Қидириш

Кутубхона

Facebook

Янги шерълар

ОЙБЕКНИНГ ШОҲ АСАРИ
Ойбек домла ҳасад ва кўролмаслик тошлари заҳмидан тилдан қолиб,
умрининг охирги17 йилини азобда ўтказган.
Унга тош отганлар орасида шоирнинг яқин дўстлари ва сафдошлари бор эди…
Шоир бўлиб туғилган эди,
Шоир бўлиб яшади шоир.
Бироқ ҳасад бошини еди —
Тилдан қолиб қақшади шоир!..

Уйдан чиқиб юролмас ўзи,
Баъзан ҳатто туролмасди ҳеч.
Дарвозага михланиб кўзи
Аёлини кутди эрта-кеч.

Аёлнинг-чи, бўйнида рўзғор,
Эрта кетиб, кеч қайтар эди.
Келганида, шоир — маҳтал-зор,
Кўзи билан шеър айтар эди.

Ёзар эди аёл ҳам шошиб,
Тунни тонгга улаб. Сўнг, аста
Шоир бошин бағрига босиб,
Ишга кетар эди. Дил — хаста…

Ёзар экан аёл бир кеча
Ухлаб қолди чарчоқдан ногоҳ.
Шоир эса кутганди қанча,
Кўзларида қотди ашъор-оҳ!

Кўзларида шеър эди қат-қат,
Кўзларининг ўзи шеър эди!
Тўколмасди қоғозга фақат,
Бу шеър шоир юрагин еди:

Ёзай деса, қўли ишламас,
Айтай деса, айланмас тили.
Фақат ёри… У ҳам – одам. Бас!..
Вайрон бўлди шоирнинг дили…

Кўзларига тўлди сўнгра шеър,
Кўзларидан боқди ўша шеър.
Қани чора?.. Бирдан бир чора —
Кўзларидан оқди ўша шеър!

Кўзларидан оқди шеър — кадар,
Оқиб шоир кўксин куйдирди!
Шу дамдаги олов томчилар
Унга Оллоҳ сирин туйдирди!

Ўша сирда эди ҳаммаси,
Шоир буни тушуниб етди.
Тушунди-ю, шеърга сололмай
Ўзи билан, воҳ, олиб кетди…

“ШАМС”ГА
Сени учратганим яхши бўлдида!

Ғафлатда ётгандим, уйғониб кетдим.
Юрагимга улкан маъно тўлди-да
Бошим арши аъло — самога етди.

Сени учратганим яхши бўлдида!
Гўё қаҳратонда кетган у қушлар
Кўкламни ортмоқлаб қайтиб қолди-да,
Ўнггимга айланди ҳув сирли тушлар…

Сени учратганим яхши бўлдида!
Энди қўрқмоқ йўқдир қоп-қора тундан,
Энди юзим ёруғ Тангрим олдида,
Энди умид бордир энг ойдин кундай!

Энди тонгни кутсам роса ҳаққимдир!
Энди ҳаётимнинг ўнггу сўлида
Неки бор, ҳаммаси менинг бахтимдир!..

Сени учратганим яхши бўлдида!..
ИЗЛАДИМ…
Тушларимнинг таъбиридан паноҳ изладим,
Ўзга чора, ўзга таскин қолмаганди, воҳ!..
Титраб-қақшаб кеча кундуз нажот кўзладим,
Кўзласам ҳам, бўзласам ҳам, топмадим бироқ…
Тушларимнинг таъбиридан паноҳ изладим…
У йўқ эди на ўнгимда ва на сўлимда,
На қулф урган ҳаётимда ва на ўлимда.
Чирпинардим, юлқинардим комсиз, бардошсиз,
Телбаларча тикилганча бўм-бўш қўлимга
Йиғлар эдим унсиз ҳамда қатра кўзёшсиз.
Мўъжизалар кутмас эдим ҳаётдан аммо,
Бўйим етмас юлдузлардан менга қандай наф?
Ўз қўли-ла яратмаса тақдирин инсон
Кўкдан тушган мўъжизалар унга хайфдир, хайф!
Илтифотлар кутмас эдим осмондан асло!
Тушларимнинг таъбиридан паноҳ изладим…
Чўкаётган одам эдим номсиз уммонга.
Кўкка қараб ёлборганча сўзсиз бўзладим,
Боқмас эдим қибласи йўқ тўртта томонга!..
Тушларимнинг таъбиридан паноҳ изладим.
“Шундай ўлиб кетаманми?” деб гоҳ ўйладим,
Гоҳи эса бепарводек тутдим ўзимни.
Чидаб бўлмас изтиробни келди куйлагим,
Келди чўкким юмган кўйи мунгли кўзимни,
Тақдирига қолдирганча ўғил-қизимни…
Ўтиб борар экан менинг баҳор-ёз-қишим
Ханжар каби юрагимга кирди бир қайғу:
Оҳ, ўзича битмас экан дунёнинг иши,
Битармикан ўз ҳолича охиратда у?!..
Юрагимда оғриқларим кундан-кун асру…
Тегирмоннинг тошларига ўхшар бу дунё,
Мен-чи, тошлар орасига тушган буғдойман:
Чирпинаман, юлқинаман, нажот йўқ аммо,
Бағрим чок-чок сўкилар-да адо бўлгайман…
Сўнгра ухлаб… ҳаммасини тушда кўргайман…
Тушларимнинг таъбиридан паноҳ излайман
Паноҳ дедим, аслин айтсам, Оллоҳ излайман!..

ТИЛАК
Кўзларингни кўзимга тикиб,
Юрагимдан ҳикматлар сўргил.
Жон илдизинг жонимга экиб,
Нафасимдан титраблар тургил.

Тўлғонмагил аросатда, бас,
Оловларнинг биридан воз кеч.
Юрагингнинг сиридан эмас,
Дунёларнинг киридан воз кеч!

Умр, ахир, келмайди қайтиб,
Армонларни парчалаб кетгил!
Худойимнинг қўшиғин айтиб,
Худойимнинг қошига етгил!
ОТА ВА 12 ЁШЛИ ЎҒИЛ МУЛОҚОТИ
Кузатаркан ўғлин мактабга
Пул бердию сўйлади ота:
“Ҳар нарсани ушбу дунёда
Пул ҳал қилар, унутма, бола!..”

Оҳ, бу сўзни нечун айтди у?
Ундай эмас эди-ку ўзи!
Хаёлини банд этмиш нечун
Раҳмоннингмас, шайтоннинг сўзи?!..

Остонадан ҳатларкан ўғил
Илкис тўхтаб, бирпас ўйлади.
Сўнгра бошин кўтариб оғир,
Ўйлаганин рўй-рост сўйлади:

“Ота, кечир ўғлингни — нўноқ,
Қаттиқ ботса сўзи мабодо.
Пул муҳимдир турмушда, бироқ
Ҳамма нарса эмас у асло!..”

Кетди ўғил. Ота-чи, қолди,
Нақ бўғзига келиб жоласи.
Пушмонлари кафтига тўлди,
Уялтирди, ахир, боласи…

Тўйиб-тўйиб йиғлади ота,
Қалби уриб дукур ва дукур.
Тилида-чи, улуғ шукрона:
“Воҳ, Художон, Ўзингга шукур!..”

ТОАТИМИЗ МУҲАББАТДИР
Ёнингдаман, ёнимдасан,
Аммо бағрим куяр, гулим!
Ҳар лаҳза, ҳар онимдасан,
Ҳижронингни туяр дилим…

Кел, мен сенга ўтай кўчиб,
Ё сен кўчгил менга абад!
Биргаликнинг майин ичиб
Қилайлик ул Ёрга тоат!

Тоатимиз муҳаббатдир,
Муҳаббат чин ибодатдир!..

ЯРАТГАНГА БОРАР ЙЎЛИМ
Гуноҳларим кўпмиди менинг,
Ҳузурингда турибман сенинг,
Эй, юзлари жойнамоз ёрим!

Қаён боқсам: ўнгу сўлим — сен,
Яратганга борар йўлим — сен,
Эй, юзлари жойнамоз ёрим!

Сени дея келдим дунёга,
Қўлингни бер, кетдик уҳрога,
Эй, юзлари жойнамоз ёрим!..

ОЛОМОНГА
Тап тортмай гуноҳкор атайсан мени,
Тошбўрон қилардинг имкон топсанг гар.
Лек қўлинг тош бўлиб қотди-ку сенинг,
“Пок бўлсанг, ур!” дегач Исо пайғамбар!
ИЧИНДАМАН
Ҳув анов осмоннинг ичиндаман мен,
Ҳам манов карвоннинг ичиндаман мен.

Умр ўтиб борар, манзилдан хат йўқ,
Кўзи тўрт сарбоннинг ичиндаман мен.

Бошимда қуюндай айланар ҳар ўй,
Эмди қай довоннинг ичиндаман мен?

Бир томчи сувим йўқ, мадор ҳам битган,
Билмам, қай дармоннинг ичиндаман мен?

Ким билан гаплашмай, “Мен ҳақман!” дейди,
Қай одил инсоннинг ичиндаман мен?

Сени севгим келар ортимга қайтиб,
Оҳ, ишқсиз давроннинг ичиндаман мен!

Битта Худо ҳақда минг битта китоб,
Қай тўғри Қуръоннинг ичиндаман мен?

Ичим куйиб кетди, Парвардигоро,
Нечун тўрт томоннинг ичиндаман мен?

Чиқиб кетсам ҳамки, томондин нари,
Не суд, дил — қопқоннинг ичиндаман мен…
ҲАМА ДЎСТ БЎЛСА…
Дунёга келганда йўқ эди душман,
Дедим: ҳама одам ҳабибдир менга.
Умримнинг ярмида теграмга боқсам,
Дўст деган қолмамиш, ғаним сон мингта…

Оллоҳим берсаю шундай яшасам,
Барчаси тескари айланиб қолса:
Мўйсафид чоғимда назар ташласам,
Душман ҳеч кўрмасам, ҳама дўст бўлса…

ШОИРЛИК ВА БАХИЛЛИК
Шундай бир шоир бор ўзбек элимда,
Шеърлари кўзларга тавоб айланган.
Шундай бир шоир бор туркий элимда,
Ердан то кўк қадар савоб айлаган.

Шундай бир шоир ҳам кун келиб, э воҳ,
Иймонин иблисга сотдию қўйди:
Ўзидан баландроқ куйлай бошлаган
Суюкли шогирдин бўғзидан сўйди…

Шундай “шоирлар” бор ернинг устида…
МЕН САВОЛМАН…

Мен саволман, жавобим қани?
Дардга дармон китобим қани?

Бағрим тўлиб кетди бир куйга,
Қани, менинг рубобим қани?

Бошдин оёқ гуноҳга ботдим,
Аритгувчи савобим қани?

Дунёларни босди зулумот,
Ёритгувчи офтобим қани?

Ични ёпди қанча қурумлар,
Ўтдек поклар азобим қани?

Диллар кезиб ташналар бўлдим,
Дилга малҳам дил — обим қани?

Бетоб бўлиб, йиқилдим охир,
Қаддим тиклар хуш тобим қани?

Каъба эмас менинг муродим,
Кўнгил деган тавобим қани?

Савол эдим, саволман ҳамон,
Кетар бўлсам, жавобим қани?..

Устоз А. Ориповга
“Икки дарё оралиғида
Қолиб кетди” шоир овози.
Дунё бўйлаб жаранг сочмоққа
Лойиқ эди аслида сози.

Энди, қаранг, икки дарёмас,
Икки қутб ўртаси — майдон.
Фақат нега кўринмас, устоз,
Шу майдонга лойиқ паҳлавон?!..
2010

МИНГТЕПАГА
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
М. Юсуф
Улуғбек, ҳой Улуғбек,
Бу ерлардан кетайлик.
Мингтепа деб аталган
Юртимизга етайлик.

Улуғбек, ҳой Улуғбек,
Керакларни олайлик:
Асло қолиб кетмасин —
Юракларни олайлик.

Тош шаҳардан розимиз,
Гинамиз йўқ сира ҳам.
Ака-ука бўп қолдик,
Олмай қўйган кира ҳам.

Лекин ул мингтепалар
Чорлаб тинмайди энди.
“Биттамиз эдинг бизнинг,
Сафимизга қайт”, дейди.

Мингтепа, эй Мингтепа,
Сирларинг кўпдир сенинг.
Сирларингдан зиёда
Бурчларим кўпдир менинг.

Ҳаммасини биламан,
Билиб бағринг тилдим кўп!
Сендан яқин йўқлигин,
Қирқдан ўтиб билдим хўп!

Мингтепажон, Мингтепа,
Сирли, гизли, эй диёр!
Юрагимга бир қара,
Унда ҳам бир тепа бор.

Аввал шуни кашф этай,
Сўнг қошингга учгайман.
Соғинганман, пойларинг
Йиғлаб-йиғлаб қучгайман!..

Менинг сендан кетишим, —
Асли, сенга йўл экан.
Бу йўлдаги заҳматлар
Билсам: менга йўл экан…

Толеим кулса, бир кун
Қучоғингга қайтарман.
Муҳаммад Юсуф билан
Қўшиғингни айтарман!..

ТЎРТЛИК
Тупроққа берсанг бағринг, бир сиқим тупроқ бўлғай,
Қурт-қумурсқа талпинган нон-намак, ушоқ бўлғай.
Оллоҳнинг қиличига бир бора сунсанг бошни,
Ҳар куни минг ўлишлар кўнглингдан узоқ бўлғай.

Ўқилди: 475

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар