Қидириш

Кутубхона

Facebook

ҚЎЛНИ ҚЎЛГА БЕРИБ

Ассалому алайкум, азизлар!
Бисотимдан ушбу эълон қилинмаган суҳбатни топиб олдим. Аслида унга кўп бўлгани йўқ, бор йўғи ўтган йили ёзилган экан. Ўқиб кўрсам, орадан бир йил ўтгани сезилмади. Устига устак, телевидение, адабиёт, кино борасидаги бугунги баҳсларнинг умумий руҳига ҳам тушар экан. Шунинг учун уни ҳам сизга илиндим.

(ЖУРНАЛИСТ ДУРДОНА ҒАЙБУЛЛАЕВАНИНГ ЁЗУВЧИ ВА АДАБИЁТШУНОС ОЛИМ УЛУҒБЕК ҲАМДАМ БИЛАНСУҲБАТИ)
1. Адабий-бадиий кўрсатувни тайёрлашда журналист нималарга эътибор бериши лозим?

Аввало, мавзуга! У томашабин учун, замон учун долзарбми? Мавзунинг умумзамоний ва умуминсоний қирралари билан бирга, томашабинга қизиқарли, унинг ҳаётий муаммоларига боғланиб кетадиган жиҳатлари борми? (Кўрсатув ўз-ўзича яхши бўлиб, томошабинни ўйлатиб юрган масалаларни қамраб олмаса, унинг муваффақият қозонишига шубҳа бор). Агар шу саволларга “ҳа” деган жавоб бўлса, навбатдаги босқичга чўчимай ўтиш мумкин. Бунда материални пухта билиши лозим бўлади. Бошқаларнинг айтганларидан ташқари, ҳар бир журналист масала моҳиятига шахсан ўзи чуқур кириб бориши, мавзуни “ўзиники” қилиб олиши шарт бўлади. Кейинги босқич эса ижро. Мавзу, унинг кўламдорлиги ва долзарблиги, мавзуни пухта билиш ва ижро! Шулар ўрни-ўрнига тушса, ўйлайманки, журналист томонидан тайёрланадиган адабий-бадиий кўрсатувлар томошабин эътиборини албатта тортади.

2. Адабий сиймолар ҳақидаги кўрсатувлар газета-журналлардаги худди шу мавзудаги материаллардан қандай фарқ қилиши керак?

Танлаб олинган адабий сиймо адабиёт, маданият тарихида алоҳида ўринга эга бўлиши лозим. Кейин у ҳақда шундай маълумотлар сайлаб олиниши керакки, биринчидан, адабий сиймонинг адабиётдаги ўрни очилсин, иккинчидан, бу маълумотлар томошабинга фойдали ва қизиқарли бўлсин.

3. Телевидениенинг адабиётга катта эҳтиёжи бор.Адабиётнинг-чи, тв.га боғлиқ томонлари борми?

Сўз билан иш кўрадиган соҳаларнинг негизида у ёки бу даража ва шаклда адабиёт, сўз санъати ётади. Жумладан, телевидениени ҳам адабиётсиз, унинг жанрлари яратган маҳсулотларсиз тасаввур қилиш мушкул. Кино, спектакль, ҳар турли саҳна кўринишлари, ахборот кўрсатувлари… ҳаммасининг асоси адабиётдир. Телевидение адабиётга нисбатан мулақотнинг мутлақо янги тури. Шу учун ҳам у ҳозирги вақтларгача адабиётдан ўрганди, адабиётга суянди. Аммо телевидение бир жойда қотиб қолмай, мудом ҳаракатдаги мулоқот тури. Бинобарин, бугунги кунга келиб тв.нинг ўзи инсон фаолиятининг кўплаб бошқа шаклларига ўз таъсирини ўтказабошлади. Жумладан, адабиётга ҳам. Хўш, у қандай таъсир? Кузатишимча, ижодкор тв. “нигоҳи” билан дунёга қарай бошлади. Узоқққа бормай, каминанинг “Исён ва итоат” романининг архитектоникасига эътибор қилсангиз, воқеалар тизимида айнан телевидениенинг нигоҳини ёрқин ҳис қиласиз. Бу ҳақда проф. Д. Қуронов романга бағишланган мақоласида айтиб ўтган. Яъни романда кўпдан кўп алоҳида алоҳида, шу билан бирга, қисқа, лўнда эпизодлар бериладики, дунёни бундай кузатиш, бадиий идрок этиш айнан телевидениенинг таъсирида шакллангандир.

4. Адабиётнинг қандай мавзулари телетамошабин учун қизиқ? Томошабин ва адабиётшунос сифатида нима деган бўлардингиз?
Аслида, мавзулар кўп бўлмайди. Улар турланиб, тусланиб туради, холос. Хемингуэй дунёда тўртта мавзу бор: уруш, ҳаёт, муҳаббат ва ўлим, дейди. Бағирни кенг қилиб санаганингизда ҳам асос мавзулар саноғи яна бир нечага кўпайиши мумкин, холос. Яъни улар сон-саноқсиз эмас. Ҳамма гап ана шу мавзуларга қандай ёндашишда! Адабиётни ҳам, телевидениени ҳам бор(аҳамиятли) ё йўқ (аҳамиятсиз) қиладиган нарса ўз нуқтаи назаримиздир. Замон муаммоларидан келиб чиқиб, одам савдоси, гиёҳвандлик, хорижга тирикчилик қилиш учун кетиш каби мавзу ичидаги мавзуларда қалам тебратиб, сўнг уларни телевидениега кўчириш мумкин. Булар замонбоп мавзулар. Лекин ёндашув янгича ва оригинал бўлмаса, унинг долзарблигидан наф йўқ. Ёки муҳаббат мавзусини олайлик. Уни кўҳна мавзу деймиз. Аммо унга ҳам би-и-ир янгича ёндашиб бадиий асар ё кўрсатув ижод қилинг-а, дарҳол асарингиз ё кўрсатувингиз қўлма-қўл бўлиб ўқилади ё томоша қилинади. Шунга қарамасдан, тан олиш керак, ҳар бир даврнинг долзарб мавзулари бўлади. Долзарб мавзу плюс юқори савиядаги оригинал ёндашув адабиётда ҳам, тв.да ҳам КАТТА МУВАФФАҚИЯТларга олиб боради.

5. “Дунё адабиёти” ва “Нафис мажлислар” кўрсатувлари ҳақида фикрингиз. Ютуқ ва камчиликлари нималардан иборат?

Биринчиси (“Дунё адабиёти”) анча йиллардан бери намойиш этиб келинмоқда. Телетомошабинлар орасида анча танилди. Бир ибора билан айтанда, қабул қилинди. Сабаби, кўрсатув марказида катта ижодкорлар ҳақида катта дунёқарашга эга бўлган муаллиф томонидан ёзилган сценарий бор. Қолаверса, кўрсатув қуруқ матндан иборат бўлмай, уларга иллюстрация сифатида турли хил ҳужжатли фильмлар, кадрлар илова қилинган. Яна шуки, дунё адабиёти вакилининг ҳаёти ва ижодига тегишли бош масалалар қамраб олиниши билан бирга, улар шундай таҳлил қилинадики, натижада замонамиз муаммоларига ҳам томошабин нигоҳи қаратилади. Буларнинг ҳаммаси кўрсатувнинг ютуғидир. “Нафис мажлислар”га келсак, бунда ўзбек маданияти, санъати ва адабиётининг кўзга кўринган сиймолари, улар қолдирган мерос ҳақида сўз юритилади. Керакли кўрсатув. Ўз ўрнини топиши лозим бўлган, нисбатан янги кўрсатув. Назаримда, изланишлар натижасида “Нафис мажлислар” ҳам ўз аудиториясига эга бўлади. Камчиликларига келсак, ҳар икки кўрсатувда ҳам янада яхшилаш мумкин бўлган ўринлар бор. Чунончи, “Дунё адабиёти”да асарлар таҳлилида баҳслашадиган ўринлар бор. “Нафис мажлислар” га иллюстрациялар, ранг баранглик етишмайди. Назаримда, ҳар бир мавзу бўйича Республикамизнинг энг билимдон мутахассисларини меҳмон сифатида таклиф этиш, уларнинг мулоҳазаларига ўрин бериш фойдадан холи эмас, деб ўйлайман. Умуман олганда, ҳар иккиси ҳам халқимизнинг маърифий даражасини оширишга хизмат қиладиган керакли ва қизиқарли кўрсатувлар сирасига киради. Мана, яқинда “Дунё адабиёти”, “Нафис мажлислар” қаторига “Гўзал ёзғичлар” деган янги кўрсатув келиб қўшилди. Уларнинг сони ва сифати ошаверсин.

6. Телевидениенинг адабиёт олдидаги вазифалари нималардан иборат?

Телевидение бугун ОАВ ичида энг таъсирчан мавқелардан бирига эга. Худди шу мавқеда туриб инсон, миллат ва башариятга эзгулик йўлида хизмат қилиши лозим, деб биламан.Уни фақат кўнгилочар восита ёки информация олинадиган қути даражасига тушириб қўймаслик керак. Телевидение бу вазифасини ҳам бажарсин, лекин шулардан иборат бўлиб қолмасин! Адабиётнима? Адабиёт инсонни инсон, миллатни миллат қилиб тутиб турадиган ўзак қадриятлардан бири. Бас, шундай экан, телевидение мана шундай некбин ва баланд адабиётни тарғиб қилишдан асло воз кечмаслиги, чарчамаслиги зарур. Турли қизиқарли шакллару ифода усулларини топиб, томошабин эътиборини юксак ва эзгу мақсадларга чорлайверсин!
2017 йил, апрел

Ўқилди: 57

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар