Қидириш

Кутубхона

Facebook

ТАҲЛИЛ САНЪАТДИР

Китобни қўлимга олиб, мундарижасига кўз югуртиришим билан, “Жуда яхши китоб бўлибди!” дея севинганим ёдимда. Кейин варақлаб, адабиётшунос олим Умурзоқ Ўлжабоев ўз сўзбошисига “Керакли китоб” деган номни танлаганини кўриб, “тадқиқотнинг энг муҳим қирраси сарлавҳага олиб чиқилибди” деб ўйладим. Китоб мутолаасига киришиб эса, унинг битта фасли – “Модерн асар ва унинг таҳлили”га бир неча йил муқаддам (“Ёшлик” журнали) тагсўз ёзганлигимни эсладим. Хуллас, қайси томондан қараманг, китобнинг юзи менга жуда иссиқ келди.
Эсимда, университетда таҳсил олар эканмиз, О. Шарафиддинов, У. Норматов, Б. Қосимов, А. Расулов, Н. Худойберганов, Т. Солиҳов каби Республикада кўпчилик танийдиган устозлардан асар таҳлили қандай бўлиши кераклиги ҳақида хўп маърузалар эшитгандик. Бу борада университетни эндигина битирган Р. Қўчқорнинг дарслари,айниқса, ўта қизиқарли бўларди.Айрим кекса профессорларнинг дарсларидан қочиб, ёш ўқитувчи Р. Қўчқор таҳлилларига чопганларимиз ҳам уйдирма гап эмас. Ўшандай жараёнларда мен бирон асарнингжўяли таҳлилини амалга ошириш ўша асарни ёзишдан кичикроқ юмуш эмаслигини илғагандек бўлганман. Фақат асар таҳлиллари дарснинг бир бўлагида амалга оширилиб, биз унга тўймас, таҳлил йўлларини ҳам илғаб-илғамай қолардик. Шунга қарамай, таҳлил бир санъат бўлиб, унга ҳамма ҳам қодир эмаслигини фаҳмлар эдиг-у, лекин таҳлилнинг бутун бошли бир фан эканини, у суянадиган мустаҳкам асослар маждудлигини билмасдик. Ҳолбуки, илғор мамлакатларда бадиий таҳлил асослари фан сифатида ўқитила бошлаганига кўп бўлган. Ниҳоят, мана, бизнинг ҳамқўлимизда профессор Қ. Йўлдош ва филология фанлари номзоди М. Йўлдош томонидан ёзилган “Бадиий таҳлил асослари”дек муҳим бир тадқиқот турибди.
Интернет замонида яшаяпмиз. Нима кўп, ижтимоий тармоқларда мулоқот кўп. Шу мулоқотнинг бир қисми адабиёт ҳақидаги баҳсу мунозаралар билан тўла. Бу — яхши. Лекин гоҳида адабиёт илмидан тамомила йироқ, умри давомида уч-тўрт бадиий китоб ўқигани боис ҳам ўзини ҳақли санаб, асар таҳлилига киришаётган ўзга соҳа вакилларининг адабиётнинг катта-катта дарғаларига дашном бериб қолаётганини афсус билан кузатишга ҳам тўғри келади. “Бадиий таҳлил асослари”ни ўқиб эса, мен нафақат ўзга соҳа вакиллари учун, балки касби кори адабиёт илми бўлганлар учун ҳам таҳлил бағоят мушкул иш эканлигига яна бир карра иймон келтирдим. Бой ҳаётий тажриба ва истакнинг ўзи бадиий асарни профессионал даражада таҳлил қилиш имконини бермаслигини, адабиётшунослик, хусусан, танқидчилик майдони кимнинг кўнгли қачон тусаса, ўша лаҳзада чориғини судраб кириб келаверадиган жой эмаслиги ҳақида узун-узун мулоҳазаларга толдим.
Китоб уч қисмдан иборат бўлиб,“Назарий чизгилар” деб аталган илк бўлимида бадиий таҳлилнинг ўзи нима, унинг фан сифатидаги аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари, шакл ва мазмун каби қатор фундаментал масалалар тадқиқ этилади. “Амалиёт қирралари” деб номланган иккинчи бўлимда бадиий таҳлилнинг турли кўринишлари, чунончи, илмий таҳлил, ўқув таҳлил, лирик, эпик ва драматик асарлар таҳлили ўрганилади. Ниҳоят, сўнгги қисм (“Илмий мактаблар”)да ҳар бирининг ўзига хос таҳлил йўли ва принциплари бўлган бир неча адабиётшунослик мактаблари ҳамда модернистик ва постмодернистик асарлар таҳлилига эътибор қаратилади. Кўриниб турганидек, у ёки бу бадиий асарнинг таҳлилига хилма хил қарашлар мажмуи асосида ёндашиш кераклигини қайд этиш ва кўрсатиш ушбу тадқиқотнинг асосий мазмун-моҳиятини белгилайди. Таҳлил асослари билан обдан танишиб чиққан ўқувчи, талаба ёки ёш мутахассис таҳлилнинг турли-туман йўллари борлигини чуқур англайди. Аввал фақат автобиографик таҳлил ёки психоанализ билангина бадиий асар моҳиятига тушиш мумкин, деб юрган ўқувчи мазкур тадқиқот моҳиятини ўзига сингдириб олгач, саналганлар бадиий асар деб аталган сирли оламга олиб борувчи йўллардан бир-иккитасигина эканлигини, улардан бошқа методлар ҳам борлигини тушуниб етади. Яъни асарга комплекс ёндашувгина унинг ҳақиқий сийратига максимал яқинлашиш имконини бериши аён бўлади. Айни пайтда, муаллифлар бадиий асарни қатъий математик усуллар билан тушунтиришга ҳам эътироз билдиришганига гувоҳ бўлади. Чунончи, тадқиқотда кибернетика фани отаси Н. Винернинг “…ҳар қандай фаннинг илмийлик даражаси унинг математиклашиш даражасига тенгдир” деган фикри муҳокама қилинади. Бу қарашга рус академиги Д. Лихачев қарши чиққанидек, ўзбек олими Қ. Йўлдош ҳам адабий асарга ёндашувда “бадиий асарни илмий изоҳлаш керак эмас”, чунки табиати аниқ бўлмаган фандан ўта даражадаги аниқликни талаб қилиш тўғри эмаслигига доир қарашлар ҳам борлигини қайд этади. Ўзбек олимининг кузатишларидан уқиб оласизки, бадиий асар ўқувчи томонидан ҳис этилиб, англангандан кейингина у ўз вазифасини бажара олади: “Ҳаётда мавжуд, аммо фойданилмаётган имкониятлар борлиққа таъсир қилолмагани каби ҳис этилмаган, англанмаган гўзаллик ҳам шахс маънавиятига таъсир кўрсата олмайди. Шунинг учун олий адабий таълимда бадиий асар таҳлили алоҳида мавқега эгадир” (“Бадиий таҳлил асослари”. Б. 15). Мана, “нима учун бадиий таҳлил керак? Ёки нима учун умуман адабиёт ўқилади?” деган саволга,умумийроқ бўлса-да, жўяли жавоб. Кишини бутун шахс сифатида камол топишида бадиий асарнинг ўрни ва вазифаларига бошлаб кетади бу мулоҳазалар. Бадиий баркамол асарлар воситасида инсонни оламга бўлган муносабатига таъсир қилиш, уни озгина бўлсин яхши томонга қаратиш мумкинлиги англашилади. Ушбу мулоҳазаларим балки бироз содда туюлар, лекин бугунги дунёнинг ҳоли билан бадиий адабиётнинг ўртасидаги муносабатга путур етаётгани боис ҳам, у, яъни дунёнинг “бағри”тошдек қотиб бораётгандек кўринади менга. Натижада, она заминимизнинг кўплаб гўшалари уруш ва жанжалларга тўлиб кетди. Ахир, адабиётнинг функцияларидан бири тарбиявий-ахлоқий деб кўрсатишади тадқиқот муаллифлари. Бас, шундай экан, адабиёт билан ораси тобора очилиб қолаётган дунёнинг хавф-хатарга тўлиб бораётгани бежиз эмас.Аниқ фанлар муҳим, улар дунёда мавжудлигимизни сақлашга хизмат қилиб, қандай қилиб яхши фойда олиб, яхши яшаш мумкинлигини ўргатади. Лекин ижтимоий-гуманитар фанлар ҳам муҳим. Адабиёт, тарих, фалсафа каби фанлар зарурий миқдорда ўқитилмаса, инсон фақат ва фақат фойдаю завқ олиб бу дунёда мангу яшайман, деб ўйлаб қолади ҳамда дунёни охиратнинг экинзорига эмас, манфаатлар талашадиган уруш майдонига айлантириб юборади. Юбораёзди ҳам.Бу, дўппини олиб қўйиб ўйлаб кўриладиган ғоят жиддий масала. Шунинг учун ҳам Қ. Йўлдош ёзади: “Пифагор теоремаси ёки сувнинг формуласини билганда ҳам, билмаганда ҳам кишининг, унинг ўраб турган оламнинг моҳияти ўзгаришсиз қолаверади. Лекин Навоийнинг… “Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас, Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас” байти билан бошланадиган ғазалининг бадиий жозибаси ва мантиқий қудратини ҳис этган одам учун олам ҳам, одамлар ҳам, ҳаёт ҳам бошқачароқ бўлиб қолиши аниқ” (Б.17). Бошқачароқ дегани яшироқ дегани. Дунё ҳозир юраётган йўлининг сўнггида турган жарликка қулаб тушмасдан бурун ана шу яхшироқ инсонни тарбиялаб улгуриши керак. Бу ишда эса унга ижтимоий-гуманитар фанларнинг, айниқса, адабиётнинг ёрдами беқиёсдир. Адабиёт бизга ўз бағрини уни таҳлил қила оладиган савияга етган чоғимиздагина очади. Ҳар бир жамиятда бир неча юз кишининг чинакам адабиёт билан мулоқотда бўлаётгани дунёни ўзгартириш учун жуда ҳам камлик қилади. Олдинда турган жарликни, жамиятнинг, ҳеч қурса, ярми англаб етмоғи шарт!
Бадиий асар шавқ билан ўқилиши керак, (А. Қаҳҳор)деган гапни ёқтириб айтиб юрамиз. Айниқса, ҳозирда бошқотирма (кроссворд) сифатида тақдим этилаётган айрим модернистик ёки постмодернистик асарларга дуч келиб қолганимизда дарҳол Қаҳҳорнинг мулоҳазасини эсга оламиз. Бу мулоҳаза реалистларга модернистлар билан фикрий куршда жуда қўл келади. Талабалик пайтимда илк бор эшитганимда улкан адибимизнинг фикри менга бадиий асар ҳақидаги энг асосий қиррани қамраб олгандек туюлганди. Лекин ушбу тадқиқот билан танишиб чиққандан сўнг, бадиий асарнинг муҳим қирралари фақат шавқ билан ўқилишдан иборат эмаслигини, улар янада бой эканлигини англаб оласиз. Чунончи, Қ. Йўлдош бадиий асарнинг а) мулоқот-коммуникатив; б) баҳолаш-аксиологик; в) тарбиявий- ахлоқий; г) завқлантириш-ҳедонистик; д) билиш-гносеологик вазифаларидан баҳс этади. Ҳамда буларнинг ҳар бири бадиий асарни тутиб турган қирралари-устунлари ҳисобланади. Қаҳҳор шавқ деган қирраси Есиндан эстетик деб аталса, Йўлдошда завқлантириш-ҳедонистик деб номланади. Кўринадики, масала моҳиятига қадалган олимларнинг назари бадиий асар мазмун-моҳияти ҳақида тўлиқроқ тасаввур беради.
Бадиий таҳлилнинг муҳим масалаларидан бири асарнинг мазмун ва шакл масаласидир. Чиндан, тадқиқотда ҳам қайд этилганидек, Шўро даври адабиётшунослиги мазмунни бирламчи, шаклни эса иккиламчи деб билар эди. 90-йилларнинг бошида бизга “Жаҳон адабиёти” фанидан дарс берган ҳассос педагог Т. Солиҳовнинг оғзидан илк бор шакл билан мазмунни бир биридан ажратиб бўлмайди. Уларнинг даражаси тенг, ҳар қандай чиройли мазмун ўзининг гўзал шаклига ҳам эга бўлиб яратилади, қабилидаги мулоҳазаларни эшитиб, тўғриси, ҳайрон қолган эдик. Тахминан шундай фикр “Бадиий таҳлил асослари”да илгари сурилади, лекин устоз Талъат ака Солиҳовнинг тезис шаклидаги икки-уч фикридан фарқли ўлароқ, бу ерда янада кенг бир тарзда, ҳар томонлама асосланган кўйи майдонга ташланади. “Бадиий асарда… мазмун билан шаклнинг бирлиги ва уйғунлиги юксак даражада бўлади. Ҳар қандай юксак шакл ўз мазмуни билан туғилади, ҳар қандай чин бадиий мазмун фақат ўзига махсус шаклга эга бўлади” (Б. 127). Бир қарашда тўғри фикр. Эҳтимол, кўпгина қарашларда ҳам фикр ўз тўғрилигини йўқотмас. Лекин, назаримда, барибир, нимадир етишмаётгандек туюлаверади. Ушбу фикрнинг чиройи унинг ҳақиқатга даъвогарлигидан олдин келиб, ўқувчини маҳлиё айлаётгандек туюлаверади менга. Шакл ўзгарганда мазмунга, мазмун ўзгарганда эса шаклга дахл қилиниши бор гап. Лекин баъзан муайян мазмунни турфа шаклларда бериш имкони бордек туюлмайдими сизга? Яъни мазмун кучли бўлиб, шакл бундайроқ ёки билъакс, чиройли шакл хунукроқ мазмунни судраб юрган ҳоллар ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам бисёр эмасми?.. Чунончи, бир дудуқ инсон нутқини олайлик. У жуда керакли фикрни жуда самимий тарзда оташин бўлиб, лекин тилидаги нуқсон боис тутилиб-тутилиб, зарурий сўзлар қолиб, айтиш осон бўлган сўзларни танлаган кўйи, қийнала-қийнала ҳикоя қилиб берди. Шунча уринишларидан унинг нима демоқчи бўлганини тушундик, дейлик. Шу ҳолда унинг нутқидаги шаклий камчиликлар у айтган ўта муҳим фикрни бутунлай йўққа чиқара оладими? Менимча, йўқ.Одатда, уни тинглаган тингловчи фикрни қайта ҳикоя қилатуриб, камчиликларини ўз нутқи билан тўғрилаб кетади. Мазмун эса янги шаклга кириб янада очилади– асллигига қовушади. Аммо нуқсонли шаклда ўз қимматини йўқотмаганлиги учун ҳам қайта ҳиқоя қилинишга муносиб топилганининг ўзи мазмунни фақат ва фақат шаклга боғлиқ бўлиб қолмаганини билдиради, фикри ожизимча. Худди шундай, қанчадан қанча кўҳна ҳикоятлар борки, уларни ҳозирги жаҳон санъатию адабиёти замонавий шаклларда талқин қилишаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Демак, мазмун нуқсонли шакл билан бирга нобуд бўлмайди, аксинча, бошқа, муносиб шаклларга киришга эҳтиёж сезиб яшайди. Энди ўша воқеани сўзга чечан, нотиқ кишидан эшитсак-чи? У воқеани жуда чиройли тарзда, аммо ёлғон ва бўҳтонларга қориштириб айтиб берди, дейлик. Шундай пайтда унинг гўзал нутқи (шакл)кучли мазмунни сақлаб қола биладими?(Ахир, сиз воқеанинг аслидан бохабарсиз!).Бундай мазмун тингловчи томонидан қайта ҳикоя қилиб берилишга муносибми? Менимча, йўқ. Демоқчиманки, ҳар қандай чиройли шаклнинг мазмуни ҳам шунга яраша кучли бўлади ёки ҳар қандай кучли мазмуннинг шакли ҳам ўзига яраша гўзал бўлади, деган фикр баҳсталабдир. Мен бу ҳолни бошқачароқ таърифлаган бўлар эдим: кучли мазмунни очиб беришга муносиб шакл топилгандагина бадиий асар бадиий жиҳатдан баркамол бўлади.Шакллар кўп, мазмун ҳам. Ижодкорнинг вазифаси чиройли шаклга кучли мазмунни қидириб топишдир. Чунончи, ёзувчи Т. Мурод “Отамдан қолган далалар” романининг бирламчи шаклини қаердан олди? Менимча, халқ оғзаки ижодидан, масалан, “Алпомиш” достонидан. Оҳанги кўпчиликнинг руҳига эш достоннинг шаклига солинган замонавий мазмун шунинг учун ҳам маълум қатлам ўқувчилар томонидан қизғин кутиб олинди. Хуллас, бир гапни чиройли айтиш бор, хунук айтиш бор. Икки ҳолда ҳам мазмун деярли ўша. (Ҳамма гап ўша “деярли”да-да дейишлик, айни ўринда максимализмга олиб боради). Лекин уларнинг ўқувчига таъсир даражасида фарқ бўлади. Назаримда, мана шу фарқ ҳақида гаплашиш, ҳатто баҳслашиш мумкин. Фарқни мутлақлаштириб, масалани шакл мазмунни ё бор қилади ё йўқ қилади, тарзида қўймаслик лозим. Жаҳон халқлари эртакларида бир эртакнинг бир неча хил якунлаш анъанаси бор. Бундай ҳолда нечта мазмун ва нечта шакл ҳақида гапириш мумкин? Бир бирини тамомила инкор қилувчи уч мазмун ва уч шакл бор, десак, ҳақиқатга қанчалик тўғри келади? Ёки масалани бошқачароқ қўйиш жоизми: уч хил якун — илдизи, танаси муштарак бўлган битта дарахтнинг учта шохи, десакми… Ҳар ҳолда, бу ерда мазмун ва шаклда қариндошлик ришталари бордек. Қиссадан ҳисса шуки, шакл ва мазмун масаласи ўзбек адабиётшунослигида ҳам, жаҳон адабиётшунослигида ҳам ҳали сўнгги нуқта қўйилмаган, аксинча, ҳозиргача баҳсу мунозаларга чорлаб турган зиддиятли масалалигича қолмоқда.
“Бадиий таҳлил асослари” бутун бошли бир фан бўлиб, уни ўзбек адабиётшунослик илмига профессор Қ. Йўлдош олий ўқув даргоҳларидаги узоқ йиллардаги тажрибасига суянган кў йи дадиллик билан тадбиқ этди. Албатта, у осмондан тушгани йўқ. У фан сифатида жаҳон адабиётшунослигида мавжуд эди. Андоза ўша ердан олинди. Лекин андозага кўра чиройли либос бичишнинг ўзи катта гап. Шу ўринда филология фанлари номзоди М. Қўчқорованинг “Муҳим тадқиқот” номли мақоласини эслаш жоиз. Мақолада олима тадқиқотни юқори баҳолагани ҳолда, унинг асоси рус олим А. Б. Есиннинг “Принципы и приемы анализа литературного произведения” (Москва: Флинта, Наука, 2000) китобига эшлиги, аммо муаллифлар буни эътироф этмаганлиги танқид остига олинади. Камина ушбу мунозарали масалага бирров тўхталиб ўтаман, холос.“Бадиий таҳлил асослари” китобини тушуниш йўлида шуни айта оламанки, ушбу тадқиқот назарий пландаги иш бўлгани боис, айрим такрорларнинг учраши табиий. Зеро, у ёки бу фаннинг асослари ҳақида сўз борганда, албаттаки муштарак масалалар ўртага қўйилади. Муаллифлар такрордан ҳар қанча қочсалар ҳам, ҳақиқатдан кўз юммасалар, улар ўзигача қилинган ишларни асосан ё тасдиқлаб, ё улар билан баҳсга киришиб борадилар. Мазкур китоб ҳам шу тарзда яратилган. Чунончи, М. Қўчқорова келтирган ўхшашликлардан ташқари, бадиий адабиётнинг функцияси масаласида ҳам муштараклик мавжуд. Фақат ифодада жузъий фарқлар бор, холос. Агар адабиёт вазифаларининг сони рус ва ўзбек олимларида бир нечтага фарқ қилганда ҳам моҳиятда кўп нарса ўзгармасди. Демак, бир қараганда, Есин билан мунозарага киришилаётган кўринса-да, аслида унга суянилмоқда.Ўз навбатида А. Есин ҳам салафи А. Лиловга суянади, у билан баҳсга киришади. Айтмоқчиманки, фаннинг назарий асоси ҳақида сўз борганда ўхшаш нуқталарнинг топилиши ғоят табиий. Лекин, барибир, салафлар меҳнати ўз ўрнида эсланмоғи ва эътироф этилмоғи кераклиги тўғрисидаги М. Қўчқорованинг мулоҳазаларида, гарчи уларнингкескин тарзда айтилишини қўллаб қувватламасам-да, жон бор. Ўйлайманки, ишнинг кейинги нашрларида бу хил камчиликлар бартараф этилади.
Яқин-яқинларгача кўпчилик олимларимиз рус ва жаҳон адабиётшунослигида айтилган фикрларни асосан тасдиқлар,ўз мулоҳазаларини илгари суришда уларданҳатто қалқон сифатида фойдаланар эдилар. Проф. Қ. Йўлдошэса мавриди келса, дунёнинг ҳар қандай номдор олими билан ҳам мунозарага киришади. Йўқ, бу ҳол унинг нигилизмга мойиллигидан ёки олимлик кибридан эмас, балки у ёки бу масалада ўз қарашига эга эканлигиданозиқланади. Кўринадики, нафақат бадиий тафаккур миқёсимиз, айни дамда, илмий тафаккур имконларимиз ҳам икки дарё оралиғидан чиқиб, икки қутбга томон кенгайиб бормоқда экан.
Айтилганлардан “бизда Қ. Йўлдош ва М. Йўлдошнинг “Бадиий таҳлил асослари” китобига қадар таҳлил, унинг назарий асослариҳақида ҳеч нима йўқ эканда!” деган нотўғри тасаввур шаклланиб қолмасин, дейман. Бизда таҳлил ҳамиша бўлган, бор ва бўлади. Эслайман: 90-йилларнинг биринчи ярмида адабиётшунос олим, ҳозирда филология фанлари доктори, профессор Д. Қуронов билан талабалар ётоқхонасида адабиётимизнинг айрим масалалари тўғрисида суҳбатлашиб, сўнг баҳслашиб қолгандик. Ўшанда мен олим билан ҳар қанча кескин баҳслашган бўлсам-да, мухатобимнинг сиймосида масалага бундай чуқур илмий-назарий томондан ёндашиш мумкинлигига илк бор гувоҳ бўлган, уни (сездирмайгина) тан олишда ўзимда куч топа олгандим. Камина Республикамизда донғи чиққан олимларнинг қўлларида таҳсил олганман ва бундан ҳар доим фахрланиб юраман. Лекин тан олиш керак, биз ўқиган пайтларда ва ундан бирмунча кейин ҳам мамлакатимизнинг тил ва адабиёт йўналишидаги энг обрўли факультети ҳисобланмиш ўзбек филологиясида адабиётнинг назарий қисми бирмунча бўш ўқитилган. Агар акси бўлганда, “Бадиий таҳлил асослари” каби назарий жиҳатдан фундаментал тадқиқотлар ўн йиллар муқаддам яратилган бўларди. Ҳечдан кўра кеч, мана — у, ниҳоят, қўлимизда. Бир пайтлар устозларимизнинг оғзидан парча-парча, узуқ-юлуқ эшитганларимизни бу ерда тизимли ҳолда кўриб турибмиз. Лекин бу ҳам олдинда турганкатта ишнинг дебочасидир. Тадқиқотда асосан ғарбона таҳлил принципларига кенг ўрин ажратилган. Ҳали у қайта ишланади, тўлдирилади, бадиий таҳлилнинг Ғарбда бўлгани каби Шарқдаги ўзига хосликлари, усуллари ҳам кенг ва атрофлича ёритилади, дея умид қиламан.Тўғри, тадқиқотнинг деярли барча қисмига шарқлик олимлару ижодкорларқарашлари ҳам мавриди билан сингдириб юборилган, лекин улар фрагментар характерда бўлиб, келажакда фундаментал тарзда тақдим этилиши мақсадга мувофиқдир. Бу улканишда эса,адабиётшунос олимларимиз — “Бадиий таҳлил асослари” тадқиқотининг заҳматкаш ва билимдон муаллифларига фақат муваффақият тилаб қоламиз.
Улуғбек ҲАМДАМОВ,
2017 йил, ёз

Ўқилди: 56

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар