Қидириш

Кутубхона

Facebook

ЁЗУВЧИНИНГ ЎҚИТУВЧИ ВА ТАЪЛИМ ҲАҚИДАГИ ЎЙЛАРИ

Тақдир тақозоси билан 2016 йил, май ойиданэътиборан таълимда ишлай бошладим. Бунга сабаб Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг очилиши бўлди. Камина“Жаҳон адабиёти” кафедраси мудирлигига таклиф қилиндим. Мен илгари ҳам таълим соҳасида ишлаганман. 90-йиллар ўрталарида. Миллий университетнинг журналистика ва ўзбек филологияси факультетларида ўзбек адабиётидан, Шарқшунослик институтида эса турк тилидан талабаларга сабоқ берганман. Лекин орадан 20-22 йил вақт ўтган, олий ўқув юртларида ишлайдиган дўстларимдан эшитишимга кўра, энди таълимда ишлаш бағоят оғир бўлиб қолган, қоғозбозлик ва мажлисбозлик ўзининг ҳадди аълосига етган эди. Мен янги очилаётган университетга кадрларни танлаб олаётган комиссия аъзоларига таълим ҳақидаги мана шуларни ва яна ёзувчи эканлигимни, ижодкор одам руҳ эркинлигини севишини, таълимда ишлашим эса энди бир мунча қийинчилик туғдиришини айтдим. Лекин тақдир экан, бир неча номзодлар ичидан каминатанланди ва мен бошқа ҳамкасблар қатори Ўзбекистон Президенти(ўша вақтда Бош Вазир)нингсуҳбатига кирдим. Суҳбат менда ёрқин таассурот қолдирди. Она тилимиз ва адабиётимизга бўлган ҳукумат даражасидаги бундай эътибор мендек бир зиёлини — ёзувчи, шоир ва адабиётшуносни севинтирмаслиги мумкин эмасди. Суҳбат асносида Шавкат Миромоновичнинг менга қарата “Кафедрангиз Ўзбекистонда етакчи кафедра, яъни шоҳкафедра бўлиши керак!” деган гаплари ишнинг ғоят масъулиятли эканидан далолат қилар, энди мен жуда кўп ва хўп меҳнат қилишим кераклигини яхши тушуниб турар эдим.
Шундай қилиб, қизғин иш палласи бошланиб кетди.
Таълимда ишлашнинг ўз завқи бор. Буни соҳада ишлаганларгина яхши билади, ҳис қилади, қадрига етади. Бу сафар ҳам ана шу завқни туйдим. Шу билан бирга, ўтган вақт мобайнида соҳанинг ислоҳталаб муаммолари ҳам туғилиб улгурган экан. Муаммолар мажлисларда икки-уч эътироз билдириш билан битадиган эмасди. Улар таълимда соғлом тизимни йўлга қўйиш билангина ҳал бўладиганмуаммолар эди. Аммо инкор қилиш ҳамиша осон, инкор қилинганнинг ўрнига жўяли таклиф қилиш эса мушкул. Каминанинг бирон жўяли таклиф қилиши учун таълимдаги тажрибаси ҳали етарли бўлмай, мен дарс берган 90-йиллар билан ҳозиргиси (2016-2018) нинг ўртасида катта фарқ бор эди. Демак, “оғзимни очишим” учун янги таълим соҳасида етарлича малака ва тажрибага эга бўлишим лозим эди. Шундай қилиб, машғулотларга шўнғиб кетдим. Бугунги кун билан ҳисоб қилсам, янги таълим тизимида икки йилга яқин ишладим. (90-йиллар ўрталаридаги икки йиллик стажим билан педагогик фаолиятим жами 4 йилга етди). Энди бир педагок, бир ёзувчи, бир олим ва ниҳоят, бир зиёли сифатида таълим бўйича ўз мулоҳазаларимни ўртага муҳокама учун ташлашим мумкин, деб ўйлайман. Тўғри, телевидениенинг “Маданият ва маърифат” каналида 2017 йил, апрель ойида каминанинг ташаббуси билан олинган, таълимдаги муаммолар ҳақидаги “Мезон” кўрсатувида айрим фикрларимни айтдим. Лекин эфирда кетгани хамир учидан патир эди. Муаммоларнинг асосийлари ҳалигача айтилмади. Ёки айтилса ҳам эфирда ва қоғозларда қолиб кетди, кетмоқда.
Мен ўқитувчи муаммосигааввал ҳам эътибор бериб, уларни икки романим — “Мувозанат” ва “Исён ва итоат”да қаламга олганман. Асарларнинг бош қаҳрамонлари Юсуф ҳам, Акбар ҳам ўқитувчилар эди. Бу икки образ ва яна физика-математикафани ўқитувчиси Эргаш ака образлари орқали (асарлар 1997 ва 2003 йиллардаёзилган)ўқитувчи ва таълим билан боғлиқ, ҳозирга қадар ҳал қилинмаган долзарб муаммолардан бонг урилган эди. Лекин улар бадиий асар бўлгани учунми, романларда кўтарилган муаммолар жамиятда ўз акс садосини топмади. Бугун худди ўша гапларни публицистик оҳангларда такрорлаяпман, холос.Албатта, эндиги эътирозлар кучлироқ жарангламоқда. Нега деганда,“Болоня шартномаси”нинг аянч натижалари бугунга келиб инкор қилиб бўлмас даражада кўзга ташланиб қолди.Куни кеча ижтимоий тармоқларда“Болоня шартномаси”нинг хато эканлиги тўғрисида Москва давлат университети (МГУ) ректори Виктор Садовничий билдирган фикрларни ўқиб қолдим. Жаҳон миқёсида катта обрў-эътиборга эга университет раҳбари ўз вақтида охири ўйланмай бу шартномага имзо чекилганию энди ҳаммасини бошидан қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳақида гапирибди. Маълумингизким, амалдаги тестга асосланган таълим тизими худди ана шу “Болоня шартномаси”га кўра амалга оширилган бўлиб, у бугунга келиб чок-чокидан сўкилиб кетди. Демак, бугун ўша шартномани қайтадан кўриб чиқиб, таълим соҳасида жиддий, ҳа-ҳа, ғоят жиддий ўзгаришлар қилишга эҳтиёж пишиб етилди.Таълимнинг ислоҳга эҳтиёжи борлиги тортишиб бўлмас масала эканлиги қуйидаги мулоҳазалардан ҳам англашилади, деб ўйлайман.
Хўш, амалдаги таълим тизимида ислоҳ қилинишга муҳтож қандай масалалар бор? Бу борада турли қарашлар бўлиши мумкин. Менинг кузатишимча, ўқитувчи шахсияти ва таълим тизими масаласиэнг асосий масаладир.
I. Ўқитувчи шахсияти масаласи
Моддий, маънавий ва ҳуқуқий томондан ҳимояланган ўқитувчининггина шахси бутун бўлади. Хўш, бугун ўқитувчининг шахси бутунми? Шу масаланинг ижобий ечими, ўйлашимча, таълимнинг тенг ярим муаммосини ҳал қилади. Айтиш жоизки, амалдагитаълим тизими ўқитувчининг шахс сифатида шаклланишига тўла хизмат қилмаяпти. Ўқитувчи шахси емирилдими, бас, бундай ҳолда у педагок сифатида тамом бўлган бўлади.Шу маънода таълимда ўқитувчи шахси бирламчи масала бўлиши лозим, деб ўйлайман. Чунки шахси бутун ўқитувчигина шахси бутун ўқувчи-талабаларни тарбиялай олади. Зеро, таълим-тарбиядан мақсадўқувчи онги ва қалбини уйғотиш, уларни маълум мақсадлар сари йўналтиришдир. Информация бериш ҳаммуҳим. Лекин берилаётган информацияларга қандай муносабатда бўлиш, уларни таҳлил қилиб, тўғри ва керакли хулосаларга келиш, хулосалардан эса эзгу мақсад йўлида фойдаланиш малакасини, РУҲИНИ шакллантириш янада муҳимдир. Ҳар қандай зукко ўқитувчи хотирасидаги фанга доир маълумотлардан битта флешка ичидаги маълумотлар кўпроқ ва тўғрироқ бўлиши мумкин. Лекин биронта флешка, биронта компьютер ҳақиқий ўқитувчи ўқувчи-талабага бера оладиган РУҲни бера олмайди. Таълим ҳақида гап кетганда, ана шу РУҲ га кўпроқ эътибор бермоқ керак. Бу руҳ, аввало, ўқитувчининг ўзида бўлиши шарт.Ахир, инсон ўзида йўқ нарсани қандай қилиб ўзгага бера олади?..
Ўқитувчи вақтига тажовуз қилмаслик лозим.Рус педагоги В. А. Сухомлинскийнинг бир фикрини келтирмоқчиман: «Ўқитувчи маҳорати ўсишининг энг муҳим шарти ВАҚТдир — ўқитувчининг бўш вақти! Ўқитувчида бўш вақт қанча кам бўлса, у шунча руҳан синади. У қанчалик ҳужжатбозлик, мажлисбозлик, қоғоздаги иш режаларию ҳисоботлар билан банд бўлса, ўқувчи-талаба учун берадиган ҳеч нарсаси қолмайди! ВАҚТ — бу ўқитувчининг энг катта руҳий бойлигидир! Педагогик ижодкорлик ва фаолият — машаққатли меҳнат. У катта қувват ва кучни талаб қилади. Агар қувват тикланмайдиган бўлса, ўқитувчи таслим бўлибсинади ва қайтиб ўзига келмайди». Дарҳақиқат, замонавий дунёда қоғозбозликдек инсон умрини хазон қиладиган бошқа бир иллат йўқ. Қоғозбозлик — замонамиз вабоси! У таълимда симулякр ҳодисасини пайдо қилиб бўлди: қоғозда иш кетаверади, лекин амалда қоғоздагининг ярми ҳам бўлмайди. Гоҳида эса, умуман ҳеч вақо бўлмайди.
Ўқитувчининг жамият ичра обрўси масаласи.Улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий XV асрда “Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,Айламак бўлмас осон онин ҳақин минг ганж ила” деса, милоддан аввалги IV асрда юнонларнинг қомусий олими Аристотель “Устоз отангдек улуғ” деган эди. Чунки ота болани осмонлардан ерга туширган бўлса (яъни боланинг биологик мавжудод ўлароқ заминда туғилишига сабаб эса!), устоз унинг даражасини ерлардан осмонларга қадар кўтаради. Ҳа, устознинг, ўқитувчининг обрўси китобларда шунчалар улуғланади. Лекинбугунки кунда, реал ҳаётимизда-чи?.. Муаммо шу ерда!Уни ҳал қилиш учун эса, назаримда, қуйидаги икки жиддий масалага эътибор қаратмоқ лозим бўлади.

Биринчиси — ўқитувчига муносабат. Иккинчиси эса — ўқитувчинингўз касбига муносиб бўлиб-бўлмаётгани масаласидир.

Биринчи масалага бўйича:

1. Ўқитувчининг бирламчи ва қўшимча вазифалари.Ҳозирда ўқитувчиўзининг бирламчи иши — ўқитишдан бошқа(буларнинг номини санаб адоқ қилиб бўлмайди: кўча супуриш, дарахтларни оқлаш, дала ва қурилиш ишларига жалб қилиниш, турли хил мажлисларга қатнашиш, байрам тадбирларига талабаларни тайёрлаш, қоғоз ва металлалом тўплаш, сайлов қоғозларини уйма-уй юриб тарқатиш, ўқув ва ётоқхона биноларида навбатчилик қилиш ва ҳ.к…) ишларга жуда кўп жалб қилинмоқда. Вилоятлардаги мактаб, коллеж ва лицейлар ўқитувчилари йилнинг талай вақтида кўчадан уйига келолмай қолаётгани кундек равшан ҳақиқат. Шу мавзуда гап кетганда,бир шогирдимиз (Н. Тоштемирова) нинг “Дарс” деган ҳикояси ёдимга тушади. Ҳикояда адабиёт дарси тасвирланади. Мавзу –“Алишер Навоий”. Мактаб директори ўқитувчи ва ўқувчиларни баҳорги ишларга жалб қилмоқчи бўлиб, дарс бораётган синф хонаси эшигини қоқади. Ўқитувчи эшикни очади. Директор дарсни тўхтатиб, ўқувчиларни зудлик билан ишга олиш чиқиши зарурлигини айтади. Лекин ўқитувчи дарсни чала ташлаб, ўқувчиларни ишга олиб чиқмоқчи бўлмайди. Эшикни қулфлаб, дарсни давом эттиради. Бир муддат ўтиб, эшик яна қоқилади. Ўқитувчи дарсни ўтаберади. Эшик такрору такрор қоқилади. Лекин бундай топшириқлардан безор бўлиб кетган ўқитувчи уни очиб, ўқувчиларни жисмоний меҳнатга йўлламайди. Ниҳоят, дарс соати ҳам, дарс ҳам якунланади. Бу вақтда эса, эшик синиб кетгудек бўлиб тақиллайди. Дарсини тугатган ўқитувчи бориб эшикни очади. Бу сафар директор ўзи билан бирга бошқа раҳбарларни ҳам етаклаб келган бўлиб, улар раҳбарият буйруғига бўйин эгмаган ўқитувчидан ариза ёзиб, ишдан кетишни талаб қилишади… Мактаб раҳбариятининг мантиғига кўра, бу ерда ўқитувчи айбдор. Аслида-чи? Аслида, у қаҳрамон эди. Лекин нега биз қаҳрамонларимизни жазоламоқдамиз? Қаҳрамонлар жазоланар экан, ёш авлоддан қаҳрамон чиқадими?!.. У ҳолда, қаҳрамони йўқ юртнинг тақдири нима кечади!?..

2. Ўқитувчи ва бюрократизм.Таълимда қоғоз шунчалар кўпки, ўқитувчи уларнинг орасидан чиқиб ўқувчининг, талабанинг олдига келолмайди. Бу рамзий маънода, албатта. Аслида, жисми келади, хаёллари қоғозда қолади. Қоғозбозлик ўз ишининг устаси моҳир педагокни ишга яроқсиз қилиб, калласида алиф ҳам йўқ, лекин қоғозларни тахт қилгувчи лўттибозни тўрига олиб чиқадиган иллатдир. Чунки моҳиятга эътибор берадиган ўқитувчи, одатда, қоғозлар билан яхши ишлай олмайди. Чунки унинг тафаккур тарзиқоғозларни муҳим санамайди. Ўз ишига, касбига шўнғиган бўлади. Афсуски, ҳозир кўп жойларда қоғоз ишлаяпти. Ҳатто қоғоз-ҳужжатинг зўрми, демак, дарс беришнинг ҳожати йўқ, деган гап чиққан таълимда. Шунинг негизида таълим раҳбарлари ёнида қоғозини тахт қилиб қўйиб, қўл қовуштириб турадиган қавм пайдо бўлган. Чунки улар ўз билимсизлигини қоғоз билан тўлдирмоқчи бўлади (психология фанидаги компенсация ҳодисасининг айнан ўзи!) Қоғоз ишлаётган амалдаги таълим тизимида айнан мана шундай қоғозбозлартер тўкиб ишлаётган, ҳақиқий педагок, ўз ишининг моҳир усталари эса ишламаётган бўлиб қоляптики, бунга чек қўймоқ керак.

3. Ўқитувчи маоши.Маош масаласи ҳам таълимдаги энг муҳим масалалардан биридир. Ҳақиқатнинг кўзига тик қараб, гапнинг нақдини айтадиган бўлсак, ўқитувчи ҳозирги маоши билан рўзғор тебрата олмайди. Ҳалол ўқитувчибола-чақасини боқаман, рўзғор тебратаман, дея иккинчи, учинчи ишлар бошини тутса, харомга ўрганган ўқитувчи эса,таълимдаги турли жараёнларда (мас.,кириш ва бошқа имтихонлар вақтида) коррупцияга қўл уриш пайида бўлади. “Ўғрилик қилиш имконияти ўғриликни пайдо қилади” дейди ҳинд халқи. Таълимда, умуман, жамиятнинг бирон соҳасида ўғрилик имкониятини қолдирмаслик лозим. Бунинг учун эса, масалан, таълимда ҳар бир ўқитувчига яхши ҳақ тўланмоғи керакки, “рўзғоримни қандай бутлайман?” дея унинг хаёли сочилмасин. Мабода, ўқитувчи яхши ҳақ олиб ҳам астойдил ишламаса, демак, бундай ўқитувчи таълимдек муқаддас даргоҳга номуносиб саналиб, ишдан бутунлай озод этилиши лозим бўлади.
4. Ўқитувчи — ижодкор.Ўқитувчи айни вақтда ижодкор ҳисобланади. Унинг ўз устида ишлаши учун имкон яратишимиз керак. Япония бош вазиридан мамлакатнинг технологик тараққиётининг сири нимада эканлиги сўралганда, унинг жавоби шундай бўлган эди: “Биз ўқитувчиларга вазирларнинг маошини, дипломатларнинг дахлсизлигини ва императорнинг ҳурматини бердик”. Ўқитувчини боши-кети йўқ тадбирлар ўтказиш ёки шундай тадбирларга қатнашишдан озод қилиб, эртанги дарсга тайёрланиши учун бўш вақт қолдириш ва бу вақт ҳам иш соати ҳисобига саналса қандай бўларкин, деб ўйлаб қоламан. 2017 йилда Европа мамлакатларидан бирида ишга бориб келиш учун йўлда сарфланган вақт ҳам иш соати деб ҳисобланиши ҳақида қарор қабул қилинганини ўқидим. Бу билан биз ҳам шундай қилайлик, демайман. Биламан, аксариятимиз ҳали бу ҳақда ўйлашга ҳам тайёр эмасмиз. Мен ҳеч қурса, ўқитувчининг ишлаган реал соатлари учун муносиб ҳақ тўлайлик демоқчиман. Яқинда бир суратга кўзим тушди. Унда тун манзараси ва кўпқаватли уй тасвирланган. Ҳамма чироқлар ўчиқ. Фақат биттаси ёниқ. Суратнинг остига қарасангиз, шундай сўзлар ёзилган: ЎҚИТУВЧИ. Менимча, изоҳга ҳожат йўқ. Ҳамма ухлаганда ҳам меҳнат қиладиган, шунга мажбур бўладиган бирдан бир касб эгаси бу-ўқитувчи! Лекин бу меҳнатнинг ҳақини тўлай оляпмизми? Ҳеч қурса, маънавий жиҳатдан унинг қадрига етяпмизми?..
5.Ўқитувчи ва ҳокимият.“Ҳокимият таълимдан қўлини тортиши керак”, деган гапларни ўқидим ижтимоий тармоқларда. Дарҳақиқат, нега у таълимга аралашади? Ўқитувчи нега қишлоқ хўжалиги ва ёки шаҳардаги ободонлаштириш, металлалом, қоғоз тўплаш (макулатура), сайлов қоғозларини тарқатиш, ватандош (фуқаро)ни рўйхатга олиш билан шуғулланиши керак? Ахир, ўқитувчига булар учун ҳақ тўланмайди-ку! Ҳатто мардикорга ҳам меҳнат ҳаққи берилади. Қолаверса, ўқитувчининг асл вазифаси нима эди?..Ҳокимиятнинг кучи кўп, бели бақувват бўлса, ана, қанча ишсиз одам бор, уларга иш бериб, қонуний ёллаб ишлатса, минглаб ишсиз аҳолини иш билан бандлигини таъминлаган, бу билан хорижга иш излаб кетаётганлар сонини камайтирган бўлади.

Иккинчи масала бўйича:

Ўқитувчи олдига қўйиладиган талаблар
1.Ўқитувчи ўз фанини пухта билсин. Ўқувчи ё талабанинг онги ва руҳини уйғотсин! Унга соҳанинг асосларини, фундаментал билимни бера олсин.
2.Ўқитувчи дарслик ва ўқув қўланма доирасида қолиб кетмасин. Мустақил фикрлай олсин, ўқувчи ва талабани ҳам шунга ўргата билсин.
3.Ўқитувчи қайси фандан дарс берса берсин, замон нафасини ҳис қилсин, замондош инсон зиммасига давр юклаётган вазифаларни яхши тушунсин ва тушунтириб берсин. Яъни замон билан ҳамнафас юриб, ўз фанини ҳаёт билан, ҳаёт ёш авлод олдига қўяётган муаммолар билан боғлай олсин. Яъни ўқитувчининг алмисоқда қотиб қолган тафаккури сабаб бутун бошли фан ўқувчи-талабалар назарида ҳаётдан узилиб қолмасин.
4. Моддий, маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганига қарамай, ўқитувчи ўз ўрнига номуносиб бўлса, яъни мутахассис сифатида талабга жавоб бермаса ё шаънига номуносиб иш тутса, масалан, таъмагирлик қилса, унинг меҳнат дафтарчасига шундай бир алоҳида муҳр тушсинки, бу муҳр уни таълим соҳасигаяқинлашишга умрбод йўл қўймасин.
II. Барқарор таълим тизими масаласи

Қатъий ишладиган, ўн йиллар мобайнида асосий мезонларини ўзгартирмайдиган, мабода ўзгаришлар бўлса, уларни ўзига сингдириб олиб, яна-да кучли бўлиб борадиган таълим тизимини яратишимиз керак, деб ўйлайман. Ҳар йили, ҳар ойда ўзгариб турадиган тизимга эса суяниб бўлмайди. Умуман, жамиятда ҳар қандай тизим агар жуда қисқа вақт мобайнида ўзгаришларга учрайверса, бундай жамиятда яшовчи инсонлар ўзларини бахтсиз ҳис қилишади. Худди шундай, жуда тез ўзгарувчан таълим тизими ҳам ўқитувчи шахсини парчалаб ташлайди. Натижада на тизим қолади ва на уни тутиб турадиган ўқитувчи шахси. Ўқитувчи шахси бутун эмасми, демак, у таълим-тарбия берадиган ўқувчи-талабалар шахсиятининг бутунлиги ҳақида ҳам гапириб бўлмайди. Демак, энг муҳим иккинчи масала барқарор таълим тизимини яратишдир. Бунинг учун эса, назаримда, қуйидагиларга эътибор бермоқ керак:

1. Дарслик ва ўқув қўлланмалар.Ҳозирда дарслик ва ўқув қўлланмалар етишмаётганлиги туфайли ҳар бир ўқитувчи ўз фани бўйича “ўқув мажмуа”си ёзиб олади. Тўғрироғи, комиссиянинг “назари” учун ёзади.Аслида эса, бу каби у ер-бу ердан кўчирилиб муқоваланган мажмуалар ҳеч кимга керак бўлмайди. Фикримча, керакли дарслик ва ўқув қўлланмалар Республикада бу ишга қобил, тажрибали олимлар гуруҳлари, масалан, Фанлар академияси институтлари мутахассислари ёки ўз соҳасини пухта эгаллаган олим-ўқитувчилар, айни пайтда, буларнинг ҳаммасидан сараланган ишчи гуруҳ томонидан ёзилса ва етарли миқдорда чоп этилиб тарқатилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шу маънода дарслик ва ўқув қўлланмалар бутун Республика бўйлаб стандарт ҳолга келиши ҳамда уларнинг миқдори етарли бўлиши фойдадан ҳоли эмас.

2. Мутахасислик фанлари. Ихтисослик бўйича фанларни кучайтириб, соҳага алоқаси кам бўлган фанларни ё бутунлай олиб ташлаш ё соатларини камайтириш лозим бўлади. Йўқса, баъзан олий математика, информатикага ўхшаш фанлар, масалан, ижтимоий-гуманитар факультетларида ҳаддан зиёд кўп. Шунинг натижасида, масалан, филология соҳаларида талаба ўз соҳасини тузукроқ билишга имкон тополмайди. Уларнингҳозирги адабий жараёндан деярли хабари йўқ. Замоннинг забардаст ёзувчи, шоир ва драматургларини яхшиёки мутлақо танимайди. Мактабда эшитган ё ўқиган “Ўткан кунлар”дан нарига ўтолмайди. Бунинг учун эса бевосита мутахассисликка алоқадор фанлар соатларини кўпайтириш лозим бўлади.
3. Тест масаласи.Тест керакми? У ўзини қанчалик оқла(й)ди? Керак бўлса, қайси соҳалар учун? Яъни тестни соҳалар бўйича танлаб қўллаш керакми ёки ёппасига тадбиқ этиш тузукми?.. Бу каби саволлар неча йилдан бери кўпчиликни ўйлатади. Тест тизими ислоҳга муҳтож эканлигини мажлисда Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур саволига Ўзбекистон ПрезидентиШавкат Мирзиёев берган жўяли жавобдан ҳам муълум эди. Ўшанда Акмал Нур математикадан тест борлиги учун рассомчилик институтига не-не истеъдодли ёшлар киролмаётганини айтганда, Президент ўша оннинг ўзидаёқ бундай ижод турида математикадан тест нима қилади, деган фикрни билдириб, тестни олиб ташлатган эди. Буни кўриб камина “Бўлар экан-ку!” дея қувонганим эсимда. Ўйлайманки, худди шундай жавоб Республикамиз бўйлаб кўплаб, айниқса, ижтимоий-гуманитар соҳалар учун зарур бўлиб турибди.
Ҳозирда амал қилаётган тестларнинг савиясига келсак, уларда куракда турмайдиган саволлар жуда кўп. Аксар саволарни тутуриқсиз ва мантиқсиз деб атасак ҳам бўлаверади. Масалан, филология, тил ва адабиёт йўналишларида битта шеърдан парча бериб, “қачон, ким томонидан ёзилган?” деган савол қўйилади. Битта шеърни қачон ё ким томонидан ёзилгани ўқувчи ё бўлғуси талабага нима беради? Бундай рақамларни ёдлаб олиш ёшларни қаерга олиб боради? Манқурт бўлишга эмасми? Уларни фикрлашга ундайдиган саволлар тузса бўлмайдими? Ўқишга кириш хотира жанги бўлиб кетмадими? Кимнинг хотираси кучли бўлса, ўша ғолибми? Бу қандай мантиқ?.. (Бобур “Бобурнома”да Улуғбек даврида ҳофизаси ўта кучли бир инсон бўлганлигини, нимаики эшитса, миридан сиригача хотирасида сақлаб қолишини ҳайратланиб ёзади. Лекин қани ўша ўта кучли хотираси бор инсон? Қани ундан қолган маънавий ё бошқа мерос? Хотираси уникига тенглашолмаган Улуғбек ва Бобур эса биз билан яшаб келяпти!Демак, кучли хотирага эга бўлиш яхши, лекин у фойдали бўлишнинг асосий ва бирдан бир шарти эмас экан-ку! Бас, шундай экан, “хотира мусобақаси”га чек қўймоқ керак!) Фикрлаш-чи? Хулосалар чиқариш-чи? Ҳаётга тадбиқ этиш-чи?.. Масалан, “бу шеър қандай шеър: реалистикми ё модернистик ҳамда нима учун?” дегандек саволлар тузилса, абитуриент битта саволга жавоб бериш учун шеърнинг ҳар хил турларидан воқиф бўлишга интилади, натижада адабиётдаги реализм, модернизм деган ҳодисалар моҳиятини тушунишга ҳаракат қилади.Бу ҳодисалар эса бевосита фаннинг асослари билан боғлиқ. Демак, тест саволлариу ёки бу фаннинг асосларини, моҳиятини билишга қаратилган бўлиши керак, асло ҳеч қачон ҳеч қандай вазиятда фойдаси бўлмайдиган майда информацияларни қуруқ ёдлашга эмас. Бир замонлар, ХХ аср бошларигача эски мактабларда ўқитилган “Ҳафтияк” (Қуръоннинг еттидан бири)ни ўрганишга бағишланган дарслар маъноси тушунтирилмайдиган, қуруқ ёд олишдан иборат дарслар, дея танқид қилинган эди. Бугун тест тизими “шарофати” билан ўзимиз ҳам ана шу эски мактаб ҳолига тушиб қолмадикмикан, деган ўйлар қийнайди мени.
Таълим тизимининг ислоҳга муҳтожлиги яна шу нарсада кўринадики, лицейлар ўқувчини олий ўқув юртларига тайёрлаши мўлжал қилинган бўлса ҳам, болаларимиз лицейларда эмас, балкиота-оналарининг не-не пулларини сарфлаб репетитор қўлларида ўқишмоқда. Репетитор ҳам олган пули эвазига абитуриентни фикрлашга эмас, қуруқ ёд олишга ўргатади. Ёд олинган информациялар эса, ҳаётда деярли асқотмайди. Натижада “Таълимни ҳаёт билан боғлайлик!” дея жар солгинг келади.
4. Иншова оғзаки имтихон.Иншо ёзишни қайта йўлга қўйиш керак. Иншо саводхонликни баҳолашнинг энг оптимал йўли. Ўтган йили Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида иншо кириш имтихонларидан бири сифатида йўлга қўйилди ва жуда тўғри қилинди. Шунинг учун ҳам талабаларимиз орасида дадиллари кўп. Яна, айниқса, ижтимоий-гуманитар соҳаларда оғзаки имтихон шарт қилиб қўйилиши мақсадга мувофиқ. Оғзаки имтихон кириш ва ўқув жараёнида ҳам керак. Тест жуда нисбий тушунча. У талабанинг умумий тайёргарлигини эмас, у ёки бу конкрет саволга конкрет жавобини текширади, холос. Фан бўйича,аввало, умумий билим, талабгорнинг дунёқараши ва фикрлаш салоҳияти баҳоланмоғи керак. Тест кўпроқ аниқ фанларда ўзини оқлаши мумкин. Шунинг учун ҳам ижтимоий-гуманитар соҳаларда унинг ҳиссасини минимумга тушириш жуда долзарб масаладир.

5. Хориждан ўрганиш тенденцияси.Кўлмакда абадий қолиб кун кечириш балиқ учун фожиа эмасдир, лекин юксак тафаккур эгаси бўлган инсон учун ҳалокат билан баравардир. Айниқса, ҳозир! Шунинг учун ҳам жаҳоннинг илғор жамиятлари ютуқлари тиғиз бир тарзда ўрганилмоқда. Бу — яхши. Ахир, велосипедни қайтадан кашф қилиш кимга ва нега керак? Лекин бу масалада меъёрни сақламоқ лозим, деб ўйлайман. Яъни хориждан ўрганиш хорижга сиғинишга айланиб кетмасин. Хориждан олаётган ҳамма нарсамиз ҳам яхши бўлмаслиги, аксинча, эски дея воз кечаётган ўзимизнинг ҳамма ишларимиз ҳам ёмон бўлмаслиги мумкин. Яъни тоғорадаги кир сувига қўшиб, ичидаги болани ҳам тўкиб юбормайлик. Саралайлик, сайлайлик. Чунончи, камина жаҳон адабиёти фани бўйича инглиз тилида ёзилган икки-уч дарслик ва қўланмаларни таржимон ёрдамида кўриб чиқдим. Ҳатто Ғарб адабиётининг улкан ёзувчиларидан бири Жеймс Жойсга бағишланган қисмини таржима ҳам қилдирдим. Натижада шунга амин бўлдимки, хорижда мавзуга эркин ёндашиш ўта кучли бўлиб, адабий портрет эссе жанри йўлида эркин ёзилган бўлиб чиқди. Аслида, дарслик бўлгандан кейин талаба ё ўқувчига аввало фундаментал билим бериш керак бўлади. Услуб ҳам илмий бўлиши тақозо этилади. Демак, ижтимоий-гуманитар соҳаларда ўзимизда шаклланиб келган услуб – талабага, аввало, фундаментал илм бериш йўли ҳар томонлама ўзини оқлайди. Ундан воз кечиш масаланинг, демакки, фаннинг туб моҳиятидан узоқлашишдир. Эссе йўлида ёзилган бошқа адабиётлар (жумладан, хорижий адабиётлар) эса, қўшимча манба сифатида тавсия қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади. Аниқ фанларда эса манзара янада бошқача бўлиши мумкин ва шу “бошқачалик” ҳисобга олинмоғи лозим.

6. Мутахассис кадрлар ва “эпақа”лар.Кузатишимча, ҳар бир соҳанинг етук малакали кадрларининг талай бир қисми соҳадан ташқарида ризқини териб юрибди. Соҳанинг ўзида эса, ҳали пишиб етилмаган, кадр сифатида ўта хом, гоҳо эса соҳага бутунлай бегона, лекин ташкилий масалаларда раҳбар нима деса, “зув” этиб учиб бажарадиган сертаъзим, шахсиятсиз “эпақа”лар кўпайиб кетиб, таълим сифати жуда тушиб кетди. Назаримда, четда, ҳатто бошқа соҳалардаишлаб юрган малакали кадрларни, ўз соҳасининг чинакам усталарини яна соҳага жалб қилиш, “эпақа”лар энергиясини ҳам фанга йўналтириб кўриш, мабода, бундан бирон наф чиқмаса, улардан бутунлай воз кечиш йўлидан бориш керак. Чунки айнан мана шундай “эпақа”лар таъзим қила-қила, ахийри, бир курсини эгаллаб олади-да, энди ўзлари ҳам бошқаларни ўзига таъзим қилиш маросимини бошлаб юборади.Натижада бундай сертаъзимлар бош бўлган ташкилотда соҳа инқирозга юз тутади.
7. Пиар.Таълим соҳасида пиар кўпайгандан кўпайганини айтиш лозим. Шу даражадаки, гоҳида ўқитувчи дарсга кириб, 50 та талабадан 25 тасини тополмайди. “Қани улар?” деган саволига“тадбир ёки байрамга тайёргарлик кўришяпти, раҳбариятнинг рухсати бор”, деган жавобни олади. Байрамлар бўлсин! Улар ҳаммамизники. Лекин байраму тадбир маросимларини уюштиришнинг бошқа йўллари йўқмикан? Ахир, талаба бу даргоҳда нима учун юрибди? Уларнинг бирламчи вазифаси нима эди? Бу кетишда эртага у мутахассис сифатида ким бўлиб етишади ва кимларни тарбиялаб беради?..Бу ҳақда жиддий ўйлаш керак.

8. Комиссия. Сир эмас, таълим соҳасини тез-тез комиссия “босиб” туради. Албатта, бу иш назорат қилишдек эзгу ниятда амалга оширилади. Лекин бу гап назарий жиҳатдан тўғри, холос. Амалда комиссия назорати ўзини оқламаяпти. Комиссия аъзолари дарс сифатини текширмайди. Чунки улар, одатда, соҳа мутахассиси бўлмагани учун реал дарс сифатини текшира олмайди. Шунинг учун ҳам қоғозга, ҳужжатга ёпишади. Қоғозни улар ёд билишади. Хат-ҳужжат жойида бўлса, хўп-хўп, акси тақдирда, ёмон баҳо бериб, раҳбарият таъбини тирриқ қилади. Раҳбарият эса ўз навбатида бутун аччиғини ўқитувчига сочади. Агар ўқитувчи Республикадаги энг илғор мутахассис бўлса ҳам қоғозида бирон камчилик топилса, у мутлақо ишламаяптига чиқарилади, хайфсан берилади, “Яна такрорланса, ариза ёзасан!”, дея огоҳлантирилади. Натижада талай ўқитувчилар минг хил топшириқдан қолган вақтини дарс сифатига эмас, балки хат-ҳужжатининг “саришталиги»га бағишлайди. Бунинг нима оқибатларга олиб келиши эса сир эмас. Чунки ўша ҳужжат комиссиядан бошқа ҳеч кимга керак эмас, маълум вақт ўтгач, улар макулатурага топширилади. Демак, аксарият ҳолларда ўқитувчининг камида ярим кучи, асаби, умри макулатурага айланаётган қоғозларга сарфланиб соб бўлмоқда.

9. Малака ошириш.Таълимда ҳар уч йилда малака оширилади. Замон шиддат билан ўзгариб боряпти. Демак, ҳар бир соҳада бу вақт мобайнида ўзига яраша янгиликлар содир бўлган бўлади ва мутахассис ўша янгиликлардан бохабар бўлиши талаб этилади. Назарий жиҳатдан ҳаммаси тўғри. Лекин амалда бу борада ҳам талай муаммолар мавжуд. Муаммо, шундаки, ўқитувчи малакаси ўзи дарс берадиган фандан ташқарижуда кўплаб бошқа фанлар бўйича оширилиши талаб қилинади. Ахир, бу фанлар умумий маънода керак, лекин мутахассис сифатида унга, аввало, ўз фанидаги янгиликлардан хабардорлик зарур бўлмайдими? Ҳар бир замонавий ўқитувчи, масалан, компьтерни ўз фаолиятига кифоя қилгулик даражада эгаллаган бўлади. Шундай экан, ундан компьютер дастурловчиси учунгина керакли бўладиган муълумотларни ёддан билишни талаб қилиш кимга ва нимага керак? Куракда турмайдиган талаблар! Бу ҳол юқорида эслаганимиз — бўлғуси рассомлардан математикани талаб қилишдек гап.Яна бир муаммо шуки, малака оширишнинг муддати икки ой. Бу жуда узоқ муддат. Айниқса, вилоятдан келадиган ўқитувчилар оиласидан шунча вақтга ажралиб чиқади, унга бу икки ой учун тўланадиган иш ҳақи ҳам йўл ва овқат ҳаражатларига сарф бўлади. Бундай ҳолда унинг оиласи нима билан тирикчилик қилади?Қолаверса, малака ошириш курсларидаги совуқ ва бегона муносабат бу бечора ўқитувчилар кўнглини ўкситади. Мутахассис фанлари камайтирилиб, ёндош, иккинчи даражали фанлар икки ой давомида ўқитилади ва шу фанлар бўйича тузилган мураккаб саволларга тест орқали жавоб бериш талаб қилинади. Бу саволлар характери кириш имтихонларида абитуриентларга бериладиган саволларникидан унча фарқ қилмайди. Моҳиятни очишга эмас, қуруқ ёд олишга қаратилган саволлардир улар. Мен ўз кўзим билан бу саволларга жавоб беролмай, ҳамманинг олдида ёш боладек мулзам бўлган профессор-ўқитувчиларни кўрдим. Улар ўз соҳаларининг билимдонларибўлишига қарамай, “малака оширишдан ўтолмади”, деган тавқи лаънатни кўтариб юришга мажбур бўлишади. Шуларни ҳисобга олиб, малака ошириш муддатини 1 ойга тушириш ҳамда ҳар бир вилоят ўқитувчиларининг ўзи яшаётган жойга яқин ҳудудий малака ошириш курсларига жалб қилиш, шунингдек, малака оширишда ўқитиладиган фанлар имкон қадар соҳага оид бўлишини таъминлаш келажагимиз мақсадига мувофиқдир. Соҳага оид бўлмаган фанлардан эса,тест топшириш талаб қилинмаслиги лозим.
11. Танлов. Таълимда коррупция, таниш-билишчилик ва ғирром йўлларга чек қўйиб, абитуриентларни ҳалол йўл билан танлаб олмас,ишни шундан бошламас эканмиз, соҳада ҳақиқий маънода ўзгариш қилиш қийин. Чунки аниқ фанга мойил болани гуманитар, гуманитар фанга муносибини эса аниқ фанларга қабул қилиш хатонинг бошидир. Бу ҳолда бола ўз истеъдодини ярмини ҳам сарфлай олмайди. Бошқача айтганда, зоветеренер бўлиши керак бўлган бола йигирма йил тўп тепса ҳам футбол майдонида мамлакат шаънини муносиб равишда ҳимоя қилишнинг уддасидан чиқолмайди. Ёки нон ёпиб юрса, элга фойдаси кўпроқ тегадиган йигитчанинг ноҳалол йўл билан орттирган дипломи ва таниш-билиши воситасида келиб у ёки бу ташкилотга раҳбарлик қилиши ўша ташкилот инқирозининг айни ўзидир. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсоннинг табиати, қизиқишлари, лаёқатидан келиб чиқиб касбларга, ўқишларга йўналтирадиган тизимни тезроқ яратишимиз керак. Камина “Мувозанат” романида бу ҳақдаги қарашларимни анча батафсил ёритишга ҳаракат қилганман.
ХУЛОСАЛАР

Врач инсон танасини даволайди. Ўқитувчи эса унинг онги ва қалбига кириб боради. Жамиятда медицинаю врачнинг ўрни қанчалар муҳим бўлса, ўқитувчининг ўрни уникидан асло кам эмас. Фақат врачнинг ютуғию камчилиги жуда тез ёки ўша ондаёқ билинса, ўқитувчининг фойдаю зарари узоқ йиллар ўтгачгина аён бўлади. Аслида, ўқитувчининг таъсир доираси ниҳоятда кенг. Бутун-бутун халқлар тақдири ўқитувчиларга, уларнинг савиясига боғлиқ экани бугун ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бас, шундай экан, келажагимизга бефарқ қарамайлик. Ўқитувчи ёш авлодни вояга етказади. Ёш авлод эса келажакка эга чиқади. Ҳаммамиз – ёш ва қари келажагимизнинг, эртамизнинг ёруғ бўлишидан манфаатдормиз!
Яқинда йигирма уч -йигирма тўрт ёшлардаги, уринишларининг тўртинчи йили ўқишга киришга муваффақ бўлганбиринчи курс талабаси шундай деб қолди:“Таълимда қинғир ишларшунчалар чуқур томир отганки, шахсан менҳеч қандай ислоҳотга ишонмайман!”. Нега? Нима учун таълим шу ҳолга келиб қолди? Нега айрим ёшларимиз таълимга, унинг ислоҳ бўлишига ишонмай қўйди? Ишончни қайтариш учун нима қилиш керак?.. Ўйлайманки, бу каби оғир саволларга энди жавоблар топилади ва берилади.
Республика ҳукуматининг 2017 йилда таълим соҳасида чиқарган қонунлари, айниқса, Ўзбекистон Президентининг “Ҳаракатлар стратегияси”нинг 4.4 бандида кўрсатган “Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш” тўғрисидаги кўрсатмалари таълимни тубдан ислоҳ қилиш заруратини билдиради. Мадомики, ислоҳ зарурати ҳукумат даражасида қабул қилиниб, уни тузатишга ҳаракат қилинаётган экан, ўз ва хориж тажрибаларимиздан келиб чиққан ҳолда, юртимизнинг шу соҳа вакилларию зиёлилари таълим тизими билан боғлиқ бутун таклиф ва мулоҳазаларини ўртага ташлашлари керак, деб ўйлайман. Мавжуд муаммони кўриб туриб кўрмагандек юриш эса зиёлига, умуман, инсон деган номга ярашмайди. Аксинча, виждони уйғоқ ҳар бир зиёли инсон жамиятдаги муаммолардан жар солиб тургувчи SOS сигналига айланиши керак, токи Ватан деб аталган муқаддас кемамиз сувларга чўкмасин! Мен ушбу битикни шу эзгу мақсадда ёздим. Йўқса, университетда дарс бераётган бир ўқитувчи сифатида бирон кишидан, бирон раҳбардан норози бўлиб қўлимга қалам олмадим. Яъни менинг бутун мулоҳазаларим Республика таълим тизими билан боғлиқ, асло бирон бир раҳбарга қаратилган эмас.Ахир, раҳбарлар ҳам ўзимизники, элимизнинг фарзандлари, улар бегона эмас. Ишончим комилки, тизим ислоҳ қилинар экан, раҳбарлар ҳам ўзгаради, иш юради.
Биз келажаги буюк давлат қурмоқчимиз. Мен бу ҳақда жуда кўп ўйладим. Ахийри, шундай хулосага келдимки, бизнинг буюк бўлишдан ўзга чорамизҳам йўқ экан. Буюк бўлолмасак, бу ўзгарувчан ва шафқатсиз дунёда яшаб қолишимиз амри маҳол!Чунки“Дунё — бизники!” дея жар солаётган жуда азим кучлар орасида яшаяпмиз. Бугун ва келажакда уларга бас келиш учун, уларнинг кайфияти ва режаларида эриб, ассимиляция бўлиб кетмаслик учун ҳам буюк бўлишимиз шарт! Келажак, маълумки, ёшларники! Ёшлар эса,ўқитувчиларнинг, мураббийларнинг қўлида! Демак, ўқитувчига тўғри муносабатни шакллантирмас, таълим тизимини тўғри йўлга қўймас эканмиз, орзулар армонга айланиши ҳеч гап эмас. Бундан эса, Яратганнинг Ўзи асрасин!
Албатта, бу битикдаги мулоҳаза ва таклифлардан-да жўялироқ, конструктивроқ таклифларCиз — азизларда бўлиши мумкин. Мен бунга ишонаман. Уларни ҳам ўртага ташлаб, муҳокама қилсак ҳамда чиқарган хулосаларимизнинг энг яхшиларини Республика таълим тизимидаги мутасаддираҳбар дўстларимиз сайлаб олиб, амалиётга тадбиқ этишса, умид қиламанки, келажак авлод бунинг учун ҳаммамиздан фақат миннатдор бўлади.
Улуғбек ҲАМДАМ,
ёзувчи, филология фанлари доктори,
2016 йил, сентябрь — 2018 йил, март

Ўқилди: 134

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар