Қидириш

Кутубхона

Facebook

ДАВР, ШАХС ВА ШЕЪРИЯТ

Давр, шахс ва шеърият

Кўп асрлар оша давом этган ижтимоий муносабатлар инсонни инсон айлаганлигига бугун ҳеч ким шубҳа кўзи билан қарамаса керак. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқатни бироз бўрттириб, ижтимоий ҳаёт маймунни инсонга айлантирди, дея эълон қилишди. Аслида узоқ эволюцион йўлни босиб ўтган мавжудод инсоннинг ўзи эди. Маймун меҳнат воситасида инсонга айланди, деган лофни асл маънода эмас, балки кўчма маънода қабул қилсак, сихни ҳам, қабобни ҳам куйдирмаган бўламиз. Чунки шундай қилинганда одамнинг маймундан тарқамаганлигини айтиш билан бирга инсоннинг ҳозирги ҳолга келишида меҳнатни, ижтимоий ҳаётнинг буюк ролини эътироф этамиз.
Маълумки, меҳнат кишиларни кўплашиб, жамоа бўлиб яшашга, жамоалар эса ижтимоийлашувга олиб келди. Инсонни эрамизгача «сиёсий ҳайвон», асримизда (ХХ) эса «ижтимоий мавжудод» деб атадилар ва бунда ана шу мулоҳазалардан келиб чиқилди. Назаримизда, шу ўринда масаланинг нозик бир тарафига эътибор бермоқ керакки, ижтимоийлик инсонни майдонга келтирдими ёки унинг ўзини инсоннинг моҳияти юзага келтирдими? Бу ҳол беихтиёр «товуқ олдин пайдо бўлганми, тухум» деган ўша қадимий саволни киши ёдига тушириши табиий. Илм-фаннинг ривожи шуни исбот қилмоқдаки, одамзод туғилмасидан илгари она қорнидаёқ программалаштирилади . Бас, шундай экан, ҳали дунёга келмасидан аввалоқ инсоннинг моҳияти белгиланиб қўйилади. Унга кўра инсон ижтимоий мавжудоддир. Демак, ижтимоийликни, аввало, инсоннинг ўзи майдонга келтирди, ижтимоийлик инсоннинг фитратидан ўсиб чиқди. Бу қараш ижтимоий ҳаётнинг онгни белгилашига асло зид келмайди. Аксинча уларни бир-бировининг қонуний давоми ўлароқ қабул қилсак, тўрироқ бўлади. Демоқчимизки, агар инсон моҳиятида ҳозир етиб келганимиз ижтимоий ҳаётни яратувчи ва унга мувофиқ келгувчи уруғлар бўлмаганда эди, одамзоднинг турмуши масалан, ҳайвонотникига монанд ривожланарди. Бу фикр одамзод эволюциясининг ибтидосига тааллуқли бўлиб, ҳозир туғилаётган чақалоқ онгини, шубҳасиз, ижтимоий ҳаёт белгилайди, дея оламиз. Чунки башарият  шу чоққача босиб ўтган йўлни унинг қайта ўтмагига ҳожат йўқ. Бугуннинг кишиси эволюциянинг ҳаракат чизиғига нисбатан энг сўнгги босқичида турибди. Лекин бугун туғилаётган чақалоқ онги ҳам ўз моҳиятига кўра ижтимоийликни қабул қилишга мойилдир. Ахир ҳайвонлар орасида яшаган «маугли»ларнинг  умри  одатдагидан қисқа бўлишига сабаб уларнинг ижтимоий ҳаётдан узилганлигида эмасмикин? 1799 йилда овчилар Франция жанубида жойлашган Еверона ўрмонидан топиб олинган 12 ёшли боланинг қисмати бизнинг олдимизга талай саволларни қўяди. Психолог Ж.Годфруанинг  ёзишича Виктор (уни шундай деб номланган — У.².) қисқа вақт ичида икки оёқда юришни, одамлар ишлатадиган нарсалардан фойдаланишни ўрганиб олган ва энг муҳими, у биронта маймун қобил бўлмаган нутқнинг илк шаклларига эга эди. Лекин Викторнинг жамиятга кўникувидаги муваффақиятлари ана шулар билан чегараланган. Ва у 40 ёшида вафот этган. Годфруа савол ташлайдики, агар болада инсонга хос аломатлар бўлса, нега у одамлар орасига қайтгандан кейин ҳам жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланолмади? Айни пайтда ²индистонда ва Сальвадор ўрмонларидан топилган беш ёшли «кичкина Тарзан»ларни қайта тарбиялаш мумкин бўлганини қайд этади.
Кўриниб турганидек, бу ўринда чиқарадиган хулосаларимиз бироз бошқача бўлади. У олдимизга бир-бирини зидди бўлган қатор саволларни қўяди: «инсон моҳиятан ижтимоий мавжудодми — ёки унинг ижтимоийлашуви фақат муҳит ва тарбия орқали юзага чиқадими?
Назаримда, битта Виктор мисоли билан, яъни унинг жамиятга бутунлай қўшилиб кетолмаганини айтиш билан ижтимоийлик одамзоднинг илдизида эмас, дея олмаймиз. Бундай хулосага келиш учун бир эмас, балки бири-иккинчисини айнан тасдиқловчи ўнлаб, юзлаб мисоллар керак бўлади. Қолаверса, туғилгандан бошлаб то 12 ёшгача одам боласи билан мулоқотда бўлмай, ўзи ёлиз ўрмонда яшаган Викторнинг юқорида Годфруанинг ўзи тан олган муваффақиятлари ҳам бўш жойда пайдо бўлган эмас, балки, бу ҳол менингча инсоннинг моҳиятида барибир ижтимоий ибтидо борлиги билан изоҳланади. Жуда кўп олимлар, жумладан, Годфруа ҳам ҳаётнинг пайдо бўлишини инглиз табиатшуноси Чарлз Дарвиннинг 1859 йилда эълон қилган «Хилларнинг пайдо бўлиши тўғрисида» (О происхождении видов) деб номланувчи назариясига асосланиб,  илк одамлар * млн. йил аввал шарқий Африкада юз берган геологик катаклизм оқибатида иқлимнинг ўзгариши билан пайдо бўла бошлаган. Ўрмонда қолган гуруҳ олдинги ҳаёт тарзини давом эттирган, иккинчи, кейинчалик баланд уйлар билан қопланган пасттекисликда қолган гуруҳ эса ўзгарган муҳитнинг шартларига мослашиб яшашга мажбур бўлган ва шулар илк одамлар экани айтилади . Яъни уларнинг фикрича маймунни одамга айлантирган бирдан бир куч — муҳит, ўзгарган ҳаёт тарзи. Демак, инсониятнинг бугун эришган цивилизация даражаси ҳам муҳитнинг меваси, ижтимоийлик ҳам одамзоднинг ҳаёт шартларига мослашиш жараёнида туғилган воқелик, холос.
Булардан шундай хулоса чиқарса бўладими, одамзод босиб ўтган эволюцион йўлни сунъий равишда яратиш билан ҳозирги шимпанзе ва орангутанларни ҳам инсонга айланиши таъминланади. Наҳотки? ҳаётнинг аввало, сувда пайдо бўлиб, секин-аста қуруқликка, ҳавога тарқалгани, дастлаб бир ҳужайрали мавжудод бинога келиб, кейин кўп ҳужайралига айлангани ва шу тарзда миллиард йиллар давомида миллионлаб мавжудод хиллари ажралиб чиққани ҳақидаги қарашларга эътироз туғилмайди. Бироқ икки хил муҳитга тушиб қолган битта хилдан маймун ва одам бино бўлди дея, инсоннинг бугунги ҳолига келишини ташқи факторгагина боғлаб қўйиш мавжуд ҳақиқатнинг фақат бир томонини кўрсатади. Чунки инсонни инсон айлаган иккинчи, инсон моҳиятини ифода этувчи ички фактор ҳам борки, назаримда тамаддуннинг бугунги кўриниши,  ижтимоийлашув айни шу ердан ибтидо олади. Яъни инсонни, унинг ижтимоий моҳиятини фақат 8 млн. йил аввал Африкада содир бўлган ўша геологик катаклизм оқибати билангина боғлаш уни тасодиф билан боғлашдек гап. Аслида эса мавжудоднинг қайси бир хили маймунга ва фақат маймунга, бошқа бир хилининг эса одамга ва фақат одамга айланиши қонуният бўлиши керак. Агар масалага шу тарзда ёндошсак, ижтимоийликнинг инсон моҳиятидан, уни мавжудоднинг бошқа хилларидан ажратиб турувчи руҳий асосидан илдиз отганига гувоҳ бўламиз. Ва муайян ижтимоий психологик кайфиятли даврни ўзида акс эттирувчи адабиёт ҳам ўзининг энг теран томирлари билан ўша асосдан сув ичишини кўрамиз. Демоқчимизки, инсон ва ижтимоиётни бир-биридан ажратиб ўрганиб бўлмайди, улар бир-бировини тақазо қилувчи иккита қутбга ўхшайдики, бирисиз иккинчиси ўз моҳиятини йўқотади.  Шунинг учун ҳам айниқса, ХХ аср аввалига келиб, инсонни асосан ижтимоий мавжудод сифатида ўргана бошлашди, ҳатто баъзи бир мамлакатларда бу ишга шу даражада ружу қўйишдики, оқибатда «инсон — социал мавжудод» деган ақидадан келиб чиққан ҳолда ҳаётни қайта қурмоқчи бўлишди. Мен муваффақиятсиз якунланган шўролар ҳаракатини назарда тутаяпман. Нега муваффақиятсиз? Чунки аввало, инсон фақат социал мавжудод эмас. У яна биологик, руҳий асосларга ҳам эга, ўз ҳаётида айни шу жиҳатларни ҳам ифода этилишига эҳтиёжманддир. Лекин шўролар бу билан ҳисоблашмай, К.Маркс «Капитал»и ва бошқа асарларида илгари сурилган ғояларни чала ўзлаштириб, яна-да тўрироғи, Маркс ғояларини ўз мақсадларига мослаган  равишда дунёда социалистик мамлакат яратмоқчи бўлишди. Яратишди ҳам. Бироқ у бор-йўғи етмиш йил яшади. Бунинг бир сабаби — собиқ Иттифоқ мустамлака сиёсатини юргизган бўлса, яна бири, эҳтимол асосийси — давлатнинг яшаш тарзи инсоннинг социал мавжудодлиги асосида ташкил этилганди. Йўқса, урғуни инсоннинг жинсий майлига, яъни унинг биологик тарафига берган З.Фрейд асарлари таъқиқланмасди. Руҳий илдиз билан боғлиқ соҳалар, қарашлар (хусусан, дин) қувин этилмасди…
Албатта, инсонни ҳаракатлантирувчи куч фақат унинг социал мавжудодлиги дея иккала оёқни бир этикка тиқиб олиш қанчалик янглиш бўлса, инсонни бошқарувчи асосий фактор — жинсий майлгина, дейиш ҳам шунчалик хато эди. Бинобарин, даставвал К.Г.Юнг ва Адлер каби олимлар устозлари Фрейд назариясини бирёқламаликда айблашган бўлса,  кейинчалик психоанализ отасининг ўзи ҳам хатосини тушуниб етган. Инсон шахсини ўрганишнинг энг оптимал варианти дея Фромм инсоннинг дунёга, бошқа одамларга, табиатга ва ўз-ўзига муносабатини тадқиқ этишни ҳисоблайди. Айни пайтда биологик факторлар ролини асло камситмайди. Демак, Фромм Фрейддан фарқли ўлароқ, инсонга биосоциал мавжудод деб қаради ва бир қадам олдинга кетди.
Буларнинг ҳаммаси асосан, инсонни ўрганишнинг ғарбона йўлларидир. Хўш, инсонга шарқ мутафаккирлари қандай қарайди ва уни ким ўлароқ тақдим этади? Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, шарқ уйониш даврининг барча буюк мутафаккирлари инсонни тушунтиришда унинг руҳий тарафига урғу беришган. Таъбир жоиз бўлса, руҳни инсоннинг илдизи ўлароқ қабул қилишган.  Марказий Осиёда ушбу қарашнинг шаклланишида Ислом дини асосий ролни ўйнаган. Муқаддас китобда «Албатта биз Оллоҳнинг бандаларимиз ва албатта биз у Зотга қайтгувчилармиз»  дея буюрилади. Демак, фалсафий қарашларимизнинг кейинги ўн асрлик ривожида ислом руҳи  етакчилик қилади. Бу дунёқарашга кўра бани одамни Худо яратди ва ўлимдан сўнг инсон яна Эгасининг ҳузурига қайтади.

Тинглагил, най не ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардан шикоят айлагай.
…Кимсаким тарк айлади ўз аслини,
Қайта излар рўзғорин васлини

деб ёзади Жалолиддин Румий. Дин фалсафасига кўра вақтида жаннатда яшаган инсон таъқиқланган мевани еб қўйгани учун ер юзига қувилган. Бинобарин, жаннат — аслий ватанидан йироқ тушгани учун одамзоднинг заминдаги ҳаёти кўпинча ғурбатдан иборатдир. Шунинг учун ҳам най, яъни ризвондан бадарға этилган инсон шикоят айлайди. Худди ўз аслини, рўзғорини тарк айлаган кишининг яна уни қўмсаш ўртангани сингари. Лекин ҳамма ҳам эмас, балки шу ҳолини англаган, руҳий илдизи қўпорилиб кетмаган зотларгина «айрилиқлардан шикоят айлайди».
Хулоса қилиш мумкинки, инсон ҳам ижтимоий, ҳам биологик, ҳам руҳий илдизга эга, уларнинг жамини ўзида жо қилган мураккаб мавжудод. Демак, биз инсон ва унинг фаолияти тўғрисида бирон бир фикрни айтишга чоғланар эканмиз, ана шу илдизларнинг барчасига асосланишга мажбурмиз.
Шеърият эса инсоннинг барча мураккабликларини ўзида жамлаган шундай бир объектдирки, уни тадқиқ этиш орқали биз инсонга яна-да яқин борамиз. Чунончи, Чўлпон шеърияти мутолаасидан сўнг биз поэзияни ижтимоий, Р.Парфи шеърияти билан танишгандан кейин руҳий, аксарият шоирлар ижодида етакчи ўрин тутувчи ишқий лирикага дуч келгач эса уни инсоннинг қониқмаган биологик майлларини ифода этувчи ҳодиса деб аташга мойиллик сезамиз. Лекин ҳақиқат уларнинг биттасидагина эмас, балки ҳаммасида, ҳаммасининг бирлигидадир. Аммо ана шу шеъриятнинг даражасини кўпинча ва асосан у ёзилган давр, даврнинг ижтимоий-сиёсий-психологик муҳити белгилаб беради. Даврнинг ўзи эса ҳали тубдан ўзгаришга учрамаган ижтимоий муҳитдир. Ижтимоийликнинг турланиши даврлар алмашиниши демакдир.
А.Ориповнинг жуда кўп баҳсларга сабаб бўлган «Тилла балиқча» деган шеъри «Менга алам қилар, тилла балиқча Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни…»  деган ҳукм-хулоса билан якунланади. Шеърнинг рамзийлиги ўз йўлига, лекин уни шу ҳолида тушунишга уриниб кўрайлик: яъни умри кўлмакда хас ва ушоқ еб ўтган балиқчани кўз олдимизга келтирайлик. Дарҳақиқат, унинг шу ҳовузчадан бошқа биладиган дунёси йўқ, чунки туғилибдики, шу ерда яшайди, улғайибдики, яна айни кўлмакда. У ўзга сувларни бир бор кўрган бўлсайди, дунёнинг кенг ва ранг-баранглигига дуч келарди. Йўқда. Демак, тилла балиқчанинг дунё тўғрисидаги тасаввури шу ҳовуздан нарига ўтолмайди. (Аслида, бу унинг нуқсони эмас, балки аччиқ қисматидир). Худди шундай инсон ҳам ўз даврининг фарзандидир. Таъбир жоиз бўлса, даврни ҳовузга қиёс этсак, инсон унинг бағрида сузиб юрган балиқчадир. Кўринадики, инсон шахси кўп жиҳатдан ўз даврининг маҳсули: давр кайфияти, йўналиши, ҳоли, умуман, қандайлиги инсонда унинг хатти-ҳаракатида акс этади. Буни ҳам биологик, ҳам психологик нуқтаи назардан асослаш мумкин. Чунончи, одамзоднинг биологик мавжудод сифатидаги озиғи ҳам, унинг организми қабул қилаётган дори-дармон ҳам, экологик муҳит ҳам у яшаётган давр «истеъмол»ига мувофиқдир. Инсон психологияси ҳам асосан давр психологиясининг бир парчаси сифатида намоён бўлади. Одамзоднинг мақсад интилишлари, ўй-фикрлари, қувонч ва ташвишлари, кечинмалари — ҳамма-ҳаммаси яна ўша даврга, даврнинг муаммоларига жудаям боғлиқ ҳолда туғилади. Ойбек ўз ижодининг аввалида, яъни Чўлпонга эргашиб, андак ҳазин шеърлар ёзиб юрган вақтида эмас, балки анча кейин — қачонки ҳаётда социализм тўла ғалаба қозонган ва социалистик метод ягона ижодий услуб дея тан олинган, қолганлари ҳаётдан сиқиб чиқарилган, адабиётга партия йўл-йўриқ бериб турган ҳамда адабиёт «улуғ келажак» сари отланган жамиятнинг мафкура ўчоқларидан бири ўлароқ майдонга тушган бир паллада шундай деб ёзади «…Бизнинг лирика ҳам қайғу, аламга сиғинувчи, сукунат ҳаётдан лаззатланувчи «он»ни тутишга, эгоизмга мойил, кишини ухлатувчи, элитувчи лирика эмас. Бизнинг лирика ҳаётнинг, улуғ давримизнинг, курашнинг қайноқ туйғуларини, тошқинликларини, янги турмуш гўзалликларини куйлаш ва ўқувчига ғайрат, завқ яратиш, ишлаш туйғуларини бағишлови лозим» .
Шоирнинг бу фикрлари ё бироз олдин ё бироз кейин эмас, балки айнан давр янги турмуш яратиш ишига жуда зўр бераётган маҳалда туғилди ва айтилди. Шунинг учун ҳам уни бугунги кун юксаклигидан туриб танқид қилишнинг ҳожати йўқ. Чунки инсон туғилар ва ўсиб-унар экан, даврга хос хусусиятларни ўзига сингдиради. Демак, унинг потенциали тахминан давр потенциалига яқин, унга монанд ривожланади. Даврда қандайдир ўзгаришлар: кўтарилиш ё пасайишлар юз бердими, буларнинг ҳаммаси давр кишисининг ҳаётида, ўй-фикрларида акс этади. Лекин бу дегани инсон боласи даврдан кўчирилган нусха дегани эмас. Даврнинг муҳри шахс фаолиятига ўз изини қай даражада қолдириши ҳар бир кишининг ўзига: унинг табиатига, тарбиясига, ахлоқига, мақсад интилишларига, дунёқарашига боғлиқ. Ўз навбатида буларнинг ҳаммаси айланиб яна шахс туғилиб ўсган ижтимоий муҳитга — даврга тақалади. Лекин шунга қарамай ўз даврининг фарзанди бўлиши баробарида ҳақиқий шахс даврлар оша, сарҳадлар оша фикрлаши мумкин ва аслида ҳам шундай. Назаримда шу ўринда шахснинг ўзи ким ёки ҳеч бўлмаганда биз «шахс» деганда кимни назарда тутишимизни аниқлаб олишимиз керакка ўхшайди.
Аввало, ҳар битта одамни индивид деб атасак, инсоннинг навбатдаги — бир поғона баланд босқичи шахснинг мақомидир. ҳа, индивидликдан шахсликка қадар бир поғона бор, лекин шундай поғонаки, унга кўтарилиш учун умрлар сарфланади. Шунда ҳам муваффақият, юзта, мингта ва баъзан миллионлаб одамлар орасидан саноқлигина кишиларга насиб этиши мумкин. Чунки шахслик аввало, инсоннинг ўз табиатига қулоқ тутиши ва ҳаётини қалбининг эшитганлари измига солиш ёки ҳеч бўлмаса шунга уринишдир. У ўз фитратига уйғун равишда танлаган йўлидан бошига ўлим келсин, қайтмайди. Чунки шахс ўзликни ифода қилишни саодат деб билади. «Шахс, — деб ёзади К.Г.Юнг, — алоҳида тирик мавжудод туғма ўзига хослигининг тамомий ифода бўлишидир. Шахс — энг юксак ҳаётий матонат натижаси…» . ҳақиқий шахс ҳамиша ўз аниқ мақсадига-миссиясига эга ва унга ишонади… Бу (унга) ён бериш мумкин бўлмаган илоҳий қонундек таъсир қилади, кўпчилик ўз танлаган йўлида ҳалол бўлади, деган факт бундай миссияли кишини сескантирмайди. У ўз табиатига бўйин суниши зарур…» .
Демак, шахс фақат шароитнинг — муайян даврнинггина маҳсули бўлиб қололмайди. У даврга хос хусусиятларни ўзига сингдириши мумкин, лекин ўз миссиясини — англанган вазифасини адо этиш йўлида ҳар қандай давр чегарасини ёриб ўтади. Мунаққид Р.Қўчқоров Шавкат Раҳмон ҳақидаги бир мақоласида шундай ёзади: «Бу шоир вазиятнинг эмас, қисматнинг шоири. (Яъни ўз миссиясининг, ички овозининг таржимони — У.².) Унга давр эмас, у даврга мавзу беради…» . Нафсиламрини айтганда, тарихда ҳар қандай соҳада туб бурилишлар ясаш ҳам, оламшумул кашфиётлар яратиш иши ҳам айни шахслар  зиммасига тушиб келган. Гарчи бундан қарийб 700 йил аввал шахс дейилмаса-да, лекин менингча, биз назарда тутган фазилатлар соҳиби бўлган зотлар ҳақида Жалолиддин Румий ёзади: «Олим агар амирлар соясида олим бўлишни ўйламаса, унинг билими ибтидо ва интиҳода Оллоҳ учун қилинган бўлади. Унинг тутган йўли ва кўрсатган фаолияти савоблидир. Чунки яратилиши шундайдир, балиқ сувдан бошқа ерда яшай олмаганидек, у ҳам бундан ўзгасини қилолмайди. Унинг қўлидан келгани шу. Бундай бир олим ҳаракатларини бошқариб йўлга солиб турган нарса ақлдир. ²амма ундан қўрқади ва инсонлар баъзан билиб, баъзан билмасдан у таратган нурдан баҳра оладилар. Хуллас, бундай бир олим амир ҳузурига борса, зоҳиран у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади. Аммо амир олимдан ҳамма вақт юксалишга чорловчи бир қувват — ёрдам олади, олимнинг эса амирга эҳтиёжи йўқ, чунки у бадавлатдир, нур сочаётган қуёш кабидир, иши таъмасиз кўмак бермоқ, эҳсон этмоқдир. У тошлардан лаъл ва ёқут қила олади, таркиби тупроқдан иборат бўлган тоғлардан мис, олтин кумуш ва темир-маъдланлар ясайди. Тупроқни тозалайди, ёшартиради. Дарахтларни турли-туман мевалар билан бойитади. Иш — эрмаги бағишламоқдир, ҳадя қилмоқдир» .
Кўриниб турганидек, улуғ мутасаввиф шахс олим даражасига кўтарилган, ҳаётини иймон амрига бўйсиндирган комил инсон ҳақида фикр юритмоқда. £арбда эса бундай инсон шахс деб юритилади. Ёки уни Ф. Нитще бироз идеаллаштириб, олий инсон (сверх человек)  деб атайди. Лекин моҳиятда £арб ҳам, Шарқ ҳам ўз индивидлик қобиғини ёриб чиқиб, тор шахсий ғаразлардан умуминсоний манфаатларни ҳимоя этиш даражасига кўтарила олган сара инсонларни назарда тутадики, ХХ аср ўзбек шеъриятининг бўйи бастини ҳам шахслик мақомига эришган ёки ўша йўлда ўша миссияни дея яшаб ўтган, яшаётган шоирлар ижоди белгилайди. Хўш, «ўша йўлда, ўша миссияни дея яшаётган» деган иборани қандай тушуниш керак? Маълумки, «комил инсон» лафзи юксак тушунчани ўзида жамлаган бўлиб, кўпинча у идеал ҳисобланган. Индивидликдан (одамликдан) баланд кўтарила олган ва ўзини ўзи камол топтиришда давом этаётган кишининг манзили камолот, комил инсонлик бўлган. Унга эришиш ниҳоятда камчилик зотларгагина насиб этганига қарамай, ўзини ўзи, ўзи орқали Худони англаш жаҳдидаги одамлар барибир бу машаққатли йўлдан воз кечмаганлар. Биз  шахс табиатидан келиб чиққан ҳолда ХХ аср ўзбек шеърияти қиёфасини белгилайдиган, унда турли бурилишлар, ўзгаришлар содир этган шоирлар ҳақида фикр юритганимизда уларнинг ҳам ана шу камолот мақомига эришган дея даъво қилмаймиз. Чунки даъво асоссиз ва янглиш бўлар эди. Зеро, ХХ асрга келиб, юқоридаги тушунчалар ҳам шакл, ҳам мазмун жиҳатидан бир мунча ўзгаришларга дучор бўлди. Ўрта асрларда комилликкача бўлган йўл бизнинг назаримизда А рақамли таблицада кўрсатилганидек бўлса,
А)

ҳар қандай
одам    Оллоҳга ва унинг
Пайғамбари Му-ҳаммадга инон-ган зот, иймон эгаси

шариат маъри- фат, тариқат,
ҳақиқат йўлла-рини босиб ўта-ётган зот
Комил инсон

ХХ асрга келиб, £арбда қуйидагича (Б рақамли таблица)
Б)  индивид  — шахс

ёки мана бундай

индивид – шахс — олий инсон

шаклида тушунилган. Албатта, юқоридаги таблицалар жуда умумий нуқтаи назарларни акс эттирган бўлиб, масалани теранроқ ва атрофлича ўрганмоқчи бўлсак, яна бошқа, хусусий қарашларга ҳам дуч келамиз. Жумладан, улуғ мутасаввиф Фаридиддин Аттор камолотга фақат ишқ воситасида эришиш мумкин, деб ҳисоблаган ва ҳоказо. Бироқ, ХХ асрга келиб, шарқда «комил инсон» тушунчаси бир қадар ўзгарди, деб ёздик. Бу нарса аввало, дунёнинг бир-биридан хабардор бўлиб туриш, ҳар томонлама интеграция имконларининг ўсганлиги, ўзаро товар, ахборот алмашиш суръатининг жадаллашгани ва оқибатда, бутун ер куррасининг талай қисми яхлит ижтимоий кайфият касб этгани билан изоҳланади. Ўтган асрдан бошлаб бу кайфият £арбдан шарққа томон «юрди». Тарихий ўсишда бир неча асрдан буён турғунлик палласини бошидан кечираётган Шарқ £арбга эргашишга, қайсидир ўринларда унга тақлид қилишга, унинг кайфиятига киришга мажбур қолди. Бу кайфиятга кўра энди шарқликларнинг дунёқарашида реаллик, моддиюнчи назар кучайди. Чунки техника кириб келган ва у ҳаётга кенг тадбиқ этилганди, жамиятда ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар жадаллашган, асрлар давомида бир жойда депсиниб турган кўпгина шарқ мамлакатлари яна олдинга юра бошлаганди.
Моддий оламнинг ҳаракатга келиши мамлакат инфраструктурасини, жамият кайфиятини, унинг устувор қадриятларини тубдан ўзгартириб юборди.  Натижада комил инсон концепцияси инсон ва жамият тарбиясининг асосини ташкил этган қадрият сифатида ўзининг янги мазмунига кўчди. Бу шундай мазмун эдики, энди унда ҳаракатдаги жамият ҳаёти билан чамбарчас боғлиқлик, унинг келажаги учун қайғуриш яшарди. Шахснинг миссияси энди ишқ эмас, ёки оғир ва шарафли тасаввуфий йўлларни босиб ўтиш эмас, балки фидойилик, ўзликни, кўпчиликнинг манфаати, жумладан, Ватан озодлиги йўлида фидо қилиш бўлиб дунёга келди. Биз юқорида «комил инсонлик шундай баланд мартабани, унга етишиш жуда камчиликка насиб этган», деб ёздик. Аслида бу сўзнинг том маъносида ҳеч ким комил инсон бўлолмайди. У — бир идеал. Идеалки, кишини ҳамиша ўзига — юксакликка, юксалишга чорлайди, унга маънавий озуқа, енгилмас ва тоза руҳ бағишлайди, идеалки, эвазига бутун бошли умрни талаб этади, лекин шунда ҳам етилмайди, у -мангу йўл… ХХ аср аввалига келиб, комил инсон вазифасини давр жароҳатини ўз дарди ўлароқ қабул қилган ва юрт озодлиги, унинг порлоқ келажаги учун курашган, бу қутлуғ йўлда азиз жонларини-да берган шахслар бажара бошлашди. Бундай шахслар энг аввало, адабиётда ўзларини кўрсатди: мафкурада Беҳбудий, назмда Чўлпон, насрда Қодирий, илмда Фитрат… Улар индивидлик қобиғини ёриб чиқиб, шахслик мақоми  сари дадил илгарилаган, демакки, комиллик йўлида шахдам одим ташлаган улуғ сиймолардир. Шахс яна давр дардини кўради, уларга тўғри ташхис қўйиб, даволаш йўлларини топади, омади чопса даволайди ҳам. Биз Беҳбудий ё Фитрат, Қодирий ё Чўлпон ҳақида гапирганимизда шу нарсани англаймизки, улар бутун бир миллат олдига давр қўйган улкан, кечиктирилмас муаммоларни аввало, тўғри идрок этганлар, сўнгра асосийларини муваффақиятли ҳал этганлар. Ёлғиз Чўлпон мисолида айтайлик. Давр шундай эдики, халқ бир томондан ичдан емирилган, амирлик ва хонликлар қарамоғида эзилган бўлса, иккинчи ёндан чор Русияси босқини аламини тортаётганди. Кўп ўтмай, ҳокимият учинчи бир ёв — шўролар қўлига ўтди. Юртнинг мустамлакачилик олови баттар алангаланди. Демак, ботинда ҳам, зоҳирда ҳам битта зўр муаммо, битта улкан дард пайдо бўлди — Ватан озодлиги. Чўлпон шеъриятининг бошдан охирига қадар бир чизиқ — озодлик ғояси чизиғи узилмай ўтади.
Халқ ҳам моддий, ҳам маънавий қашшоқ бўлиб, уни тубдан кўтаришнинг асосий йўли маърифат эди. Чўлпон шеъриятида яна бир чизиқ — халқни маънавиятга,  маорифга чорлов туғилди.
Давр ҳаёт-мамот даражасидаги сиёсий масалаларни ҳал қилаётганди, Чўлпон шеърияти сиёсий шеърият бўлиб жаранглади.
²аёт ҳали мисли кўрилмаган миқёсда ижтимоий муаммоларни кўндаланг қилиб қўйганди, Чўлпон шеърияти ижтимоий шеъриятга айланди. Фақат буларгина эмас, Чўлпон шеъриятида бироз кейин Ойбекда давом этган «соф лирика» — кўнгил шеъриятининг илк куртаклари очилди. Аслида, мавзулар ўз йўлига. Қайнаб турган симобдек бўптурган ана шу давр айни шу моҳиятига яраша янги бир шаклларни тақозо этаётганди. Бу нафақат адабиётда, балки, умуман, ҳаётнинг ҳамма соҳасида шундай эди. Чўпон эса адабиётда Беҳбудий, Фитрат ва Қодирийлар билан бирга ана улуғ ишни амалга оширди. У давр руҳи билан тўйинган мазмунга ўзга либос, янги ва муносиб шакл кийдирди. «… 20-йилларда Чўлпоннинг учта шеърий тўплами босилган. Булар — «Уйғониш»(1922), «Булоқлар» (1923) ва «Тонг сирлари» (1926). Муболағасиз айтиш мумкинки, ўша давр адабий ҳаётида катта адабий ҳодиса бўлган бу тўпламлар янги ўзбек шеърияти учун том маънода пойдевор бўлди» , деб ёзади профессор О.Шарафиддинов.
Беҳбудий ва ²амза драмада, Қодирий прозада, Фитрат, ²амза ва асосан, Чўлпон поэзияда ўзларининг илк уринишлари биланоқ янги ўзбек адабиётининг тамал тошини қўйганлар сафидан жой олдилар.
Демак, давр шахсни тебратди, шахс шеърни. Ўз навбатида шеър одамларга таъсир қилди, одамлар эса даврга. Демак, шахс даврдан олиб, даврга берди. Кўринадики, шахс — шоир аввало давр ва шеър ўртасидадир. Даврнинг руҳи шеърда қандай ва қай даражада акс этиши ўртада турган шахсга, унинг салоҳиятига боғлиқ. Агар таъбир жоиз бўлса, шундай деган бўлардим: даврнинг руҳи, кайфияти нур бўлса, шахс ана шу нурни бир нуқтага тўплаб, ўзидан  ўтгазгувчи шаффоф жисм — фокусдир. Бу томонда иссиқлик илинжида турган одамларнинг қачон ва қандай оловга эга бўлишлари ўша жисм(линза)нинг нечоғли ишга яроғлилигига — шаффофлигига боғлиқ. Р.Қўчқор ана шундай шахс — шоир ҳақида «Бу шоир вазиятнинг эмас, қисматнинг шоири. Унга давр эмас, у даврга мавзу беради», деганда масаланинг фақат бир томонини назарда тутади.  Юқорида кўрдикки, шоир ҳам даврдан олади, ҳам беради. Олдин олади, кейин беради. Менингча, индивидлик қобиғини ёриб чиқиб, шахслик мақоми сари илгарилаётган шоирларгина даврга нимадир (мавзу) беришга қодирдир. Лекин аввало, у ҳам ўз давридан мавзу олишга мажбур, чунки у шу даврда истиқомат қилаяптими унинг оғриқларини ҳар кимдан илгари ўз баданида ҳис этади ва дард қоғозга шеър бўлиб тўкилади. Демак, шоир даврдан олади. Бироқ у ўзгаларга тақлид қилиб, чайналган мавзуларга эргашмайди, балки илк мавзу чизиғини унинг ўзи тортади. Эҳтимол, Р.Қўчқор «у даврдан мавзу олмайди» деганда шуни назарда тутмоқчи бўлгандир. Лекин нима бўлганда ҳам шоир осмондан тушган фаришта эмас, у ҳам шу заминнинг, у ёки бу жамиятнинг, даврнинг фарзанди экан, унинг асарлари истаса-истамаса, хоҳ тўғридан тўғри, хоҳ айланма йўллар (рамз, символ, тарихга мурожаат…) ёрдамида, барибир, ўз даврига келиб туташаверади. Фақат у билан битта хавф — давр қобиғида қолиб кетиш ҳавфи ҳамиша ёнма-ён юрадики, агар у шоирнинг фитратида шахсликка даъвогар интилишлар бўлмаса ва айни вақтда улар парвариш этилмаса. Шахс — шоир ўз даврининг мавзуларини куйлаши мумкин ва зарур, лекин шундай куйлайдики, натижада у умумдаврий, шу билан бирга умуминсоний моҳият касб этади. Чўлпоннинг машҳур шеъридан ўқиймиз:

Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам, сен-да инсонсан;
Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..

Шеърда асосан ҳурлик, озодлик ғояси илгари сурилган, унда инсонни то тирик экан, кишан киймасликка чорлов бор. Бори — шу. Лекин биз уни ҳануз севиб ўқиймиз. Чунки бу шеър ўз даврининг маҳсули бўлиб дунёга келганлиги билан бир қаторда ўзга даврларга ҳам хитоб қила олади. Бунинг асосий сабаби шеър ифода этаётган мазмун ва уни ифода этаётган шаклнинг мутаносиблигида, энг муҳими, озодлик мавзусининг умрбоқийлиги билан зоҳланади. Бошқача айтсак, башарият бор экан, одамзод хоҳ у, хоҳ бу мазмун ва кўринишда кимгадир ёки нимагадир қарам бўлиб қолиш хавфи билан доимо ёнма-ён яшайди. Яъни ҳурлик, озодлик мавзуси бизнинг ҳар биримизга ҳамиша дахлдор ғоя бўлганидан, биз шундай мавзулар санъаткорона акс эттирилган бадиият намуналарига бефарқ қарай олмаймиз.
Бироқ бу бадиий асарнинг таъсир қуввати фақат мавзунинг умумбашарий ва умумзамонийлиги билан белгиланади, дегани эмас. Асло! Чунки бир хил тупроқ ва гил икки хил табиатли, икки хил маҳорат ва тажрибали наққош қўлида икки хил маъно, икки хил шакл касб этганидек, ҳар қандай муқаддас, глобал мавзу ҳам турли хил шоирда турлича акс эттирилади. Қолаверса, ҳар қандай моҳирона ишланган мавзу ҳам ҳар қанча умумзамоний бўлмасин, унинг ўқувчига таъсир қуввати турли даврларда турлича кечади. Хусусан, Чўлпоннинг юқорида парча келтирилган «Кўнгил» деб аталган шеърининг ўқувчига таъсир кучи ўз даврида (шеър 1922 йилда, мамлакатимиз чоризмдан сўнг Шўролар томонидан қайта истило этилган вақтда ёзилган) бошқача, ҳозир, юртимиз озодликка чиққан паллада яна бошқа хилдир. Шеърни шеър ёзилган давр муҳити етилтирди. Шоирни ҳам давр тарбиялади. Демак, шоир «Кўнгил» шеърига сингдирган дард — озодлик қайғуси билан ёнма-ён ўсди, улғайди. Демак, ўша дардни шоир билан бирга чеккан давр  ўқувчиси учун шеърда акс этган руҳ тоза эди, ўз замониники эди. Бинобарин, улар шеърга сингдирилган дардли маънони шоир назарда тутган маънога энг яқин тарзда тушунганлар ва шунга яраша таъсирланганлар. Мен «эстетик завқ олганлар» деб эмас, балки «таъсирланганлар» деб ёздим. Чунки эстетик завқ учун нафақат шоир (умуман, ижодкор)дан, балки асарга материал бўлаётган у ёки бу ҳодиса, нарса ва жараёндан ҳам маълум масофага узоқлашиш лозим. «Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғилғонсан!» дея мурожаат қилаётган билан бирга, уни эшитаётган ҳам ўша вақтда ҳақиқатан озод эмас эди. Алалхусус,  шеърда акс этган дарднинг — оловнинг ичида ўқувчининг ўзи ёнарди. Бинобарин, у ўз дарди туширилган шеърдан фақат қаттиқ мутаассир бўлиши мумкин эди, холос. Уқувчининг эстетик завқ олиши учун эса оз эмас, кўп эмас, 70 йил керак бўлди, ўзга ижтимоий-сиёсий-психологик кайфиятга эга бўлган давр зарур бўлди. «Кўнгил» шеъри давр маҳсули ўлароқ шоирнинг ўз замондошларига қарата айтган дардли хитоби ва, шеър қандай мақсадда бўлган бўлса, вақтида шундай тушунилган эса-да, бугунги ўқувчи учун унинг маъно сарҳадлари анча кенгайган. Бугун шеърни истило этилган ўлканинг эмас, балки озод мамлакатнинг фуқароси сифатида ўқиймиз. Аввало, шунинг ўзидаёқ шеърнинг таъсир кучи ўзгаради. Бугун биз шеърга шўролар томонидан босиб олинган қадим Туркистон дардининггина эмас, балки умуман., хоҳ у сиёсий-иқтисодий, хоҳ маънавий-мафкуравий моҳиятда, хоҳ   бутун бошли мамлакат, хоҳ битта инсон мисолида бўлсин, булардан қатъи назар, ҳар қандай қарамликка, қулликка қарши исён — мурожаатнинг мужассами ўлароқ қараймиз. Бу нарса шуни кўрсатадики, ҳар битта давр бошқа даврдан ўзининг муайян сиёсий-ижтимоий-психологик кайфияти билан фарқ қилади.  Шеър, умуман, ҳар қандай санъат асари, ана шу муҳит-кайфиятдан ўсиб чиқади ва баъзан ўз давригагина хизмат қилса, баъзан ўзининг рамзийлиги, кўп маъно қатламлилиги боис бошқа замонлар истеъмолига ҳам кириб бораверади. «Кўнгил» шеъри ана шу иккинчи тоифадаги шеърлар сирасидан. Умуман, Чўлпоннинг бутун фаолиятини, эрк ва озодлик учун кураш тимсоли, деб айтса бўлади. Ва шоирни айнан эрк куйчиси бўлиб майдонга келтирган ташқи омил давр эди, унинг ижтимоий-психологик муҳити эди. «Шеъриятда давр тушунчасининг ўзига хос хусусияти бевосита инсон шахси билан уйғунликда тажассум топди. Гарчанд, давр тушунчаси орқали инсониятнинг ўтмиши, ҳозири, келажаги ёки инсон умрининг мазмуни, моҳияти тўғрисида гап борса-да, у энг аввало, ҳаёт, воқелик ва инсон шахсияти билан алоқадорликда намоён бўлади» , деб ёзади профессор Н.Раҳимжонов. Бундан ҳам шу нарса аёнлашадики, даврга хос бўлган бош хусусиятлар шеъриятга бевосита шоир шахси орқали кўчади. Айни пайтда шоир шахсининг ички қувватини, унинг табиатидан келиб чиқувчи йўналишларни парвариш айловчи ёки улар йўлини тўсувчи айнан ташқи муҳит — давр кайфиятидир. Чўлпонни юрт истило этилган вақтда туғилиши ва камол топиши унинг ижод лейтмотивини инсон эрки ва мамлакат озодлиги масаласи ташкил этиши учун реал замин яратди. 1919 йилда ёзилган «Робинзон Крузо» романи муаллифи Даниэль Дефо ҳақида эса бутунлай бошқа фикрни айтиш мумкин. Д. Дефо чор томони денгиз ва уммонлар билан ўралган, бинобарин шу факторлар билан боғлиқ турли хил саргузаштлар, ғаройиб ҳодисаларга бой мамлакат — Англияда туғиди ва ўша муҳитда тарбия кўрди. Унинг ижодининг катта қисмини айнан саргузаштлар ташкил этади ва улар орасида энг машҳури «Робинзон Крузо»дир. Энди хаёлга эрк берайликда, Чўлпонни «Робинзон Крузо» романи, Даниэль Дефони эса Чўлпоннинг юрт озодлиги ғоясига йўғрилган оловли шеърияти билан ёнма-ён тасаввур қилиб кўрайлик. ²еч ёпишмайди. Бунинг биринчи сабаби улар яшаган муҳитнинг, воқеликнинг, демакки, даврларнинг турфалигидир. Кўринадики, давр ҳам ижодкорга мавзу беради). Лекин нега унда озодлик ғояси замондошларда Чўлпон даражасида куйланмаган? Айни шу ерда биз шоир шахси — ички факторга дуч келамиз. Демак, шундай хулоса ясаш мумкин: Давр шеърият деб аталмиш кўзгуда акс этади. Лекин бу акс шоир шахси призмасидан ўтган маҳсулдир. Шу билан бирга шеърият нафақат шоир ёки нафақат давр фарзанди, балки у бир вақтнинг ўзида ҳам ички фактор — шоир, ҳам ташқи фактор — давр кесишган нуқталарда туғилган оламдир.
Хўш, бу давр шеъриятда қандай акс этади? Уни «кўз билан кўриб, қулоқ билан эшитса» бўладиган, яъни тутқич берадиган жиҳатлари борми? Бошқача айтсак, аср аввалида битилган шеърда акс этган давр руҳини юзйиллик адоғида ёзилган шеърникидан фарқлаб олса бўладими? «…Давр фалсафий мавзулар ичида энг абстракт характерга эгалиги билан ажралиб туради. Сабаби, унинг моддийлашган конкрет бир шакли йўқ. Бу абстрактликка фақат инсон фаолиятигина конкретлик бахш эта олади» . Дарҳақиқат, давр ўз табиатига кўра анча мавҳум тушунча. Уни бошқа тушунчалар — муҳаббат, ҳаёт, ўлим, табиат билан қиёс этилганда ҳам «тутиб оладиган жиҳатларининг нисбатан камлиги билан ажралиб туради. Биз «нисбатан камлиги» деб ёздик. Профессор Н.Раҳимжонов эса «унинг моддийлашган конкрет шакли йўқ» дея ёзади ва давр мавзусини табиат мавзусига қиёсан олади. «Табиат мавзусини олайлик. У конкрет, аниқ бир моҳиятга эга; яъни табиат ўзининг ранги, бўёқлари, жисми, оҳанги билан, эмоционал ҳис-туйғу ва интеллектуал фикр уйғотиши билан муайян аниқ шакл-шамойилга эга» . Назаримда ҳар битта даврнинг ҳам хос хусусиятлари мавжудки, ўз навбатида буларда у ёки бу даражадаги моддий кўринишларга эгадир. Чунончи, 60-йилларда инсон космосга учди. Демак, космик кема ҳам шу даврда ихтиро этилди. Мазкур оламшумул воқеага бағишланган шеърлар ҳам асосан шундан кейин ёзила бошлади. Шеърлардаги космик кема — бир деталь, лекин шундай деталки, унда даврнинг руҳи, давр илғор ақлларининг интилишлари тажассум топган. Ёки яна Чўлпонга қайтсак. Шоирнинг табиат ва ҳатто ёр ҳақидаги кўплаб шеърлари ҳам бора-бора юрт қайғуси, озодлик дардига боғланиб кетади. Чунки юрт истило этилган, таланган, хўрланган бир вақтда шоир кўнглига ватан ҳурлигидан ўзга дард сиғмаган. Бинобарин, давр руҳи Чўлпон шеъриятидаги эрк ва озодлик сари интилишда бир қадар конкретлашган.
Демак, даврнинг проф. Н.Раҳимжонов таъкидлаганидек, «моддийлашган конкрет бир шакли йўқ». Бироқ даврнинг руҳи, унинг интилишлари, ғоялари у ёки бу шаклларда моддийлашуви ва конкретлашуви мумкин. Даврнинг абстракт характерига «фақат инсон фаолиятигина конкретлик бахш эта олади» деганда профессорга эътироз туғилмайди. Шунга кўра у давр руҳининг шеърда акс этишини қуйидагича изоҳлайди: «Шеърлади давр тушунчаси ижтимоий-сиёсий воқелик билан боғлиқликдаги инсон ҳаёти билан белгиланади. Шеърият инсоният учун яратилар экан, шоир учун давр миқёси замондошлари ҳаёти, инсон тақдири билан характерланади; инсоннинг бугунги ҳаёти, тушунча ва тафаккури билан узвий боғлиқликда намоён бўлади» .
Албатта, даврнинг руҳи асосан, шу даврнинг ижтимоий-психологик муҳитида яшаётган шахс — шоирнинг ёки унга замондош бўлганларнинг «назари» орқали шеърга кўчади. Бинобарин, ҳар бир даврнинг сиёсий-ижтимоий-психологик кайфияти ўша давр моҳиятини белгилайди. Қачонки, жамиятнинг ижтимоий-психологик кайфияти ўзгарса, демакки, шу мамлакатда даврлар ҳам алмашади. Кўринадики, давр тушунчаси ҳар қанча мавҳум бўлмасин, унинг сийратини очиб берувчи моҳияти ҳамиша мавжуд ва шеъриятдаги давр тушунчаси айни моҳиятда яшар экан.
Биринчи бобдан хулосаларимиз қуйидагича:
— шеърият ижтимоий ҳодиса сифатида инсоннинг  руҳий моҳиятидан ибтидо олади. Шу маънода одамзоднинг ҳозирги ҳолга келиши, яъни инсоннинг инсонга айланиши фақат ташқи омил — ташқи шарт-шароитларгагина боғлиқ жараён бўлмай, айни пайтда ички омил — инсоннинг зоти билан, унга жойлашган руҳий моҳиятнинг ижтимоийлик шаклида намоён бўлиши ҳамдир. Яъни ижтимоийлик ташқаридан ёпиштирилган ёрлиқ эмас, балки инсоннинг қонида мавжуд моҳият бўлиб, унинг узоқ эволюцион йўлни босиб ўтиши натижасида башарият бугунги тамаддунни қўлга киритди. Шеърият ана шу моҳиятнинг намоён бўлиш шаклларидан биридир;
— ҳар қандай яхши шеър марказида ўзининг қувонч ва ташвиши, орзу ва армони билан Инсон туради. Шеърни таҳлил қилар эканмиз, биз худди шу инсондан, унинг табиатидан, мақсад ва интилишларидан, яна-да тўғриси, инсон ҳақидаги ўз тасаввуримиздан келиб чиқамиз. Инсон тўғрисидаги тасаввурларимиз кўп жиҳатдан у ёки бу дунёқарашга асосланган олимларнинг методологиясидан ҳам сув ичади. Ўз навбатида ушбу методологияларнинг аксари инсонни ё материалистик ёхуд идеалистик нуқтаи назардан талқин этишга мойил бўлади. Яъни уларнинг бири инсон ижтимоий «ҳайвон» деса, бошқаси унинг биологик асосига кўпроқ эътибор беради. Учинчиси эса инсонга руҳий мавжудод сифатида қараган ва ўз назарияларини шу асосларда яратишган. Биз эса ҳам уларга эргашиб, ҳам улардан фарқ қилиб, инсон (хоҳ шеъриятдаги бўлсин) фикр юритар эканмиз, унинг ҳамма жиҳатларини назарда тутишга ҳаракат қилдик ва шундай қилинганда инсонга, унинг моҳиятига яқинроқ бориш мумкин, деб ҳисобладик;
— шу асосда биз яқинлашажагимиз инсон моҳияти турли даврда турлича жило беради. Чунки ҳар бир давр алоҳида спецификага эга ижтимоий-психологик муҳит сифатида инсонга — шоирга ўз таъсирини ўтказади. Ва бу таъсир шоир орқали шеърга кўчади;
— шоир шахсини ҳам муайян иқлимли давр ёки даврлар етилтиради. Шунга кўра унинг шеърияти ўзи мансуб бўлган давр (ёки даврлар) руҳи билан тўйинган бўлади. Бинобарин, маълум маънода шеър давр фарзанди ҳамдир. Лекин у шу билан кифояланиб қолмайди. Шундай шеърлар борки, даврлар оша яшайди. Бунда шоир шахси муҳим ўрин тутади. Чунки шоир индивидлик қобиғини ёриб, шахслик мақоми сари бошловчи йўлга чиқиб олган ёки ўша мақомга эришган бўлади. Чунки шахслик аввало, бир калла баланд бўлиб дунёга боқишдир, ўтмиш, ҳозир ва келажакни узвий  боғлиқликда ва ўзаро қонуний алоқадорликда кўра билишдир, ўзликни кўпчиликнинг манфаати йўлида фидо қилиш ва энг муҳими, ҳаётни қалб амрига мувофиқ қуриш салоҳиятидир. Шоир шахси ана шундай фазилатлар соҳиби экан, шеър ҳам шунга яраша маънан юксалиб боради. Шунинг учун ҳам шахс — шоир қисмат шоири ва у даврдан мавзу олиши баробарида ўрни келганда унга мавзу ҳам беради, бера олади. Шу тарзда ҳақиқий шеърият фақат даврнинг фарзанди бўлиб қололмайди, у шахс — шоир қиёфасида баъзан даврларга ўгит беради, унинг ҳолига у ёки бу даражада таъсир ўтказади;
— шеърият шундай бир кўзгуки, унда шоир томонидан таклиф этилган давр сийрати акс этади.

П — БОБ

ЛИРИКАНИНГ ИЖТИМОИЙЛАШУВИ

ХХ асрга келиб адабиёт, жумладан, шеъриятнинг мафкуралашуви тезлашди. Аммо буни биргина шўроларнинг адабиётни ўз измларига бўйсиндиришлари билан, яъни адабиётни социалистик ғояни куйлашга, тарғибу ташвиқ этишга мажбур қилгани билан тушунтириб бўлмайди. Бу — мавжуд ҳақиқатнинг бир қирраси, холос. ²ақиқатнинг қолган қирралари шундан иборатки, ХХ аср арафасидаёқ мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаёт тарзида ўзгаришлар содир бўлганди. Булардан бири — чор Русиясининг мамлакатимиз ерларини босиб олиши билан боғлиқ ўзбек ҳаёт тарзининг кириб келиши бўлса, яна бошқаси дунё маърифатчилиги ҳаракатининг бир қисми бўлмиш — жадидчилик ғояларининг ёйилиши эди. Буларнинг ҳаммаси тубжойнинг ўз турмуш тарзи, диний эътиқоди, маданияти, дунёқараши билан гўё бир қозонда қайнади. Бу «қайнов» инсоннинг онгигагина эмас, балки қалбигача кириб борди, уни ўз таъсирига олди.  Юракларгача кириб борган нарсанинг умумий номи мафкура эди. Бу, халқ илғор қисмининг ўзи танлаб олган мафкураси — жадид ғоялари эди. Шунинг учун ҳам аср аввалиданоқ адабиётга ғоялар кириб келди ва эриш туюлмади. Чунки энди «қандай яшаймиз, қайси йўлдан борамиз, кимга, нимага эргашамиз?..» деган савол ва унинг жавоби ҳақидаги ўйлар ўша давр кишиси психикасининг бир қисмига айланганди. Айни сабаб адабиётнинг (шеъриятнинг) тез суръатлар билан мафкуралашиб боришига имкон яратди. Шеърларда тобора кўпроқ ва чуқурроқ акс этиб бораётган сиёсий-ижтимоий кайфият ва қарашлар китобхоннинг эстетик дидига уйғун тушди. Шунинг учун ҳам Чўлпон, Фитрат, ²амза, Авлоний ва бошқа шоирлар шеъриятининг асосини ижтимоий мавзулар ташкил этди. Чўлпоннинг ҳатто ёрга ё табиатга бағишланган шеърлари қатига юрт озодлиги дарди яшириниб ётади: «Кўклам билан юртимга ҳам бир кўкариш келсайди» .
Қолаверса, рус тили орқали дунё адабиётидан айрим намуналар, хусусан рус адабиётининг ўзи таржима қилинди. Шеъриятнинг мафкуралашувида айни адабиёт таъсирланишининг ҳам ўзига хос ҳиссасини инкор этмаслик керак. Чунки адабиётлари ўгирилаётган мамлакатларнинг аксарият қисми (масалан, турк, рус, араб, европа мамлакатлари) тарихий тараққиётнинг нисбатан юқори поғоналарда турганлиги боис ҳам адабиётларида жамиятдаги «илғорлик» акс этмай қолмасди. «Илғорлик»ни юзага келтирувчи ижтимоий-сиёсий вазият бизда энди-энди куртак ёзаётганди. Куртакларни кўриб турган шоир эса илғорроқ мамлакатлар адабиётидаги мафкуравий кайфиятга ғайр кўзи билан қарамади. Аксинча уни қонуний бир тарзда қабул қилди. Шоирларимизнинг айниқса, турк ва рус адабиётига (Номиқ Камол, Муҳаммад Амин; Тавфиқ Фикрат, Ризо Тавфиқ, Абдулҳақ ²амид, Яҳё Камол; Александр Блок, Владимир Маяковский ва бошқаларга) эргашишлари шундан.
Назаримда масала моҳиятини фақат аср аввалида рўй берган ижтимоий тарихий ўзгаришлар ва бунинг натижасида жамиятда пайдо бўлган янги кайфиятни тадқиқ этиш билангина очиб бўлмайди. Балки тарихга яна ҳам чуқурроқ кириб бориш зарурга ўхшайди.
Биринчи фаслда адабиёт ижтимоий ҳодиса ҳам эканлиги ва бу ижтимоийлик қанчалик ташқи фактор – атроф-муҳитга боғлиқ бўлса, шунчалик ички омил – инсоннинг руҳий ўзагидан озиқланиши борасида қисман сўз юритдик. Лекин нега аввал эмас, балки айнан ХХ асрга келганда ўзбек шеъриятида ижтимоийлашув жараёни жадаллашиб кетди? – деган савол ҳануз ўз қониқарли жавобини топгани йўқ.

Нафсиламрини айтганда, яқин тарихга мурожаат қилганимизда ҳам ушбу савол бироз бошқачароқ кўринишда олимларни ҳамиша ўйлатиб келганининг гувоҳи бўламиз. Проф. Собир Мирвалиев ёзувчи Асқар Мухтор билан «Тарихийлик ва замонавийлик» мавзусида олиб борган суҳбатида қуйидагиларни айтади: «…ХХ асрда замонавий ёзувчи бўлиш чиндан ҳам осон эмас. Нега десангиз, ҳаётнинг ўзи улуғ танқидчи Белинский айтганидек «энига ва бўйига қараб» шундай кенгайиб, чуқурлашиб боряптики, кечаги янгилик бўлиб кўринган нарса бугун эскириб қоляпти. Хусусан, фан-техника тараққиётининг ҳаёт ҳаракатига, одамлар онги, психологияси ва дунёқарашига кўрсатаётган таъсирини айтмайсизми? Ёки халқаро воқеа  лардаги улкан ва кескин ўзгаришларни олиб кўринг…»1
Демак, ХХ аср поёнига қараб кетилар экан, юқоридаги муаммо тобора йириклашган. ²атто айтиш мумкинки, замон-ла у турли-туман қиёфаларга кириб бораётир. Аср тонготарида шеъриятнинг ижтимоийлашувига, имконияти уфқларининг кенгайишига сабаб бўлган омиллардан айримлари, хусусан, С. Мирвалиев айтганидек, фан-техниканинг ривожи аср адоғида ижодкорни анча мушкул аҳволга солиб қўйди. Яъники, у нимани ёзишни, қандай ёзишни биилмай қолди, бетиним равишда ўзгариб, янгиланиб бораётган муҳитда универсал кайфиятни топиб куйлаш қийин келди. Шу ўринда америкалик олим Олвин Тоффлернинг мулоҳазаларини эслаш жоиз: “…Ўтган замонларда тасвирий санъатда услуб ўзгариши авлод ҳаёти давомида камдан-кам ҳолларда содир бўлар эди. Бирон услубнинг, бирон оқимнинг умри бир неча авлод ҳаёти мобайнида давом этарди. Энди эса тасвирий санъат услублари ва мактабларининг лип-лип ўтиб туришидан кўзлар қамашади. Ўсиб келаётган оқимни ва унинг тилини тушунишга улгуриб-улгурмай қарабсанки, у йўқолиб кетиб бўлибди…”2
Кўринадики, санъату адабиётдаги, шеъриятдаги ўзгаришлар, хусусан, унинг ижтимоийлашуви бир ёки икки мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида рўй берган воқеалар билангина чекланмай, унинг илдизлари ХХ асрга келганда, умуман, дунёдаги илғор халқларнинг цивилизацион даржаси билан ҳам жипс боғлиқ эканлиги ўртага чиқм оқда.
Турк олими Исмоил Порлатир эса «Янги турк шеърияти» деб номланган фундаментал тадқиқотида Х/Х асрдан янгилана бошлаган турк назми ҳақида фикр юритаркан, уни асосан Оврупанинг Туркияга кўрсатган маданий таъсири фактори билан боғлайди: «ХVIII аср охирларидан Х/Х асрнинг илк йилларига кириларкан, турк дунёси янги бир маданий қурилма билан юзма-юз келаётган эди. £арб, хусусан, француз маданий ҳаётини ХVIII асрнинг бошларидан эътиборан тан ола бошлаган турк зиёлиси, бир тарафдан бу янги дунёда ўзи учун керакли бўлган илм ва техникага оид маълумотларни, иккинчи тарафдан эса француз инқилобини ҳозирлаган ғарбнинг фикр оқимларини изма-из ўрганарди. Бу йўлнинг очилишида £арб билан дипломатик алоқалар ўрнатилганининг аҳамияти катта бўлди. ²арбий мактаблар очилиши натижасида халқ таълими ҳам ўзгаришларни бошидан кечирди. Франциядан мутахассислар келтириш  ва Оврупага талабалар юбориш ишлари йўлга қўйилди. Йилдан-йилга бу олди-бердиларнинг суръати оша борди ва Истамбулда кенг миқёсда ғарбий ҳаёт тарзи ўзини кўрсата бошлади. Оврупага кетган турк инсони эса, у ернинг сиёсий-ижтимоий ва маданий ҳаётини яқиндан таниди ва бу ҳаётни Истамбулга, ўз даврасига ташиб кела бошлади. Бу ўзаро борди-келдилар турк маданий ҳаётига ва адабий дунёсига янги қадриятлар, янги адабий турлар ва хилма-хил санъат маҳсулотларини олиб келиб қўшаётган эди…»
Албатта бундай маданий алоқани аср адоғида Туркистон халқи ҳам бошидан кечирган: Муқимий, Завқий, Турди, Махмур, Аваз Ўтар, Комил  Хоразмий, Сўфизода каби шоирлар, Авлоний, Сатторхон, Ибрат, Шавкат сингари маърифатпарварлар ўша вақтда Русия ва бошқа мамлакатларнинг халқлари билан ўзаро  алоқалар натижасида халқ ҳаётига энди-энди кириб келаётган янгиликларни ёқлаб ўз асарларида тарғиб этганлар.
Бироқ Туркистондаги ўзгаришларнинг илдизини аввало, сиёсий-иқтисодий заминдан қидириш тўғрироқ бўлади. Чунки Туркистон Чоризмнинг мустамлакаси эди, бинобарин, ҳар қандай маданий қайнашувдан олдин сиёсий, иқтисодий, мафкуравий, маиший дахлдорлик масаласи ўртага чиққанди. Чунончи, сиёсий-иқтисодий мақсадда қурилган темир йўлни, масалан, наманганлик шоир Ибрат катта умид ва қувонч билан қарши олади:
Наманган аҳлига хўб бўлди, бир яхши замон келди,
Муродоти халойиқ узра бир жону жаҳон келди,
Дема жону жаҳон, овқат учун бу халққа дон келди,
Дема дон, балки бунларга маишат узра нон келди,
Ажиб бир фоизи арзоқи инсоний вагон келди.

Бу ҳақда адабиётшунос олимлар Б. Қосимов ва У. Долимов шундай ёзади: «Ибрат маданий-иқтисодий ҳаётда муҳим рол ўйнаган, ўша давр учун нисбатан янги ҳодиса бўлган темир йўлни самимият билан қарши олди ва бу воқеага халқ манфаати нуқтаи назаридан қараб фикр юритди»1.
Албатта, бу ва бунинг каби транспорт йўлларининг қурилиши бора-бора икки ёки ундан кўп халқлар ўртасидаги ҳар қандай алоқанинг тиғизлашувига, алал-оқибатта эса уларнинг ўзаро «қайнашуви», таъсирлашувига олиб келди. Одатда, ҳар қандай илғор бўлган халқдан энди-энди ривожланиш босқичига кираётган халқлар ўрганади. Бу – қонуният. Чунончи, Х/// аср аввалида қадим Туркистонни ишғол этган мўғуллар гарчи юртни идора этган эсалар-да, ўзларидан кўп жиҳатдан илгарилаб кетган маҳаллий элдан ўрганган. Шу маънода Х/Х аср адоғи ва ХХ аср бошларида ҳозирги Марказий Осиё ва умуман, Шарқ халқлари кўпгина масалаларда, хусусан, фан-техника, саноат, қурилиш, ҳатто маорифу санъат кабиларда £арб мамлакатларининг ютуқларига эҳтиёжманд эди. Бинобарин, ўша вақтларда Ўзбекистон ҳам Русия, Туркия ва Оврупадан у ёки бу даражада ўрганди. Собиқ шўро даврида бу даражани кўтариб кўрсатиш ҳақиқатга қанчалик хилоф бўлса, уни туширишга уриниш ҳам шунчалик янглишдир. Бундай таъсирланиш  эса ўлкада ижтимоий фикрнинг ўсишини тақозо этарди. Русия бу вақтга келиб инқилобий ҳаракатлар, ижтимоий-сиёсий кўтарилишлар палласига кириб бораётганди. Биргина В. Маяковский  поэзияси шуни кўрсатадики, рус зиёлиси, рус шоирининг дунёни эстетик идрок этиш тарзида  кескин бурилишлар юз бераётганди. Чунки пушкинларни, лермонтовларни, ҳатто берироқдаги некрасовларни вояга етказган, тарбиялаган муҳит энди тамомила бошқача характер касб этганди. У симобдек қайнаётган, янгиланаётган, навбатдаги, ҳали илгари кўрилмаган босқичга ўтаётганди. Даврнинг юрак уришига қўлини қўйиб турган рус  шоири Маяковский, турк шоири Яҳё Камол, ўзбек шоири Чўлпон шунинг учун ҳам янги шеър талаби билан майдонга чиқдилар. Табиийки, бу ҳаракат натижасида туғилажак шеърият аввалгисидан фарқ қиларди. У инсон тафаккурига, ақлига хитоб қилиши билан, яъни ижтимоий сажияси аввало, фикрга ва яна фикрга асосланганлиги билан «гул»ни «булбул»га қофия этиб яратилган ҳамда кўнгилга, ҳисга мурожаат этувчи, баъзан ҳатто сентиментал доирада қолиб кетувчи бурунги назмдан ажралиб турарди. Х/Х асрнинг иккинчи ярмида турк адабиётида юз   берган ўзгаришларни назарда тутиб Исмоил Порлатир ёзади: «Асрлар бўйи дунёга кўнгил кўзи билан қараган турк шеъри энди тафаккур йўлига ўтаётган эди»1
Фақат бундан «ХХ аср аввалида ёзилган шеърларда ҳис йўқ эди», дея бир томонлама хулоса чиқариш ярамайди. Чунки биламизки, масалан, Чўлпоннинг ҳатто юрт озодлиги мавзусида ёзилган сиёсий-ижтимоий руҳли шеърлари ҳам жуда эҳтиросли жаранглайди. Зеро, бундай шеърлар, одатда, шоирнинг фикр ва туйғуси бир вақтда иштирок этувчи «мен»идан отилиб чиқади. Шу маънода юқорида номлари тилга олинган шоирларнинг энг яхши шеърлари қанчалик рационал бўлса, шунчалик эмоционал ҳамдир. Демак, асрлар бўйи дунёга кўнгил кўзи билан қараб келган инсоннинг ХХ асрга келганда тафаккур йўлига ўта бошлади, деган нуқтаи назарни шундай тушуниш лозимки, унда биз тадқиқотимиз аввалидан бери баҳс этиб келаётганимиз ва мулоҳазаларимизда яна давом этажагимиз сиёсий-ижтимоий, маънавий-психологик омиллар боис шоирнинг дунёни эстетик идрок этишида юз берган азим ўзгаришлар назарда тутилган. Ва бу ўзгаришлар аввало, шеър таркибида ижтимоий фикр салмоғининг тобора ортиб бораётгани билан белгиланиши уқтирилган.
Кўринадики, ХХ аср ўзбек шеърияти икки – ташқи ва ички омилларга кўра жадал равишда ижтимоийлаша борган.
Ташқи омил. Буни Х/Х асрнинг интиҳоси ва ХХ асрнинг ибтидосида дунёнинг илғор мамлакатларида фан-техника, саноат каби соҳаларнинг тараққийси ва унинг атрофга ёйилиши натижасида одамлар турмуш тарзида пайдо бўлган улкан ўзгаришларнинг ижодкор дунёқарашига таъсири, деб қисқача таърифласа бўлади. Фикримизни кенгроқ ва  ёрқинроқ ифодалаш учун Олвин Тоффлерга мурожаат қиламиз: «Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, ҳозир содир бўлаётган нарсалар шунчаки саноат инқилобига қараганда кўламлироқ, теранроқ ва муҳимроқ. Кўпгина мўътабар одамларнинг фикрига қараганда, ҳозирги давр оз эмас-кўп эмас, инсоният тарихидаги иккинчи буюк ҳудудни ташкил қилади. Ўзининг аҳамиятига кўра уни инсоният тарихидаги биринчи буюк ҳудуд билан, яъни инсониятнинг ёввойилик давридан цивилизацияга ўтиши билангина таққослаш мумкин…
«Худолар, мақбаралар, олимлар» деган китобнинг муаллифи К. У. Карем шундай деб ёзади: «Биз – йигирманчи аср одамлари инсоният тарихида беш минг йил давом этган бир даврни хотималаймиз…»
Бу ғаройиб фикрни бир қатор жонли мисолларда яна-да аниқ кўрсатиш мумкин. Мана улардан бири. Инсоният ҳаётининг сўнги 50 000 йилини авлодлар сони билан ўлчаб кўрайлик. ²ар бир авлоднинг умрини ўртача 62 йил деб олайлик. Унда шу 50 000 йил мобайнида (қариийб – У.².) 800 та авлод ўтган бўлиб чиқади. Улардан 650 авлод ўз умрини ғорларда яшаб ўтказган. Фақат сўнгги 70 авлоднинг умри давомидагини ёзув пайдо бўлгани туфайли авлодлар ўртасида маъқул бир алоқа ўрнатиш имкони туғилган, фақат сўнгги 6 авлоднинг умри давомидагина одамлар оммавий тарзда матбуот сўзи билан танишдилар. Фақат сўнгги  4 авлод умри мобайнидагина одамлар вақтни озми-кўпми аниқ ўлчашни ўрганиб олдилар.  Фақат сўнгги 2 авлодгина электромотордан фойдаланган. Кундалик ҳаётимизда биз истифода этадиган ҳамма моддий буюмларнинг кўпчилиги биринчи марта ҳозирги – 800 авлоднинг ҳаёти давомида барпо бўлган».1
Гапнинг лўндаси шуки, америкалик олим оламшумул саноат тараққиётигача бўлган давр бир ёну бир неча ўн йиллардан бериси, яъни яшаб турганимиз ҳозирги давр бир ён ҳамда энг муҳими, биз супериндустриализм остонасида турибмиз, чинакам улкан ўзгаришлар ҳали олдинда, дея уқтирмоқда. Дарҳақиқат, тарихга ўзга томондан туриб назар ташланганда ҳам шуни  англаш мумкинки, инсоният ХХ асрдан эътиборан янги бир ҳаёт сари одим ташламоқда. Демак, Х/Х юзйиллик адоғидаёқ тубдан ўзгаришга юз тутган янги шеърият ана ўша ўзгаришлар ҳавосини симириб тўйинган. Албатта, жамиятнинг ижтимоий-психологик кайфиятида ҳамма замонларда у ёки бу даражада ўзгаришлар доимо юз бериб турган. Бироқ ҳамма гап шундаки, ХХ асрга келганда ўзгаришларнинг суръати мисли кўрилмаган миқёсларга чиқди. О. Тоффлернинг айтмоқчи бўлгани ҳам, асосан, шу. Ўзбек олими С. Мирвалиевнинг асримизда ёзувчига ҳам осон бўлмай қолди, дейишининг замирида ҳам шу нарса ётибди. Чунки тез янгиланиб, турланиб бораётган жамиятда бир хил кайфиятни тутиб олиш қийин кечади. Шеърият эса у ёки бу давр кайфияти инъикосидир. Шоир жамиятдаги муайян кайфиятга руҳий-психологик жиҳатдан мослашиб ўн-ўн бешта  шеър қоралаб улгурмасидан атрофда ўзга, яна-да янги шеъриятга эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Чунки бу қисқа фурсат ичида жамиятга навбатдаги кайфият «ташриф буюрган» бўлади. Шунинг учун ҳам санъат соҳасида методлар тез-тез ўзгариб турди. Яна Тоффлерга мурожаат қиламиз: «Х/Х асрнинг сўнгги чорагида пайдо бўлган импрессионизм бостириб келаётган залворли ўзгаришлардан хабар берган биринчи қалдирғоч бўлган эди. Агар биз импрессионизм гуллаб-яшнаган даврни тахминан 1875-1910 йиллар билан белгиласак, кўрамизки, у санъатда атиги ўттиз беш йил ҳукмронлик қилган экан. Ўшандан бери футуризмдан бошлаб мовизмгача, кубизмдан сюреализмгача на биронта мактаб, на биронта услуб лоақал импрессионизмчалик умр кўра олмади. Бир услуб ўрнига бошқаси келади. ХХ асрда энг узоқ умр кўрган тасвирий санъат мактаби, яъни абстракт экспрессионизм кўп деганда йигирма йил – 1940 –1960 йилгача ҳукмронлик қилди. Шундан кейин росмана тўс-тўполон бошланди: “поп” беш йилча умр кўрди; “оп” томашабинлар эътиборини икки-уч йил жалб қила олди, холос…”2
Гап тасвирий санъат ҳақида кетаётган бўлса-да, у умуман, санъатнинг ҳамма турларига, хусусан, шеъриятга ҳам ғоят тааллуқлидир. Ахир ҳатто аср бошларидаёқ Чўлпон, Ойбек, Боту каби шоирларнинг айрим шеърларини ўлкамизда энди-энди куртак ёзаётган модернизм йўлидаги дастлабки изланишлар, деб баҳолаш мумкин. Яъни асримиз тонготариданоқ дунёда яхлит бир психологик майдон ҳосил бўлган эдики, унга кўра муштарак бир ҳаёт тарзи, муштарак кайфият, муштарак интилишлар уч бера бошлаганди. Испан файласуфи ва эстети Ортега- и-Гассет оврупаликлар ҳаёт тарзини америкаликларнинг ҳаёт тарзига монанд бўла бошлаганида ҳамма “оврупа америкалашди” дейишган, аслида эса ХVIII асрдаёқ америкаликлар учун одатий ҳол бўлган жиҳатларга оврупаликлар орадан анча вақт ўтгачгина секин-аста етиб келишган ҳамда ҳар икки ердаги турмуш тарзининг тенглашув ҳодисаси юз берган, дейди. Бошқача айтсак, олимнинг фикрича, Американинг Оврупага ҳеч қандай таъсири бўлгани йўқ, ҳамма гап шундаки, маълум муддатдан сўнг Оврупада ҳам ички сабабларга кўра турмуш тарзининг яхшиланиши, ўсиши натижасида шу ерлик инсон ўзини америкаликлар сингари ўзларини ўз тақдири ва шахсиятларининг хўжайини ўлароқ ҳис қила бошлаганлар.1 Яъни шундай бир тарихий, ижтимоий-психологик шароит етилиб келган.
Кўриниб турганидек, тараққиётнинг уст қадамалари сари илгарилар эканмиз, гап бу ўринда ҳам мамлакатлар ўртасида яхлит бир кайфиятнинг вужудга келиши ҳақида бораяпти. Демак, ХХ аср аввалида Ўзбекистонда юз берган ижтимоий-сиёсий, маънавий-психологик ўзгаришларнинг бир учи, умуман, дунёда кечаётган катта маъноли, кенг кўламли янгиланишларга бориб боғланади.
Ички омил. Тарихдан аёнки, ХХ асргача ўлкамиз ҳудудида икки хонлигу бир амирлик мавжуд бўлган ва улар ҳукмронлиги остида яшаган халқлар диний эътиқодию урф-одати, дунёқарашию анъаналари… жиҳатидан бир-бирига жуда-жуда яқин, айрим ҳолларда деярли бир хил бўлган. Бироқ Х/Х асрнинг иккинчи ярмида Чоризм томонидан мустамлака этилишининг оқибатида Туркистон ўлкаларининг сиёсий-ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётида кескин ўзгариш юз берди. Чунки бир майдонда икки дунёқараш, икки эътиқод, икки маданият, икки анъана, борингки, икки бошқа-бошқа олам бир-бири билан юзма-юз келганди. Натижада прогрессив-реакционлигидан қатъи назар, тубжой аҳолисининг онгида, дунёқарашида бир бошқачалик шаклланди. Албатта, табиий равишда шу давр шеърияти ҳам жамиятнинг бир парчаси бўлган ижодкорнинг оламни эстетик қабул қилишида рўй берган янгиланишлар оқибатида ўзгарди.
Бунинг барабарида ўлкага фан-техника, саноат ютуқлари кириб кела бошлади. Фикри ожизимизча, ўша вақтларда бир туркистонликнинг психологиясига ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий факторлар қанчалик таъсир қилган бўлса, бир темир йўлининг кириб келиши ва ёхуд янгидан-янги саноат маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши, ниҳоят, бутун ХХ юзйиллик давомида радио, телевидение, компьютер техникаларининг турмушга тадбиқ этилиши ҳам шунчалик аҳамиятга молик бўлган. Қолаверса, ўлкада жадал суръатлар билан бошланган жадидчилик ҳаракати, уларнинг Туркистонни озод ва маърифатли кўриш ғоялари бу йўлда янги услубдаги мактаблар очиб, дунёвий илмдалардан ҳам таълим-тарбия беришлари, театр-томошагоҳларнинг ташкил этилиши, газета-журналларнинг чоп қилиниши ва ҳоказо бутун бошли мафкуравий ишлари  аср боши халқ онгида чуқур из қодирган. Гап мафкура ҳақида кетганда шуни алоҳида таъкидлаб айтиш жоизки, ўлка Чоризмгача Ислом мафкураси билан яшаган, кейин қисман “жадидчилик” ғояларига ошно бўлган эса, сўнг қарийб етмиш йил мобайнида большевистик мафкура остида қолди. Ниҳоят, 1991 йилдан Истиқлол келди: Ўзбекистон ўз миллий мафкурасини яратиш учун реал имконга эга бўлди.
Кўриниб турганидек, бир асрдан мўлроқ вақт мобайнида  ўлкамизда мафкура бир неча марта ўзгарди. ²ар бир мафкура дунёга бошқача қарашлар, бошқача ғоялар билан ёндошув тизими, демакдир. Бинобарин, қисқа замон ичида мафкуранинг тез-тез ўзгариб турганлиги ҳам инсон дунёқарашига таъсир қилди. У энди истаса-истамаса ғоялар ҳақида кўпроқ ўйлайдиган бўлиб қолди. Чунки ўлкада ҳукмрон бўлган мафкура  унинг турмуш тарзини у ёки бу даражада белгилаб бераётган эди-да. Шу маънода ана шу катта жараённинг бир бўлаги сифатида  шеърият ҳам турли ғояларни тараннум эта бошлади ва натижада поэзия халқ ҳаётига, оддий инсон ҳаётига яқинлашиб қолди. Шеъриятдаги ижтимоийлашувнинг энг қисқа изоҳи, тахминан, шундай. Яъни адабиёт аввалги кўп асрлик тарихидан фарқ қилиб, “ерга тушди”. Мумтоз адабиёт мазмунини кўп жиҳатдан белгилаб берган интим, айни вақтда умуминсоний ва фалсафий мушоҳадалар билан тўйинган шеърият энди даврни, воқеликни англаш ва идрок этишга, ниҳоят бадиий таҳлил қилишга ружу қўйди. Қолаверса, 30-йилларга келиб коммунистик партия юритган сиёсат ва айниқса унинг “Адабий-бадиий ташкилотларни қайта қуриш ҳақида”ги 1932 йил, 23 апрелда чиқарган қарори адабиётдаги кўповозлиликка барҳам берди, дейилади “ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи”1  китобида. 1934 йилда эса социалистик реализм деган сохта метод ўйлаб топилдики, бу энди адабиётга зўрлик билан давр шовқинини олиб киришга қаратилган эди. Эътибор беринг, шу чоққача адабиётнинг ижтимоийлашуви табиий равишда кечаётган жараён бўлса, энди уни сунъий равишда тезлаштириш ҳаракатига киришилганди. Чунки шўро ҳокимияти ўз сиёсатини одамлар онгига сингдириш учун адабиётдан ҳам бир восита ўлароқ фойдаланишни мақсад қилганди.  Шу тариқа мамлакатда қандай муаммо бўлса, барчаси адабиётнинг мавзусига айлантирилди: коллективлаштириш, индустрлаштириш, қулоқларни тугатиш, янги ерлар ўзлаштириш, уларга сув чиқариш, демакки, ГЭС,  кейинроқ АЭС қурилишлари ва ҳоказо ўнлаб, юзлаб давр ишларининг бадиий асарда акс эттирилиши тўғрисида  махсус давлат буюртмалари берилди. Иш ҳатто шу даражага бориб етдики, адабиётнинг, шеъриятнинг мангу мавзулари – ишқ-муҳаббат, якка шахснинг кўнгил кечинмалари кабилар бир қадар унутилди ёки унуттирилди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида эса шеърият халқнинг руҳини кўтаришга, уни маънан дастаклашга ҳаракат қилди, турли йўллар билан кўпчиликни душман устидан ғолиб келишга чорлади. Демак, у моҳият-эътибори билан ҳарбий поэзияга ёки сафарбарлик адабиётига, шеъриятига айланди. Ўз-ўзидан маълумки, бундай санъат ҳам муайян мафкура билан тўйинган, ғоялар билан қуролланган бўлади.
ХХ асрга келиб шеъриятнинг ижтимоийлашувига замин яратган энг муҳим омиллардан яна бири урбанизациядир. Келинг, яхшиси, шаҳарлашув жараёнини рақамлар орқали тушунишга уриниб кўрган (1970 йилда) яна ўша олим Олвин Тоффлерга мурожаат қилайлик: “²озир бизнинг кўз ўнгимизда инсоният тарихида энг кўламли ва энг юқори суръатдаги шаҳарлашиш жараёни содир бўлмоқда. 1850 йилда аҳолиси милион киши ёхуд ундан ортиқ атиги тўртта шаҳар бўлган. 1900 йилга келиб бундай шаҳарларнинг сони ўн тўққизтага етган. Аммо 1960 йилда сайёрамизда аҳолиси милиондан ошадиган шаҳарларнинг сони 141 га етган. Бутун дунёда шаҳарларда яшайдиган аҳоли йилига 6.5 фоиз ортиб бормоқда. Бунинг маъноси шуки, бор-йўғи ўн бир йилдан кейин ер юзидаги шаҳар аҳолисининг миқдори икки баравар ошади»2.
Хўш, нима бўпти? Шаҳарлашувнинг шеъриятга қандай алоқаси бор? – деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, шаҳар бу – одамларнинг ҳам сиёсий-иқтисодий ҳам маънавий-психологик, умуман, ҳар жиҳатдан марказлашуви, демакдир. Одамларнинг ўзаро алоқалари тиғизлашуви эса ўз-ўзидан ижтимоий муносабатлар суръатини белгилайди. Узоққа бормайлик, асрнинг қоқ ўртасидан ижоди авжига чиқа бошлаган биргина Асқад Мухтор поэзиясини олиб кўрайлик. Бу шеърият қайси бир жиҳатларига кўра шаҳар шеърияти ҳамдир. ²атто унда тез-тез учрайдиган айрим иборалар, сўзлар, хусусан, магнетафон, аквариум, спектакл, ГЭС, мурват, газета кабилар ҳам шаҳарнинг матоҳи, шаҳар ўйлаб топган нарсалар. Шоирнинг ушбу шеърига қулоқ тутинг:

Энтикамиз қўмсаб тоғни, дарани,
Дарё кечалари, қиру ўр, ўнгир…
Аммо узоқлашиб борган орани,
Сезиб ваҳимага тушади кўнгил.

Узоқлаша борар мудҳиш оралиқ,
Димоғда шаҳарнинг иси, тутини.
Аквариумларда боқамиз балиқ,
Қафасга соламиз қумри, тўтини.

Зангор уфқлар-чи, нилий олислар?
Гарчи уларни ҳам шаймиз қамашга…
Кўкрак қафасида туғён урган ҳислар
Сиғмайди ҳеч қандай олтин қафасга.1

Шоир табиатни, унинг табиий гўзалликларини қўмсайди, уларни соғиниб, уларга интилиб энтикади. Бироқ у шаҳарда яшайди, қисмати томонидан шаҳарда яшашга маҳкум этилган. Муҳими, у ўз ҳолининг бутун зиддиятини – аросат азобини теран англайди, идрок этади. Изтироблар гоҳо юқоридаги каби шеърга тўғридан-тўғри кўчиб ўтса, гоҳида рамзлар, ташбеҳлар, шамалар замирида билимсизгина «кун кечиради».
Кўриб ўтганимиздек, ХХ аср ўзбек шеъриятининг ижтимоийлашув жараёни хилма-хил ташқи ва ички омиллардан сув ичар экан. Албатта, ҳар икки омил ҳам юқорида таклиф этилган вариантлардан кўпроқ ва ҳатто баъзан бошқачароқ бўлиши ҳам мумкинлигини инкор этмаймиз. Бироқ санаб ўтганимиз факторлар ўз вақтида жамиятда муҳим ижтимоий-психологик кайфиятларнинг туғилишига сабаб бўлгани ҳам поэзиянинг ижтимоийлашувида катта рол ўйнагани шубҳасиздир. Шеър эса мисли уруғ, уйғун кайфият – тупроқ бағрига тушдими, униб чиқаверади.
Аммо кўрсатиб ўтганимиз омиллар ғоят умумий мазмунга эга. Муайян давр етиштирган алоҳида шеърият ҳақида сўз юритилганда  эса табиийки, унинг хусусий томонларига эътибор бермоқ зарур бўлади. Айни чоғда муайян шеъриятни вужудга келтирган конкрет тарихий-ижтимоий, маданий-психологик муҳит ҳам алал-оқибатда умумий манзара чегарасидан узоққа чиқиб кетмайди. Улуғ рус ёзувчиси Александр Пушкин ҳақида Генрих Волков  «Пушкин дунёси» номли китобида айтган фикри юқоридаги мулоҳазани ҳар жиҳатдан қўллаб қувватлайди: «Замон руҳи», Пушкиннинг таржимаи ҳоли бошқача бўлганда эди, унинг фитратида яширинган даҳолик эҳтимол дунё юзини кўрмасди. Яхшиямки, бундай бўлмади, Россия ва балки дунё тарихининг шамоли шундай эсдики, оқибатда ушбу буюклик учқунлари алангага айланди»2
Хўш, ХХ аср ўзбек шеъриятидаги ижтимоийлашувнинг илк сезиларли чегараси қандай конкрет омиллардан бошланади? Гарчанд чегарани ХХ аср дея белгилаётган эсак-да, аслида, бу ўринда гапнинг индоллосини Х/Х асрнинг иккинчи ярми, хусусан, Муқимий, Фурқат, Завқий, Аваз Ўтар, Комил Хоразмий, Ибрат, Сўфизода, Авлоний, Шавкат каби қатор демократ ва маърифатпарвар шоирлар ижодини келтириб чиқарган ижтимоий-психологик омиллардан бошламоқ ўринлидир. Чунки улкадаги ўзгаришларнинг дастлабки белгилари айнан ўша вақтдаёқ уч берганди. Юқорида номлари саналган шоирлар яратган шеърият  анъананавий шеъриятдан, масалан, Навоий, Бобур, Машраб, Огоҳий лирикасидан фарқ қиларди. Х/Х аср адоғи ва ХХ аср аввалидаги шеърият рисоладаги аруз, яъни девон шеърияти билан ўзгарган замон кайфиятини ифодалаган бармоқ вазнидаги шеърият ўртасида бир кўприк вазифасини ўтаганини тушуниш жуда муҳим. Шунга ўхшаш бир ҳолат турк шеъриятида ҳукм сургани ҳақида Исмоил Порлатир ёзади: «Атоқли олим Меҳмет Човуш ўғли «Девон шеъри» сарлавҳали мақоласида… шеърий анъаналар қандай ташкил топгани ва камолотга эришганини чуқур ўрганиб, бир умумий хулосага келган эди: «Мавзуимиз шеър бўлгани учун умумий хулосамизни айтайлик: Девон шеърининг маълум бир шартлари, чегаралари бор эди, тили ва унга боғлиқ бўлган эстетик низомлар ўзгармаса, янги шеър қоидалари қаршисида дош бериб туролмасди. Ўзгаришларга учраб вужудга келган шеърни эса девон шеъри деб бўлмас эди. Чиндан ҳам Яҳё Камолнинг янги эстетик қарашлар асосида, аммо «Эски шеър шабадалари» йўлида ёзганлари ҳам шу туфайли Девон шеъри доирасига қўшилолмасди.
Эски маданиятнинг ҳуқуқ тизими, давлат қурилмаси, шахс тушунчаси каби санъат ва хусусан, шеър тушунчаси ҳам асос-асосларидан ўзгаришга мажбур эди. Лескофчалик £олиб, ҳарсаклик Ориф ²икмат, Усмон Шамс, янгишаҳарлик Авний сингари сўз усталари Девон шеъри доирасида сўнгги сўзларини сўйладилар»1
Худди шундай, ўзбек шоирлари – Муқимий, Фурқат, Ибрат, Сиддиқий-Ажзий, Завқий, Сўфизода, Авлоний, Нодира, Анбар Отин, Увайсий кабилар ҳам асрлар бўйи давом этиб келаётган мумтоз назмимиз — арузда баракали қалам тебратган энг сўнгги шоирлар сирасидан эдилар. Чунки улар шеърияти шаклан ҳар қанча арузий кўринмасин, мазмунан секин-аста давр руҳини, тўғрироғи, унда юз бераётган оламшумул ўзгаришлар кайфиятини акс эттира бошлагандилар. (Албатта, ХХ асрда ҳам ²абибий, Чустий каби анъанани давом эттирган шоирларимиз бўлган, бироқ ҳамма гап шундаки, уларнинг хатта-ҳаракатлари индивидуал ташаббуснинггина меваси, асло умумий давр кайфиятининг маҳсули эмасди).  Бошқача айтсак, анъанавий шеърият анъанавий  интим мавзулар қаторида ижтимоий мавзуларни ҳам тараннум этишга киришганди. Биргина Фурқатнинг «Гимназия» деб номланган шеърини эсланг.
Ниҳоят, ўзбек шеъриятида Чўлпон исми билан боғлиқ чинакам ҳодиса туғилди. Бироқ эътибор беринг, ҳатто у ҳам бирданига бармоқ вазни уммонида қулайлик билан сузиб кетмади, балки изланди. Аруз вазнида ҳам ёзди. ²атто «Қаландар» номли  бадиийлик қонуниятининг ҳар жиҳатига юксак даражада жавоб бера оладиган, пишиқ-бутун ғазал ёза билган шоирнинг нега яна шундай арузий мўжизалар яратмагани ҳақида ўйлаб қоласан киши. Ахир Чўлпоннинг қўлидан келарди-ку қадим наволарда мўъжизалар барпо этиш, ахир “Қаландар” билан буни исбот қилганди-ку у!.. Жавоб яна ўша ерда: даврнинг ижтимоий-психологик кайфиятида. Аср бошига келиб у ўзгарган эди: симобдек қайнаб турганди, бинобарин, шундай ҳаракатни арузнинг вазмин, салобатли, йўнилган вазнига солишдан кўра анчайин эластик ва шиддаткор бармоққа тизиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ келарди. “Қўзғолиш” шеърини ўқиймиз:
Ай! Сен – мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!
Ай! Устимдан бир умр хўжа бўлмоқ истаган!
Ай! Бўйнимга кишан солиб ҳалокатга судраган,
Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмагил ўйнатмагил, бас энди!

Кишанларинг занг босгандир, сергак бўлким, узилур;
Томиримда қўзғолишнинг ваҳший қони гупирди.
Эски фикр, анъаналалар энди буткул узилди,
Ё битарми ёки сенинг салтанатинг бузилур!

Эй! Сен – мени қул ўрнида ишлатгувчи афанди!
Титра, қўрқким, боғлиқ қулинг бош кўтарган куч энди…1

Ватани ёв томонидан босиб олинган, инсонлик иззат-нафси хақорат этилган, бинобарин, бирдан-бир мақсади озодлик бўлиб қолган жўмард юрт ўғлонининг оловли хитобидир – бу!  Уни арузнинг тиниб қолган оҳангига солиш бир қадар сунъийликни юзага келтириши баробарида шеър бағрига жо этилган ҳароратни, шиддатни, нафратни… маълум маънода бўшаштириб қўйиши мумкин эди. Шу билан бирга арузнинг бутунлай истеъмолдан чиқариб бўлмаслигини Чўлпоннинг ўша «Қаландар» шеъридан ҳам, ²абибий, Чустий, 60- йилларга келганда эса, масалан, Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Абдулла Орипов ижодларидаги гўзал ғазаллардан ҳам тушунса бўлади. Бироқ, барибир, давр бошқа эди. У ўзини энг максимал даражада акс эттира оладиган шакл – ўз либосини талаб қилаётганди. Яна шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, аср аввали ўтиш даврининг йирик шоирлари ижодида аруз вазнида ёзилган шеърлардан ташқари бармоқдаю арузий оҳангларга яқинлаштириб битилган асарлар ҳам талайгина ёзилди. Чунки шоир гарчанд анъанани бузиб чиқаётган эса-да (юқоридаги шеърда «Эски фикр, анъаналар энди буткул узилди» дея Чўлпон ёвга қарата хитоб қилаётган бўлса ҳам, бу – мисранинг фақат юзадаги, биринчи, устмаъноси, холос. Мисранинг тагмаъносида, умуман, дунёқарашда юз берган ўзгаришлар, оламни эстетик қабул қилишдаги янгиланишлар яширин, десак, менимча, муболаға бўлмайди), унинг бармоқдаги янгиликларида қадим вазн – арузнинг хусусиятлари яшаётган, яшаши қонуний ва табиий эди. Мана, Чўлпоннинг «Кишан» деб номланувчи шеъридан бир банд:

Юмилмас кўзларингнинг ҳар бири бир элни қаҳр айлар,
Фақат бир борлигингдурким, бутун борлиқни заҳр айлар!

Шеър қурилиши ва оҳангига кўра ғазални эслатади. ²ар бир банди икки мисрадан бўлиб беш бандни ташкил этади, қолаверса, унли ва ундош бўғинларнинг уйғун муносабати юқорида ўқиганимиз банддаги каби маълум арузий оҳангни ёдга туширади. Биринчи мисрадаги бўғинларнинг узун-қисқалиги схемаси қуйидагича:
V — — -V — — -VV — -V — — —
Икинчи мисра схемаси:
V — — — V — — — V — — — V — — —
Фақат бир ўриндаги номувофиқликни (уни сиз ҳам кўрдингиз) ҳисобга олмаганда қолгани айнан вазнга тушади. Албатта , шеър ёзаркан, Чўлпон мутаносиблик ортидан атайин қувган эмас, балки буни қадим арузнинг шоир борлиғига сингиб кетган мусиқийлигининг табиий равишда  бармоққа кўчиши деб қабул қилиш тўғридир. Аслида мусиқийлик бармоққа ҳам тегишли хусусиятлардандир.
Хуллас, шеъриятдаги вазнлар алмашинуви Фитрат, ²амза, Чўлпон каби шоирларнинг орзуси билангина ўз-ўзидан ва бирданига рўёбга чиқиб қолган воқеа бўлмай, жамиятда етилиб келган янги ижтимоий-психологик кайфият орқасидан секин-аста вояга етган адабий ҳодисадир. Унинг ижтимоий моҳияти ҳам айнан шу кайфиятдан сув ичади. Қодирий ёзади: “Мадомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсинда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашишимиз ва шунга ўхшаш достончилик, рўмончилик ва ҳикоячиликларда ҳам янгаришга, халқимизнинг шу замоннинг  “Тоҳир Зуҳра”лари, “Чор дарвеш”лари, “Фарҳод Ширин” ва “Баҳромгўр”лари билан таништиришга ўзимизда мажбурият ҳис этамиз”.1
Адиб фикрини шеъриятга тадбиқан олинса ҳам ҳеч хато бўлмайди. Чунки янгиланиш ҳамма соҳада кечаётган жараён эди.  Ахир Чўлпон ўша пайтда “Кўнгил бошқа нарса – янгилик қидирадир”2   дея янгиликни топиш илинжида изтироблар чекмадими? Ва ўша даврда кўнгил эҳтиёжини босадиган янгиликни қисман Ризо Тавфиқ ва Яҳё Камолдан, асосан эса “улуғ ҳиндий” Рабиндранат Тагордан топгандек бўлмадими?.. Чунки янги даврнинг ўзгарган кайфияти, ижтимоий ўзгаришлар, масалан, “Шарқ ва £арб ўртасидаги олтун кўпрук” – Тагор шеърларида тўлароқ акс этган эди.
Демак, Қодирий ҳам, Чўлпон ҳам давр руҳини акс эттирувчи янги адабиётни орзу қилмоқда ва уни яратишга чоғланмоқда. Янги адабиётни, масалан, Чўлпон қайсидир маънода ижтимоий дард акс этган адабиёт бўлишини ёқлаган, бироқ унинг фақат ғоянинг яланғоч тарғиботчисига айланиб қолишини ҳеч қачон истамаган. Проф. Озод Шарафиддинов “Адабиёт яшаса – миллат яшар…” деб номланган мақоласида ёзади: “Чўлпоннинг 20-йиллардаги бир қанча мақолаларида тилга олинган ва “Улуғ ҳинди” мақоласида анча тўлиқ ифодаланган масала – янги ўзбек адабиётини яратиш масаласи эди. Чўлпоннинг назарида бу вазифани муваффақиятли ҳал этиш учун Тагордек буюк санъаткорлар  тажрибасидан келиб чиқиб, Шарқ ва £арб адабиётларини синтез қилмоқ ва мазмун билан шаклнинг уйғунлигига эришмоқ керак, зинҳор-базинҳор санъатни қуруқ ғоялар мажмуасига айланиб қолишига йўл қўймаслик зарур”.3
Бироқ ХХ аср ўзбек шеърияти тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Чўлпон хоҳлаган чинакам давр руҳи росмана акс этган поэзия ёнида яна жуда улкан ҳажмли мафкуравий назмбозлик маҳсули дунёга келганлигининг гувоҳи бўламиз. Бундай поэзия намуналари ҳатто Чўлпондек улуғ шоир ижодида талай учраши мумкин бўлганидек, ²амза, £афур £улом, Ойбек, ²амид Олимжон, Усмон Носир, кейинроқ эса Асқад Мухтор, Шукрулло сингари ижодкорларнинг шеърий меросларида салмоқли ўрин тутади. £айратийга ўхшаб фақат тузумни қуруқдан-қуруқ мадҳ этувчи шоирлар ҳам бутун аср давомида адабиётда бирёқламаликни вужудга келтириб турганлар. Бироқ ўйлаймизки, санъатдан йироқ бу каби мадҳиябозлигу назмбозликлар устида ортиқча тўхталиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Зеро, бугунги кун адабиётшунослик мезонларидан туриб баҳолаганда адабиётдаги бундай йўналишлар  кўп жиҳатдан таҳлилу танқиддан паст ҳаракатлар эканлиги билиниб қолди. Албатта, улар ўз вақтида ҳаёт-мамот масаласи қадар аҳамиятли бўлган. Бироқ тубдан ўзгарган бугунги адабий нуқтаи назар назмбозликни махсус тадқиқот ҳадафи сифатида эътиборга ҳавола этишдан ўзини сақлашга уринмоқда.
Шундай қилиб, ХХ асрда тубдан ижтимоийлашган ўзбек шеърияти бадиийлик даражаси нуқтаи назаридан иккига ажралмоқда: биринчиси давр муаммолари санъаткорона акс эттирилган, кўпнинг дарди шоир дардига, демакки, ижтимоий дард шахс дардига айланган, шахсийлашган (персонификация бўлган) шеърият. Бунга Чўлпон, £афур £улом, Асқад Мухтор, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, ²алима Худойбердиева, Шавкат Рахмон, Хуршид Даврон, Усмон Азим каби шоирлар шеърияти мисол бўла олади.
Иккинчиси даврга хос муаммолар бадиийлик мезонларидан туриб эмас, балки уларнинг жамиятда тутган ўрнини, долбзарблигини қайд этиш ва жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш мақсадида ёзилган, шу билан бирга назмбозлик ва маддоҳлик маҳсули сифатида дунёга келган шеъриятдир. Айни пайтда ҳукмрон мафкурани улуғлаб ёзилган, бадиий жиҳатдан эса бўш-баёв шеърларнинг ўрни ҳам шу ерда. Шу билан бирга алоҳида қайд этишимиз керакки, жуда катта  ҳажмга эга бўлган маърифатпарварлик руҳидани шеърларнинг катта қисми ҳам ўз бадиий хусусиятларига кўра анча хомдир. Албатта, ²амзанинг “Келди очилур чоғинг…” деб бошланувчи ғазали янглиғ пухта-пишиқ, юракларга тез таъсир этувчи, ҳароратли шеърлар билан бирга яна унинг ўзининг, Авлонийю Сиддиқий-Ажзийнинг, Таваллою Ибратнинг ва тағин кўплаб шу давр шоирларининг маъриватпарварлик йўлида ёзилган талай тизмалари борки, уларга асосан, “ўқи, ўқисанг яхши бўлади” деган ғоя жўнгина сингдирилган, холос. Чунончи, Авлонийнинг “Илм” деб номланган шеъридан ўқиймиз:

Илм бир гавҳари ноёб, йўқ ўлмас, битмас,
Илм бир нури зиёдурки, жилоси кетмас,
Илм бир нури илоҳий – кишини хор этмас,
Илм бир қувват эрур – миллатини маҳв этмас,
Яшамак истар эсак, илма равон ўлмалиюз,
Илмсиз қолсак, асоратга нишон ўлмалиюз.1

Табиий, бундай руҳли шеърлар уйғонаётган давр учун сув ва ҳаводек зарур эди. ²амда улар вақтида ўз хизматларини аъло даражада ўтадилар. Қолаверса, Шарқ адабиёти ўзининг азалий моҳиятига кўра насиҳат асосига қурилгандир. Бироқ ўша даврдаёқ адабиётга яна бир бошқа, юксак мезонлардан туриб ёндошув ҳам бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу муносабат билан проф. Озод Шарафиддинов ёзади: “… айрим жадид ёзувчиларининг ижодида ғоялар тарғиботига кўпроқ эътибор берилиб, бадиият масалалари кейинги ўринга тушиб қолган эди. Натижада санъатнинг энг муҳим шартларидан бўлмиш мазмун билан шакл бирлига путур ета бошлаган, ғоявийлик бадиият ҳисобига устивор ўрин эгаллай бошлаган эди. Бу нуқсон нафақат ²амза, Сиддиқий ёхуд Авлоний асарларида, ҳатто жадидчилик ҳаракатининг энг йирик сиймоси Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодида ҳам кўзга ташланади.  Афтидан Чўлпон бу ҳодисани жуда чуқур ҳис қилган, унинг хавфини жуда аниқ англаган ва мақолаларида бунга қарши огоҳлантирган. Унинг айрим асарларни “ўқимайман” деб зорланишининг асосий сабаби ҳам шунда – бу асарларда ғояга урғу берилган-у, бадиият оқсаб қолган”.2
Айни пайтда ғоявий ёки бадиий жиҳатига кўра “ўз араваси”ни ХХ/ аср сарҳадларига олиб киролмаган шеърлар Чўлпондек, Ойбекдек улуғ санъаткорлар ижодида мавжуд бўлганидек, £афур £улом, Уйғун каби шоирлар ижодининг катта қисмини ташкил этади. Улар Шайхзода, Миртемир, ²амид Олимжон, Усмон Носир, Шукрулло, Асқад Мухтордан тортиб 60 ва ҳатто 70 – йилларнинг энг бақувват шоирлари ижодида ҳам талайгина. Бироқ биз бир ўринда қайд этганимиздек, бундай – ўз оғирлигини ўзи кўтара олмай қолган шеърлар устида эмас, балки том маънода ХХ аср ўзбек ижтимоий лирикаси асосий йўналишларини белгилаб берган шеърлар ҳақида, уларни юзага келтирган ижтимоий-психологик кайфият ҳақида мулоҳаза юритишда давом этамиз.
Масалага шу жиҳатдан ёндошсак, аён бўладики,  ХХ асрга келиб лириканинг ижтимоийлашуви қонуният экан, ижтимоий шеърият ҳам поэзиянинг узвий бир қисми, асло адабий меъёрлардан четлашган бошқа нарса эмас. Шу маънода асримиз аввалидан то 30 – йилларгача (ҳатто 38 – йилдаги қатағонгача) бўлган вақтни ўзбек шеъриятида ўзига хос бир давр деб атаса бўлади. Чунки унда, аввало, юрт озодлиги масаласи ўша палланинг энг йирик шоири – Чўлпон шеърияти мисолида бутун ўзбек поэзиясининг марказий чизиғини ташкил этган эди. Унинг 1922-1926 йиллар орасида чоп этилган “Уйғониш”, “Булоқлар” ва “Тонг сирлари” тўпламларига кирган кўпгина шеърлари, Фитратнинг “Шарқ”, “Ўгут”, “Миррих юлдузига” каби шеърлари улкан ижтимоий дардларни ўз бағрига жо қилганликлари билан, юксак бадиий савияга эгалиги билан ажралиб туради. Албатта, ²амза ва Элбек сингари шоирлар ижодида ҳам юртга қайғуриб, унинг эртасини ўйлаб ёзилган шеърлар талайгина. Бироқ уларнинг эътибори кўпинча маърифат, маориф, таълим-тарбия, илм-фан, урф-одат, халқ қўшиқлари ва масалларини тиклаш каби масалаларга қаратилганидан шеърларининг аксарияти ҳам шу хил мавзуларга бағишлангандир. Эҳтимол,  юртнинг сиёсий мустақиллиги борасида улар сингари зиёлилар нуқтаи назарларида мавжуд бўлган андак либерал қарашнинг ҳам ҳиссаси бордир бунда. Қолаверса, гап айланиб бориб, яна шахс ва унинг истеъдоди масаласида тўхтайди.
Шуни алоҳида урғу билан айтиш жоизки, жадидчилик ҳаракати адабиётнинг ижтимоийлашувига жуда катта таъсир кўрсатган эса-да, ижтимоийлашувнинг ўзи анча илгари, хусусан, Муқимий, Фурқат, Завқий, Турди, Аваз Ўтар каби шоирлар ижодида уч бера бошлаган ўзгаришларданоқ сезилган эди. Лекин жамиятнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида рўй берган кейинги силжишларни ўзида акс эттирган жадид адабиётида, айниқса, шеъриятида ижтимоийлашув жараёнининг жуда шиддатли тарзда кечганини кузатиш мумкин. “Бу даврда жадид адабиётидан ташқари бошқа адабий оқимлар ҳам ҳаракат қилди. Шулардан бири Завқий ва Аваз Ўтар ўғли мансуб бўлган оқим бўлиб, у Муқимий, Турди, Махмур сингари ҳажвнавис шоирларнинг анъаналарини давом эттирди ҳамда жамиятнинг ижтимоий ва маиший ҳаётидаги нуқсонларни, хонлик тузумининг чиркин жиҳатларини фош этиш йўлидан борди. Бу оқим вакиллари ғоявий жиҳатдан жадид ёзувларига яқин бўлсалар-да, улар сафига келиб қўшилмадилар. Яна шу нарсани айтиш зарурки, 1916 йилда мардикорликка олиниш воқеаси муносабати билан ўзбек шеъриятида янги ижтимоий мотивлар пайдо бўлди…
Юсуф Сарёмий, Васлий, Хазиний, Мискин сингари шоирлар ижодида эса исломий ғоялар устунлик қилди. Улар ҳаётидаги эзгуликни ҳам, ёвузликни ҳам Оллоҳдан бандаларнинг яхши ё ёмонлиги учун юборилган хислат, деб талқин этдилар ва миллий уйғониш ғояларидан четда, хонанишин шароитда “Фарғонада тонг отиши”ни пойлаб ижод қилдилар”,1  деб ёзади проф. Наим Каримов. Демак, асримиз аввалиданоқ адабиёт турли хил йўналишлардан иборат тарзда ривожланиб келган. Зеро, бир-биридан фарқ қилувчи дунёқараш ва мафкура мавжудлигининг ўзиёқ адабиёт, хусусан, поэзиянинг ижтимоийлашувига қулай замин ҳозирлаганди.
Тахминан, 30-йиллардан 50-йилларнинг сўнгигача бўлган вақт ўзбек ижтимоий поэзиясида яна бир даврни ташкил этади, дейиш мумкин. Ойбек, £афур £улом, ²амид Олимжон, Усмон Носир, Шайхзода, Миртемир каби шоирларнинг бир талай шеърлари шу давр ижтимоий поэзиясида муҳим ўрин тутади.
Адабиётшунос олим Қ. Бойбеков ушбу давр шеъриятини қуйидагича изоҳлайди: «Агар 20-йилларда бадиий ижод виждон иши ҳисобланиб, адабиётнинг ижтимоий қиёфа касб этиши фақат миллатпарвар ижодкорларнинг шахсий истаклари туфайли рўй берган бўлса, 30-йилларга келиб, ижод ғоявий- сиёсий фаолиятга айланди»2  Шунга қарамай, олим бу даврда чинакам адабиётга дахлдор шеърлар ҳам ёзилганини тўғри қайд этади. Дарҳақиқат, 30-йилларга келиб, Ўзбекистон ҳам СССР деб аталган собиқ империянинг «ажралмас» парчасига айланиб бўлганди. Шўро ўзининг ички ва ташқи рақибларини енгиб улгурганди. Эндиги бутун ҳаракат шу янги ва яхлит мамлакатнинг ҳимояси, мустаҳкамланиши ва ривожланишига қаратилганди. Албатта, буларнинг ҳаммаси совет мустамлакачилари манфаатига кўра режали асосда босқичма-босқич амалга оширила борди. Натижада иқтисодий беш йиллик режалари ўйлаб топилди ва уларнинг рўёбга чиқарилишига зўр берилди. Режалар бўйича мамлакат индустрлаштириш, электрлаштириш, коллективлаштириш каби ўнлаб умум ишларга жалб этилди. Жараёндан шоир ҳам четда қолмади, қололмади. «Курашади икки тўлқин, Қараб турайми? Ёш тарихнинг темир қўлин Кетга бурайми?»
Икки тўлқиннинг бири советларга қарши курашганлар бўлса, иккинчиси советларнинг ўзлари эди. Бири ота-боболар тутиб келган «эски ҳаёт» бўлса, бошқаси империя хоҳишидаги «янги ҳаёт» эди. Шоир юқоридаги саволига ўзи жавоб беради: «Йўқ!.. Болғалар пўлат сафи Ила бораман. Ёнғин, кураш, жанглар сари Кўкрак очаман»2
²а, шоир ўзгараётган ҳаётга овоз бермоқда. Бу унинг фуқаролик танловидангина эмас, айни чоғда, худди Маяковский каби шоир сифатида ҳам даврнинг шиддатли ритмини куйламоққа ҳозирлигидан-да дарак бераётир. Нафақат Ойбекнинг бу даврда ёзилган ўнлаб, юзлаб шеърлари, балки £.£улом, ². Олимжон, Шайхзода, Миртемир, У. Носир, Зулфия сингари шоирларнинг ҳам кўплаб шеърлари шу руҳ билан суғорилган. Бироқ бадиий савиясига кўра уларни икки гуруҳга ажратиш зарур бўлади. Биринчи гуруҳга, юқорида таъкидлаганимиздек, даврнинг сиёсий-ижтимоий, ҳатто кундалик ташвишларига ҳозиржавоблик тарзида ёзилган шеърларни киритиш мумкин. Эътиборга олмоқ керакки, улар сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил этади. Бундай шеърларнинг моҳир «яратувчилари» £айратий ва £афур £уломдек ижодкорлар бўлса,  кўнгил поэзияси намояндалари – Ойбеку ²амид Олимжондек шоирлар ижодида ҳам истаганча учратиш мумкин. Бу хил шеърларнинг урчиб кетганлиги эса икки сабабга кўра изоҳланади. Биринчидан, даврнинг қайноқ нафасини шеърга олиб кириш (бармоқ вазнидаги шеърга!) шоир учун бир қадар янги, ўзлаштирилмаган йўл эди. Чўлпон тажрибаси мавжуд эса-да, 20 — йилларнинг охири ва 30-йилларда бу шоир бошига тушган тазйиқ ва таъқиблар унинг ижодидан ўрганишни сезиларли даражада чеклаб қўйганди.  Ойбекнинг устозини ҳимоя қилишга чоғланиб кўргани бежиз эмасди.   Иккинчидан, ўз даврининг бир парчаси бўлган шоир ўзи тизаётган ҳар қандай ижтимоий мазмун акс этган машқларни янги шеърият намунаси, деб ишонди ва ёзишга зўр берди.
Бироқ буларнинг барчасидан қатъи назар, шеърият ўзининг азалий ўзанларидан бутунлай оғиб кетмади. Натижада нафақат муҳаббат лирикаси, балки интимлик жиҳатидан ишқий шеърият билан бир қаторда тура оладиган ижтимоий поэзия ҳам дунёга келди. Булар иккинчи гуруҳни ташкил этади.
Ватанимиз – Ўзбекистон тўғрисидаги илк муваффақиятли шеърлардан бири, шубҳасиз, Ойбекникидир.

Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор.
Бир ўлкаки, сал кўрмаса, қуёш соғинар…2

Бундай мисраларни яна «Қуёш қўшиғи», «Машраб», «Пушкин», «Шоир билан суҳбат», «Наъматак» каби шеърларида учратиш мумкин.
£афур £уломнинг «Турксиб йўлларида», «Санъатим», «Сарҳисоб», «Сен етим эмассан», «Соғиниш», «Вақт» каби, ²амид Олимжоннинг «Бахтлар водийси», «Ўзбекистон», «Ўрик гуллаганда», «Пушкин» сингари, Усмон Носирнинг «Нил ва Рим», «Қора сатрлар», «Таъзим», «Қушча» янглиғ, шунингдек, Миртемир, Шайхзода, Зулфияларнинг бир қанча шеърларида чинакам ижтимоий поэзияга хос бадиий тафаккур маҳсулларини кўриш мумкин. Албатта, юқорида саналган айрим шеърларда ўша даврнинг сиёсий кайфиятига ҳамоҳанг мисралар ҳам мавжуд. Бироқ уларга давр тақозоси сифатида қараб, шеърларни санъат асарлари ўлароқ тадқиқ этишга киришадиган бўлсак, гувоҳи бўламизки, ҳар битта асар 30-50- йиллардаги ўзбек ижтимоий поэзиясида ўзига хос аҳамиятга эгадир. Чўлпонда ҳимоя этилган, Ойбек ва ²амид Олимжонда тараннум этилган Ватан мадҳига бағишланган шеърлар занжирини  олайлик. Ахир Абдулла Ориповнинг «Ўзбекистон, ватаним маним» ёки Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» сингари ўзлигимиз, юртимиз ҳақидаги юксак тароналар айнан юқоридаги анъаналарнинг давоми сифатида дунёга келган. Чунки шеъриятда «Ватан» мавзуси ўз-ўзидан бино бўлган эмас, балки бадиий тафаккур тарзида содир бўлган муайян ҳаракат-ўзгаришнинг маҳсули бўлиб туғилган. Инсоннинг ўзи яшаб турган маконни Ватан даражасида англаш учун ҳам у ана шундай ижтимоий-сиёсий жараёнларни бошидан кечирган бўлиши зарур.
Кўринадики, ижтимоий мавзулар ҳам интимлик касб этиши мумкин экан. Бунинг учун ҳар қандай мавзу шоир бадиий тафаккури маҳсули сифатида кўнгил призмасидан ўтиб қоғозга тушган бўлиши шарт. Акс ҳолда энг интим ҳисобланган муҳаббат мазсусида ҳам таъсирчан, бадиий юксак шеър яратиш мумкин эмас.
£афур £уломнинг «Турксиб йўлларида» деган шеъри мавзусига кўра ҳам, шаклига кўра ҳам, ҳатто атрофни бадиий идрок этиш услубига кўра ҳам янги ижтимоий шеърнинг бақувват намунасидир. Албатта шеърнинг шўролар империяси манфаатларига уйғун тушадиган мисраларидан кўз юмилмайди. Бироқ тан олиш керакки, булар шеърнинг ифодавий янгилигини йўққа чиқара олмайди:

Бу йуллар
кўп қадим йўллардир…
Жаҳоннинг фотиҳи Искандар,
Рум қайсари,
Қотил Чингиз,
Боту,Жўжи,
Темурланг қолдириб кимсасиз из.
Чиндан мўғул ўчи
борлиқни
жонлига қилиб танг,
—    -Қон! – дея —
—    -Қон! – дея –
—                     босароқ кечмишдир…

Албатта, шеърда бир қарашдаёқ кўзга ташланадиган сакталиклар мавжуд. Чунончи, мантиқий изчиллик бузилган. Темурдан олдин ҳам кейин ҳам мўғуллар эсланади. ²олбуки, биринчи эслаш етарли эди. Тарихий ҳақиқат шундан иборатки, Амир Темур мўғуллар ҳукмронлигига нуқта қўйиб, мамлакат ҳаётида янги даврни бошлаб берган. Бас, шундай экан, Темур ҳақидаги мисрадан сўнг яна уларга «қайтиш» мантиқан ўзини оқламайди. Темурга «бағишланган» мисрага эса қўшилиб бўлмайди. Қолаверса, «Чиндан мўғул ўчи борлиқни жонлига қилиб танг» деган мисра шеърий маромга етмаган, ғализ. Лекин шунча чалкашликларга қарамай, асарнинг умумий руҳи борки, ўқувчини ўз орқасидан эргаштира билади. Биз гўё шеър мисралари – зинапоячаларидан аста тарих қаърига тушиб бораётгандек бўламиз: бирма-бир қадим Туркистон бошидан кечирган мозийнинг улкан саҳифаларига дуч келамиз. Шеърнинг ифода йўсини айни мазмунга ғоят мувофиқ бўлганидан ўқишда давом этамиз:

Бу йўллар
кўп қадим йўллар,
Беш милион,
ўн милион,
юз милион нафар
қуллар ва туллар,
Гарданда чўяндан қуйилган занжир,
Ерларда ҳашорат каби
Очликдан,
зорликдан гезариб лаби,
Ожиз,
маҳкум,
хор ва бетадбир:
— Нон! – дея,
-Нон! – дея
—                  суриниб кечмишдир…1

Шеър тобора сакталиклардан ҳоли ўлароқ изчил мантиқ билан салобатли давом этмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, қофияланиш тартиби ҳам ўзига хос: ички қофия, ёндош қофия, жуфт қофия, ниҳоят айланма қофиялар шеърнинг яхлит интонацион бутунлигини таъмин этган. Шеърнинг биринчи бандида очиқ қолган «Қон! – дея, Қон! – дея босароқ кечмишдир» деган сўнг мисра ажойиб бир тарзда иккинчи байтнинг  охирги мисраси билан қофияланади: «Нон! – дея, Нон! – дея суриниб кечмишдир». Бу янглиғ қофияланиш тизими мазмунан ва ҳажман кенг кўламли шеърнинг сочилиб, пароканда бўлиб кетишдан сақлаган. Албатта, шоирнинг «бу қадим йўллардан илгари ўтган қайсики ҳукмдор бор, қайсики мафкура бор, ҳаммаси ёвуз, қонхўр, мана, ниҳоят, «порлоқ из» қолдириб пролетар ўтаяпти» қабилидаги фикрларига мутлақо қўшилиб бўлмайди. Бироқ шеър эътиборни шу жиҳатдан тортадики, унда йўл баҳонасида қадим Туркистон мамлакатининг бутун бошли тарихи, бугуни ва келажаги бадиий жиҳатдан идрок этила бошлайди. Идрокнинг субъективлик даражаси бошқа масала. Муҳими, ўзбек поэзияси воқеликни бадиий англашнинг янги йўлларидан юришга ҳаракат қилаётган эди. «Турксиб йўллари», ²амид Олимжоннинг «Бахтлар водийси» (гарчанд бу шеър ҳам бирёқламалигу субъективликдан холи бўлмаса-да) сингари бир қанча шеърлар ана шундай ҳаракат намуналари эди.
1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ва 50-йиллардаги Тикланиш даври ўзбек шеърияти бадиий тафаккурида 20-йиллардаги ва ҳатто 30-йиллардаги қадар силжишни бера олмади.
20-йилларда Ватан озодлиги ғояси билан йўғрилган шеърлар бадиий тафаккур даражасини белгилаган бўлса, 30-йилларда асосан кўнгил шеърияти – медитатив шеърият шундай вазифани бажарди. «30-йиллар ўзбек шеъриятида «соф лирика» муаммоси»1  деб номланган илмий тақиқотда кенг ва атрофлича тўхталганимиз учун мазкур ўн йиллик шеъриятнинг ижтимоий-психологик факторларига ортиқча тўхталишга ҳожат йўқ, деб ҳисобладик. Уруш ва ундан кейинги 10-15 йил давомида яратилган шеъриятнинг ўзбек шеърияти бадиий тафаккур тадрижида сезиларли халқа бўлолмаганини эса қуйидаги сабабларга кўра изоҳлаш мумкин:

—    аввало, бу вақтга келиб, ижодкор олдига ҳукумат томонидан қўйилган вазифанинг салмоғи ва жавобгарлиги ўн чандон ошди. Чунки ижодкор халқни урушга, душманга қарши руҳлантирмоғи керак эди. Вазифа қанчалик муҳим ва долзарб бўлмасин, бундай паллада ижодкор ўзини руҳий-психологик жиҳатдан эмин-эркин ҳис эта олмайди. Натижада бадиий тафаккурда олға босиш ва янги-янги кашфиётлар қилиш ёки ҳеч қурса шунга уриниш ўрнига зиммасидаги улкан топшириқни бажариш билан машғул бўлди. £афур £уломнинг «Мард йигитлар қаноти», «Талон-тарож қилинган ерда», «Салом ва табрик», Миртемирнинг «Бешотар», «Салом хат»,»Ўч», Ойбек, ²амид Олижон, Зулфия каби шоирларнинг ҳам бир қатор шеърлари ана шу тарзда дунёга келган. Албатта, бу вақтда £афур £уломнинг «Соғиниш» каби дардчил, ²амид Олимжоннинг «Қўлингга қурол ол» сингари оташин ҳарорат билан йўғрилган шеърлари ҳам ёзилди. Айниқса, £афур £улом шеъридаги

Не қилса отамен, мерос ҳиссиёт…
Жондан соғинишга унинг ҳаққи бор.
Кутаман узоқдан кўринса бир от,
Келаяпти, дейман кўринса ғубор.

…Кечқурун ош сузсак бир насиба кам,
Қўмсайман бировни – аллакимимни,
Доимо умидим бардам бўлса ҳам
Баъзан васвасалар босар дилимни…1

янглиғ мисралар шуни кўрсатадики, уруш ва унинг залворли қайғу юки ҳақиқатан-да шоирнинг юрак-бағрига кириб борган. Эл бошига тушган азим мусибат, ташвиш шоир қалбидан ўтиб шахсийлашган (персонификация ҳодисаси). Айни ўринда татар шоири Мусо Жалилнинг уруш йилларида ёзилган ўтли шеърларини ёки америкалик машҳур ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг «Алвидо, Қурол!» асарини эслаш жоиз. Бу тип асарлар урушни ўз кўзи билан кўрган, унинг ёвуз табиатига гувоҳ бўлган ҳассос ижодкорлар томонидан ёзилади. Ўзбек адабиётида эса уруш сийратини очиб кўрсатувчи шоҳона асарлар уруш ва ундан кейинги ўн-ўн беш йил мобайнида деярли яратилмади. Борлари ҳам ўз даври чегараларидан ошиб ўтолмади.
Демак, ҳар қандай яхши асар воқелиги, пафоси, аввало, ижодкор қалбидан ўтиши, унда шахсийлашуви зарур экан. Кейин эса у қоғозга тушиб, ўқувчи юрагини ларзага солишга қодир бўлади.

— 37-йил қатоғони ижодкорни анчагина ҳушёр бўлишга мажбур этган эди. Бунга £афур £улом, Миртемир, Шайхзода, Шукрулло каби шоирлар ижодини кузатиш орқали гувоҳ бўлиш мумкин. ²атто 20-30 — йилларда талай символистик шеърлари билан адабий жамоатчиликни ўзига жалб этган ва Чўлпонга маломат тошлари ёғдирилганда янги бадиий тафаккур оқимининг бошида турган устозини ҳимоя қилиб мақолалар ёзган Ойбекдек шоир ҳам уруш ва ундан кейинги ўн-ўн беш йил мобайнида ижтимоий-сиёсий ҳозиржавоб, мафкурабоз тизмалар тизишдан ўзга чора тополмади.

— қолаверса, мамлакатда кетма-кет равишда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий ўзгаришлар, айниқса, уруш ва унинг ташвиши ҳамма қатори шоирни ҳам бир қадар довдиратиб қўйган эди. Атрофда нима воқеалар содир бўлаётганини англаб, идрок этиш учун ижодкорга замон маъносидаги масафо керак эди. Шоир воқеалар бўрони ичида туриб, улар ҳақида тўлароқ, чуқурроқ, аниқроқ гапни айтиши мушкул эди.

Ўқилди: 1 024

Мувозанат
Исён ва итоат
Сабо ва Самандар