Қидириш

Кутубхона

Facebook

Болалик уй, китоб ва ҳаёт маъноси

Таниқлиадиб, Шуҳратмедалисоҳиби, адабиётшунос олим, таржимон, кўплабшеърийҳамда “Ёлғизлик”, “Мувозанат”, “Исёнваитоат”, «Сабо ва Самандар»кабинасрийасарлармуаллифи,устоз ёзувчиУлуғбекҲАМДАМбугунгисуҳбатдошимиз. Устозбилан,асосан, китобхонлик ва унингўзига хос жиҳатлариҳақидасуҳбатлашдик.

-Устоз, китобга бўлган меҳр, китоб ўқишга иштиёқ инсонга болаликдан ҳамроҳ бўлади дейишади. Болаликда китобга илк меҳрингиз тушган дамлар ҳақида айтиб берсангиз.
— Орий рост. Менда ҳам китобга бўлган меҳр болалик пайтларимдан тушган. Чунки уйимизда китоб, газета ва журналлар кўп бўларди. Бунга сабаба — отам ва онам дипломсиз олий маълумотли инсонлардир. Ҳалигача мен уларни ана шундай биламан. Нега, дейсизми? Айтай: мен ҳозир ҳам улар билан ҳаёт ҳақида, адабиёт ҳақида, инсон ҳақида мириқиб, зерикмасдан суҳбатлашаман. Эътибор беринг: бундай суҳбатга дош бериш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Яхши суҳбатдош бўлишнинг ўзи бир даража. Катта даража! Буларнинг барчасининг негизида, менимча, уларнинг кузатувчанлиги ва албатта,китоб ўқиганлиги билан боғлиқ бўлса керак. Отамнинг Эркин Воҳидов тўпламидаги “Учи тугук дастрўмол” номли шеърини ёки акамнинг Чингиз Айтматовнинг “Алвидо, Гулсари” қиссасини ўқиб беришлари худди кечагидек ёдимда. Ҳозиргиақлим ва тажрибам билан қарасам, шеърга бўлган ишқимнинг тубида бувим (онам) нинг иштироки катта экан. Чунки болалик уйимда безак учун деворларга бувим тиккан сўзаналар осиғлиқтурарди. Сўзаналарда Ватан ҳақида, муҳаббат ҳақида шеърлардан парчалар бўларди. Ҳамид Олимжоннинг қуйма мисрали “Ўзбекистон” номли шеърини ҳам илк маротаба ўша гулдор матолардан ўқиб ёдлаб олганман.
Албатта, уйимизда китоблар кўп бўлиб, токчаларга тизиб қўйилар эди. Менинг харахашаларим натижасида дурадгор отам ўз қўллари билан китоб жавони ясаб берган ва мен китобларни бир ерга жамлаб, ҳатто рақамлаб чиққанман. Ҳозиргикутубхонамда рақамланган ўша китобларнинг айримларини учратиб қоламан. Китоблардаги рақамларга қараб болалик уйимизда ўн мингга яқин китоб бўлганлигини айтишим мумкин. Бугуннинг мезонлари билан ўлчаганда ҳам анчагина бой кутубхонамиз бўлган экан, дейман, тўғрими! Демак, уйдаги муҳит, у ердаги китобга бўлган муҳаббат, китоб воқеалари ҳақидаги суҳбатлар ёш Улуғбекни китоблар оламига етаклаган бўлса, ажаб эмас.

-Оилангизда сиздан бошқа ижодкорлар ҳам борми?

-Албатта бор. Акам Ойбек филология факультетини тугаллаган, чиройли шеърлар, ғазаллар ёзган. Ҳали-ҳануз унинг “Қалдирғоч, қанотларинг шунчалар қаромиди?” деган мисралари хаёлимда бот-бот такрорланади. Акамнинг айрим шеърларидан “Мувозанат” романимда фойдаланганман. У романда Амир образининг прототипи бўлиб келади.
Бундан ташқари, укам Абдурашид, унинг умр йўлдоши Наргизахон – улар ҳам яхшигина шеърлар ёзишади. Яқинда «Юракдаги баҳор» номли шеърий тўпламлари ҳам чоп этилди. Спорт соҳасини танлаган яна бир укам Каримжоннинг шеърий машқлар дафтари қачонлардир қўлимга тушиб қолган, ўқиб чиқиб, тарбияласа, бинойидек шоир чиқар экану, деб қўйганман ўзимга ўзим. Лекин ўзига шу чоққача индамадим. Майли-да, ҳаваскорлар ўзлари учун ҳам шеър ёзсин-да! Ҳадеб эълон қилишаверадими? У ёғини сўрасангиз, ҳозирда чоп этилаётган машқларнинг жуда катта қисми ана шундай – кишининг ўзи учун, икки-уч яқинлари учун ёзиладиган қораламалардир. Шу маънода мен укам Каримжон тутган йўлни маъқуллайман ва унга машқларини эълон қилмагани учун “Офарин, ука!” дейман. Ахир, шоирлик даъвоси йўқ, лекин туппа-тузук қалам тебратадиган қаламкашлар нақадар хуш!Улар, одатда, яхши инсонлар ҳам бўлишади. Тўрт қатор йиғлоқи сатр қоралаб, нашриётма нашриёт кўтариб юрадиган «шаир»ларнинг тутими эса нақадар нохушдир!
-Болаликдан ҳамроҳ бўладиган китоб ўқиш иштиёқи ҳозирги ёшларда қандай деб ўйлайсиз?Сизнингча, ҳозир ҳам уларга бу иштиёқ болаликдан ҳамроҳ бўляптими?

-Матн ҳамма жойда матндир. У китобда ҳам матн, журнал, газетада ва ҳозир урф бўлиб бораётган компьютерда ҳам матн. Масалага матн ўқиш нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, ҳа, у ўқиляпти. Менинг ҳам бир ўғил, бир қизим бор. Кузатсам, улар кўпроқ интернетдан ўқишади, бирор ахборот ва маълумотни ҳам интернетдан кузатиб боришади. Бир уларми, биз катталар ҳам хабарларни интернетдан ўқийдиган бўлиб қолдик. Шу маънода «ўқиляптими-йўқми?» деган саволга “ҳа ўқиляпти” деб жавоб бераман. Аммо «қай даражада ўқиляпти?» дейилса, китоб мутолааси тушиб кетганлигини алам билан тан оламан. Куни-кеча китобга, бадиий адабиётга ҳукумат даражасида алоҳида эътибор берилганини гувоҳи бўлдик.Энди маънавият соҳаси вакиллари мана шу эътибор этагини маҳкам тутиб олишлари керак. ОАВ ҳам маънавият тарғиботчисидир. Жамиятга бир марта «Китоб ўқинг!» дея жар солиш билан тиниб қолмаслиги керак. Бу ишни доимо ва ҳар куни қилиб бориш керак. Ҳа, одамларга эслатиб туриш керак. Айниқса, у китоб билан, маънавият билан боғлиқ бўлса! Токи, китоб ўқиган, уққан одамлар ҳамиша жамиятнинг тўрига чиқиши, элга, юртга хизматни ана ўша ерда адо этиши керак. Бунинг учун эса китоб ўқиган, маърифатли, билимли инсонларни жамият тўрига олиб чиқадиган тизимни шакллантиришимиз керак. Бу фикрлар “Мувозанат” (1997) романимда баён этилган. Зеро, ўқимишли, маърифатли инсонлар эъзоз топса, ёшлар ўз-ўзидан ана шу инсонларни ўзларига идеал қилиб олади, улардай бўлишга ҳаракат қилади ва натижада жамиятда китобхонлик даражаси кўтарилади. Ҳозир давлатимиз кучли давлатдан кучли жамият сари бориш сиёсатини олиб бораяпти. Айни муддао! Китоб ўқиган ватандоши кўп бўлган жамият шубҳасиз кучли жамият бўлади!

-“Мувозанат” романини ўқиганимда, кутубхоналар ҳақидаги фикрлар билан ҳам танишгандим. Асарда “Кутубхоналарга одамлар ҳатто йиллаб қадамизи қилмаса-да, уларни ёпиб ташламаслик зарур, чунки одамлар улардан руҳланиб яшайди”, деб айтилган эди. Ҳозирги кутубхоналар, демак, у пайтдагига қараганда анча ижобий натижаларга эришган, десак бўладими?

— Камчиликларимиздан кўз юммаслигимиз керак бўлганидек, ютуқларимизни ҳам кўра олайлик. Шу маънода Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонанинг пойтахт шаҳримизда барпо этилиши миллатимиз ҳаётида алоҳида воқеадир. Ёки вилоятларда кутубхоналар, китоб дўконларининг янгидан очилаётганлиги жуда яхши, лекин улар кам. Бир пайтлар 1018 та кутубхона ва китоб дўконлари бўлганлигини ўқигандим.Ҳар-хил қийинчиликлар рўкач қилиниб, ўша китобхоналарнинг кўпчилиги, афсуски, савдо дўконларига айлантирилганлигини ҳам айтайлик.Китоб дўконларининг республика бўйича бир нечта ўнтага тушиб қолган ҳолатлари ҳам бўлди. Бу яхши эмас. Хайрият, мана кейинги пайтларда “Шарқ зиёкори” ёки «Янги аср авлоди» каби нашриётларнинг китоб дўконлари очилаётганини эшитиб қувонаяпмиз. Очилсин! Ҳар бир вилоят, ҳар бир туман, ҳар бир қишлоқ ва мактабларда, коллежу лицейларда, университетларда очилсин! Китоб ўқиш замонавий инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айлансин! Шундагина сиз айтган натижага эришамиз.

-“Мувозанат” романида мустақилликка эришиш остонасидаги ва эришилгандан кейинги қатор қийинчилик йилларида жамият ва инсон ичра тебраниб қолган мувозанат ҳақида сўз боради. Яна жамият ва инсон ҳаётида мувозанатнинг аҳамияти борасида ҳам мулоҳазалар юритилади. Нима деб ўйлайсиз, замонавий инсон яна ўша мувозанатни қўлдан бой бериб қўйиши мумкинми?Асар мутолааси унга қандай таъсир қилади?
— Мувозанат қонуни дунёни тутиб туради. Эътибор беринг: ҳар он беминнат симираётганимиз ҳавода кислород миқдорианиқ математик ўлчовларда эканлиги кишини ҳайратлантирмайдими?.. Агар кислород фоизи у ёки бу томонга салгина бўлсин ўзгарса, ер юзида биз билган-таниган ҳаётга нуқта қўйилади. Демак, бу ерда ҳам бир мувозанат, интизом бор. Қуёш тизими, ундаги сайёралар, сайёраларнинг йўлдошлари ҳаракатида ҳам мувозанат қоим. Курраи замин ҳаёти ҳам бундан мустасно эмас. Ундан кейинига келамиз: давлатлар, жамиятлар, оилалар ҳам муайян низом асосида яшайди. Энг охирида инсон омили бор: алоҳида инсон ҳаётининг зоҳирию ботини ҳам ана шу мувозанат қонунига бўйсунади. Мувозанат қонуни ҳамма жойда, «заррадан Юпитерга қадар», Юпитердан яна нарида – хаёлимиз етган-етмаган ҳамма жойда ишлайди.Ахир, аввалда хаос бор эди, кейин у секин-аста космосга айланди. Яъни уйғунлик касб этди. Уйғунлик бу — мувозанат демак! Аммо муайянтарихий, сиёсий ва психологик бурилиш нуқталарида дунё ҳам, жамиятлар ҳам мувозанатдан чиқиши мумкин. Жамият мувозанатдан чиқдими, жамият билан бирга инсон ҳам мувозанатни қўлдан бой беради. Атроф-жавониб қандай бўлса, унинг парчаси бўлмиш инсон ҳам унга ўхшаб боради.90-йилларда шундай бўлган эди. Жамият, инсон ўз мувозанатидан йироқ тушган эди.Шунинг учун ҳам мустақилликдан олдин ва унга муяссар бўлганимиздан кейинги қатор йилларда жамият ва инсон ўз бошидан талаймураккаб замонларни ўтказди, туртинди-суртинди, йўл қидирди. Ниҳоят, у мустақилликни эълон қилди. Бу — қайта мувозанатга интилиш дегани эди! «Мувозанат» романим шу эҳтиёж туфайли ёзилди. Асармувозанат соғинчидан туғилганди. Демак, сиёсий озод бўлган юртда ўз мувозанатимизни қайта яратишимиз, бунинг учун эсахаос ҳолатидаги жамиятни қайтадан интизомга солиш, қуриш зарур эди. Не бахтки, бундай жамият, мана,25 йилдирки, қурилмоқда, мустаҳкамлаб борилмоқда. Энди шу мувозанатни қўлдан бермаслик тадбирларини ҳам кўришимиш шарт бўлади. Энди ватандошларимизнинг бахти шу жамиятда, шу Ватаннинг ичида. Аммо хотиржам бўлишга ҳали эрта: ҳозир биз дунёга очиқ жамиятмиз. Глобаллашув даврида ёпиқ ҳолатда қолиш мушкул ва ҳатто зарарли. Бутунлай очиқ ҳолда бўлишнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Ахир, бугунги дунёда жамиятни издан чиқаришга қодир омиллар озми? Оммавий маданият, фанатизм, террор, гиёҳвандлик… буларнинг ҳар бири — алоҳида бало! Ёки енгил ҳаётга ҳавас, осон, мўмай пул топиш истаги ҳам бугунги ёшлар учун катта таҳдид бўлиб турибди. Бир пайтлар совуқ уруш хавфи дунёни ҳадик ичра ушлаган бўлса, ҳозир номлари зикр этилган балолар замонавий дунёни ўзга бир қўрқув чангалида тутиб турибди. Кўринадики, бундай таҳдидлар мавжуд экан, демак, ёшларнинг мувозанатдан чиқиб кетиш хавфи ҳам мавжуддир. Бунинг чораси — ёшларга эга чиқиш, уларга жамиятда ўзўрнини топишда кўмак берадиган йўллар ва имкониятлар эшигини очишдир. Албатта, бу ишлар қилинаяпти, демак, янаям собит туриб давом эттиришимиз лозим бўлади.Бу йўлда бизга, ҳаммамизга китобдан ишончлироқ ҳамроҳ йўқ.Айниқса, ёшларимиз нигоҳини китобга қаратишимиз лозим. Китоб ёшларнинг ўзларига муносиб ҳаёт йўлларини топиб олишда кўмакчи бўлади. Инсон ўз ҳаёт йўлини топдими, демак, унинг ҳаётига маъно киради. Инсон ҳаёти маънога эга бўлгандагина ўзини оқлайди.

Зулхумор ОРИФЖОНОВА суҳбатлашди.
Ўз МУ, журналистика факультети талабаси,
2017 йил март.

Ўқилди: 65

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар