Қидириш

Кутубхона

Facebook

Ижодий эркинликнинг тотли мевалари

Раҳимжон Раҳмат ва Улуғбек Ҳамдам

(Суҳбат)

Раҳимжон Раҳмат: Улуғбек! Сиз яқинда мамлакатимиздаги энг мўътабар адабий нашр — «Шарқ юлдузи» журналига Бош муҳаррир бўлдингиз. Ўзингизга ҳам маълумки, кейинги пайтда бу журналнинг адабий ҳаётимиздаги ўрни пасайгандек эди. Ўз вақтида миллий бадиий тафакурнинг шаклланишида алоҳида ўрин тутган журнални жонлантириш учун қандай зарурий тадбирлар қиляпсиз. Унинг мазмун-мундарижаси ва шакл-шамойилида жиддий ўзгаришлар бўладими?

Улуғбек ҲАМДАМ: «Шарқ юлдузи» журнали халқимиз маънавий ҳаётида ҳамиша алоҳида мавқега эга бўлиб келган. Шуни ёдда тутган ҳолда отахон журналимизнинг эндиги сифат даражасини ўйлашимиз шарт. Бунга нафақат таҳририятда ишлаётган ходимлар, балки юртимизнинг ор-номусли ва албатта истеъдодли шоир, ёзувчи, олим, санъаткорлари, бир сўз билан айтганда, барча Зиёлилари масъулдир, деб биламан. Мен журналда «оламшумул ўзгаришлар, инқилоблар ясаймиз», дея чиранишдан тилимни тияман. Комил ишонч билан айта оладиганим ягона гап шуки, журналнинг энг яхши анъаналарини давом эттирган ҳолда замона талабларига жавоб бера оладиган, рақобатбардош нашр ҳолига келтириш учун жамоамиз билан сидқидилдан меҳнат қиламиз. Ва албатта, сара асарларни қидириб топиш пайида бўламиз.

Раҳимжон Раҳмат: Улуғбек! Сиз бир неча роман ёздингиз, шеърий ҳамда адабий-танқидий китоблар муаллифисиз. Матбуотда романларингизнинг тили тўғрисида эътирозлар билдирилди. Бу борада нима деган бўлардингиз.

Улуғбек ҲАМДАМ:. Танқидларда жўяли тузатишлар албатта, бор. Шукрки, буни қабул қилмаслик даражасида ожиз эмасман. Айни дамда романнинг табиати, ёзувчининг индивидуал услуби, сўз қўллашдаги ўзига хосликлари билан боғлиқ куракда турмайдиган ёзғиришлар, йўқ жойдан нуқсон қидиришга ружу қўйишлар ҳам мавжудлигини ҳам дангал айтиш керакки, бу тутимнинг соғлом танқидга мутлақо алоқаси йўқ. Романларимнинг тили хусусида бир ёзишди, икки ёзишди, хўп дедик. Лекин мазкур жараённинг урфга айланиб бораётгани кишини муаллифларнинг ниятлари тўғрисида ўйлашга ундайди. Ажаб, мақолада акс этган қарашлар остидаги ниятнинг ранг-рўйи бир тош наридан ўзини ошкор қилиб туришидан айримлар бехабар юришса керак…

Ҳар бир ёзувчининг ўз услуби борлигини яхши биласиз. Ҳозир иккаламиз суҳбатимизга бир муддат ора бериб, ташқарига чиқсагу бирон воқеанинг гувоҳи бўлиб қайтсак, кейин кўргану туйганларимизни қоғозга туширсак, бир хил нарса бўладими? Йўқ, албатта. Воқеани тасвирлаш учун танлаган сўзларимиз ҳам, ифода услубимиз ҳам фарқли чиқади. (Қайси ракурсдан туриб қаралгани ва қандай ижодий мақсад кўзлангани бутунлай бошқа мавзу!) Чунки сиз бошқа одам — бошқа оламсиз, мен ҳам бошқа. Бас, шундай экан, романларимнинг тили бу — менинг дунёкўриш ва уни қабул қилиш табиатим билан боғлиқ ҳодиса. Мен ўзим кўрган-кечирганларимни айни ўша тил билан ифода қилмасам, тўлиб кетган кўнглим бўшамайди, мен танлаган сўзлар ва мен қурган гап конструктсияларида менинг характерим мужассам. Бинобарин, ҳар бир ёзувчининг ҳикоя қилиб бериш оҳанги, гап қуриш услуби ўзига хос бўлса, деб орзу қиламан. Ҳар томонлама тарошланган, жилвирланган, инкубатордан чиққан жўжалардек бир хилдаги услублар билан адабиётнинг ранг-баранглигига эришиб бўлмайди. Лекин бу билан менинг асарларимнинг тили камчиликлардан бутунлай холи, демоқчи эмасман, асло. Айтмоқчи бўлган нарсам шуки, «танқидчилар» даъво қилаётгандек ҳам эмас. Мутлақо! Уларга икки-уч ўринларда ҳақ берганим ҳолда қолган айбловлари билан баҳслашиш мумкин, демоқчиман. Нафсиламрини сўрасангиз, бундай бачки масалаларда муноқаша қилишга умримни сарфлашдан кўра яна битта роман ёзиб, унинг титроқларида тўлғониш менга ёқимлироқ ва азизроқ туюлади. (Шунингдек, масала жиддийлашса, мунозарага аралашишдан бош тортилмайди). Чунки ҳазор шукрки, айтадиган муҳимроқ гапим бор, юрагим ҳам ёнишдан тўхтаган эмас!

Раҳимжон Раҳмат: Улуғбек! Анча йиллардан буён ўзбек адабиётчи олимлар ва ижодкорлар орасида Европа модернизм адабиёти ҳақида кўп фикрлар айтиляпти. Ҳатто илмий иш қилаётган олимлар ҳам Ўзбек модерн адабиёти деган сўзни ишлатишяпти. Абсурд қаҳрамон деган гаплар ҳам кўпайган. Айрим олимларимиз мақола ёки илмий иш ёзса, аввал Европа модернизм адабиёти ҳақида гапириб, кейин ўзбек модерн адабиёти деган жумлани ишлатишади. Пайдо бўлаётган бадиий асарлардан модернизм унсурларини, абсурд қаҳрамонни излашади. Ҳатто Европа модернизми тўғрисида жиддийроқ мақола ўқимаган, абсурд қаҳрамон нима эканлигини билмайдиган айрим олимлар ҳам янги замон Европа адабиёти тўғрисида мақола ёзмоқчи бўлишади. Ва улар, ўзлари сезмаган ҳолда, янги пайдо бўлаётган ўзбек адабиёти намуналарини Европа модерн адабиётининг оқовасига айлантириб қўйишади. Айтмоқчиманки, айримлар насримизда пайдо бўлаётган анчайин жиддий янгиликларни кимларгадир тақлид деб баҳолашяпти. Гоҳо «фалончи ўзбекнинг Кортасари, пистончи ўзбекнинг Борхеси» деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Бу гапнинг тагида янгиланаётган миллий наримизни камситадиган нозик маъно бор.

Шуни унутмаслик керакки, бизда адабиёт ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан боғлиқ равишда ривожланади ёхуд турланади. Масалан, Чўлпон, Фитрат, Қодирийлар Жадид адабиёти вакилларидир. Уларни шу атама билан атасак маъқул бўлади. Жадид адабиётини ҳаракатга келтирган куч эса, биринчи навбатта, жамиятда юзага келган сиёсий-ижтимоий ғоядир. Абдулла Орипов ва Эркин Вохидов каби улкан шоирларнинг пайдо бўлиши ҳам ўзбек миллатининг ўз-ўзини англаш туйғуси билан боғлиқдир. Коммунистлар давлатининг парчаланиши ва мамлакатимизнинг озодликка эришиши билан бадиий адабиётда жиддий ўзгариш содир бўлди. Диққат қилинг: кўп йиллик адабиётимиздаги янгиланишлар ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги янги тушунчалар билан чамбарчас боғлиқ. Модернизм эса бевосита илм, фалсафа ва жамият кишилари кайфиятидан ўсиб чиққан. Албатта, бизлар ҳам бутун дунё илмини ўрганишимиз, ўрганганларимиз асосида миллий бадиий тафакурда янгиланишлар қилишимиз лозим ва даркор. Лекин мавжуд адабиётимизни модернизм деган улкан ҳодиса остига бостириб димиқтириб қўйиш ярамайди, деб ўйлайман мен. Унутмайлик: модернизм реал тарихий заминда ва конкрет ҳодисалар тасирида юзага келяпти.

Модернистлар вақт, макон, табиат тасвири, қаҳрамон портрети, сюжет чизиғи ва бошқа анъанавий романга хос унсурлардан чекиниб, кичик бир детал билан кифояланган кўйи шу детални универсал маъно ташийдиган рамзга айлантиришган. Илк бор Фрейд кашф қилган: ижод — худди туш каби ботиний онг ( бессознателност) га сафардир. Ботиний онг эса рамзлар воситасида ўз мавжудлигини намоён қилади. Машҳур Кафка ўз романларидан бири ҳақда гапириб, «сон одной ночи», «бир кеча кўрган тушим» деб атаганди. Реал онгга хос мантиқий, жўяли фикрлаш орқали ботиний шуурдаги маъно-мазмунни англатиб бўлмайди. Шунинг учун модернист ижодкорлар сўз тузилишини ҳам ўзгартириб юборишган. Модернистлар илк бор ўзини ҳар жиҳатдан ночор ва нотовон ҳис қиладиган, гўё ёвузлик қуршовида қолган «кичкина» одамни асар қаҳрамони қилиб танлашган. Айтмоқчиманки, ўзбек адабиётидан модернистик йўналишларни излаётганлар бу адабий оқим ҳақида ҳаққоний ва етарли маълумотга эга бўлишлари лозим. Албатта, ижодкорларимиз модернизм адабиёти намуналари ва уларнинг ижодий услубидан яхши хабардор. Яна айтаманки, Европа модернизмининг вужудга келишига муайян ижтимоий-маънавий ва илмий муҳит сабаб бўлган.

Улуғбек ҲАМДАМ: Мўътадил иқлим, уйғун муҳит бўлмаса, кўчириб келтирганингиз билан кўчат томир отмайди. Шу маънода бугунги ўзбек адабиётидаги янги изланишларни ўтган асрнинг биринчи ярмида Европада туғилган модернистик оқимнинг ғариб тақлиди дейиш анчайин хом гап. Бир-бирига монанд ижтимоий-тарихий даврлар ўхшаш кайфиятли адабиётларни вужудга келтиради. Эътибор қилинг: дунё фолклорида қанчадан қанча бир-бирига менгзайдиган қахрамонлар мавжуд. Нима, уларнинг бари биттасидан кўчирганми? Йўқ-да. Ижодий таъсирланиш албатта бўлади, лекин бу ўриндаги энг муҳим фактор ўша миллатлар тарихидаги сиёсий-ижтимоий-маданий ва психологик муҳит ўхшашлигидир. Ўхшаш муҳитлар ўхшаш адабий қахрамонлару уларнинг бир-бирига монанд кайфиятларини дунёга келтиради. Демак, Европанинг модернистик адабиёти бу Европаникидир ва бу адабиёт ўз даврида ўз вазифасини ўтаб, асосан ўша ерда қолди. Биздаги модерннома адабиёт кайфиятига Европа модерн адабиётининг оз-моз ижодий таъсири (кўпроқ шаклий) бўлса бордир, лекин у моҳият-еътибори билан ўз юртимиздаги ижтимоий-психологик ўзгаришлар заминида туғилди.

Модернизмнинг пайдо бўлишидаги омиллар ҳозир кўпчиликка маълум. Мен бошқа нарсага эътиборингизни жалб этмоқчиман: ижодкор вақти-вақти билан бошқача ёзишга эҳтиёж сезиб туради. У мавжуд ҳақиқатни ҳар доим бир хил услуб ва оҳангда акс эттиришдан зерикади. Бунинг учун кескин ижтимоий-тарихий сабабларнинг содир бўлиши жудаям шарт эмас. Демоқчиманки, ҳаёт энг «туссиз» даврларда ҳам шунчалар рангоранг ва ақл бовар қилмас мўъжизаларга тўлаки, ижодкор услубининг турланиб туришига ҳамиша имкон қолаверади.

Аслида, бундан-да муҳим гапим шуки, ҳамма измлар, аввало, реализм туфайли, унинг қаршисида мавжуддир. Реализм бу шоҳкўча бўлса, романтизм, натурализм, модернизм ва постмодернизм каби ўнлаб бошқа измлар шу она кўчадан бошланувчи, унинг ён-верида узанибгина мавжуд бўлиши мумкин бўлган ёндош кўчалардир. Пировард натижада улар яна шу бош кўчага келиб туташади. Шундагина улар маъно касб этади. Уларнинг қиммати, аҳамияти фақат шоҳкўчанинг борлиги важидандир. Чунки ижодкор фантазияси ҳар қанча учқур бўлмасин, у ўзини не чоғли модерн ҳисоблаб, шу руҳдаги асарлар битишга чоғланмасин, барибир, ёзганлари алал-оқибатда ўқувчи ботинидаги реаллик туйғуси билан ўлчанади. Аввало, унинг ўзи ана ўша реаллик туйғуси билан иш кўради, тафаккур юритади, қоғоз қоралайди. Бас, шундай экан, реализм дарахт бўлса, қолган барча измлар (ҳозиргача мавжуд ва ҳатто келажакда ниш урадигани — барча-барчаси) унинг кўпдан кўп шохларидир. Ёки реализм шундай заминки, унинг бағрида ҳар-хил дарахтлар мисол кўпдан-кўп ИЗМлар вояга етиб туради.

Биздаги янги (модерннамо) адабиётнинг миллий заминда илдиз отганлиги ҳақ гап. Ҳа, бу адабиёт Европа модерн адабиётидан кўчирилган нусха ёки унга тақлид эмас. У бизнинг анъанавий йўлимиздан бошқачароқ шакл ва мазмунга эга ўз адабиётимиздир. Шу маънода уни модерн адабиёти дейишимиз ҳам бироз баҳсталаб. Бу ном ғоят шартли. Топа олсак, миллий адабиётимизда қарийб сўнгги йигирма йил мобайнида бўй кўрсатиб, бугунга келиб эса қаддини тиклаб олган ушбу адабий йўналишга бошқа илмий-асосли ном беришимиз керак.

ХХ аср муқаддимасидан ибтидо олган адабиётимизни «Янги ўзбек адабиёти» деб номлаганмиз. Ўшанда ҳам наср, ҳам назмда тубдан ўзгаришлар юз берган, илк драматик асарлар вужудга келган ва бу чинакамига янги ҳодиса, янги адабиёт бўлган эди. Адабий шакллар асосан ташқаридан — ўзга адабиётлардан қабул қилиниб олингани ҳам ҳақиқат: роман, драма ва янгича шеър шаклларини эсланг. Аср адоғидаги янгиланиш эса бир қадар бошқача табиатга эга. Бунда шакл ва моҳиятнинг ўзи ичкаридан ёриб чиқди. Демак, ташқаридаги адабиётга тақлиднинг ҳиссаси ўта салмоқли бўлмаган. Чунки ижодкорнинг дунёни бадиий-естетик жиҳатдан қабул қилиши ва акс эттиришида илдизли ўзгаришлар юз берди-да. Назаримда ушбу ҳодиса Янги ўзбек адабиёти эмас, ўша адабиётнинг иккинчи тўлқини деган номга муносиброқ.

Раҳимжон Раҳмат: Шуни афсус билан қайд этиш лозимки, ёзувчиларимиз орасида ҳозирги замон илми, фалсафаси, психология фанидаги янгиликларга кўпам эътибор бермайдиганлари ҳам етарлича топилади. Ахир биргина Фрейднинг асарлари ғарб кишисининг реализм ҳақидаги тушунчаларини тубдан ўзгартириб, адабиёт ва санъатда турли оқимлар вужудга келишига сабаб бўлди. Мен, исмини айтмайман, ўзим тенги бир неча ёзувчининг ижодини жиддият билан кузатиб бораяпман. Динлар, дунё халқлари тарихи, илмдаги энг сўнги янгиликлардан бохабарлиги кўриниб турган бу ёзувчиларимиз чиндан ҳам миллий насримизда салмоқли ўзгаришлар ясаяпти. Аслида ўзбек насрида жиддий ўзгариш содир бўлиб улгурган, фақат ҳозирча танқидчиларимиз бу ўзгаришни тўла идрок этиб, пайқаб улгуришгани йўқ.

Менинг назаримда, Улуғбек, ёзувчи икки хил ҳолатда яхши асар ёза олади: саёҳат ва илм ўрганиш. Масалан, ҳаммамиз севиб ўқийдиган Хемингуейнинг ҳаёти фақат саёҳатларда ўтган, уруш нима эканлигини англаш учун эса уч марта урушга борган. Илм воситасида улкан ёзувчига айланган Борхес эса асосий вақтини кутубхонада ўтказган. Охирги йилларда асарлари дунёда машҳур бўлган Коело ҳам анчайин сирли илмлар билан шуғулланганлиги маълум.

Жорж Оруеллни олайлик. Жуда кўп ўзбек адиблари шу ёзувчининг асарларини ўқиб кўришмаган ҳали. Оруелл сиёсатни бадиий асарга айлантирган. Бунинг учун эса бутун умр сиёсий ҳодисалар тўғрисида мақола ёзадиган журналист бўлиб ишлаган.

Сизнинг » Мувозанат» романингиз, мен бундан яқиндан хабардорман, атрофингизда содир бўлган ва бевосита шахсий ҳаётингизга дахлдор шиддатли ҳодисалар натижасида ёзилган. Яъни, асарингизга асос бўлган ҳаётий материални аввал яшаб ўтиб, кейин уни роман шаклида қоғозга туширгансиз.

Назар Эшонқул ва Исажон Султон ривоятлар, асотирлар, илм-фандаги янгиликлар, дунёнинг турли бурчакларида содир бўлган турли даврлардаги тарихий ҳодисалар воситасида инсон қалби, қисматини бадиий талқин қилиб ҳикоялар ёзишяпти. Улар, айтиш мумкинки, анъанавий роман учун арзимас детал бўладиган оддий унсур-образни дунёни англаш воситасига, универсал маънога эга бўлган рамзга айлантира олишади. Анъанавий насримизда деҳқон ҳақида ёзилган асарда бу касб эгасининг ҳаёти, дунёқараши, дард-изтироби акс этади. Дейлик, деҳқон образи тунёнинг тузилиши ҳақида универсал маъно ташийдиган рамзга айланмайди. Янгича асарларда эса, деҳқоннинг ҳаёти мақсад эмас, бир восита сифатида танланади, бу восита орқали одам ва олам ҳақидаги ўзининг диний-фалсафий хулосаларини баён қилади. Демак, деҳқон ҳақида асар ёзишдан мақсад — деҳқон эмас, янгича прозанинг муҳим жиҳати шу — мавзу ва қаҳрамон восита бўлиб хизмат қилади.

Айтмоқчиманки, қўлига қалам тутган ижодкор ўзи яхши билган ҳаётий материални ўзига маъқул услубда қоғозга тушираверсин. Ўзбек ўқувчиси учун турли йўналишларда ёзилган жуда кўп, росаям кўп асарлар керак.

Улуғбек ҲАМДАМ: Ҳамма гап ана ўша ҳаётий материалнинг борлигида, ёзувчи ўта муҳим гапининг чипқон даражасида пишиб етилишидадир. Бизнинг авлод ўтган асрнинг 80-йилларида бошланган улкан, оламшумул ўзгаришларнинг қайноқ бағридан ўтди. Энди бунга эътибор беринг: ана ўша воқеалар ижодкорнинг ичидан ҳам ўтдими, ҳамма гап шу ерда. Юрган дарё, дейди халқимиз. Ижодкорнинг юраги тўлиб-тошиб оққувчи дарёга айланмагунча ундан ўқувчи бахра топмайди. Бошқа томондан, таъкидлаганингиздек, тамаддун тараққиёти силсиласида жиддий янгиланишлар ясаган илмий кашфиётлардан бохабарлик бугунги ижодкор учун фарз даражасида бўлмоғи керак. Чунки ёзувчи ё шоир ҳар қанча истеъдодли бўлмасин, ўз кучини ана ўшандай ихтиролар билан чархлаб турмаса, илдизига сув етиб бормайдиган дарахтдек секин-аста қовжирай бошлайди. Тахминан қирқ ёшларгача ёзганлари кўзларга суртиб ўқиладиган, кейинги қораламаларининг қиймати ҳамин қадар бўлган ижодкорларимиз озми?.. Нега? Чунки аввало, улардаги заҳира соб бўлган. Яна бир муҳим жиҳат шуки, ижодкор ўз юрагининг поклигига аҳамият бермоғи, бинобарин, ўз қалбининг бир умрлик садоқатли қўриқчисига айланмоғи шарт. Қорайиб кетган юрак билан нафақат зўр, балки миёна асар ёзиш ҳам мушкул. Ёзиш санъатинининг кўпдан кўп сиру асрори тагига етган, тизган сатрларида наинки стилистик, балки биронта орфографик хато учрамайдиган ижодкорларимиз бор. Санъатларига тасанно деймиз, лекин не ёзиқки, уларнинг аксариятида мазмун тўпиққа ҳам чиқмайди, асардан вулқондек отилиб чиқиб, ўқувчи юрагига тўғри бориб уриладиган бадиий зарб йўқ, худди қишда туманлар аро хира кўриниб турган қуёшдек тафтсиз, нурсиз. Улар барпо этаётган адабиёт танқидчи А. Отабоев таъбири билан айтганда, масхарабоз минган ёғоч отга ўхшайди. Демак, бундай «восита» билан бир мунча вақт тамоша кўрсатиб, одамлар эътиборини тортиш мумкин, холос, лекин у билан бирон манзил кўзланиб сафарга чиқилмайди. Лекин шукрки, кўнгилга умид бахш этгувчи носирларимиз бор: сиз қайд этган номлар қаторида С. Ўнар, Н. Жалолиддин, Л. Бўрихон, З. Қуролбой кабилар жиддий асарлар яратиш йўлида уринаётгандек туюлади. Ўз АС саҳифаларида берилган Э.Аъзамнинг «Ступка» ва Х. Дўстмуҳаммаднинг «Қичқириқ» номли ҳикоялари адабий жамоатчиликда ижобий резонанс уйғотди. Ўтган йили «Тафаккур» журналида Н.Муҳаммад Рауфхоннинг «Чилла», «Шарқ юлдузи»нинг №1 сонида «Eтакдаги уй» номли рамзий ҳикоялари чоп этилди. «Баҳоуддиннинг ити», «Қултой» (Н. Эшонқул) зўр ҳикоялар. Камнома ва камсуқум Н. Боқийдан ҳам катта бадиий кашфиётлар умид қилсак арзийди. «Суратдаги аёл» ҳикояси билан янгича ёзиш мумкин эканлигини исбот қилган Ш. Ҳамрони эса яна қалам тебратишга ундаймиз. Хуллас, назар солсак, насримиз уфқлари ёриша бошлаган. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас-да. Чунки биз кейинги 20-25 йил мобайнида чиндан-да жаҳоншумул ижтимоий-тарихий эврилишларни бошдан кечирдик, энди уни бадиий идрок қилиш, англаш ва ҳис қилиш даврига кириб келдик. Рўёбга чиққан ишлар бу ҳали хамир учидан патирдек гап. Асосийлари олдинда. Ҳар ҳолда менга шундай туюлмоқда.

Раҳимжон Раҳмат: Улуғбек! Бизнинг ёзувчиларимиз ўз меҳнатларини рўёбга чиқаришни яхши ўрганиб олишгани йўқ. Бизлар бу масалада ҳалиям Муқимийнинг издошимиз. Айтмоқчиманки, ижодорларимизнинг асарлари бутун дунёга милёнлаб тиражда тарқалмаяпти. Оғизга тушган » Алхимик» асарини бир неча марта ўқиб чиқдим ва бу асар бутун дунёда нима учун бу қадар шовқин солиниб ўқилганини унчалик тушунмадим. Ҳозирги кунда ёзувчиларимиз «Алхимик»дан кўра яхшироқ асарлар ёзишяпти. Лекин уларнинг ёзганларини ўз дўстлари, танишлари ва илмий жамоатчилик даврасидан чиқолмаяпти. Мен ҳам орзу қилардим: ўзбек ёзувчиларининг асарлари бутун дунёда беш милёнлаб нусхада тарқалса. Бу нарсани амалга ошириш учун реклама ва бизнес деган тушунчаларни билиб олиш керакми, дейман-да. Шунингдек, бутун дунё билан адабий алоқани кучайтириш лозим, деб ўйлайман. Инглиз адиби ёзган оддий дедиктив асар 10 милён нусхада бутун оламга тарқалади. Хўш, нима учун бизнинг ёзувчиларнинг асарлари Тўйтепадан нарига ўтолмайди?

Улуғбек ҲАМДАМ: Ҳаққи рост. Назаримда ХХ аср ўзбек шеърияти ўзининг сифат даржасига кўра жаҳоннинг исталган илғор шеърияти билан ёнма-ён тура олади. Насримизда ҳам бармоқ билан санарли бўлса-да шундай асарлар бор. Аммо чиндан ҳам ўзбек ижодкорлари асарларининг хориждаги мутолааси кўнгилдагидек эмас. Хўш, яхши ўқилиши учун нималар қилиш лозим? Аввало, юртимизни иқтисодий ва маънавий жиҳатдан ҳавас қиларлик поғоналарга етиши учун ҳамма-ҳамма бор имконини сарф этмоғи жоиз. Жумладан, ижодкорлар ҳам. Нега? Чунки шу мамлакатга бўлган хориждаги ҳурмат, эътибор алал-оқибатда унинг адабиётига қизиқишга ҳам олиб келади. Иккиламчи, таржимон масаласи. Ўзбек ва чет тилининг бутун бадиий товланишлари билан баробар биладиган мутаржимлар авлодини тарбиялаш лозим. Улар яна ижодкор бўлишлари шарт. Чунки асар бадииятини нозик ва теран ҳис қилмасдан унинг аслиятдаги тароватини бериш амримаҳол. (Чўлпон, У. Носирларнинг Пушкин ва Лермонтовдан қилган таржималарини эсланг!) Учинчидан, сара асарларни танлаб таржима қилиш, чиройли ва сифатли ҳолда нашр этиб, тарқалиши учун чора-тадбирлар олмоқ даркор. Тўртинчидан, таржима моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоғи зарур. Жамиятда шундай тизимнинг мавжудлиги ва доимо ишлаб туриши жудаям-жудаям асқотади. Албатта, мазкур муаммонинг бешинчи, олтинчи, еттинчи ечим тахминлари ҳам бор, лекин бир четдан бошланса, у ёғи юришиб кетади.

Раҳимжон Раҳмат: Ҳозирги яратилаётган бадиий асарлардаги муҳим жиҳат шуки, улар бир-бирига озгина бўлса ҳам ўхшамайди. Бу нарса кўнгилда умид уйғотади. Дейлик, Қодирийдан бошланган миллий ўзбек прозасида муайян ижтимоий-сиёсий муҳит сабаб то 90-йилларгача ифода услуби ва мавзуда жиддий янгилик деярли кузатилмади ҳисоб. 90-йиллардан кейин эса бири иккиинчисиникига ўхшамаган услубга эга бўлган ёзувчилар кўзга кўрина бошлади. Бу жараённинг тезлашиши ижодий эркинлик билан боғлиқ бўлса керак.

Улуғбек ҲАМДАМ: Кўникиб қолиб аҳамиятини бир қадар унутгандек бўлаяпмиз, аслида ижодий эркинлик — ижодкор учун ҳаёт-мамот масаласи. Бугун яхши ёзолмаётган ёки умуман ёзмаётган ёзувчи, шоир ва драматург бўлса, аввало ўзидан ўпкаласин. Чунки унинг боши устида ҳеч ким «манавиндай ёз, анавиндай ёзма» деб, мафкуравий қамчи ўйнатиб тургани йўқ. Мавзу танлаш ва уни ёритишда ҳозир ёзувчи эмин-еркин. Чинакам ижод учун шу эркинлик қаршисида қолган барча важ-корсонлар баҳонадан бошқа нарса эмас. Чунки ижодий эркин бўлмагани туфайли ҳам вақтида Қодирий, Чўлпон, Ғ. Ғулом, Ойбек, Ҳ. Олимжон, Миртемир, Шайхзода каби улкан ижодкорлар ўзларини тўлиқ намоён қилолмадилар. Биргина Ойбекнинг ижодий потентсиалига эътибор қилинг, унинг энг юксак адабий чўққиларни забт этгулик кучу қудрати мафкуравий тушовлар боис юзага чиқмай, соқов тилнинг ортида — ботинда қолди, шундай кетди ҳам. Бугун биз ана шундай аччиқ сабоқларни ёдда тутмоғимиз ва имконимиздаги мавжуд ижодий эркинликдан максимал даражада истифода этмоғимиз даркор. Сиз айтаётган услубий ранг-баранглик шак-шубҳасиз ижодий эркинлик деб аталган неъматнинг дастлабки ширин меваларидир. Адабий боғимизнинг кенг ва ундаги мевали дарахтларнинг хилма-хил бўлиши келажакда миллатимизнинг энг ботиндаги ижодий қувватларини ҳам ҳаракатга келтириб юборишига ишонаман.

2010 йил, март

Ўқилди: 371

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар