Қидириш

Кутубхона

Facebook

РАНГЛАРНИ ТЕБРАТАЁТГАН ШОИРА

РАНГЛАРНИ ТЕБРАТАЁТГАН ШОИРА

       Қўлингиздаги тўплам (“Булутлар кесишуви”)дан жой олган шеърлар янгиланиб бораётган адабиётимизнинг тотли мевасидир. Буни ҳеч тортинмай, хижолат ҳам бўлмай, энг муҳими, иккиланмай айтиш мумкин ва жоиз. Аммо ҳар қандай янги ҳодисанинг қулоғидан тортиб обориб модернизм деб аталган мамлакатнинг фуқароси айлашга уриниш шарт эмас. Модернизм деганимиз жудаям шартли бир тушунча. Яъни санъату адабиётдаги ҳар қандай янгиликни инсониятнинг бадиий тафаккур йўлидаги битта босқичга — модернизмга олиб бориб тиркашни энг мақбул йўл деб бўлмайди. Янгиланиш бу – азал-абад ҳаёт-воқелик тақозоси. Воқелик ҳар доим янгиланиб боради. Измлар шу воқеликнинг кайфияти аслида. Модернизм деган кайфиятни ҳам шу ҳаёт туғиб вояга етказган. У яна шунга ўхшаш неча-неча измларни дунёга келтирмайди, дейсиз.

      Бугун Гўзал Бегимнинг исми янгиланиб улгурган назмий карвонимизнинг энг олдинги сафида туради, десам муболаға бўлмайди. (Аксини айтсам эса ҳақиқатга путур етади.) Чунки унинг шеъриятида образлар тизимидан тортиб ифода тарзию энг майда назмий деталгача янги, оҳорли. Ишонмайсизми? Эшитинг. “Ҳаммаёғим юрак”  дейди шоира бир шеърида. Менинг бугун етиб келган ожизона даражам ва кайфиятимга кўра шу иккита сўз — шеър. Бўлгандаям жудаям теран маънога эга бўлган катта шеър! Хўш, нега? Бунинг учун аввало, адабиётдаги юрак деган алоҳида образ моҳиятини ёдга олмоқ керак. Унга кўра юрак бу одам ва олам дардини ҳис билан туйгувчи, англагувчи инсон аъзоси. Буни эсладик. Энди “ҳаммаёғим юрак” деган мисрага қайтайлик, бу сўзлар нимани англатади? Одам ва олам дардини биттагина аъзо билан эмас, балки бутун борлиғим билан туяман, деган маънони эмасми? Тасаввурга эрк берамиз: бошдан оёғи юракка дўнган киши жуда-жуда ҳассос зот бўлиб, у ўзининг ҳар бир ҳужайраси билан атроф-жавонибга қалб қулоғини солади, уни эшитади, дардини  олади.  Демак, у бошқа одамларга кўра юз чандон, минг чандон кўпроқ ҳис қилади. Чунки қолганлар фақат юраги билан (у ҳам борда бор…) ҳис этса, шоира бутун вужуди юракка айланиб оламга кўнгил кўзини қаратади.

      Адабиётда чинакам истеъдод эгаси барибир ўз ориганал сўзини айтади, айтиши керак. Нафақат адабиётда, ҳамма соҳаларда ҳол шундай. Эсланг, тасаввуф оламига кираётган солик, аввало, бу йўлнинг сирру синоатларини ўзигача ўтганлар ҳаёти ва амалларидан ўқиб ўрганади. Маълум бир даражотга боргандан кейин эса ўқиб ўрганган китобларини дарёга улоқтиради, яъни унутади. Шундан кейингина у ўз сўзини айтишга чоғланади… Кузатишларимча, Гўзал ҳам шеъриятда юрилган йўллардан юрмайди, балки ўз йўлини, ўз оҳангини, ўз услубини топишга бел боғлайди. Албатта, Гўзал Бегим ўзи танлаган назм майдонида танҳо эмас. Унинг ёнида Баҳром Рўзимуҳаммаддек катта шоирлар бор. Илгарироқда поэзиямизда чақмоқдек чақнаган 70-йиллар авлодининг ғоят муваффақиятли чиққан тажрибалари бор. Лекин, барибир, Гўзал шеърларининг ички мазмунига илғай билган омадли ўқувчики бор, англайдики, у ўз қиёфасига эга забардаст ижодкордир!

      “Алла” шеърида шоира “рангларни тебратаяпман, алла болам, алла” деб ёзади. Эътибор берсангиз, Гўзалнинг бутун шеърий ижодига ишора мисрадир бу. Чунки у юракка айланган бутун борлиғи билан чинданам рангларни тебратиб келаётган, уларнинг ақл олмас, идрок ўтмас мазмунини илғашга уринаётган ҳассос шоира. Ҳатто фарзандига алла айтаркан, бошқа миллионлаб оналар каби “Катта бўлгин қўзим, алла. Меинг ширин сўзим, алла” демайди, балки “Тонгни тебратаяпман, алла. Қуёшни тебратаяпман, алла. Юракни тебратаяпман, алла” дейди ва шу тарзда биз юқорида айтганимиз ўз қиёфасини ҳатто алласи билан ҳам яратади, ярата олади.

      Гўзал Бегимнинг бутун ижоди мазмун-моҳиятини ўнлаб шеърларидан қидиришнинг ҳожати йўқ.  Чунки биз излаган, бизнинг шеърпараст руҳимиз эҳтиёж сезган мазмун унинг биргина мисрасида жимирлаб оқиб ётиши мумкин. “Яна азонгача кўзим оқ япроқ”, деб ёзади у бир шеърида. Гўзалгача кўзни дарёга, денгизга, уммонга, осмонга, юлдузга хўп ўхшатишган. Лекин оқ япроққа менгзаш… Бу Гўзалга, унинг оламни бадиий эстетик қабул қилиш усулига хос. Нима учун япроқ яшил эмас, оқ? Бу кўз оқига ишора. Демак, у очиқ, бедор. Азоннинг, тонгнинг оқ рангига монандлигида ҳам бир бошқа маъно яширин… Шу маънода Гўзалнинг ҳар бир муваффақиятли чиққан мисраси бир яхши шеърдир! Шунга кўра Гўзал Бегимни мисрама мисра ўқимоқ керак, шеърма шеър эмас, дегим келади менинг. Уни шеърма шеър ўқиб уқмоққа, завқланмоққа бел боғлаган ўқувчи “тиқилиб қолиши” мумкин. (Албатта, у “ҳазм қилиш” қудратига эга бўлса).

      Гўзал Бегим биз кўниккан бир бутун воқеликни парчалаб ташлайди ва ўша парчалардан бошқа, янги воқелик барпо этади. Шунда биз кўзларимизни катта-катта очиб қараймиз: бир қарасанг — таниш, бир қарасанг — нотаниш. Шу ерда ўқувчилар иккига айрилиб кетади: уни таниганлар ва танимаганлар.

      Демак, мана шу тарзда янги адабиёт айрим ўқувчини ўзига ошно этиб,  бошқаларини эса ўзидан узоқлаштириб боради. Ҳамма гап шундаки, янги адабиётдан юз ўгириб кетаётганлар тафаккурида ялқовлик бор бўлиб, улар одатда онгу қалбларини зўриқтиришни хоҳлашмайди. Улар тап-тайёр маҳсулга кўникишган, шуни кутишади. Янгиланиб бораётган адабиёт эса бадиий асарга гизланган маънонинг юзага чиқиши учун, керак бўлса, ўқувчининг муаллиф қадар иштирок этишини талаб этади. Зеро, бу адабиёт билагигина эмас, аввало, ақли, тафаккури, хаёлоти ва юраги бақуввват ўқувчилар учун айни муддаодир.

     Ҳа, албатта, Гўзал Бегим шеърларининг маромини топмаган жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Чунончи, шоира ўз бадиий уммонига шунчалар теран шўнғиб кетадики, ортидан изма из келаётган ўқувчи унга етолмай, йўлини йўқотади. Натижада шоиранинг ўзидан бошқаларга анчагина мавҳум бўлган сатрлари қоғоз юзига сизиб чиқади. Эҳтимол, қачонлардир бундай тизмалар ҳам осонгина тушунилиб таҳлил этилар, лекин бугун… Бугун шоира ўз замондошлари томонидан англаниб, ҳис қилинишни, уларнинг юракларига кириб боришни истаса, шеърларида уларни ўз ортидан қадам ба қадам етиб келишини таъминлайдиган белгиларни ўрни ўрнига қўйиб кетиши керак бўлади, менимча. Уларнинг орасини узайтириб юбормасин, шунда абстракциядан қочилади, қисқартириб ҳам юбормасин, чайнаб бериш иллатидан халос бўлади (зотан, кейингиси Гўзал шеърларида кўзга ташланмайди). Агар тавсияларимиз ортиқча ва ўринсиз деб топилса, белгиларни ўзи истаган жойига қўйиб кетаверсину ўқувчилар томонидан қабул қилиниш саодатини фурсат деб аталган тақдир ҳукмига ҳавола этаверсин.

      Гўзал Бегим таржимасида эътиборингизга ҳавола этилган Ўзбекистон, Арманистон, Франция, Россия шоирларининг шеърлари қайсидир бир жиҳатларига кўра таржимон руҳиятига яқин. Ўзи шундоқ ҳам бўлмоғи керакда ахир! Ижодкор ҳеч қачон дуч келган бошқа бир ижодкор асарининг таржимасига тутинмаслиги зарур. Танлаши керак. Заргарлик қунти билан сайламоғи лозим. Таржимон ва таржима этилувчи қисматларида ўхшашлик топилиб, бир-бирига уйғун ижтимоий, сиёсий, тарихий ва психологик воқеалар силсиласидан ўтган эсалар-ку нур устига нур. Таржима ўз она тилингда битилгандек жаранглайди, ўзингникига, ўз миллатингникига айланади. Худди Чўлпоннинг Пушкиндан, Усмон Носирнинг Лермонтовдан қилган таржималари янглиғ. Гўзал Бегим ўзбекчалаштирган шоирлар ижодининг жуда кўп қирралари таржимоннинг ўз ижодига монанд эканлиги кишини қувонтиради. Шу боис ҳам таржималар Г. Бегим ўз шеъриятининг давомидек мутолаа қилинади, шундай тафаккурга чорлайди.

      Хуллас, қўлингиздаги ушбу мўъжаз тўплам ҳассос қалбли, нозик дидли шеърхонларимиз учун ажойиб туҳфа бўлишига асло шубҳа йўқ.

 

                                                              

    

Ўқилди: 575

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар