Қидириш

Кутубхона

Facebook

Раҳимжон Раҳмат. “Бир ёруғлик излайман ҳамон…”

Япониянинг аллақайси оролида йил ўн икки ой вулқон отилиб, ер қимирлаб туради, деб эшитганман. Улуғбек “Ёлғизлик” асарида инсон қалбининг ана шундай ҳамишалик безовта, таҳликали қисмини тасвирлашга уринган. У ўз мақсадига эришиш учун ҳикоя ё қисса ёзишнинг маълум ва машҳур анъаналарини қурбон қилиб юборган. Инсон қалби ҳақида ростгўйлик билан гапиришга шу қадар уринганки, ҳатто ёзганлари одатдаги бадиий асарга ўхшамай қолган. Тил – одамнинг оғзидаги ортиғи, деймиз. Тил одамга ўз фикрини яшириш учун ато этилганлигини кўпчилигимиз биламиз. Мен шуни сездимки, Улуғбек асари давомида тилнинг ҳақиқатни яшира оладиган жиҳати – мантиқни парчалашга уринган. Мантиқ тамом бўлган жойдан инсон қалбига илк қадам ташлаймиз, дейди олмон файласуфи.

“Ҳаммаси ўша кундан бошланди” деб дебоча олади асарнинг асосий – II қисми. Унгача қаҳрамон эл қатори яшаётганди, ҳеч кимдан яхши эмасди, ёмон ҳам. Лекин ўша кунги воқеадан сўнг унинг “ФАРОҒАТИ ҚАРС СИНАДИ”. Энди у аввалгидек – одамлардек яшай олмай, ўз ботинига кетишга мажбур қолади… Айнан шу ерда унинг ёлғизлиги бошланади. “Юрагимнинг жуда чуқур жойида мен барибир ёлғизман” дейди қаҳрамон. Хўш, уни ёлғизликка гирифтор қилган куч нима эди? “… Қулоғимга бирдан дарахтнинг олис шовуллаши кирди ва барчаси соб бўлди, “кайфим тарқади”. Дарахтнинг – юз минглаб япроқларнинг улуғвор қўшиғи унга мангу Олам мусиқаси бўлиб туюлади ва “айни мангуликка чарпишиб парча-парча бўлгандир менинг ҳалиги бахтим” дейди. Асар давомида бу оҳанг қаҳрамон ботинида такрор ва такрор чалинади, унинг ташқарига – одамлар олдига чиқишга ва одамлардек яшашига изн бермайди. Яъни дарахтнинг шовуллаши бу – бир қутб (рамз) бўлиб, қаҳрамоннинг бутун изтироблари гўё ўшанга нисбатан, ўшанинг қаршисида, ўша туфайли туғилаверади. Иккинчи қутб эса унинг одатий ҳоли, бир инсон сифатидаги орзу ҳаваси, эҳтиёжи… бўлган жойдир. Қаҳрамон ана шу икки қутб – икки “мен” ўртасида аросатда қолади ва шиддатли азоб билан олишади. У ўзини ўтга, чўққа уради, лекин нажот тополмайди. Изтироблар қаҳрамонни яна ёлғизлик саҳросига олиб чиқади…

Шундай ёки тахминан шундай деганди асарни мендан олдин ўқиган дўстларимдан бири.

Мен “Ёлғизлик”ни ўқиш давомида бир неча бор Фрейднинг онгсизлик (бессознательность) ҳақидаги таълимотини эсладим. Йўқ, Улуғбек аввал Фрейд таълимотини ўрганиб, кейин ўрганганларини асос қилиб қоралаган, деган фикрдан йироқман. Албатта, бир зиёли сифатида Улуғбек Фрейд асарлари билан танишиб чиққанлигига шубҳа йўқ. Ҳатто у бир ўринда Фрейд номини тилга олиб ўтади. Лекин “Ёлғизлик” аввалдан қолип сифатида танлаб олинган бирор бир фалсафий йўналишга таяниб ёзилмаган. Шунингдек, асарнинг жанрини аниқлашдан ҳам ўзимни тўхтаман. Айтадилар-ку, узумини енг, боғини суриштирманг, деб. Хуллас, Фрейд айтадики, ахлоқ ва одоб қоидаларига қаттиқ риоя қилгич инсон ҳам ёвуз ва ахлоқсиз истаклар исканжасида роса азоб чекади, қийналади. Ва ҳатто бундай номаъқул туйғуларга эрк бермай нотўғри қилаяпман, ҳаётимда уларни ҳам қондириб боришим лозим, мана шу энг оқилона яшашдир, деб ўйлайди. Фрейд инсон табиатидаги энг катта ва ўз ҳолича мустақил, бири иккинчисига бош эгишни истамайдиган бўлаклар – реал онг ва онгсизлик орасидаги ашаддий зиддиятни илмий хулосалар билан баён этган олимдир. Инсон моҳиятига чуқурроқ кириб борганимиз сайин Фрейднинг онг ва онгсизлик ҳақидаги илмий хулосалари тўғри эканлигига амин бўламиз. Мен “Ёлғизлик” асари қаҳрамони характерида Фрейд таърифини келтирган онг ва онгсизлик ўртасидаги ҳамишалик жанг яққол ифода этилганлигини пайқадим…

Мен кейинги пайтда ижод қилишга қизиқиш ўта субъектив эҳтиёж эканлигини тушунгандек бўлаяпман. Ижодкор ном қозониш, бой бўлиш ёки ёзганлари воситасида мансабга эришиш учун қоғоз қораламайди. Шунингдек, ёзувчи асар ёзаётиб одамларга одоб ва ахлоқдан дарс бераман, уларга тўғри яшаш усулларини ўргатиб, барини эзгуликка чорлайман, деб ўйламас экан. “Китоб ўқиганим сайин ёвуз инстинктларим уйғониб, миямга ёмон-ёмон ўйлар келаяпти”, деган эди ҳаммага машҳур танишим. “Ижод – ўта сирли ҳодиса. Ҳозирча психология фани бу сирли ҳодиса ҳақида тайинли фикр айта олгани йўқ”. Бу гапни психоанализ фанининг отаси – Фрейд айтган. Менинг фикримча, нафақат асар ёзиш, ҳатто бадиий асарни ўқишга қизиқиш ҳам ижодкорлик каби сирли жараёндир.

Камю, Кафка ва бошқа бир қатор буюк ёзувчиларнинг кундаликлари ҳақида фикр билдирган мутахассисларнинг эътироф этишича, ёзувчи кундалиги ўз аҳамияти жиҳатидан асарларидан-да қимматлироқ экан. Кундалик, одатда, ёзувчи ўлганидан кейин нашр этилиб, ўқувчилар қўлига етиб боради. Шу боис ёзувчи асари орқали ёки расмий минбарларда айтишдан чўчиган фикрларини, шунингдек, ўзининг ўта шахсий изтиробларини кундалигига ёзиб қўяверади. “Ёлғизлик” асари қайсидир жиҳати, балки бўртиб турган ростгўйлиги билан кундаликни эслатади.

“Ёлғизлик”нинг исмсиз, қиёфасиз, макон ва замонсиз қаҳрамони балчикқа тушиб қолган катта балиққа ўхшайди. Бечора сузай деса, сузолмайди, ўлай деса, бунинг ҳам иложи йўқ. Аросат! У аёли ва фарзандини қаттиқ яхши кўради, уларнинг бахтсиз бўлишини мутлақо истамайди. Оила – ҳаёт денгизидаги ёлғиз кемаси. Ундан айрилиш ҳалокат эканлигини англайди. Лекин шунга қарамай, бегона гўзал аёлларни соғинади, уларга нисбатан нафақат шаҳвоний, балки руҳий соғинч ҳам ҳис этади. Ҳатто у гўзал ва бегона аёллар билан бирга бўлиш қайсидир маънода оиламни мустаҳкамлайди, деб ўйлайди. “Ёлғизлик”да Оллоҳга илтижо этилган ўринлар кўп. Қаҳрамон гуноҳларини кечир, деб Оллоҳга илтижо қилаётгани йўқ. Унинг Оллоҳга илтижоси тавба эмас. Балки у аслида гуноҳ деб саналадиган қилмишларим гуноҳ эмас, мен гуноҳкор эмасман, деб яратганга ўзини тушунтирмоқчи бўлаётир. Инсон кўнглида қилган оғир гуноҳини бу гуноҳ эмас, деб худога ялиниш хусусияти бор. Қаҳрамоннинг ўй-фикрлари ва ҳаёт тарзидаги парчаланиш ҳам, менингча, уни ёлғизликка гирифтор этган. У суйган машғулоти – ижод учун имкон ва шароит тополмай қийналади. Оддий турмуш ташвишларини бартараф этиш учун бутун руҳий ва жисмоний қуввати сарф бўлаётганидан азоб чекади. Сариқ сочли бегона аёл бахш этган фароғат кўнглида бир қадар ором ҳиссини пайдо этади. Лекин охирида маълум бўладики, бегона аёлнинг васли чанқоғни баттар оширадиган денгиз сувига монанд экан. Ёлғизликдан қутқар деб юкуниб борган илоҳи ёлғиз йўловчининг энг сўнгги чақасини ҳам тортиб олган ёвуз қароқчи каби боёқишни баттарёлғизлатиб юборади. Унинг бадани, руҳи ва ақли бир бутунлик ичидаги учта мустақил бўлак. Руҳнинг иши – Оллоҳга илтижо, ақл турмуш ташвишлари билан курашади, бадан эса гўзал ва бегона аёллар томон талпинади. “Ёлғизлик”да инсон қисматига хос мана шу зиддият таъсирли акс этган. Ёзувчининг асосий мақсади ҳам шу нарсани таҳлил этишдир, эҳтимол…

Мен Улуғбекка бирон бир ижодий маслаҳат беролмайман. Балиқчи қармоғини сувга ташлади. Ҳатто қармоқ пўпаги қимирлай бошлади: балиқ илинган кўринади. Худди шундай паллада қармоққа чувалчангни мана бундай илиш керак, деб балиқчига ақл ўргатиш инсофдан бўлмас.

Ўқилди: 498

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар