Қидириш

Кутубхона

Facebook

Ижодкор масъулияти (facebook саҳифаларидаги кескин баҳс)

ЖИДДИЙ ВА КЎЧА АДАБИЁТИ ҲАҚИДА БАЪЗИ МУЛОҲАЗАЛАР


Жиддий адабиёт миллат маънавиятини бойитишга хизмат қилса, кўча адабиёти эса, аксинча, асрлар мобайнида томчи-томчи йиғилган ана ўша маънавий бойликни челаклаб тўкилишига сабаб бўлиши мумкин. Албатта, адабиёт ранг-баранг бўлмоғи керак. Чунки ўқувчилар адабий дидининг ўзи турфа рангда. Лекин хилма-хиллик дегани орада савиясиз асарларга ҳам рухсат бор, дегани эмас. Баъзан танқиддан тубан адабиёт ҳақида лом-мим демаган маъқул деб биламиз. Шу тутимимиз қанчалик ўзини оқлайди? Анча йиллар муқаддам китоб дўконига кирсам, аёл муаллиф номидан бир неча шеърий тўплам нашр қилинганига кўзим тушиб, қизиқиб биттасини олдим-да варақладим. Шунда китоб адади эътиборимни тортди: нақ 100 000 нусха. “Ажабо! Қойил!” — хитоб қилиб юбордим ўзимга ўзим. Дўкондордан сўрадим: “чиндан шунча нусхами ё бу ерга битта-иккита ноль адашиб кириб қолганми?”. “Йўқ, Марҳабо опанинг китоби яхши сотилади, ноллари жойида”, деб жавоб берди сотувчи. Шеършунос бўлганим учун битта шеърий тўпламни харид қилдим ва уйга келиб ўқиб чиқдим. “Натижа?” дейсизми? “Шеърий тўплам” деганимиз қофиядан оз-моз хабардор, жиндаккина бадиий завқи бўлган ва табиийки, шу

ишдан моддий манфаатдор ҳар қандай қаламкаш бир ўтиришда беш-олтитасини тўқиб ташлайдиган машқлар йиғиндиси бўлиб чиқди. Кейинги йилларда эса бошқа бир ном тилларга тушди. Ҳатто дўконларда унинг китобчалари учун (ана, “Шарқ зиёкори”га кириб кўринг!) алоҳида бурчаклар ташкил этилибди. Қолаверса, вилоятларимизда ўтказилаётган турли адабий учрашувларда ёшларимизнинг у ҳақида тез-тез сўраб туришлари менинг ҳам эътиборимни тортди. Хуллас, ҳам нашриётларимиз, ҳам китоб дўконларимиз, ҳам ёш ўқувчиларимиз бир бўлиб қизиқишимни орттирган “шоир”нинг исми Аҳад Қаюм экан. Дарҳол унинг бир неча тўплами билан танишдим ва дўкондор айтмоқчи, ноллари жойида бўлса ҳам натижа – ўша-ўша. Нега? Дастлабки мулоҳазаларимни бир мақолада баён этдим. Аммо таҳририятдагиларнинг рўйхушлик бермаганлиги боис мақола ўша мулоҳазаларсиз чиқиб кетди. Эҳтимол, улар ҳам ўша машқларга “танқиддан тубан” деб қарашган бўлса, ажабмас. Ахир, бир пайтлар менинг ўзим ҳам жуда бўш матнлар борасида худди шундай ўйлардим-да! Бугун эса хаёлимда ўзга савол айланмоқда: бу ёқда ўша машқларни адабиёт илми танқиддан тубан деб турсаю, у ёқда адабиётга қизиқиб келаётган ёшларимизнинг асосий қисми “шоир” деганда Марҳабо ва Аҳад Қаюмни, “шеър” деганда уларнинг ҳам шаклан, ҳам мазмунан хом ва саёз машқларини тан олишса, оқибат нима бўлади? Мен цензурани қайтариш керак демоқчи эмасман. Асло! Аммо ҳур фикрлиликнинг — плюрализмнинг ҳам ўз чегараси бор. Бадиий жиҳатдан жиддий қусурларга эга, инсонни ақлий ва ҳиссий камолотга чорлашга ночор “асарлар”га рухсат бермаслик билан ўтган замонлардаги ҳукмрон цензура ўртасида, ўйлашимча, ер билан осмонча фарқ бор.
Тўғри, биз ҳозир бозор итисодиёти шароитида яшаяпмиз. Унинг темирдек қаттиқ ўз қонун-қоидалари бор. Ўша қонун-қоидаларга кўра нашриётлар ҳам иқтисодий жиҳатдан фойда берадиган китобларни чоп этишга ҳаракат қилишади. Бу икки карра икки – тўрт, дегандек тушунарли манзара. Лекин маънавий фойда ҳақида ким ўйлайди? Маънавий зарар устида-чи?.. Бозорбоп китобларни тўп-тўп чиқариб хазанасини бойитган нашриётлар ҳар йили миллат маънавиятига хизмат қиладиган лоақал беш-ўнта мумтоз ва замонавий адабиётимиз намуналарини чоп этиб боришса, жиддий адабиётга, шу орқали миллатга, унинг маънавиятига, келажагига хизмат қилган бўлмайдими? Ҳа, тан олиш керак, бугун жиддий адабиёт жиддий иқтисодий ҳимояга, тарғибу ташвиққа муҳтож. Лекин у ҳеч қачон қарздор бўлиб қолмайди: жиддий адабиёт миллатни ёт мафкурадан, бегона ғоялардан, оммавий маданиятнинг ҳалокатли унсурларидан ҳимоя қилишга қодир маънавий иммунитетни пайдо қиладиган, шакллантирадиган ва мустаҳкамлайдиган кучлардан биридир. Шу маънода, то халқ бор экан, жиддий адабиёт унинг ҳақиқий миллий бойлиги бўлиб қолаверади! Улуғбек ҲАМДАМ
Нурхон Райимова:
Мен фарғоналик адиба Нурхон Райимоваман. Адабиётимиз, маънавиятимиз, китоб чоп этиш тўғрисидаги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси саҳифасида берилган давра суҳбатини ўқидим. Бу суҳбат биргина мени эмас, адабиёт ихлосмандларини ҳам бирдек тўлқинлантирган, ўйлантирган бўлса керак.

Улуғбекжон, ижодингизнинг мухлиси, қолаверса, қаламкаш сифатида бу суҳбатдан ниҳоятда қувондим. Ижодкоргаям, китоб ихлосмандларигаям бирдек керакли сабоқ бўлибди бу давра суҳбати. Керак эди бу мавзу, жуда керак эди!
Фарғона вилоят ҳокимлиги, Маьнавият-маърифат кенгаши томонидан 2011 йил, Тошкент «Академнашр»да тўпловчи ва тузувчи Энахон Сиддиқова, сўзбоши муаллифи И.Ғафуров таҳрири остида «Фарғона оҳанглари» китоби чоп этилган эди (унда мен ҳам борман). Устоз Иброҳим Ғафуров фарғоналик қаламкашларнинг ижодига баҳо берганлар. Марҳабо Каримова ҳақидаги алоҳида мақтови, рости, мени ўйлантириб қўйганди: «…Марҳабо қандай қилиб бунчалик равшан, ўта аниқ ва аниқлигида мусаффо сўзлар, жумлалар топади, нозик халқона қайтариқлар қилади. Сўзлар, қофиялар, ташбеҳлар ҳеч бир тўсиқсиз, ҳеч бир сохталиксиз тинглаётган кишининг кўнгил оламига оқиб киради. Бундай юксак маънодаги шеърий соддалик ва халқоналик Машраб, Ҳамза, Яссавий, Боқирғонийларнинг мулку фасонаси эди, энди бу фасонатарозлик Марҳабода қайта туғилибди ва ҳақиқий халқона шеьрнинг фасоҳати, хосиятига айлана қўйибди. Катта шеъриятнинг гўзал фариштаси дунёга келибди…» деганлар. Аммо… Давра суҳбатидаги мақолада сизнинг очиқ, дадил, мардларча айтган «кўча адабиёти» борасидаги танқидий фикрларингизга газетхонлар, китоб мухлислари қандай қараркин, деб ўйлаб қолдим. Биласизми, ижодкор ижодкорга, унинг меҳнатига, муваффақиятига ғайиркўзи билан қарамайди. (Агар ҳақиқий ижод маҳсули бор бўлса!) Бир ижодкорнинг ютуғи – гўзал асари иккинчи ижодкорга руҳ бағишлайди, қувонади, яхши китоб учун ич-ичидан тасанно айтади. Ҳақиқий бадиий асарлардан иборат битта кичик китоб асрлар оша келаётган катта АДАБИЁТ бўлиб кўринади. Яхши асар адабиёт бўстонига экиб қўйилган, очилиб, ёқимли ифор таратиб турган гулга қиёсланса не ажаб. Давра суҳбатининг мазмун-моҳияти, мақсади ҳам айнан шу бўлди назаримда. Маддоҳликдан, сиз айтмоқчи ўша ҳам шаклан, ҳам мазмунан хом, саёз, танқиддан тубан машқлардан худонинг ўзи асрасин.
Ижодкор, ижод, чоп этилган китоблар ҳамда ижод масъулияти тўғрисидаги фикр ва мулоҳазаларингиз жуда ўринли, холисона айтилган бу «баҳо» жуда тўғри! Ижодкор сифатида барча фикрларингизга тўла қўшиламан. (ЎзАСда чоп этилган давра суҳбати муносабати билан “Шарқ юлдузи” таҳририятига келган мактуб)

Хуршид Далиев: Халқ тилида айтганда «Томирига тушибди».
Хосият Бекмирзаева: Ҳақиқат хам бор экан-ку.
Ўроз Ҳайдар: Улуғбекжон, кўча адабиёти ҳақидаги мулоҳазаларингизга юз фоиз қўшиламан. Кейинги йилларда шеър ёзиш бекорчиликдан зерикиш туфайли ёзилаётганга ўхшайди. Адабиётни қисмат деб билганлар бундан холи, албатта. Яқинда Қарши шаҳридаги «Шарқ зиёкори» китоб дўконига яхши китоблар харид қилгани кирдим. Китоб жавонларининг деярли ярмидан кўпини детектив китоблар эгаллаб олган. Бир-иккитасини варақлаб кўрдим. Илк саҳифасини ўқиганданоқ кўнглим беҳузур бўлди. Бу борада озми-кўпми тажрибам бор. Баъзан ички ишлар идоралари тергов бўлимида қотиллик жинояти тергов қилиниш тасвири ёзарманларнинг ҳуқуқ-тартибот соҳасини мутлақ билмаслигини аён қилиб қўяди. Буни қўя туринг, «ёзувчи» бўлмиш жиноятчи ортидан югуриб юради. «Ҳозир сен шу ерда қотиллик қилишинг керак» дея буйруқ ҳам берадики, гўё бу билан китобхонни ҳам қотилликка ундагандай бўлаверади. «Ёзувчи» ўзи билиб-билмай ўқувчида жиноят қилишга майл уйғотади. Адабиёт инсонни қутқазиши керак эмасми? Бунга ким айбдор? Албатта, ноширлар ва пул изидан қувган шуҳрат қули бўлмиш ёзарманлардир. Улар олди-қочди китобларнинг тезлик билан пулланишидан манфаатдордирлар. Афсуски, бундай бадиий савияси бўш асарлар мунаққидларимиз назаридан четда қолмоқда. Кўпгина ёшларимиз умумий хорга қўшилиб, бир хил оҳангда (кечирасиз, шовқин десам тўғрироқ) машқлар қораламоқда. Китоб дўконининг бир четида Аҳад Қаюм деган шеърбознинг китоблари қалашиб ётибди. Дўконга келган китобхонларни бир муддат четдан кузатдим. Айниқса, ёшлар Аҳад Қаюм ва яна Марҳабо Каримованинг китобларига ёпишмоқда. Бир четда «Академнашр»дан чиққан Рауф Парфининг гўзал сайланмаси турибдики, улар бу китобни бир кўриб қўйишни ҳам ортиқча билишди. Хўрланган ва ҳақоратланган кишидек ўзимни ожиз сездим. Қай бир китобхонга мана, бу китобларни ўқинг дея ҳар сонияда жар солиб тура оламан. Аслида жар солиш керак. Демоқчиманки, китоб дўкондорлари китобнинг бадиий савиясига қизиқишмайди. Улар айтишдики: «Бизни китоб савдоси қизиқтиради» деб. Ўтган йили олим Қозоқбой Йўлдош билан бир нуфузли муассасада учрашув ўтказганимда билдимки, бу ерга тўпланганларнинг ҳаммаси филологлар эди. Атоқли адабиётшунос ўзбекнинг илғор ижодкорлари асарлари ҳақида савол берганда залга сукут чўкди. Жуда уялдим, кўйлагим ҳўл бўлиб кетди. Бу асло муболаға эмас. Мана шу «сукут қуллари» адабиётдан дарс берса, унинг ўқувчиси нима бўларкан. Енгил-елпи ёзилган машқлар қулига айланади-да. Қўшиқ учун машқ битиб танилишни истаётганлар, афсуски, оёқ остидан потраб чиққан қўзиқоринлардай сероб. Жиддий адабиёт инсонни ўйлашга, фикрлашга, оламни идрок этишга хизмат қилади. Ҳар қандай енгилтакликни супуриб ташлайди. Бунинг учун «Шарқ юлдузи», «Ёшлик» журналлари ҳар бир мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларига кириб боришини йўлга қўйиш лозим. Обуначиларни, айниқса, ўқитувчиларнинг мутаҳассислигига доир журналларга обуна бўлишини таъминлаш керак. Адабиёт ўқитувчиси ана шундагина сукут қулига айланмайди.
Доно Бекчонова: Жуда маъқул фикрлар, устоз Ўроз Хайдар!
Мактаблар йилига 100 дан ошиқ газета-журналларга (мажбуран) обуна бўлади. «Шарқ юлдузи», «Ёшлик», «Жаҳон адабиёти» журналларига эса, йўқ… Ўша мактаблар обуна рўйхатида кераксизлари талайгина! Улар ўрни юқоридаги журналларга алмаштирилса фойда-да, кони фойда…
Дима Болтабоев: Ўроз ака, ҳозирги ўқувчилар шуни ўқияпти-да! Зўр ижоткор бўлгани билан ҳеч ким ўқимаса нима кераги бор? Зўр асар билан қорин тўйғазиб бўлмайди-ку…
Шариф Абдулазизов: Улуғбекжон, Ўроз ака, Димажон, ҳар замоннинг ўз ўқувчиси бўлади ва замонига қараб шоири, ёзувчиси бўлади. Бир замонлар достончилик авж олган бўлса, бошқа бир замонда трагик асарлар қизиқиб ўқилди. Яна бир вақтларда лирика кучайди, бошқасида эса тасаввуф томир отди. Мен ҳам пайғамбар ёшига якинлашиб колдим. Утган давр мобайнида бу борада менинг шеъриятга, насрга булган қизиқишим ҳам турлича бўлди. Мактабгача ва бошланғич мактабда турли халқларнинг эртакларини қизиқиб укидим. Мактаб программасига кирган шоирларнинг, ёзувчиларнинг асарларини ҳам ихтиёрий ҳам мажбурий ўқидик. Дўконлардан кўпроқ ўзимиз билган адибларнинг китобларини изладик. Институтда ўқиш ва кейинги хаётда адабиётга бўлган қизиқишимиз кучайди. Радио, телевизор, интернет пайдо булди. Одамларда ўзларини тарғибот қилиш имкониятлари кучайди. Ким эринмаса шеър ёки бошқа бирорта ўқийдиган нарсаларни, ҳатто латифаларни ёки кулгули гапларни ҳам ёзадиган бўлди. Телевидение ва радиода шартнома асосидаги пулни тулаган хонандаларнинг ижроларини тарғибот қилиш кучайди. Ёшлар озгина талантини сезиб қолса, ўзини қўшиқчиликка ура бошладилар. Бошқа минтақаларга хос бўлган оҳанг ва қилиқлар ҳам санъатга кириб кела бошлади. Умумий қилиб айтганда, гибрид – қоришиқ пайдо бўлди. Лекин тўйларда, ҳар хил анжуманларда, концертларда улар мухлисларини топмокдалар. Катта ёшдагиларнинг ғаши келсалар ҳам уларни ёшлар қўллаб-қувватламоқдалар. Шунга қарамай, мумтоз қўшиқчилигимиз, мақомчилик, бахшилик, лапарчилик, халпачилик йуналишларида ҳам катта ишлар бўляпти. Буни тан олмасликни иложиси йўқ. Биргина марҳум Ботир Зокировни қўшиқларини ижрочилари кундан кунга кўпайиши кувонарли хол. Шеъриятда ҳам шу ҳолат юз бермокда. Очиғи, менга Марҳабо Каримовани шеърлари ёқади. Мазза қилиб ўқийман. Ҳатто бошқаларга ҳам ўқиб бераман. Менинг фикрим шуки, шеъриятда йўналиш саноқсиз. Ким қайси йўналишда чиройли ижод қилса, қилаверсин, бунинг нимаси ёмон? Ёзаверсин. Бадиий пухта, фалсафий мукаммал ёзадиган шоирларимиз ҳам жуда кўп. А.Орипов, Э.Воҳидов, Х.Ҳудойбердиева, О.Ҳожиева ва ҳоказо. Ҳозир енгилроқ жанрларда ёзилган китобларни сотиб олаётган ўқувчи вақти келиб мураккаброқ жанрлардаги асарларни излаб қолиши аниқ. Вақт ўтиб, улар албатта сизлар айтган китобларни излаб топиб ўқийдилар. Ҳали улар пишиб етиладилар ва ўзларидаги бўшлиқни пайқайдилар ва вақти келганда тўлдирадилар. Бундан хотиржам бўлишимиз керак.
Ўроз Ҳайдар: Шариф ака, ҳамма нарса ўқувчининг адабий дидига боғлиқ. Енгил-елпи шеърлар ҳар бир асрда ёзилган ва ҳаёт чиғиридан эланиб тушиб қолган. Ҳар асрда ўн минглаб шоирлар асар битиши мумкин. Адабиёт ўзига кераклисини саралаб олаверади. Адабий ҳодиса бўлмаган асар асар эмас. Толстой даврида Бродская деган ёзувчи аёл юздан ортиқ детектив асарлар битган. Толстой ўша даврда унинг соясида қолиб кетган. Мана, бугун Толстой биз билан бирга яшаяпти, Бродская таг-туги билан қуриб йўқ бўлиб кетди. Улуғбек кўтарган масалада юксак мақомдаги халқимизнинг маънавий мулкига айланадиган асарлар ёзиш лозимлиги, бу миллатнинг адабий дидини шакллантиришга хизмат қилиши ҳақида гапираяпти. Марҳабога ўхшаганларнинг сони мингта. «Айланай, ўргилай» билан адабиётда гулхан ёқиб бўлмайди. Навоий, Бобур, Огаҳий ва бошқа улуғларнинг асарига кўнгил кўзи билан қаранг: сержило ва сермаъно. Тўғри, юксак мақомдаги асарларни англаш учун ўқувчидаям тайёргарлик бўлиши керак. Ҳеч нарса осон қўлга киритилмайди. Белинский «Шеър машқ билан ҳам, таҳсил билан ҳам, илм билан ҳам қўлга киритилмайди» деган-ку! Шеър – илоҳ маҳсули. Майли, биз Аллоҳ берган истеъдодимизга яраша асарлар битайлик. Битган битигимиз эртамиз учун керакми? Шоир мана шу қўрқувга ўхшаш туйғуни ич-ичидан ҳис этсагина Сўз масъулиятини ҳис этган бўлади.
Дилноза Хидоятова: Бизнинг оилада китоб кўп ўқилади. Асосан чет эл романлари. Тарихий, воқеий, саргузашт, ишқий-саргузашт романлари. фантастика шу қаторда лирик асарлар ҳам ўз ўрнига эга. Шекспир, Вольтер, Т.Драйзер, С.Моэм ва ҳ.зо. Наср хам назм ҳам кенг фикрлашни талаб этади. Дурдона асарни укиганда факат завк олибгина қолмай балки янги билимларга ҳам эга бўлади инсон. Марҳабонинг шеърий тўпламини биринчи бор ўқиганда оддийлиги, оммабоплиги билан ўзига жалб қилади. Бизда ҳам шунақа бўлди. Биринчи китобни қизиқиб ўқидик ва назаримда ҳар томонлама ўрганиб чиқдик. Иккинчи китобини ўқиганимда бир-хиллик, бемақсадлик, янгиликнинг йуқлиги бизни ҳайрон қолдирди. Менимча бу китоб халқни осон ўзлаштирилиши, анализ -синтез қилишнинг ҳожати йўқлиги, тилининг ниҳоятда соддалиги билан ўзига жалб қилди. Мен адабиётшунос эмасман, лекин назаримда ўқувчини ҳам тарбиялаш керак. Ўқувчида китоб танлаш маданияти ва адабий дидни шакллантириш лозим. Ҳар қанақа газеталар кўпайиб ундаги савияси паст ҳикояларга қизиқувчилар кўпайганда, халқимиз ўқишга ўрганди деб хурсанд бўлдик. Ваҳоланки, мутолаа маданиятини йуқотдик чамамда. Юқоридаги фикрларингиз менга жуда ёқди. Биламизки асл асарларни ўқувчи қайта-қайта ўқишга эҳтиёж сезади. Раҳмат (хатоси бўлса узр, рус тилида ёзишим нотуғри бўлади деб уйладим).
Гулбаҳор Саидғаниева: Улуғбек ака! Жуда долзарб мавзу. Ёшларимизнинг дидини тўғри шакллантиришимиз керак. Адабиёт деганда ўшаларни тушуниб қолмаслик керак. Мен жуда кўп танловларда ҳакамлар ҳайъатида бўламан, табиийки, кимларнинг асарини кўп ўқийсиз, деб савол берганимда шу икки нозимни тилга олишади. Жуда ўқишлиси Муҳаммад Юсуфдан бошқа ижодкорни ўқимаган бўлади. Булар, ахир, шоирман деб келаётган ёшлар… Жонкуяр адабиётшуносларимиз бугун жудаям керак!
Раҳимжон Раҳмат: Билмадим, ҳозирги ёшларнинг диди қанақа экан? Биз мактаб ва коллеж ёшида эканимизда Шарқ классик шоирларининг (Абдураҳмон Жомий, Саъдий, Рудакий, Хисрав Деҳлавий, Махтумқули) ўзбекчага ўгирилган шеърларини ўқир эдик, Машраб ижоди ошиғи эдик.
Хуршид Далиев: Бу мавзудан гап очсанг, Қаҳҳор домланинг гапини ёдга олишади. «Лойқа бўлса ҳам дарё сувининг оқиб тургани яхши». Менимча, Қаҳҳор домла бугун замондош болганида дарёнинг лойқа сувидан воз кечган бўларди. Чунки уларни даврида Адабиёт тирикчилик манбаи бўлмаган.
Раҳматилла Турдалиев: Ассалому алайкум. Тўғриси, мақоладан жуда таъсирландим. Биз каби ҳаваскорлар ўқиши ва жиддий ўйлаб кўриши керак бу ҳақида. Шундай мақолалар кўпайишини истар эдим. Бу биз учун фойдадан ҳоли бўлмайди, албатта. Катта раҳмат.
Хуршид Далиев: Шу ўринда бир хотирани баҳам кўрмоқчиман. 2008 йили Улуғбек Ҳамдамнинг олдига бордим. Адабиётшунослик отамдан қолган мерос. “Устозлик қиладиган одамим йўқ, менга устозлик қилинг”, дедим. Йигирма дақиқа суҳбатлашдик. Боз устига, суҳбат мавзуси адабиёт ҳақида бўлмади. Уларни ёнларидан чиқиб, кейинги гал яна олдига келишга уялдим. Аммо, йўлимни журналистикага бурдим. Бунинг сабаби адабиёт, шеъриятни у юқтиради. Танлаб-танлаб, тириклик мақоми билан юқтиради. Буни ўша йигирма дақиқалик оддий суҳбатда англагандим. Ижодни булғаётганларнинг эса “шеър” ёзишга етган “муборак” фаросатлари шу ерга келганда ё оқсаяпти ёки…
Байрам Али Қўлдошев: Қойил-ай! Йўқ, рости, Марҳабо опанинг шеъриятига унча норозилигим йўқ. Бўлади, ишқилиб ўзига хослиги борда. Бизнинг уйда онам ўқиб туради. Лекин Аҳад Қаюм… Шу масалада бир гап айтайми? Куни кеча, чин маънода устоз шоирлардан бирининг шеърини ўқиб берсам, суҳбатдошим «О-о-о, Аҳад Қаюмнинг шеъридан кам эмас экан», деб баҳо берди. Мен аввал кулиб юборибман. Кейин эса йиғлагим келиб кетди…
Ўткиржон Хидиров: Гап келганда отангни ҳам аяма деган гапни оқил оталаримизнинг ўзи айтган… Жудаям маъқул мулоҳазалар!
Байрам Али Қўлдошев:
Шоирнинг жарангдор номин эшитиб,
Ишонинг жудаям қизиқиб қолдим.
Минг зиқна бўлсам-да, беш мингдан кечиб,
Битта китобини сотиб ҳам олдим.
Маънисин қидириб қийналдим пича,
Савил моҳиятин мендан яширди.
Шу китоб кулига тунови кеча,
Онам Самарқандча патир пиширди.
Бир хаёл вужудим ёмон эговлар,
Юрагим тирнайди мисоли тикан.
Менинг ҳам шеърларим баъзи бировлар,
Ўчоғу тандирда ёқишмасмикан…
Илтимос, ҳурматли устозлар, нозимларни тафтиш қилиб турганимизда мен ўзим ҳам кулгуга нишон бўлиб қолмай. Ушбуни 2012-йиллар ён дафтаримга ёзиб қўйгандим-да… Мақола ижобий таъсир кўрсата бошлади. “Мулоҳазалар”да шеър қолдириб, роса оёғим қалтираса нима дейсизлар-а?..
Гапимни кўпчилик адабётшунослар, устозлар, қолаверса, Улуғбек Ҳамдамнинг ўзлари ўқиб турибди. Эътиборларингизни бир масалага тортмоқчи эдим. Юқорида китоб савдоси касодлиги ҳақидаям, ўқувчининг диди САЛ пастлашганлиги ҳақидаям фикрлар бўлди. Ийманиб турган бўлсам ҳам айтайми, бизда қачон китоб савдоси ва ўқувчи диди юқорига кўтарилади? Худди чет элдагидай кутубхона зодагонлик белгиси ҳисобланган-да! Масалан, чет эл киноларини кўриб қолсак, ҳар бир зодагоннинг уйида катта кутубхонаси бўлади. Зодагоннинг зодагонлик даражаси эса ўша кутубхонасидаги китоблар билан қай даражада танишлиги билан белгиланади. Биздаги киноларда ҳеч бундай холатга кўзларингиз тушдими? Ҳаётда-чи? Йўқ, бизда зодагонлик белгиси қўша-қўша машина, иморат ва қўша-қўша хотин! (узр, ошириб юбордим) Телевидениеда, аввало, шуни тарғиб қилиш керак.
Нуржаҳон Авезова: Буни бартараф этиш мушкул. Чунки кўп масалада иктисодий жиҳат рол ўйнаяпти ҳозир, нашриётга пулни ким тўлайди? Ўқувчи, албатта! Ўша ўқувчи қандай асар ўкишни истайди? Ҳазми осон, енгил асарларни, ортиқча ўйлантирмайдиган, савияси кўтара олган асарни, демак ўқувчи талабини ҳисобга олиш муҳим. Аммо нега ўқувчи савиясиз асарларни севаяпти экан-а?
Доно Бекжонова: Зодагонлар, телевидение… эмиш (Байрам Али, узр, хафа бўлманг). Китоб тарғиботи жуда қайғули масала. Аввало, китобни мактаб ўқитувчилари ўз ўқувчиларига тарғиб қилиши керак. Бунинг учун эса ўша ўқитувчиларнинг ўзлари китоб ўқишлари зарур! Ундан кейин коллеж-лицей ва олий ўқув юрти ўқитувчи ва фан номзодлари ўқиши шарт. Ҳа, ўқийдиганлари бор, аммо бармоқ билан саноқли. 8 йиллик педагогик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, мактаб ва жуда кўп академик лицейларнинг педагогик жамоаси китоб ўқимайди! Шундай ўқитувчилардан таълим олаётган болалар қандай танлашни ўргансин! Республика миқёсида ўтказилган танловда иштирок этиш жараёнида, аввало, ўқитувчиларнинг ҳоли хароблигига гувоҳ бўлдим. Бир мактаб ўқитувчиси, танлов иштирокчиси Шалолахон Абдулла Қодирий ижодидан илмий иш ёқлаяпман ва мана бундай янгиликларни кашф қилдим деб, Умарали Норматов, Наим Каримов, Ҳабибулла Қодирий, Баҳодир Карим тадқиқотларини юзи қизармай гапириб берди. Китоб ўқимаган ўқитувчилар қарсаги ва саволларини кўрсангиз эди, яна китобингиз қачон чиқади, биз ҳам ўқийлик, дейишларини-чи?
Домламиз Умарали Норматов: «Адабиёт нонини еяётган ҳар қандай мактаб ўқитувчисидан тортиб, олий ўқув юрти домлаларигача адабий жараён билан танишиб бориши виждон иши», дедилар… Афсуски, ҳатто айрим ҳозирги докторантлардан охирги ўқиган китобинг нима, деб сўраб кўринг! Китоб ўқишга вақтим йўқ, дея олади. Улар эртага қаерда таълим беради? Албатта ВУЗларни кўзлашяпти. Яна битта масала, филология факультетининг бакалавр, магистр йўналишларини республика бўйича қанча ёшлар битказмоқда! Нега улар ўқувчи савиясини кўтара олмаяпти, йўқ, ҳаракат қилмаяпти? Миллий битказувчиларидан битта бўйлари узу-уу-ун йигит таълим даргоҳига ишга кирганди. Санани нотўғри ёзиб ўқувчиларга кулги бўлди. Ишдан «кетди». Яна шундай битирувчилардан иккитаси фақат пул учунгина муаллимлик….
Аксига, ўшаларнинг ақлли пейизбук (facebооk)даги даҳо чиқишларини кўрмайсизми! Бир ой мактабларда педагогик маҳоратни ўрганаётган йигитимизнинг Аллоҳга қилган ноласини ўқиб-ку… Ўқувчи ўқиши учун уни аввало фанга қизиқтира олиш, ундан олдин ўзига нисбатан ҳурматни уйғотиш, ундан ҳам олдин эса ўқувчини, ўз касбини севиш ва севимли бўла олиш керак! Статусдаги масала илдизи қаерда?! Ўзни тузатмасдан… Бу муаммони ҳал қилиш имконсиз…
Байрам Али Қўлдошев: Доно опа Бекжонова, йўқ, сиз мени тушунмабсиз! Мен тарғиботнинг энг қулай усулларидан бирини айтдим. Тўғри, гапларим озгина ҳазил монанд эди, лекин ана энди телевидениеда (айнан кино ва сериалларда) тарғибот ҳақидаги фикримда собитман! Айнан тарғибот ҳам эмас, китобхонлик миллий маданиятимизнинг бир бўлаги эканини бот-бот уқтиришимиз керак телевидениеда! Токи одамлар моддий ва манавий бойликнинг бир бирига боғлиқ эканини тушунишсин. Бунинг учун керак бўлса, чет эл фильмларидагидай маънавиятсиз «БОЙ»ларимизни танқид қилиш керак! Эътиборингиз учун ҳозир мактабларимиз сиз назарда тутган «педагог»ларнинг дастидан ҳурмат-эътиборини йўқотиб бўлган. Буни яширишнинг ҳожати йўқ! Оила муҳитининг ўзидаёқ мактабларимизга беписанд қаралмоқда. Оила муҳитини энг биринчи нима «яралайди»? Телевидение эмасми?!
Телевидениедаги лавҳалар ҳам бизнинг маданиятимизни акс эттиради ёки маданиятимиз кўпроқ телевидениедаги лавҳаларда акс этади. Мактаб, лицей доирасида тарғиботни ўз эгаларига – яъни сиз педагогларга топширайлик. Чунки бу биров уқтирмаса ҳам сизлар томонингиздан қилиниши шарт!
Раҳим Жуманиёз: Улуғбек, мулоҳазаларингиз билан танишарканман,
Абдулла аканинг ушбу тўртлиги ёдимга келди:
Бозорга ўхшайди асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди асли ҳам маъни.
Иккиси ичра ҳам кўрмадим, асло
Молим ёмон деган бирон кимсани.
Сарагини сарагига, пучагини пучагига ажрата олиш учун, аввало, бадиий дид ва санъатдан хабардорлик керак. Шеърият деб аталмиш санъат саноатга айланганидан кейин сизу бизнинг чақириғимиз, бақириғимиз, ҳатто ҳайқиримиз натижа бермаслиги тайинлигидан таассуфдаман, дўстим. Сўзимизни ўзимизга қарши қилиб қўядиганлар бўлганидан кейин қадди букик, боши эгик бўлиб қоларкан киши.
Гулноз Сатторова: Улуғбек ака, мулоҳаза майдони кенгайиб бораётганига қараганда ҳақиқий адабиёт эгаларию ихлосмандлари дилида анча гаплар йиғилиб қолган экан. Шу баҳсларни матбуотда ҳам давом эттиришни истардик.
Бирор маърака ёки мавлудга борганда ҳам отинойилар дуонинг ўрнига Марҳабо Каримованинг шеьрини ўқийдиган бўлиб қолишди. Билмадим, бу шеьриятга ихлосмандликми ёки савиямизнинг «юксаклиги»ми?
Отабек Тошев: Афсуски маънавий саёз, кўча адабиёти ҳозир жамиятимизда кўп тарқалган. Назаримда савияси паст китоблар кўпайиб кетаётгани асосий сабаб жамиятдаги тарғибот-ташвиқотни бир ёқламалиги, ушбу китобларни енгил,осон ўқилишида.
Анвар Мирзаев Қофиясиз «шеър» ёзиб, бир неча минг нусхада чикараётган ва уни сотишни ҳам уддалаётган тадбиркор шоирларга не дейсиз? Ҳа, қойил, зўр шоирсан, деб ёнида қўллаб турадиганлар, бемаза шеърий китобларга хомийлик қилаётганлар бор… Ҳақиқий истеъдод эгалари эса китобини чиқаришга пул тополмайди баъзида…
Анвар Мирзаев: Бунинг устига, ўша шеърларни қўшиқ қилаётган қўшиқчилар ва уларнинг мухлислари бор… Ўзимиз уларни оммалаштиряпмиз… Камига ҳар икки қиздан бири мукофот оламан деб «шеър» ёзади… Шоирлар кўп, шоирлар!..
Одамлардан аввалига китоб ўқишмайди деб норози бўлгандик. Энди савиясиз китоблар ўқишяпти деб норози бўляпмиз. Ахир, ҳар ким ўзига ёққанини, ўз савиясидаги нарсани ўқийди. Қолаверса, номи чиққан шоиру ёзувчиларнинг ҳам ҳамма асарларини жуда юксак савияли деб булмайди. Икки шахсга қараб, “кўча адабиёти» дейиш канчалик тўғри?
Наргиза Муродова: Марҳабо Каримова билан Аҳад Қаюмни адабиёт майдонида тенг кўриш жоизмикан? Аввало, бу фикрим учун узр сўрайман, Улуғбек ака, лекин жиддий ёзувчи ва шоирларнинг китобини ўқимаган муштарий Марҳабо опанинг ҳеч қурса бита шеърини ўқиган. Қўлига унинг китоби тушиб қолса, уни ўқиб чиқади. У шеърларда қофия йўқдир, фақат маиший мавзулар билан ўралашиб қолгани ҳам айни ҳақиқат. Аммо унда ҳақиқат бор, ўзбекнинг нафаси, урф-одати ва бугунги ташвиш-ўйлари бор.
Улуғбек Ҳамдам: Азизлар, чиндан ҳам, Гулноз Сатторова айтмоқчи, анча гаплар йиғилиб қолган экан. Ўроз аканинг мулоҳазаларининг ўзи бир мақолага татигулик. Агар сизлар рози бўлсангиз, шу мавзуда “Шарқ юлдузи”саҳифаларида давра суҳбати ўтказишимиз мумкин бўлади. У ҳолда бу ерда билдирган фикрларингизни батафсилроқ тарзда ёзиб беришларингизни сўраб қоламиз.

Ўқилди: 609

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар