Қидириш

Кутубхона

Facebook

ИЖОДКОР ҲАҚИДА

Улуғбек Ҳамдам (Ҳамдамов Улуғбек Абдуваҳобович) 1968 йил, 24 апрелда Андижон вилояти, Марҳамат тумани, Юқори Роввот маҳалласида дурадгор оиласида туғилди.

1985 йилда ўрта мактабни олтин медал билан тамомлади. 1986 ва 1988 йиллар орасида Украинада аскарлик хизматини ўтаган. 1988-1993 йилларда ТошДУ нинг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. 1992-93 йилларда эса давлатимиз ташаббуси билан ўқишга юборилган талабалар сафида Туркиянинг Кўнё шаҳрида тахсилни давом эттирган. 1993-1994 йилларда Шарқшунослик институтида турк тилидан дарс берган. 1994-1996 йилларда Ҳозирги Миллий Университет ўзбек филологияси факултетининг кундузги аспирантурасини ўқиган.

1997 йилда «30-йиллар ўзбек шеъриятида «соф лирика» муаммоси» (Ойбек шеърлари мисолида) мавзусида номзодлик диссертатсиясини ёқлаган. Илмий раҳбари — филология фанлари доктори, профессор Умарали Норматов. Ҳозирда «ХХ аср ўзбек шеърияти бадиий тафаккур тадрижининг ижтимоий-психологик асослари» мавзусида докторлик диссертатсияси устида ишламоқда. Илмий маслаҳатчи — филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов. 1997-2009 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва Адабиёт институтида катта илмий ходим. 2009- йилдан бери «Шарқ юлдузи» журналининг бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда. Оилали, бир ўғил ва бир қизи бор.

Улуғбек Ҳамдам бир неча насрий, назмий ҳамда адабий-танқидий тўпламлар муаллифи. Унинг илк насрий китоби 1998 йилда «Ёлғизлик» номи билан чоп этилган. Тўпламдан шу номдаги қисса ва қатор ҳикоялар ўрин олган. «Ёлғизлик» муайян бир қизиқ воқеа-ҳодисанинг бадиий талқинига бағишланган асар эмас, унда анъанавий образлар, тасвирлар, манзаралар, диалоглар йўқ: у — жанрий жиҳатдан ҳам биз кўникиб қолган реалистик қиссалардан тубдан фарқ қилади. Танқидчилик «Ёлғизлик»ни насримиздаги янгиланишлардан яққол дарак бергувчи ўзига хос рамзий асар сифатида баҳолади. Ҳикояларида ҳам муаллиф инсон қалбининг ҳамишалик безовта, таҳликали қисмини тасвирлашга уринади.

Ёзувчининг 1997 йилда ёзиб тугатилган ва 2002 йилда эълон қилинган «Мувозанат» романи адабий ҳаётимизда ўзига хос воқеа бўлди. Роман шу кеча-кундузда яшаб, меҳнат қилаётган замондошларимиз ва уларнинг қалб товланишлари ҳақида. Асарда халқнинг турли қатламларига мансуб ва ҳар-хил соҳаларда ишлайдиган қатор қахрамонлар борки, уларнинг ўй-ташвишларию мақсад-интилишлари замонамиз кишиларининг руҳиятлари билан уйғунлашиб кетади. Асар бош қахрамони Юсуф мураккаб давр эврилишларидан инсонга муносиб бир тарзда чиқиш учун курашади. «Мувозанат» мустақиллик йилларининг қайноқ кайфиятини акс эттирган реалистик асар сифатида академик М. Қўшжонов, профессорлар О.Шарафиддинов, У. Норматов, А. Расулов, С. Содиқов, Н. Худойберганов, Д. Қуронов, ёзувчилар П. Қодиров, Ж. Абдуллахоновлар томонидан юксак баҳоланди.

У. Ҳамдамнинг «Исён ва итоат» романи эътиқод ва иймон масалаларига бағишланган бўлиб, асар қахрамонлари тириклик мантиғи ва руҳ ҳаловатини ҳар икки дунё тўғрисидаги мушоҳадалар ёрдамида идрок этишга уринади. Романда дунёнинг яратилиши тўғрисидаги ривоятлар замондош инсоннинг ҳаёти билан мантиқий уйғунлаштирилади. Роман профессор таржимон Н. Владимирова томонидан рус тилига таржима қилинган, алоҳида китоб ҳолида чоп этилган.

Муаллифнинг «Сабо ва Самандар» романи ишқ мавзусида салафларга эргашиб битилган асар бўлиб, унда пок ва юксак муҳаббат туйғуси замондошларимиз қисмати орқали шарафланади.

Улуғбек Ҳамдамнинг «Тангрига элтувчи исён», «Атиргул» ва «Сени кутдим» номли шеърий тўпламлари чоп этилган. Шоир шеърларида руҳ қичқириғини, қолипсиз, жиловсиз ва ҳаяжонли кечинмалар оқимини туйиш мумкин. Уларда келиш ва кетиш, нур ва зулмат, оқ ва қора, дўст ва душман каби тушунчалар ёнма-ён яшайди ҳамда шоир изтироби билан зийнатланади.

2010 йилда нашрдан чиққан «Узоқдаги Динура» номли китобига муаллифнинг битта қиссаси, янги ҳикоялари ҳамда асосан, сўнгги йиллар маҳсули бўлмиш шеърлари киритилган.

Истиқлол йиллари муаллифнинг «Бадиий тафаккур тадрижи» ва «Янгиланиш эҳтиёжи» номли адабий танқидий-тўпламлари эълон қилинди. Уларда ХХ ва ХХИ аср аввалидаги ўзбек, қисман жаҳон адабиёти ва адабиётшунослиги муаммолари тадқиқ этилади. У. Ҳамдам Ж. Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» ва проф. У. Туроннинг «Туркий халқлар мафкураси тарихи» номли асарларини турк тилидан ўгирган.

Улуғбек Ҳамдамнинг хилма-хил жанрлардаги бадиий ва илмий асарлари марказида замондош инсоннинг зиддиятли микроолами тадқиқи туради.

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар