким бўлсанг, эртага ҳам шундай ва ўшасан! Агар шу ёшгача бирон арзигулик иш қилмаган эсанг, бундан буён унинг битмоғига кўз тикиб, шундоқ ҳам уринган, озурда дилингни ортиқ алағда этма! Мадомики, қароринг қатъий ва ниятинг улуғса, тур ва ишни бошла! Бошла, токи эрта бугунга, орзу ҳақиқатга, армон фахрга дўнсин!..
Бироқ буларнинг барчаси бир лаҳзалик жунбишнинг меваси, холос. Жунбиш ўтар, сенинг шиддат камаринг ҳам белдан тушар. Сен яна афтода ҳолда орзу қилмоққа бериласан. Бутун дард ва армонларингни “эрта”га юклайсан, юклайверасан. Вақти етиб англайсанки, сен “эрта”га ўзлигингни юклабсан. Энг ёмони шуки, бу “эрта”нинг тонги сен учун ҳеч қачон отмагай… агар сен…

Бу одам жаҳлимни шу даражада чиқардики, қандоқ унинг тепасига учиб бориб,башарасига гурсиллатиб тушурганимни, у йиқилгач, яна хезланиб бошига тепмоқчи бўлганимни… лекин қандайдир мантиққа илиниб, ўзимни босиб қолганимни билмадим. Буларнинг ҳаммаси бир пасда – қабоқларимни очганим ҳамона атрофнинг кўзларимга уринган шиддати қадар тезликда бўлиб ўтди. Ва мен шу кичик фурсат кенгликларида жуда кўп нарсани фаҳмладим, ўз қисматим сарҳадларини қалб кўзим-ла кўрдим. Яъни агар мен шайтонга “ҳай” бермай, у одамнинг бошига тепсам, тепаверсам, бечорани ўлдириб қўйишим, ҳатто ўлдирмаган тақдиримда ҳам кучли жисмоний жароҳат етказганим учун қамалиб кетишим ва шу йўсин ҳаётим бутунлай бошқа ўзанга тушиб кетиши мумкинди. Бироқ мен қисматнинг ана шу чегарасига келганда ҳушёр тортдим ва ўзимни ичкарига – танишу кутилган тақдирим бағрига урдим… Бундай воқеалар ҳар доим юз бериб туради ва шу зайилда мен ўзимнинг минглаб тақдирим суратларини парданинг орқасидан томоша қилиб боравераман. Пардани кўтариб қарашга эса ҳалиги таниш мантиқ халақит бераверади. Баъзан ундан ғафлатда қолиб кетишим мумкинлигидан ҳатто ўзим қўрқиб яшайман… Инсоннинг ўзини ўзи танлаб бориши, ўзини ўзи бунёд этиши тўғрисидаги гаплар эҳтимол, шу ерда ўринлидир… билмадим…

Яна уйқулар қочди. Яна мен узун хаёллар оғушида безовтаман. Ҳисоб-китоб, манфаат ташвишидан – чалғишдан яна беҳад узоқман. Бахтлиман деб айта олмайман, лекин маънан такрор поклана бошлаганимни аниқ биламан. Оила, бола-чақа, иш, мавқе, обрў, бойлик орттириш каби беҳисоб юмуш-ғамларим бўла туриб, буларнинг ҳаммасидан мени гоҳ-гоҳ юлиб олабилгувчи сен бор ва буни ҳар иккимиз-да тушунар-да қадрлар эканмиз, севинчимга чегара йўқ! Мен ўйинимизда руҳнинг иштироки борлигига тағин бир карра амин бўлаётирман. Ахир сенинг қадар гўзал аёллар – менинг қўлим етар-етмассоҳибжамоллар ичра фақат сенгина мени Борлиқ ва Йўқлик ўртасига парчинлайсан. Фақат сенгина менинг сенсиз ўтган ҳаётимни арзимас матоҳга айлантирасан! Олов кўзларингга боқарканман, мен бошим узра ялтираб турган қисматим қиличини аниқ кўраман, ютоқаман, ҳаёт ва мамот аро талваса қиламан! Сенинг қаршингда кечган онларим умримнинг танланган асарларидир! Ҳузурингда ҳисобдан адашган – мен! Қўлидаги ишидан, кўнглидаги қушидан воз кечиб, ортингдан эргашиб кетишга тайёряшаётган ҳам – мен! Фақат сенинг қошингда мен ўзимни “Бирга!” ҳис қиламан, бепоён олам кенгликларида гандираклаб юрган танҳолигимни унутаман, васлингга ғарқ бўламан, мислсиз қудрат чегарасидан ўтар-ўтмас Ўламан – Тириламан!..

Мен камолатга етдим ёхуд бутунлай соб бўлдим: ушлайдиган, суянадиган, инонадиган, умидланадиган, эслаб қувонадиган, кўриб кўкка сапчийдиган дунём қолмади. Бошдан оёқ барбодлик, паришонлик… Мен қандайдир чегарага келаганимни билиб турибман. Бироқ энди кимнинг мулки бошланади – ҳаётнингми, ўлимнинг? – билмайман. Тирикликнинг борлиқ қувончлари юзасига асал суртилган заҳарга менгзайди. Мен ҳузуримга фоҳиша аёлдек жилпанглаб келгувчи ҳар қандай бахтнинг қўйнида яшириниб ётган илонни кўраман. Кейин ўйлаб қоламан: кўрганим яхши бўлдими ёки аксинча тузукмиди? – билмайман. Ҳаммаси баробардек. Мен нимани танлашимни аллақачондан бери билмайман. Якрангликми мени карахт қилган ёки дунёни шундай кўраётган борлиқ – ичимдаги хаос? – тағин билмайман. Балки ўтиб кетар буларнинг барчаси… Хўш, бунга сабаб нима бўлади? Молу давлат, шуҳрат, мартаба, чиройли аёллар ва ҳоказо ҳамманинг хаёлини банд этган, орқасидан оч итни сарсон қилган карвондек судровчи моддият неъматларими? Ахир, ўзинг чексиз марта иқрорсан-ку буларнинг “усти шакар билан қопланган гўнг”га ўхшашига! Нега яна довдирайсан? Балки фаолият: ҳақиқий руҳий-ижтимоий-жисмоний-жинсий фаолият сени қутқарар бу ярамас турғунликдан…
— Унда шу вақтгача қилиб юрганларим нима эди? – эътироз туғилади қайдадир.
— Булар кам самара берди. Сен йўлларни алмаштир. Эскилари сени бор бўйингча акс эттиришга ноқобил чиқди. Сен шундай бир йўл топки, борлиғингча – бахту кулфатинг, қувончу кадаринг-ла намоён бўл! Ичингда ҳеч нарса қолмасин, бунинг иложини қилолмасанг, жилла қурса, сени безовта этадиган даражадаги дард яшириниб олмасин у ерда! Эҳтимол, шундагина ажалинг етиб ўларкан, юзинг армон ва оғриқдан буришмас, тағин ким билсин…
— Ошиқларни ташласанг-чи, биродар! Орқангдагилар кутиб қолди…

Мен не кўйларга тушаётган бўлсам, сабаб – Сен, Сенинг менинг табиатимга жойлаган Уруғларингдир, Оллоҳим! Улғаяр ва жамияту табиат, ҳатто ўз-ўзим билан муносабатга киришар эканман, ҳамиша ўшаларга тўқнаш келдим, деярли ҳамма вақт уларнинг фармонларини адо этдим… Ҳайҳот, мен – ким? Ўша уруғларми ёки уларнинг измида юрган мутеъ хизматкорми?! БИЛМАДИМ…

Куз аллақачон келган, лекин бу сафар мен унинг ташрифидан тўлқинланиб ҳеч нарса қораламадим. Нега? Фурсатим бўлмади, дея олмайман. Балки шу чоққача ҳаяжонланавериб туйғуларим ҳам ўтмаслашгандир, балки турмуш ташвишлари уларни кўмиб юборгандир, балки фасл алмашиниши одатий ҳолу бунинг учун жунбишга келиб, бош қотиришнинг ҳожати йўқлигини ниҳоят тушуниб етгандирман. Яъни бор нарсани шундоғича ва энг муҳими, вазминлик билан қабул этаётгандирман…
Барча дунёқарашлар каби ушбунинг-да ўзига хос жозибаси, юки ва кучи мавжуд. Унинг қиммати айниқса узоқ вақт бўлар-бўлмасга туйғуланаверишдан сўнг яна ҳам бўртиб кўринади. Лекин у одамзоднинг бутун умрига татирмикан? Ёки ҳаётнинг узун йўлидаги машаққат ва зерикишларга дош беролмай барча инсоний назарлар янглиғ кунпаякун бўлармикан? Ахир, яқиндагина муҳаббатдан бошларим айланиб юрардим, севгилим учун, севги учун ҳар нарсага тайёр турардим… Бугун эса мен ўша туйғуларимга истеҳзо билан боқаяпман. Бироқ истеҳзонинг ҳам абадиятига иштибоҳим бор. Унинг қонида бедаво касалликнинг уруғлари яшамоқда каби…
Мана, орадан ҳафта ўтди ё ўтмади-ю, руҳиятимда ўзга бир кайфият ҳукмрон: мен тағин сиқилаяпман. Гўё эртага ўлишини билган бемордек забун ва чорасизман. Ҳолбуки, қиш яқинлашиб қолганига қарамай, қуёш худди ёздаги сингари хона ичини ўз зиёси билан тўлдирганча деразадан мамнун мўралаб турибди. Ҳолбуки, ташқарига чиқсам қиладиган ишим, борадиган жойим бордек. Ҳолбуки, фожиа ҳақида ҳеч қандай ваҳий келгани йўқ… Лекин барибир, жуда улкан бир мунгнинг тўрига илинганимни ҳол тилим баён этаётир. Мен чалғиб эмас, балки айнан мунгни кечиб, унинг тубига етибгина озод бўлишимни яхши биламан. Мен унинг кўзларига тик қарашим ва моҳиятини англамоғим шарт!  Ҳайҳот, менга ҳамма қатори еб-ичиб, ўйнаб-кулиб…гина ўлиб кетиш етмайди. Мен энг аввало, ўзимни ҳайратга соладиган, инсон тўғрисидаги маҳдуд тасаввурларимни парчалаб ташлашга асос берадиган бир иш қилмоқ истайман! Бироқ қани ўша иш, ўша имкон?! Менда ўқтин-ўқтин пайдо бўлувчи жунбиш – қоғоз қоралашдан бошқа ҳеч нимага ярамайдиган эҳтирослар бўрони мавжуд, холос. Қолгани элники қатори… Шундоқ экан, мард бўлай-да ўзимни кўпнинг ичига урай, токи нуқсонларим-ла баробар ғарқ бўлгайман!.. Бироқ кўнгил-чи? У ҳам чўкиб кетармикан? – ҳамма гап шунда…
Эл бўлса… аллақачон жудаям банд: ким тижорат-ла, ким сиёсат-ла шуғулланмоқда, кўз билан кўриб, қўл билан тутса бўлгулик келажак бунёд этмоқда. Мен-чи? Менинг асосий қувватим хаёлоту ўз-ўзимни тафтиш этиш, қониқмаслик ва ниҳоят, изтиробга сарф бўлмоқда. Гапнинг дангали шуки, баъзан мен чинданам ўшаларга ҳавас қиламан, менинг ҳам ўшалардек лаззатлагим келади… Лекин бир думалайман-да уларга ачина бошлайман: Худонинг қаҳрига учраган шўрлик бандалар, қанийди сиз ҳам мендек изтироб чексаларинг – яшасаларинг! – дейман. Мен қайси ҳолда самимий эканимни ҳануз билолмайман…

Мен қаердадир қандайдир хушҳол эдим. Бир вақт ичимда ғалати ўзгаришни сездим. Хушҳоллик билан андармон бўлиб турган эътиборим беихтиёр равишда ўзгаришга қаратилди. Жараён шиддатли тарзда ўсиб борлиғимдан хуш кайфиятни сиқиб чиқарди-да, ўрнини ўзи эгаллади. Ниҳоят, мен уйғонаётганимни элас-элас пайқай бошладим. Фикримни туш ва ўнг оралиғида эканим ва тушдан ўнгга томон ҳаракатланаётганим – уйғонганим жалб этди. Ҳа, ичимдан яна битта “мен” кўз ёриб чиққан эди. Лекин унинг кайфи чоғ эмасди, зерикканди. У ўзи муосабатда бўлиши керак дунёни эринибгина қабул қилди. Тўғрироғи, дунёнинг бепоён икир-чикирлари домига кўнгли чопмай тортилди. Ўзи чиқиб келган – ичкарида қолган “мен” ҳақида бир зум ўйлади, унинг рангин кенгликларини, дилрабо товланишини, хушҳолини эслаб энтикди: “Бир куни ё мен сени маҳв этажакман ё сен мени!” дея ғудранди-да, бошини кўрпага ўради…
Бир маҳал икки ёним ловиллаб ачишганидан сапчиб туриб кетдим. Алангладим: баҳайбат гулханлар орасида қолганимни кўрдим. Бу – ўша эди! Ва менинг ўз ичимда, қон-қонимда, жон-жонимда ҳансирарди. Мен ўз ёғида қоврилаётган икки “мен” дан иборат эдим. Улардан биринчиси кўпроқ тушларимда, хаёл ва шавқларимда, кулгу ва йиғиларимда намоён бўлса, иккинчиси анави жойда кўрпага эмас, балки ўз дардига ўралиб ётган “мен” эди. У асосан бедор пайтларимда – ўнггимда, юрган-турганимда, еган-ичганимда, ишлаган ва шунга ўхшаш ҳолларимда ўзини намойиш этарди. Биринчи “мен” ўт бўлса, иккинчиси сув эди. Иккинчи “мен” кун эса, биринчиси тун эди. Улар бир жойда бир аснода яшай олмасди. Бир-бирини ёмон кўришарди. Бири турган жойга иккинчиси ўлақолса яқинлашмасди… Менга эса қозиликдан бошқа иш қолмаганди назаримда…

Дайди итни сарсон кездириб тўздирган қисмати янглиғ мени ҳам йиллар, ойлар, кунлар, лаҳзалар аёвсиз қувиб бормоқда. Мен тобора ўзимни қаршидаги қирғоққаяқинлашаётганимни ҳис қилиб турибман… Бир пайтлар ота-онамнинг бағрида ўйнаб юргувчи шўх-зинда бола эдим, бугун ўз ўғлим менинг қучоғимда ўйнаб ўтирибди. Кичкинтойларнинг, ҳатто баъзи ўспиринларнинг “амаки” деб мурожаат этишларига ҳам кўникиб қолаяпман. Лекин туриб-туриб ич-ичимдан бир туғён отилиб чиқади-да,болохонадор қилиб сўкинади… сўнг секин-аста хомуш тортади. Ахир…
…Кечагина оғзидан олов пуркаб, ёз керилиб турганди. Бугун мана, ҳавода кузнинг илиқ нафаси кезиб юрибди…
…Кечагина юрагимда тийиқсиз орзулар қандай қилиб узоқ-узоқларга чиқиб кетишни билмай сабрсизликдан типирчилаётганди. Бу кун уларнинг икки қўли бўм-бўш, юрак – она юртга қайта олмай доғдалар…
…Кечагина севганим қизнинг қароқларига кундузлари термилиб ўтирар, кечалари тонгга қадар суратини чизар, сўнг ухлаб қолиб тушларимда яна у билан сайр этар эдим. Бугун уни эмас, умуман гўзал аёллар ҳақида ўйлайман…
…Кечагина катта бўлсам, онамнинг меҳнатдан ёрилга қўл-оёқларига дармон бўламан, деб ишонардим. Бугун у қўл-оёқлар баъзан ўғлимнинг хизматини қилиб баттар ёрилади…
…Кечагина дунёнин забт этаман, деб хезланардим. Бугун ўзим унинг пойларида эзилиб битдим…
…Кечагина бу ҳаёт кун сайин, ой сайин, йил сайин мени Яратганнинг ҳузурига элтаверади, деб билардим. Бугун яшаганим сари у ҳузурдан узоқ тушаётганимни сезаман: йил сайин, ой сайин, кун сайин…
…Кечагина дўст учун жонимни тикишга тайёр яшаган – мен! Бугун на дўст қолди ва тикилишга тайёр жон!..
…Кечагина ижодкор бўлиш дунёдаги энг улуғ ишдек туюлганди. Бугун мен дор сиртмоғига бўйнимни беришга юрагим дов бермагани учун ҳам дардимни, лахта-лахта қонга тўлган кўксимни оқ қоғозга артиб-ўраб одамларга улоқтираяпман, холос…
…Кечагина бузуқ дунёни кўриб, улғайсам, ҳаммасини тузатаман, деб қасам ичгандим. Бугун – улғайгач, дунёни тузатиш у ёқда турсин, бузилмакдан ҳатто ўзимни қўрий олмай адоман…
…Кечагина бола эдим… олға боқиб юрагим ҳапқирарди: мен мўъжиза кутардим… Бугун худди қўл-оёқларидан айрилган жангчи-жасаддекман: икки кўзим мўлтираб кесиб ташланган қўл-оёғим – орзуларимга тикиламан, ҳайҳот, шу ҳолим мўъжиза бўлса!..
…Кечагина мен нима қилишимни, қаён боришимни, қаршимдаги сон-саноқсиз йўллардан қай бирини танлашимни… ҳамма-ҳаммасини яхши билардим. Бугун мен чор томони чиқиб бўлмас биёбон бўлган ва буни билган, билгани учун ҳафсаласи пир ҳолда чўкка тушиб олган, шу кўйда ёқасини чок-чок этиб, фақат Сенга – яратган Эгамга дод-фарёд кўтариб, арзи ҳол қилаётган банданг кабиман. Йўқ, ўша – Мен!..
…Кечагина ота-онанг бағридан сўнгги бор чиққан эдинг. Бугун мана, бир йил кечибди, бир йил! Назарингда гўё қишлоқдан йўлга тушдинг ва шаҳарга етганинг ҳамона орқангга қайрилиб қараганинг орасичалик фурсат ўтди, холос. Ваҳоланки, бу ўртада не-не сувлар оқиб кетмабди, энг муҳими, падар ва волидангнинг қалблари сени соғиниб не-не изтиробларга таҳаммул этмабди… Ахир, тез-тез бориб турардинг-ку! Баъзан икки ой, баъзан бир ой ҳам бўлмай ҳузурларига учиб, кўнглингни нималаргадир тўлатиб қайтардинг-ку!.. Бу сафар нега ҳаялладинг? Ё сен ортиқ уларнинг меҳрига эҳтиёж сезмаяпсанми ёки ўз оёқларингга мустаҳкам туриб олдингми? Ахир, бурч деган нарса бор-ку! Ёки иш билан бўлиб йилларинг ойлардек, ойларинг кунлардек шиддат-лаўтаётганини тобора пайқамай бораяпсанми? Нима бўлди ўзи сенга? Ахир, сен эмасми дунёнинг марказига инсонни, инсонга дахлдор оламнинг шоҳсупасига унинг кўнглини қўйган?.. Шундай экан, нега ўзинг ўткинчи икир-чикирларга бунчалар берилдинг? Кўнгилдан, уни суяб турган устунлардан хабар олмоқдан чалғидинг, ғафлатдами қолдинг? Ахир, кўрмаяпсанми, одамлар бирин-сирин ўққа учаётган жангчилар мисол майдонни – бу дунёни тарк этмоқдалар. Ҳатто кечагина қучоқлашиб суратга тушганинг икки оғайнинг бу кун йўқ. Ажал ўқи икки ёнингдаги икки навқирон йигитлар жонига ачинмаган экан, ўртадаги сенинг жонингни аяйди деб ким кафолат бера олади? Ахир, ота-онангнинг жонлари ҳам худди сеники каби бир нишон-ку! Нечун омонатга бунча ишонасан, унга ружу қўйиб, мангу яшайдиган борлиқ янглиғ дунёга кўз соласан!.. Тўхта, биродар! Қўл-оёқларингга кишан ур, токи, улар фикрларингни зиндонбанд этмасинлар! Керак бўлса, ҳатто оғзингга қулф оски, ўтлаб кетмагайсан! Сен барча чораларни кўр-да,моҳиятингга назар сол: нималар қилишинг зарур эди-ю нималар билан умрингни ўтказиб юрибсан, бил!..

Аллақачондан бери ҳеч кимга мактуб ёзилмайди… ҳеч кимдан кутилмайди ҳам…
Орзунинг пушти куйиб кетганига кўп бўлган… Баҳор энди илгаригидек келмайди. Куз ҳам кетганда бошқача кетади. Фасллар алмашиши бир пайтлар олам-олам севинч ваъда қилган эса, энди армон ва алам бўйлари атрофни тутиб ётибди…
Бола экан, катталарга қараб ҳавас қилардим, энди ўзимга кўзларида ҳайрат учқунланиб боқаётган болаларни қучоқлаб юм-юм йиғлагим келади…
Бир замонлар ҳув олдинда машъаладай порлаган мақсад мени ўзига чорлар ва ҳаётимга мазмун бағишларди, бугун сўниб бўлаёзган кул чангиб кўзимни ачитади. Энди мен қаён бораримни, нима қиларимни билмайман. Гўё қибласини йўқотиб қўйган мусулмондек аланглаб чор томонга кўз соламан, қайдасан?!..

…Мен борини ёзишга интилдим, холос. Борини ёзиш эса қурбимдан ташқарида эканини ниҳоят, англадим. Чунки мен ўз сийратимни сизнинг қаршингизга рўй-рост олиб чиқишга ҳар доим ҳам ботинолмадим, қанча тиришмайин, бунга эришолмадим. Назаримда, бу – имконсиздек. Ёзганларимдан янада чуқур кетсам “мен” деб аталмиш ўзакнинг қарсиллаб синиб кетишини ва “мен” яшамоққа илож тополмаслигимни идрок этганча тилни тишладим… Афтидан ижод ҳам бир ўйин: кимдир мендан-да илгари кетишга ва сийратини борича акс эттиришга уриниб кўрар ҳамда бунга қисман эришар ҳам. Бироқ аминманки, у-да нималарнидир гизлашга ёки уларга бошқача маъно беришга, ўзи ва ўзга орасида муайян масофа сақлашга маҳкумдир… Ким билсин, буларнинг ҳаммаси менинг шарқ фарзанди эканим билан изоҳланар, балки…

Мен тўйиниб, севинчдан баландроқ туйғуга қоришиб уйғондим. Уйғондиму секин юриб ярим очиқ деразанинг олдига келдим. Сокинлик, яна аллақандай масъумлик… Буларни диққат билан қўриқлаётганим каби ой кўзларини катта очган – тўлган. Унинг зиёси гўё ҳимоя қобиғи – қопқоқ мисол олам узра ёпилган… Ҳаммасининг қоқ ўртасида улкан дарахт – мени тун ярмида уйғотган зот! Мен уни тушимда ҳам кўрган эдим. Мен уни ҳар доим кўрман тушимда. Бу сафар у менга нимадир сўйламоқчи, қандайдир ўта муҳим сирдан воқиф этмоқчидек вазмин тебранади. Дарахтнинг ҳисобсиз япроғи ўша асрордан баҳс этаётган тиллари бўлиб туюлди менга. Фақат бу тилни билгувчи қайда бор? Менга насиб этармикан уни тушунмоқлик? Ёхуд армон қўнғироғи садолари остида дунёни тарк этаманми? – билмайман! Ахир мен усиз нақадар ёлғизман…
Изтиробимнинг сўнгги йўқ каби… Дарахт эса мени кечалари уйғотмоқдан ва саҳарларгача пойига ўтқазмоқдан, қўлимга уриб ишимни, дилимга эсиб ҳаловатимни тўкмоқдан бўшамайди, бўшамаётир ва бўшамаяжакка ўхшайди… Ҳайҳот, мен қандай дардга гирифтор бўлдим!?.. Эй дарахт, сен кимсан? Мен-чи? Ичимда мендан бошқа яна ким борки, мен унинг соясига айландим?!..
 
III ҚИСМ

Мен дафтарни ёпганимда вақт алламаҳал эди. Соатга қараб милларнинг роппа-роса бешнинг устида эканини кўрдим. Лекин бу кундузгими ё тунги? – бирданига билолмадим. Ўтирган кўйи деразага қайрилиб қарадим: ташқарига зулмат чўккан, шамол ҳамон ғувиллаб, дераза қанотини тақ-тақ ўз устунига ураётган, кирганимда қия очиқ қолган эшик ҳам ўшандай – кимнидир кутаётган каби чоғланган, фақат дарахтларнинг қўшиғигина энди ташқарида ва ҳатто хонада эмас, балки менда, менинг ич-ичимда… бутун борлиғимда янграётган эди…

1994-1997 йиллар

Ўқилди: 587

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар