Қидириш

Кутубхона

Facebook

Кичик ҳикоялар

ЁЗУВЧИ

(ҳикоя)
Боғ.
Одамлар тўп-тўп бўлволиб сайр қилишарди. Уларнинг орасида буви билан набира ҳам бор эди. Буви энгашиб, оёқлар остидаги майсаларнинг енгил эпкинда нафисгина тебранаётган қулоқларини юла кетди. Буни кўриб-кузатиб турган уч ёшлардаги набираси ҳам энди очила бошлаган момақаймоқларни тортқилаб узиб, бувисининг тўрвасига солди, солаверди. Гўдакнинг ҳаракатларига кўзи тушган одамлар завқланиб, болани бир-бирларига кўрсатишди, олқишлашди, сўнг таассуротларини ўзаро баҳам кўрмоққа тутинишди…
Фақат йиғилганлардан бир кишигина қолганларни қўллаб-қувватламади, билъакс, улар билан қизғин тортишиб, деди: “Инсон — золим зот! Унинг ҳатто энг маъсуми ҳам ўзидан кучсизга, масалан, табиатдаги гулга, майсага, чумолию капалакка озор етказади. Улғайгач, инчунун! Бас, бани башар коинотдаги ўз ўрни ва масъулиятини жиддий маънода қайтадан кўриб чиқмоғи шарт!..” Бу гапдан тўпланганлар норизо бўлишиб: “Жаннатдек боғда ўйнаб-кулиб юрган норасиданинг ҳаракатларида ёмонлик кўраётган сендек ичиқора ва тушкун одам биздан эмас!” дейишди.
Одамлар ўзларидек ўйламаган кишини ёлғиз ташлаб, буви ва набира томонга боришди-да, уларнинг майсаю чечак юлиши тамошасига толишди. Боғнинг бу кунжида эса, танбеҳ эшитган ўша биргина инсон қолди. У ёлғиз эди, аммо юзида озод табассум сояси ўйнарди…
2016 йил

 

БИЗ
(туш-ҳикоя)
Янги уй. Унга кўчиб келганлар йиғилишиб, йўлак тўшашга қарор қилишди. Токи, ташқарига чиқиб келиш мумкин бўлсин. Ҳашар қилиб йўлак солишди. Ким йўлакдан юриб кенг, каттакон дунёга чиқару ким ундан юриб ўз уйи — ўлан тўшагига келар бўлди.
Ҳамма мамнун…
Вақтлар ўтди. Одамлар йўлакнинг икки четига гуллар экишди. Бир-биридан гўзал, фусункор чечакларга қараб завқланишди. Ҳамманинг юзида бахт жилва қилди.
Фурсат эса айланди. Энди одамлар “бундан фойда йўқ экан”, дея гулларнинг ўрнига кўчат ўтқазишди. Ҳар на, маҳалланинг тандиру шийпонига яраб қолар, дейишди. Бу фикрга қарши чиққанлар ҳам, унга бепарво бўлганлар ҳам бор эди. Аммо кўчат ўтқазилди. Ўтқазилди-ю, пақирда ташиб қуйилган сув тобора каттариб бораётган дарахтларга урфоқ ҳам бўлмади. Ўйлайдиганлар кўп бўлди, сўнг тўп бўлди. Айниқса, қўпқаватли уйнинг нафақачи ва бекорчи эркагу аёлига бу иш айни муддао бўлди. Уйдан чиқиб кенг дунёга, сўнг ундан уйга қайтаётганларни кузатиб ўтира-ўтира, ахийри, тутақиб кетишди: ўрниларидан шартта туришди-да йўлакнинг ўртасидан ариқ қазиб, унга сув қўйиб юборишди…
2017

СИМУЛЯКР
Йигит ҳали жуда ёш эди. Аммо туғма юрак нуқсони бор бўлиб, мураккаб ва қиммат амалиётни тақозо этарди. Шунга қарамай, тақдир экан, ўқишни тамомлаб, маънавият соҳасига ишга кирди, ҳартугул қўли юпқа ота-онасига боқиманда бўлмади — ўзини ўзи эплади. Бахтига ишхонасидагилар ҳожатбардор чиқиб қолди: мажлис ўтказишиб, инсон манфаатлари учун ҳамма нарсага тайёрмиз деган ҳамкасблари юрак амалиёти учун 10 000 $ ажратилиши тўғрисида қарор қабул қилишди — қўл кўтаришди. Йигит беҳад севиниб, касал юраги ҳапқирди. Аммо иш пулни беришга келганда унмай туриб олди. Бу орада йигитнинг юраги яна бир хуруж қилди — касалхонага тушди. Шошилинч мажлис чақирилиб, энди амалиётга 15 000 $ кераклиги тўғрисида келишиб олинди, қўллар кўтарилиб, бир овоздан тасдиқланди. Лекин бу гал ҳам ишхона кассасидан пул чиқмади. Фурсат ўтиб, йигит бутунлай ётиб қолди. Галдаги мажлисда амалиётга 20 000 $ зарурлиги айтилганда овоз бериш учун яна ҳамма қўллар кўтарилди. Аммо айни лаҳзаларда шаҳарнинг нариги чеккасида йигитнинг тобути ҳам кўтарилган, у алдамаган – чиндан ўлганди…
2016

 

ҲАЁТ
(ҳикоя-лавҳа)
Ёз. Иссиқдан деразанинг бир кўзини очиб қўйганман. Аммо ташқаридан ёпирилиб кираётган шовқинга чидаб бўлмасди. Бир пайт денг, шовқин аро, шовқиннинг ич-ичидан, бу алғов-далғов, бетартиб товушлар йиғиндисининг бағридан бир сас туғилиб келди. Эътибор берсам, бу сасда тартиб бор бўлиб, у шовқин билан бирга яшай бошлади. Тартиб секин-аста мусиқага дўнди. Мусиқа жудаям кўп созларнинг ҳамкорлигидан таралаётган бўлиб, унда Шарқу Ғарбнинг мусиқа созларининг ҳаммаси битта Дирижёрга бўйсунаётган каби уйғун сасланарди. Шовқин қанча бетартиб ва ёқимсиз бўлса, мусиқа шунчалар оҳангдор ва хуш эди. Уларнинг тандеми менга ўз ҳаётимни — кун ва тунимни ёдимга солди. Мен ўйлаб кетдим: нима бўларди шовқин тиниб, мусиқанинг ўзи қолса? Ёки мусиқа тиниб, шовқин ҳукмронлик қилса?.. Йўқ! Чунки мен ҳозиргидек ҳаяжонга тушмас, улардан завқланмас эдим. Зеро, мусиқани туққан ва уни қулоқларимга шу даражада ёқимли қилган кучбу — Шовқин эди. Шовқинни тинглашга, унинг озорларига таҳаммул айлашга қодир қилган куч эса, унинг ичида янграётган Мусиқа эди…
2015

 

УЛҒАЙИШНИНГ ЖАЗОСИ
(ҳикоя)
Қимматбаҳо машина тоғ томон учиб боряпти. Рулда башанг кийинган эркак ва сатанг бир хонимча. Машинанинг очиқ деразаларидан ташқарига шўх куй таралади, ташқаридан эса ичкарига кенг далаларда барқ уриб турган баҳорнинг анвойи бўйи ёпирилиб киради. Узоқда, йўл муюлишида, ариқ бўйида қўй боқиб юрган ўспириннинг қораси кўзга чалинди. Муюлиш ўткир бурчакли бўлгани боис эркак тормозни босиб, машинани чунон секинлатди. Очиқ деразада ўспириннинг ярим қадди пайдо бўлиб, кўзлари беихтиёр равишда эркакнинг кўзлари билан тўқнашди. Шунда эркак ўспириннинг кўзларида ҳавас, ҳасад, истак ва орзу учқунлаганини сезди…
Ўспирин бўлса, эркакнинг шундоқ ҳам тўхтаб қолай деган машинадан шартта тушиб, калитни жон дея унинг қўлидаги кўсовга ўхшаган таёғига, атир ҳиди анқиб турган усти бошини эса, боланинг эгнида осилиб турган, ёқалари кир-чир кўйлагига алмашар-да, қўйларни олдига солиб ҳайдаганча бобосию момоси, отасию онаси, акаси ва укалари жам бўлиб яшаётган болалик уйига чопиб кетишга тайёрлигини, ҳа-ҳа, тап-тайёрлиги сезмасди…
2015

Ўқилди: 238

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар