Қидириш

Кутубхона

Facebook

Ҳамза — янги ўзбек адабиёти асосчиларидан бири

Ассалому алайкум, азизлар! Мазкур мақола шу кеча кундузда “Уз А” сайтида бир неча қисм ҳолида эълон қилинмоқда. Дўстларимизнинг сўровларига кўра уни бу ерда ҳам эълон қиляпман (қисқартирилган ҳолда!). Ҳамза ва, умуман, жадид боболаримиз ғоят мураккаб замонда яшаганлар. Шу боис, уларнинг фаолиятларида зиддиятли жиҳатлар бор ва бу табиийдир. Замон зўр келганда уларнинг аксарида большевикларга ён босган, большевикларга хизмат қилишга мажбур бўлган дамлар ҳам бўлган. Лекин жадидларнинг пировард мақсадлари нима қилиб бўлмасин, ўз халқини ҳар томонлама илғор, маърифатли ва бахтли кўриш бўлганлигини бир зум бўлсин унутишга ҳаққимиз йўқ. Улар ҳамиша шу бугунги кунларни, Истиқлолни орзу қилганликлари ҳам тарихий факт! Ҳамза ва у каби бошқа улуғ жадидлар шахсиятию фаолиятлари тўғрисида фикр юритаётганда шу ҳақиқатни доимо ёдда тутишимиз лозим. Хатоларга келсак, қай биримизда йўқ улар!..

Янги адабиёт асосчиларидан бири бўлиш учун ижодкорга истеъдодли бўлиб туғилишнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун у ижодкор сифатида омадли ҳам бўлиши шарт. Яъни унинг истеъдоди билан давр эҳтиёжлари бир-бирига мувофиқ тушмоғи керак. Худди Данте, Навоий, Пушкин зимасига тушган омадли қисмат янглиғ. Шу маънода Ҳамза толеъи кулган ижодкор. У Беҳбудий, Фитрат, Қодирий ва Чўлпон билан бирга янги ўзбек адабиёти тамал тошини қўйган ижодкорлардан биридир. Номлари зикр этилган улуғларимиз бутун бир миллат олдига давр юклаган улкан, кечиктирилмас муаммоларни, аввало, тўғри идрок этганлар, сўнгра асосийларини муваффақиятли ҳал этганлар. Шуниси билан уларнинг барчаси ижодкор сифатида жуда ҳам омадлидирлар.
Ўзбек адабиёти кейинги 500 йил мобайнида чинакамига икки туб бурилишни бошидан кечирди. Биринчиси, Навоий ва Бобур даври ўзбек (туркий) адабиёт билан боғлиқ бўлса, иккинчиси, ҳеч шубҳасиз, жадидлар даври адабиёти билан боғлиқ бурилишдир. Эҳтимол, Беҳбудий, Ҳамза, Фитрат, Қодирий ва Чўлпонларга насиб қилган истеъдод кучи Навоий ва Бобурнинг даҳоси билан бўйлаша олмас, лекин уларнинг маданият, маънавият, адабиёт, санъат ва илм соҳасида амалга оширган ишлари буюк салафлар хизматидан асло кам эмас. Зеро, жадид боболаримиз ўз зиммаларига давр юклаган миссияни жуда юксак даражада адо этганлар. Беҳбудий асосан мафкурада, Ҳамза драмада, Фитрат илмда, Қодирий насрда, Чўлпон эса шеъриятда ана шу улуғ вазифани бекаму кўст бажарганлар. Академик Наим Каримов ёзади: “ХХ аср бошларида туғилган ва шаклланган жадид адабиёти ўз олдига янги адабий бадиий вазифа қўйди ва вазифани ўташ жараёнида шу вақтга қадар адабиётимиз хазинасида бўлмаган янги адабий тур ва жанрлар, тасвир васиталари ва усуларининг юзага келишини тақозо этди”. Бинобарин, бугунги, замонавий ўзбек адабиёти айнан кейинги янгиланиш йўлидан, жадидлар бошлаб берган қутлуғ йўлдан ривожланиб бораётганлигининг ўзиёқ адабиётимизда юз берган сўнгги туб бурилишнинг нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади. ХХ ва ХХI аср мобайнида адабиётимизнинг деярли барча соҳаларида юз берган асосий ўзгаришлар, янгиланишлар ана шу иккинчи туб бурилиш майдонида содир бўлди ва бўлмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чунки туб бурилиш бўлиши учун истакнинг ва ҳатто истеъдоднинг ўзи етмайди. Бунинг учун даврнинг қўйнида янгиланиш эҳтиёжи пайдо бўлиши керак. Беҳбудий, Ҳамза, Фитрат, Қодирий ва Чўлпонлар ана шундай эҳтиёж туғилган пайтда дунёга келдилар. Гарчанд уларнинг шахсий қисматлари фожеали якун топган эса-да, (биронтаси ўз ажали билан ўлмаган, аксинча, янги ўзбек адабиёти йўлбошловчиларининг ҳаммаси айни ижодлари гуллаган вақтда қатағон қилинган!) номлари зикр этилган улуғлар ижодкор сифатида чиндан-да бахтлидирлар.
Ҳамза – серқирра ижодкор. Умуман, серқирралик жадид ижодкорларининг аксарига хос. Ҳамза – улуғ драматург, Ҳамза – анъана ва новаторликни бирлаштирган шоир, Ҳамза – бошловчи носир, Ҳамза – ўткир публицист, Ҳамза – моҳир педагог, Ҳамза – миллий композитор, Ҳамза – оташин нотиқ, Ҳамза – режиссёр, Ҳамза – театр арбоби… Булардан ташқари, халқимизнинг бу фидойи ўғлони юртнинг келажаги – маърифат, маориф, адабиёт, таълим-тарбия йўлида амалга оширган ишларининг салмоғи жуда оғир тош босади. Бу қутлуғ йўлда Ҳамза молини ҳам, жонини ҳам аямаган. Бу гаплар шунчаки чиройли гаплар эмас. Ҳамза ва у каби ўнлаб улуғ жадидларимизнинг тақдир йўллари чиндан-да бугунги замондош инсонни ҳайратга солишга қодир. Бу ўринда биз Ҳамза ижодий фаолиятининг тўрт қиррасига тўхталамиз, холос. Булар Ҳамзанинг драма, шеърият, наср ҳамда публицистика соҳаларидаги фаолиятидир.
Ҳамза драматургияси. ХХ аср аввалида ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги янгиланишлар асрлар давомида Шарқ мумтоз адабиёти анъаналари руҳида тараққий этиб келаётган ўзбек адабиётида драматик турни пайдо қилди. Драманинг туғилиши ўзбек адабиёти учун худди роман жанри каби янги ҳодиса эди. Ҳамза ана шу ҳодисанинг бошида турди ва ўз драматик асарлари билан ўзбек драматургиясига асос солди. Мадомики, сўз шу масалага келиб тақалган экан, Ҳамза ва унинг ўзбек драматургиясидаги ўрни масаласида баҳсли қарашлар борлигини айтиш жоиз. Хуллас, масала қисқа ва лўнда баён қилинса, шундай ҳолга келади: Мирмуҳсин Шермуҳамедов (“Бефарзанд Очилдибой”, 1914 йил), Ҳамза (“Янги саодат ёхуд Миллий роман”, 1915) лар роман тажрибасига илк марта қўл ургани ҳолда, биз Қодирийни ўзбек романчилигининг асосчиси, деб атаймиз. Чунки Мирмуҳсин ва Ҳамза роман жанрига Қодирийдан олдин мурожаат қилишган бўлса-да, уларнинг ҳаракатлари бир тажриба, уриниш даражасида қолган эди. Қодирий эса “бир ҳамла”да “Ўткан кунлар” (1924) билан роман жанрининг рисоладаги талабларига жавоб берувчи йирик насрий асар яратган эди. Шунинг учун ҳам Қодирий ўзбек романчилигининг асосчиси дейилади. Ёхуд Навоийдан олдин Хоразмий, Лутфий, Атоий, Саккокийлар туркий тилда ашъор битгани билан бу тилдаги улуғ хизматлари туфайли айнан Алишер Навоийни ўзбек адабиёти ва адабий тилининг асосчиси деймиз. Адабиётшунослик илмининг мана шу баҳолаш мезонини драматургия соҳасига тадбиқ қилингудек бўлса, қаршимизда қуйидагича манзара қад ростлайди: гарчанд Маҳмудхўжа Беҳбудий “Падаркуш” (1911) номли 2,5 бетлик пьесаси билан ўзбек адабиётида пьеса ёзиб беришни бошлаган бўлса-да, драматургиянинг бутун талабларига жавоб бера оладиган пьесаларни айнан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (“Заҳарли ҳаёт” (1916), “Майсаранинг иши” (1926), “Паранжи сирларидан бир лавҳа ёки Яллачилар иши” (1927)) ни ёзди. Булардан ташқари, “Бурунғи сайловлар”, “Жаҳон сармоясининг энг охирги кунлари”, “Қозининг сирлари”, Эл қузғунлари” каби 1921 ва 1928 йиллар орасида ёзилган катта-кичик драмалари мавжуд. Бас, шундай экан, Қодирий ўзбек романчилиги асосчиси деган номга қанчалик сазовор ва ҳақли бўлса, Ҳамза ҳам ўзбек драматургияси асосчиси деган унвонга шунчалар ҳақдор ва муносиб бўлиб кўринади. Албатта, ушбу масала юзасидан мавжуд фактларни турли йўсинда таҳлилу талқин этиб, бир-бирига қарама-қарши хулосаларни ўртага ташлаш мумкин. Аммо адабиёт илмининг баҳолаш критериялари ҳамма учун бир хил бўлиши адолатдан эканлигидан келиб чиқиладиган бўлса, Қодирийга раво кўрилган адолат мезони Ҳамзага келганда таврини ўзгартирмаслиги лозим бўлади. Албатта, бу жиддий масаланинг бошқа нозик жиҳатлари ҳам бўлиши мумкин. Бундай жиҳатлар истисно қилинмайди. Шунинг учун ҳам соҳа билимдонлари ушбу баҳсталаб масала бўйича асосли, илмий мушоҳадаларини қайтадан ўртага ташлашса, адабиётшунослик ва драматургия кесишган нуқтадаги битта муаммога ойдинлик киритилган бўларди. Нима бўлганда ҳам, ҳали драматургиямизнинг ҳам амалий, ҳам назарий саҳнасида амалга оширилиши, ҳал этилиши керак жуда кўп ишлар олдимизда турибди. Бунга, жумладан, Ҳамзанинг драма соҳасидаги ўта салмоқдор ижоди ҳам манба бўлиб хизмат қилади.
Ҳамзанинг 1916 ва 1920 йилларда ёзилган “Бой ила хизматчи”, “Лошман фожиалари”, “Фарғона фожиалари” каби асарлари йўқолган. Фақат “Лошман фожиалари”нинг “Истибдод қурбонлари” деган қисми ҳамда “Бой ила хизматчи” драмасининг афишаси сақланиб қолган. Яқин-яқинларгача театрларимизда қўйилиб келган “Бой ила хизматчи” драмасини эса драматург Комил Яшин афишада акс этган мазмун бўйича қайта тиклаган.
Ҳамзанинг ўзбек драматургия соҳасидаги фаолиятини қисқача қилиб, у ўз даври халқ ҳаётини кўзгуга солиб кўрсатиб беришнинг уддасидан чиқди, дейиш мумкин. Бу эса, барча замонлар ижодкорининг муқаддас орзуси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ҳамзанинг энг сара драмалари ҳозиргача саҳна юзидан тушмай келмоқда.
Ҳамза публицистикаси. Ҳамза ҳар жиҳатдан симобдек қайнаб турган замонда яшаган. Ҳамза каби ўнлаб жадидлар меросини ўрганишда, меросга илмий жиҳатдан ёндашиб, умумлашма хулосалар чиқаришда мана шу омилни доимо назарда тутмоқ керак. Чунки жадидлар ўз даврининг уриб турган қон томирига ташҳис бамоғини қўйиб, сўнг уни даволашга киришган улуғ табиблар эди. Бунга иқрор бўлиш учун Ҳамзанинг 40 йиллик қисқа ҳаёти мобайнида қолдирган салмоқли меросини, хусусан, давр муаммоларига бағишланган публицистикасига назар ташлашнинг ўзи кифоя. “Битъатми, мажусиятми?”, “Фақирлик нимадан ҳосил ўлур?”, “Мактаби дор ул-айтом”, “Қалбга билимни(нг) йўлини очайлик”, “Ийди қурбон”, “Жума қандоқ кун?”, “Хутбадан мурод нима?”, “Маҳаллий сармояни кучайтириш чоралари”, “Театр труппаси ва онг-билим қўмитаси”, “Миллат маърифат билан тирик” каби ўнлаб публицисик мақолалари борки, уларнинг номлариёқ Ҳамзанинг давр муаммоларига қанчалар катта аҳамият берганини кўрсатади. Ҳамза ўз мақоларида юрт ва халқ камолини тилайди, элу юрт ривожи йўлида тўсиқ бўлаётган ҳар қандай масалага оловли муносабат билдиради. Бундай тўсиқлар илдизи халқ зеҳниятида асрлар давомида танда қўйган жаҳолатга бориб тақалади. Жоҳиллик одамларни асл диндан кўра битъатга, билим олишга интилишдан кўра хурофотга, ўз эркига эга бўлиб, ҳур яшашдан кўра бўйинтуриғини диндорлар ва бойлар қўлига тутқазиб қўйиб, қулдек кун кечиришга етаклашини аёвсиз танқид қилади. Жадидлар ҳаракатининг дастури билан ҳамоҳанг ушбу муаммолар Ҳамза меросининг ҳам мундарижасини белгилаш билан бирга, унинг қадр-қимматини янада оширади. Биз тўпламга ажратилган ҳажм имкониятидан келиб чиқиб, Ҳамза публицистикасидан иккитасинигина танлаб олдик. Булар “Миллат маърифат билан тирик” ҳамда “Фақирлик нимадан ҳосил ўлур?” деб номланган мақолалардир. Мақолалар билан танишар экансиз, юрт ва миллат қайғуси билан яшаган, нафақат яшаган, балки бу қайғу йўлида ҳаётини тиккан Ҳамзанинг ёниб турган маърифатли юрагини ҳис қиласиз, тушунасиз, ҳайратланасиз. Чунончи, унинг “Миллат маърифат билан тирик” деган мақоласидан олинган ушбу парчада миллатнинг нега бундай забун ҳолга тушиб қолгани сабабларини кўрсатади: “Ҳар миллатнинг аҳолиси бир атонг боласи каби ўлур. Демак, хусусан бизим ислом миллатининг бир-бирларига биродарликлари Қуръони каримда “Иннамо ал-мўъминина аҳвату фаслиҳу бин аҳвиқум” ояти била таклиф қилингондир. Мана биродарлар орасиндағи буғз, нифоқ, кийн, адоват, борлиқ, йўқлик, очлик, тўқлик, шодлик, ғамлик каби турлик-турлик паришонликларни надан эканлиғини имтиёз қила олурсизми? Ёки худойи таоллони иродаси дебгина қўясизми? Боқинг яҳудий, арманиларга! Буларни ҳам бу қадар давлат ва тараққийларга молик ўлмоқлари ҳам худойи таоллони иродасими? Йўқ, жаноби ҳақ ўзига энг эътибор саналган ислом миллатини бошқа миллатлардан бу қадар тубан даражадаги ғаддорликларга қолдирмас! Жаноби ҳақнинг золимлик сифатлардан пок ва манзаралиги ҳар бир не басорат унунда ой ва қуёшдан равшандир. Ҳушёр бўлунгиз! Англангиз! Тинглангиз! Боригина бизим миллатнинг бу қадар оғир ҳоллар ва камчиликларга қолғонига энг биринчи модда ва иллат нима, деб эшитгон товушга туқсиз маъдан ва маҳвани ислом очиқчи ўлгон илк ва маърифатни қўлимиздан йўқотганимиздир, демоқдан бошқа чора ва жавоб йўқдир” .
Ҳамзанинг “Фақирлик нимадан ҳосил ўлур?” деган мақоласида кўтарилган масала ҳам юқоридаги қарашларнинг давомидек жаранглайди ва чуқурроқ ўйлаб кўрилса, мақола ҳатто бугунги кунда ҳам ўз долзарблигию аҳамиятини йўқотмаганлигига гувоҳ бўламиз.
Ҳамза насри. Давр кайфиятини акс этирар экан, Ҳамза замон эҳтиёжидан келиб чиқиб насрга ҳам мурожаат қилди. Насрий турда унинг икки асари сақланиб қолган. “Янги саодат” ва “Учрашув”. Уларни Ҳамза “миллий роман”лар деб атайди. Албатта, бу асарлар роман жанрининг талабларига тўла жавоб бера олмас эди. Лекин айтиш жоизки, романнинг барча талабларига тўла жавоб бера оладиган “Ўткан кунлар”нинг (Абдулла Қодирий) яратилиши учун ўзбек адабиёти мана шундай тажрибаларни бошидан кечириши керак эди. Ҳамза “роман”лари Мирмуҳсиннинг “Бафарзанд Очилдибой” асари билан бирга ана шундай “эксперимент” вазифасини ўтади ва эндиликда биз бу асарларни сира иккиланмасдан ўзбек романчилиги мактабининг дастлабки уринишлари, дея оламиз. Ҳамза “Янги саодат” деб номланган “миллий роман”и бошланмасида шундай сўзларни ёзади:“Бизим Туркистонда мусулмон эру хотунларимизни йигирма ёшдан юқорида бўлуб ўқугонларини аксари эмас, балки ҳаммалари деярлик эски мактабларда эски имло ва усулда хат ва саводлари чиққан учун ҳозирги матбуотда янги усул, янги имло била ёзулуб босилуб чиқуб турган мактаб китобларига, жарида ва рисолаларга тездан тушуна қолуб ўқий олмаганлари ҳар биримизга равшандур. Бу рисола эса мактабга махсус ўлмай, балки қора халқимизни эру хотунлари орасида ўқулуб турган “Жамшид”, “Зарқум”, “Алдаркўса”, “Баёз”, “Далли Мухтор”, “Гуландом”, “Афанди” каби бутун хурофот ва ахлоқни бузадирган асоссиз китоблар ўрниға истифодалик бир қироат рисоласи бўлурмикин, деган хаёл била ёзилган учун аларни уқуб тушунмоқларига шояд осон бўлур эди, деб бутун эски имло ва эски усулда тартиб берилди ҳамда соддароқ ёзилди. Баъзи янги матбуот ошнолари бўлғон фикрдош, миллатдош соҳиб ал-таҳрир ва ал-қалам қориинларимиздан бу рисоламни имло ва таҳриридаги келишмаган бир хил жойларин айбга санамай, тараҳҳум узхасидан афу қилмоқ баробарида лутф-шафқат узасидан хусусий мактуб ила огоҳ қилмоқларин ўтинаман. Чунки бу рисолани иккинчи табъиларида ёхуд қўлимда ёзилуб турган ва ёзилган рисолаларимни нуқссиз ўлмоғиға шояд сабаб ўлур эдилар (ал инсону муштақан мин ал нисён)” .
Эътибор берилса, Ҳамзанинг бу изоҳи А. Қодирийнинг “Ўткан кунлар” сўзбошиси мазмунига жуда ҳам ҳамоҳангдир. Тўғрироғи, Қодирийнинг фикри Ҳамзанинг фикрига мувофиқ жаранглайди. Чунки Ҳамза “миллий роман”ини Қодирийдан қарийб 10 йил муқаддам ёзган эди. Қодирий эса: “Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсинда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашишимиз ва шунга ўхшаш достончилик, рўмончилик ва ҳикоячиликларда ҳам янгаришга, халқимизнинг шу замоннинг “Тоҳир Зуҳра”лари, “Чор дарвеш”лари, “Фарҳод Ширин” ва “Баҳромгўр”лари билан таништиришга ўзимизда мажбурият ҳис этамиз” дейди. Демак, ҳар икки адиб ҳам даврнинг янгиланганлиги туфайли шу даврга мос асарлар битишни ўз олдилари турган вазифа билиб қалам тебратмоқда.
Булардан ташқари, Ҳамзанинг яна “Ҳақиқат нима?” деган асар ёзганлиги, лекин қўлёзма нашр бўлмай йўқолгани ҳақида маълумот бор. Чунончи, “Шоиримиз Ҳамза Ҳакимзоданинг қисқача таржимаи ҳоли”да “Ҳақиқит нима?” деган бир зўр асар ёзғон бўлсада, табъ эттира олмай йўқотғон” деган маълумот келади. Бу ҳақда Ҳамзанинг ўзи “Таржимои ҳол”ида “…эски подшолар турмушидан бир “Ҳақиқат кимда?” исмли ҳавосиз опералик роман ёзған эдим, ўғурлатдим, бугунки, топилмайдир” деб ёзади. Чунки замон ғоят алғов-алғовли эди. Ҳамзаниг ўзи ҳам гоҳ мактаб очаман деб, гоҳ халқ маърифати йўлида хизмат қиламан деб, гоҳ театр ташкил этаман деб доимо сафарларда юрган, ҳаётнинг қайноқ қучоғида оқимга қарши хўп сузган. Бинобарин, жадид ижодкорнинг ўзига яраша дўст-душмани кўп бўлган. Боз устига, “Ҳиндистон, Макка, Мадина, Шом, Бейрут билан саёҳат қилиб, Стамбулға ўқишға келган бўлсам ҳам…” деган эътирофларидан Ҳамзанинг бир қанча хорижий мамлакатларни кезиб келгани ҳам маълум бўлади. Бундай талотўп ва саёҳатларнинг ичида, тарафдор ва рақибларнинг даврасида ўша асарнинг йўқолгани ҳақидаги маълумот кишида шубҳа уйғотмайди.
Ҳамза шеърияти. Жадидлар шеъриятининг яловбардори Чўлпон эсада, Ҳамзанинг таржимаи ҳоли айнан шеъриятида кўпроқ намоён бўлган, дейиш мумкин. Чунки шеър – мобил жанр. Унда шоир имкон топди дегунча қисқа вақт ичида ўз ҳис-туйғларидан тортиб, ижтимоий, сиёсий, мафкуравий, маърифий ғояларини бирин-сирин қозозга тушириб қўяверган. Чоп-чопларнинг орасида аксар ҳолларда шеърларни қайта ишлаш имкони бўлмаганидан мазмун ва шакл мутаносиблиги жиҳатидан қиёмига етмаган машқлар кўплаб учрайди. Қатъи назар, Ҳамза шеърлари унинг босиб ўтган йўлларидан гувоҳлик бериб туради.
ХХ юзйиллик ибтидосида миллатнинг тафаккур гуллари маърифатсизликни юртнинг энг оғриқ нуқталаридан бири деб билдилар. Шунинг учун ҳам улар истеъдодларини элни ўқимишли қилишга бағишладилар, бу йўлда вақтлари, кучлари, маблағлари ва ҳатто жонларини ҳам аямадилар. Улар халқнинг маърифатли бўлишини юрт равнақи ва миллат тараққийсининг асоси, деб билдилар. Оқибат – адабиётда маърифатли киши образи пайдо бўлди. Авлоний, Сўфизода, Ибрат, Ҳамза, Фитрат, Чўлпон каби қатор шоирларнинг ижодида шу ғоя қайта-қайта ишланди.
Узун гапнинг қисқаси шуки, ХХ аср тонготарида Беҳбудий, Фитрат, Ҳамза, Қодирий ва Чўлпон томонидан мафкура, илм ва адабиёт соҳасида амалга оширилган ишларнинг аҳамияти юзйилларга эмас, балки мингйилларга татийди. Чунки бугунги адабиётимиз, театримиз ва бу соҳалар илми айнан улар асос солган йўлдан ривожланиб бормоқда. Уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, ХХ ва ХХIадабиётию театрининг сарчашмаси айнан юқорида номлари зикр этилган боболаримизнинг ижодлари эканлигини ҳамиша ёдда тутишимиз сиз билан бизнинг улуғ боболаримизга нечоғли муносиб ворис бўлганимизни билдиради. Шу маънода, адиблар хиёбонида Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий каби улуғлардан сўнг айнан Беҳбудий, Фитрат, Ҳамза, Қодирий ва Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳайкаллари қад ростласа, бир томони, тарихий ҳақиқат тикланиб, замонавий адабиёт ва мумтоз адабиёт ўртасига кўприк ташлаган,бошқа томони, ҳозирда боғни безаб турган ХХ асрнинг забардаст ижодкорлари ўз олдиларига келиб қўшилган устозларининг даврасида қадларини янада адл тутган бўлур эди.
Улуғбек ҲАМДАМ,
2017-2018

Ўқилди: 68

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар